Жаҳон адабиёти

Рубойилар.                     Умар Хайём (1048-1131).


Marta o'qildi

Рубойилар. Умар Хайём (1048-1131).

 

Улуғ файласуф, шоир, мунажжим, математик ва табиб бўлган Ғиёсиддин Абулфатҳ Умар ибн Иброҳим Хайём Нишопурий (عُمَر خَیّام نیشابوری) Эроннинг Нишопур шаҳрида туғилган. Аниқ фанлар соҳасида ўз даврининг ягонаси бўлган олим томонидан тузилган тақвим, манбаларнинг якдиллик билан гувоҳлик беришича, амалдаги Григориан календаридан ҳам аниқроқ бўлган. Унинг риёзиёт, илми нужум ва фалсафага оид бир қанча асарлари бизгача етиб келган.
Умар Хайём Нишопур, Балх, Бухоро шаҳарларида ўқийди. Ривоятларга қараганда Салжуқийлар вазири Низомулмулк унга Нишопур ҳокимлигини таклиф қилади. Лекин Умар Хайём бунга рози бўлмайди. У 1074 йилдан бошлаб Исфахон расадхонаси ишларига раҳбарлик қилиб, математика, астрономия соҳасида тадқиқотлар олиб боради. Унинг математика, фалакиётшунослик, фалсафага оид бир қанча асарлари ва кашфиётлари маълум.
Масалан, 1077 йилда у юнон олими Эвклид китобига шарҳ ёзиб, бутун сонларнинг илдизини топиш йўлларини кўрсатиб беради. 1079 йилда Хайём янги ислоҳ қилинган календар ишлаб чиқаради. Бу календар Европада ундан 500 йил кейин қабул қилинган ва ҳозирги вақтгача қўлланилаётган Григориан календаридан ҳам аниқроқ бўлган. Шунингдек унинг «Рисолатул-кавн ват-таклиф» («Коинот ва унинг вазифалари»), «Рисола фил-вужуд» («Борлиқ ҳақида рисола»), «Рисола фи куллияти вужуд» («Борлиқ умумийлиги ҳақида рисола») каби асарлари ҳам машҳурдир.
Умар Хайём ўзини сира ҳам шоир деб ҳисобламаган. Рубоийларини илмий изланишлардан чарчаган пайтида турли дафгарларнинг ҳошиясига битган. Қисмат ўйинини қарангки, олим ўз умрининг асосий қисмини сарфлаган фаннинг турли соҳаларидаги буюк кашфиётлари бир чеккада қолиб, у иккинчи даражали ҳисоблаган рубоийлари Хайём номини дунёга таратди.
Умар Хайёмни дунёга машҳур қилган унинг рубоийларидир. Умар Хайём шоир бўлмаган, лекин ҳаёт ҳақида баъзи мулоҳазаларини 4қаторлик шеър қилиб қоғозга тушириб қўяверган. ХVIII асрга қадар унинг рубоийлари ҳақида тадқиқотлар олиб борилмаган. У ҳақда дастлаб Оксфорд университети профессори Томас Гайд, ундан сўнг Фон Гомер Биргестел ва Меме Николослар тадқиқот олиб боришган. 1859 йили инглиз шоири ва таржимони Эдвард ФитзЖералд Умар Хайёмнинг 70 рубоийсини таржима қилиб эълон қилгандан сўнг, бу шеърлар жуда машҳур бўлиб кетган ва инглиз тилидан жаҳоннинг бошқа тилларига ҳам таржима қилинган.
Хайём рубоийларининг сони турли маълумотларда 11 тадан 1200 тагача эканлиги айтилади. Хайёмга нисбат бериладиган рубоийларни у ёзганлигига ҳам турли шубҳалар мавжуд. Айниқса, замондошлари «катта илм эгаси, мутаффакир, тақводор зот эди» деб улуғлаган шоирнинг майхўрлик, енгил ҳаёт, айш-ишрат, куфр, даҳрийлик мавзуларидаги рубоийлари ишончсиздир. Бундай рубоийлар Исломга қарши баъзи тоифалар томонидан атайлаб тўқиб чиқарилган, деган маълумотлар бор. Ҳатто Лондонда сақланаётган Умар Хайём рубоиёти қўлёзмаси ҳам сохта эканлиги аниқланган.
Умар Хайём рубоийлари кириб бормаган ўзбек хонадони бўлмаса керак. Унинг фалсафий мазмуни теран ва бадиий жиҳатдан пишиқ рубоийлари атоқли мутаржим Ш. Шомуҳамедов таржимасида бир неча марта нашр этилган. Кейинчалик Ж. Камол шоир рубоийларидан бир қанчасини ўз арузий вазни билан ўзбек тилига ўгирди.
Аввал тафаккурда туғилиб, кейин қалб қўрига йўғрилган Умар Хайём рубоийлари, бир сўз билан айтганда, Олам ва Одам ҳақида. Шоир дунё эврилишларига донишмандона босиқлик, таассуф аралаш лоқайдлик билан қарайди: дунёни ўзгартиришки қўлингдан келмас экан, уни деб қайғуриш беҳуда. Унинг учун туғилиш ва ўлим, яхшилик ва ёмонлик, ҳалол ва ҳаром — бир хил: ҳаммаси ўз табиий қонуниятига асосланади.
Дунёвий фалсафа вакили сифатида Хайём дунёни ақл элагида элайди — Олам ва Одам муаммосини умумфалсафа мезони билан ўлчайди. Шу маънода, Хайём ижодида биз одамдан ҳам, оламдан ҳам устун турадиган — дунёни қамраб оладиган шафқатсиз фалсафага дуч келамиз. Лекин фаранг файласуфи Ларошфуко: «Фалсафа ўтмиш ва келажак кулфатлари устидан тантана қилади, лекин бугуннинг қайғуси фалсафа устидан тантана қилади», — дегани каби Умар Хайём рубоийлари ҳам буюк мутафаккирнинг фалсафий мезонларига бўйсунмаган, уларни ёриб чиққан залворли фикрлар пўртанаси, беором қалбига сиғмаган оташин туйғулар силсиласидир.
Агар шундай бўлмаганда, Хайёмнинг исёнкор шеърияти ҳам дунёга келмас эди.
Буюк олим, астроном Умар Хайём 1122 йили Нишопурда вафот этади.

РУБОИЙЛАР

Афсус, умр беҳуда бўлмишдир барбод,
Бўлмадим ҳаромдан бир нафас озод,
Буюрганин қилмай юзим қародир.
Амрингдан ташқари ишларингдан дод!

***

Дунёнинг тилаги, самари ҳам биз,
Ақл кўзин қораси — жавҳари ҳам биз.
Тўгарак жаҳонни узук деб билсак,
Шаксиз унинг кўзи — гавҳари ҳам биз.

***

Сен-мендан олдин ҳам тун-кун бор эди,
Айланга фалак ҳам бутун бор эди.
Тупроққа авайлаб қадамингни қўй,
Бу тупроқ қора кўз бир нигор эди.

***

Кулол дўконига кирдим бир сафар,
Дастгоҳда ишларди уста кўзагар,
Гадо қўлидан-у, шоҳнинг бошидан,
Кўзанинг бўйни-ю дастасин ясар.

***

Бизлар бўлмасак ҳам жаҳон бўлғуси,
Бизлардан на ному нишон бўлғуси,
Аввал-ку йўқ эдик, етмовди ҳалал
Яна бўлмасак ҳам, ҳамон бўлғуси.

***

Бу ернинг юзида ҳар зарраки бор,
Бир замон бўлмишди ой юзли дилдор.
Нозанинлар юзин гардин аста арт
Гўзал чеҳра эди бир вақт бу ғубор.

***

Дилим илмлардан маҳрум бўлмабди.
Бир сир қолмабдики мавҳум бўлмабди.
Туну кун ўйладим етмиш икки йил.
Онгладим — ҳеч нарса маълум бўлмабди.

***

Сенинг мафтунингман берайин хабар,
Уни икки сўзла этай мухтасар:
Ишқинг тупроқ қилгай, аммо меҳрингдан
Бошимни кўтариб бўлгум жилвагар.

***

Кекса, ёш — ҳаётга ҳар кимки етар —
Ҳаммаси изма-из бирма-бир ўтар.
Бу дунё ҳеч кимга қолмас абадий,
Келдилар, кетамиз, келишар, кетар.

***

Юрагим қонидан юз хона вайрон,
Уввос тортувимдан қўрқинч юз чандон,
Ҳар бир кипригимда қон дарёси бор,
Киприклар юмулса бошланур тўфон.

***

Афсуски йигитлик мавсуми битди,
Кўклам ўтиб кетди, қиш келиб етди,
Ёшлик деб аталган у севинч қуши
Билмадим, қачонлар келди-ю кетди.

***

Бу кўп эски равот, олам унга ном, —
Тун-кун тулпорига бор бунда ором.
Бу эски базм юзлаб Жамшиддан қолди,
Бу гўрда ётади юз-юзлаб Баҳром.

***

Йўқликдан пок келиб, нопок бўлдик биз,
Шўху қувноқ келиб, ғамнок бўлдик биз.
Кўзимиз тўла ёш юракда олов,
Умр елга кетди, ҳам ҳок бўлдик биз.

***

Бир ғариб кўнглини қила олсанг шод —
Яхшидир ер юзин қилгандан обод —
Лутфинг-ла бир дилни қул қила олсанг,
Афзалдир юз қулни қилмоқдан озод.

***

Нокасдан сир беркит, дилингно боғла,
Аблаҳдан яширин бўлмоқни чоғла,
Кишилар жонига ўз қилимишинг кўр,
Сен ҳам шунга кўз тут, шуни сўроқла.

***

Бу кун келар экан, қўлингдан, зинҳор,
азизлар хотирин шод эт, эй дилдор.
Ҳуснинг салтанати турмас абадий,
Тўсатдан қўлингдан кетиши ҳам бор.

***

Мол-дунё ҳасрати қилмасин афгор,
Мангу яшар киши қани, қайда бор?
Бир неча нафасинг танда омонат,
Омонатга омонат бўлмоқлик даркор.

***

Аҳил бўлса олов ичра ҳам инсон,
Аҳил кишиларга олов ҳам осон.
Ноаҳил кишилар суҳбатидан қоч,
Ноаҳил суҳбати ёмондан ёмон.

***

Ўзни доно билган уч-тўртта нодон
Эшак табиатин қилур намоён.
Булар суҳбатида сен ҳам эшак бўл,
Бўлмаса «кофир» деб қилишар эълон.

***

Бир сўнгакка сордек қаноат қилғон,
Афзалдир нокасга бўлгандан меҳмон.
Нокаснинг шиннилик нонидан яхши
Ўзинг топиб еган бурда арпа нон.

***

Мисоли бир олтин кўза бу днё
Суви гоҳо ширин, аччиқдир гоҳо,
Шунча умрим бор деб керилма асло.
Эгарлоқдир ажал оти доимо.

***

Мени ҳалок этмиш ғаму ҳижронинг,
Этагингни тутдим кетган замонинг.
Кетдинг-у ғамингдан минг кўнгил ўлди,
Қайтдинг, яна минг жон бўлди қурбонинг.

***

Токай пастлар хизматин этасан бажо,
Ҳар емишга пашшадек қилма жон фидо,
Бир нонни икки кун е, тортма миннат,
Ўзга нондан ўз дил қонинг кўп авло.

***

Ғайратинг сарф этсанг киймоқ, ичмоққа,
Арзийди бу ишни маъзур тутмоққа.
Ҳушёр бўл, қолганин бари арзимас
Умрингни сарф этиб, ўтиб кетмоққа.

***

Бир қўлда Қуръону биттасида жом,
Баъзида ҳалолмиз, баъзида ҳаром,
Феруза гумбазли осмон остида
На чин мусулмонмиз, на кофир тамом.

ziyouz

- - -


< Orqaga qaytish