Хабар

14 февраль Омон Матжон туғилган кун. 1943-2020.


Marta o'qildi

14 февраль Омон Матжон туғилган кун. 1943-2020.

збек шеъриятининг забардаст вакили, Ўзбекистон Халқ шоири Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон 1943 йил 14 февралда Хоразм вилояти Янгибозор тумани Боғолон қишлоғида дунёга келган.
Ўрта мактабни тугатгач, у Самарқанд Давлат университетида таҳсил олади. Омон Матжон 1969 йил олийгоҳни якунлаганидан сўнг, 2002 йилгача Ғафур Ғулом номли Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, бўлим бошлиғи, сўнгра "Ёшлик" журналида бош муҳаррир, "Чўлпон" нашриётида директор бўлиб ишлаган.
Омон Матжон болалагиданоқ шеърлар ёзишни машқ қилгани ва илк шеърлари эса, мактаб деворий газеталарию туман газеталарида чиқиб турганини айтади.
 
У ўзбек шеъриятига 1960-йилларда ўз йўли ва оҳангги билан кириб келади. 1970 йилда шоирнинг "Очиқ деразалар", деб номланган илк шеърий тўплами нашрдан чиқади.
"Кейин "Карвон қўнғироғи", "Қуёш соати", "Ярадор чақмоқ" каби китобларим, "Беруний" драматик достоним, Паҳлавон Маҳмуд ҳақидаги достоним, "Ҳаққуш қичқириғи" деган қирқ афсонадан иборат китобим, "Дарахтлар ва гиёҳлар китоби" деб номланган экологик мавзудаги китобларим кетма-кет босмадан чиқди", дейди шиорнинг ўзи.
Омон Матжоннинг шеърлари Евгений Евтушенко каби буюк рус шоирлари томонидан таржима қилинган.
Шунингдек, 1991- 2011 йиллар ўртасида шоирнинг "Иймон ёғдуси", "Эркин ҳаволарда", "Ардахива" ва "Халоскор Руҳ" каби китоблари чоп этилган.
Омон Матжон бугунгача ҳам фаол ижоддан тўхтамаганини айтади. Унинг "Дийдор Азиз" деб номланган янги китоби шу кунларда дунё юзини кўрган.
"Шайх Нажмиддин Кубро, Тўрабекахоним ҳақидаги қиссаларим,истиқлолимизнинг 20 йиллигига бағишланган шеърларим "Дийдор Азиз" номи билан шу кунларда чиқди. Суюкли рафиқам Мақсудахонимга бағишланган китобим бу", дейди шоир.
Омон Матжоннинг "Дийдор Азиз" китобига кирган шеърларидан намуналарни мана бу ерда тинглашингиз мумкин:
Шоирнинг "Умр ўтар...", "Табассум қил", "Эшигингдан ўтарман бир кун", "Менинг кимлигимни эл билса бўлди" каби қатор шеърлари таниқли ҳофизлар тарафидан қўшиқ қилиб куйланган.
Омон Матжон 1991 – 1993 йиллар Ўзбекистон Президенти Девонида давлат маслаҳатчиси, 1993 - 1998 йилгача Давлат Матбуот Қўмитасида раис муови лавозимларида ҳам фаолият олиб борган.
Шоир адабиёт соҳасидаги хизматлари учун Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофотига сазовор бўлган. 2006 йилда Омон Матжонга Ўзбекистон Халқ шоири деган унвон берилган.
Расмлар шахсий архивдан олинди. Хамза Хакимзода Ниёзийнинг олиб сақланган қизи Қизил тонг билан учрашувда 1980 йиллар.(Халима Носиров, Комил Яшин, Омон Матжон, Анбара Отамуродова.....)

* * *

Очил, эй гул, гул вақтинг бўлди,
Уйғон, эй дил, дил вақтинг бўлди.

Етар минг бир кеча эртага,
Тонг сирларин бил, вақтинг бўлди.

Ўз ҳаққини билмаган қулдир,
Шукр этган ҳам қул, вақтинг бўлди.

Номинг азиз, ўзингга бек бўл,
Эл бўл энди, эл вақтинг бўлди.

Огоҳ этар соатсиз қисмат,
Ҳаракатинг қил, вақтинг бўлди.

Тилни қутқар тиллар бандидан,
Тилга киргин, тил вақтинг бўлди.

Ўзбекистон, фалак буржига
Юрагангни ил, вақтинг бўлди.

* * *

Ўртамизда биргана олма –
Олам ичра юмалоқ илинж.
Ўртамизда биргина олма –
Балки ғам у ё балки севинч.

Ўртамизда биргана олма,
Ярми қизил, ярми оч-яшил.
Ҳаё туғёнидан қизил у,
У соғинчнинг рамзидир асил.

Ўртамизда биргина олма,
Бармоқ учи тегса товланар.
Алвон иффат, яшил ташналик
Бир сенга, бир менга довланар.

Ўртамизда биргина олма,
Гард тегмаган, бирам покиза.
Ҳозирча у рангин бир ҳавас,
Лаб тегса бошланар мўъжиза…

* * *

Яратганга шукур, сен яна келдинг,
Ҳамма қонунларнинг ўзгарди кучи.
Мен сенга узундан узун от қўйдим:
«Эй, эски дардларни янгилатувчи!»

Бармоқлар бармоқлар учини сезди,
Кўнгил бир илоҳнинг кучини сезди,
Юрак алланенинг ўчини сезди,
«Эй, узоқ йўлларни яқинлатувчи!»

Яна икки кўздан сирқилди намлар,
Биллурни ювдилар покиза ғамлар.
Қани ул Сир, Аму мавж урган дамлар,
Эй, сен денгиз тубин долгалатувчи?!

Асли, қайда бўлсанг, мен кўнгли тўқман,
Кунчиқарим ишқдир, нур ўчса — йўқман,
Биламан, кимгадир жуда суюкман,
Эй сен, хотирани поклантирувчи!

Ким айтди, йўл анча ўтилди дея,
Келган кетди, кутган кутилди дея,
Шодман — яна менга дуч бўлди дея,
Ишқи омонларни яшартиргувчи!

Яратганга шукур, сен яна келдинг,
Ҳамма қонунларнинг ўзгарди кучи.
Сенга мен узундан узун от қўйдим:
«Эй, кўҳна дардларни янгилатувчи!»

* * *

Дилимнинг рангини гул билса бўлди,
Менинг кимлигимни эл билса бўлди.

Олис юлдузларга сиррим айтмирам,
Нолишимни тонгги ел билса бўлди.

Учарга ҳар қушдан пар топинмадим,
Парвозлар ҳадисин дил билса бўлди.

Жаҳолат меҳроби тошин ўпмадим,
Ўшал бафи тошим тил билса бўлди.

Дамлар шиквасига учма, омон бўл,
Фазлу камолингни эл билса бўлди.

- - -


< Orqaga qaytish