Маданият, санъат

30 йиллик фожиа ёхуд Хуршид Давроннинг кўзда ёш билан ёзган шеъри.


Marta o'qildi

30 йиллик фожиа ёхуд Хуршид Давроннинг кўзда ёш билан ёзган шеъри.

26 февраль куни замонавий Озарбойжон тарихидаги мудҳиш фожиа – Хожали қирғинига 30 йил тўлади.

Манбаларга кўра, 1992 йилнинг 25-26 февраль кунлари Арманистон қуролли кучлари Россиянинг Хонкендидаги 366-мотоўқчи полки ёрдамида Хожали шаҳрида мудҳиш жиноят содир этган. Ўшанда 613 нафар тинч аҳоли ўлдирилган, 487 киши жароҳатланган ва 1275 киши асир олинган. Асир олинганларнинг кўпи яқинлари бағрига қайтмаган.

2000 йил 15 декабрда “Халқаро тинчлик йўлида” Карнеги жамғармаси таҳлилчиси Томас де Ваалга берган интервьюсида Арманистон мудофаа вазири Серж Саргсян Хожали қамалида Россиянинг 366-полки ёрдам берганини тан олган эди.

“Мен 366-полк офицерларининг иштирокини рад этмайман. Аммо, биринчидан, полк бизга эмас, аввало ўзига ёрдам берган эди. Негаки, озарбойжонликлар нафақат бизга, 366-полкка ҳам зарба берган эди… Иккинчидан, 366-полкда кўплаб армани офицерлар хизмат қилар эди ва улар қўмондонлари буйруғисиз ҳам бизга ёрдам беришга тайёр эди.  Улар шундай қилишди ҳам”, – деган С.Саргсян.

Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон 1992 йил февралда “Хожали болаларига” деб номланган шеър ёзган эди. “Мен бу шеърни кўзда ёш билан ёзганман. Рамзий эмас, том маънода айтаяпман.  Ўша куни (1992 йил 27 феврали) Москванинг “Время” ахборот дастурида озарбойжон гўдакларининг музлаб ётган  бепоён далада сочилиб ётган ўликларини кўрсатганда кўзларимдан тирқираб ёш оққан ва кечаси билан ухлолмасдан “Мен ҳам ўлдим сиз билан бирга”  сарлавҳали 3  варақли мақола ва унга илова тарзда  бир шеър ёзганман”, – деб эслайди Х.Даврон.

Эй озари болаларим,

Юрагимда нолаларим,

Кўзларимда жолаларим,

Мен ҳам ўлдим сиз билан бирга!

Бу жаллодлар инсон эмас,

Бу саллотлар инсон емас,

Инсон инсон гўштин емас,

Мен ҳам ўлдим сиз билан бирга!

Ўтар кунлар, ўтар тунлар,

Қонингиздан гуллар унар,

“Интиқом!” – деб ханжар сунар,

Мен ҳам ўлдим сиз билан бирга!

Эслатиб ўтамиз, Ислом ҳамкорлиги ташкилоти Хожали фожиасини геноцид сифатида тан олган. Бундан ташқари, ўндан ошиқ давлат ва АҚШнинг айрим штатлари ҳам ушбу фожиани геноцид деб билади.

С.Салим

ziyouz.com

- - -


< Orqaga qaytish