Шеърият


Marta o'qildi

"Мени мен истаган ўз суҳбатига аржуманд этмас.."..Мозий қалби ғазаллари. Алишер Навоий.

Кеча келгумдур дебон, ул сарву гулрў келмади.
Кўзларимга кеча тонг отқунча уйқу келмади.

Лаҳза-лаҳза чиқтиму, чектим йўлида интизор,
Келди жон оғзимғаю, ул шўхи бадхў келмади

Ул париваш ҳажридинким йиғладим девонавор.
Кимса бормуким, они кўрганда кулгу келмади.

Толиби содиқ топилмас, йўқса ким қўйди қадам
Йўлғаким, аввал қадам маъшуқи ўтру келмади.

Эй Навоий бода бирла хуррам эт кўнглунг уйин
Не учунким, бода келган уйга қайғу келмади.

ҚАРО КЎЗУМ

Қаро кўзум, келу мардумлуғ эмди фан қилғил,

Кўзум қаросида мардум киби ватан қилғил.

Юзунг гулига кўнгул равзасин яса гулшан,

Қадинг ниҳолиға жон гулшанин чаман қилғил.

Таковарингға бағир қонидин ҳино боғла,

Итингға ғамзада жон риштасин расан қилғил.

Фироқ тоғида топилса туфроғим, эй чарх,

Хамир этиб яна ул тоғда кўҳкан қилғил.

Юзунг висолиға етсун десанг кўнгулларни,

Сочингни бошдин-аёғ чин ила шикан қилғил.

Хазон сипоҳига, эй боғбон, эмас монеъ

Бу боғ томида гар игнадин тикан қилғил.

Юзида терни кўруб ўлсам, эй рафиқ, мени

Гулоб ила юву гул баргидин кафан қилғил.

Навоий, анжумани шавқ жон аро тузсанг,

Анинг бошоғлиғ ўқин шамъи анжуман қилғил.

ОРАЗИН ЁПҚАЧ КЎЗИМДИН…

Оразин ёпқач кўзумдин сочилур ҳар лаҳза ёш,

Ўйлаким пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғач қуёш.

Қут бир бодому ерим гўшан меҳроб эди,

Ғорати дин этти ногаҳ бир балолиқ кўзу қош.

Бу дамодам оҳим ифшо айлар ул ой ишқини,

Субҳнунг бот-бот дами андоғки айлар меҳр фош.

Бўсае қилмас мурувват, асру қаттиқдур лабинг,

Десам оғзи ичра айтур лаъл ҳам бор навъ тош.

Новакинг кўнглимга киргач жон талашмоқ бу экин,

Ким қилур пайконини кўнглум била жоним талош.

Умри жовид истасанг фард ўлки, бўстон Хизридур,

Сарвким даъб айлади озодалиқ бирла маош.

Қоши оллинда Навоий берса жон, айб этмангиз,

Гар будур меҳроб, бир-бир қўйгусидир барча бош.

ЎН САККИЗ ЁШ ҲАЙРАТЛАРИ

Ўн саккиз минг олам ошуби агар бошиндадур,

Не ажаб, чун сарвинозим ўн саккиз ёшиндадур.

Деса бўлғайким, яна ҳам ўн саккиз йил ҳусни бор,

Ўн саккиз ёшина мунча фитнаким бошинадур.

Ўн саккиз йил дема, юз саксон йил ўлса, улдурур,

Ҳусн шоҳи, ул балоларким, кўзу қошинадур.

Ҳайрат этмон ҳусни нақшидаки, ҳар ҳайратки, бор,

Барчаси эзид таоло сунъи наққошинадур.

Тан анга сийму ичина тош музмар кўнглидин,

Ақлға юз ҳайрат, ул ойнинг ичу тошинадур.

Май кетур, эй муғки, юз ҳайрат аро қолмиш Масиҳ,

Бул ажабларким, бу эски дайр хуффошиндадур.

То Навоий тўкти ул ой фурқатидин баҳри ашк,

Ҳар қачон боқсанг, қуёш акси анинг ёшиндадур.

МУБТАЛО БЎЛДИМ САНГА

Кўргали ҳуснунгни зору мубтало бўлдум санга,

Не балолиғ кун эдиким, ошно бўлдум санга.

Ҳар неча дедимки кун-кундин узай сендин кўнгул,

Ваҳки, кун-кундин батаррак мубтало бўлдум санга.

Мен қачон дедим: «Вафо қилғил манга» зулм айладинг,

Сен қачон дединг: «Фидо бўлғил манга» бўлдим санга.

Қай пари пайкарга дерсен телба бўлдунг бу сифат,

Эй пари пайкар, не қилсанг қил манга, бўлдум санга.

Эй кўнгул, тарки насиҳат айладинг овора бўл,

Юз бало етмаски, мен ҳам бир бало бўлдум санга.

Жоми Жам бирла Хизр суйи насибимдур мудом,

Соқиё, то тарки жоҳ айлаб гадо бўлдум санга.

Ғусса чангидин навое топмадим ушшоқ аро,

То Навоийдек асиру бенаво бўлдум санга.

ЛАБЛАРИНГКИМ ҲАЙФ ЭРУР…

Лабларингким ҳайф эрур тенг тутмоқ они қанд ила,

Синдирур юз қанд бозорини шаккар ханд ила.

Токи ҳайронмен сенга номус ила итмиш кўнгул,

Телба янглиғким, қочар эл ғофил ўлғач банд ила.

Одам ул соатки жаннат ичра авлодин кўрар,

Не қувонғай дам-бадам сен нозанин фарзанд ила.

Қўй насиҳат, зоҳидо, ўтлуғ дамимдин ваҳм қил,

Телба ит имкони йўқтурким, соғалғай панд ила.

Ҳожатингни элга арз этмакка ҳожат бўлмасун,

Хуш чиқишсанг лаҳзани бу зори ҳожатманд ила.

Лабларинг ҳажринда юр паркандким бўлмиш кўнгул,

Лаъл эрур маҳлул қон ўрниға ҳар парканд ила.

Чун Навоий кўнгли синди, эмди лутфинг не асиғ?

Ким ушатса шишани битмас яна пайванд ила.

ОШИҚ ЎЛДУМ

Ошиқ ўлдум, билмадим ёр ўзгаларга ёр эмиш,

Оллоҳ-оллоҳ, ишқ аро мундоқ балолар бор эмиш.

Қаддиға эл майли бўлғондин кўнгул озурдадур,

Ул алифдин зорларнинг ҳосили озор эмиш.

Элга новак урди, мен ўлдим эрур бу турфаким,

Жоним этган реш эл бағриға кирган хор эмиш.

Риштаким, муҳлик ярам оғзиға тиктим англадим,

Ким кафан жинси қироғидин сувурган тор эмиш.

Кўйи деворидин оғриқ танға тушган соядек,

Сел ғамидин эмди соя ўрниға дилдор эмиш.

Жонға тахвиф айладим тиғи ҳалокидин анинг,

Билмадим бу ишдин ул ўлгунча миннатдор эмиш.

Эй Навоий, хўбларни кўрма осонлиғ билан,

Ким биравким солди кўз, узмак кўнгул душвор эмиш.

ИСТАДИМ

Қон ютуб умри жаҳон аҳлида бир ёр истадим,

Лекин ул камрак топилди, гарчи бисёр истадим.

Кимга ким жоним фидо айлаб соғиндим дам-бадам,

Эрмас эрди ёрлиқда чун вафодор истадим.

Билмадим олам элида йўқтурур мутлақ вафо,

Ваҳки, умри улча йўқтур соғиниб ёр истадим.

Улки, топилмас башар жинсида ваҳ ғафлат кўрунг,

Ким пари хайлида мен девонаи зор истадим.

Сирри ишқимни кўнгул кўз бирла фош этмак не тонг,

Қалбу тардоманни мен чун соҳиб асрор истадим.

Шайх бирла хонақаҳдин чун ёруғлуқ топмадим,

Дайр пири хизматиға кўйи хаммор истадим.

Эй Навоий, чун рафиқи топмадим, бу ғуссадин,

Ўзни бекаслик балосиға гирифтор истадим.

МЕНИ МЕН ИСТАГАН КИШИ…

Мени мен истаган ўз суҳбатига аржуманд этмас,

Мени истар кишининг суҳбатин кўнглум писанд этмас.

Не баҳра топқамен андинки, мендин истагай баҳра,

Чу улким баҳраи андин тилармен баҳраманд этмас.

Нетай ҳуру пари базминки, қатлим ё ҳаётимға,

Аён ул заҳр чашм айлаб ниҳон, бу нўшханд этмас.

Керакмас ой ила кун шакликим, ҳусну малоҳатдин,

Ичим ул чок-чок этмас, таним ул банд-банд этмас.

Керак ўз чобуки мажнунваши қотил шиоримким,

Бузуғ кўнглумдин ўзга ерга жавлони саманд этмас.

Кўнгул уз чарх золидин, фирибин емаким, охир

Ажал сарриштасидин ўзга бўйнунгға каманд этмас.

Ул ой ўтлуғ юзин очса, Навоий тегмасун деб кўз,

Муҳаббат тухмидин ўзга ул ўт узра сипанд этмас.

ЖОНҒА ЧУН ДЕРМЕН

Жонға чун дермен: «Не эрди ўлмаким кайфияти?»

Дерки: «Боис бўлди жисм ичра маразнинг шиддати».

Жисмдин сўрсамки: «Бу заъфингға не эрди сабаб?»

Дер: «Анга бўлди сабаб ўтлуқ бағирнинг ҳирқати».

Чун бағирдин сўрдум, айтур: «Андин ўт тушти манга

Ким, кўнгулга шуъла солди ишқ барқи офати».

Кўнглума қилсам ғазаб, айтурки: «Кўздиндур гунаҳ,

Кўрмайин ул тушмади бизга бу ишнинг туҳмати».

Кўзга чун дерменки: «Ей, тардомани юзи қаро,

Сендин ўлмиш телба кўнглумнинг балою ваҳшати».

Йиғлаб айтур кўзки: «Йўқ эрди манга ҳам ихтиёр

Ки, кўрунди ногаҳон ул шўхи маҳваш талъати».

Эй Навоий, барча ўз узрин деди, ўлгунча куй

Ким, санга ишқ ўти-ўқ эрмиш азалнинг қисмати.

ХИЛЪАТИН ТО АЙЛАМИШ…

Хилъатин то айламиш жонон қизил, сориғ, яшил,

Шуълайи оҳим чиқар ҳар ён қизил, сориғ, яшил.

Гулшан эттим ишқ саҳросин самуми оҳдин

Ким, эсар ул дашт аро ҳар ён қизил, сориғ, яшил.

Шишадек кўнглумдадур гулзори ҳуснунг ёдидин,

Тобдоннинг аксидек алвон қизил, сориғ, яшил.

Оразу холинг била хаттинг хаёлидин эрур

Кўзларимнинг оллида даврон қизил, сориғ, яшил.

Лаългун май тутқил олтун жом бирла сабзада

Ким, булардин яхши йўқ имкон қизил, сориғ, яшил.

Фақр аро беранглиқ душвор эрур беҳад, валек

Хирқада тикмак эрур осон қизил, сориғ, яшил.

Эй Навоий, олтину шингарфу зангор истама,

Бўлди наминг рангидин девон қизил, сориғ, яшил.

ИСТАНГИЗ

Истаганлар, бизни саҳрои балода истангиз,

Водийи ҳижрон ила дашти фанода истангиз.

Вомиқу, Фарҳоду Мажнундеклар ул водий аро

Бўлсалар пайдо, мени ҳам ул арода истангиз.

Юз аларнинг ишқича дарду, балоу ғуссаға

Толиб эл бошиға келган можарода истангиз.

Эйки, истарсиз саводул важҳ фиддорайидин,

Бохабар бўлмоқ мени юзи қарода истангиз.

Кўнглим ул зулф ичрадур, зинҳор ишқим шарҳини

Истаманг мен телбада, ул мубталода истангиз.

Нуқта янглиғким, вафо узра қилур котиб рақам,

Ишқ ўтининг доғини аҳли вафода истангиз.

Оғзи шавқидин Навоий итти, они истар эл,

Ё адам даштида, ё мулки фанода истангиз.

КЕЛГАЙ

Не кун ўлғайки, нигорим келгай,

Боғи умрумда баҳорим келгай.

Умр боғида баҳор улдурким,

Сарвқад лолаузорим келгай.

Ил гадо жониға ўт тушкайким,

Олғали шамъи мазорим келгай.

Кўйида итти кўнгул, ваҳ, қачон ул

Масти девонашиорим келгай.

Қани майким, чу ичиб маст ўлсам,

Кўкка туз боққали орим келгай.

Эй Навоий, тиламон ҳуру пари,

Шояд ул базмда ёрим келгай.

РУБОИЙЛАР

КЎЗ БИРЛА ҚОШИНГ ЯХШИ

Кўз бирла қошинг яхши, қабоғинг яхши,

Юз бирла сўзинг яхши, дудоғинг яхши.

Енг бирла менгинг яхши, сақоқинг яхши,

Бир-бир не дейин боштин-аёғинг яхши.

ГАР ОШИҚ ЭСАНГ

Гар ошиқ эсанг меҳру вафо қилма ҳавас,

Дард истаю дафъиға даво қилма ҳавас.

Ҳижрону висол мутлақо қилма ҳавас,

Дилдорингдан ғайри ризо қилма ҳавас.

ЗОҲИД СЕНГА…

Зоҳид, сенга — ҳур, манга — жонона керак,

Жаннат — санга бўлсун, манга — майхона керак.

Майхона аро соқию паймона керак,

Паймона неча бўлса тўла, ёна керак.

УМРИ АЗИЗ

Жондин сени кўп севармен, эй умри азиз,

Сондин сени кўп севармен, эй умри азиз.

Ҳар неники севмак ондин ортуқ бўлмас,

Ондин сени кўп севармен, эй умри азиз.

ХУШЛУҚ

Ким кўрди экин жаҳонда оё хушлуқ,

То бир киши айлагай таманно хушлуқ.

Юз йилда агар бир ўлса пайдо хушлуқ,

Омодадур ёнида юз нохушлуқ.

ЖОНИМДАГИ «ЖИМ»

Жонимдаги “жим” икки долингға фидо,

Андин сўнг “алиф” тоза ниҳолингға фидо,

Нуниъ доғи анбарин ҳилолингға фидо,

Қолғон ики нуқта икки холингға фидо.

ЎПАЙ

Дедим: Зақанинг тутуб сақоғингни ўпай,

Кўз-қошингга суртубон қабоғингни ўпай,

Гулдек юзинг ислабон дудоғингни ўпай,

Йўқ, йўқ, йўқ, агар десанг, аёғингни ўпай.

ТУЮҚЛАР

Ё ЛАБМУДУР

Ё раб, ул шаҳду шакар ё лабдурур,

Ё магар шаҳду шакар ё лабдурур.

Жонима пайваста новак отқали,

Ғамза ўқин қошига ёлабдурур.

БОРМОҒИН

Неча дедим ул санамға: Бормоғин!

Қилмади ул тарк охир бормоғин;

Мунчаким худройлиқ кўргузди ул,

Ақл ҳайрат қилди тишлаб бармоғин.

ОЛМАНГИЗ

Пардани рухсорасидан олмангиз,

Ҳоҳақ ўлтурди мени шул олмангиз;

Гар анористонға сунса илгини,

Айтур: — Ул турсун, амонат, олмангиз!

ЁҚИЛУР

Лаълидин жонимға ўтлар ёқилур,

Қоши қаддимни жафодин ё қилур;

Мен вафоси, ваъдасидин шодмен,

Ул вафо, билманки, қилмас, ё қилур.

ОЛМАНИ ОТТИ НИГОРИМ

Олмани отти нигорим, «ол», — деди

«Олма бирла бу кўнгилни ол», — деди

Сўрсам эрса оламсини рангини

«Олма рангин не сўрурсан, ол», — деди

ФАРҲОД ВА ХИСРАВ АЙТИШУВИ

Деди: қайдинсен эй мажнуни гумраҳ?

Деди: мажнун ватандин қайда огаҳ.

Деди: недур сенга оламда пеша?

Деди: ишқ ичра мажнунлиқ ҳамиша.

Деди: бу ишдан ўлмас касб рўзи,

Деди: касб ўлса басдур иш сўзи.

Дедиким: ишқ ўтидин де фасона!

Деди: куймай киши топмас нишона.

Дедиким: куймакингни айла маълум!

Деди: андин эрур жоҳ аҳли маҳрум!

Деди: қай чоғдин ўлдунг ишқ аро маст?

Деди: руҳ эрмас эрди танға пайваст.

Деди: бу ишқдин инкор қилғил!

Деди: бу сўздин истиғфор қилғил!

Деди: ошиққа не иш кўп қилар зўр?

Деди: фурқат туни ишқи балошўр.

Деди: ишқ аҳлининг недур ҳаёти?

Деди: васл ичра жонон илтифоти.

Дедиким: дилбарингнинг де сифотин!

Деди: тил ғайратидин тутмон отин!

Дедиким: ишқиға кўнглунг ўрундур?

Деди: кўнглумда жондек ёширундур.

Деди: васлиға борсен орзуманд?

Деди: бормен хаёли бирла хурсанд.

Деди: нўши лабидин топқай эл баҳр?

Деди: ул нўшдин эл қисмидур заҳр.

Деди: жонингни олса лаъли ёди?

Дедиким: ушбудур жоним муроди.

Деди: кўксунгни гар чок этса бебок?!

Деди: кўнглум тутай ҳам айла деб чок.

Деди: кўнглунг фидо қилса жафоси?

Деди: жонимни ҳам айлай фидоси.

Дедиким: ишқдин йўқ жуз зиён буд.

Деди: бу келса савдо аҳлиға суд.

Деди: бу ишқ тарки яхшироқдур!

Деди: бу шева ошиқдин йироқдур!

Деди: ол ганжу қўй меҳрин ниҳоний,

Деди: туфроққа бермон кимёни!

Деди: жонингға ҳижрон кинакашдур,

Деди: чун бор васл уммиди хушдур.

Дедиким: шаҳға бўлса ширкат андеш!

Деди: ишқ ичра тенгдур шоҳу дарвеш!

Деди: жонингға бу ишдин алам бор,

Деди: ишқ ичра жондин кимга ғам бор?!

Деди: кишвар берай, кеч бу ҳавасдин!

Деди: бечора, кеч бу мултамасдин!

Деди: ишқ ичра қатлинг ҳукми этккум!

Деди: ишқида мақсудимға еткум.

Деди: бу ишда йўқ сендин йироқ қатл,

Деди: бу сўзларингдин яхшироқ қатл

- - -


< Orqaga qaytish