Маданият, санъат

Руҳ бошқарувчиси. Гўзал  Бегим.


Marta o'qildi

Руҳ бошқарувчиси. Гўзал Бегим.

 
Ўзбекнинг катта бир ёзувчиси Саломат Вафо Тошкентнинг сокинликка мойил бўлмаган бир гўшасида 60 ёшга кирди.
Аслида бу санани миллатнинг улуғ бир ёзувчиси ўлароқ бутун бошли адабиётчилар, ясама оқсуяклик касб этаётган ташкилотлар, қон гуруҳи тобора камёблашиб бораётган китобхонлар кенг миқёсда нишонлаши керак эди. Шарт эди.
Тўғри, улуғ ёзувчининг таваллуд санаси дўсту биродарлари, қариндош – уруғлари қуршовида жуда чиройли ўтди. Бироқ Саломат Вафо ҳаёти ва ижодига, таваллуд санасига бағишлаб ўтадиган тадбирлар бўлса ортиқчалик қилмайди. Ёзувчига руҳий ва қалбий сеанс бўлиши мумкин. Чунки ўзбек муҳитида ёзувчилик қилиш қаҳрамонликка эгизак тушунчадир.
Ўзбек адабиётида руҳ бошқарувчиси дея талқин этилган Саломат Вафонинг ҳикоялари миллатимизда бир неча авлод китобхонларни тарбиялаб вояга етказгани аниқ.
Шиддатли тасвир, тафаккур об-ҳавосидаги ўзгаришларнинг ўзига хос акс этиши, инсон руҳияти ўпқонларидаги талвасалар кўриниши Саломат опанинг ҳикояларида паҳлавонлардек сўз майдонига отлиқади.
“Музлаткичда туғилганмисан?” дея шеригига савол беради Саломат Вафо қаҳрамонларидан бири. Чунки унинг ҳар бир қаҳрамони ёниқ юракли, ичида қуёшни кўтариб юради.
Кутилмаган туйғулар оқими, кутилмаган тасвир ва кутилмаган ифода Саломат опанинг асарлари ичидан олмос занжирдек ўтади. Асарлардаги табиий куч ва табиий босим кузда дам олиб баҳорда кўкаришга мойил турган дала монанд руҳимизда яшиллиншга мойиллик ҳисларини яшнатади.
Саломат опа, туғилган кунингиз миллатимизнинг кўзга суртар табаррук байрамидир. Умрингиз узоқ, ҳаловатли ва фароғатли бўлишини тилайман. Менинг бу тилакларимга сиз акс эттирган тарихий сиймолар ҳам асарларингиз қатимида туриб “Илоҳим, омин!” деяётган бўлса, ажаб эмас.
Сизни яхши кўраман.
Гўзал БЕГИМ
15 январь, 2022 йил

- - -


< Orqaga qaytish