Хабар

Шоир Одил Икромнинг


Marta o'qildi

Шоир Одил Икромнинг "Ҳаёл мақбараси" янги китоби нашрдан чиқди.

 

   ИШҚ

Мен фақат кўнгилнинг хизматкориман,
Унинг истагини этурман адо.
Қурбақа, қурбақа, қурбақагинам,
Мен сенинг кўчангда юрган бир гадо.

Захкан ариқларда ой синар чил-чил,
Ям-яшил тўнингдан мўралайди тун.
Мендан қолиб кетар бир кун бу кўнгил,
Мен подшоҳ бўламан, ишонгил, бир кун.

Мен бездим жонимга теккан ўйлардан,
Ишончим қолмади на ёр, на дўстга.
Кимгадир ишониб аро йўлларда
Қолиб кетдим илон ташлаган пўстдай.

Ўл десанг, сен билан бирга ўлайин,
Мен ҳам ёш эмасман, сен ҳам қаридинг.
Сенга подшоҳлигим ёқмайди, тайин,
Менга ёқар сенинг қурбақалигинг.

* * *

Қаерларда эдим…
Ўзимдан нари,
Кун кўрдимми сени кўрмаган кунсиз?
Қисматнинг бағри тош гўяндалари
Қадринг қабри узра йиғлади унсиз.
Кўнглимдан кўнглингга ахтармай дарча,
Толеим дарзига изладим ямоқ.
Офатдан ҳол сўрдим шармандаларча,
Жонинг зулматлардан сўрганда талоқ.
Менда ҳам бор эди толиблик таъби,
Бахтим – сендан кичик, ёшим – каттароқ.
Кундага бош қўйган гуноҳкор каби
Кимнинг жуфти эдим – тоқатлари тоқ?
Ғафлат гирдобига чўкди дарёлар,
Хаёлинг мулкидан тониб кетди эрк.
Бошингдан бетиним кечди савдолар,
Гадонинг ризқига мўлтайган итдек.
Қуруқ туҳматларнинг этагидек нам –
Дилни тутқун этди тавқу тамғалар.
Осойиш тополмай ўтди ложарам,
Қорсиз қаҳратондай юпун лаҳзалар.
Огоҳлик уйғотар қўрқув, таҳлика,
Балокаш бардошга айланди боринг.
Эрмакдай туюлар иғво аҳлига,
Киприкка осилиб, чайқалган зоринг…
Қаерларда эдим…
Ўзимдан узоқ?
Бир таскин овутар озурда жонни:
Кўнглим саҳросида ўсган бир титроқ
Тоғдай кўтарилар…
Ўпар осмонни…

ҚОРА ЧЎҒ

Кўзларинг тубида тун бўлди ғойиб,
Кўзларинг тубида осмон ярақлар.
Осмонга узанган қўлларин ёйиб,
Ойни эмиб ётар урён дарахтлар.
Тун ёнар кўзларинг қорачиғида,
Кипригингга қўнар арзанда Ҳумой.
Зардобда занглаган офтоб тиғида
Кесилган сийнага ўхшаб кетар ой.
Заҳарланган ернинг қурсоғи каби
Қаппайган хазонлар эслатар гўрни.
Кўзларинг тубида тўлғанар сабил,
Ситилган кўз янглиғ бутоқдир ўрни.
Тухум қўйган каби оққуш хаёллар
Калланинг тиржайган чаноғига жим,
Кўзларинг тубида маъюс шамоллар
Гўянда арвоҳдай бошимда надим.
Кўзларинг тубидан сени қидирдим,
Устимда кулмоқда осмон ҳам, ой ҳам.
Мен икки дунёни унга сиғдирдим,
Мен – икки дунёга сиғмаган одам.
… Фақат, сенга – ёлғон, ўзимга аён,
Менинг тушларимга киради ҳар кун:
Сенинг кўзларингни эслатган осмон,
Сенинг кўзларингни соғинтирган тун.

***

Қайдадир бир юрак яшайди нотинч,
Қақшатиб, қақшайди кимнингдир қалби.
Йўлларда тириклай ёнмоқда соғинч,
Чораси қолмаган зардуштий каби.
Ҳозирча, тунларнинг пойгоҳидаман,
Мени чорламоқда залолат арши.
Мени қарши олар озурда туман,
Озурда юрагим – туманга қарши.
Ҳаммани бездирдим, ҳаммадан безиб,
Қачондир саргардон кезганман бунда.
Ҳаммани кечирдим, ҳаммадан кечиб,
Ҳилол даргоҳига сиғмаган тундай.
Қайси бир жасадга бўлдим кафанлик,
Қайси бир кафанга чулғанди бахтим?
Ақлимни тўлдирди қай бир баландлик,
Қайси бир чуқурни тўлдирди ақлим?..
Ёмғир ҳам ювмади юраклар доғин,
Менга ҳамроҳ бўлиб чарчади шамол…
Йўлларда тириклай ёнмоқда соғинч,
Чораси қолмаган зардуштий мисол.

ЯРИМ ТУН

Тун бўйи сиқтаган соғинчларим оч,
Кўкрагимга ботган кимнинг излари?
Нечун бунча совуқ лаънати қувонч,
Нечун, бунча гўзал ғамнинг кўзлари?

Бир тоза юракда келар яшагим,
Қанча юракларга келтирдим малол.
Нечун ўзим билан ўзим яшадим,
Нечун ўзимдан ҳам ўлигим ҳалол?

Юрагим талпинар, соғинч роҳида
Кўкрагимни босиб ўтди кунларим.
Юраклар қонидан, юрак қонидан
Нечун кўнгил тўлар,
Нечун тун — ярим?..

* * *
Яна ғолиб келди нохуш таъбирлар,
Ғойибдан келмас нур – субҳига содиқ…
Йўлингда дуч келган ҳиссиз бағирлар –
Эгасиз ўликнинг кўзидай очиқ.
Ёвузлик тийнати ўзгармайди, лек
Ҳар лаҳза ўзгарар ёруғлик урфи.
Бўйнингга осилди миннат тавқидек
Шарақлаб очилган эшиклар қулфи.
Тунлар – қора мушук,
Ўтмоқда бир-бир,
Жонингга ялиниб тегар бир қарғиш.
Беҳангом хатардан сесканар дилгир,
Дўпписин уч марта айлантирган қиш.
Кўз ёшинг кўзингдан қадимийроқдир,
Аввалинг айбига анжоминг – гувоҳ.
Серсавлат савобдан самимийроқдир
Хавфу умид аро мунғайган гуноҳ…
Кечиб кетолмайсан ўзингдан ҳамон,
Бор этиб ўзингда йўқликларингни.
Ҳасрат қузғунлари чайнар беомон
Кўнглингни тўқ тутган шўхликларингни.
Ғўдайган муҳитда топилмас бир мард,
Таҳдидлар бақрайиб турар бошингда.
Орзу айбдор эмас, сохта эмас дард,
Бахт – бачкана эмас сенинг ёшингда.
Умидинг уланар узун тунларга,
Бамисоли кўрнинг кўрган тушлари.
Сендан салом айтар ёруғ кунларга
Қафасдан мосуво қадринг қушлари.
Қайғурма, тўмтоқ тиғ зарбаси – қалтис,
Ошкор этма жонинг жароҳатини.
Кўнглингни синдирган тош диллар ҳаргиз
Синдиролмас кўнгил таҳоратини…
Айёш айёмидан ахтариб сурур,
Итлар тураверсин, ҳозирча, ҳуриб.
Ҳисларим мозорин тўлдирган, эй Нур,
Ёдимга келарсан
Бир кун
Югуриб…

ОҚ АЛАҲЛАШ

Соғинч оғир, соғинч чўкар оҳимга,
Кўзларимга тиғдай ботиб кетар хоб.
«Бир кеча шафқат сўр қатлгоҳимга,
Бир кеча мен билан бирга қол, офтоб…»
Бежо кўзларимни осмонга тикиб.
Нигоҳимни ердан олмасман тақир.
«Мен энди кетарман жонимдай чиқиб,
Оймомо, мени кўр кўзлардан яшир…»
Бошим тандан жудо, хаёлим жудо
Қон каби сочилган густоҳ ҳислардан.
«Сени юрагимда асрайман, Худо,
Худо асраса бас худосизлардан…»
Сенинг тирноғингга, ҳатто, арзимас,
Кўзимда суякдай чайналган сукун.
«Дунёнинг дунёдан қолган қарзиман,
Мен тағин дунёга қайтарман, қузғун…»
Қоронғи тушмасдан келақолгил, тун,
Қоронғи тушмасдан кетақол, офтоб.
«Фақат кўзларимни косасига сун,
Фақат кўзларимни… кўзларимни ёп…»

***

Бизнинг орамизда нима қолди, айт,
Юраклар – таланган маъводай юпун.
Орамиздан ўтар ҳар дуойи бад,
Орамиздан ўтар Худо урган тун.
Баъзида, юракни кўмар нолага,
Юраклар оралаб ўтган ер изи.
Баъзида, осмон ҳам тушар орага:
Зарҳал ҳарф битилган чўчқа териси.
Орадан ой ўтар – ойсиз тунларим,
Орадан йил ўтар – чўзилган қасос.
Сенсиз ўтаётган менинг кунларим
Менинг гуноҳимдан ўтмайди холос.
Орадан бешафқат ўтиб кетар вақт,
Биз бевақт қартайган норасидамиз.
Бизнинг орамизда нима қолди, айт,
Жавоб бер, кимларнинг орасидамиз?..

САЗОЙИ

Кўзинг – чироқ кўрган чилладек басир,
Ёвуқ келтирарман сенга қурбимни.
Биламан, гуноҳим қолмайди сағир,
Кўргулигим кесар қулоқ, бурнимни.
Сувга зор дарёдек ёнимдан ўтди
Ҳақир умидларим…
Мендан уялар.
Гуноҳим бир қошиқ қонимдан ўтди,
Юзимдан ўтолмас қоракуялар.
Кечмишим айбидан тонган лаҳзалар
Талаб водийсида жон этар таслим.
Кўнглимдан бадномлик изин ахтарар
Телба бўлиш учун етмаган ақлим.
Хайру ҳикмат бордек кулфат сўнгида,
Кўнгилга боқай деб кўзимни юмдим.
Сазойи этилди ҳар кўз ўнгида
Эшакка тескари минган бу умрим.
Тандан безган жоним
Вайрона сари
Тирик жасадимни элтар уйқудек.
Не-не қурбонликка ярайди ҳали
Зиндоний ҳислардан булғанмаган эрк.
Биламан, жон учун манзил фалакдир,
Оллоҳ ҳузури деб билмасман гўрни.
Ўзига келолмай, келтирар такбир
Қорайган дарчадек юлдузлар ўрни…
Дил ўтда ўртанса,
Бахш этиб салқин,
Халил гулзорига дўнгай жаҳаннам.
Боқ, битта осийман,
Битгунча авфин
Қисмат хокидан бош чиқарган қалам.
Билмасман, не ниҳон Лавҳи Маҳфузда,
Қароғинг даштида кезган хотирман.
Азим гуноҳларнинг маснади узра
Кўзларинг ўнгидан ўтаётирман…

***

Кўзингда бир калом тентирар унсиз,
Кўзингда бир қайғу жилмаяр маъсум.
Ахир мен – кафанга ўралган бир ҳис,
Кўзларинг оқига чулғанган мардум.
Ахир мен – заминда яшаган осмон,
Ахир мен – осмонга етмаган овоз.
Ахир бу дунёнинг ростлиги – ёлғон,
Ахир бу дунёнинг ёлғонлиги – рост.
Ахир бу дунёда мен бошқа дунё,
Меники эмас бу ўткинчи кадар.
Ахир мен қирқ йилда бўлай деб бунёд,
Кечдим тўққиз ойлик дунёдан бадар.
Жисмимни киннадай ёриб кирган жон
Чақирганим билан чиқмас бир муддат.
Ёлворганим билан ёришмайди тонг,
Ҳайдаганим билан кетмайди зулмат.
Айтсанг-да – айтмасанг кетарман тўзиб,
Гумроҳман – йўлимга тикаверма кўз.
Ахир мен – дунёга ўтмаган сўзинг,
Ахир мен – дунёдан ўтаётган сўз…

ДУНЁНИНГ ТАГИ

Бир ёнда ғам, бир ёнда беғам,
Қон қонга, жон жонга қасд экан.
Жон қадрига етайин десам,
Куйган жоннинг қадри паст экан.

Мунофиқлар ёрнинг ишқидан
Маст бўлмаган майпараст экан.
Номи улуғ экан ризқидан,
Оҳангидан авжи паст экан.

Балогардон бўлмади ҳеч ким,
Чунки, бало забардаст экан.
Бу дунёнинг тагига етдим,
Бу дунёнинг таги паст экан…

***

Хазонрез боғларда жилмаяди куз,
Оғир гуноҳ каби тўкилар хазон.
Бу кўҳна дунёга боқар ёруғ юз,
Кўҳна дунёдаги энг кўҳна армон.
Юракни ўйнатиб, ўйнайди қадим,
Қўрқинчли боғ ичра ҳасрат жинлари,
Соғинчдан қабариб кетар юрагим,
Қирқ кун гўрда ётган ўлик сингари.
Аммо кетолмасман ғурбатдан қочиб,
Қайси бир турбатда тентирар танам.
Сен билан тирикдир саркаш қувончим,
Сен билан гўзалдир мозорбости ғам.
Кузак қучоғида мудраб ётар боғ,
Шамол ҳам арвоҳдай кезмас телбавор.
Фақатгина сенинг нафасинг уйғоқ,
Фақатгина сенинг соғинчинг бедор.
Хазонрез боғларда жилмаяр кузак,
У – ёруғ кунларнинг унут арвоҳи.
Мен жон аччиғида титрайман, юрак –
Заққум дарахтининг япроғи…

* * *

Мен келдим ўзимни ўлдирган жойга,
Ой – гувоҳ, мен бунда топганман тўзим.
Раҳмат дейман мени таниган ойга,
Бироқ танимайман ўзимни ўзим.
Хаёл етаклайди қақшатиб, қақшаб,
Эгасиз ит каби эргашаман жим.
Ахир келармидим ўзимни алдаб,
Агар ҳайдалмасам ўзимдан ўзим?..
Кетарман, қўлимдан тутмайди хаёл,
Кетарман, йўлларни кўрмайди кўзим.
Менга хотиралар келмоқда малол,
Қайтиб келолмасман ўзимга ўзим.
Қолса, осмон қолар, қолса, ер қолар,
Кўзларингда қолиб кетмасман ёшдай.
Қолса, никоҳингда битта эр қолар,
Ой қолар – мен олиб кетмаган бошдай…

***

Тоқат қил…
Оғир бўл, дардни эмиздинг,
Бебош хаёлимдай кетмагин тўзиб.
Ризқимиздай синган бардошимизнинг
Ерда изи қолар, осмонда ўзи.
Ёлғизоёқ йўлдир савобнинг йўли,
Ўзингдан кетмагил, ўзгалардан қоч.
Қўявер, бир куни сенга жўр бўлиб,
Оҳимга етса бир йўнилган оғоч…
Кунларни санайсан ақлдан озиб,
Тундошингга дўнар ёлғиз ирода.
Бир кун тўкилгайдир тоқати тошиб,
Ҳовучингга тўлган бир коса бода…
Нигоҳ тийғи бирлан ёдингни йўнгил,
Мунаққаш чўққилар беролмагай панд.
Кўзларинг ёшига чўкмаган кўнгил, –
Отанг ётган уйнинг томидай баланд.
Барча фарёдингни ютасан ичга,
Бунча ардоқладинг ҳижронни, ғамни?
Гургзода дунёда бўрилар ичра
Шу пайтгача тирик юрганинг камми?!..
Топилар ўртанган армонларга ном,
Бир умр гумонда қолмассан мангу.
Бағримда офатлар олмоқда ором,
Кўриб қўй, мен тоқат қилаяпман-ку.

ХАЁЛ

Гапирма, туз сепма эски ярамга,
Эслатма, қўй энди ўшаларингни.
Захлаган хаёллар олар аланга,
Эсласам зардуштий бўсаларингни.
Қақшаган юракдай ёнар осуда,
Кўнгилнинг қўл етмас тор гўшалари.
Кўзингда порлаган тубсиз ёғдудан
Ёришар ёдимнинг жинкўчалари…
Ўзингдан кетасан… Йиғлагинг келар,
Ўзингдан кетасан ўзиб, ўзгариб.
Ҳувиллаган хона дилингни эзар,
Кўнгилни бўшатсанг, тўлар кўзларинг…
Васлни тушунмас ақли кирган ишқ,
Айрилиқ нелигин англамас фироқ.
Мадорлар қурийди, тўкилгай сиришк,
Лабларим қонади, қонмади бироқ.
Дилимда аросат шамлари сўнди,
Ўт кетди эркимнинг қафасларига.
Чирсиллаган чўғдай кетарман шўнғиб
Хаёлимнинг қақроқ нафасларига…
Жонингга ҳар икки олам даъвогар,
Жонингга тегмасин аҳли бетамиз.
Ўшал ғайбдан келган беайб маъвога,
Агар насиб бўлса, бир кун етамиз.

ЮРАК ЎFИРИ

Эски тегирмондай дукиллар юрак,
Ваҳмдан оқарди янчилган умр.
Бешафқат меҳрдай кечиккан кузак
Шафиқ хаёлингдан сўрайди узр.
Жонингни ўртайди жаҳаннам тафти,
Дилингда дунёлар айлар жангу жўш.
Чўғ сўраб ёлворган умидинг кафти
Боласиз ҳовлининг ялоғидай бўш.
Кун ботар сўзининг устидан чиқиб,
Кир босган ёқадай кўринар шафақ.
Fазабини сочиб, қурбини йиғиб
Йўлтўша сўрайди жонингдан рамақ.
Қоронғи осмонда ой кетар синиб,
Сен қараб турибсан кўзингни узмай.
Гуноҳимни ювган ёшларинг илиқ,
Манглайимни эса тер босар муздай.
Ёлғон уясида урчийди фасод,
Сичқоннинг инида жон сақлар кадар.
Масхара туюлар ҳар қандай нажот,
Бўғизда булғанар зардобу заҳар.
Ютоққан ваҳмнинг харобатида
Ҳирсини қондирар Меҳр, Адоват.
Қолмасанг қайғунинг касофатига,
Кулгунинг зўридан сингай таҳорат.
Сочларинг рангидай тунлар – мунофиқ,
Қайғунинг кўзидай ҳислар – мустаманд.
Ишқнинг манглайига битилган ёзиқ,
Ишқнинг мозорида ўқилар баланд.
Музлаган кўнгилни овутар томуғ,
Кўнгилни дунёдан совутар оғуш.
Тунлар – сен дуч келган хатардай ёвуқ,
Кунлар – сен кутмаган хабардай нохуш.
Ахир адо қилдинг кунларни санаб,
Қирқ йиллик қувончинг кетмайди тўзиб.
Кифтингдан тушмайди сарғайган ғазаб,
Кўнгилни кўтариб, терлади кўзинг.
Кўргулик ўшадир, саҳфалар бўлак,
Қисмат китобининг бетлари юмуқ.
Ҳозирча ярадор юрагинг – гўдак,
Ҳозирча беғубор кўз ёшинг – улуғ.

***

Оёғимдан ғам чалар эди,
Болаликда йиқилсам ҳар дам.
Мени ердан кўтарар эди.
Онагинам, бечора онам.

Энди эса… Энди одамлар,
Йиқилсам ҳам парво қилмайди.
Энди эса… Энди у дамлар
Ёдимдан ҳеч кўтарилмайди.

Оёғимдан чалиб кетса ғам,
Кўтармагил, кўнглимни овут.
Мен биламан, энди йиқилсам
Мени ердан кўтарар тобут.

***

Кўзларинг чўғига беролмасман дош,
Зорим етар, аммо етмайди зўрим.
Агар одам бўлсам, қоларман бебош,
Агар ошиқ бўлсам, қурийди шўрим.
Кўзларинг чўғидан ёришар ғулув,
Кўзингда акс этар ёришган само.
Номаҳрам ўт билан ўйнашади сув,
Тирик тупроқ билан олишар ҳаво.
Кўзларинг чўғида елпинади тонг,
Олачипор тунлар судралар базўр.
Шундай ярақлайди тандан чиқса жон,
Шундай чарақлайди нурга тўлса гўр.

***

Шаффоф сувга чўккан қуйқадай
Кўзларингга чўкдим таҳ-батаҳ.
Вужудимни буткул чулғагай
Кўзларингда кўз очган фараҳ.
Тўкиламан, киприк қоқмайсан,
Шам ёлқини титрайди, камгап.
Ёқимлисан, ёқиб-ёқмайсан,
Ёниб адо бўлмаган шамга.
Оҳ-зорларим ташлайди кўмиб,
Оҳларингни жимлигинггача.
Осмон каби кетарман тўлиб,
Кипригингдан кипригинггача.
Тўкиламан тун бўйи, тонгда
Вужудимдан қолмайди нишон.
Бу хилқатдан, бу тегирмондан
Чиқса, фақат, бутун чиқар жон.

ЖАЗО

Сендан алам олар аламзодалар,
Азобга тўймайди соғинч – алвасти.
Барибир, ёнингга қайтаман бадар,
Менинг шеърпарастим, менинг сарбастим.
Ортимдан эргашди овора бўлиб,
Толиққан вужудим – қирқ йиллик жазо.
Дарахтлар минг бора тирилди-ўлиб,
Савдолар, ғавғолар, ишқ… Ва ҳоказо…
Садақа қилинган жоннинг савоби
Қайтгандек қайтади мендек гумдонлар.
Дўконда сотилмас ишқнинг шароби,
Шайх Санъон бўлолмас барча хукбонлар.
Мен кетсам офатлар ўлмас очидан,
Мен кетсам ўзини ўлдирмас ҳилол.
Титрайсан, кимнингдир тийра сочига
Бевақт оралаган оқ тола мисол.
Юракнинг кулбаси ёнмоқда ҳамон,
Залолат йўлини ёритмас ёнғин.
Қачондир қайтаман, бу кимсасиз жон
То ёруғ кунларга бир бор ишонсин.
Густоҳлик ахтарма ўтган хатодан,
Мен – ожиз бир банда, умр – норасо.
Мендан кейин қолар дорилфанода,
Ҳеч бир жонга насиб этмаган жазо…

***

Қўлим очилмайди, ўлгунимча то
Сендан яширганим – ўша бир нарса.
Менинг бандалигим бўлгунча бажо,
Билмайсан.
Билмайсан, бу хаёл Искандарнинг ҳам
Қўлидан келмаган орзуси, ўйи.
Қўлимдан келади ахир, азизам,
Қўлим очилганда – сочларинг бўйи.

Йўлим очилмайди, ўлгунимча то
Йўлимга сиғмаган битта қилдайсан.
Фолбинлар – ёлғончи, таъбирлар – хато,
Билмайсан.
Билмайсан, бир куни тумонат одам
Ортимдан эргашар шошиб-шошмасдан.
Йўлни мен бошлайман ахир, азизам,
Йўлни мен бошлайман қадам босмасдан.

Кўзим очилмайди, бошқа одам у –
Кўзин катта-катта очиб жилмайган.
Мен сендан бир дунё яширдим мангу,
Билмайсан.
Билмайсан, сен – дунё кўрмаган одам,
У – ғамгин юракнинг ёстиқдошлари.
Кўзимда яшайди ахир, азизам,
Кўзимда – кўзингнинг ёшлари…

ХАЁЛ ПАРЧАЛАРИ

Эрта очилган бу кўзимни юмгин,
Кун кўрганим билан кўз очолмайман.
Тушимда ўзгариб туришим мумкин,
Ўнгимда ўзимни йўқотолмайман.
Кўзим, оғирлигим ҳеч кимга тушмас,
Кўр эмасман, кимдир етакламайди.
Менинг осмонимда товуқлар учмас,
Бургутлар ҳеч қачон эмакламайди.
Ўзимни оқлашга эмасман қодир,
Ёруғ кечаларда қоралаб қоғоз.
Барча гўдакларнинг отаси бордир,
Баъзи хотинларнинг эри йўқ холос…
Манзили ноаён сўнгги номадай
Қолиб кетмас жисмим, жоним чанг босиб.
Бир кун гўрга тиқар макруҳзодалар,
Ўлмаган жонимни ҳайратга солиб.
Жаноза ўқидим ўзимга ўзим,
Гўр қаздим юрагим ерини ўйиб.
Қалбимнинг энг чуқур ерига кўмдим,
Ўлган ишқ ҳурматин жойига қўйиб.
Уммондан улоқиб кетган қатраман,
Заҳар томди заққум сатрларимдан.
Ёт кўнгил меҳридан бўлдим баҳраманд,
Мен ёрдам кутганда яқинларимдан…
Ҳолимга йиғлама, ҳолимга кулгин,
Кун кўрганим билан кўз очолмайман.
Қайғудан ўзимни топишим мумкин,
Шодликдан ўзимни йўқотолмайман…

ҚУШ ТИЛИ

Мени бошлаб кетар бир кун қадрингга,
Армоним кўмилган ёлғизоёқ йўл.
Энг узун афсона сўйлар қаршингда,
Оҳига осмонлар етмаган бир қўл.
Бенаво туйғулар очирмайди кўз,
Сўзларим тўкилар юракка сиғмай.
Бўғзимда қалтираб турибди бир сўз,
Fилофида қолиб занглаган тиғдай.
Кўнгилдан чиқмади мен суйган калом,
Тилимни тушунмас ёру дўстларим.
Номингдан йўллайди самовий салом,
Қанотинг остига олган сўзларим.
Йиғлоқи булбуллар қолди бенаво,
Қузғунлар тўдаси айлаганда даф.
Таниш қарғаларни билмадим аммо,
Мен билган чумчуқлар чирқиллар бенаф…
Куйларим сабрсиз сукут ичрадир,
Шовқинлар остидан чиқмади бутун.
Оҳангинг олдида тилим қисқадир,
Осмонинг остида қўлларим – узун.
Энтикиб кетади эҳтирослардан,
Бағрингда ўлгиси келган бир вужуд.
Сўзингдан иқтибос келтиролмайман,
Сенга келтираман юракдан сужуд.
Ўқ теккан оққушдай қолди оҳ уриб,
Мени тирилтирган жимжит ҳасратинг.
Ўзимни ўзимдан асрамай туриб,
Сен мени ўлимдан нечун асрадинг?!..
Сурур саҳросига излайман маъво,
Дардлар дарёсига соҳил ёллайман.
Кимдан қўрқишимни англадим, аммо
Қачон қўрққанимни эслай олмайман.
Мен сени олдинроқ топмадим нечун,
Нечун кетолмайман жонимдан тўйиб?..
Тилсиз орзуларим йиғлайди беун,
Армон елкасига бошини қўйиб.
Ўтиб кетаман жон талвасасида,
Фурсатим қисқадир, йўллар – чўзилган.
Ишқнинг сўнгги манзил, мартабасида
Баъзан тилдан қолдим, баъзан кўнгилдан…
Бир кун бошлаб кетар ғам кулбасига,
Тилини ёлғиз мен тушунган йиғи.
Ярақлар дўзахий шам шуъласида,
Тандан суғурилган жонимнинг тиғи…

ҲАЛОКАТ

Совиган кўнгиллар газандасидай
Каппамни ёндирди ёниқ нафаслар.
Кесакдан чиққан ўт алангасида
Ёниб кетди менга ёпишган хаслар.

Чўккан кўнгилнинг соф, тиниқ дардлари
Қолмади одамзод расми-русмида.
Дил тубида оққан дарё мавжлари
Кўлмакка айланди аччиқ устида.

Шайтоннинг ахта, ҳез югурдаклари
Мардлик даъво қилиб, фаришта бўлар.
Кеча дордан қочган гуноҳлар бари
Букун оёғимга осилиб ўлар.

БУҚАЛАМУН

Бир кун ошкор бўлиб чиқади дардинг
Ичингдан иситманг, иссиғинг билан.
Кеча ямоғингни кўз-кўз қилардинг,
Бугун мақтанасан йиртиғинг билан.
Қашшоқлик тантана қилган замонда
Сир тутдинг ёмонлик ва неклигингни.
Ўзлигин англаган дориломонда
Яширасан оддий ўзбеклигингни…
Бугун ўқ тополсанг дарҳол отардинг,
Кеча бағир очган сирдошларингни.
Кеча ўз дардингни тўкиб солардинг,
Бугун яширасан кўз ёшларингни.
Кеча чопқилардинг эчкидай шўхчан,
Бугун оғилига қамалган говсан.
Кеча эдинг сен тоғ қазиган кўҳкан,
Кеча гўр эмасдинг…
Бугун гўрковсан…

ЭЛЛИГИНЧИ ҚИШ

Эллик йил яшадим, баъзан озурда,
Баъзан дабдаба-ю дағдаға қилиб.
Гоҳ жимжитлик, гоҳо ғала-ғовурда
Эллик йил яшадим қанақа қилиб?!..

Эллик йил яшадим, пинҳону ошкор
Умримнинг борига барака қилиб.
Гоҳида беминнат садақага зор,
Гоҳида жонимни садақа қилиб.

Эллик йил яшадим, беғам, серташвиш,
Гоҳ катта, гоҳ кичик маърака қилиб…
Остонамда турар эллигинчи қиш,
Элликта баҳорни калака қилиб…

ЁДЛАР

Балки, хаёлингга келарман кўчиб,
Ё кетгум кимнингдир телба ёдига.
Чалажон умидлар баҳридан ўтиб,
Чўкарман азобнинг гирдибодига.
Балки, бегоналар бўшатар бағрин,
Деворлар тўсмайди мендан барчани.
Кимдир, эсин йиғиб, тўзғитар тағин,
Юракда жунжиккан чўғни, лахчани.
Балки, юрагимнинг илтижосига
Кўмилиб, ўз қадрин йўқотган хасман.
Балки, ёру дўстлар илтимосига,
Мен икки дунёмни алмаштирмасман.
Балки, ҳасратгўйлар, юраги тошиб,
Ёдимнинг устидан тўкар мағзава.
Аламдан задалар кўтарар бошин,
Байроққа айланган каби пайтава.
Балки, қай бир садо келар аланглаб,
Мени қиёматдан айлагай огоҳ.
Кимнингдир кўз ёши, тунда чарақлаб,
Қоп-қора йўлимни ёритар ногоҳ.
Балки, хаёлимни қақшатиб, наркуш
Ва мунглиғ номалар келар номингдан.
Ёлғизлик дилимга суйкалар сархуш,
Мен чиқиб кетаман ёлғиз ёдингдан.
Балки, ўзга юртнинг сўзон даштида
Менсиз ҳам порласа сўлим оймома.
Кимдир сенга, куйган юрак фаслида,
Эртаклар юртидан келтирмас нома.

Очилмаган кўздай, очирмайди кўз,
Имонидан боши қаттиқ ғалвалар.
Кутганда, қошингга келолмаган дўст,
Кутилмаган бевақт ажалдан баттар.
Руҳлар қиёматнинг озурдасидир,
Одам – ҳали ажал англамаган роз.
Тириклик – ўлмаган жон мурдасидир,
Ўлим – жоннинг йиртиқ жандаси, холос…
Мен тўзим тилайман жон балосига,
Балолар жонига диёнат сўрдим.
Унутилган ёдлар хонақоҳига
Ёдим қайтиб келар,
Қайтмасман ўзим


  011 

"Шеър шундай ҳодисаки, ундаги ҳар бир Сўзнинг ортида бутун бошли дунёлар яширин болади. Ўзи билан тугаган сўз - шеърники эмас. Шеърни хис этмоқ, англамоқ учун Сўз чуқурликларига тушмоқ лозим болади. Бу шундай чуқурликки, унга тушганингиз сайин юлдузли осмонга поғонама-поғона чиқиб бораётгандек бўлаверасиз.

Шеърдаги хар бир сўз уз шеригига эга. Шериклик, тақозодорлик тазодий, ташбеҳий, тимсолий жиҳатлардан содир бўлади. Бу - Аллохнинг ягоналигини, қолган барча нарса-ҳодисаларнинг шериги, ўхшаши болигини ҳис ва эътироф этиш хосиласидир.

Бетақрор шоир Одил Икромнинг шеърларини ўкир экансиз, кўнглингиздан ана шундай ўйлар кечади ва кўпдан буён, эҳтимол умрбод соғиниб юрганингиз нианидир топгандай бўласиз...".

  "Ҳаёл мақбараси"  китобига ёзилган мақоладан.

- - -


< Orqaga qaytish