Жаҳон адабиёти

6 - июнь буюк рус шоири Александр Пушкин(1799 - 1837) туғилган кун.


Marta o'qildi

6 - июнь буюк рус шоири Александр Пушкин(1799 - 1837) туғилган кун.

 ҲОФИЗДАН

Жанг шавқини дилда уйғотма,
Ёнма, йигит, зафар, шон билан.
Қонли ҳарбга ўзингни отма
Карабахлик оломон билан.

Балки сени ўлдирмас қотил,
Майдон аро, қиличлар аро.
Барнолигинг кўрган Азроил
Юбормагай бемаҳал қазо.

Бир нарсадан қўрқаман фақат:
Ошно бўлиб жангда бебоклик,
Сенда қолмас дилбар назокат,
Бу майинлик, гўзаллик, поклик.

ЭПИГРАММА

Таъна билан жонимга тегдинг,
Жавоб сенга мухтасар, ошнам.
Ҳа, мен ишчан эмасман, лекин
Сен омисан ялқовликда ҳам.

ЭПИГРАММА 

Иллатлари ҳаддан зиёда,
Нопок яшаб келди бу одам.
Гуноҳларин ёйса дунёда
Жой қолмагай қўймоққа қадам.

Инсоф кирди унга ниҳоят,
Аста-секин йўл топди тўғри.
Мана энди дуруст, хайрият,
Номи бўлди қартабоз ўғри.

КАР

Кар карни кар қозининг ҳукмига тўғрилади,
Кар деди: Бу кар менинг молимни ўғирлади.
Кар карга жавоб берди: Бекор айтибсан, эй кар,
Сен айтган у қўриққа етти пуштим дон экар.
Кар қози ҳукм қилди, пок иш булсин, бир йўл бор,
Йигитни уйлантиринг, қиз бўлса ҳам гуноҳкор.

Эркин Воҳидов таржималари

МEН СИЗГА АЧИНМАЙМАН

Мен сизга ачинмайман, вафосиз севгиларда
Беҳуда оқиб ўтган баҳоримнинг йиллари!
Мен сизга ачинмайман у оташин найларда
Эҳтирос-ла куйланган, эй тунларнинг сирлари.

Мен сизга ачинмайман, бевафо дўст, жўралар,
Базмларнинг тожлари, даврада айланган жом.
Мен сизга ачинмайман, хиёноткор гўзаллар,
Мени хаёл банд этган, хурсандчилик қилмас ром

Қайда, қайда қолдингиз, ёшликдаги орзулар,
Ва қалбнинг сокинлиги эркалатган кезлари1!
Қани аввалги оташ, илҳом бахш этган завқлар,
Келинг, келинг, муштоқман, баҳоримнинг йиллари.

САДОҚАТЛИ ГРEК ҚИЗИ

Садоқатли грек қизи, йиғлама, ёринг
Душман ўқи кўксин тешиб шон билан ўлган.
Сен эмасми, кузатаркан ўз баҳодиринг,
Қонли шуҳрат жангларига йўлланма берган?
Дил сезаркан айрилиқнинг оғир ҳижронин,
Сўнг бор очди ёринг сенга иссиқ қучоғин,
Гўдагига бахт тилади тиёлмай ёшин,
Лекин, қора ялов эрк-ла ҳилпираб кетди.
Худди Аристогитондай қилич ўйнатиб,
Жангга ўзин отди-мардинг йиқила туриб
Жуда буюк ва муқаддас иш қилиб кетди.

….ГА

Ёқ, йўқ, муҳаббатнинг жўшқин раъйига
Энди мен бўлмасман телбаларча қул.
Озор ҳам бермайман дил оромига
Ёниш, ўрганишга ҳеч қўймайман йўл,

Бас энди, шайдолик етар! Ва аммо,
Не учун хаёлга толмайин бир зум,
Ногаҳон самовий, нозли, мусаффо
Қиз кўз олдимдан ўтаркан масъум?

Томоша қилмоққа тотли шавқ билан
Наҳотки, қолмади зарра ижозат?
Сукутда кузатмоқ, нигор изидан,
Тиламоқ мумкинмас бахту саодат.

Наҳот тилаб бўлмас ҳаёт неъматин
Унга ҳаловату ором ва шодлик?
Ҳаттоки барнонинг қалбига яқин
Рафиқа атовчи кимсага толе?

ВИДОЛАШУВ

Хаёлимда дилкаш қиёфанг
Эркалайман букун сўннги бор.
Қалбда умид уйғотиб аранг,
Қўрқоқ, ғамли ҳузурла севгинг
Эсламоқни қилдим ихтиёр.
Ўтиб борар умримиз йиллар —
Ўзгартириб ҳар иккимизни,
Эндилкда шоирга сендан
Совуқ қабр эпкини елар,
Ва сен учун шоир ҳам сўнган.
Юрагимнинг сўнгги видосин
Қабул этгин, э йироқ жонон:
Гўё бева қолган бир хотин,
Жўнатаркан қувғинга дўстин,
Сукут ичра қолган дўстсимон.

КEЧИРАРМИКИНСАН

Кечирармикансан орзумдаги рашк,
Ишқдаги бу сифат телба ёнишни?
Содиқсан! Не учун севасан, яккаш —
Фикру хаёлимга қўрқув солишни.

Жазманлар қуршаган сенинг атрофинг,
Кўринмак истайсан барчага дилбар.
Гоҳ мунис, гоҳ маъюс сенинг нигоҳинг
Ҳаммага нечун пуч умид бахш этар?

Ақлимни банд этиб, ўзимни мафтун,
Бу бахтсиз севгимга ишончим комил,
Кўрмайсан, шовқинли гурунгда бутун
Суҳбатга бегона изтиробда дил, —

Танҳолик ҳасратин чекаман толиб,
Маҳрумман илтифот ва шавқатингдан…
Кетмоқчи бўламан: қўрқиб, ёлвориб
Кўзларинг қидирмас менинг изимдан

Ишвали сўзлар-ла қилмоқ бўлиб ром,
Мени гапга тутиб қолса бир жонон. —
Сен беғам, осуда, қувноқсан мудом,
Бу таънанг мен учун ўлимдан ёмон!

Гапирчи не учун менинг рақибим,
Мену сен икковни кўраркан хилват,
Сенга нечун сирли қилади таъзим?..
Айт-чи, ким берибди бунга ижозат?

Сўйла-чи! Не учун тўлғанар рашкда,
Не учун оқарар жамолинг кўриб?
Не учун кун ва тун ўртаси пайтда
Онангсиз, сен танҳо оласан кутиб?!

Лекин мен севимли… Мен-ла қолганда
Шу қадар муниссан, шу қадар дилдор1!
Бўсанг ўт! сен ишқдан суҳбат очганда
Самимий юрагинг этилар изҳор1!

Сенга кулгилидир мендаги азоб
Ва лекин севасан етади ақлим.
Азизим, қийнама, ҳеч қолмади тоб.
Билмайсан, нақадар кучлидир ишқим,
Билмайсан, қандай зўр менда изтироб.

…ГА

Эсимдадир ажиб дам ҳали:
Кўз олдимда бўлдинг намоён,
Пок гўзаллик даҳоси каби,
Бир лаҳзалик хаёл, тушсимон.

Ғам-аламдан дилим ёнганда
Тушларимда кўрдим чеҳрангни,
Ҳаётдаги бўм-бўш суронда
Келиб турди товшинг жаранги.

Йиллар ўтди. Исён бўрони
Хаёлларим совурди дилдан.
Ва унутдим дилбар садонгни,
Ўчди азиз чеҳранг ёдимдан.

Қувғинликнинг чангида нурсиз
Ғамга тўлиб кунларим ботди;
Худо, илҳом, кўз ёшисиз,
Ишқ, изтироб, ҳаётсиз оқди.

Мана, қалбга ошно бўлди най,
Кўз олдимда бўлдинг намоён,
Гўзалликнинг соф парисидай,
Бир лаҳзалик ажиб тушсимон.

Руҳим яна уйғонди бу дам,
Яна унда тирилди нажот;
Яна дилда худо ва илҳом,
Кўз ёши-ю муҳаббат, ҳаёт.

АГАР СEНИ АЛДАСА ҲАЁТ

Агар сени алдаса ҳаёт
Сен ноумид бўлма ҳеч қачон.
Ғамли кунга қилгин итоат,
Хушнуд кунлар келади, ишон!

Қалб келажак ишқи-ла яшар;
Бу кунимиз қайғу ва доғли:
Бари оний, ўтишга шошар,
Ўтган эса, ҳамиша тотли.

ҚОНИМДА ЁНАДИ ОРЗУ ОТАШИ

Қонимда ёнади орзу оташи,
Сен менинг дилимга солдинг жароҳат;
Бўса ол:шаробу болдан ҳам ширин
Сенинг бўсаларинг,бағишлар роҳат.

Кел, меҳру севги-ла бошимга эгил,
Беисён, оромда тин олсин жоним:
Қувноқ, кун ботгунча уфққа енгил,
Қуюлгунча туннинг туманлари жим.

ЎЙЛАДИМКИ

Ўйладимки, юрак унутди
Муҳаббатнинг эзгу азобин,
Дедим ўтган бариси ўтди,
Ўтди. Қайтиб келмайди тағин.

Ўтиб кетди завқда, қайғуда
Ва ҳавойи енгил умидлар…
Аммо ўткир ҳусн олдида
Тушди яна ларзага улар.

Зулфия таржималари

“Пушкин асарлари мангу яшовчан ва доимий ҳаракатдаги, бир нуқтада тўхтаб қолмайдиган, яъни интиҳо билмайдиган, балки жамият онгида мунтазам ривожланиб, янгиланиб борадиган ҳодисалар сирасига киради. Ҳар бир давр у ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини айтади, уни қанчалар тўлиқ тушунсалар ҳам ўзларидан кейинги даврларга янада янгироқ ва ҳаққонийроқ фикрларни қолдиради, ҳеч бир давр ҳеч қачон ҳаммасини айтиб тугата олмайди…”, деб ёзганди В.Белинский “Рус адабиёти 1841 йилда” номли мақоласида.

Александр Сергеевич Пушкин рус адабий тилининг асосчиси, рус адабиётини юксакларга олиб чиққан “Россиянинг пешқадам шоири”, ҳаётлигидаёқ даҳолик мақомини олган ижодкор сифатида рус адабиётида реализм ва халқчиллик тамойилларини, қатор адабий жанрларнинг шаклланиши ва тараққиётига катта ҳисса қўшди. Пушкин ижоди жаҳон адабиёти ривожида ҳам, шубҳасиз, улкан аҳамиятга эга. Буюк шоир асарларининг ўзбек тилига дастлабки таржималари XIX асрнинг охирларидаёқ амалга оширилган ва шундан буён бу шеърият ўзбек шоир-таржимонларининг турли авлодлари учун мўъжизали оҳанрабо бўлиб келмоқда.

Пушкин ижодкор сифатида китобхонларимизга яхши таниш, аммо эътиборингизга ҳавола қилинаётган мазкур тўпламда Пушкин суҳбатдош қиёфасида намоён бўлади. “Пушкин гурунглари” (“Разговоры Пушкина”: М., “Федерация”, репринт, 1929 г. – М., Политиздат, 1991 г.) китобининг тўпловчиларидан бири Сергей Гассен 1929 йилги нашрга ёзган сўзбошисида буни лўнда қилиб ифодалаган эди: “Агар ўқувчига ушбу китоб саҳифалари ичра Пушкиннинг овози эшитилса, агар у Пушкин – шоирни, Пушкин – адибни билса, бу китобни ўқиб Пушкин – суҳбатдошни ҳис этса, биз олдимизга қўйган мақсадимизни рўёбга чиқарган бўламиз”.

Ҳозирга қадар рус тилида уч марта нашр этилган (“Книга” нашриёти, 1987 й.) ушбу ноёб китобнинг аҳамияти шундаки, у А.С.Пушкиннинг адабий давралари, яқин дўстлари ва рақиблари, айрим асарларининг яратилиш тарихи, унинг Ватанга, адабиётга муҳаббати, ўз замонасига ва замондош адибларга муносабатлари, қолаверса, оддий кундалик ҳаёт тарзи ҳақида кенг қамровли маълумот беради. Бошқача айтганда, бу асар ўнлаб муаллифлар ёзган парчалардан – юзлаб муносабатлардан шаклланган роман бўлиб, тасаввурингизда шоирнинг ҳаёт йўли намоён бўлади: 1811 йилдан бошлаб 12 ёшдаги лицей тарбияланувчиси улғайиб бораркан, унинг дунёқараши, ҳаётга, атрофидаги одамларга муносабати шаклланади ва ниҳоят, 1837 йил январь ойидаги даҳшатли дуэл воқеалари билан якунланади. Унинг ҳаёт йўлида Россиянинг чорак асрлик тарихи ўз аксини топган дейиш мумкин. Китоб даврийлик асосида, воқеалар кетма-кетлигида ташкил топгани ўқувчига қулай бўлса, турмушнинг турфа лавҳаларини қамраб олгани ва қизиқарли бўлишини таъминлаган.

Албатта, китоб яратувчилар шоир суҳбатларини ишончлилик нуқтаи назаридан жиддий ўрганишган: унинг назмий ва насрий асарларидан фойдаланишмаган, зеро, бу ижодий жараёндир; шунингдек, оддий салом-аликлар ва барчага маълум бўлган суҳбатлар ҳам киритилмаган. Бу ҳақида муаллифлар шундай ёзишади: “Ҳақиқатга зид ва нотўғри материалларнинг барчасини нашрдан қолдирдик, аммо тўпламга замонавий пушкинхонликда Пушкин суҳбатларининг на рад этиладиган, на тасдиқланадиган намуналарини ҳам киритишга қарор қилдик. Булар олдига юлдузча қўйилган”.

“Олимлар Пушкиннинг замондошлари билан ва замондошларининг у билан муносабатлари акс этган лавҳаларни акс эттиришда ўзига хос, ҳар доим ҳам уддалаб бўлмас, мураккаб жанр – суҳбат сўқмоғини танладилар. Бу йўлнинг мураккаблиги шундаки, ҳеч ким атайин, ўз вақтида Пушкин билан бўлган суҳбатларини ёзиб бормаган” – дея таъкидлайди китобнинг 1991 йилги наш­рига сўнгсўз ёзган фалсафа фанлари номзоди А. Никитин.

Сергей Гессен ва Лев Модзалевскийнинг библиографик ноёб китобга айланган “Пушкин гурунглари” тўплами ўзбек китобхонларининг улуғ адиб ҳақидаги тасаввурларини янада бойитишига ишончимиз комил.

 Таржимондан

- - -


< Orqaga qaytish