Хабар

Туркияда Ғалаба байрами нишонланмоқда.


Marta o'qildi

Туркияда Ғалаба байрами нишонланмоқда.

  Юнон босқинчилари устидан эришилган қатъиятли ғалаба шарафига бутун турк халқи 30 август санасини Ғалаба байрами сифатида ғурур ва ифтихор билан нишонлайди. Ушбу сана муносабати билан ҳар йили анъанавий тарзда мамлакат бўйлаб турли тантаналар ташкил этилади. Бутун дунё аҳлига таҳдид солаётган коронавирус пандемияси сабабли ушбу байрамнинг бу йилги тадбирлари аҳоли иштирокисиз ўтказилмоқда. 

Байрам муносабати билан Туркиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сўрейя Эрн бутун турк халқига ўз байрам табригини йўллади.
     
 
"98 йил аввал буюк йўлбошчимиз Мустафо Камол Отатурк ва унинг қуролдош дўстлари қўмондонлигида шонли армиямиз Думлупинар мавзеида кечган жангларда қаҳрамонларча ғалаба қозониб, турк халқининг мустамлакачи кучлар устидан қозонган бу зафарини тарих зарварақларига ўчмас ҳарфлар билан битган эди. Тарихи шон-шарафларга тўла қаҳрамон Туркия Қуролли Кучлари бу ғалабаларни ўз шижоати ва озодликка бўлган ишончи туфайли қўлга киритган эди. Бу буюк зафарлари билан турк халқи ҳеч кимга бўйин эгмаслигини, турк давлати асло бўйинтуруққа банди бўлмаслигини бутун жаҳонга яна бир бор ғолибона намойиш этди. Халқимиз ҳатто энг қийин шароитларда ҳам озодлигини ва мустақиллигини ҳимоя қила олишини, ўз суверенитети учун ҳеч иккиланмай жонини фидо қилишга тайёр эканлигини тарихда кўп марта бўлганидек амалда яна бир бор исботлади. Биз яшаётган аср Анадолунинг турклар учун абадий ватанга айланишида тарихий бурилиш нуқтаси бўлган даврдир. Бир неча кун аввал 949 йиллигини нишонлаганимиз Малазгирт ғалабаси ва Алп Арслон Анадолу эшикларини туркларга очганининг минг йиллиги, буюк Усмонийлар чинори тупроққа қадалганининг 800 йиллиги, қитъаларни бирлаштирган жавоҳир шаҳримиз ̶ Истанбул забт этилганининг 600 йиллиги ва абадиятга қадар мангу қоладиган республикамиз ташкил топганининг юз йиллиги саналарини мана шу йигирма биринчи асрда нишонлаймиз. Туркияни XXI асрнинг таҳдид ва хатарлари шароитида энг кучли давлатга айлантириш 2 минг йилдан ортиқ давлатчилик тажрибамизда беҳисоб қаҳрамонлик достонларини битган ва бизга зафар нашидаларини туҳфа қилган аждодларимиз олдидаги энг муқаддас мажбуриятимиздир. Турклар тарих саҳнасида бўй кўрсатган минг йиллар давомида дуч келган таҳдидлар ҳозирги асримизда ҳам бошқача шаклларда зоҳир бўлмоқда. Мамлакатимизнинг боқийлигини кўролмайдиган барча ғаламислар тўдаси ва хоин террорчи ташкилотларга қарши қатъий курашимизни ҳар жабҳада муваффақият билан олиб бормоқдамиз. Бундан бир аср олдин миллатимизга Севр шартномасини мажбуран қабул қилдиришга бўлган уринишларни Миллий озодлик урушида қандай чиппакка чиқарган бўлсак, бугунги кунда ҳам халқимизга мажбуран қабул қилдиришга уринилаётган миллий манфаатларимизни камситувчи иддаоларга худди шундай жавоб беришга тайёрмиз. Шу сабабли давлатимиз Туркиянинг ва Кипр туркларининг Ўрта ер денгизининг шарқий қисмидаги манфаатларини камситишга қаратилган асоссиз уринишларга қарши музокараларда ҳам, очиқ майдонда ҳам қатъият билан кураш олиб бормоқда. Халқимиз ўз ҳаққини 98 йил аввал Мангал тоғи этаклари ва атроф тепаликларда кечган қирғинбарот урушларда қаҳрамонона ҳимоя қилиб, Анадолунинг бир қарич еридан ҳам воз кечмаганидек, бугун ҳам Ватаннинг бир томчи сувидан воз кечмаслигини бутун дунёга намойиш этмоқда..." дейилади байрам табригида.
 
    UzA

- - -


< Orqaga qaytish