Хабар

Сўз юз йил яшатган шоир  Шукрулло вафот этди.  (1921 - 2020)


Marta o'qildi

Сўз юз йил яшатган шоир Шукрулло вафот этди. (1921 - 2020)

       Мен болалигимда   одам ҳеч қачон ўлмайди деган ишонч билан яшаган эканман.  Ўқитувчи хожи онам Реймажон ана Моноқ элатида бирон таъзиядан уйга қайтиб келганида..онамнинг кўзларига қарардим. Онамнинг кўзлари йиғидан қизарган ва  шишган бўларди. Онажонимнинг  "элатда фалон одам вафот этди, маъракада одам кўп бўлди, кўп йиғладим" деган сўзларини эшитардим. Онамнинг шундай инсоний йўқотишлардан сўнг  одам йиғлаб - йиғлаб  бу дард билан...  нечук  яшаши мумкин деб ўйлардим. Одам қандай қилиб ўлиши мумкин дея фикр юритгандим. Назаримда, бир инсоннинг ўлими билан ҳаёт тўҳтаб қолади, деган ҳулосада  эдим.

  Аммо, ҳаёт тўҳтаб қолмас экан.Кеча, 19 июль куни Ўзбекистоннинг барча ўзбек ижтимоий тармоқлари шоир Шукрулло вафот этди деган хабарни  тарқатди.Бу хабарни  эшитиб мен ҳам маюс тортдим.Ўзбекнинг улуғ шоирининг  оҳиратлари обод бўлсин. Ичимдан,  барчамизни шоир Шукруллонинг юз ёшига етказсин, дея дуо қилдим..Соғ - саломат, бардам - бақувват, сўзлари ўткир бўлди устозимизнинг..Шоирнинг сўнгги кунларигача  дўстимиз Карим Баҳриевнинг Фейсбук саҳифаларидаги  учрашувларидан  хабардор  бўлиб турдик.

  Одам боласининг ёши улғайган сайин  ўлим унга яқинроқ келар экан.Авваллари газеталарда таъзия  хабарини ўқийдиган бўлсам,  кўз ёшларим қоғознинг устига оқарди. Энди вафот этганлар ҳақида, айниқса  бу пандемия вақтида..тез - тез ҳатто ҳар кун  ўқиб қоламан. Ичимда алланималар узилиб кетгандай бўлади.

  Ҳатто, ҳозир ҳам эллик ёшдан ошиб, агар онамнинг  вафот этишини билганимда.. дея  армон этаман. Тўғри,   бир куни онамдан айрилишимни билардим, аммо, бу мусибатни бунчалар тез бўлишидан хабарсиз эдим.

  Устоз Шукруллонинг вафоти, ҳаёлимга қайси бир фильмдаги "у сўнгги самурай эди" деган иборани келтирди. Чиндан Шукрулло ҳам ўзбекнинг энг сўнгги самурай, рицари ва бекларидан бири эди. Назаримда Шукрулло домлага ўҳшаган одамлар  ўзлари билан  бутун даврларни олиб кетади. Улар ўзлари билан  Ойбеклар, Ҳамид Олимжонлар, Зулфияхоним, Миртемир ва жаннатий устозим ул буюк Одил Ёқубовлар даврини олиб кетди. Шукруллонинг даврида  сув сепилган ўзбек ҳовлисида радио баланд овозда  янграрди. Ҳар тонг адрас - шойи кийган келинлар сузилиб  таъзим қиларди. Устознинг даврида  ҳар бир ўзбекнинг уйига  эшигини очиб кириб борар эдингиз..дарров тахмондаги бир оз  зах иси ўтирган кўрпачалар солинарди. Дастурхонга мехмонхонадаги  айнан мехмонга қўйилган бир оз қотган қанд - қурс ширинликлар чиқариларди.Дарров яқин дўстларга қўнғироқ қилиниб улар ҳам шу даврадан жой оларди. Шоирнинг, ёзувчининг уйида баъзан гурунч  топилмаса, баъзан ёғ бўлмаса-да, қўни - қўшнидан  қарз - қавола  этилиб мазали ош дамланарди. Баъзан салат ҳам бўлмасди. Шундай нон билан балки, бўлка нон билан..  шеърлар ўқилиб дутор, гитара билан қўшиқ айтиладиган даврада у половлар дунёнинг  энг тотли таомига айланарди.

  Билдингиз. Шоир зоти дарров "илҳом берадиган шишалар"ни ҳам топишга уста эди. У ҳам қарзга ёки насияга олинарди. Биз билишимизча,яқинда  машҳур "Журнал корпуси"  биқинида жойлашган "Феруза" кафеси ёпилганида,  кафе эгаси Баҳодир аками..номи эсимда йўқ..у шоир-ёзувчи ва журналистларга насияга берган спиртли ичимлик ва  овқатларини пулини тўла ола олмаган экан.Ана шундай ҳимматли ва саховатли эди бизнинг журналистлар..

  Шоир Шукрулло  тўрвоқда беданалар сайрайдиган, супаларда амма - холалар, дўсту- ёрлар жой олиб кунлаб ўтирадиган, ҳафталаб тўй берсада оғринмайдиган уй эгаларининг  осойишда замонларни олиб кетди. 

  Файласуфларнинг фикрича катта қалблардан сўз, шеър, ҳикоя  туғилар экан.Шукрулло акани йўқчиликларда  асралган, қамоқларда синмаган, олийжаноб,инсонийлик туйғулари  жой олган катта қалби бор эди. У катта қалби ва кенг феъли билан қамоқларда ўлмаган жони билан шоирнинг ҳам  бу ёруғ оламда 100 йил яшаши мумкинлигини дунёга  намойиш этди.Шоирни ""тўрт оёқли чўбин отга" миниш муқаррар  бўлган дунёда нима  100 йил яшатди деб ўйлайсиз. Устоз Шукруллони дарду - аламлар, айрилиқ, ҳасратлар, мақтовлар, юксак  минбарлар ва мукофотлар билан яшашга қандай куч ундади деб ўйларсиз.

   Шоир Шукрулло қадимий қалбини олис, узун  йиллар.. Сўзнинг олови, тафти ёритиб турди. Қамоқхонанинг  қаронғи, узун кечалари, панжарали ойнасини порлоқ бир қуёш мисоли Сўз яратганнинг жамолидай ёритиб турди.Билмаганлар билиб қўйсин..устоз Шукруллони юз йил Сўз яшатди. Чунки, Сўзда илоҳийлик, муқаддаслик  зохир эди. Чунки,  худойимнинг "Бўл" деган каломи ҳам  самоват  бағрида Сўз билан  айтилган эди.

   

Шукрулло (1921-2020)

 

Ўзбекистон халқ шоири (1981), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1977) Шукрулло (Юсупов)  1921 йил 2 сентябрда Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур даҳасида туғилган. Педагогика билим юрти (1935—38) ва Низомий номидаги Тошкент педагогика институтини тугатган (1944).

Шукрулло 1951 йилда миллатчилик ва советларга қарши тарғиботда айбланиб, 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, Сталин вафотидан кейин озод этилган (1955).

Илк шеърлар тўплами — «Биринчи дафтар» (1949). Шундан кейин унинг «Қалб қўшиқлари» (1949), «Ҳаёт илҳомлари» (1959), «Умрим борича» (1960), «Инсон ва яхшилик» (1961), «Инсон — инсон учун» (1964), «Зарралар» (1973), «Суянчиқ» (1977), «Яшагим келади» (1978), «Сенинг бахтинг» (1988), «Тўкилган дардларим» (2001) каби шеърий тўпламлари эълон қилинган.

Шукрулло «Чоллар» (1948), «Россия» (1956), «Икки қоя» (1964), «26 тонг отари» (1966), «Гул ва оташ» (1972), «Кўнгил чироғи» (1975), «Аср баҳси» (1985) ва бошқалар достонларини ёзган. Шукруллонинг болаларга бағишланган шеър ва эртаклари «Баҳор совғаси» (1962), «Юлдузлар» (1964) шеърий тўпламларидан ўрин олган.

«Хатарли йўл» (1962), «Табассум ўғрилари» (1964), «Тўйдан кейин томоша» (1980), «Ўғрини қароқчи урди» (1982), устоз ёзувчиларнинг ижоди тажрибалари тўғрисида баҳс юритувчи «Жавоҳирлар сандиғи» (1983) эссеси, қатағон даври даҳшатлари ҳақидаги «Кафансиз кўмилганлар» (1989) автобиографик қиссаси, «Қасосли дунё» (1994) публицистик мақолалар тўплами, Убайдулла Хўжаев тўғрисидаги «Тирик руҳлар» (1999) роман-хроникаси муаллифи.

Шукрулло Карло Гоццининг «Бахтиёр гадолар» пьесаси, Ш. Петёфи, Т.Шевченко, Қ.Қулиев ва бошқалар шоирларнинг шеърларини ўзбек тилига таржима қилган. Унинг асарлари рус, араб, турк, озарбайжон, қорақалпоқ, қозоқ, қирғиз тилларида нашр этилган.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати (1994). «Дўстлик» (1994) ва «Эл-юрт ҳурмати» (1999) орденлари билан мукофотланган.

2020 йил 19 июль куни Тошкент шаҳрида вафот этган.

 

- - -


< Orqaga qaytish