Ҳикоя, шеър


Marta o'qildi

"Хоразм фарзандиман мен,Хоразм фарзандиман". шеърлар. Эркин Самандар.

 

       ҚОРАҚУМ НАФАСИ

 

На товус бор бунда, на оҳу,

Кўз кўргани қумдир – поёнсиз.

Киролмайман унга бетуйғу,

Босолмайман уни туғёнсиз.

 

Бунда шамол ҳуштак чалади,

Қум кўчади барханма-бархан.

Ўнгурларда учраб қолади

Синган қилич, камар ва қалқон.

 

Шу қиличга бўлгандир таслим

Барг ёзмаган ғунча умидлар.

Қум бағрида сукунат ҳоким,

Қум бағрида ухлар шаҳидлар.

 

Ухлар юртнинг ўғил ва қизи,

Бошларида эл меҳри – чироқ.

Қум шаҳидлар қонидан қизил,

Шаҳидларнинг руҳидек уйғоқ.

       

ШОПЕННИНГ ЮРАГИ

         (Франция дафтаридан)

Вазмин-вазмин куй учади ҳавода,

Дардли-дардли силкинади қаноти.

Тинмай кезар пасту баланд дунёда –

Қанотида буюк Шопен ҳаёти.

 

Шопен умри ҳазин куйдай аламли,

Тўлғанганда авж пардада узилган.

Куй бағрига сиғдирганда оламни

Умид боғи қуш инидай бузилган.

 

У куйса-да, яшар эди беғараз,

Франция боғларини севарди.

Сена бўйлаб сайр этарди қишу ёз,

Қишу ёзда лекин ҳижрон эзарди.

 

Уфқ оша боқар эди юртига,

Тутқич бермай қочар эди хаёли.

Узоқлардан тортар эди ўзига

Она тупроқ – Варшаванинг жамоли.

 

Не бедодлик – ўз ерига сиғмаса,

Маҳрум бўлса ўз ерига кирмоқдан.

Ким эшитар тўлиб-тошиб йиғласа,

Йўлларига тош босилган ирмоқдай.

 

Куни битиб тақдирга тан бермади,

Тенг кўрди у яшаш билан ўлишни.

Фақатгина сўнгги дамда сўради

Юрагини ўз юртига кўмишни.

 

Кўзи унинг армон билан юмилди,

Лекин бажо келтирилди тилаги.

Тани Париж мозорига кўмилди,

Варшавага дафн этилди юраги.

 

Шундан унинг руҳи кезар қўнимсиз,

Тан бир ёқда, шўрлик юрак бир ёқда.

Икки тупроқ йўлларида битта из,

Битта одам ётар икки тупроқда.

 

Зиёратга келади халқ Парижга,

Қабри узра туришади омонат.

Сўнгра хаёл Варшавага ошиқар,

Юрагини айлагали зиёрат.

 

         ЯЛАНҒОЧ ДУНЁ

Ҳаёт қайнар Пигаль бағрида,

Кўз ўйнатар жимжима чироқ.

Бу телбаваш тунни аслида

Кўрмаганим эди яхшироқ.

 

Ҳамма нарса яланғоч бунда,

Дийдирайди оқшом либоссиз.

Ёқавайрон жазава тунда

Кўз ибосиз, сўзлар ибосиз.

 

Турфа чироқ ўчар ва ёнар,

Ўчиб-ёнар эълонлар бетин.

Ранг айланар, шуъла айланар,

Кўзим тиниб, жимирлар этим.

 

Юлдуз сўнди, юлдузлар ёнди,

Бир сўнди, бир очилди гуллар.

Гул ичида хонимлар энди

Кийинмоқни иллат деб билар.

 

Эвоҳ, тушми, ўнгиммидир ё?!

Бу аёл-ку, аёл-ку, ахир.

Ўтда ёнди иффат ва ҳаё,

Мўрт таёқдай қарс синди тақдир.

 

Бир телбаваш равнақми ё бу?

Жазавами ҳаёт дегани?

Сувга оқмиш  покиза туйғу,

Ё жин чалмиш сулув бекани.

 

Яралганда одам бир замон,

Боқмагандай усту бошига,

Пигалда ё яланғоч инсон

Қайтмоқчими ибтидосига?

 

Ана, боқар, ловуллар юзим,

Эссиз гултан, эссиз қаламқош.

Бу яланғоч хонимлар кўзи

Дунёни ҳам кўрар яланғоч...

                                             

         ҚОНЛИ ДЕВОР

Турфа рангу узоқ-яқин,

Узун-улкан деворлар...

Қулоқ тутсанг, ҳар хил нақл

Сўйлар экан деворлар.

Қулоқ тутсанг, ҳар битта тош

Бир тарихни сўзлайди.

Қалбим тошга бўлиб сирдош,

Ундан недир излайди.

Кун ботарда, тонг отарда

Югуради кўзларим.

Ҳайрон қолиб бир деворда

Қон кўради кўзларим.

Ичу тоши баланду паст,

Тамға-тамға қон изи.

Бу девордан лой исимас,

Уриб турар қон иси.

На томи бор, на-да эшик,

Қулун пахса, пойдевор.

Сувоқлари илма-тешик,

Жароҳати мингча бор.

Бунда паймол бўлган Эркнинг

Армонлари ёнадир.

Бу қон эзгу ният учун

Ўлганларнинг қонидир.

Улар учун сўнгги дамда

Паноҳ бўлган девор бу.

Мардлар қулаб жон берганда

Гувоҳ бўлган девор бу.

Довул уни эголмайди,

Йиқолмайди дўл уни.

Ич-ичида у сақлайди

Алданганлар руҳини.

Алдамчидир сароб ўзи,

Этур кўзни маҳлиё.

Билмаганга оқдир гоҳи,

Билганларга у рўё!

 

 

              ОДАМЗОД

                                                           Ҳисоб – китобларга  қараганда,

                                                            кейинги  беш минг  йил ичида   

                                                           атиги  уч  юз  йилга  яқин  

                                                           муддатда  ер юзи урушсиз 

                                                           яшаган  экан.

 

Боғда  тўти,  зоғ  ҳам  бор,

Ойда  кўрк ҳам,  доғ  ҳам  бор,

Ҳар  дардга  бир  малҳам  бор,

Чунки   ерда  одам   бор,

Одам  ўғли одамзод.

 

Дунё  эски  ошёндир,

Беизн,  бепоёндир,

Боқиб  ақлим  ҳайрондир,

Ҳар  балога  гирифтор

Одам  ўғли одамзод.

 

Тошдан  топди  ўт-чақин,

Топди  қозон-ўчоғин,

Топди  қилич -пичоғин,

Ўз-ўзига  қурди  дор

Одам  ўғли одамзод.

 

Бир-бирига  отди  тош,

Ўту  сувга  урди  бош,

Дилда  умид,  кўзда  ёш,

Икки  ипдан  тузди  тор

Одам  ўғли одамзод.

 

Қалбида  ишқ  яратди,

Ўтли  қўшиқ  яратди,

Оламга  оҳ  таратди,

Дарду  ғамга бўлди  ёр,

Одам  ўғли одамзод.

 

Кезди  пою-пиёда,

Дарди  бўлди  зиёда,

Дунё  топиб  дунёда

Дунёси  бўлди  абгор,

Одам  ўғли одамзод.

  

Не  давронлар  ўтмади,

Не  инсонлар  ўтмади,

Не  бахт  келиб-кетмади,

Нола  чекди  зор-зор,

Одам  ўғли одамзод.

 

Гоҳ  дарёлар  тинч  оқди,

Дилларда  севинч  ортди,

Искандар  қилич  тортди,

Яна  умри  бўлди  хор,

Одам  ўғли одамзод.

 

Чиқди  Рустам  достонлар,

Шер  келбатли  полвонлар,

Ёдлар  замин-замонлар,

Арзир  қилсанг  ифтихор,

Одам  ўғли одамзод.

 

Ариқларда  қотди  муз,

Юракларга  ботди  муз,

Неча  аср  ётди  муз,

Сенга  кулмади   баҳор,

Одам  ўғли одамзод.

 

Ўз  ерингда  ўзинг  қул,

Тил   остингда  сўзинг  қул,

Етим-есир,  бева-тул,

Кўзда  ёшинг шашқатор,

Одам  ўғли одамзод.

 

Кулбанг  бўлди  зимистон,

Зимистон  боғу  бўстон,

Орзу, умидинг  яксон,

Харобу  хор, хокисор,

Одам  ўғли одамзод.

 

Донни  яратган ўзинг,

Нонни  яратган  ўзинг,

Очликда  ётган  ўзинг,

Ҳам  чоралик, ҳам  ночор,

Одам  ўғли одамзод.

 

Дунё  иши антиқа,

Гоҳ  сиғмайди  мантиққа,

Гоҳ  юрар бордан  йўққа,

Эсингни йиғ, торт ҳушёр,

Одам  ўғли одамзод.

 

Кўрдим,  дунё  баланд-паст,

Ўз  жонига  этар  қасд,

Тўрт  миллиардмиз, кўп  эмас,

Қўлда  оловинг  бисёр,

Одам  ўғли одамзод.

 

Ўткир  тортсин  қароғинг,

Сирпалмасин  яроғинг,

Ўчмасин-да  чироғинг,

Бўлмасин-да  тор-мор,

Одам  ўғли одамзод.

 

Ўтган  кунлар  эртакми,

Охир  замон  чўпчакми,

Самандар,  қўй  кўп  гапни,

Қара,  айтар  ёр-ёр,

Одам  ўғли одамзод!

 

          ХОРАЗМ ФАРЗАНДИМАН

 

Мен туғилган кўҳна воҳа шуҳратин олам билар,

Кўп замондин кўп шуаро унга ашъор битдилар.

Донғини мен ҳам жаҳонга бонг уриб айтгим келар,

Хоразм фарзандиман мен, Хоразм фарзандиман.

 

Кўҳна Урганч тоғлари сайр айлаган боғим менинг,

Ястаниб ётган қадим Султон Увайс тоғим менинг,

Ушбу боғу ушбу тоққа кўмдилар оҳим менинг,

Хоразм фарзандиман мен, Хоразм фарзандиман.

 

Бу улуғ маскан кўнгилларга зиё қилди ато,

Қаҳридан шамшир ясаб, ёвларга санчди бехато,

Қалбига илми алифу ал-жабрни қилди жо,

Мен алифдек тик яшаб ўтган диёр фарзандиман.

 

Мен зикр этсам, асрлар қаърида кўргум шуур,

Мен тикилсам, ўтган ул зулмат ичида ёнди нур,

Ал-Берунийга забон берган диёр ҳам шул эрур,

Илмини нурдек таратган дониш эл фарзандиман.

 

Гоҳ булут остида қолди, гоҳ кулди юлдузи,

Қирди бу юртни неча ёв, босди Жўжи, Чингизи,

 Сув бўлиб қон оққанини сўйласин Жайхун ўзи,

Сўйласам мен, шу жабрдийда Ватан фарзандиман.

 

Сувга ғарқ бўлганда Урганч, бормиди дарёда айб,

Йиғласа мотам йўлида, йўқдир ҳеч гирёда айб,

Тожу тахт илгида айбу, бераҳм дунёда айб,

Айбсиз айбдор саналган танти эл фарзандиман.

 

Мен у кунлар ҳасратида ўртаниб ёнмай нечун,

Ҳали ҳам вайроналарда изғиса аччиқ тутун,

Мард Жалолиддин йиқилди жангда шу тупроқ учун,

Мен шу тупроқ ворисиман, мен шу эл фарзандиман.

 

Ҳаммадан кўпроқ билар бу юрт надир қайғу, алам,

Дардини дафтарга чизди, қалбини этди рақам,

Куйлади ошиқ Ғарибу, нола урди Шоҳсанам,

Нола урган ошиқ элнинг ошиғи фарзандиман.

 

Хива бу, гумбаз, минора, нақшу нуқра шаҳри бу,

Токчада қолган китоблар одамийлик шарҳи бу,

Паҳлавон Маҳмуд сўзин ёд олди Машриқ, Мағриби,

Машриқу Мағрибда машҳур ўлканинг фарзандиман.

 

Ким ғазал битди юракда қайнаган илҳом билан,

Ким давр сурди қўлида май лимо-лим жом билан,

Мен мулоқотда эрурман Огаҳий бобом билан,

Боболар изин ўпарман, қутлуғ эл фарзандиман.

 

Оқ сутин ичдим ва унда ташладим мен илк одим,

Илк меҳр, илк севги шавқин шу заминда тобладим,

Гулларининг рангларини кўзларимга жойладим,

Минг жило, минг ранг сочиб кулган диёр фарзандиман..

 

Ким билан ошно тутинмай, ким-ла суҳбат қурмайин,

Хивами, Урганчми ё Тошкентда яшаб турмайин,

Қайси элга бормайин, қай гўшаларда юрмайин,

Хоразм фарзандиман мен, Хоразм фарзандиман.

 

Неажаб товланса хил-хил, боғу бўстон бу, ахир,

Янгилик кашф этмадим мен, тилда достон бу, ахир,

Ўзбекистон бу ёронлар, Ўзбекистон бу ахир,

Фахр этарманки Самандар, мен ахир,фарзандиман.

  Сайёра Самандар кутубхонасидан.

- - -


< Orqaga qaytish