Маданият, санъат

Ота турк маданият маркази қайтадан очилди.


Marta o'qildi

Ота турк маданият маркази қайтадан очилди.

 

29 октябрь – Туркия Республикасининг 98 йиллиги муносабати билан Истанбулдаги Отатурк маданият маркази санъат ихлосмандлари учун ўз эшикларини қайта очди. Маҳаллий аҳоли орасида “Ataturk Kültür Merkezi” (қисқача АКМ) номи билан танилган маданият маскани янгидан қуриб фойдаланишга топширилди.

Истанбулнинг машҳур Тақсим майдонида жойлашган муҳташам санъат ва маданият саройининг расмий очилиши маросимида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон, вице-президент Фуат Октай, Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой, ҳукумат ҳамда парламент вакиллари иштирок этди. Маросимда, шунингдек, бизнес, санъат ва академик соҳанинг таниқли намояндалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, маҳаллий ва хорижий журналистлар қатнашди.

Маданият марказининг очилиши доирасида президент Р.Т.Эрдўғон таклифига биноан яратилган буюк меъмор Синан ҳақидаги опера премьераси бўлиб ўтди.

Отатурк маданият маркази Туркия маданият ва туризм вазирлигининг бугунга қадар амалга оширган энг йирик санъат ва маданият лойиҳаларидан бири саналади. Мазкур ҳодиса Маданият ва туризм вазирлиги томонидан таъсис этилган Халқаро Beyogʻlu маданият фестивалига ҳам ўзига хос дебоча бўлди.

Маданият маркази 2 миллиард лира маблағ сарфланиб, 2,5 йил давомида тўлиқ реконструкция қилинди. Мажмуа энг сўнгги технологиялар билан жиҳозланган 49000 квадрат метр, 2040 ўринли опера театри, 16300 квадрат метр, 802 кишига мўлжалланган театр зали, 410 квадрат метр галерея ҳамда кўп мақсадли залдан иборат. Бундан ташқари, марказ тахминан 100 000 квадрат метр ёпиқ майдонга ҳам эга. Ушбу ёпиқ майдон мусиқа, санъат, архитектура ва дизайн каби ихтисослаштирилган галереялар, болалар ижодиёти маркази, мусиқа платформаси, овоз ёзиш студияси ва ахборот маркази кабиларни ўз ичига олади. Муаззам маданият масканида кинотеатр, дўконлар, машғулот майдончалари, солист ва оркестрхоналар, ресторанлар, китоб кафелари, устахоналар, маъмурий ва техник бўлимлар ҳам мавжуд.

ziyouz

- - -


< Orqaga qaytish