Маданият, санъат

Қизил кўйлакли қиз.    янги ҳикоя.         Саломат Вафо


Marta o'qildi

Қизил кўйлакли қиз. янги ҳикоя. Саломат Вафо

 

  Ҳей...ҳей.. қани у...ҳей..ҳей..у ёғдулар, нурлар..адашган мезонлар ..аллааёқдан учиб келган эрта кузда қизарган, кирланган япроқлар чириллаб айланарди. Эски эшиклар очилди, йўқ аввал зулфлар  шақирлаб кетди..сўнг тақ-тақ урилди. Бу сас қаерлардадир акс-садо берди. Аллақандай шовурлар, гап-сўзлар, ўртаниш,  ўтинч унлари эшилади Давлатнинг қулоғига. У ҳам сеҳрланган жонзоддай  нурлар, товушларга эргашиб кета берди. Қаерлардандир пайдо бўлган нигоҳлар, кўзлар, қошлар,қўллар, бармоқларми..уни кўмакка чорлар..сўнг.. силатаб ташлар, қаёққадир кўтариб кетишар  эди. Нега ундай...

   Энди олам бир оз нафас олиб ранглар ва  оҳанглар тиниқлаша бошлади.  Аллақаерда адоғи йўқ сув диназаврлари чайқатгандай  кўпикланиб тошган денгизда қора одамлар  ўтирган кема чақилган бодом пўстидай чайқаларди. Тўлқинларнинг ҳар кўтарилишида қадим Италянча колядка, тарантелла рақсига ўйнаётган раққосадай сув юлдузлари қадалган этакларини би..ир.. кўтарарди..

  Тарантелла..қарс-қарс..

  Океан ярим тунда  заргарлик дўконлари ойнаванд жавонларида ялтирайдиган дурлар каби порлайдиган осуда шаҳарлар, мамлакатларга  шошаётган қачоқлар тушган кичик – кичик резинка кемаларни болаларнинг елим ўйинчоқлари каби ўйнаб хумордан чиқарди. Аллақайси африка ва араб мамлакатларидан йўлга чиққан, совуқдан жўнжикиб, рўмол ўраб, ўраниб  ўтирган қора-қура хотин-халажнинг ичида уч нафар хоразмлик поездан қолиб кетган йўловчидай карахт ўтиришарди.

-Эрка,  бу натганинг бўлди?. Ука, инди юртни гўраолмимиз-ов..Бу резинка балонда ким Атлант океанини касиб ўтди, биза ўтсак...Анув, оролни ортиндағи Ўрта ер денгизими..ву ердан ўтганимизам  уч соат бўлди-да.. Укалар, юрта етўлмасам, бориб онамни, болаларимни гўринглар..

  Не тақдирлар билан африкалик, араб қочқинларининг ичига тушиб қолган  уч  хоразмлик эллик чоғли  йўловчилар сафининг энг четида ўтиришарди. Эрка дегани йигирма беш ёшларидаги йигит, ёнида хўл бўлиб қолган сув қағоз халтани ғижимлаб ўз-ўзига сўйлаётгандай  қирқ ёшларидаги Шовонга қарамайди. У ўз дардлари билан  шамоллар,  сув томчилари ортида қора бошлар, нам кийимлар орасида  гоҳ кўриниб, гоҳ кўринмай чўзилиб кетган ваҳимали зулматга маъносиз тикиларди. Кўз олдига Моноқ  элатидаги гужумларга бурканган уйи, шу ёзда тўйи бўлиши керак бўлган севгилиси ўртабўй Санамжон келарди. Қизнинг сиймоси негадир қалбини оғритарди.

  Афтидан бошлари, бўйнини катак  рўмол билан боғлаб олган сариқ қутқарув камзўлини кийган африкаликлар, араблар қайиққа эртароқ чиқиб жой олган, улар оралардан ўтган узун арқонни белига боғлаган, ўртароқда ўтирган, қарироқлари, гўё ҳозироқ сувга қулаб акулаларга ем бўладигандай арқонни билагига  боғлаб қалт-қалт титраб, ерга боқарди.Хоразмликларнинг учинчи ҳамроҳи дум-думалоқ, ўттиз беш ёшларидаги сариқ семиз  йигит Ғайрат эди. У қўрқинчдан адойи-тамом бўлди чоғи, кемага чиққанидан  бери бир оғиз гапирмай  атрофга жавдираб қарар эди. Унинг ишлаб уйга пул олиб бориб, машина оламан, ҳовлисининг ёнига  бир мехмонхона, ётоқхона, ванна, туалет қураман деган орзулари амалга ошмайдигандай кўринар эди.  

       

 Қора  зулмат  денгиз  узра сузиб бораётган кема дўнгалак сув устида, дунёнинг қуйи қисмига тушиб бораётгандай гоҳ кўринар, гоҳ қаронғилик бағрида кўринмас эди.  Агар бирон фалокат юз берадиган бўлса, четдаги хоразмликлар энг аввало океанга қулар эди.

Гўё ароғимчоқ  посангиларига икки шўҳ бола ўтириб, уларнинг бири пастга тушганида ёзувчининг кўзи олдида тун бағридаги  самон  кудалари пайдо бўларди. Ёмғир, қорда туссизланган ғарам устида умрининг сўнгги дақиқаларини яшаётган Давлат маъносиз кўзларини тун фалакини ёйган юлдузлар чаманзорига боқиб ётарди. Хотирасининг миллион хужайралари: бу кимнинг овози дер эди, бутун дунёни қоплаб олган сасга қулоқ тутиб. .Унинг кўзларида булутлар, қуёшнинг сўнгги ёғдулари, кўпикли денгиз, сувлар ва кўкка кўтарилган юзлаб қора-қура қўллар акс этарди.

Самон уйимига яқинроқ  жойда  аллақайси элатда  никоҳ тўйининг қизйиғин маросими  шовқин – сурони эшитиларди.Чўғли элати, чироғи  ёниқ уйлар,қорайиб кўринаётган дов – дарахтлар, чўк тушиб ётган  далалар узра қудратли овоз янграр эди. Самон даласига қараб қизил кўйлакли қизлар йўлга тушган эди.Бу шундай овоз эди-ки, ёруғ оламда “бўл..” деган илоҳий каломдан сўнг янгаган Аму дарёнинг, Орол денгизининг шовурига менгзарди. “Баҳорда боғ, на гўзал, Қора тушса тоғ на гўзал, Қуёшли чоғ на гўзал..Лекин ҳеч чиқмас ёдимдан сани юришларинг, сани гулишларинг”..

Унинг аллақачон кимлиги, шаҳси, ота-онаси, юрти, миллатини унутган, ҳира тортган миясининг минг йиллик аждодлари хужайраларида саволлар, қичқириқлар, йиғилар айланарди.  Бу ким эди, кимнинг  қўшиғи эди?.

  Баъзан минг йиллик ҳаёллар, ўйлар ва хотиралар ичида азиз ва таниш инсонларнинг қиёфаси бир пайдо бўлар, бир йўқолар эди. Ё, худойим, бу нелар эди, тилсимлар тилинда не демоқчи эди?. У бир.. ерда  судраиб, ўз ташвишлари, қайғулари билан юрадиган одам бўлгани учун  булар самоват тилида не эканлигини билмаётган эди. Бу  қоришиқ ингранаётган, хўрсинаётган дунё қаршисида   қай таҳлит  қад кериб туришни  билмай, каловиланиб серрайар эди.

  Тўҳта, тўҳта..ўтма..ўтма..

    Бу бир тепаликми, ёки улкан самон ғарамларими..тун қаронғилигида билиб бўлмасди.. Гўё, бу кудаларни қачонлардир “Дев қалъа”ни қурган мағриб девлари шиббалаган эди. Азонги гўё ер юзининг катта парраклари айлантираётган салқин шамоли олис-яқинликдаги сувлик, кўллардан  маконидан адашган сув қушлари ўрдаклари, такалликларнинг узуқ-юлуқ товуши, қайси уммонлардаги қочқинлар фарёдини  олиб келар эди.  Шу яқин – орада қаронғилик бағрига сингиб ётган трасса йўл тамондан аҳён-аҳёнда юк машиналарининг  товушларини олиб келарди. Қаерлардадир итми, шоғолми, ёки бошқа ҳайвонларнинг буғуқ ириллагани, ғингшиб олишгани, шох-шаббаларнинг шатур-шутур синганини қулоққа чалинарди. У ётган жойга кигиз  солишганини ҳам маъноси бор эди. Жунга даштдаги илон-чиён яқин келмас экан.

      Укаси Пирим  ва жиянлари уни илон-чиёнлар, ёввойи ғаддорлардан асрамоқ бўлиб кўп уринишган эди. Аммо улар бир ҳолатни унутган эди, илло..илон-чаёнлар, дунёнинг жамики заҳарли мавжудодлари у..билан кўчиб келган эди. Тўғрироғи, бу заҳарли хашоратлар ва чаёнлар унинг қалбида, хотираларида эди. Бу заҳарли оғу тома-тома, гўё билинмас зарралар каби аста-секин маълум бир оҳанглар маромида йиғилиб.. тўпланиб..уни йиқитган эди.  Мамлакатнинг энг номдор докторлари, ўликни тирилтирадиган табиблари.. гўё оламда бирор ҳодисот юз бермагандай..улкан орзулари бор Давлатнинг дунёни тарк этиши ҳеч нарсани ўзгартирмайдигандай.. укаларини ёнига чақиришди..Давлат уларни эшитмаса ҳам бутун вужуди қулоққа айланган эди.

“Ҳаммаси худодан олиб кетинг, энди умид йўқ”..

  У ногиронлар  аравачасига минишни истамаган эди. Яқингинада энг қиммат машиналар ҳайдаган, эл-элатнинг ёш хушрўй хотин - қизларига кафе очишга, уй олишга кўмаклашиб юрган эркак..бу ҳолидан хўрлик сезмоқда эди.  Шу боис  кенжа укаси Пирим  озиб енгиллашиб қолган оғасини елкалаб, орқаштириб  вилоят касалхонасидан олиб чиққан эди. Тузалмаган беморни уйи айвонида ҳозирланган  ўриндиққа ётқизиб кетган эди. Турли хил гап-сўзлар, тўй –маросим хангомалари сабабли  бир-бирини этини ейдиган сингиллари, келинлари, хотини.. моҳир акробатлардай бирликда бир юмалаб меҳрибон ва ширин сўз халққа айланишган эди.

  Гўё бу уйда ўтмиш, хотиралар, инсонлар муносабати  йўқ эди. Гўё ҳамма ҳаёт билан видолашаётган, ёш бўлса-да..умрининг энг сўнгги кунларини яшаётган, балки, само тоқидаги  қисмат  китоби “Лавҳи-маҳфузга” га ёзилган энг сўнгги нафасини олаётган  касал бандага раҳмдиллик билан қарарди.Унинг кабинетни тўлдириб ўтирган кечаги ҳаёти билан бугунги оддий сувни олам-жаҳон куч сарфлаб ютадиган, икки қошиқ товуқ шўрвага туюлиб қолиб, ҳар хожатга чиққанда улкан тоғни ағдарган киши захматини чеккандай  қизариб терга ботадиган Давлат билан орасида  улкан жарлик  зоҳир эди.  Кеча кабинетда юзлаб одамларни ўтирғизиб-турғазадиган  Давлатнинг бугунги жасорати хожатга чиқиш шижоати билан тенг бўлиб қолди.

    Дунёнинг аллақаерларида  кўкка ой балқиб денгиз  кўтариларди. Олисларга йўл олган   оламнинг барча қарғишларига қолган   сариқ  кийимли араб, африкалик  қочқинлар  чиққан сариқ кемаларни..сув отлари, сув филлари, сув парилари бир эрмак сингари тўлқиндан-тўлқинга отарди. Борлиқ  жаҳаннам азобларидан иборат эди. Қуш учар баландликдан улар қутурган Атлантика океани зулмати қарида уч- тўрта одамлар билан  тўла кемалар..чироқлари ёрқин порлаётган қирғоқлар сари шошарди. Кўп ўтмай тўлқинларми, йиғлаётган ёш –қари йўловчиларми  “аллоҳ..аллоҳ.. аллоҳ..аллоҳ..” дея илтижо, фарёздалар эта  бошлади.  Елим кеманинг энг четида ўтирган Эркавой тебранаётган  издеҳомга қўшилиб.. “..Доим жўшиб куйларман Санам, сенга ёниқ муҳаббатимни...” дерди ўзини алла нелардан асраш учун.   Телба денгизнинг сув отлари ёллари каби кўтарилган тўлқинларида оламнинг барча мегаполислари минг хил чиқиндилари шақир – шуқур товуш чиқариб гирдоб бўлиб айланарди. Сувдан, мойдан, газли ичимликлардан бўшаган катта елим идишлар, қоғоз парчалари, кийим-кечаклар, туфли, спорт оёқ қопи, титилган кўрпа-тўшаклар, араб, инглиз  ёзувида битилган газета парчалари, китоб муқовалари,сентифони пахтадай оқиб ётган диван тўшаклари, ёғоч парчалари..гўё, кимлардир атайлабдан йиққандай балиқчи турларига ўралиб қолган эди. Тўр чиқиндилари  орасида хоразмликларнинг тўрхалтасидан тушиб қолган  йўнилган ёғоч  ўйинчоқлар, “Хоразм ҳақиқати”, “Совет пахтакори” газеталарининг алланарса тўкилиб қолган бетлари қорайиб  кўринарди.

  Самон хирмонининг қаерларидандир Ибодулла мулланинг  “Қуръони карим” оятлари, Оятул курси ва Фотиҳа сурасии ўқиётганини элас-элас эшитиб ётарди. Бу товушлар баланд  эшитилганда кўзи очилар, осмоннинг жуда баландда эканлиги, тун юлдузларини гўё  қимматбаҳо қандиллардай кўк тоқининг у ер, бу ерида осилиб турганини кўрарди. Аллақаерларда сутдай оқ булутларнинг  ортида ўн  беш кунлик ой тантана билан жилва қилар, унинг оқиш  нурлари гўё кумуш тангалар каби жиринглаб ерга энарди. Гўё кўк фаришталари улкан учар гиламларни тўлдириб кумуш ялтироқ тангаларни ерга сочарди.

  Бирдан атрофни  қаронғилик қоплаб кўзи юмилиб шуури қаронғилишар, хотирасими, ёдими, фикри, зулмат дунёси сари сирғалиб борарди. Айни шу вақтда бир вақтлар тўқсон килога яқин вужуди парга айланиб, ғайри бир шамолларда кузги япроқдай айланади.

-Ҳай..ҳай..иййии...иии..зувв..зув..сас чиқариб  оҳанглар айланарди борлиқда.Яқинроқда оғоч япроқлари, теракми шивирлар, шилдирарди. Олис-олисларда уфқлар ортида тошқинлар тошар эди. Уммонлар, денгиз сувларига недир таъсир этгандай кўтарилиб борарди. Осмоннинг ер билан туташган жойида турналар кўкка кўтарилиб “қурей..қурей” товуш чиқарар, чор атрофдан  эски самон ғарами атрофидан шувиллаб учиб ўтишарди. Фикрми, сўзми, ҳарфларга айланган  вужудиган қуш қанотлари шамоллари сезиларди.

У фикрлар ва сўзлардан иборат эди.

 -Менга рухсат, кечадан буён “Чилёсин” чиқдим.  Бир оз қийналдим, нафасим орқага қайтди. Энди ҳаммаси худодан..Лекин  аллоҳнинг юртига йўл олган бандага азоб берибсизлар. Уни  жойидан бехуда қўзғобсизлар.

 - Мўллабува, оғамиз..мени самон жойа олиб бор даб қўймади. Отизларни бир гўрин, яна гўраманми, йўқми дади. Йўмасам биза оғамни қўзғармадик, - дейди укаси Пирим хўрсиниб.

  Яна шовурлар бошланиб кетарди. Олисларда оломон ненидир, кимнидир олқишларди. “Қарс - қарс”..дунк - дунк”...самонли дала тамонга қора издеҳом йўлга тушмиш  эди.  Улар ҳайқирар, сўкишар, бир-бири билан тортишар, баланд овозда дуриллишар эди.

  Давлат ер юзининг айланиши, макон ва замон, баҳор – ёз, тун-куннинг фарқига бормай қўйган эди. Вақт ва фасл оҳанглари унинг ҳаракат ва жон тарк этган  миясида содир бўлар эди. У кўзини очдими, ҳаёлидами.. атроф ёриша бошлаган эди. Бу қайси дунё, қайси макон, қайси фасл..худонинг кечасими, тонгими буни  англамасди.Кўзини очганда атрофида ўнлаган, элликлаган совуқ нигоҳлар. кўзларни кўрди. Нигоҳлар унинг кимлигини билмоқчи бўлгандай савол назари билан қарар, бири кўзини юмиши билан  беш-ўн нафари кўзини очар ва юзлари уч-тўрт йиллик буғдой самондай сарғайган ташландиқ одамга дўзах дарбозаларидан  син солиб боқишар эди.   Гўё, улар бу ташландиқ, ёлғиз,касал бандани  не гирифторликка дуч келишини билмай, бир тўҳтамга кела олмай  минг кўзли аждарҳо айланган  эди. Маносиз нигоҳлар коинотнинг маълум ва номаълум сайёралар ер шари атрофида айлангандай самон тепалик атрофидан айланишарди.

-         Бош, бош..

-         Бош..бош..

  Бирдан нигоҳ  денгизи чайқалиб, кўзлар  ҳаракатга келди.  Кўзлар улкан тўлқинлар каби кўтарилиб – тушарди, бу маъносиз бўшлиқнинг туб-тубида алангаланаётган чўғлар ётарди. Қабариқ нигоҳларда ер юзини, балою-офат жойларни, асрлар йўлларини, қутблар аро  кезиб юрувчи  элчи карвоннинг бефарқ  ифодаси зохир эди. Улкан диназаврлар бошини , кўзларини самон ғарамидан тортиб олиб серкиприк қабоғини само сари  кўтаришди.  Гўё кимдир амр этгандай қуёшнинг қирмизи шафақи ёғдулари балқиётган  тамонга қараб, оламни, борлиқни шамолли олонларни  чайқатиб  йўлга тушишди. Қаронғи дунё  ёввойи чўл туялари ўркачларидай тебранар  ва уларнинг  жилоланаётган  кўзлари чўғ  каби ёнар эди. Катта – кичик, паст – баланд  тоғ ўркачлари ҳаракатга келиб  Амунинг ялтироқ ойдинликлари сари силжиб, балки оёқлари ерга тегмасдан учиб  боришарди. Олис – олислардан дунёнинг бор қушлари учиб кетаётган Япония тамонларда  куннинг оқиш, қизғиш ёғдулари  мангу вулқонлардай отила бошлаганди .

-         Бош..бош..

 Бу сўзларни Давлат ҳаёлидами, ўнгидами айтди. Ҳаёт билан видолашаётган чоғда ҳам, одамнинг жони ширин бўлар экан. Давлат хориж фильмларида кўрадиган ғайри ҳайвонларни кўриб   бирдан.. сесканди.  У ўркачлар, кўзлар тўдасининг .. чўлда бўшловда қайларгадир йўл олган  тўялар карвони эканлигини  англамасди.. Агар  бу тун махлуқларини  туялар эканлигини англаганида, ундан ҳам қора хабарлар топарди. Туялар тушларда  қазо қиёфаси деб жонихалак бўлар эди.

 -Ҳай..ҳай..ийййии..иййии..

 Оламнинг қиёмат – қоим  гирдобига айланган Атлантика океанида Европа мамлакатлари тараф  қайиқда сузаётган одамлар гоҳ паст овозда  йиғлашар, гоҳ илтижо қилишарди. Тўлқинлар, шамоллар, мотор товуши  увиллаши қўшилиб  қора издеҳомнинг овози кучайиши билан резинка кемани бошқараётган икки қора куланка аллақандай одам тушуниб бўлмас тилда чинқириши  билан кемадагиларнинг уни ўчиб қоларди. Орадан ўн беш дақиқалар вақт ўтиши билан қочқинларнинг яна  уммондай улкан ўлим балоси, қўрқинчи босиб кела бошларди.. Қочқинлар яна оҳ – воҳ этиб  йиғлай бошлар эди.

-Ука пул, документ солинган халтани устина оёқингизи қўйиб ўтиринг, агар сакратса-да, бу ўтирғонлар учса-да, пул тушмасин..Эрка, аҳир бу пул учун икки йил ишладик.

  Изғирин шамоллар, мотор товуши, қоронғи кўкнинг қора қозондай тўнкарилган дўнгалаги остида  яна денгизга қулаш ваҳимаси кучайиб, қайиқдаги уч – тўрт хотин-халаж ва болалар йиғлай бошлашарди. Хоразмликлар  ёнида ўтирган яланг бош ёш  қора йигит ўз-ўзидан  қафасдаги арслондай “..ё, аллоҳ, ё, аллоҳ..” дея наъра тортарди. 

 Бутун оламга самон уюмлари, ўрамлари.. ғарамланган олам орасидан  ёғоч қошиқнинг бир-бирига урилгандай “шиқ - шиқ” товуш чиқарарди. Бутун борлиққа йиғи, ингроқлар  саси тарқар,  ора-сира оёқларгами, уловга боғланган занжирларнинг шилдираши, тошгами, ёғочга уриларди.. Шу яқин атрофдан мусиқа, қўшиқ ва доиранинг умбалоқ-умбалоқ, така-тумлари эшитиларди. Кўп ўтмай қошиқчилар издеҳоми самон ғарамига яқинлашиб аста-секин  самон кудаси олдидаги майдонга жойлаша бошлашди.  Афтидан тўпдагилар орқада қолган йўловчи ҳамроҳларини қараб тургандай аста – секин поезд вагонларининг тақа-туқидай  “ё, ҳақ, ё аллоҳ..уф..уфоо..” дея куйлай бошлашди. Бунинг орасида аллақандай йиғлоқи овоз билан бир хофиз..якка айтим айтарди.

  Қўҳи қоф тоғини келида туймоқ,

  Бир надон суҳбатидан яхшироқ..

   Давлат бошини кўтариб совуқ ҳаводан нафас олди. Шу он кўзи самон кудаси ошоғида машъала ва кичик кўчма лампалар билан ёриган  даврага тушди.  Кўзларига ишонмай ҳайратда қолди. Булар пиджак, спорт формаси кийган, оёларида енгил ковуш ва спорт сандаллари бор, йигирма ўттиз чоғли ёш – қари, баланд-пакана, озғин – тўла  эркаклар эди. Ғаройиб тўп  бир кўришда саҳролар қўйнидан чиққан дарвешлар юришини эслатарди. Яна бир қарашда эса,  тунда саҳро кезиб  қаронғи оламда недир излаб юрган одамлар...шу яқин орада Бухоро ёки Қорақалпоғистоннинг “Жаслиқ”  қамоқхоналаридан қочган, балки, авф  этилган  махбусларга ўхшарди.  Қошиқчилар  тўпи самон ғараминиинг қаршисида тўҳтади. Улар асталашиши баробарида белидаги кашгуллар, сув кадилар, ёғоч қошиқлар шиқир-шиқир товушлар чиқарди. Кашкуллар саси  қаронғи самолар сари олис уммонларда бўронлар қутуриб кемаларни чирпирак этаётган баландликлар сари юқориларди. Майдонда   ўрта яшар, оғзин, митти кўзли одам  ерга ёнбошлаган Кўҳна Урганчдаги минорадай энгашиб “ё, ҳақ, ё, аллоҳ..” дерди йиғлоқи товушда. Унинг ёш-қари ҳамрохлари..қамоқдан қаторасига авф этилган махбуслар..байнин.. тезлашаётган поезддай “..ё,ҳақ, ё, аллоҳ..” деди. Қора издеҳомнинг энг  сўнггида ерга қараб турган  қария алла неларни пичирлаган куйи юм-юм йиғлар эди. 

  Тунда самон хирмони ёнида пайдо бўлган озод бўлган махбуслар издеҳоми ва  Амударё ортидаги хасратли афғон диёрига йўл олган тун  туялар карвони қисмати  орасида недир ўхшашлик бор эди.    

  ..Тўрт оёқли чўбин от бир санго етаро..

  Давлат кўзини очганда на дарвишлар ва на чироқлар бор эди. У қачон ухлади?. Дарвишларни чиндан ҳам кўрдими..улар  тушидами, ёки ўнгидами..Яна пастдан  ғола-ғовур эштилиб, укасининг кимгадир ялинга куйи сўйлаётганини англади.

 -Уста, гечирасиз инди, ҳаммаси худодан. Биласиз, сизни қўшиқларингизни Давлат оғам дим яхши гўрарди.  Сизни ҳам шу яқиндаги элатдан тўйдан, ҳовва, қиз йиғиндан  чиққанингиз, балки, шу ёш одамнинг жонина худонинг рейми галганидир.

  Давлат қоришиқлар, товушлар, ҳансироқлар, кўнгил айнишлар ичидан санъаткор Отажоннинг овозини таниди. Ё, аллоҳ, бу неси энди.. қайси соат, қайси кун, баҳорми, ёзми.. қани эди ўрнидан қўзғала олса.. укаси нега уни яқинроққа олиб келмади экан..Отажон қайси маконда куйламоқда экан?.

  ..Гал болам сани истарлар,

 истагинг боғдадир боғда...

 Хон Сайёд боғдадир боғда...

  Гўё бу қўшиқ само қаридан булутлар орасидан  таралар эди. Тутунлар кўкка ўрлаётган, ўнлаб – юзлаб қайиқлар тинч ҳаёт илинжида  чироқлари ёниқ шаҳарлар тамон сузаётган, дод-фарёд йиғи – сиғи  эшитилаётган ер-осмон  орасидан  эшитилаётган эди.

..Қародир  сарвининг  гўззи

Жонимдан маҳтал ўзи..

Хон сайёд боғдадир боғда..

Суҳбати бор созлар билан..

..Гўзларим ёрдадир..ёрда..

Ҳай..ҳай..иййи..иййи..Айтинглар..бу қайси олам, бу қайси макон..

  Давлат аллақаёрларда кўпикланиб мавжланаётган сувми, қора суюқлик орасига тушиб кетди. Миясими, вужудими, балки, она..она деяётган миллионлаб хужайраларининг ичида ..энди ўлдим.. деган фикр сўнгги япроқлар каби  айланарди. Дунёда мезонлар, ялтироқлар, зарралар, сув қўпиклари ичида кўзлар, нигоҳлар ялтирарди. Қўлларини кўтариб нурми, ҳаёт деган ёруғлик, чўзилган қўлми..шунга узатар чоғида яна  қаронғи оламга қорилиб кетарди.. Эй, эй ..сиз ким эдингиз.. боболари,  шийпондаги аналари..овқат сузаётган  ул хон аммалари унга кел..кел деган имдод қилар эди.  Буни улар айтмаётган эди.   Ботинида, қалбидами..англаётган эди.  У ўринидан қўзғолар чоғда яна Отажоннинг  айтими узуқ – юлуқ эшиттилди.

   Аё, дўстим сани хуснинг..

 Мани мулки паноҳимдир.

 Ҳаёлдан сувратинг кетса..

Боғларда берган саволимдир..

   У гўё  ер юзининг улкан магнит майдонлари чорлаётгандай қадим бобо ва аналарининг сиймосими, куланкаси қалқиётган тарафга  кета бошлади.

-         Эркавой, Хоразма салом совла, салом айт ука..ука..

  Эркавой денгиз, океан деган нарсани..даҳшатли балою-офат эканлигини ҳис этиб, сариқ ҳимоя либоси остида ҳам аллақачон шалоббо бўлган кийимларига қўшилиб бутун вужуди титрарди. Балон кеманинг узун қайишларига ёпишиб қолган қўллари, бармоқлари ҳам фалажланиб ҳали-ҳануз бир силкинувда учиб, назарида кеманинг ортида одам ўлжасининг исини  уч кмдан сезадиган юнусбалиқлар, акулаларнинг очилган юзта тишили  жағига тушадигандай эди. Дунёда паёнсиз океан бағридаги елим кема яна аллақаерларда келаётган, балки тўнкарилиб аллақачон сув ости салтанатининг фуқароларига айланган бошқа қочқин қайиқларининг устига жаҳаннам  олами қулаган эди. Оламда моторнинг гувиллаши, сувми, балки ҳали хануз соноқсиз қоп-қонорлари билан етиб келадиган ўлимнинг шовқиними, яна қиёмат-қойимда ҳам таслим бўлмаётган  қора йўловчиларнинг гудакларини бағрига босиб, нелар деб ҳайқираётгани унинг жон таслим қилаётган вужудига уриларди.Совуқдан қалтираётган вужудининг аллақайси узувларида ..

“..Эркавой салом совла..совла..” деган товушми, шовқин акс – садо берарди.

 Аммо, ёнгинасида ўтирган Шовонга қарайдиган аҳволда эмас эди.  Уч нафар хоразмликни кемага миндирган ва  очиқ денгизга  чиқиши билан қора ажалдай ёйилиб ётган чек-чегарасиз океанни кўриб, ҳайр-хўш айтиб видолашаётган хоразмли Шовон оғаси кўринмасди. Эркавой кеманинг энг четида нақ ажалнинг оғзида, шериклари эса, африкаликлар,арабларми, қора одамларага яқин ўтирар, ҳатто, Шовон оғаси қора одамларнинг арқонидан ҳам ушлаб олганига кўзи тушганди.

-         Бош..бош..туялар..бош.

     Давлатнинг  зулмат қарига ботиб бораётган шуури атрофида  уйлар, йўллар,  оташли шеърлар ўқиладиган  давралар, чиройли кийимлар, ялтироқ оёқ      кийимлари,  машиналар орқада  қола бошлади. Қаердадир  улкан сувликларда дод-фарёдлар, таниш қиёфалар, чайқалаётган кемалар, осмон сари кўтарилаётган тўлқинлар қораси кўринади.  Узун йўллар қисқара бошлади..

  Ҳей...хей.. иййи.. эй япроқлар, осмонлар булутлар сиз ким эдингиз,.. бу ерларда не бор эди... чақираётган кимлар  эди..  Атрофда  ерга қўнмас қушлар каби беором айланаётган кимларнинг жони, аҳир......

  Ё, худо..қаршисида осмонларга туташиб кетган, бутун ер юзини қоплаб олган улкан сиймоми,  оқ ипак рўмол пайдо бўлди. Ё, парвардигорим.. оқлик орасида онасининг қаҳрли кўзлари пайдо бўлди.Балки, у туғилган уйнинг қаронғи, кимсасиз долонининг ўртасида ул кўзлар пайдо бўлди.  Ул жаннатий муаллим онаси бир муддат, гўё, бир муддат унинг мақсади нелигини англамоқчидай  син солиб турди-да, кўзлари янада ғазабли  чақнади.

  -Давлат, қайт орқангга, ким айтди, сенга бу ерга кел деб. Қайт, қачон мен чақирсам келасан. Бор, ишингни қил..

 Самолар айланиб кетди, яна қудратли  қўшиқ янгради. Кўзи ярақлаб очилиб очилди. Денгизга  чўкиб кетган одамдай ютоқиб нафас олди.  Дунёни энди кўраётган гўдакнинг  нигоҳи билан ёнида терга ботиб куйлаёттган Отажонни кўрди.

 Шаббоз  қовун тўрлама,

 Дўртгул йўли йўллама,

 Юртингиза  бир галдик.

 Ука, бизни хўрлама..

Ола гўз бўй..бўй..            

   Олам айланиб ётарди, тўлқинлар, кемалар, қисматлар, ўлимлар, кўзёшлар, айрилиқларга қўшилиб айланиб ётарди..

Магазина борсам гуним ботади,

Магазинчи укам новвот отади,

Отон новввотини ёмон гўрмийман,

Одамлар ичинда қотти ботади.

 Қорагўз бўй..бўй..

  Дунё лорсиллаб айланаётган вақтда  самон ғарами ошоғи, қуйисидан кулгилар, бармоқларнинг шақирлаши эшитилди.

   Пастда қарс қоқиб ўйнаётган паст бўйли қизил кўйлакли  қизни  кўрди. Давлат қизга  энди дунёга келган одамдай  ҳайрат билан боқди. Аёл ҳам бу қадар гўзал ўйнайдими?. Унинг юзидаги оташли табассум бутун вужудига ёйилганга ўхшарди. Қиз  шу туришида зулмат оламида нур сачратиб ёнаётган гулханга ўхшарди.Бир гулхан эди-ки, дунёнинг ўтидан - сувидан, қуруқлиги - денгизидан унга тамон талпинишарди.

  Тўйда  ўртадан чиқмасдан ўйнаган икки – уч нафар қиз Отажоннинг  овозини ва созини таниб самон кудасига етиб келган экан.  Қизил кўйлакли қиз  икки кун аввал унаштирилгани, айтдирилгани Эркавойнинг бир олам совға-салом билан йўлга чиққани ҳақида Телеграмдан хабар олган эди. Қизил кўйлакли, арзон туфли кийган,  ўрта бўйли қиз, ақли, ғайрати билан дунёнинг Атлантика океанидан Хоразмга қараб йўлга чиққан Эркавойни мафтун этган Санамжон отлиқ қиз эди.  Қиз..ўз ўйинига..эгнидаги қизил кўйлаги шамолда ҳилпирашига   маст эди..Санамжон самон отизга  етиб келиб машинасининг фарасини ёқиб қизнинг ўйинига маҳлиё бўлиб ўтирган йигитларга қиё ҳам боқмас эди. У қизил кўйлаклари этакларини ҳар хилпиратиб айланганида Эркавойнинг оқ сариқдан келган юзини кўргандай бўларди. Қиз  елкаларини учирар,қарс қоқар,  ора-орада кичик ва калта гавдасини ерга отиб тиззалаб ўйнарди.Унинг шижоати ва шаштидан далага  ҳаёт ва тириклик симфонияси тарқар эди.  Атрофда кимаридир қийқириб қарсак чаларди.

 Магазанчи укам новот отоди..

 Одамлар ичинда қатти ботади..

    Қиёмат – қойим қўпган океан бағрида эллик нафар одам, эллик нафар юраги ураётган, қачонлардир онаси дунёда бахтли бўлиш учун туққан, куни- кеча туну –кун ишлайдиган кафеларда фас-фут еб, спорт залларида эрмак учун  ичиб мушакларини чиқариб юрган.. тун билан ранги бир хил ёш ўғлонлар, қўшни камбағал йигитнинг мотоциклига ноз этиб чиқмайдиган гўзал қизлар, ҳали – хануз ..шиширилган мушаклари, сийнабанд остидаги катта мамалари  дунёнинг энг йиртқич акулаларига ем бўладиган, миллионн – миллион тақдирлар, юраклар, орзулар, қайғулар, ғамлар..бошлар, кўзлар, қўллар.. қаронғилик бағрида  омонат  моторли елим кемага ёпишганича учиб боришарди.

   Эрка  кема четида  қировда қолган қушлар каби тизилишиб  ўтирган қора одамларнинг  тўлқинларга ҳам оҳанг тарзда “ё, аллооҳ, ё. аллоҳ” деяётганини энди  англади. Кема четидаги  ялонғоч қора йигит ҳали ҳам қаддини ғоз тутиб ўтирар, унинг қаронғиликда ёнаётган ўлим ва қўрқинчдан устун турган мағрурлик тўйғулари жойлашган кўзлари  ярқираб кетгандай бўлади.

   Бирдан қочқинлар, балки, уммон  увв тртиб юборди. Олис – олисларда қорайиб ер ва чироқлар кўринди. Океан узра юлдуззор осмон остида учиб бораётган омонат тақдирларнинг “ё, Аллоҳ, ё, аллоҳ” сўзлари  тезлашиб борар эди.  Яланғоч мағрур баҳодир  кема қочқинларидан орқада қолиб, гўё тонг хўрозлари каби “ё, ҳақ..ё ҳақ..” дея гулдирарди. 

  Эркавойнинг кўзига қутураётган тўлқинлар ва сапчиётган кўпиклар аро фақат чироқлар ва мағрур қора йигитнинг  сув томчилари ялтираётган боши кўринарди.. Қочқинлар яна  шодон “увв” тортишди. Резинка кема ҳайдовчилари ҳам етиб келдик дегандай,  ўз тилида тез – тез сўйлашарди. Афтидан  тун бўйи не-не ўлимлар, фалокатларни ортда қолдириб сузиб келган қочқинлар кемаси қирғоққа юз – икки юз метр қолган эди. Шу он недир гумиллади, ёки, портлади. Қайиқ остидаги қора  сувлар осмонга кўтарилди. Омонат елим кема катта – кичик бўлакларга бўлиниб одамлари билан турли тамонга учди. Атрофни гўё бўғизланаётган  юзлаб хўкизларнинг хирилдоқ ва илтижога ўхшаган саслари қоплади. Куйган резинка иси димоқни қичитарди. Океан қарига ботаётган қочқинлар.. ўлим ва денгизнинг қўрқинчидан инсоният  ибтидоий даври одамларидай унлар, сас, товушлар чиқарар эди. Бу нидолар қўшилиб коинот бағрига “ёрдам, кўмак” дея тарқаларди. Эркавой ҳам кема ўз тезлигига қизиб портлаганида  учиб қаттиқ алланарсага бориб урилди. Сув остига ҳам қанча муддат ботиб кетди.Жимм..жимм... пиқир..пиқир..Сув ости балиқлар дунёсида   аввал рақс тушаётган  қизил кўйлак Санамжонни кўрди. Гўё..у ўлма..ўлма..Эркавой..Эркавой, дерди.  Яна ботиб кета бошлади. Бирдан қаронғи зулматларда онасининг қаҳрли кўзи пайдо бўлди. “Қайт, орқангга, Эркавой” дея амр қилди.  Эркавой сув юзида нафас ола олмай  ҳуппиқиб пайдо бўлганида, бир қўли билан балиқчиларнинг тўрини ушлаб турганида ўзига келди. Денгизда сўзиб юрган дунё чиқиндилари катта елим  мой ва сув идишлар, ёғочлар, қутилар,кийимлар, пойсиз ковушлар, синган елим лаганлар, латта-путталар, чириган балиқлар, ўрдаклар, бўрон қушлари, “Хоразм ҳақиқати”, “Шовот истиқболи” газеталари парчалари бошқа минг хил майда чуйдалар Гольфстрим оқимига қўшилиб суза – суза уйдай чиқиндилар саржинларига айланган эди.

-         Опоо, опоо., дея йиғлади у ёш боладай.

  Бақувват қора қўл уни юқорига тортди. Эркавой қочқинлар қайиғида ўтирган мағрур жингалак  сочни кўрди. У гўё оғаси ёки акасини кўргандай хўнграб йиғлаб юборди.  Бутун чексиз сувлик оламида Эркавой ва қора паҳлавон  қочқин бор эди. Унинг юзларида на уят ва на инжилиш  ифодаси кўринарди. Унинг чеҳрасига худонинг оқарган тонгги ёруғликлари тушаётган эди. Самода қуёшнинг оташига  дош беролмай сўнгги нурларини сочаётган ой.. океан ютган бошлар, пашшахонадай шишган рўмоллар, кийим –кечаклар,кўмак дея кўкка чўзилган  оқ, қора қўлларга, ялтираётган кўзларга ҳайрат билан боқарди. Сувга чўкаётган она сўнгги дақиқаларгача уч-тўрт ёшлик ўғлини кўтариб турди, сўнг бола ҳам заиф қимирлаб тўлқинлар бағрига кўмилиб кетди.  Ой уммондаги қон ва ўлим гирдоби тамон йўлга тушган жаҳоннинг энг йиртқич ва энг улкан акулаларини кўриб юзини булутлар ортига яширди.

  21 асрда олам океанлари акулалари, юнус балиқлари, ёввойи пираниялар одам боласи этини еб..қонларини ичиб семириб кетган эди. Улар келаётган ўлжани йиғи – сиғи, оҳу – фарёд ва қон исидан ажратиб олишар эди. Сув остидаги одамхўр балолар   бола эмизиши учун яралган мамалар,чиройли кўзлар, орзу тўла қонли юраклар, гўдакларнинг нозик қўллари ва оёқларини еб..одамхўр акулаларга айланган эди. Улар ажал ўти ёнган оч  кўзларини қирғоққа, чироқлари ёнаётган шаҳарларга тикиб қирғоққа  яқинроқ келишарди, яқинроқ келишар эди.    

Давлат кўзларини ярқ этиб очиб боши узра тўнкарилиб ётган юлдуззор фалакни кўрди.

  Парвардигор, унинг нафаси ростланиб, кўзлари равшанланиб, аллақандай мўъжиза билан ҳаётга қайтган эди. Отажоннинг бир кеча, бир кундуз янграган  қудратли қўшиқлари  ўз аҳдида туриб юмушини бажаргандай..  тинган эди. Хофизнинг  мўъжизакор қўшиғи  ва  рақс тушаётган қизил кўйлакли қиз орасида  бандага маълум бўлмаган аллақандай боғлиқлик бордай эди.

  Шу маҳал дупур – дупур, буғиқ “бў-бў”лар эшитилиб, гўё оламни чанг-тўзон қоплаб ..акса урди.

  Давлат давлатинг қайтгани..ҳаётга қайтганинг чин бўлсин.

  Бутун борлиқ тўзонли оқ туман  қоплади. Яна атрофида юзлаган  совуқ нигоҳлар, жундор тумшуқлар, бошлар, қулоқлар пайдо бўлди.  Борлиқдан гувиллаган  товушлар эшитиларди.Самон ғарамининг атрофида олис йўл босиб, терга ботган, кўпикли сўлаклари оқиб ётган тўялар карвони  ҳорғин юриб, ўркачларини лўкиллатиб югуриб келишарди. Улар ҳозиргина Афғонистон тамондан дарёдан сузиб ўтган бўлиб, қум, чўп – чар ёпишган жунларидан сув томчилари оқарди. Туя карвони бир замонлар Хоразмнинг сурнайи янграган Балх, Қабул тамонлардан елиб ўтдилар. Ҳазрат Навоийнинг  мовий кошинли, қуббадор мақбараси  жойлашган Хирот қаронғилик қарида қолди.  Туяларнинг устида балиқчиларнинг тўридан қилинган қанорларида.. кийим-кечаклар, йўл халталари, “Хоразм ҳақиқати”,”Шовот истиқболи”, “Геч ёқтилик” газеталарининг парчалари, Хоразм тарихи араб ёзувида битилган китоб муқовалари, зар ҳошиялари варақлари ғижимланиб ётарди. 

   Хоразмлик  ҳамроҳлари ва икки йил давомида топган пулларини  йўқотган Эркавой  темир йўл вокзали майдони ўртасида турар эди. Одамлар, машиналар ва "вуппиллаётган" паравозларнинг шовқин - суръони эшитиларди.  "Тошкент йўналишидаги поезд бешинчи йўлга қўйимоқда.." дерди микрофонда вокзал хизматчиси. У  бошини кўтариб  вокзал осмонига қаради. Самодаги оқ ўркачли булутлар элкезар туялар карвони ва то ўлгунича яқинига бормасликка қасам ичган океаннинг адоқсиз сувлари, тўлқинларига ўхшар эди. Эркавой  чуқур нафас олди. Киссасидаги бор пулларини Тошкент йўналишидаги поездга минар  чоғида  офтобрўяда ўтирган тиланчининг олдига ташлади. Вагон эшигини очиши билан дунёни ларзага солган..оламни қутқарувчи  қўшиқ янгради.. Отажон олис манзиллар, вақтлар, кўнгиллар, юракларни бирлаштириб куйларди.

  Умр ўтар вақт ўтар, хонлар ўтар тахт ўтар,

 Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан,

 Сенинг юришларинг, сенинг кулишларинг.                             

  4 январь – 13 январь 2021 йил.

  Тошкент.

    14 январь, соат 12.35. Ҳозир ҳикояни янгидан кўриб чиқдим. Йигирмага яқин оригиналда бўлмаган имло хатоларни тўғирладим. Хоразмча биладиган қора троллнинг  айёрлик  билан матнга киритган бир гапдаги синоним сўзлар, такрор сўзлар ва ҳарфларни тўғирадим. Яна хато учраса, илтимос, Фейсбук саҳифам орқали хабар беринг.

- - -


< Orqaga qaytish