Ҳикоя, шеър

    Ўтган ва янги аср ўзбек шеъриятининг атоқли сиймоси Абдулла Ориповнинг ёз фаслининг биринчи ойида қоғозга туширган шеърларини мамнуният билан тақдим этамиз ва устоз шоирга кўп минглаб мухлислари номидан энг эзгу тилакларимизни йўллаб қоламиз.


АБДУЛЛА ОРИПОВ
Ўзбекистон Халқ шоири
ИЮНЬ ОЙИ ШЕЪРЛАРИ

ИМОН

Кексалик бошланиб, танни беморлик
Забтига олди-ю хору зор қилди.
Бир замон юрардим давлатлик, норлик,
Кўзимга дунёни энди тор қилди.

Шогирдлар ўстирдим жойлаб жонимга,
Маҳрамдек санадим хонадонимга.
Оқибат ўшалар ҳатто ёнимга
Келиб ўлтиришдан гўё ор қилди.

Ҳеч ким «бас» демайди бойликка тўйиб,
Йўқсил ҳам чидайди, ёнмайди куйиб.
Бир жуфт шеър айтишни бўйнимга қўйиб,
Оламда йўқ эдим, Ўзи бор қилди.

Ҳаёт гўзаллигин куйладим, бай-бай,
Тулпорим фалакни қучмоққа ҳам шай.
Лекин қанча севиб, қанча ёлвормай,
Бир санам йўлига интизор қилди.

Афсус, дунё мени алдади боплаб,
Олдимга ташлади ёлғонни қоплаб.
Эккан дарахтларим кўрсам ҳисоблаб,
Ярмин бешик қилди, ярмин дор қилди.

Ношукур эмасман умримдан зинҳор,
Бировдан қолишмас қадим халқим бор.
Кимнидир кўришдан қилсам ифтихор,
Ким мени кўришдан ифтихор қилди.

Нафс деган ҳаммани урди йўлидан,
Айлан авлиёнинг ўнгу сўлидан.
Ақчасиз ҳеч нарса келмас қўлидан,
Масжидни бузди-ю чўнг бозор қилди.

Мен ҳам жиловладим гоҳо фикратни,
Асл деб ўйладим сохта суратни.
Меҳру муҳаббатни, илму ҳикматни
Фақат сийратимда барқарор қилди.

Ёвузлик ҳар ённи этса ҳам хароб,
Бир куни қайдадир бергайдир жавоб.
Эзгулик седана донидек ноёб,
Бўй сочиб, ўзидан умидвор қилди.

Ер юзи бўлгайдир шаксиз фаровон,
Инсонга қайтгайдир диёнат, виждон.
Шоир келажакка келтириб имон,
Шу шеърни ёзмоққа ихтиёр қилди.

30.07.2015

СОҒУНИЙ

Туркий дунёмизда тенгсиз аллома,
Адолат йўлида курашчи, ботир.
Гарчи қўлда қалам, бошда амома,
Сизни қуршаб ўтди фақат хавотир.

Шўрлик халқ қай замон бўларкан озод,
Бўларми унинг ҳам туғи, давлати.
Босқинчи зотларни титратди бот-бот,
Соғуний домланинг ўтли даъвати.

Бу сиймо неларга келмади тўқнаш,
Изма-из юрарди ажал муқаррар.
Табобат илмида Синога ўхшаш,
Тафаккур бобида Беруний қадар.

Ярадор бўлди-ю йиқилмади у,
Пинҳон наъра тортди бамисли арслон.
Пайғамбар каломи дилида мангу,
Фақат орзусидир озод Туркистон.

Зулмки, устивор бўлдими агар,
Энди ҳамроҳингдир ўкинч ва ҳасрат.
Авлодлар кечмишин то рўзи Маҳшар
Кузатиб тургайдир Соғуний ҳазрат.

29.06.2015

БУЮКЛИК ҲАҚИДА

Менинг бир дўстим бор, соддадек гўё,
Кўринган одамни буюксан, дейди.
Лекин ўзини ҳам унутмас асло,
Буюкман, дейди.

Буюклик аталган бу кибор туйғу
Оташин даъватга кўпроқ ярайди.
Бирор наф топдингми сен ундан, ёҳу,
Ерга қарайди.

Буюклик кўринмас ҳар вақт, ҳар фурсат,
Гарчи сен у ҳақда тинмай сўзлайсан.
Энг аввал, ҳурматли зотларни кўрсат,
Буюкларни кейин излайсан.

28.06.2015

ШЕЪРИЯТ

Шундай шарт қўйдилар менга бир замон:
Омонлик истасанг шеър ёзма фақат.
Ажабо, ўзлари таслим қилиб жон,
Бугун ер қаърига сингмиш бешафқат.
Гоҳ ўйлаб қоламан, киммиз ўзи биз,
Соҳиби давронми, фалакнинг қули?
Ўзга забонларга чўкмасдан ҳам тиз,
Барпо бўлганди-ку ўзбекнинг тили.
Алишер эллик йил дўконни очиб,
Қулфи калит қилиб кетганмикин ё.
Саройда шеърият дурларин сочиб,
Адо қилганмикан ёки Бойқаро.
Эл-юртнинг қалбида пинҳон оҳу зор
Шеър бўлиб ўзидан бергайдир хабар.
Ана, Машраб учун қурилган у дор
Бузилмай турибди шу кунга қадар.
Кимгадир ёқмаса шоир ижоди,
Душман босди дея, ҳамон бонг чалар.
Ер юзин забт этган зотнинг авлоди
Наҳот, шеъриятдан қўрқса бунчалар.
Йўқ, бунинг сабаби бошқадир мутлоқ,
Давр ўтиб, мукаммал бўлмади одам.
Ёвузлик тинмади, ер юзига боқ,
Чорасиз ҳоқону султонлари ҳам.
Шу сабаб ёвларинг хуш кўрмас, шоир,
Шу боис ёзма деб қўйишгайлар шарт.
Куйлагин сен фақат қалбингга доир,
Ҳеч қачон туширма виждонингга гард.

25.06.2015

 

27 сентябр Рауф Парфи тўғилган кун. "Сен борсан,сен бор...". шеърлар.
58 Marta o'qildi

Сўлдирса гулингни, илоҳим, ёнсин,
Еру осмон кўрсин кўз юммай бедор.
Вақт — улуғ ҳакам. Руҳинг уйғонсин,
Асрий умидим — Сен. Сен борсан. Сен — бор.
Ровийлар не учун? Ҳақ ва Ҳақиқат!
Асирлик занжирин парчалаб ташла.

Davomi »