Мақола

“Турк дунёси маданият пойтахти” 2022 йилда қандай тадбирларга мезбонлик қилади?


Marta o'qildi

“Турк дунёси маданият пойтахти” 2022 йилда қандай тадбирларга мезбонлик қилади?

 

Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой “Турк дунёси маданият пойтахти” деб эълон қилинган Бурсанинг 2022 йил давомида кўплаб муҳим тадбирларга мезбонлик қилишини таъкидлади. Бу ҳақда у мазкур тарихий шаҳарга Халқаро туркий маданият ташкилоти (TÜRKSOY) томонидан юксак мақом берилиши муносабати билан ўтказилган йиғилишдаги нутқида маълум қилган.

Кенг қамровли тадбирлар илм-фан, санъат, маданиятдан тортиб спортга қадар – турли йўналишларни қамраб олади.

Аввал хабар берганимиздек, 2021 йили Истанбул шаҳрида биринчи бор ўтказилган “Қўрқут ота” турк дунёси фильм фестивали 2022 йилда Бурсада ташкил этилиши маълум қилинганди.

Туркия маданият ва туризм вазири ушбу фактни яна бир карра тасдиқлади.

Меҳмет Нури Эрсой Бурса шаҳрига берилган “Турк дунёси маданият пойтахти” мақоми ҳам  юксак ва масъулиятли мақом эканини урғулаган ва ундан тўғри фойдаланилса, шаҳар халқи учун катта имкониятлар эшиклари очилишини қайд этган. Жумладан, Бурсанинг жуғрофий жойлашуви ва ривожланган транспорт тармоғи бу ерга келмоқчи бўлган туристлар сонининг ошишига хизмат қилиши кутилмоқда.

2012 йилдан буён “Турк дунёси маданият пойтахти” мақоми Остона, Эскишеҳир, Қозон, Марв, Туркистон, Ўш ва Хива шаҳарларига берилган.

Вазир М.Н.Эрсой кўҳна тамаддун бешиги саналган Бурса Вифиния, Лидия, Форс, Рим, Византия, Салжуқийлар, Усмонийлар каби давлатларнинг бой тарихига шоҳид эканини таъкидлаган. У, айни чоқда, ушбу ҳудуд ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилганини ҳам ёдга олди. Эътиборга молик жиҳати, Бурса ЮНЕСКОнинг ижодий шаҳарлари рўйхатидан ҳам ўрин олган.

Бурса маъмурияти раҳбари Алинур Оқтош эса кўҳна маданият ва тарихга эга шаҳарда бугун саноат, қишлоқ хўжалиги ва туризм тараққий этгани ҳақида гапирган. А.Оқтош Бурсага турли минтақалар қатори Ўзбекистондан ҳам сайёҳлар келаётганини мамнуният билан қайд этган. Маълум бўлишича, шаҳарга ҳар йили ўртача 1,5 миллион сайёҳ келади. Эндиликда бу рақамни икки бараварга ошириш кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг сентябрь ойида Хива шаҳрида бўлиб ўтган TÜRKSOY доимий кенгашининг 38-мажлисида Бурса шаҳри Туркий давлатларнинг маданий пойтахти сифатида бир овоздан маъқулланган.

Туркиянинг шимоли-ғарбида, Истанбулдан 154 км масофада жойлашган Бурса шаҳри мамлакатнинг тўртинчи йирик шаҳри саналади. Улудағ тоғлари бағрида, Мармар денгизи соҳилида нашъу намо топган Бурса кўп асрлик тарихга эга. Манбаларга кўра, шаҳарга милоддан аввалги 2 асрда асос солинган. Буюк ипак йўлидаги шаҳар ўз даврида Усмонийлар давлатининг пойтахти бўлган. Кейинроқ салтанат пойтахти Эдирнега кўчирилган бўлса-да, Бурсанинг иқтисодий-сиёсий ҳамда маданий аҳамият камаймаган. Ўз даврида ҳунармандчилик, амалий санъат, меъморчилик, илму фан маркази саналган шаҳарда кўплаб меъморий дурдоналар сақланиб қолган.

- - -


< Orqaga qaytish