Ҳикоя, шеър

Маруба.  ҳикоя.    Элиас Канетти.


Marta o'qildi

Маруба. ҳикоя. Элиас Канетти.

Саккиз нафар кўзи ожизлар гуруҳидан узоқлашиб, уларнинг дийдиёлари ҳамон қулоғимда, бир озгина юрган эдим, оёқларини хиёл кериб турган оппоқ сочли ёлғиз кексага кўзим тушди: боши сал эгик, оғзида бир нимани чайнар, унинг ҳам кўзи ожиз, эгнидаги жулдур кийимга қараганда, шубҳасиз, тиланчи эди. Бироқ унинг икки юзи қип-қизил ва тўлишган, йўғон лаб­лари соғлом ва намчил, лабларини очмасдан, гўё аллақандай қоидага риоя қилгандай, секин ва бир маромда, астойдил чайнар, юз ифодасида эса шодонлик зоҳир эди. Унга яқин бориб, сарасоф солдим, шунда бир нима эсимга тушди, чайнашдан зўр лаззат олса керак деган хаёлга бордим. Унинг апельсинлар уюм-уюм қилиб қўйилган қатор дўконлар олдида турганини кўриб, ўзимча савдогарлардан биронтаси унга апельсин берган-у, у шуни кавшанаётган бўлса ажабмас, деб ўйладим. Қариянинг ўнг қўли гавдасидан сал нари осилиб турар, ундаги барча бармоқларнинг ораси очиқ, афтидан, улар акашак бўлган-у, шу сабаб уларни бука олмаётгандек таассурот қолдирарди.
 У узоқ чайналди, бунақанги чин дилдан, самимий ва чиройли чайнайдиган одамни, гапнинг очиғи, умрим бино бўлиб кўрмаган эдим. Ҳеч вақо бўлмаса-да, оғзим бир нимани чайнаш учун ўз-ўзидан аста ҳаракатга келаётганини ҳис қила бошладим. Ҳали ҳеч қайси бир инсоннинг оғзи шунчалик лаззатга эриша олишини кўрмаганимданми, унга нисбатан қалбимда чуқур ҳурмат-эҳтиром туйдим. Кўзи ожизлигига ҳам ортиқ раҳмим келмай қўйди, у кўринишдан хотиржам ва мамнун эди. Бошқа тиланчиларга ўхшаб, сўраб, тиланиб, талаб қилиб ўтирмас, синини бузай демасди. Эҳтимол, нимаики зарур бўлса, ҳаммаси муҳайёдир, балки унга энди ортиқ ҳеч нарса керакмасдир, ким билади.
Шу зайлда чайнашни бас қилгач, лабларини бир неча бор ялаб, бармоқлари керик ўнг қўлини бир озгина олдинга чўзди-да, хириллаган, бўғиқ овозда дуо ўқишга тутинди. Мен унга янаям яқинроқ бориб, қимтинибгина қўлига йигирма франк танга пул қўйдим. Бармоқлар қандай бўлса, шундайлигича қолди; уларни чинданам бука олмасди. У қўлини аста кўтариб, оғзига яқин олиб борди, танга йўғон, дўрдоқ лаблар олдида бир кўриниш берди-да, сўнг кўздан йўқолди. Чол яна аста чайналишга тушди. Оғзидаги тангани дам чап, дам ўнг лунжига оларкан, унинг ҳаракатларини кўз узмай кузатардим, у эса бамайлихотир чайнашда давом этарди.
Туриб-туриб, таажжубим ошиб, шубҳага берилдим. Мабодо, адашмаётганмикинман? – сўрадим ўз-ўзимдан. Эҳтимол, сезмай қолгандирман, танга балки бошқа ёққа тушиб кетгандир. Яна кутишда давом этдим. Худди боягидай мазза қилиб чайнаб бўлгач, танга ниҳоят, унинг лаблари орасида пайдо бўлди. Чап қўлини кўтариб, тангани туфлади, унга қўшилиб кўплаб сўлакай ҳам оқиб чиқди. Сўнгра танга чап тарафдаги чўнтакка тушиб, кўздан ғойиб бўлди.
Бу ғалати, ғайриоддий ҳодисани кўриб туриб, кўнглим айниб, қайт қилгим келди. Дунёда пулдан ҳам кўра ифлосроқ нарса борми, ахир? Аммо бу қария мен эмасдим, каминанинг кўнглини айнитган нарса унга … завқ бағишларди. Дарвоқе, пулга сажда қилиб, уни ўпган одамларни ора-сира бўлса-да, кўрмаганмидим? Албатта, кўрганман. Айни чоқда кўплаб сўлакай ўзгача бир мақсадга хизмат қилиши аниқ. Бу қария бошқа тиланчилардан биргина жиҳати, яъни мўл-кўл сўлакай “ишлаб чиқара” олиши билан ажралиб туриши эса кундай равшан. Садақа сўрашдан аввал; бирон нима ейишдан олдин у ҳар доим ана шундай тарзда узоқ машқ қилгучи эди, – бошқа ҳеч ким бундай қилиб ўтирмас эди. Демак, унинг даҳанидаги саъй-ҳаракатларида қандайдир сир, алланечук маъно бор эди, чамамда.
Ёки у фақат менинг тангамнигина оғзига солдимикин? Садақа тарзида оладиган одатдаги тангалардан кўра қийматлироқ эканини кафтида ҳис қилгач, менга алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчи бўлдимикин ё? Қарияга ҳам ҳайрон, ҳам қойил қолиб, ундан бошқа ҳеч бир кимса кўзимга кўринмасди. Хуллас, азбаройи қизиққанимдан охири не бўларкин, дея кутишга қарор қилдим. Чол дуо оятларини бир неча бор такрорлади. Бу орада бир араб ҳам келиб, унга беш франклик танга бериб кетди. Зум ўтмай, уни ҳам оғзига солиб, аввалгидек чайнала бошлади. Афтидан, бу гал унчалик узоқ давом этмади, танга билан яна кўп сўлак ажралиб чиқди. Уни чўнтагига жойларкан, ундан бошқа, бутунлай майда тангачаларни олиб, яна бояги “фаолият”ини давом эттирди. Менинг эса ҳеч нарсага ақлим етмай, бошим қотиб қолганди; қанчалик узоқ тикилганим сайин, жумбоқ шунчалик чуқурлашиб борарди. Бироқ бир нарсага, яъни бу унинг “ўзига хос” садақа сўраш услуби эканига ортиқ шубҳа қилиб бўлмасди. Одамлар бир нима бераркан, унинг оғзини ҳам пойлашарди, ҳар гал очганида эса оғзи менга тобора қизариб кўринарди.
Аввалига пайқамабман, оломон каминани ҳам кузатаётган экан. Ким билади, оғзим ланг очилиб, анқайиб, кулгили бир ҳолатга тушиб қолибман, шекилли. Негаки, апельсин ортидан бир одам тўппа-тўғри олдимга келиб, хотиржам оҳангда:
– Бу марабу, – деди, мени тинчлантирган бўлиб.
Биламан, марабулар авлиёсифат одамлар бўлишади, улар ўзига хос куч-қудратга эга. Ушбу сўзни эшитиб, бир оз хижолат бўлдим, ичимдаги ижирғаниш ҳам бирданига камайди-қолди.
– Ундай бўлса, нега у тангани оғзига солади? – сўрадим мен тортинчоқлик билан.
– У доим шундай қилади, – жавоб берди ҳалиги киши буткул бепарво оҳангда, унингча, бу дунёдаги энг оддий иш эди. У шундай деб, яна апельсинлар томонга ўтиб кетди, шундагина ҳар бир дўконча ортида бир неча жуфт кўзлар менга ҳайрон бўлиб термилиб туришганини сезиб қолдим. Шунчалик ҳам ғалча бўламанми-я, – дедим ўзимни ўзим койиб.
Шу билан ўзимча хайр-маъзур қилган бўлдим. Марабу – художўй, тақводор, ундаги ҳамма нарса, ҳатто тупуги ҳам табаррук бўлади, – дедим ўзимга ўзим. Хайр-садақа қилувчилар билан тупуги орқали алоқа ўрнатар экан, уларни шундай бир яхшилаб дуо қиладики, натижада улар Яратганнинг марҳаматига сазовор бўладилар. Жаннатнинг мавжуд эканига ишончи комил, ҳатто ўзида ҳам одамларга улашиш учун бир нималар бор ва бу нарсалар уларнинг тангаларидан ҳам кўра қимматлироқ эди. Ҳа, мана энди англадим унинг ожиз қиёфасидаги шодонлик сабабини, у мен шу пайтгача кўрган бошқа барча тиланчилардан айнан мана шу туйғуси билан ажралиб турарди.


Уни ёдимга жо қилиб, йўлимда давом этдим ва у ҳақда барча дўстларимга сўзлаб бердим. Таассуфки, уни шу пайтга қадар ҳеч ким кўрмаган экан, шу боис бўлса керак, улар сўзларимнинг ҳаққонийлигига шубҳа қила бошлашди. Эртаси куни уни ўша жойдан излаб топа олмадим. Мен уни ҳамма жойда ва ҳар куни қидириб кўрдим, бироқ ундан ном-нишон йўқ эди. Балки у тоғ-тошда ёлғиз ўзи яшар ва шаҳарга онда-сонда келар, ўйладим ўзимча. Апельсин сотувчилардан сўрашга эса иймандим, чунки уларга бунинг қизиғи йўқ эди. Дўстларимга қария ҳақида сира ҳам тортинмай сўйларканман, буни уни яхши билган ва таниган кишилардан сир тутардим. У ҳам мен ҳақимда деярли ҳеч нима билмасди, яна тағин ким билади, балки одамлар унга камина тўғрисида гапириб беришгандир, балки.
Орадан бир ҳафта ўтгач, ўша куни яна шанба оқшоми эди, кутилмаганда уни учратиб қолдим. У бу гал ҳам худди ўша дўкон олдида турар, бироқ чайналмасди – оғзида ҳеч вақо йўқ эди, чамамда. Чол дуо ўқиб бўлгач, унга танга бериб, нима бўларкин, дея кута бошладим. Сал ўтмай яна тиришқоқлик билан чайналишга тушди. Шу пайт бир киши бехосдан олдимга келиб, менимча, бўлмағур гапларни гапирди.
– Бу – марабу. Унинг кўзи ожиз. Қанча берганингизни билиш учун тангани оғзига солиб кўради, – деди у.
Сўнг марабуга арабчалаб алланималар деди-да, мен томонга ишора қилди. Мўйсафид чайнашни тугаллаб, оғзидан тангани олди. У мен томонга ўгирилганди, ногоҳ унинг чеҳраси, бутун сиймоси яйраб-яшнаб кетди. Мени дуо қила бошлади ва тиловатни олти марта такрорлади. Оятларни ўқиётган чоғда унинг сиймосидаги самимийлик ва меҳр вужуд-вужудимга шундай чуқур сингдики, гапнинг рости, мен ҳали ҳеч қачон бундайин марҳаматга мушарраф бўлмаган эдим.

Немис тилидан Мирзаали Акбаров таржимаси.

«Ижод олами» журнали, 2018 йил, 6-сон

- - -


< Orqaga qaytish