Маданият, санъат

Мухтор Комилнинг етолмаган орзулари..  Саломат Вафо.


Marta o'qildi

Мухтор Комилнинг етолмаган орзулари.. Саломат Вафо.

                                                         

 

   Катта шоирлар ижоди ҳусусида..кичик кузатувлар..

  

    Газета-журналларда  ва турли ижтимоий сайтларда шоирларимиз ижодини кузатиб келаман. Уй манзилига “Ozbekiston adabiyoti va sanati”, “ Kitob dunyosi” газеталари,”Jahon adabiyoti” va “Tafakkur”  журналларига обуна бўлганим учун  мамлакатимиз адабий жараёнидан тўла хабардорман десам бўлади. Ёзувчи бўлсам ҳам шеъриятни яҳши тушунман, кўпинча шеър ўқийман, ўзимга ёққанларни ёдлайман. Газеталарда босилган шеър ва  ҳикояларни ўқиб,  бошқа  адабиётшунослар ҳам жараённи  кузатаяптимикан деб ўйлайман.Лекин сўнгги вақтда ўзбек шеърияти, ҳусусан ҳикоячилик  ҳақида    таҳлилий мақола ўқимадим. Ўшанинг учун ўзим унча катта бўлмаган мақола ёзишга қарор қилдим. Сўзимнинг бошида айтиб қўйишни ҳоҳлар эдим. Менинг  мақолам аввал мақтаб, сўнг пардалаб ўз танқидий фикрларини айтадиган материал  бўлмайди. Шундай дўстона кузатув ва мулоҳаза бўлади.

   Дунё адабиётида, шеъриятида: классика, мумтоз йўналиш, сентиментализм,романтизм, реализм, модернизм (символизм, акмеизм,футуризм, имажинизм)  ва пост модернизм каби йўналишлар бор. Ушбу йўналишларни қайси асрларда устувор бўлгани, дунё шоирларининг энг гўзал достонлари ва шеърлари яратилганига тўҳталиб ўтирмаймиз. Шеър қалб ва юракнинг фарзанди бўлгани ..шарқ шеърияти, ҳусусан ўзбек шеърияти туйғулар, эмоция, ҳиссиётлар, кечинмалар,критериялар ва ҳаяжонлар асосида яратилгани боис кўпинча юқоридаги ижод йўналишлари қоришиб кетади.Аслида асл шеърият учун шеърий стиллар, қофиялар, чегараловчи унсурлар унчалик зарур эмас деб ўйлайман.

  Сўзимизни устозлар шеъриятидан бошласак. Устозимиз Маҳмуд Тоирнинг 2000 йилларда яратган яҳши шеърларини ҳам ўқиганман. Аммо  бугунги кун талаблари билан яшаётганимиз учун бугунги шеърият ҳақида тўҳталамиз. “Kitob dunyosi” 10 июль 2019 йилда Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоирнинг “Дилдоши бор ”шеъри чоп этилган. Ўқувчида тўлиқ тасаввур пайдо бўлиши учун шеърдан каттароқ парча келтирамиз.

Бир данакка қирқ мағиз,
Сиққанини ким кўрган?
Бир мисрада қирқ маъно
Уққанини ким кўрган?

Йиғлаб айтиб етмаган,
Кулиб айтса етарми?
Тўкилиб ҳеч тўлмаган,
Тўлиб айтса етарми?

Аҳдидан айрилмаган,
Оридан айриларми?
Бахтига қайрилмаган,
Боридан айриларми?

Садоқат султонлари
Сабрни қайдан олур?
Жафога тўймаганлар
Жабрни қайдан олур?

Айтгим келса, айтмасам,
Ёмон яхши бўлурми?
Булбулнинг тилин кесса,
Қарға бахши бўлурми?

Шеърнинг биринчи тўртлигида

“Бир данакка қирқ мағиз,
Сиққанини ким кўрган?..

  Шоирнинг фикрига қўшиламиз..балки бир данакка рамзий маънода қирқ мағиз сиғмас..
“Бир мисрада қирқ маъно
Уққанини ким кўрган?”..

Ушбу 3 чи ва 4 қаторда мазмун  бузилаяпти. Такрор ёзмайман..3чи ва 4 қаторлар  мазмун жиҳатидан бошқа-бошқа мисралар.

  Шеър қуруқ баён, камбағал,поэзиянинг азалий қонуниятлари  бадийлик, сўз бойлиги,туйғулар .. ташбеҳлардан йироқ.  Бу  мезонлар  қўшилсагина шеър бўлади.. фақат шоирнинг номи унга шеър ёзиш имкониини бермаслиги лозим.

“Жафога тўймаганлар
Жабрни қайдан олур?” ..ушбу мисраларга ўзингиз баҳо беринг..

  Маҳмуд Тоирнинг  яна бир шеъри ҳақида.. Сизда объектив фикр пайдо бўлиши учун  тўлиқ келтирамиз.

ЁРОНЛАР
Дарёдан томчи олиб,
Тотган борми, ёронлар?
Дарёни бир томчига
Сотган борми, ёронлар?

Сотса сотар демангиз,
Сотқиндан дунё тўйган.
Сотқиндан гўр ҳам йиғлар,
Сотқиндан Худо куйган.

Қуёшнинг оразидан
Хаёлда ўпиб қўйдим.
Ҳилолнинг доғига ҳам
Битта тиз чўкиб қўйдим.

Дил дарёси тошмаса,
Шеърга шакл на керак?
Томчи тошни тешмаса,
Дилга ақл на керак?

Ёлғоннинг ёғи билан
Кипригин мойлаганлар.
Гуноҳ чоҳига тушиб,
Кўзларин чайнаганлар.

Топиб айтдим, топмадим,
Дилим тўкканин айтдим.
Туйғум тошиб келса ҳам
Ақлим етганин айтдим.

Дарёдан томчи олиб
Тотган борми, ёронлар?
Дарёни бир томчига
Сотган борми, ёронлар?

 Устоз Маҳмд Тоирнинг   7 тўртликдан иборат шеърининг  умумумий структурасида рамзий маънода бўлса ҳам узвийлик излайсиз, ёки такрор- такрор ўқиб недир қизил ип излайсиз. 1 куплетда “Дарёни бир томчига
Сотган борми, ёронлар?” деган мисра бор. Сўнг шоир ўз тафаккурида пайдо бўлган ҳар бир фикрнинг изидан пуфакини йўқотган ёш боладай эргашиб кетаверади. Мисраларда “дарёни сотганлардан..сотқин шаҳси қарғишига ўтилади..”.Аммо..

  Қуёшнинг оразидан
Хаёлда ўпиб қўйдим.
Ҳилолнинг доғига ҳам
Битта тиз чўкиб қўйдим” дея  4 мисрада  ёпилган қофияни ўқиб, юрагингиз увишади..Бу қандай фикр..”ҳилолнинг доғига ҳам битта тиз чўкиб қўйдим” якунловчи мисра... шоирнинг  кейинги даврда яратилган кўпгина  шеърларни тамомила йўққа чиқаради.

  Таассуфлар бўлсин..Ўзбекистон халқ шоири унвонига.. Мен модернчи шоир Муҳаммад Ғаффорнинг ҳаста оёқларини судраб Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўламан деб..аввалги уюшма  биноси жойлашган Халқлар дўстлиги майдоналирида умидсиз айланганидан хабарим бор. Шоир  негадир ўзини  яқин билиб,"уюшмага олишмаётгани ҳақида зорланиб, агар аъзо бўлса Ёзувчилар уюшмаси поликлиникасида текин даъвланишини айтиб ёзғирарди". М.Ғаффор оғир ҳаста эди. Янглишмасам у пайтда Ёзувчилар уюшмасининг раиси Муҳаммад Али эди. Сўнг шоир  уюшма  аъзолиги ва унвонлар ҳам керак бўлмайдиган мангу сукунат водийсига йўл олди.У ҳали 60 ёшига чиқмаган эди. Эҳ, шу унвонларни олишни орзу этиб  ва ҳатто Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлишни орзу этиб спиртли ичимлик  ичиб сархуш бўлган шоир Мухтор Комилни  Хисор тоғларида бўрилар еб кетганига икки –уч йил бўлди. У:

Юракнинг бир банди узилган кеча,
Асрлар қадарли чўзилган кеча, 
Чимилдиқ ичида сенинг ўрнингда
Ўзга бир келинчак сузилган кеча, 
Йиғладим, йиғладим, йиғладим..

Такдирму бошимда ўйнаган қамчи,
Сочингми армоним учган арғамчи. 
Чорлагандай бўлар кимдир олисдан,
Наҳотки сенмисан ўшал алдамчи. 
Билмадим, билмадим, билмадим.…!

Бошимни боғлашди, боғландим, жоним,
Қалбимни доғлашди, доғландим жоним,
Сенинг ҳузурингга бормоқчи бўлиб,
Неча бор чоғландим, чоғландим, жоним,
Бормадим, бормадим, бормадим..дея армонли сатрлар битган эди.

 

  Қаралсин: "Юракнинг бир банди узилган кеча..".. http://www.nurzamon.uz/article_view.php?id=578

  Энди устозмиз Энахон Сиддиқованинг ижоди ва маълум шеърлари ҳақида фикрлашсак.. Ўзбекистон Халқ  шоираси Энахон Сиддиқованинг   “Қоракўз турналар”,”Суманбар насим”,”Кўнгил уфқлари”, “Ишқ ифори”, “Сўз устидаги дунё” каби назмий, “Тун фарёди” ҳикоялар тўплами, “Сеҳрли боғ”эртаклар китоби,“Халоскорлик”, “Эъзозли аёллар”, “Тиббиёт фидойилари”, “Фарғона аёллари”, “Қизойимларга келинлик сабоқлари” ҳикоялар ттўпламлари  чоп  этилган. Энахон опанинг 2013 йилда “Ziyouz” сайтида нашр қилинган ”Эшик чертилади”…шеъридаги фикр, изчиллик,бадиийлик, сўзнинг оҳанги юракка етиб боради. Мана Сиз ҳам бу шеър парчасидан баҳраманд бўлинг.

Эшик чертилади…

Ҳапқирар юрак.
Ҳаяллаб бўлса ҳам келдимикан
Бахт?!
Балки олиб тушган кўкдан фаришта
Кўнглимга бир ёрлиқ, Ҳақдан иноят.

Эшик чертилади…
Балки бу хаёл?!
Хазонлар товшидир қулоққа инган.
Балки ҳасратидир дарбадар шамол
Рангсиз умидлари шохларда синган.

Эшик чертилади…
Вақтдир бу балки,
Бевақт юрагимни тақиллатётган.
Бесамар йилларнинг армони каби
Кўнгилни занглатиб, зил босиб ётган..

  Шоира ижоди билан танишишда давом этамиз. Энахон опанинг 4 июль 2019 йил “Muzaffar.uz” чоп этилган “Шифокорлар”га шеърини аналитик нигоҳ ташлаймиз..

http://muzaffar.uz/dillashuv-va-guzallik-sari/2236-sheriyat-yoruglikka-eltadi.html 

 

Оллоҳга элчиликдир шифокорлик таърифи,

Сиз сабаб гўзал ҳаёт,толе ўзи уйғоқлик.

Барчага мушаррафмас касбларнинг энг шарифи,

Ажални илми тибнинг нури билан енгмоқлик.

 

Тангрим иноят қилган бериб илохий фазл,

Қўлингизга тутган туғ дардларнинг даъвосига.

Ҳар гиёҳнинг асрори,ҳикмати сизга нозил,

Табибу малҳам бўлмоқ  кўнгиллар маъвосига.

 

Дунёнинг ҳикмати бу аъмолига яраша,

Машшоқми, ё ўроқчи экканини ўради.

Агарки обод этса бир кўнгил каъбасини

Юз бора ҳаж қилганнинг саҳобини кўради.

 

Малҳам бўлса ширин сўзи, тиғи, игнаси,

Омон сақлаб қолса агар бирни ўлимдан.

Халқнинг ризолиги мудом уни қўлласин,

Мукофотлар ёғсин унга улуғ тангримдан.

Муқаддас, қутлуғ  касб этилмиш сизга тақдир,

Шарафингизга арзир энг  олий унвон, ёрлиқ.

Элнинг дуосин олмоқ энг қутлуғ муддаодир,

Тангридан буюрилмишдир Сизларга халоскорлик.

 

Нажоткор фариштасиз нурли, оппоқ эҳромда-

Ўлиму ҳаёт аро меҳр янглиғ пардасиз.

Фано йўлида турган инсонга сўнгги дамда

Бир қутлум шифо тутган илоҳий маъбудасиз.

 

Ҳазрат Ибн Синонинг руҳлари қўллар боқий,

Ҳар неки савобингиз дунёда кетмас бекор,

Бедор тунингиз ҳаққи, нури шифонгиз ҳаққи-

Жаннатларнинг аршида ўтиргайдир шифокор.

 

Қолмасин бу маъвода касал ёки хаста жон,

Поку соғлом деб ёзинг бемор варақасига.

Ўзбекнинг топганлари тўйларига буюрсин,

Бизнинг фахримиз бўлсин ёзмоқ сизга қасида.

Ҳурматли ўқувчи шеър ҳақида тўла тасаввур ҳосил этишингиз учун “Шифокорлар” шеърини   маълум даражада қисқартириш билан ҳавола этоқдамиз. Шеърнинг умумий  тили жуда ачинарли бўлиб шеър публицистик руҳда ёзилган. Бирон мажлисда зерикиб ўтирган одамнинг протоколь қайдномасига ўҳшайди. Тўғри, эътироз билдиришлари мумки.Шеър ёзишнинг услублари кўп...деб..Фикримизни шу таҳлит исботлаймиз.

Дунёнинг ҳикмати бу аъмолига яраша,

Машшоқми, ё ўроқчи экканини ўради.

Агарки обод этса бир кўнгил каъбасини

Юз бора ҳаж қилганнинг саҳобини кўради.

“Дунёнинг ҳикмати..”деган сатрлар билан бошланган куплетни ўқиб..шоир ўзи не мақсад билан ёзган бу шеърни..У нима демоқчи деган фикрга келасиз.Барчага аён яғири чиқиб кетган ва  ёш бола ҳам биладиган  қадимий ўзбек мақоли келтирилади. Ана шу ялонғочлик ҳақида  араб шоири Жубран Хамилнинг “Шеърият бу – шодликлар,оғриқлар.. ғаройиб товланувчи сўзни луғатдан  олиб ишлатишдир” дея таъкидлаган.

 Ҳазрат Ибн Синонинг руҳлари қўллар боқий,

Ҳар неки савобингиз дунёда кетмас бекор,

Бедор тунингиз ҳаққи, нури шифонгиз ҳаққи-

Жаннатларнинг аршида ўтиргайдир шифокор.

  Ушбу  бадиийликдан йироқ тўрт мисра шеърга шарҳ ёзишга ўзимни мажбурлай олмайман.Бу парчани  тафаккур  доираси фантазиядан, сўз бойлигидан  йироқ дуогўй қария ёзганга ўҳшарди. “Бедор туни ҳақи..нури шифоингиз ҳақи ..” фазилатлари эвазига  мукофот...ҳали тирик ҳали навқирон ёшда жуда кўплаб беморлар дардига шифо бўладиган шифокорларга ..”жаннат аршида ўтириш ..” мукофоти бахш этилади..

  Мен 2016 йили Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси тамонидан шоир Энахон Сиддиқовага “Ўзбекистон халқ шоираси унвони” берилганда  www.nurzamon.uz  сайтига “Ўзбекистон халқ шоири унвонини ким олади?” номли мақола ёзган эдим. Қаралсин: http://nurzamon.uz/article_view.php?id=387.

  Мақолада ёзганимдек, мени устозимиз Энахон Сиддиқова ижодига нисбатан  бирор  ғаразли ниятим йўқ. Уларни яқиндан танимайман ҳам,матбуот орқали ижодлари орқали билганман.

  Сўзимизнинг  сўнгида яна бир ёш истеъдодли раҳбар шиорнинг шеърлари ҳақида фикрлашамиз. Рустам Мирвоҳид шаҳс сифатида мансаб пиллапояларидан тез кўтарилган шоир. Уни OzTV  ”Tashkent”  канали бошловчилик пайтларидан биламан. Ҳозир Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари лавозимида ишлайди.Жуда маданиятли билимдон йигит.

   Шоирнинг  машҳур Ziyouz  сайтида 27 март 2014 йилда нашр қилинган “Сен..”шеърининг самимий туйғулари, фикр, маълум даражада фалсафий  позицияси ўқувчида катта таъсурот қолдиради.

Ҳар бўёқда сенинг рангинг бор,
Ҳар товушдан келади сасинг.
Ҳар учқунда ялтирайдурсан,
Ҳар томчида,оҳ, сенинг аксинг.

Муҳринг бордир ҳар бир заррада,
Ҳар қаричда намоёндирсан.
Сен – ҳар недан кўҳнасан буткул,
Ва ҳар недан навқирондирсан!

Қаён боқмай дуч келдим сенга,
Борлиқ сендан иборатми ё ?
Бу дунё ҳам сенинг ғиштингдан –
Бино бўлган иморатми ё ?!

Сендан қочиб қайга кетаман,
Қочган сари – сенга етаман!.

  Рустам Мирвоҳид шеърлари билан танишида давом этамиз.

  “Kitob dunyosi “газетасида 12  июль  2019 йил  босилган “Заминдай айланар бошим атрингдан” туркум шеърлари ҳақида. Туркумда “Ғойибона” каби  яҳши шеърлар ва мисралар бор.

   Биринчидан:Ушбу туркумда маълум бир ўзбекча сўзлар  нотўғри қўлланган. “Инъкос айлар кўзинг” сарловҳаси..бундай бирикма ўзбек тилида йўқ. Кўзнинг  рамзий маънода ҳам инъкос айлаши бу нотўғри маънода бўлади. Инъкоснинг тўғри қўлланиши..масалан, кўз..ишқнинг ёки оташнинг инъкоси..ёки кўз қалбнинг инъкоси сифатида қўллаш мумкин.

   Иккинчидан: “Кўзларингни нўш айладим..”.. нўш айлаш мумтоз адабиётда “май нўш айладим” тарзида қўлланган. Яъни ичмоқ, сипқормоқ маъносида.. Агар, Рустам Мирвоҳид “Ёрнинг кўзини чин дилдан нўш айламоқчи бўлса”..унда бу сарловҳа қўштирноққа олиниши лозим эди. Шу шеърда “майланиб бормоқдадир, найланиб бормоқдадир”..сўзлари мввжуд. Шеъриятда мавжуд сўзлар турли маънода қўлланилади, сўз ўйинлари этилади..аммо, нотўри тарзда сўзлар ясалмайди.

  Файласуф Синклер Льюиснинг “Изтироб чекмасдан ва бир тўҳтамга келишдан олдин иккиланмасдан  инсон шаҳсияти буткул бўла олмайди” деган фикри бор.Инсон шаҳсияти, руҳияти зиддият ва курашлардан иборат. Шеърият ҳам шунга ўҳшайди.    

  Дунё ва  америка шеъриятига янги қараш ва янги фикр олиб кирган америка модерн адабиёти намояндалари улуғ шоирлар Эзра Паунд, Томас Стирнз ва Томас Элиот ижоди бугунги модерн шеърияти ривожига пойдевор бўлди. Шоирлардан Томас Элиот(1888-1965)  ижодини севиб ўқийман.У дунё адабиёти  ҳақидаги илмини Харвард, Сарбонна университетлари ва Оксфорд  коллежларида..  ўз ижодига катта таъсир қилган санскрит тили ва шарқ философиясини  ўрганиб америка шеъриятда  катта ўзгаришлар яратди. 

https://ziyouz.uz/jahon-sheriyati/amerika-sheriyati/tomas-eliot/

  "Сувоти" шеъри.

Тирик тана заиф ҳамда мўрт,
Бузар жуда асаблар қонни,
Черков эса турар мағрур, қурч,
Елкасида тутиб осмонни.  

    Олам ўзгармоқда..  адабиёт ва шеърият эврилмоқда..   ҳозирги кунда дунё  модерн ёки пост модернчи шоирлари хонада турган оддий стул, одамнинг ички аъзолари, ёки  ҳаяжон тарк этган ёлғиз одам ҳақида, бизнинг таъбиримиз билан айтганда оқ шеърга ўҳшаган, ёки абсурт шеър ёзиши мумкин. Шеъриятда  расмий тан олинган бундай йўл ҳам бор.

   Аммо биз  “менинг аҳволим эшитган ..алларина рўмол олиб йиғлийди” деган халқ қўшиқларидан тортиб, ҳазрат Навоий, Саъдий,Юнус Эмро, Румий ёки Чўлпон, Усмон Носир, Рауф Парфи ижодий меросига, Ҳалима Аҳмад, Зебо Мирзо, Абдували Қутбиддин  каби буюк шоирлар шеърларига  эга бўлган миллат сифатида бизнинг адабиёт ва шеъриятга нисбатан ўз

мезон ва критерияаримизга эга эдик.

Фаромуш боғларда солланиб маҳзун,
Заррин сарполарда, давлати фузун,
Қалбимга атайди нон ҳамда тузин,
Ё жоним муҳаббат,
Сим-сим-эй, сим-сим,
Мабодо алдасам, қўлларим синсин. …(“Қасам”.Абдували Қутбиддин).

    Шоир Рустам Мирвоҳиднинг кўп шеърлари менга ёққани учун  юқорида тилга олганимиз “Заминдай айланар бошим атрингдан” туркумида “Оҳанг оҳанграбоси”шеъри  сатрларда “..йўлингда сел бўлиб қўшиқ тингласанг”каби мазмун бузилиши бор.

”Айни дам” шеърида:

Дилда илҳом пардасидин

“Кўриниб кўринмайин,

Воҳ, гўзаллар янғлиғ этгай..

Ноз ғазаллар айни дам” каби  сўз  ўрнида қўлланилмаган, қофия ортидан эргашилган ва мазмун бузилган..газета муҳаррири жиддий кўриб чиқадиган ўринлари бор.

Назаримда одам, ижодкор ҳеч  нарсага эга бўлмаганда, ибтидойироқ тил билан  айтганда... шоир уй, машина ва дала боғларига эга бўлмаган ёвқур навқиронлик пайтида бошқача ёзади. Бу мезон балки бошқа ижодкорларга тўғри келмас,  фақат мақоламизга объект бўлган шоирлар  ҳақида фикр юритаяпман. Эътиборингизга бир ҳолатни ҳавола этмоқчиман.Шоирнинг бир ёки икки шеърини келтириб, ундан икки-учта номувофиқлик топиб, ижодкор  ижоди ҳақида ҳулоса этиш мумкинми?. Бизнинг аввалги замон адабиётшуносларидек 20-30 варақ  таҳлил ёзиш ниятимиз йўқ. Фикримизнинг адолатли ёки адолатли эмаслигини исботлаш учун шоирлар шеърлари олинган сайт ссилкалари, газета ёки журналнинг аниқ номи ва  санъасини бермоқдамиз.

   Биз юқорида Маҳмуд Тоир, Энахон Сиддиқова ва Рустам Мирвоҳид каби шоирлар ижоди ҳақида тўҳталдик. Бу шоирларнинг бири арбоб, бири  сенатор, бири уюшма раиси ўринбосари лавозимида ишлайди. Балки, шу вақтгача айнан юқори лавозимлар учун.. асл ҳақиқатлар  айтилмай келаётгандир..

  Адабиётшунос  Раҳмон Қўчқор шоир Шавкат Раҳмон ҳақидаги шундай ёзган эди: «Бу шоир вазиятнинг эмас, қисматнинг шоири. (Яъни ўз миссиясининг, ички овозининг таржимони — У.) Унга давр эмас, у даврга мавзу беради…».

  Мен энди даврлар,замонлар ёки лавозимлар шоирга таъсир қилмаслиги керак дея олмайман, чунки шоир юраги, раҳбар юраги ҳам бир хил уради.

  Мен фақат 95чи  йилларда энг юксак пағонада турган гўзал, улуғвор ўзбек шеърияти...депсиниш, тушкунлик  кунларини бошдан кечирмоқда деб ёзмоқчи эдим.

  Бу фикрни фақат юқорида ижодига ёндошганимиз, муносабат билдирганимиз шоирлар шеърини ўқиб айтаётганимиз йўқ.Ва фикр, кузатувларимизни давом эттириб янги мақолалар ёзиш ниятимиз бор.

   “Kitob dunyosi” газетаси 2019 йил 9 май Хотира ва қадрлаш  байрамига бағишлаб, ёшини яшаган, ошини ошаган ва бозор иқтисодиёти мезонларига асосланган дунёнинг оғирликларини кўтара олмай касал бўлган   100 нафарга яқин вафот этган шоир ва ёзувчиларнинг  сувратларини эълон қилган  эди. Ушбу сувратларни кўриб одамнинг назарида ўзбек адабиётида ёзувчи қолмагандай туюлади.

    Бугунги кундаги фаолиятдаги  ўзбек адабиётининг  ҳолатига замон мезонлари  келиб чиқиб муносабат билдирдик.  Ва  ўзбек адабиёти тушкунлик даврини бошдан кечирмоқда дея хулоса этиб  мақолани тугатмоқчи эдим.

  Аммо, яъна ўша “Kitobdunyosi”  газетасида  Руслан Сабуров, Дадахон Муҳаммадиев, Санжар Эшмуродов,Бек Али  ва   Исломжон Қўчқоров,Зулҳумор Орифжонова,Гулҳайё Анорова,Кумуш Ўсарова,Нозима Ҳабибуллаева,Моҳира Абдуллаева, Муниса Аъзамова, Раҳмат Бобожон, Одилбек Латипов,Бекзод Тўйқулов, Дилнавоз Нажимова  каби ёш шоирлар шеърларини ўқиб чуқур тин олдим. Бу шеърлар билан яна инсониятнинг азалий афсоналари  гўзаллик, инсонийлик ва ошиқлик туйғуларини ҳис этдим.

     Демак, ҳозирги кунда адабиётда пайдо бўлган бўшлиқни тўлдириш имкони бор, аммо унга ҳали вақт керак деб ўйладим. Қанча вақт керак...5 йил, 10 йил..20 йил..

  Савол берарсиз..Шоирлар 10 йил аввалгидан ёмон ёзаяпти, адабиётни тушкунлик қамраган бўлса сизга нима...3 нафар шоир шеърлари..ўзбек адабиётнинг бугунги аҳволини кўрсата оладими?. Тушкун адабиётни жамиятга ва миллатга таъсири борми?. Ўзбек тилига  таъсири қандай?. Қисқа этиб шундай дейишим мумкин, заиф адабиёт миллат маънавий  қиёфасини деградацияга учратади.Бу глобализация  таъсиридан ўн карра зарарлироқ  бўлади. Бундай ҳолат, яъни жамият ва инсон бўҳронлари  ҳақида   юз йиллар олдин Америкада буюк ёзувчилар  Э.Хэмингуай, Фолкнер  “йўқотилган  авлод” дея  бонг урган эди..

   PS. Ижтимоий иммунитети паст заиф адабиёт..йўл йўриқ, маънавий кўмак истаб остонадан кириб келадиган  ҳали мусаффо бўлган ёш шоирлар қалбини мажруҳ қилади. Улар балки юқорида  таҳлил қилганимиз шеърларни юксак шеърият намунаси деб қабул қилади.Шоирлар, ёзувчилар,олимлар, санъаткорлар эса ..миллатнинг олға ундовчи ядроси, лекматив кучи  ҳисобланади...

         августь 2019 йил, Тошкент

 

 

 

- - -


< Orqaga qaytish