Шеърият


Marta o'qildi

"Бир юлдузман, ой ёнида юрмаган"..шеърлар. Гуландом Тоғаева

 


Гуландом Тоғаева 1972 йилнинг 1 январида Сурхондарё вилояти, Денов (ҳозирги Олтинсой) туманидаги Катта Вахшивор қишлоғида таваллуд топган. 1989-94 йилларда Ўзбекистон Миллий университети журналистика факултетида таҳсил олган. Кейинги йилларда “Чақмоқ хўрсиниқлари”(1995), “Муҳаббат асри”(2004) каби шеърий китобларим чоп этилган. 1999 йили “Шуҳрат” медалига сазовор бўлган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.2007 йили “Ўзбек матбуотида тасаввуф таълимотининг ёритилиши: муаммолари, тамойиллари ва шакллари” мавзуида номзодлик ишини ҳимоя қилган. Ҳозирда Ўзбекистон телерадиокомпаниясида фаолият юритмоқда.

022

ДИЛНОМА

Ойларга тароқ солмиш ўркач-ўркач тоғлари,
Кўзларимга нур эмиш шу юртнинг ардоғлари,
Осмонларнинг парчасин юракларга сочган юрт,
Субҳларнинг дарчасин жаранглатиб очган юрт!

Сен десам қаламимдан тўкилади ёғдулар,
Нозанин майсаларинг кипригинда орзулар,
Тингла, она тупроқни, унда йиллар авжи бор,
Саҳроларинг тубинда дарёларнинг мавжи бор.

Биёбонда адашган фазодан йўл топармиш,
Дилсизлар юртин севса ўтлиғ кўнгил топармиш,
Ёрсиз яшаш мумкину ғариб не йўл топармиш,
Осмонларнинг парчасин юракларга сочган юрт,
Субҳларнинг дарчасин жаранглатиб очган юрт.

Руҳим юлдуз истайди, дил қоракўз истайди,
Юртим таърифингдаман, шеърим бахтсўз истайди…

БАҲОРДИРМАН, ЙЎЛИН КУЗГА БЕРМАГАН …
Туркум

* * *

Шиддат-ла куртаклар бир ўрик,
Мисли ўқ-яралар кўксингни.
Ахир кечагина йўқотдинг,
Баҳорга муносиб дўстингни.

Куртаклар санчилар оловдек,
Ғурурни қамчилар хотира.
Ниш урган ҳар ширин нигоҳдан
Ювилар ҳар қанча кудурат.

Оч тусли, қизғишу, ним сарғиш,-
Ҳидлайман ҳикматлар гулшанин.
Жасорат қилмоққа чўзилган
Қутлайман шу митти қўлчани,-
Ғунчани!…

* * *

Ўриклар ҳам гул очмоқда, вафосизим,
Ул дарахтга суяниб эс-ҳушим қолган.
Сен севган гул ис сочмоқда, вафосизим,
Райҳонларнинг ҳидларида ишим қолган.

Умид гулим қирқди қайси гул қайчиси,
Қайси бағри бутун унинг дил куйчиси,
Сўзим тинглаб ханда қилар атиргуллар,
Бу шеър сени севганларнинг суюнчиси.

Қуёш сенга толим-толим нурин сочар,
Ул нурга тик қарамоққа борми ҳаққим?!
Мен ҳам ундан бир уқия,зарра бўлсам,
Қўнар эдим сочларингга келиб балким.

Менинг умрим ўтар гарчи ёдлар билан,
Оби новвот ейсан сен-чи, ётлар билан,
Ишинг йўқдир тақдирлари мотлар билан,
Сен ўтган ул кўчаларда ишим қолган,
Райҳонларнинг ҳидларида ҳушим қолган….

ИШҚ ҲАНДАСАСИ

Мен кимнинг Ушалган сўзи эканман,
Ким таниши учун тақилган халқа.
Булбул панжасининг излари қолган
Бу девордан ортиб Не дегум Халққа?!

Менинг аламимни тушунмайсизлар,
Мени йиғлатган ул ишқ ҳандасаси.
Башар йўқ: Сиз қуроқ-туш,ун, майсизлар,
Илмим узатади кўшк-анда саси.

Мен кимнинг Ушалган сўзи эканман,
Қонимда олмалар қонаб гулласа.
Мен музга бағрини берган ватанман,
Тишларим ўрнида чиқар ҳандаса…

Мен кимнинг Ушалган сўзи эканман,
Ўн саккиз ёшимдан сўроғим шулдир.
-Асалари, боғда гул ё тиканман,
Менга қўнган пайтинг мени ҳам ўлдир….

** **

Бир юлдузман, ой ёнида юрмаган,
Ошиқдирман, кўнгил иши унмаган,
Асли гулу бойчечагин кўрмаган,
Баҳордирман, йўлин кузга бермаган.

Тушларимдай узун экан бу йўллар,
Бу йўлларни чигал қилган шу, диллар,
Муҳаббат деб шовуллаган, тинмаган,
Дарахтдирман, синганига кўнмаган.

Ўйланг, майли мени: “Кибри ҳаволи!”,
Мен ишқ аҳлин сири, асрий саволи.
Шаҳар бериб Ҳофиз ёрга етмаган,-
Қўшиқдирман, соз синса ҳам сўнмаган.

Умид қушим отди “дўсти ҳабиблар”,
Унга малҳам тополмади табиблар,
Шу малҳамнинг армонида йиғлаган,
Бир шоирман, шеърларига сиғмаган.

Бугун далли, дарё бўлди ҳикматим,
Балки бу шеър менинг сўнги суҳбатим,
Дунё ўзи бир ажиб тор томошагоҳ экан,
Унда кўринар баъзан гуллар мисоли тикан,-
-Муҳаббат деб шовуллаган, тинмаган,
Дарахтдирман синганига кўнмаган!…

ОНА ҲАҚИДА СЎЗ

Мен онамни алиштирдим шаҳарларга,
Қўлларига сув қуймадим саҳарларда.
Шоир бўлгин қизим,дея жўнатувди,
Лек шеърларим қолиб кетди дафтарларда.

Мен онамни алиштирдим шаҳарларга,
Умрим бердим вафоси йўқ гўзалларга.
У-чи борлиқ, ёшлигини менга берди,
Энди бир тиш тополмайди гавҳарларга.

Мен онамни алиштирдим шаҳарларга,
Бир бойчечак келтирмадим баҳорларда.
Мен қиз бўлиб кўйлагини бир ювмадим,
Лек қолдирдим уни ҳижрон-заҳарларда.

Мен онамни алиштирдим шаҳарларга,
Бир куюк нон изин қувдим наҳорларда.
Бир кўрайин дея мени йўқлаганда
Дедим:” Вақт йўқ, кутинг бошқа сафарларда!”

Бугун уни тўшакларда кўриб қонман,
Мен қиз эмас, ўзин чаққан бир илонман,
Оёқларим шамолига зор бўлганда
Шуҳрат кетин қувиб юрган бир ёмонман.

Бу савлатлар кимга керак, бу давлатлар,
Ул ҳашамнинг бордир бир кун ҳасратлари.
Дўстлар, бу ер қандай кўтаради,
Онасини зор қилганда фарзандлари.

Фарзанд ҳиди жаннатларга қоришиқдир,
Она ҳиди билан йўллар ёришиқдир.
Онажоним, мен асли бир ношуд бола,
Сенинг меҳринг ҳеч тугамас бир қўшиқдир!

Ул қўшиқни алиштирдим шаҳарларга,
Дуо қилгин, она, мени саҳарларда.
Оёғингга оёқ бўлай, қўлингга қўл,
Ахир сени тополмасман гавҳарларга!

* * *

Бир шоҳликнинг гадолиги бор,
Гадоликда бор бир кун фусун.
Этмоқчиман кўнглимни изҳор,
Мен муҳтожман кимгадир бугун.

Бир туш кўрдим ғамли, ҳадикли,
“Ёшлик, кетма!” дея уйғондим.
Тоғдай оғир, чўнг бир севгининг
Чарос кўзларига ишондим.

Мен муҳтожман кимгадир бугун,
Кўз ёшимни аритмас олам.
Тополмадим дунё айланиб
Севилмаган биргина одам.

Булоқ суви каби туйғулар,
Ғамгин бағрим айлади шинам.
Атрофимда яшноқ чеҳралар,
Бу бедардлар ичра йўқ ошном.

Мен муҳтожман кимгадир бугун,
Май берурлар, асло сунмайман.
Кўнглим кўкда бир ойга мафтун,
Ердаги ойларга кўнмайман.

Мен муҳтожман кимгадир бугун,
Севилмаган юрагим оғир.
Тақдир хатин кўтаролмасдан
Елкаларим дол бўлиб оғрир.

Эй миллион одамлар ичра
Кўнгли асло топилмас одам.
Ул нафосат қайғуси эрур,-
Нафосатга ўчсан бунча ҳам.

Сўзларимни совуқ нигоҳ-ла
Ўқиётган эй дунё-шотир,
Сенга борар йўллар бунча кўп,
Бунча узоқ ва ҳамда чағир…

Сендаги у потирлаб турган
Ўсимлигу ҳайвонлар нафси.
Мен кўлмакда юлдуз кўраман,
Этсам дейман шукримни тавсиф.

Мен муҳтожман кимгадир бугун,
Бу муҳтожлик ичра йўқ шараф.
Агар ғафлат айласа мафтун,
Дийдорингга этма мушарраф.

Афсусда ҳам армонларда ҳам,
Умрбоқий экан ишқ дарди.
Мени шунча яшатди балким
Бой берилган фироқнинг дарди,-
Мен муҳтожман сенга жуда ҳам…

СЕВГАНЛАР ЙИҒЛАСИН

Энди у йиғласин, мен йиғлаб бўлдим…
Миртемир

Қачонким, мен анинг чашмини кўрдим,
Кўзимнинг ёшини қўриғлаб бўлдим,
Чеҳрангнинг гарди деб Каъбага бордим,
Севганлар йиғласин, мен йиғлаб бўлдим!

Қалбим ўз рангига ранг топиб бўлди,
Гулни фироқ ниши оҳ, ўпиб бўлди,
Чеҳрам ойнасини дард ёпиб бўлди,
Севганлар йиғласин, мен йиғлаб бўлдим!

Сендан эшитганим зор бўлмаса бас,
Гулнинг бўйинбоғи тор бўлмаса бас,
Лабим қонатган хор хор бўлмаса бас
Севганлар йиғласин, мен йиғлаб бўлдим!

Худо менга ойдай кўнгилни берди,
Энди беркитмоққа этак ҳам берсин!
Худо менга Мунгдай сингилни берди,-
Пойига сочмоққа чечак ҳам берсин!

Музтарин ҳолимга кулганлар эмас,
Настарин исидан ўлганлар эмас,
Менинг куйларимга куйганлар эмас,
Севганлар йиғласин, мен йиғлаб бўлдим!

 

ДАРД

…Йўқ, у дард,
Шундай бир дардким,
Кўзимга кафт,
Лабга болам исмидек — таниш.
(Марина Цветаевадан Хуршид Даврон таржимаси)

Бир шоҳликнинг гадолиги бор,
Гадоликда бор бир кун фусун.
Этмоқчиман кўнглимни изҳор,
Мен муҳтожман кимгадир бугун.

Бир туш кўрдим ғамли, ҳадикли,
“Ёшлик, кетма!” дея уйғондим.
Тоғдай оғир, чўнг бир севгининг
Чарос кўзларига ишондим.

Мен муҳтожман кимгадир бугун,
Кўз ёшимни аритмас олам.
Тополмадим дунё айланиб
Севилмаган биргина одам.

Булоқ суви каби туйғулар,
Ғамгин бағрим айлади шинам.
Атрофимда яшноқ чеҳралар,
Бу бедардлар ичра йўқ ошном.

Мен муҳтожман кимгадир бугун,
Май берурлар, асло сунмайман.
Кўнглим кўкда бир ойга мафтун,
Ердаги ойларга кўнмайман.

Мен муҳтожман кимгадир бугун,
Севилмаган юрагим оғир.
Тақдир хатин кўтаролмасдан
Елкаларим дол бўлиб оғрир.

Эй миллион одамлар ичра
Кўнгли асло топилмас одам.
Ул нафосат қайғуси эрур,-
Нафосатга ўчсан бунча ҳам.

Сўзларимни совуқ нигоҳ-ла
Ўқиётган эй дунё-шотир,
Сенга борар йўллар бунча кўп,
Бунча узоқ ва ҳамда чағир…

Сендаги у потирлаб турган
Ўсимлигу ҳайвонлар нафси.
Мен кўлмакда юлдуз кўраман,
Этсам дейман шукримни тавсиф.

Мен муҳтожман кимгадир бугун,
Бу муҳтожлик ичра йўқ шараф.
Агар ғафлат айласа мафтун,
Дийдорингга этма мушарраф.

Афсусда ҳам армонларда ҳам,
Умрбоқий экан ишқ дарди.
Мени шунча яшатди балким
Бой берилган фироқнинг дарди,-

Мен муҳтожман сенга жуда ҳам…

ТАСКИН

Ҳар бир учрашувда бир айрилиқ бор,
Ҳар ғам –заруратдир, шодлик –зарурат.
Бир шоир юз йилда келар дунёга,
Буни билмаслигинг сен учун ҳасрат.

Ҳар бир учрашувда бир айрилиқ бор,
Насибам тугаса кетгайман мен ҳам.
Кўклардан излама ўшанда зинҳор,
Умид шул сўрасанг топгайсан Элдан.

Уммонлар қуриса, сингиса ерга,
Бир куни чиқади отилиб албат.
Сен қолган умримни яшарсан балки,
Азиз замондошим, эй моҳиталъат!

Унутма, бир гапнинг келди асноси,
Фақатгина олтин пулга тақалур.
Сендаги Уммиднинг йўқдир баҳоси,
Қалам-синса ҳамки Қалам аталур!

Ҳар бир учрашувда бир айрилиқ бор,
Демак, дод сўнгида бор ним табассум.
Қирғоғин тарк этса даёр ҳам такрор
Кун келиб тошларда қилар тажассум.

Айрилиқ нимадир-битта бутунни
Руҳин бўлаклаши-бераҳм жоду.
Айрилиқ нимадир-Лайли-Мажнуннинг
Асрлар чангида қолган ижоди.

Бир лаҳза бўлса ҳам бахтнинг ҳидини
Туйган чечакларга боққин жимгина.
Висол боғин бир кун тарк этар баҳор,-
Булбул кўзида ҳам бир мунг, бир гина…-

Ахир ҳар вуслатда бир айрилиқ бор…

ЧЎЛПОН
(салафларга эргашиб)

Шоир бўлиб бўлмас асло дунёда,
Хиёнат қилмаса агар дўстларинг.
Тобут кўтармасанг пою пиёда,
Ташлаб кетганида яқин-ўзларинг.

Ҳасад қилмасалар ёзган шеърингга,
Газетни тўлдириб қилмаса ғийбат,
Душмани кам одам кичик одамдир,
О, шунда ҳолингдан қиламан ҳасрат.

Ботқоққа тушса ҳам қуёшнинг нури,
У қуёшлигича қолаверади.
Шоирнинг қисмати Ёритмоқ фақат
Ҳар ким ўзича нур олаверади.

Шоир бўлиб бўлмас асло дунёда,
Қон ҳидин туймасанг сут билан қўшиб.
Юксакдан яхшироқ кўринар экан
Бир-бирига ўхшаб-тобут ва бешик.

Чалмай тур сурингни бир пас, Исрофил,
Улгурай, элимга чин фарзанд бўлай.
Чўққини кўрмасдан кетмасин ғофил,
Ҳасадгўй дўстларим бунда чақирай.

Сирот кўпригига ўхшар шеърият,
Унда сўзлаб бўлмас ёлғондан сира.
Мана, тахайюлнинг шаробига боқ,-
Кел, уни ичайлик қолиб бокира.

Ғунча астаридан настарин бир бўй,
Оёқяланг чопган ўтлоқдан бир куй,
Ва-Виждон: Ватанин севган ҳар шоир
Қолдирмоғи керак ўзидан кейин.

Ҳар сўзинг ибодат бўлмаса агар,
Ҳар кунинг элингга бир эм бўлмаса.
Тимсолда, мисолда, ҳар бир ташбеҳда,
Айтган ҳар сўзингга сен тенг бўлмасанг,
Шоир бўлиб бўлмас асло дунёда…

СЕНИНГ АЛЬБОМИНГГА
Туркум

I

Сени умид билан яхши кўраман,
Сени деб тўкилган кўз-ёш ҳам ширин.
Шу боис кўчангда маъюс тураман,
Сен гўзал сиримсан очиқ-яширин.

Шу етти рақамни тераман тинмай,
Мен бахтсиз ҳеч сенга эмасман лойиқ.
Ҳатто бир “алло”га арзимайману,
Фақат сенинг ҳақда орзум чиройлик.

Қишларга бермаган баҳоримсан сен,
Кўчангда тош бўлай, босмасдан ўтма.
Умримнинг энг ширин саҳарисан сен,
Илтимос, юрагим тўридан кетма!

II

Ошиқлик заҳматини
Тоғлар кўтаролмаслар.
У Мажнунга муносиб,
Соғлар кўтаролмаслар.

Мен ҳам бечора ошиқ
Кўзларимда ёш бугун.
Тилимда сўнмас қўшиқ,-
Борми қалбингда ўрним?!

III

Не-не ошиқ саркашларинг
Беролмаслар баҳойингни.
Шеър-ғазалда этиб таъриф
тугатолмас чиройингни.

Битта холинг ҳақда ёзсам
етмас менинг умримда кун.
Шу хол ҳаққи бир бор келиб
айла юрагимни бутун.

IV

Сочдан товонигача
Қора қошдан кўз қадар
Севаман маҳшаргача
Дунё кезиб дарбадар.
Ҳар боқиши бир Лайли,
Ҳар нигоҳи бир Ширин.
Сочининг савдосинда
Минг Қайс оҳи яширин.

V

Севаман. Шу сўзда жам бўлди дунё,
Шу сўз етишмаса кам бўлди дунё.
Ширин табассуминг офтобдай иссиқ ,
Бу офтоб олдида шам бўлди дунё!

VI

Орзуйим-бошим қўйсам ул гўзал домонида,
Не алам, ёндим доим мен анинг ҳижронида.
Қолса ҳам кўнгил аҳли абадий армонида
Эй юрак, бўлгил фақат шу дўстнинг фармонида.

VII

Мен муҳаббат шамъидин масту беморман,
Дўст кўзларининг шавқига зорман.
Ишқ соҳиблари шарҳу масал этдилар-
Эй дўст, токай мен сизга озорман !…

VIII

Ҳеч қалбни сенчалик истамаганман,
Ҳеч кимга сенчалик очмаганман дил.
Ишқ дардин мардларга чиқарган экан,
Соғинчдан юрагим кул бўлди буткул.

Ол, кузнинг серҳашам неъматларини,
Қишнинг пок қорлари, нози ҳам сенга.
Офтобни интизор-мнтизор кутган
Қор гулидек қўнсам иссиқ эгнингга.

Самарқандними ё Урганч берайин,
Юлдуз тўла сават, ол ганж берайин.
Сенга ошиқ шоҳу пиёдалари
Дунёи ажибдек шатранж берайин.

Фақат айт, кўксингни эзган сир нима,
Дилинг тилмоқдасан ким учун шеърда.
Ҳеч кимса севолмас сени менчалик,
Айт, бундай ишқ йўқдир энди ҳеч ерда.

Сўзласанг, сўзингдай асал топилмас,
Кўнглингдай сирга кон масал топилмас.
Ишқингда беморлар сафини кўргин,
Соғинчдан мен каби касал топилмас.

IX

Шу ғанимат дунёда,
Нечун ғам, бунча кўз-ёш?
Нечун минг-минг изтироб
Бунча эгилган бу бош?

Беш миллиард одам ичра
Менга бир дийдор даво.
Гўё минглаб дардларга
Биттагинадир шифо.

Дўстлар бир қош камоннинг
Ёйи бўлмай ғамгинман.
Васлига лойиқ бўлмай,
Ҳижронига маҳкумман.

Дўстман, тан олинмаган,
Ошиқман, киши билмас.
Бир кун васли бўлмаса
Ошиқ дунёга келмас.

Шу ғанимат дунёда
Тугаяпман бир шамдай.
Дунём мунаввар айлаб
Келгил сўлим оқшомдай…

X

Ҳар кимнинг кимдадир насибаси бор,
Биров биров учун кафтда кулган бахт.
Ким бирга туриб ҳам висолига зор,
Кимдир қай кимсага ҳижрондир фақат…

XI

Қўл узатсам етмас юлдузсан,
Зулмат ичра шамга урилдим.
Ишқ атридан топдиму ўлим,
Исминг айтиб қайта тирилдим.

Мавжларингда қолайин майли,
Анбар балиқ қошига чўкиб.
Ўшанда ҳам кетгайман охир
Камалакдан бир дарахт экиб…

XII

Тонгдан оқшомгача хаёлимдасан,
Топган ҳар жавобу саволимдасан,
Бир гулман пойингда очиладиган,
Масалман,қўлингда ечиладиган.

Шу рухсор ўтидан лол бўлиб қолдим,
Ҳар тола сочингга қул бўлиб қолдим.
Севиб Қайс Мажнунга айланган экан,
Мен ҳам ишқ ўтида шул бўлиб қолдим!…

XIII

Умидим, умримга ярашган,
Умидим, кунларим мазмуни.
Кўзлари бахти ила сўрашган,
Энг ширин дамларим афсуни.

Умидим, умримга ярашган,
Орзуйим, яширин армоним.
Бўйлари офтоб-ла бўйлашган,
Кулгуси дардимга дармоним.

Умидим, кўзлари суюнчлим,
Кўрсат, киприкларинг кўрайин.
Кўзим устида бўл ҳар доим,
Кел, киприк ўрнида кўрайин,
Эй дўстим,умримнинг чиройи…

XIV

Севги ширин агар ошиқ ёр васлига етар бўлса,
Маҳбубинг ҳам ишқ шаробин қўлларингга тутар бўлса.
Манзил яқин йўллар бирдир, умр юки оғринтирмас,
Севикли дўст ёнгинангда елкасини тутар бўлса!

XV

Кўпдан кутдим кузатсам зора,
Лабларингнинг ҳаракатини.
Тангрим сенга лутф этиб берган
Сукут сўзлар баракотини.

Фироқ ичра кўпдан интиқман
Дилда ёнар исмсиз бир ўт.
Кўнгил фақат сенга интизор,
Юрак айтар сен учун дуруд.

Муҳаббатнинг минг бир куйи бор,
Бор қайғумни ичга яширдим.
Ҳар зарраму ҳужайрамгача
Борлиғимни куйга топширдим…

XVI

Дардландим, табибга борайин дедим,
Бир гўзал юзига эди дил хумор.
Бир доно ҳолимга куйди-ю кулди:-
“Эй нодон,табибинг ўзи ҳам бемор”…

XVII

Қўл етмасим, юлдузим,
Мен умримни муносиб
Кўрсам ҳамки ёримас
Кечам ҳамда кундузим.

Кўзларингдек кўз қайда,
сўзларингдек сўз қайда,
Келгил шароб ичамиз,
Ишқдек катта саройда.

XVIII

Бир гўзалнинг юзига минг эҳтиёжим бор,
Ишқ устурлобида рашкдан ривожим бор.
На билсин ғофилу бедил соғинчдан нолалар қилсам,
Сочининг атрига нолон сенингдек бир меърожим бор. …

XIX
Очилиб-сочилиб юргин боғларда,
Ишқинг юрагимда ғолиб чоғларда,
Бунча чиройлисан, ширин, ўктамсан,
Яйраб юрай десам менга сен камсан…

Хўжайли. Нозлимхон сулув мақбарасида (XII аср)

Кимнинг муҳаббати ким учун мактаб,
Кимнинг ишқ тақдири кимгадир китоб.
Бу тилсиз деворлар,ажиб нақшлар
Ошиқлар оҳидан айлайди хитоб…

Xurshid Davron kutubxonasi

- - -


< Orqaga qaytish