Мақола

БУГУН БУЮК АДИБ ТАВАЛЛУДИГА 200 ЙИЛ ТЎЛДИ


Marta o'qildi

БУГУН БУЮК АДИБ ТАВАЛЛУДИГА 200 ЙИЛ ТЎЛДИ

Фёдор ДОСТОЕВСКИЙ
«Телба» асаридан тагига чизилган парчалар
067

…Лекин одамга энг ёмон азоб берадиган нарса жароҳатларнинг оғриғи бўлмаса керак, менимча ҳозир, мана бир соатдан сўнг, кейин ўн дақиқа, сўнг ярим дақиқа, кейин мана ҳозир, шу он, шу сонияда муқаррар суратда жонинг узилишини, бошқа ҳеч қачон одам бўлмаслигингни, ҳаммаси энди муқаррар суратда рўй беришини билиб туришинг қаттиқ қийноққа солади; ҳаммасидан оғири — шу муқаррарлик.

* * *

Қотиллик қилганлиги учун қатл қилиш жиноятнинг ўзидан кўра ҳам оғирроқ жазо. Ҳукм ўқиш йўли билан қилинадиган қотиллик қароқчилик йўли билан қилинадиган қотилликдан кўра беқиёс даҳшатлироқ.

* * *

…жимжима — бу жуда ҳам хатарли нарса.

* * *

Баъзан пешин чоғларида тоғлар орасига кириб, бир ўзинг тоғлар ичида турасан, чор атрофда қари, ҳайбатли ва ширадор қарағайлар; тепада қоя устида ўрта асрдан қолган кўҳна қаср, вайроналар, қишлоғимиз жуда ҳам пастда базўр кўзга илғанади: офтоб чарақлаган, осмон зангори, ваҳм сукунат. Ана шунда узоқларга бош олиб кетгинг келади, агар нуқул тўғрига қараб кетаверсанг, кетаверсанг, узоқ-узоқ юриб борсанг, анави чизиқдан, ўша осмон ер билан туташган ердан ўтсанг, ҳамма кўнгилга туккан ниятларингга етадигандек, бу ердаги ҳаётга қараганда минг карра қудратлироқ, шовқин-суронли янги бир ҳаётга дуч келадигандек бўлиб туюлаверарди…

* * *

Оталари уларни жуда ҳам ёш, ҳеч нимани тушунмайди деб ҳисоблашларини болалар жуда яхши фаҳмлайдилар, улар ҳамма нарсани яхши фаҳмлайдилар. Бола энг мушкул вазиятда ҳам ҳаддан зиёд фойдали маслаҳат бериши мумкинлигини катталар билмайдилар.

* * *

…ҳар кимнинг ўзига яраша камчилиги бўлади ва… ўзига хос одатлари бўлади, баъзан бировнинг қилиқларини бармоқларини бигиз қилиб кўрсатишади, лекин ўзларини суриштириб қаралса, бундан бешбаттарроқ чиқади.

* * *

Пулнинг қабоҳати ва ярамаслиги шундаки, у ҳатто йўқ талантни бор қилади.

* * *

…одамнинг қандай ёлғон сўзлаётганини кузатиб ўтиришнинг ўзи қизиқ.

* * *

Раҳм, эҳтимолки, бутун одамзод борлиғининг энг улуғ ва бирдан-бир қонунидир.

* * *

…бу шеърда идеал билан яшашга қобил бўлган одам тасвирланган, иккинчидан, ўз идеали йўлида бутун умрини бағишлайдиган ва ҳеч нарсадан тоймайдиган одам. Бизнинг замонамизда бунақаси ноёб учрайди.

* * *

…олижаноб ва софдил одам, яъни соғлом фикрлайдиган одам демоқчиман, қонунлар мажмуаларида ёзилмаган нарсалар борасида ҳам олижаноб ва софдил бўлиб қолмоғи даркор.

* * *

Алданган қизни ҳамманинг ҳукмига олиб чиқиб шарманда қилиш ваҳшийлик, инсонгарчиликдан йироқ нарса. Агар шундай қиладиган жамиятни одамгарчиликдан узоқ деб ҳисобласанг, унда қиз бечоранинг аҳволини шу жамият оғирлаштирганини тан олишинг керак.

* * *

Ўзига хосликнинг йўқлиги ҳар ерда, бутун дунёда азал-абад ишчан, ишбилармон, уддабурон одамнинг энг муҳим фазилати ҳисобланган, унга фазилатнинг бор-йўқлигига қараб баҳо берганлар, жиллақурса одамларнинг юздан тўқсон тўққиз фоизи (ҳа, жиллақурса шунчаси) мана шундай фикрда бўлган, фақат юздан бир бўлак одамларгина доимо бош-қача фикрда бўлиб келади.

* * *

…ҳатто энг ашаддий, ғирт қотил ҳам ҳарқалай ўзининг жиноятчи эканини билади, яъни виждонан ёмон иш қилганлигини англайди, лекин пушаймон қилмайди.

* * *

Ўзини ўзи хароб қилиш ва ўз-ўзини сақлаш қонунлари одамзод учун баравар даражада кучлидир! Шайтон одамзод устидан ҳали бизга тобе бўлмаган замонларга қадар ҳокимлик қилиб боради.

* * *

…ёлғон гапираётганда, агар ёлғонга жуда ҳам ақл бовар қилмайдиган, антиқа, ҳаётда бўлмайдиган ёки жуда кам учрайдиган бирон нарсани қўшиб-чатиб юборсангиз, ёлғон худди чинга ўхшаб қолади.

* * *

Филҳақиқат, худо жазо бераман деса, аввало одамнинг ақлини олади.

* * *

Инсониятга бўлган мубҳам муҳаббатингда доимо деярли фақат ўзингнигина яхши кўрасан.

* * *

О, ишончингиз комил бўлсинки, Колумб Американи очгандан кейин эмас, Американи очаётган чоғда бахтли бўлган; ишончингиз комил бўлсинки, у Янги Дунёни очмасидан уч кун илгари ўз иқболининг энг баланд чўққисига кўтарилган, ўшанда унинг кемасидаги одамлар ғалва кўтаришган, сал бўлмаса Европага қайтиб кетмоқчи бўлишган!

* * *

…инсон калласида туғиладиган ҳар қандай даҳо ғояда ёки фикрда бошқа одамларга англатиб етказиб бўлмайдиган, жилд-жилд асарлар ва шарҳлар ёзиб, ўттиз беш йил тушунтиришга ҳаракат қилиб ҳам англатиб бўлмайдиган алланима қолиб кетади; миянгизда асло четга чиқишни истамаган алланима доим қолади, абадий сиздан ажралмайди; сиз шундай ўлиб кетасиз, ўзингизнинг энг асосий фикрингизни ҳеч кимга билдирмай, ҳеч ким билан ўртоқлашмай ўтиб кетасиз.

* * *

Агар у мени ёмон кўриб қолган бўлса, бу ёмон кўриши ҳам ўзига хос эди: у «сабр билан ёмон кўрарди».

* * *

Назаримда жаноб ҳам, хоним ҳам яхши одамлар эдилар, лекин йўқчилик уларни шу қадар тубан бир ҳолатга солиб қўйган эдики, улар бу тартибсизлик билан олишавериб ҳолдан тойган ва энди эътибор бермай қўйган эдилар, улар ҳатто кун сайин тобора ортиб бораётган бу тартибсизлик, бебошвоқликдан аллақандай жуда аламли ва аччиқ бир лаззат ҳамда ўч олаётган каби эдилар.

* * *

Тажанг ва хафа бўлишни яхши кўрадиган одамлар тоифаси бўлади, улар хафа бўлишдан лаззат топадилар, айниқса, хафагарчиликлари ўзининг охирги нуқтасига етган бўлса (бу тез-тез бўлиб туради), бу нарса уларда жуда кучайган бўлади. Бундай пайтларда улар ўзларини хафа бўлмагандан кўра хафа бўлган ҳолда кўришни маъқул сезадилар.

* * *

Шахсий яхшилик ҳеч қачон йўқолмайди, чунки у шахснинг эҳтиёжи билан боғлиқ, бир шахснинг иккинчи бир шахсга тўғридан-тўғри таъсиридан келиб чиқадиган жонли эҳтиёждир.

* * *

…инсон хатти-ҳаракатларининг сабаби одатда кейин биз уни тушунтирганга қараганда ҳаддан ташқари чигал ва ранг-баранг, жуда камдан-кам ҳолларда аниқ бир белгига эга бўлади.

* * *

Биласизми, менимча, баъзан кулги бўлиш ҳам яхши, ҳатто жуда соз: бир-биримизни дарров кечиришимиз, дарров қаноат ҳосил қилишимиз мумкин.

* * *

Камолотга эришиш учун олдин кўп нарсаларни тушунмаган бўлиш керак.

* * *

…атрофда шунчалар гўзал ва латиф нарсалар кўпки, энг йўлдан озган одам ҳам уларни кўрганда кўзлари қувониб кетади… Сабий болага қаранг, Яратганнинг оқариб отаётган тонгига қаранг, кўкка тил чўзиб келаётган кўкатга қаранг, сизни яхши кўрадиган, сизга тўймай тикилаётган кўзларга қаранг…

Бекзод ЎКТАМ тайёрлаган

- - -


< Orqaga qaytish