Ҳикоя


Marta o'qildi

""Як 40". ҳикоя. Исажон Султон

Болалик маҳаллари эди… Иброҳимнинг отаси узоқ сафарга кетди. Бир ҳафталардан кейин қайтиб, олиб келган майда-чуйдаларини болаларига тарқатиб бўлгач, дастурхон устида сафар таассуротларини гапириб ўтириб:
– “Як” деган янги самолёт чиқибди, ўшанда учдик, – деди.
– Қанақа эмиш? – қизиқиб сўради Иброҳим.
– Жуда тез экан!
Ота бечора яна нимаям десин? Умрида биринчи марта учган бўлса? Ҳаво кемасининг хусусиятларини қай тарз тушунтириб бера олсин? Боласиям, ўзиям “Т-28” тракторидан бошқасини билмаса?
“Т-28” чопиқда, дори солишда, ер ҳайдашда, ғўзапоя ташишда ишлатилади. Лекин, зўр эмас. Сабаби, олтинчи ё еттинчи тезликда сакраб кетади. Тракторнинг зўри “МТЗ-80”. Ундан ҳам зўри – юрганида ҳуштак чаладиган баҳайбат “К-700”.
Ўтган жойини пайҳон қилиб кетадиган, йўлтанламас занжирлиси ҳам бор, уни “ДТ-75” дейдилар. Бундан ташқари, зовурлардан сув тортадиган, саларка билан ишлайдиган улкан насос­лар, кўрак чувиш машиналари, пахтани чаноқдан ажратадиган “ворох”лару ғўзапоя қирқадиган “карчўпка”ларни халқ беш қўлдай билади.
Аммо учоқ…
Иброҳим мактабга бориб “Отам зўр самолётда учибди” деб мақтанди. “Як” деганини болалар билишмас экан, ишонишмади. Физика ўқитувчисининг хабари бор эканми, ишқилиб:
– Ҳа-а, реактив моторли бўлади. Ростдан ҳам жуда тез учади, – деб қўйди.
Иброҳимнинг ўша маҳаллардаги дарс дафтарларига қарасангиз, “Як”нинг турли-туман расмларини кўрасиз. Ғилдиракларигача, тумшуғидан чиқиб турган радиосўзлашув антеннасигача, кабинадаги икки учувчи билан бир қаторда, иллюминаторлардан қараб турган йўловчиларигача чизган. Табиийки, ҳаво кемасини бошқараётган учувчилардан бирининг гавдаси бошқалардан кўра каттароқ, юз-кўзи ҳам аниқроқ, чунки у – Иброҳимнинг ўзи!
Аслида, болалар “Як”дан каттароқ, олисларга учадиган бошқача учоқлар борлигини билишарди. Оқ-қора тасвирли телевизорларда гоҳ-гоҳ кўриниб қоларди-да. Бироқ улар катта шаҳарлардагина бўлармиш, бу атрофда унақа улкан самолёт қўна оладиган аэродром йўқмиш. “Як-40” эса ихчам, кичкина, шу ёқларга келиб қолишиям ҳеч гапмас. Хуллас, етиб бориш қийин саналган чет манзилларнинг одамларига хизмат кўрсатиш учун атай ясалганмиш.
Ўша кезлар ҳар куни парракли бир самолёт тонгда кунчиқарга, туш маҳали эса кунботарга қараб ғўнғиллаб учиб ўтарди. Кейинроқ ўтмай қўйди, ўрнига жуда юксак­ларда кумушранг нуқтадай бўлиб кўринадиган бошқаси пайдо бўлди.
Болалар отаси билан ер чопишар эди. Ота кўкка қараб, пешанасининг терини артиб:
– Ана, ўғлим, “Як”! – деди.
Иброҳимнинг қувончи ичига сиғмасди. Ҳаяжонланиб, кўзлари тўла ҳайрат билан самога термилиб қолди. Эҳ-ҳе! Шу экан-да, афсонавий “Як-40”. Ялтирашини қаранглар! Баланд учишини қаранглар!
– Аввалгиси парракли, имиллаб учар эди, – деди ота. – Буни кўрдингми, зумда ўтиб кетди.
Шу-шу, тонг саҳарда кунчиқарга, тушлик маҳали кунботарга ўтадиган у самолёт Иброҳимнинг самовий ҳамроҳига айланиб қолди.
Юксакларда ўз йўналишида парвоз қилаётган кумушранг учоқ, пастда, ер бетида эса унинг ҳар кунги ўтишига кўз тикадиган кўзлари чақноқ бўз болакай…
Болалик осмонида биргина у эмас, бошқа тур учоқлар ҳам бор эди. Изидан оппоқ тутун қолдириб само бағрида жуда секин учадигани бўларди, овози келақолмасди. Табиийки, унгаям қизиқишган, “Об-ҳаво учоғи” деган жавоб олишган. Аммо об-ҳавони нега самолёт билан ўлчаш кераклиги онг­ларга етиб келмаган. Шунингдек, мотоциклдай тариллаб, терак баландлигида уча-уча далаларга дори сепадиган яна бири бўлиб, қаноти фанердан, дейишарди. Кабинасидаги учувчиси тракторчилар шлёмини кийиб ўтирарди. Кўз кўравериб ўрганиб кетган жайдари, меҳнаткаш учоқ-да. Дала четларига ҳам бемалол қўнавергани учун ниначига ўхшайди. Ичига тўлдириб дори солингач, ҳавога кўтарилади-да, далалару экинзорлар устига пуркаб ўтади.
У қайдаю “Як” қайда!
Шу, холос. Афсонавий, тезучар “Як-40”, бу ҳудудларга кела олмайдиган баҳайбат лайнерлар, юксакларда нуқтадай бўлиб учадиган об-ҳаво самолёти, теракбўйи баландликдан дори пуркайдиган ниначи-учоқ. Мана шулар Иброҳимнинг болалигининг ҳаво кемалари эди.
Эҳ-ҳе, қанақа қизиқарди-ю? Куз совуқларида астаридан пахта иси келиб турган кўрпа остига кириб кетиб, салдан кейин навниҳол баданга иссиқ ўта бошлаганида, хаёлан ақлу тасаввур етмайдиган олис ажойибот ўлкаларига парвоз қилаётган ўша учоқ бағрида, ораста салонда, кўкиш бежирим қалпоғини бошига қия кийиб олган хушмуомала стюардессалар қошида пайдо бўлиб қоларди. Пастга қараганида ўз қишлоғи узра учаётган бўлар, кейин манзара алмашиб, афсонавий шаҳарлару олам мўъжизалари узра ела-­ела, ғаройиб тасаввурлар оғушида ухлаб қоларди.

* * *
Мактабни битиргач ҳам унинг учоқларга бўлган қизиқиши сўнмади. Лекин, афсус, ўқиёлмади. Ота тез-тез касал бўлар, тезроқ рўзғорнинг бир четига кириши, бутун умрини бола-чақасига харжлаб юборган шу фидойи зотга суянчиқ бўлиши керак эди.
Ота уни новвойга шогирдликка берди. Ҳар куни тонг қоронғисида новвойхонага йўл олади. Қишлоқ уйғонмаган, битта-иккита уйдагина сариқ чироқ милтирайди, бу – ўша хонадонда қария борлигини, эрта саҳарлаб таҳоратга турганини билдиради. Теварак ёришмасидан новвойхонага етиб боради, иккита катта тандирга ўт қалайди. Кеча кечқурун уста тайёрлаб кетган хамир кўпчиган бўлади. Кейин бошқалар етиб келишади. Сами новвой тез-тез зувала ясайди, Карим новвой эса нон ёпади. Ҳар куни шу аҳвол.
Новвойхона иши тўйлар маҳали қизийди. Бошқа пайтлари одамлар ўз ҳовлиларида қурилган тандирларда нон ёпишади. Шу сабабли, тўй бўлмаган кезларда кичик тандиргагина ўт қаланади. Тўйда эса ҳар иккаласида ҳам кетма-кет патирлар пишаверади.
Ишдан қайтаётганида уйига иккита ё тўртта нон олиб келади. Кундалик ризқ-да. Карим нов­вой диёнатли киши, ойликдан ташқари, ортган нонлардан бериб юборади. Ота хурсанд. “Ейдиган нонинг ҳар куни келиб турадиган бунақа ишни қайдан топардинг, худога минг шукр”, деб қўяди.
Тонг қоронғисида новвойхонага йўл олар экан, жуда юксакда чироғини милтиратиб “Як” учиб ўтади. У олис манзилларга йўловчи ва почта олиб кетаётган бўлади.
Нигоҳи тунги самода, шуд­рингдан намланган кўчада қоқилиб-суқилиб одимлайдию хаёли яна ҳаво кемасининг ичига кўчади. Ўша-ўша кенг, ёруғ салон. Ораста кийинган, юз-кўзларида бахтиёрлик нишоналари сезилиб турган одамлар. Улар, албатта, юксакларда парвоз қилишаётгани учун ўзларини бахтиёр сезадилар.
Ҳаёт шундай давом этарди. Вақти-соати етиб, ота ҳам жонини Ҳаққа топширди. Елкага рўзғор юки тамомила тушди.
Ота ўтганидан уч-тўрт йил кейин, бир куни тонг саҳар яна новвойхонага кетаётса… учоқ ўтмади!
Хавотири ошиб шу аланглайди – йўқ-да! Юлдузлар жимирлаб турибди, ой оҳиста ботяпти, уфқнинг бир томони элас-элас бўзармоқда… Йўқ, ҳеч қаерда йўқ!
Нима бўлди? Нега учмай қўйди?
Бузилиб қолдимикан? Темир-ку, бузилмасинми? Қудратли моторлар шамол пайдо қилади, учоқ ўша шамол қанотида учади. Моторининг у ер-бу ерига бир нима бўлдимикан? Балки ёқилғи келадиган қувурчалари бекилиб қолгандир? Ё учувчиси касалдир?


Ҳа-а… Бироқ хавотир ортганини қаранг. Кумушранг митти учоқ ҳозир ўз қўнимгоҳидамикан? Ё йўл-пўлда ҳалокатга учрадими?
Худо асрасин! Шунча йилдан бери бир текис учиб турган бўлса…
“Шунча йилдан бери” дейди-ю юраги ҳаприқади. Қишлоқда бир-иккита машина, мотоцикл бор. Ўшаларни шунча йил бир текис ҳайдаб юрган одамлар ҳам гоҳида бошқаролмасдан дарахт-парахтга урилиб ёки зовурларга тушиб кетишади-ку?
– Роса тез экан, қурғур. Калитини бураб, юрғизганимни биламан, шартта опқочиб кетди! – дейишади ўзларини оқлаб.
– Ҳа, нима қилсаям темир-да. Темирларнинг пири ҳазрати Довуд пайғамбар бўладилар. Шу сабаб, мошинага минганингизда “Ё Довуд пирим” денг! – насиҳат қилишади бошқалар.
Ишқилиб, туппа-тузук юриб турган уловлар ҳалокатга учраганида, учоқ учрамасинми?
Ўша куни тушлик маҳали ҳам кўринмади. Бир нимасини йўқотгандай ташвишланиб ташқарига чиқиб, ўзича самога назар ташлайди. Осмон кўм-кўк, мусаффо. Милтиллаб учадиган ўша учоқ барибирам йўқ!
Эҳ… Тунда чироғини ёқиб олгани учун учар юлдуздай кўринарди. Кундузи қайтаётганида эса қанотларида қуёш нури аксланиб, кумушрангда товланарди.
– Билмайсизларми, нимага учмай қўйди экан-а?
Ён-веридагилар елка қисишади. Қайдан ҳам билишсин? Бунақа нарсаларни биладиган ҳеч ким йўқ-ку теваракда. Одамлар бозорда нарх-наво қимматлаганини билишади, бу йил ҳосил қанақа бўлишини чамалашади, шугина холос.

* * *
Бир маҳаллар нариги қишлоқ адоғидаги шийпон ёнига қўлбола аэродром қурилган, дори сепадиган “Ан-2”лар ўша ердан парвоз қилади, деб эшитган эди. Иброҳим атай сўроқлаб борди. Дала шийпонида қоровулдан бош­қа ҳеч ким йўқ экан.
– Э, у аллақачон учмай қўйган, – деди қоровул. – Аэродроми Ёйил­ма деган тарафда, даштда дейишади. Нимага учмай қўйганини билмайман. Учувчиси Қодиржон деган яхши, одобли йигит эди. Лекин бу теваракнинг боласи эмас.
Чол “Ан-2”га дори-пори ташиб юрган маҳаллари учувчи йигитдан анча-мунча нарсаларни билиб олган экан, ўшаларни гапириб берди:
– Назарга илмаймиз-у, аслида урушдан аввал чиққан экан. Урушнинг биринчи йилларида анча-мунча жангларга ўша самол­ётда боришганмиш. Ким билсин, тумшуғида битта парраги бор тариллоқ учоқ-да. Лекин қаноти сираям фанердан эмас, атай ўзим ушлаб кўрганман.
– Исмингиз пайғамбар исми экан, – деди кейин кулимсираб. – Сиз ҳам учишга қизиқар экансиз-да?
Ҳафсаласи пир бўлиб қайтиб келди.
Йўқ, у учоқлар бошқа учмади. Ёш ҳам қирққа қараб кетди.

* * *
Бир куни Иброҳим қудратли бир товушдан уйғонди. Шошиб ташқарига чиқди.
Ҳавода улкан гулдурос таралмоқда, ҳайбатли бир нима гумбурлаб учмоқда эди.
Унақасини сира кўрмаган. Олдида “Як” мушукболадай бўлиб қолади. Қанотлари кенг, узун, кўркам, учта прожектори баравар ёниб турибди. Тезлигини айтмайсизми? Ғувиллаб ўтди-кетди.
Атай пастлаб учаётгани аниқ, чунки у қудрат, у ҳайбат билан бирпасда осмону фалакка чиқиб кетиши ҳеч гапмас.
Новвойхонага борса, ёшлардан иккитаси нон олгани келибди.
– Тўй қиляпмиз, – деди бири, ораси очиқ курак тишларини кўрсатиб илжайиб. – Икки мингта нон керак.
– Кимнинг боласисиз?
– Фалончининг.
– Қайда ўқийсиз?
– Техника университетида, авиация бўлимида.
– Ия, самолётларни тушунар экансиз-да? – деди бир нима топиб олгандай қувониб.
– Ҳа, унча-мунча тушунаман.
– Унда, мана бу ерга ўтиринг, – деди.
Эринмасдан чой дамлаб келди, пиёлага қуйиб узатди-да, бор билганларини ҳикоя қилиб берди. Кечалари милтираб учган учоқлардан “Ан-2”гача – биттасиниям қолдирмади. Сўнг сўради:
– Ўша “Як” нимага учмай қўйган, билмайсизми?
– У аллақачон эскирди-ку? – деб жавоб қилди йигитча. – Ҳозир авиация жуда ривожланиб кетган. Сиз “Як”ни яқиндан кўрганмисиз?
– Йўқ, – деди Иброҳим. – Афсуски, кўрмаганман.
– Тор фюзеляжли, паст учувчи учоқ дейилади. Бор-йўғи ўттизта йўловчи олади. Дум тарафида учта мотори бор, реактив бўлгани билан жуда кўп ёнилғи сарфлайди. Шунингдек, бошқарув тизими ҳам аллақачон эскирган, ишончсиз. Яъни, замонга мос эмас. Учмай қўйганининг сабаби эса, қачонлардир қайдадир ҳалокатга учрагач, одамлар ҳаётига хавф соладиган бунақа учоқлар керак эмас, деб учишлардан олиб ташлашган. Ҳозир, билмадим, қайда экан. Балки аллақачон эритиб, темиридан бош­қа нарсалар ясашгандир?
– Унда, кеча мен кўрган баҳайбат учоқ-чи?
– “Боинг”, – деди йигитча. – Номи “Орзу лайнери”. Дунёда энг зўри, жуда ишончли, қулай. Ўриндиқларининг ҳар қаторида тўққизтадан одам ўтиради. Ўн икки минг метр баландликда, соатига минг километр тезликда парвоз қилади. Яъни, ҳавога кўтарилиб олгунча юз чақирим учиб қўяди. Тўхтамай ўн беш минг километргача учаверади…
– “Орзу лайнери” дедингизми? Э тавба, номини қаранг, – ҳайратланди Иброҳим. – Мотори ишлаганида ёнида туриб бўлмаса керак? Дўппингизни учириб юборар?
– Дўппи нима, одамниям учириб юборади, – деб жавоб қилди йигитча. – Ўзим кўрдим-ку, шунақа кўркам, шунақа қудратли… Биз ўша учоқларга техник хизмат кўрсатадиган муҳандис бўлиб етишиб чиқамиз, шунинг учун атай обориб кўрсатишди.
– Э, отангизга раҳмат, – деди Иброҳим суюниб. – Энди кўнглим анча жойига тушди. Қишлоққа келганингизда кириб туринг, бир пиёла чой ичиб кетасиз.
Йигитчалар хайрлашиб чиқиб кетишар экан, ташқаридан ўтин кўтариб кираётган бошқа новвойга дуч келишди. Чит рўмолни дўпписи теграсидан айлантириб танғиб олган у киши:
– Қалай? Роса гаплашдингизми? – деди боши билан Иброҳим тарафга ишора қилганча илжайиб.
– Ҳа, аломат одам экан, – деди йигитча. – Авиацияга жуда қизиқар экан-да. Ростини айтсам, шунча нарсани билишига ҳайрон қолдим. Айтмоқчи, исми ким экан, сўрамабмиз-ку?
– Исми Иброҳим, – деб жавоб қилди новвой. – Лекин отини айтсангиз, биров танимайди, лақабини айтишингиз керак.
– Лақаби нима экан?
– “Як-40”, – деб кулди новвой. – “Як-40” десангиз, ҳамма танийди…

* * *
Иброҳим “Боинг” билан “Як”ни хаёлан таққослаб кўрди. Ўзига қолса, “Як” барибирам қадрдон. Шамолларда чайқала-чайқала бир амаллаб учсаям, болалик орзуларининг беғубор тимсоли. Самода ғувиллаган овозни эшитса, ёдига отаси билан ер чопганлари, эрта баҳорнинг муздай ҳавосида кўксини тўлдириб қичқирганлари, қийғос гуллаган дарахтлар келади.
Қолаверса, гоҳо ўзини шиддатли ҳаво мавжлари аро, гоҳ бўшлиқларга тушиб, гоҳ чайқала-чайқала ростланиб учиб бораётган учоққа ҳам ўхшатади. Қирқ йилдан бери учаётган, қанотлари қуёшда ялтираётган митти кумушранг учоқ… Ағдариб чопилган далалар, ғўза ислари, ерда қолиб кетган шох-шабба уюмлари аро, ҳайрат кўзларини осмонга тиккан болалар орзуларининг, истиқболнинг ёрқин тимсоли, олис уфқлар сари чорловчи митти умид юлдузи…
Ўйлай-ўйлай, ниҳоят бир хулосага келди. Ҳаёт давом этмоқда. Ҳамма нарса янгиланиб, ўрнини бошқалари эгалламоқда. У учоқлар болалик учоқлари-да. Нимаям қилардик, қизиқадиган бошқа нарсалар йўқмиди? Қайлардадир улкан темир вагонларни торта-торта узоқларга йўл оладиган поездлар-чи? Тавба, олисларга йўл олгани учун шунақа… тимсол бўлиб қолганмикан?
“Энди эса катта бўлдик”, деб ўйлади у, қалби недир армон ва ўкинчга тўлиб.
Шошма, болалар-чи? Уларнинг ҳам ўз учоқлари бормикан?
Неваралар ҳовли этагида ўйнаб юришган экан. Қараса, узум териб солинадиган қутининг тахтасини кўчириб, қўшув аломатига ўхшатиб михлаб, ўзларича самолёт ясаб олишибди.
– Ия, бунингиз самалёт-ку? – деди кулимсираб.
– Ҳа, энг зўри! – деб жавоб қилди невара.
– Оти нима экан?
– “Боинг”!
– Нимаси зўр?
– Роса катта-да. Жуда кўп одам сиғади. Гувиллаб бир учса, бутун дунёни айланиб келади.
– Ҳм-м… “Боинг” денг? Унда, “Як”-чи?
– У нима? – Болакай ҳайрон бўлди. – Шунақа учоқ ҳам борми? Ё мени атай алдаяпсизми?
– Бир маҳаллар бор эди, болам. Жимит, митти… Худди сувдаги балиқчага ўхшаб милтиллаб, чайқала-чайқала учарди. Кейин замон ўзгариб кетди, учмай қўйди. Аммо сизники ҳақиқатан ҳам зўр экан.
Сўнг қўшиб қўйди:
– Мен ўша учоқда учишни роса орзулардим. Кечалари тушларимга кириб чиқарди. Насиб қилмади-да… Ўзи кичкина, бор-йўғи ўттизта одам оларди. Далагаям, тошлоққаям қўниб кетаверарди. Сизники эса катта аэродромларга қўнадиган экан.
– Учганмисиз?
– Бўлмасам-чи, – ёйилиб кулимсиради Иброҳим. – Эҳ-ҳе, қаёқларга борганман-у! Қорлар, ёмғирлар, тоғу тошлар, чўллар, қишлоқлар устидан бир хилда парвоз қилаверарди. Ёнилғиси сира тугамас, бузилиб ҳам қолмасди… Афсус… Мана, энди тобора пастлаб… – хўрсинди у, томоғига бир нима тиқилиб. – …пастлаб учаётир. Ким билсин, қачон, қай ерга қўнар экан?
Болалар кулишди. Тўғри-да, унақа секин учоқнинг нимаси қизиқ?
– Майли, хафа бўлманг, – деди невара ишонч билан. – Катта бўлволай, учувчи бўламан. Шунақа самолётни миниб олдингизга келаман. Сизни роса айлантираман.
– Ким билсин? – кулимсиради Иброҳим. – Балки қайлардадир бошқа бир учоқ мени олиб кетгани келаётгандир… Балки жуда яқинлашиб ҳам қолгандир?.. Лекин сизники ҳақиқатан ҳам зўри, энг учқури экан! Ишқилиб, кўз тегмасин, умрингиз узоқ бўлсин! – деб дуо қилди беихтиёр.
Болакай эса ортиқ унга парво қилмай, тахта самолётини ўзича парвоз қилдириб, дарахтзорлар томон елиб кетди:
– Ур-ре, учяпми-из!..

«Ижод олами» журнали, 2017 йил, 1-сон

ziyouz.com

- - -


< Orqaga qaytish