Мақола


Marta o'qildi

"Қанотимсан.."..Қорабайир. мулоҳаза, таклифлар.. Саломат Вафо

 

  Тулпорлар ҳақида дунёнинг энг гўзал достонлари, асарлари битилгандир.Дунё халқларини инсон қалбини ларзага соладиган не-не афсоналари бор.Айниқса туркий халқлар тамонидан  самовий тулпорларга боғлик гўзал ривоятлар яратилгандир. 

  Отни  йигитнинг энг яқин дўсти ҳисоблайдиган файлсуфнинг “..От билан ҳаётимиздан гўзалликнинг бир бўлаги ҳам йўқолиб кетаётгандай эди. Денгиздан елканли кемалар ғойиб бўлгандай ..От ҳаётимизда ғаройиб, балки романтик алланеларнинг символи эди..” фикри бор.

   Турли йилларда юртимиз бошидан кечган сиёсий буҳронлар  отчилик соҳасини ҳам четлаб ўтмади. Туркий достонларнинг фахри-ифтихори бўлган жуда кўплаб от турлари, жанглар тақдирини ўзгартирган дулдуллар  батамом йўқолиб кетди. Отлар ҳақида мулоҳаза этганимизда уларнинг қандай турлари мавжуд эди, деган мантиқли савол туғилди?.

  Асли жаҳонда отларнинг: будёний, тоза йўрға, араб, ахалтекин, тракенен,ханновер, америка рисист,бавар, француз йўрға, андалуз ва бизнинг Қорабайир наслли зотлари бор эди.

  Халқимиз тарихига назар ташласак Жалолиддин Мангуберди, соҳибқирон Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби улуғ подшоҳлар қорабайир отлари билан катта савашларда  зафар қучганлиги ҳақида кўплаб маълумотлар  бор..

  Мамлакатимизда ҳам от наслларини тиклаш, ноёб от зотларини кўпайтириш,  отчилик соҳасини ривожлантириш ишларига давлат даражасида эътибор берилмоқда.

  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 июнь санъасида  “Ўзбекистон Республикасида йилқичилик ва от спортини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори қабул қилинди.

  Яқинда юртимизнинг энг наслли отларидан бўлган Қорабайир тулпорлари ҳақида “Қанотимсан..Қорабайир ривояти..” ҳужжатли фильми яратилди. Бу асарни президент қарорларининг натижаси дея баҳолаш мумкин.  Фильм “O‘zbekiston 24” телеканали ҳамда Президент матбуот хизматининг Facebook ва Youtube'даги расмий саҳифаларида эълон қилинди.

    Ана шу жонли фильм ҳақида фикрларимни баён қилмоқчи эдим.

    Санъатни ва фильм яратиш технологиясини тушунадиган ёзувчи сифатида "Қанотимсан.." ҳужжатли фильми ижодкорларини ўз мақсад ва режаларини амалга оширгани билан  қутламоқчи  эдим. Профессионал, дунё киносанъати баланд мезонлари даражасида яратилган  ҳужжатли фильм. Асар муаллифи сценарийни ҳам кенг кўламли қилиб ёзган экан. Ўзбекистонда қорабайир отчилик соҳасининг муаммолари,.. ривожланиши, тарихи ва бу соҳа истиқболлари қамраб олинган.

  Аммо, мутахассис сифатида эътироф этишим лозим. "Қанотимсан..Қорабайир риовяти.." нинг режиссёри фильмни юксак маҳорат билан рўёбга чиқарган..у асар марказига мақсад ва ғояни тўғри қўя билган. Жуда ёруғ кадрлар олган операторнинг сифатли ишларидан моҳирлик билан фойдаланган. Кўринишлар, умумий  кўриниш, юқоридан дрон планлари жуда яхши тасвирланган. Мусиқалар, бахшилар, кўпкари, олов атрофидаги суҳбат, турли мутахассислар интервьюси,от боқиш технологияси... шундай жамландики,тамошабинлар фильм сўнггида беиҳтиёр отни, ҳусусан Қорабайрни яхши кўриб қолишди.

   Ҳужжатли фильм бош қаҳрамонлари устоз олим Шомирза Турдимов ва “Қорабайир”отчилик хўжалиги раҳбари Жаҳонгир Содиқов интервьюси фильмни жонлилигини ошириб кўтариб турди. Жаҳонгир Содиқов от боқиш технологиясини чуқур билганидан унинг "Бу отни бобомиз Амур Темур минган, Жалолиддинни ҳам қуршовдан от олиб чиққан, у тулпор билан дарёга сакраб қутулиб кетган.." деган сўзлари тамошабинни ҳаяжонга солди. Аминманки, кинони кўрган ҳар бир одам қорабайирдай оти бўлишини орзу қилгани рост эди.

   Албатта, бундай муваффоқиятли фильм яралишига перезидентимиз Шавкат Мирзиёевнинг отчилик, ҳусусан Қорабайир зотли тулпорларни асраш,соҳани ривожлантириш тўғрисидаги қарорлари сабаб бўлди. "Қанотимсан.."..фильми интервью берувчилари тўғри таъкидлаганидек, бу соҳа эътибордан четда колиб, Қорабайир отларидан фақатгина юк ташиш ва улоқларда фойдаланиладиган бўлиб қолган эди.

  Ушбу гўзал фильм ҳақидаги фикримни оптимал  мулоҳазаларим билан якунламоқчи эдим.

Биринчидан: Агар мен фильм муаллифи бўлганимда номини бошқачароқ, яъни асар мазмунини тўла англатадиган конкретроқ ном қўйган бўлардим. "Осмон тўлпорлари", ("Самовий тулпорлар" номи бор эди),"Қанотли Қорабайир.." ва ҳаказо..

Иккинчидан: фильмга одам эмас, бир тулпор тақдирини бош ғоя, қаҳрамон қилиб олган бўлар эдим. Мен яқинда Қирғиз Республикасида ҳалок бўлган бир миллион доллорга нарҳланган "Барон" отли тулпор тақдиридан интернет олами жунбушга келгани гувоҳи бўлган эдим. Устоз профессор Шомирза Турдимов ҳам "..от учун эл йиғлади.."деб бежизга таъкидламадилар.

Ўзим ҳам фильмни икки - уч маротаба кўриб чиқдим.

Учинчидан: Агар мен фильм режессёри  бўлганимда президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўғил-қиз набиралари билан қорабайир отига миндирган бўлардим. Президентимиз недан тулпорларга минмасин ..уларга арқадоғ Туркманистон президенти дунёдаги энг қимматбаҳо Ахал тулпорини совға қилган эди-ку.. Яна президентимиз тулпор минса ярашадиган, айни навқирон ёшдаги инсон. Агар шундай тадбир амалга оширилганда,бу ҳолат одамларга жуда кучли таъсир қилган бўлар эди.

Тўртинчидан: Жаноблар, фильм бир оз рангсиз бўлиб қолган. Крупний, яъни йирик кадрлардан кам фойдаланилган. Менинг фикримча,режиссёр от тренери бўлган аёлни Қорабайирга миндириб турли фокусларда олиш керак эди. Қолаверса жуда креятивлик билан ўйлаб топилган  Қашқадарёдан Тошкентга йўл олган Қорабайир карвони чавандозлари сафида қизлар бўлиши керак эди. Чавандоз қизлар иштироки  сафарга янада тантанаворлик ва гўзаллик бахш этган бўларди.  Ойбачинлар айни шу сурхон-қашқа юртларидан чиққани достонларда куйланган эди..

PS. Мен ёзувчи сифатида бевосита от мавзусида "Тилсим салтанати", "Хоразм маликаси Дорова" романлар ва "Ёнардоғ" каби ҳикоялар ёзганман. Бу асарларни яратиш учун маълумотлар йиғиш жараёнида  отчилик соҳаси ва довруғли тулпорлар тақдирини ўрганган эдим.

Модомики, президентимиз тамонидан Ўзбекистонда Қорабайир отлар наслини асраш, ривожлантириш ҳақида муҳим қарорлар қабул қилинаётган экан. Тошкентда ва мамлакатимиз вилояти марказларида йўқолиб кетган Ипподромлар фаолиятини қайта тиклаш лозим. Бу ипподромларда..балки ойда икки марта..ҳудди хорижий мамлакатлардагидек, пулли пойга ўйинларини ташкил қилиш керак.

  Яна бир энг мухим таклифим. Мамлакатимиз тўй маросимларига от ёки от арава хизматини жорий қилиш лозим. Юртимиздаги отчилик билан шуғулланадиган хўжаликлар  фуқаролар йиғини ташкилотлари ёки ФХДЁ марказлари учун келин-куёвлар ва суннат этиладиган тўй болаларини сайр қилдирадиган замонавий катта сиғимли аравалар яратиши керак. Бу аравалар саёҳати  хавас қиларли даражада жуда хашаматли, ёшлар расмга тушадиган, блогерлар репортаж уюштирадиган  эсда қоладиган жараён бўлиши кўзда тутилади.  Бу ҳаракат билан халқимизнинг 60-70 йиллардаги ретро тўйлари  қайта жонланади.Тошкент шаҳрида, қўшниларимиз қозоқларда  ҳозиргича суннат тўйида ясанган тўйболани отга миндириш урфи мавжуд эди.  Ана шунда бизнинг миллийлигимиз ва урф-одатларимиз тикланади, сақланади.  

  Юқоридаги тадбирлар амалга оширилса,  отчилик соҳаси механизми шитоб билан ўз-ўзидан ҳаракатга келади.

  Мен Хоразмда туғилган ижодкор сифатида, малакатимизнинг бошқа вилоятларида ҳам отчилик соҳасини ривожлантириш керак деб ҳисоблайман. Қадимий Хоразм давлатида бугунги кунда Ахал деб номланаётган зотли тулпорлар мавжуд бўлган. Хоразм отлари Ахал тулпорларининг мислсиз жасорати, инсонга садоқати ҳақида кўпгина маълумотлар сақланган.  "Қанотимсан".. Қорабайир ривояти”..ҳужжатли фильми қаҳрамони Ж.Содиқов таъкидлаганидек Жалолиддин Хоразмшоҳни айнан ўлим ҳавфидан  отлар қутқарган ва манбаларда ўқиганман-ки, унинг Ахал наслли тулпорлари ҳам мавжуд бўлиб, Жалолиддиннинг энг оғир кунларида  ҳамроҳ бўлган экан.

Барча замонлар,давлат тузумлари, ҳатто, экологик фожеалар зарбасига нишон бўлган Хоразмда бошқа қадриятлар қатори ..отчилик соҳасини умуман йўқолиб кетган деб баҳолаш мумкин.

   Мамлакатимизда отчилик соҳасига эътибор берилаётгани боис,  турли жуғрофий кенгликда жойлашган, ўзига хос қадриятларга эга бўлган вилоятларда ҳам  от зотлари билан шуғулланадиган фермер хўжаликлари ҳам ташкил этилиши керак.

  Мен  "Қанотимсан..Қорабайир ривояти.." ҳужжатли фильми ижодкорларини яна бир марта муваффоқиятли фильм билан табриклайман.

( 9 декабрь, соат 14.15. Мақолага киритилган 4 та имло хатони тўғирладим. Илтимос,  хато учраса, Фейсбук саҳифам орқали  хабар беринг)

 

- - -


< Orqaga qaytish