Marta o'qildi
Баҳор шеърлари. Абдулла Орипов 80 ёшда.
СОҒИНЧ
Сени соғинсинлар,
Сен кўп соғиндинг,
Чора йўқ барибир икки ҳолда ҳам.
Дарёдек тошардинг, кўл каби тиндинг,
Фақат руҳинг қолди сен билан ҳамдам.
Афсус, соғинчнинг ҳам бордир адоғи,
Кейин унутилиш, бари абасдир.
Соғинган одамнинг кўнглида доғи,
Соғинтирганга ҳам осон эмасдир.
28.01.2015
ШАРҲ
Бу дунёда соддалар бисёр,
Ўтмишда ҳам учраган анча.
Бири дейди: – Иқтидоринг бор,
Шунинг учун бергансан қанча?
Бошқаси дер: – Ақлинг зўр чиндан,
Гапни гапга роса уладинг.
Жон оғайни, яширма мендан,
Бунинг учун қанча тўладинг?
Дейман, йўқдир уларнинг нархи,
Улар – ҳаёт, улар – зарурат.
Лекин бордир озгина шарҳи:
Текин эрур нодонлик фақат.
15.01.2015
Бутун бўлолмадим,
Жоним ҳам ярим,
Лекин тўлиқ сездим
Тириклик сасин.
Беозор дўстларим-
Чумолиларим,
Гурс-гурс қадам ташланг,
Тангри қўллансин.
ПАРҲЕЗ
Бир бемор касали қўзиб турган кез,
Дўхтирга борганди, буюрди парҳез.
Деди:
— Камайтиринг ёғлиқ кабобни,
Конякнинг ўрнига тортинг гулобни.
Бедана шўрвадан оз-оздан ичинг,
Сомса ва нориндан тамом воз кечинг.
Бемор тушиб қолди ғалати ҳолга,
Сўнгра изоҳ берди ушбу аҳволга:
— Дўхтиржон, кўнгилни қилаберинг тўқ,
Бундай таомларни кўрганим ҳам йўқ.
ИФТИХОР
Мен уни кўрганман, дер эди биров,
Ёнида турганман, дер эди биров.
Каттакон мажлисда ҳеч аямасдан
Мен уни урганман, дер эди биров.
ТАКЛИФНОМА
Сўкар, дунё деган бир ғамхонани,
Киборларни сўкар ғазабга тўлиб.
Ва лекин тўй қилса, “Таклифнома”ни
Ўшаларга элтар биринчи бўлиб.
ТЎЙЛАР
Тўйга айтган эди азиз бир дўстим,
Дўконни айланиб, совға ҳам олдим.
Бордим, тўйхонада йўқ эди ҳеч ким,
Янглишиб келибман мен бир кун олдин.
Яна бир оғайним, ўз-ўзига тўқ,
Тўй қилишни кутди, кутди ичикиб.
Борсам, тантанадан зарра нишон йўқ,
Ахир, мен келибман бир кун кечикиб.
Ҳаёт шукронага мутлоқ муносиб,
Тириклик ўзидир олий мукофот.
Ҳар кимга бахт-иқбол айласин насиб,
Уйсизга уй берсин, беморга нажот.
Тўйнинг-ку узрини айтмоқлик осон,
Қутловнинг эшиги ҳамиша очиқ.
Лек дилингни қийнар бошқа бир армон,
Қайда у — насибанг, сенга ярашиқ.
Ёнма-ён юраркан севинч билан ғам,
Бир ҳолни тушунмай, ҳайронман, аммо
Дунёни неъматим дегандинг, Эгам,
Эрта келдимми мен, кечикдимми ё?
16.09.2014
ДЎСТЛАР ВА РАҚИБЛАР
Ёшлик йилларимни эслайман секин,
Гоҳида тинибман, гоҳида қайнаб.
Турфа сатрларни битибман, лекин
Бир сўз ҳам ёзмабман қаламни қийнаб.
Ўрни келганида кечдим дарёдан,
Битта ўзим қолдим гирдобда гоҳо.
Куч олдим дўстларим берган ҳирмондан,
Тортди оёғимдан рақиблар аммо.
Агар тоғ аталса у шонли равоқ,
Олтин зинасига қўйдим бир кун бош.
Дўстларим қутловга қўл чўзди, бироқ
Рақиблар тепадан отиб турди тош.
Равон йўл йўқ экан, ҳар ён сўқмоқдир,
Йўлбарс ҳам юрмаган чигал бу ўрмон.
Дўстлар-ку юлдуздек сенга маёқдир,
Рақиблар билдирмай қўярлар қопқон.
Бу ёруғ дунёда йўл юриб албат,
Охири тўхтайсан, паймонанг тўлиб.
Ўша кун дўстларга бермасдан навбат,
Рақиблар сўз айтар биринчи бўлиб.
Инсонга кўргилик азалдан ўтган,
Доимо виждонга келтирганлар шак.
Худойим ургану пайғамбар туртган
Рақибнинг устози — Иблисдир бешак.
29.01.2015 йил
КУНДАЛИК ГАПЛАР
Менга ташвишлардан йироқ юр, дейсан,
Чарчагансан, дейсан, шундайликча ҳам.
Фақат сен муттасил ғамимни ейсан,
Лекин ҳаёт бошқа, азизам, бекам.
Магар кирсанг бирор дорихонага,
Киссавур ургандай чиқасан бўм-бўш.
Ишонгин ҳозирги бу афсонага,
Нолимай, ақчангга қилгин хайр-хўш.
Ишхонанг эшигин бесўроқ албат
Кимдир очиб кирар салобат билан.
Ҳеч бир муросага қилолмас тоқат,
Даҳоман, дейди у важоҳат билан.
Уйингга қайтасан, набиралар шод,
Бобом келдилар, деб солади чуввос.
Сен учун ўша дам бошланар ҳаёт,
Тоза ва мусаффо хаёлингга мос.
Гўё ўзанига тушгандай дарё,
Гўёки йўқ энди ҳеч кимдан гинанг.
Чой келар, шопириб қарайсан, оббо,
Дамлашни билмабди кичкинтойгинанг.
18.03.2015
МУЛК
Ожиз банда, гапларимни кўнглингга олма,
Замин Аллоҳ мулки эрур, сен чангал солма.
Мусофирсан, муҳожирсан ернинг устида,
Муддатингни яшадингми – йўлингдан қолма!
Ҳ А Ё Т
Буви набирасин авайлар ҳар вақт,
Шамоллаб қолма, деб уқдирар фақат.
Набираси дейди: – Соғ юринг Сиз ҳам,
Биламан, бувижон, дорилар қиммат.
ХЕШУ АҚРАБО
Ишларинг юришиб тургани асно,
Кўпайиб кетади хешу ақрабо.
Дарвиннинг китобин қўлтиқлаб олиб,
“Тоға”, деб келади маймун ҳам ҳатто.
Абдулла Орипов (21.03. 1941 — 05.11.2016) Қашқадарё вилояти, Косон туманига қарашли Некўз қишлоғида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (1990). Ўзбекистон Қаҳрамони (1998). ТошДУнинг журналистика факултетини тугатган (1963). Илк шеърлар тўплами — «Митти юлдуз» (1965). «Кўзларим йўлингда» (1966), «Онажон» (1969), «Руҳим», «Ўзбекистон» (1971), «Хотирот», «Юртим шамоли» (1974), «Юзма-юз», «Ҳайрат» (1979), «Нажот қалъаси» (1981), «Йиллар армони» (1983), «Ҳаж дафтари», «Муножот» (1992), «Сайланма» (1996), «Дунё» (1999), «Шоир юраги» (2003), 4 жилдлик «Танланган асарлар» ва бошқа шеърий китоблари нашр этилган. Достонлар ҳам ёзган («Жаннатга йўл», 1978; «Соҳибқирон», 1996). «Соҳибқирон» (1998) шеърий драмаси республиканинг барча йирик театрларида саҳналаштирилган. Дантенинг «Илоҳий комедия»сини, А. Н. Некрасов, Л. Украинка, Т. Шевченко, Р. Ҳамзатов, Қ. Қулиев асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг матнини ёзган (1992). Ҳамза (1983) ҳамда Алишер Навоий номидаги (1992) Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотлари лауреати.
Хуршид Даврон кутубхонаси.
- - -