Ҳикоя, шеър


Marta o'qildi

"Нега кўринмайсиз"....шеърлар. Маҳфуза Мезон.

 
Тўрт девор
ютиб юборгудай туюлар
йилдай секин ўтётган вақтнинг
қовоғлари уюлар
ингранади эшик
эшикдан нари
ёпиқ деразага талпинар капалак
деворлар бирма-бир қулай бошлайди
ҳамон деразага талпинар капалак
бунча нозик
бунча қаттиқ умиднинг жони
***
Тун
Кундузлар нуради туннинг устига
Қуёш юлдузларга кетди бўлиниб
Қай замон доғ тушди ойнинг ҳуснига
Муғанний қўлида соз қотиб қолган
Азадор ҳолда ҳам йиғлолмади тун
Бўғзида аламли сўз қотиб қолган
Оқизиб кетади домига гирдоб
Хаёллар қуюндай келар бостириб
Мум тишлаган кўйи турар изтироб
Таъбири тескари тушлар уйғонсин
Тирилсин томоққа тиқилган сўзлар
Акси, бўғзинг билан баробар ёнсин
Синиқ нурларини йиққанча мағрур
Кечанинг бағрига ўт ёқар ногоҳ
Кундузни орқалаб келган оппоқ нур –
Тонг
***
Қайданам қаҳвага қўйганим ружуъ
Қаҳва қолдиғимдан фол очар қисмат
Бекорчи гапни қўй дейману унинг
Гапларида жон бордай қисман
Тамшанар гўдакдай очқолган ҳислар
Ажалга исён деб тугилган мушти
Заминга сен учун тушган самовий
Туйғулар шунчаки тушдир
Қора сукунатнинг совуқ юзига
Нафасим йўллайман оқаради тонг
Недан яралганин унутган олам
Соллланиб тинглайди азон
Ёйилган кун гувоҳ тескари фолга
Синовдан дарз кетмай ўтди виждоним
Энди фориғ этай қора доғлардан
Фин-жон-ни
Ним-жон-ни
* * *
У шунчалар некбиндир
ҳатто
тиконни ҳам гул деб ўйлайди
ва шу қадар
меҳр билан ўпадики
лабларидан сиза бошлар қон
оҳ эҳтимол уялмай-нетмай
йўйса бўлар уни тентакка
бўлиши мумкиндир шубҳасиз
балки
унда ҳеч ким кўтаролмаган
бир кадар бор
дўнган юракка
* * *
Нега кўринмайсиз,
Нега кўрмайсиз?
Ёниб тугаяпман хона бурчида.
Интиқ кутган сари ёлғон туюлар
Кириб келишингиз оёқ учида.
Нега кўринмайсиз,
Нега кўрмайсиз?
Сиз учун ёқилган умид шамини.
Алиф қоматимни харжлаб сиз учун
Милтиллаб ёритдим ҳижрон шабини.
Нега кўринмайсиз,
Нега кўрмайсиз?
Сим-сиёҳ тун аро ёняпман ёлғиз.
Ғамангиз термулиб тугатдим ўзим
Очиқ кўзларимни ёпди ялмоғиз.
Энди келсангиз ҳам,
Келмасангиз ҳам ...
Мени тополмайсиз хона ичидан.
Ғамангиз боқасиз тугаган шамга
Ва чиқиб кетасиз оёқ учида.
***
Қулфлагандим қалбим эшигин
Умид униб чиқди темирдан
Занг босган бу озурда дилни
Тушмайдиган калит емирган.
 
Шеърлар Одил Икромнинг Фейсбук саҳифасидан олинди.

 

- - -


< Orqaga qaytish