Хабар

Ўн икки нафар жиззахлик ижодкор Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди.


Marta o'qildi

Ўн икки нафар жиззахлик ижодкор Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди.

  Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил 25 декабрь куни Ўзбекистон ёшлари форумида сўзлаган нутқида ёшларни барча соҳаларда қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор мақсаду режаларни айтди. Ҳудудлардаги истеъдодли ёшларга сўз берилиб, уларнинг таклиф ва фикрларини тингланди, сўзларига қулоқ тутилди, таклифлари қўллаб-қувватланди. Хусусан, Жиззах давлат педагогика институти талабаси, “Мард ўғлон” мукофоти совриндори Сайфиддин Оканов ҳам ушбу учрашувда ўз таклифи билдирди, ўзи ёзган шеърини ўқиб берди. Шундан сўнг Президент: “Бундай сатрларни ёзиш учун ватанни севиш керак”, дея Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, сенатор Сирожиддин Саййидга Жиззахга бориб маълумот олиб келишини, бундай қалами бор ёшларимиз давлатга жуда кераклигини айтган эди.
Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш ва вилоят ижодкорлари билан учрашиш мақсадида 2021 йил 5 январь куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида “Иқтидорли ёшлар – Янги Ўзбекистон таянчи” номли маданий-маърифий тадбир ташкил этилди. Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, уюшма жамоаси, Жиззах вилояти ҳокимлиги вакиллари, ижодкорлар иштирок этди.
Тадбир Жиззах шаҳридаги давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов, Ҳамид Олимжон ва Зулфия ҳайкаллари пойига гул қўйиш, улуғ сиймолар руҳига ҳурмат кўрсатишдан бошланди.
Шундан сўнг Жиззах давлат педагогика институти Маданият саройида Сирожиддин Саййид билан вилоят ёшлари ва ёш ижодкорлари учрашуви бўлиб ўтди. Тадбирда Президентнинг Ўзбекистон Ёшлари форумидаги фикрлари, топшириқлари, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, маданият ва адабиётга берилаётган эътибор, бу жараёнда Уюшма аъзоларининг ижтимоий-маънавий фаоллиги ва масъулияти, шунингдек, бу борада Ёзувчилар уюшмаси томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар тўғрисида фикрлар билдирилди. Жумладан, адабиётимиз атоқли намояндаларининг юбилей саналари муносиб нишонланаётгани, истеъдодли ёшларни тарбиялаш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида турли ижодий анжуманлар ўтказилаётгани, ёш шоир ва ёзувчиларнинг биринчи китоблари “Ижод” жамоат фонди ҳисобидан кўп минг нусхаларда нашр этилиб, таълим масканлари ва кутубхоналарга етказиб берилаётгани таъкидланди.
Тадбирда уюшма аъзолигига қабул қилинган 12 нафар жиззахлик ижодкорга гувоҳномалар топширилди. Улар орасида Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилояти бўлимининг “Сангзор мавжлари” тўгараги раҳбари Сайфиддин Оканов, Зомин туманидаги “Зомин булбуллари” тўгараги раҳбари Абдуғаффор Шодмонқулов, Шароф Рашидов туманидаги “Истеъдод ғунчалари” тўгараги раҳбари Абдухалил Сатторов ҳам бор эди.
Шунингдек, уюшма томонидан ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлардаги фаол иштироки учун уч нафар жиззахлик фаол ёш Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.
Учрашув давомида Жиззах давлат педагогика институти ректори Шавкат Сафарович Орипов, филология фанлари доктори, адабиётшунос олим Усмонжон Қосимов сўз олиб, жиззахлик ижодкорлар номидан Ёзувчилар уюшмасига ўз миннатдорчилигини билдирди. Шундан сўнг фаол ижодкорлар, ҳарбий хизматчилар, Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактаби ўқувчилари Ҳамид Олимжон, Зулфия, Муҳаммад Юсуф, Сирожиддин Саййид қаламига мансуб ва ўзларининг шеърларидан ўқиб беришди. Бир сўз билан айтганда, тадбир мушоирага айланиб кетди.
Учрашувда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Жиззах давлат педагогика институтнинг “Изланиш” тўгараги ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ҳамда Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилояти бўлимининг Жиззах шаҳри ва ҳар бир тумандаги тўгараклари фаолиятини яхшилаш бўйича фикрлар алмашилди.
Тадбир якунида Сирожиддин Саййид "Навоийнинг набиралари" шеърини ўқиб берди.
Иштирокчиларга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси номидан Жомийнинг "Муҳаббат маҳзани" китоби, "Ижод" жамоат фонди ҳисобидан чоп этилган турли бадиий китоблар совға қилинди.
 
   Фозил Фарҳод,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати бошлиғи.
 Ozbekiston Yozuvchilar uyushmasi. Facebook sahifasi.
  

- - -


< Orqaga qaytish