Инсон ҳаёти тасодифларга, гоҳо етти ухлаб тушига кирмаган воқеаларга тўла.
Шу йил Ғалаба куни урушда ҳалок бўлган шаҳидлар хотирасига бағишланган муаззам мажмуанинг очилиш тантанасидан уйга қайтиб, энди дам оламан деб тургандим, телефон жиринглаб қолди.
Трубкадан қиз боланинг жарангдор овози келди.
— Сиз палончи ёзувчимисиз? Мен Ўзбек туризмидан телефон қиляпман. Бизга Япониядан бир гуруҳ туристлар келишган. Бир хоним сизни танир экан, йўқлаяпти. Иложи бўлса кўришсам, деяпти.
Ҳайратландим.
— Қаёқдан таниркан?
— Билмасам, — деди қизча. — Япон урушида қатнашган экансизми? Порт-Артур деган шаҳарда бўлганмисиз?
Баттар ажабландим.
— Ҳа, бўлганман. Лекин…
Қизча гапимни бўлди:
— Ўшанда кўришган экансизларми-ей. Қайси бир китобингизни ўқиган эканми-ей. «Улуғбек» деган асарингиз борми? Ўша китобингизни ўқиган экан. У русча биларкан…
… Порт-Артур! Русча биладиган япон хотин! Аллақачон ёдимдан чиққан, бироқ чамаси кўнглимнинг бир чеккасида мудраб ётган ҳам маъюс, ҳам куз офтобидай тиниқ эсдаликлар селдай ёпирилиб келди-ю, хаёлимни олиб қочди.
— Алло, — деди қизча. — Нега индамай қолдингиз? Ё учрашишни хоҳлайсизми?
— Йў-йўқ, хоҳлайман, хоҳлайман…
— Бўлмаса телефонимни ёзиб олинг. Истаган вақтингизни айтасиз. Қолганини ўзим ташкил қиламан.
Минг тўққиз юз қирқ бешинчи йилнинг илиқ куз ойлари, Япон офицерлари учун қурилган шинам шаҳарча — Порт-Артур. Ям-яшил арчазорлар орасига яширинган бир қаватли озода, кўркам уйчалар. Рус сўзларини аллақандай ёқимли бидирлаб гапирадиган япон қизчаси Морико!
Хаёлим яна узокдарга учди.
Салкам икки минг чақиримга чўзилган машҳур Гоби саҳросини яёв ўтганда чеккан уқубатларимиз, ортда қолган Гоби саҳросидан кейин йўлимизни тўсган Хинган тоғлари ҳам орқага чекинган. Олдинда эса чексиз-чегарасиз, ям-яшил водий ястаниб ётади. Бу — шимолий Манжуриянинг бошланиши эди.
Бизларни, уст-бошимиз чок-чокидан кетган, кийимларимиз Гоби саҳроси чангалзорларида дабдала бўлиб, фақат пайтавада қолган, соч-соқолларимиз тикандай ғовлаб кетган шўр пешона солдатларни шу водий бўйлаб яна подадай ҳайдаб кетишди. Бир ҳафта деганда темир йўл ўтган қандайдир шаҳарга етиб бордик. Бу ерда худди консервага тиқилган селёдка балиқдай қизил вагонларга тиқишиб олиб кетишди. Одам худди ғимирлаган пашшадай, уларни қандайдир шаҳарлардан (кейин билсак бу — Мукдси ва Харбин деган шаҳарлар экан) олиб ўтгач, бир ҳафта деганда ҳалиги қизча айтган Порт-Артур шаҳри атрофида япасқи қирларга олиб бориб, худди гугурт қутисидаги гугурт чўпларидай тўкиб ташлашди.
Биз келган қирлар кўркам олмазор ва нокзорлар билан қопланган. Кундуз кунлари боғларга шўнғиб кетамиз: сабаби уруш, боғлар қаровсиз қолган… Қўйинларимизни асал таъми келган нок ва олмаларга тўлдириб, пастдаги палаткаларимизга қайтамиз. Биз ҳам деярлик қаровсиз қолганмиз. Хоҳласак ётамиз, ҳоҳласак турамиз, хоҳласак олмазор қирларга чиқиб дайдиб кетамиз. Шунда кўз олдимизда улкан дид ва маҳорат билан қурилган миттигина, лекин беқиёс кўркам шаҳарча Порт-Артур намоён бўлади. Шаҳарчанинг бир томони мовий бўғазга, бўғаз эса офтоб остида жимирлаб ётган океан мавжларига туташиб кетади. Уфқда қаёққадир кетаётган кемалар кўзга ташланади. Улар қаёққа кетаяпти? Эҳтимол элимиз томон йўл олаётгандир? Биз кемалар мўрисидан эшилиб чиқаётган кўкимтир тутунларга энтикиб тикиламиз. «Биз ҳам бир кун шундай кемаларга тушиб она юрт томон йўл олармиканмиз ё суякларимиз бу гўзал, лекин бизга ёт гупроқларда қолиб кетармикан», — деган ўй юракларимизни зирқиратади…
Бу такасалтанг, дайди ҳаёт ўн кунга чўзилди. Сўнгра теварак-атрофдаги қисмлардан бизга «совчи»лар кела бошлади. Улар ўзларига керак солдатларни танлаб олишади. Бировга мерганлар, бировга пулемётчи, бировга автоматчилар керак, яна бировга эса ошпаз керак, ҳатто сартарош, тикувчиларни ҳам қидириб келишади.
Шундай кунлардан бирида номига рота дейилган, аслида интизом қолмаган бизнинг қисмимизга кўкси жаранг-журунг орден-медалларга тўла ёш, хушсурат бир майор иккита офицер билан «совчи» бўлиб келди. Уларга ўн-ўн бешта автоматчилардан ташқари штабда хизмат қиладиган, хати чиройли, саводи яхши бир солдат ҳам керак экан.
Рота командиримиз жанговор, аммо бор-йўғи еттинчи синфни битирган офицер бу масалада мендан «фойдаланиб» турар, юқорига юбориладиган ҳар хил ахборотларни менга ёздириб юрарди. У мени майорга тавсия қилган экан, чақириб қолишди. Майор худди харид қилгани от бозорига келган одамдай, елкамдан ушлаб, уёқ-буёққа ўгириб кўрди-да, тўсатдан:
— Қайси юртдансан? — деб сўради.
— Ўзбекистонданман, — дедим мен.
— Миллатинг ўзбекми?
— Ўзбек…
— Нечанчи синфни тугатгансан?
— Ўнинчи синфни.
— Русчанг чакки эмас. Қачон ўргангансан?
— Бешинчи синфгача рус мактабида ўқиганман.
— Тошкентни кўрганмисан?
— Кўрганман…
Майор лабларига кулги югуриб:
— Тошкент дегани нима дегани? — деб сўради. Мен довдираб қолдим.
— Тошкент дегани — Тошкентда!
Майор шўрлаб кетган эски қалпоғимни бурнимга суриб:
— Э, сени қара-ю, шуниям билмайсан! — деб кулди. — Тошкент дегани — тошдан қурилган шаҳар дегани. Тош дегани — тош! Кент дегани — шаҳар.
Мен ўсал бўлдим. Бироқ майор ўзини билиб-билмаганликка олди-да:
— Хўп, — деди. — Бугундан бошлаб штабимда котиблик қиласан. Тушгача штабда хизмат қиласан, кейин менинг уйимда майда-чуйда ишларни бажарасан. Масалан, пашша қўриб ётасан. — У ўзига хўп ярашган мўйловчасини силаб яна кулди.
* * *
Одил Ёқубов 1926 йил 20 октябрда ҳозирги Жанубий Қозоғистон вилоятининг Қарноқ қишлоғида туғилган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1985). ТошДУнинг филология факултетини тамомлаган (1956). Дастлабки асари — «Тенгдошлар» қиссаси 1951 йилда эълон қилинган. Шундан сўнг ёзувчининг «Дастлабки қадам» (1953), «Икки муҳаббат» (1955), «Муқаддас (1960), «Тилла узук», «Бир фелетон қиссаси» (1961), «Қанот жуфт бўлади», «Матлуба» (1970) қисса ва ҳикоялар тўпламлари нашр этилган. «Эр бошига иш тушса…» (1966), «Улуғбек хазинаси» (1973), «Кўҳна дунё» (1982), «Диёнат» (1977), «Оққушлар, оппоқ қушлар» (1988), «Адолат манзили» (1998) каби романлар муаллифи. «Чин муҳаббат» (1955), «Айтсам тилим, айтмасам дилим куяди», «Юрак ёнмоғи керак» (1958), «Олма гуллаганда» (1961), «Музаффар Темур» (1996), «Бир кошона сирлари» (2000) каби песалар, «Дилбарим», «Баҳор ёмғирлари» киностсенарийлари ҳам бор (1971).Одил Ёқубов 2009 йил 21 декабр куни Тшкент шаҳрида вафот этди.Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1977), «Дўстлик» (1994), «Эл-юрт ҳурмати» (1998) орденлари билан мукофотланган.
ziyo.uz