Ҳикоя, шеър

Боболаримиз хитойликларга бас келишган,биз-чи?.   романдан  парча.   Улуғбек Ҳамдам.


Marta o'qildi

Боболаримиз хитойликларга бас келишган,биз-чи?. романдан парча. Улуғбек Ҳамдам.

БОБОЛАРИМИЗ ХИТОЙЛИКЛАРГА БАС КЕЛИШГАН ЭКАН, БИЗ-ЧИ?!..
***
– Болалар, нима учун мана шу тоғнинг ўтиш жойи “довон” деб аталади, биласизларми? “Довон” дегани нима дегани ўзи? – сўради Ўлмас қуруту патир харид қилишиб яна йўлда давом этишаркан.
– Йўқ, – деди Тўлқиной.
– Билмайман, – деди Эркин.
– Унда эшитинглар.
“Довон” дегани хитойча сўз, туркийча эмас. “Дав-ван” дейди улар. Ўзбекчасига “коса” дегани. Яна хитойликлар Фарғона давлатини “Даюанъ” дейишган, маъноси чиройли, хушманзара жойни билдиради. Форслар Фарғона давлатини Сўғд дейишган. Халқ орасида Фарғонанинг маъноси “парилар юрти”, “парихона”ни англатади, деган ривоятлар ҳам кезиб юради. Лекин қадимда “Паркана” дея, атрофи баланд тоғлар билан ўралаган хушманзара жойга айтилган. Унинг бош шаҳри, яъни пойтахти Эрши бўлиб, “эр шаҳар”, “катта шаҳар” деган маъноларни англатади. Олимлар уни водий ичидаги водий, деб ҳам эркалашади. Сизларнинг ота-оналаринг ана ўша Эршида туғилишган.
– Тоғ баланд жой-ку, қандай қилиб у косага ўхшаши мумкин? – савол берди ўғил.
– Мантиқли савол!.. Чинликлар “довон” дея, аслида косага ўхшаган водийни назарда тутишган. Лекин бу ном кейинчалик тоғнинг ўтиш жойига нисбатан ишлатиладиган бўлиб қолган. Назаримда, водийга Тошкент томондан келувчилар довонга борамиз, деб айтишган бўлса керакки, натижада водийнинг ўзи эмас, унга элтувчи йўл шундай аталиб қолган. Бу бир тахмин.
Бунинг сабаби ўша вақтларда урушлар кўп бўлган. Ким кимнинг ерига, ким кимнинг қуролига, ким кимнинг яна бошқа бир нимасига кўз олайтиргану ўртада уруш келиб чиқаверган. Масалан, чинликлар ота-боболаримизнинг дулдул отларига кўз олайтиришган.
– Чинликлар ким, ота? – сўради Тўлқиной.
– Чинликлар деб ҳозирги Хитойда яшовчиларга айтилган. Аниқроғи, Хитойнинг жануб ёғини Чин дейишган. Навоий бобо ҳам Чин Мочин деб ишлатган. Шимол томонида эса Шарқий Туркистон жойлашган бўлиб, у ерга Хитой дейишган.
– Ҳа, – деди Тўлқиной.
– Гапнинг индаллоси, ўша чинликлар Довон давлатидан, яъни бизнинг ота-боболаримиздан дулдул отлар сўрайди.
Ана қўшни район “Асака”нинг номини ҳам от билан боғлашади олимлар. Уларнинг айримлари бу ерда эрамиздан олдинги VI ва V асрларда саклар яшагани учун “а сак”, яъни “юқори саклар” деган маънони билдиради, деса, бошқалари: “Йўқ, вақтида бу ерда дулдул отлар етиштирилгани учун “асвака” – от, “ассака” – отлиқлар деган маънони билдиради”, дейишади.
– Дулдул от нима? – қизиқди Эркин.
– Дулдул от бу – қон терлайдиган, учқур, самовий отлар ҳисобланади. Уларнинг танаси узун, бўйлари баланд, кўринишлари ниҳоятда чиройли бўлган. Ана, Мингтепанинг марказига Ортиқали ака дулдул отларнинг ҳайкалларини ўрнатиб қўйибди-ку, ўшаларга ўхшайди. 
– Қизиқ, – деди ўғил.
– Хуллас, ота-боболаримиз чинликларга от беришмаган.
– Нега беришмаган?
– Чунки бу отлар билан уруш қилиш осон, қулай ва муваффақиятли бўлган-да. Қадимда чинликлар ота-боболаримиз, яъни туркийлар билан жуда кўп уруш қилишган. Урушларда кўпинча туркийларнинг қўли баланд келган. Чинликлар бунинг сабабини отларда, деб билишган. Чунки уларнинг отлари калта ва пакана бўлган-да. Тез чопар, бўйдор ва узун отлар қаршисида улар анча-мунча секин ҳаракатланишган.
– Кейин нима бўлган? – беихтиёр тарихий суҳбатга қизиқиб, аралашиб кетди Ўғилой.
– Кейин уруш чиққан ўртада. Модом от бермас экансан, биз куч билан уни тортиб оламиз дейишган қўшнилар. Шундан кейин юртимизга, ўша вақтдаги Довон давлатига ҳужум уюштиришган. Бу воқеа тахминан эрамиздан аввалги II асри бошида, 102–101 йилларда содир бўлган. Бу ҳақда Манноп Эгамбердиев деган ёзувчининг “Сариқ аждар ҳамласи” деган романи ҳам бор. Вақт топиб албатта ўқинглар!
Айрим манбаларда чинликлар 60 минг, довонликлар эса 14 минг аскар билан юзма-юз келишган, дейилади. Қонли жанглар натижасида, ёвнинг қўли баланд келиб, аждодларимиз Довон давлатининг ўша вақтдаги бошкенти, яъни пойтахти Эрши қалъасига кириб, мудофаага зўр беришади. Ҳозир Мингтепага борганимизда ана шу қалъа қолдиқларига сизларни олиб бораман.
– Ростданми, ур-ре-е-е! – қичқирди чапак чалиб Тўлқиной.
– Ҳа, қизим, обораман!
– Нега шу вақтгача олиб бормагансиз? – сўради қиз.
– Ҳамма нарсанинг ўз вақти-соати, мавриди бўлади, қизим. Бунинг вақти, мавриди шу бугунга экан-да. Чунки довон ошиб ўтяпмиз. Йўл музлама бўлгани учун секин, узоқ юрдик. Йўл узоқ бўлганда эса, одатда, ҳикояю тарихлар эсланади.
“Тушунарли” дегандек бошини қимирлатиб қўйди Тўлқиной.
– Чинда ўша пайтда Хан давлати ҳукмронлик қилган. Тарихларнинг сўзлашича, Хан давлати Довон давлатига бир эмас, икки марта ҳужум қилган, икки мартасида ҳам енгилган.
– Ростданми, ота? Бизнинг ота-боболаримиз кимсан – Хитой давлатини енгганми? – Эркиннинг оғзи очилди.
– Ҳа, енгган, ўғлим. Ўша вақтда Чин, ҳозир Хитой дейдиганимиз давлатни мағлуб қилган.
– Ишониш қийин.
– Нега қийин бўлади. Ота-боболаримиз, яъни дунёда энг кўп давлат, империя қурган эл бўлади. Улар қурган жаҳоншумул империялар сони йигирмага яқин. Бас, ўтмишлари шону шарафга бурканган. У биз – ота-боболарига муносиб бўлмаган, бўлолмай келаётган ношуд авлодлар, улар бизга эмас. Хитой ҳамиша қудратли бўлган. Хитой цивилизация дунёга жуда кўп нарса берган: қоғоз дейсанми, порох дейсанми, ипак дейсанми, чинни дейсанми, бари-барини чинликлар ихтиро қилган. Буюк ипак йўли ҳам, аслида хитойликларнинг Оврупага ипак ва бошқа маҳсулотларни олиб бориб сотиш эҳтиёжидан пайдо бўлган. Хуллас, қайси томондан қарама, орадаги айрим инқирозларни айтмаса, Хитойнинг бугуни қандай баланд бўлса, ўтмишида ҳам ҳамиша шундай парвозларга интилган. Буни қара, бизнинг аждодларимиз давлат қуришу жанг қилиш бобида ана шундай юксак парвозли хитойликлардан асло қолишмаган. Шунинг учун ҳам қадимгилар: “Иморат солишни юнондан, давлат қуришни эса туркдан ўрган”, – дея бежиз айтмаган.
Шундай қилиб, ота-боболаримиз Эрши қалъасига кириб, ўша ердан туриб, ёвга қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилишган. Айни дамда, Тошкентга элчи юбориб, кўмак сўрашган. Чинлик саркарда бўлса, тез кунлар ичида қандай қилиб Эршини енгиш устида бош қотиради ва беш кунлик ғалаба режасини ишлаб ҳам чиқади. Бироқ у бунга муваффақ бўлолмайди. Қалъа учун қирқ кун омонсиз жанг олиб боради-ю, уни таслим этолмайди. Бу орада Тошкентдан ёрдам етиб келиб, ўртада сулҳ тузилади-да, чинликларга беш мингта самовий отлардан бериб, юртига кузатилади. Аммо боболаримиз шундай режа тузишган эдики, унга кўра биронта ёв аскари ҳам, дулдул от ҳам Хан давлатига етиб бормаслиги керак эди. Агар отлар етиб борса, улардан қурол сифатида, яъни ҳозирги танклар, бронемашиналар, БТРлар каби фойдаланиб, бостириб келишлари мумкин эди-да.
– Юртларига етиб боришмайдими? – сўради шошилиб Эркин.
– Етиб боришмайди. Чунки туркийлар душман ортидан қувиб, пистирмаларда кутилмаганда ҳужум қилиб, ёвни ҳам, отларни ҳам қириб ташлашади.
– Э боплаган экан ота-боболар! – бутун вужуди қулоққа айланиб, Ўлмаснинг оғзидан чиққанларни ҳар бир ҳарфигача жон қулоғи билан эшитиб келаётган Ботир ҳайдовчи жўшиб тилга кирди.
– Мана, ҳозир, мен сизларни ана ўша жанг бўлган Эрши қалъаси қолдиқларига олиб бораман.
– Қизиқтириб қўйдийз-ку роса, энди менам сила билан бораман! – деди ҳайдовчи. – Тавба, шунча йил яшаб, умрнинг шарти кетиб парти қоптиямки, шундай мақаддас жойимизни бориб кўрмабмиз, а!.. Уят сенга Ботир ака, уят! – деди у юзига шапатилаб.
– Ҳа, биз дунё тарихини ўқидиг-у, ўзимизнинг миллий тарихни ёлчитиб ўрганмадик. Ўрисларнинг Степан Разин, Донский, Суворову Кутузовлар тарихини ёд олдиг-у, ўзимизнинг Алп Эр Тўнгаю Султон Қутузларни билмадик. Чингизхону Амир Темурни ёмон кўриб ўсдик, улғайдик. Бобур билан Шайбонийхондан бирини севиб, иккинчисидан нафратланиб катта бўлдик. Ҳолбуки, уларнинг ҳар иккиси ҳам бобомиз – “турк” деган улкан дарахтнинг иккита катта шохи.
“ТЎРТКЎЧА” РОМАНИДАН

- - -


< Orqaga qaytish