Жаҳон адабиёти

Шоир Муҳаммад Иқбол  абадияти.    Садулла  Йўлдошев.


Marta o'qildi

Шоир Муҳаммад Иқбол абадияти. Садулла Йўлдошев.

  Шарқнинг машҳур файласуф-шоири Муҳаммад Иқбол фақат Ҳиндистон ярим оролидагина эмас, балки бутун хорижий шарқнинг адабий, сиёсий ва ғоявий ҳаётига катта таъсир кўрсатган файласуф шахсдир.

Машҳур ҳинд адиби Мулк Раж Ананд файласуф-шоир Муҳаммад Иқболнинг шарқ адабиётида, қолаверса жаҳон адабиётида тутган ўрнига шундай баҳо беради:

«Улуғ шоир, теран файласуф Муҳаммад Иқбол фақатгина Ҳиндистон адабиётини мустаҳкамлаш ва унинг миллий қайта тикланиши билан чегараланиб қолмай, балки Туркия, Эрон, Миср, Афғонистон каби мамлакатларда поэтик ва фалсафий фикрларнинг тараққий этишида илҳом манбаи бўлиб келган».

Муҳаммад Иқбол бу борада буюк Фирдавсий, Саъдий, Ҳофиз, Румий, Бедил, Ғолибларнинг инсонпарварлик ғояларини давом эттиради, инсоннинг яратувчилик қудратини мадҳ этади.

Муҳаммад Иқбол 1877 йили 9 ноябрда ҳозирги Покистон Ислом Республикаси Панжоб вилоятига қарашли Сиалкот шаҳрида майда тижоратчи оиласида таваллуд топди. Аллома Иқболнинг ёзишича, унинг аждодлари асли кашмирлик браҳманлардан бўлиб, деярли 300 йил аввал ислом динини қабул қилади. Исломни қабул қилган бу хонадон бошқа кўп хонадонлар сингари рожаларнинг зулмидан танг аҳволга тушгач, Кашмирни ташлаб, Сиалкотда истиқомат қила бошлайди. Бўлажак шоирнинг отаси Шайх Нурмуҳаммад ва волидаси Имом бибилар тақводор кишилар бўлганликлари учун ўз фарзандларини ҳам ислом дини руҳида тарбиялашга катта эътибор беришган. Оилада ҳукм сурган диний руҳ ҳамда бу хонадонга зиёрат қилиб келадиган кишиларнинг дин ҳақидаги суҳбатларини эшитган иқтидорли, ўткир зеҳнли Муҳаммад Иқбол уларни қалбига жо қиларди. У бошланғич маълумотни она шаҳри Сиалкотда олиб, кейинчалик илмий ва маданий марказлардан бири, Лоҳур шаҳрига келиб, ўз билимини ошириш мақсадида коллежга кириб ўқийди. Сиалкотдаги мубашширлик мактабида таҳсил олаётган чоғида Иқбол араб-форс адабиёти ва тилини мукаммал билган машҳур олим Саййид Мир Ҳасан билан яқиндан танишади. Олим бўлажак шоир қалбида Шарқ шеъриятига, айниқса, форс назмига чуқур муҳаббат уйғотади. Чунки бунга асос бор эди. Устознинг шогирдлари орасида Муҳаммад Иқбол ўткир зеҳни, илмга чанқоқлиги билан ажралиб турарди. Бўлажак шоирнинг араб-форс адабиётига, тилига бўлган ҳаваси жуда баланд бўлиб, унинг учун ҳам устоз Саййид Мир Ҳасан шогирди Муҳаммад Иқбол ҳақида гап кетганда: «Бу йигит келажакда катта обрўга эга бўлади, шу боисдан унга араб-форс тили ва адабиётини миридан-сиригача ўргатиш менга ҳузур бахш этади»,– дер эди.

Дарҳақиқат, Муҳаммад Иқбол илм ўрганиш йўлидаги ҳар қандай қийинчиликлардан чекинмай, билмаганини Шарқ ва Ғарб олимларидан сўраб ўрганди. Шогирднинг устозига ҳурмати баланд бўлган. Чунончи, ҳукумат келажаги порлоқ ёш шоирни «сэр», яъни «жаноб» деб мурожаат этишларини сўрашганда, у «Сиз аввал устозимга «Шамс ул-уламо» (уламоларнинг қуёши) деган унвон берсангиз, мен шунда рози бўламан», – дейди. Шунда вилоят губернатори: «Мен унинг номини бугун биринчи маротаба эшитяпман. Нима, у китоблар ёзганми?»,– деб сўрайди. Шунда Муҳаммад Иқбол: «Гарчанд устозим китоб ёзмаган бўлса-да, мен унинг жонли китобиман. Бу шахс менинг энг азиз, мўътабар устозимдир»,– деб жавоб беради. Шунда инглиз ҳукумати Муҳаммад Иқболни «сэр» деб атади, унинг устозига «Шамс ул-уламо» деган унвон берди.

Муҳаммад Иқбол Ҳофиз, Саъдий Шерозий, Бедил, Румий ғазалларини жуда эрта мутолаа қилишга киришди. Мактабда ўқиб юрган пайтларидаёқ урду тилида шеърлар битар эди.

 Эрон.

Бўлажак олим Лоҳурда фалсафадан таҳсил олади. Бу ерда у Шарқ фалсафаси ва адабиётининг билимдони Томас Арнольд билан танишади. У орқали инглиз тилини пухта ўрганишга киришади. Томас Арнольд талабаларга меҳрибонлиги туфайли Муҳаммад Иқболнинг унга меҳри тушади. Томас Арнольд ёш олимни фалсафа билан бирга, табиатни севишга, ундан баҳра олишга ўргатди. Томас Арнольд хизмат муддати тугаб, она юрти Англияга жўнаётганда, Муҳаммад Иқбол хафа бўлиб, «Нола-е-фироқ» шеърини битади.

Шоирнинг дастлабки назмлари устози Саййид Мир Ҳасанга жуда маъқул бўлади ва у шогирдига бу назмларни ўз даврининг шеърият юлдузи ва талабчан танқидчи Доғ Деҳлавийга юбориб, унинг фикрини билишни маслаҳат беради. У шундай қилади ҳам ва Доғ Деҳлавийдан тез орада юқори баҳо олади. Шундан кейин шоир Доғ Деҳлавий билан ёзишмалар олиб боради. Доғ Деҳлавий эндиликда унинг шеърлари таҳрирга муҳтож эмаслигини билдиради.

Ёш шоир турли анжуманларда, мушоираларда шеърлари билан аста-секин танила бошлайди ва шеърият мухлислари назарига тушади.

Доғ Деҳлавий вафот этганда Иқбол қаттиқ қайғуриб, устози хотирасига алам-изтиробга тўла марсиясини битади.

Муҳаммад Иқболнинг волид ва волидаси ўз фарзандларининг розилигини олмасдан 15 ёшлигидаёқ уни гужаротлик доктор Ато Муҳаммаднинг қизига (Орий Хотунга) уйлантириб қўйган эдилар. Орий Хотун жуда юмшоқфеъл, очиқкўнгил, лекин саводсиз, оддийгина бир қиз эди. Муҳаммад Иқбол унга нисбатан муҳаббат, яъни маънавий яқинлик сезмади. Муҳаммад Иқбол ушбу хотинидан Офтоб Иқбол исмли ўғил ва Меърож Бегим исмли қиз кўрди. Лекин қизи Меърож Бегим 18 ёшга тўлар-тўлмас оламдан кўз юмади. Муҳаммад Иқбол 1899 йили Лоҳурда «Анжумани ҳимоят-е ислом» жамоасининг 15 йиллигига бағишланган тантанали мажлисда ўзининг «Нола-е-ятим» шеърини ўқиб, шеърият мухлисларининг таҳсинига сазовор бўлган эди. Ўша кундан эътиборан Лоҳурда урду тилида чоп этиладиган «Махзан» журналининг ҳар бир сонида Муҳаммад Иқболнинг шеърлари чоп этиладиган бўлди. Муҳаммад Иқбол мазкур журналнинг бош муҳаррири, урду адабиётининг кўзга кўринган таниқли шахс Шайх Абдул Қодир билан яқиндан танишиб, у билан қиёматлик дўст бўлиб қолди.

Абдул Қодир ўзининг яқин дўсти ва ватандоши ҳақида мамнуният билан шундай дил сўзларини битган:

«Агарда мен таносух назариясига ишонганимда эди, унда мен шундай деган бўлардим: шеъриятга ўзини бағишлаган Мирзо Ғолиб ўзи билан шеъриятини ҳам ломаконга олиб кетган бўлса-да, бу шеърият уни яна ерга қайтиб тушишга мажбур қиларди ва яна қайтадан ўзининг шуъласи билан бирор-бир фоний инсон қалбини ёритиб, гуллаб турган шеърият бўстонини суғорган бўларди. Буюк шоирнинг қалби иккинчи маротаба узоқ Панжобда қайта туғилган бўлиб, шеърият санъатининг барча тилсимотларини Муҳаммад Иқбол исмли инсонга бағишлаган бўларди». Дарҳақиқат, Муҳаммад Иқболнинг шеърлари Ҳиндистон ва Покистонда Мирзо Ғолиб шеърлари сингари машҳурдир.

1899 йили Муҳаммад Иқбол коллежни икки олтин медаль билан тугатиб, магистрлик даражасини олишга муваффақ бўлди. Ўша йилиёқ уни фалсафа ва фиқҳдан маъруза ўқишга олиб қолдилар. Мазкур коллежда у 1905 йилгача мударрислик қилди.

1903 йили истеъдодли ёш олим иқтисодий муаммоларга бағишланган «Илм ул-иқтисод» номли асарини чоп этади. Бу асар унинг иқтисод фани бўйича чоп этилган биринчи асари эди.

1905 йили Муҳаммад Иқбол коллеждаги меҳрибон устози Томас Арнольднинг маслаҳати ва акасининг моддий ёрдами билан илмини ошириш мақсадида Англияга жўнайди. Муҳаммад Иқбол Лондонга жўнашдан олдин Деҳлига келиб, шоир Мирзо Ғолиб қабрини зиёрат қилди ва шу ерда бундай шеър битди:

Шеърият майдонида фикру хаёл чамбарчас
Лутфу гўёлик ичра ким тенгдир сенга, Ғолиб?

Ҳиндистон сарзаминини нега терс айладинг, айт.
Келгайми яна ундай ақлу санъатга ғолиб?

Ғолибдай бир инсонга муҳтожмиз жуда-жуда,
Меҳру эътиқодини кўп йиллар ичра солиб.

Жаҳонобод эй Деҳли, илму ҳунар бешиги,
Бу кун йиғлайди қасринг, кулбаларинг, деворинг.

Хоки замининг ичра ухлар қамару қуёш,
Уларнинг сиймосида улуғлик, иқтидоринг.

Ғолибдай жавоҳир ором олар қаърингда,
Ғолибки, кеча, бугун, эрталик ифтихоринг.

Ж.Жабборов таржимаси

Покистон

1908 йили Муҳаммад Иқбол Лондондан қайтиб келиб, ҳуқуқ фанини чуқур ўрганишга киришди, бу соҳа бўйича ҳам докторлик дипломини олишга сазовор бўлиб, тўғри баҳо берадиган ҳақиқий зиёли бўлиб қайтган эди.

Европада илм олиб юрган чоғларида Муҳаммад Иқбол зодагон оиладан чиққан Атия бегум Файзий билан танишган эди. Атия ҳам ўша йилларда Лондонда Ғарб фалсафасидан таҳсил кўраётган эди. Улар бир-бирлари билан тез-тез учрашиб, фалсафа, адабиёт, Ватан тақдири ҳақида суҳбатлашиб туришарди. Уларнинг бундай дўстона учрашувлари она-Ватанларида ҳам давом этиб келди.

Шундан сўнг Муҳаммад Иқбол мусулмонларни сиёсий фаолликка чақиришни, инглиз ҳукмронлиги остида ётган ватандошларининг оғир аҳволини яхшилашни ўзининг асосий бурчи ва вазифаси деб билди.

Табиийки, Муҳаммад Иқболнинг миллий-озодлик ҳаракатидаги фаолияти унинг сиёсий онги ўсишига катта таъсир кўрсатди.

1915 йили Муҳаммад Иқбол ўзининг форсий тилида ёзган «Асрор-е-худий» «Шахс сирлари» маснавийсини чоп эттирди. Мазкур асарида шоир шахснинг маънавий камолотга эришиш йўлидаги фаолиятини моҳирона тасвирлаб, бу борада фаол ҳаракат қилишга даъват этади. Бу асар инглиз шарқшуноси, йирик адабиётшунос, профессор Никольсонда катта қизиқиш уйғотади ва бу асарга сўзбоши ёзиб, уни инглиз тилига таржима қилиб чоп эттиради. 1918 йили шоирнинг иккинчи маснавийси «Румуз-е-бехудий», («Шахс сирларининг очилиши») асари форс тилида чоп этилди. Бу асарда шахснинг камолотга эришувида жамият муҳим роль ўйнашини, жамият шахсларсиз ҳеч нарса бўлмагани каби шахс ҳам жамиятсиз ҳеч нарса эмаслигини таъкидлайди.

1923 йили шоирнинг форс тилидаги лирик шеърлари тўплами «Паёми Машриқ» («Шарқ хабари») чоп этилди. Тўпламда шоирнинг фалсафий фикрлари ўз ифодасини топган. Бу асар буюк олмон шоири Гётенинг «Ғарбу Шарқ девон»ига назира тарзида ёзилган бўлиб, шоир уни беш қисмга бўлади. Биринчи қисми «Лолае-е-Тур» («Тур тоғининг лолалари») иккинчи қисми «Афкор», («Фикрлар»), учинчи қисми «Май-е-боқий» («Боқий май»), тўртинчи қисми «Нақш-е-Фаранг» («Европа қиёфаси») деб номланган. Бешинчи қисмининг номи «Хурда» «Қатралар» .

1924 йили шоир урду тилида 1901-1924 йиллар давомида ёзилган шеърларини «Карвон қўнғироғининг овози» («Бонг Даро») номи билан чоп эттиради. Муаллиф бу тўпламида ўз ижодини тўрт даврга бўлади. Биринчи даврга Европа сафарига чиққунга қадар ёзилган шеърлари кирса, иккинчи давр 1905–1908 йилларда ёзилган шеърларни ўз ичига олган. Учинчи давр эса Европадан қайтгач, 1924 йилга қадар ёзган шеърларидан иборат. Тўртинчи давр 1924–1938 йиллардаги ижодини ўзида акс эттирган.

Муҳаммад Иқболнинг фалсафий, ижтимоий-сиёсий қарашлари ўзи яшаган ва ўзидан кейинги даврлардаги Ҳиндистон мусулмонларининг ижтимоий тафаккури асосий мазмунини белгилаб берган, десак муболаға бўлмайди. Бу ҳақда машҳур шарқшунос олим Х.А.Гибб: «Иқболни тушуниш Ҳиндистонда ислом моҳиятини тушуниш демакдир», деган эди.

Муҳаммад Иқбол ижодини ўрганган тадқиқотчиларнинг фикрлари ҳар доим ҳам бир хил бўлган эмас. Жумладан, рус файласуф олими Н.П.Аникеев: «Умуман, Муҳаммад Иқбол тўла ва узвий фалсафий қарашлар тизимини яратган деб айтиб бўлмайди»,1 – деган эди. Шубҳасиз, Европа тафаккурининг файласуф-шоирга таъсири беқиёс, чунки у Европа фалсафасининг ўша даврдаги тараққиёти билан яхши таниш эди. Масалан, у бир қатор Ғарб файласуфларига, яъни Кант, Гегель, Фихте, Шопенгауэр билан бир қаторда Лейбниц, Нитше, Бергсон, Жеймс ва бошқаларга мурожаат этиб, улардан шахс, мутлоқ ақл, ички мушоҳада (интуиция), ирода, озодлик каби фалсафий категорияларни ишлаб чиқишда фойдаланган. Муҳаммад Иқбол, шунингдек, ушбу масалаларни ҳал этишда бир қатор Шарқ мутафаккирларидан: Румий, Ибн ал-Арабий, Ғаззолий, Ал-Жилий, Сарҳиндий, Шоҳ Валиуллоҳ, Сайид Аҳмадхон, Мирзо Бедил, Мирзо Ғолиб ва бошқаларнинг бой меросига қайта-қайта мурожаат қилиб келган.

Румийнинг адабий илҳомчиси ва руҳий устози Шамс Табризий бўлган бўлса, Муҳаммад Иқболнинг руҳий устози Жалолиддин Румий бўлган. У файласуф-шоир учун ички овоз, Ҳақиқат мезони бўлиб, Муҳаммад Иқбол унга қараб ўз сози торларини созлаган.

Шоирнинг қидираётган йўлчи юлдузи – бу ишқ. Муҳаммад Иқбол ўз маснавийсининг кириш қисмида, Румий тилидан, ўзининг дастуриламали Муҳаббат ва Ақл эканлигини айтади. Шоир қалб қўрини ўзгаларга ҳам ўтказиб, маънавийлик ва жўшқинлик уйғотиши лозим.

Бу ҳақда Муҳаммад Иқбол ёзади:

«Мени ишқ сайқаллади, инсон бўлдим. Дунёнинг улуғворлиги ва ожизлигини билдим». Муҳаммад Иқбол Жалолиддин Румий тимсолида ўзининг фалсафаси ва диний устозини кўрди.

Илоҳий нур ила нурланган қалб ўзи ҳам нурга айланади. Жозиба маркази каби Шамс Табризий қалби Румийни алангалатгани сингари Румий руҳи ҳам Иқболнинг қалбига оташ солди.

Муҳаммад Иқболнинг буюклиги яна шундаки, у миллат мустақиллиги учун курашда шеъриятнинг ҳаётий зарурлигини англаб ета олди. Шоир бу курашнинг назарий асосини исломда кўрди ва мавжуд ижтимоий тузумни ўзгартиришни диний мафкурада деб билди ва шунга ишонди. Муҳаммад Иқбол оламни билишда фан ва фалсафанинг ролини камситмаган ҳолда дин инсониятни бахтсизликдан, фалокатлардан қутқаришга қодир» деб билди. Гарчи Муҳаммад Иқбол тасаввуф таълимотини тўлалигича қабул қилмаган бўлса-да, устози Жалолиддин Румийнинг унга таъсири катта бўлган.

Тасаввуфдаги пассивлик ва тобелик Муҳаммад Иқболнинг комил инсон таълимотига қарши эди. Чунки Муҳаммад Иқбол озодликни ва мустақилликни тинимсиз курашда, жўшқинликда кўради. У инсон ҳаётининг маъносини фаол курашда деб билади; «Эго»нинг пировард мақсади кузатувчилик, пассивлик эмас, балки ижтимоий ўзгаришга даъват этадиган улуғ кучдир, бу кураш ва фаолликдир.

Файласуф фикрича, ижодий фаоллик ва кураш инсон моҳиятининг ҳақиқий мазмуни.

Муҳаммад Иқбол Шарқнинг ижтимоий-сиёсий ва фалсафий тафаккури тарихида таниқли файласуф, ислом таълимотининг жонкуяр тарғиботчиси Шоҳ Валиуллоҳ, буюк ҳинд маърифатпарвари, адиби, «Алигарҳ ҳаракати» номли маърифатпарварлик ҳаракатининг асосчиси Сайид Аҳмадхон каби машҳур мутафаккирлар орасида муносиб ўрин эгаллайди. Уларнинг фалсафий, ижтимоий-сиёсий, ахлоқий ва диний қарашлари, ўзлари яшаган ва ундан кейинги даврлардаги Ҳиндистон ярим оролида яшовчи мусулмонларнинг ижтимоий тафаккури асосини белгилаб берган, десак янглишмаймиз. Бу фикримизни кўпгина Шарқ ва Ғарб олимлари фикри билан ҳам далиллаш мумкин.

Шоҳ Валиуллоҳ, Сайид Аҳмадхон, Муҳаммад Иқболлар турли даврда яшаб ижод қилишларига қарамай, уларнинг дунёқарашлари ва фаолиятларининг муштарак томонлари ҳам йўқ эмас. Булардан энг биринчиси жамиятни ижтимоий тараққиёт йўлига бошлаш, давр шароитига қараб, диний ислоҳотни амалга ошириш, инсон муаммоси ва бошқалар. Файласуф-шоир Муҳаммад Иқбол «Ҳиндистонда динни қайтадан ислоҳ қилиш кераклигини биринчи бўлиб Шоҳ Валиуллоҳ Деҳлавий сезган эди», деб ёзган.

Динни ислоҳ қилиш, бидъат ва хурофотлардан тозалаш Шоҳ Валиуллоҳ ижодида қанчалик муҳим бўлса, Сайид Аҳмадхон ва Муҳаммад Иқбол фаолиятларида ҳам шунчалик муҳим ўрин тутган. Шак-шубҳасиз, бу мутафаккирлар таълимотларидаги умумий томонлар ўзига хос хусусиятларга эга. Масалан, Муҳаммад Иқбол шахс масалаларида фаоллик ва бунёдкорлик ғояларига катта эътибор берган, унинг бу ғоялари Сайид Аҳмадхон таълимотидаги «апни мадад ап» («ўз-ўзига ёрдам») ғояси билан уйғунлашиб кетганлигини яққол кўришимиз мумкин.

Эрон 

Шундай қилиб, Муҳаммад Иқболнинг фалсафий қарашлари бир томондан мусулмон диний фалсафаси ва Шарқ халқлари машҳур мутафаккирларининг илғор фалсафий ғоялари, иккинчи томондан ғарб фалсафасини чуқур ўрганиш асосида камол топган.

Муҳаммад Иқбол, шунингдек, қадимий Юнон мутафаккирлари Афлотун, Арасту, Гераклит, Демокрит ва бошқаларнинг таълимотларини ўрганган ва чуқур таҳлил қилган. Файласуф-шоир ўзининг назмий асарларида Афлотун ғояларини танқид қилади. Муҳаммад Иқбол учун аҳамиятли бўлган нарса Афлотун ва Арасту фикрлари ислом фалсафасига қай даражада таъсир кўрсатганлигини аниқлашдир. Муҳаммад Иқбол Ашъарийлар, мўтазилийлар ва бошқа оқимларнинг қарашларини таҳлил этар экан, вақт, замон ва макон, майда заррачалар тўғрисида уларнинг қарашлари юнон файласуфлариникидан нимаси билан фарқ қилишини аниқлашга интилади.

Муҳаммад Иқболнинг фалсафий қарашлари марказида табиат ва инсон масаласи туради. Бу масала шоирдан олдин ўтган Шарқ ва Ғарб мутафаккирларининг ҳам диққат марказида эди.

Муҳаммад Иқбол фалсафанинг асосий масаласини ҳал этишда объектив идеализм позициясида турган. Унинг борлиқ ва билиш назарияси тўғрисидаги концепцияси маълум даражада Гегель диалектикаси таъсирида шаклланган, Табиат, жамият ва инсонга у доимий ҳаракатда, ривожланишда ва шаклланишда деб қарарди. Инсон қудратининг табиатдан устунлигини, инсон ўзини ўраб турган кучлардан қудратли эканлигини англаш унга янги ишонч бағишлади.

Муҳаммад Иқбол янги нуқтаи назарни ишлаб чиқишга киришиб, эски муаммоларни янги тажриба асосида қайта кўриб чиқди ва ўз навбатида янги муаммоларга дуч келди. У инсон онги, замон, макон ва сабабият ҳақидаги асосий тушунчаларга янгича ёндашишга интилди. Мутафаккир шоирнинг фикрича, илмий қарашларнинг ривожи асосида билиш тушунчасининг ўзи ҳам ўзгарди. Эйнштейн назарияси бизнинг коинот ҳақидаги тасаввуримизни ўзгартириб юбориб, дин ва фалсафа муаммоларини қайта кўриб чиқишга даъват этди. Шунинг учун ҳам Осиё ва Африка мамлакатларининг ёш авлод мусулмонлари ўз динларига янгича ёндашишни бошладилар.

Муҳаммад Иқбол ашъарийларнинг фалсафий таълимотларидан атомистик назариясидаги олам майда жавоҳирлардан иборат, деган фикрларига қўшимча қилиб, Оллоҳ реал нарсаларни эмас, балки реал нарсаларнинг асосини ташкил этувчи жавоҳирларни яратган, деган хулосага келади.

«Яратувчанлик фаолияти тўхтамайди, доимо янги атомлар юзага келади ва коинот доимо ривожланади»,– дейди Муҳаммад Иқбол. Атомлар қарама-қаршиликларни, ҳаёт ва ўлим, ҳаракат ва турғунликларни бирлаштирувчи куч сифатида мавжуд. Улар на замонда ва на маконда чекланган.

Шундай қилиб, Муҳаммад Иқбол теология орқали ҳаракатни диалектик ҳодиса деб тушунади.

Пантеистик таълимот фалсафа тарихида ўзининг чуқур илдизига эга. Пантеизм ғоялари қадимий ҳинд ёдгорликларидан Ведаларда, Упанишадларда, Гиталарда ҳам учрайди.

Шарқ пантеизми икки хил кўринишда намоён бўлган. Биринчи хил кўриниши – ваҳдат ал-вужуд (олам – бу худо), иккинчи хил кўриниши – ваҳдат ал-мавжуд (худо – бу олам) демакдир.

Муҳаммад Иқбол Шарқ пантеистик таълимотининг иккинчи оқими «ваҳдат ал-мавжуд» тарафдори бўлганлиги учун ҳам оламнинг азалийлигини, модда ва руҳнинг бирлигини эътироф этади.

Мутафаккир деярли барча асарлари («Асрор-худий», «Жовиднома»)да Оллоҳ ва табиат, Оллоҳ ва инсон ўртасидаги муносабат ҳақидаги масалани батафсил таҳлил қилади. Дастлаб Муҳаммад Иқбол Оллоҳни «Абадий гўзаллик», у ҳеч нарсага тобе бўлмаган қувватдир ва у осмонда ва ерда, қуёшда ва Ойда, юлдузларда, қуруқликда ва океанда, алангада ва тошу дарахтларда, паррандаю жониворларда кўринади, дейди. Бунга унинг «Гўзаллик табассуми», «Ҳақиқат», «Гўзаллик», «Шабнам ва юлдузлар», «Юлдуз» каби шеърлари мисол бўла олади.

Муҳаммад Иқбол Ҳиндистон ярим оролидаги ижтимоий-фалсафий фикрлар тараққиётида мусулмон оқимининг йирик намояндаси ҳисобланади. Шубҳасиз, унинг таълимоти ҳам қадимги, ҳам ҳозирги, ҳам Шарқ, ҳам Ғарб фалсафасига бориб тақалади. Муҳаммад Иқбол ана шу сарчашмалардан ўзига хос равишда унумли фойдаланган.

«Муҳаммад Иқбол файласуф-шоир Мирзо Ғолиб ижодининг ворис сифатида уни янада юқори поғонага кўтаришга ҳаракат қилган. Ғолибнинг Муҳаммад Иқболга қанчалик таъсир кўрсатганлиги ҳақида ҳиндистонлик ғолибшунос олим, адабиётчи Малик Рам шундай ёзади: «Шеъриятимизда ХIX асрнинг охирига келиб, уни ислоҳ қилиш ҳаракати бошланган бўлса, унинг дастлабки яловбардорлари Абдул Калом Озод ва Алтоф Ҳусайн Холийлар бўлишган. Ҳар иккиси ҳам бевосита Мирзо Ғолиб таъсирида ижод қилишган».

Холий Мирзо Ғолибнинг шогирди бўлган. Муҳаммад Иқбол эса Шарқ ва Ғарбнинг илмий ва адабий меросидан баҳраманд бўлиб, ўзининг ўткир тафаккури ва теран фикр-мулорҳазалари билан тилимизни анча бойитди. Бу Муҳаммад Иқбол Ғолибнинг маънавий фарзанди деган фикрни тасдиқлайди. Чунки Мирзо Ғолиб урду шеъриятини янги катта йўлга олиб чиқмаганида, Озод ва Холийлар унга пойдевор ўрнатмаганида, Муҳаммад Иқбол шоир бўлиб танилмаган бўлар эди.

Шахс масаласи барча даврларда барча халқлар учун доимо долзарб ва муҳим муаммо бўлиб келган. Шарқнинг буюк алломалари Абу Абдуллоҳ Рудакий, Абулқосим Фирдавсий, Жалолиддин Румий, Жомий, Навоий, Бедил, Ғолиб ва бошқалар ижодида шахс муаммоси етакчи ўринни эгаллайди.

Ҳазрат Али (р.а.) ўз фалсафий қарашларида жамият ва унда инсоннинг ўрни ҳақида фикр билдиради. У жамиятда тенглик ва адолат бўлиши керак деб ҳисоблайди. Жамиятдаги табақаланишга қарши чиқаркан, барча одамлар тенгдир, яъни улар Одам фарзандлари эканлиги ва шу жиҳатдан улар ўзаро биродарлардир, деган ғояни илгари суради.

Шундай экан, нега одамлар бир-бирларини хўжа ва хизматкорларга ажратадилар деган фикрни ўртага ташлайди. У ҳаёт давомида тенгсизлик ва адолатсизликка кескин қарши чиққан ва курашган.

Муҳаммад Иқбол ижодида ҳам шахс ва жамият масаласи марказий ўринни эгаллайди. Инсон моҳиятини очишда маърифатли шахснинг фаол ҳаракати ниҳоятда зарур эканлиги тўғрисидаги фикри, унинг ижтимоий қарашларининг асосини ташкил этади.

Унинг таълимотида катта ўрин тутган шахс концепциясининг икки томонла­малигини кўришимиз мумкин. «Мен» ва «Мен эмас»лик тушунчаларининг ўзаро муносабатларини таҳлил қилмай, фақат «Мен» тушунчасига таъриф бериш тўғри эмас. Муҳаммад Иқбол шахс масаласида фаоллик ва бунёдкорлик ғояларини илгари суради. Файласуф-шоир ижодидаги шахснинг фаоллик ғоялари Сайид Аҳмадхон илгари сурган ғоя – «апни мадад ап се» (ўз-ўзига ёрдам) таълимоти билан уйғунлашиб кетганлигини яққол кўришимиз мумкин. Муҳаммад Иқбол шахс масаласини ривожлантиришда шак-шубҳасиз бир қатор Ғарб файласуфлари Кант, Фихте, Нитше, Жеймс ва бошқаларга мурожаат қилганини кўришимиз мумкин.

Муҳаммад Иқбол Фихте сингари «Мен» ва «Мен эмас» тушунчасини дунёнинг мазмуни ва мавжудлиги тўғрисидаги фикр деб таъкидлади. Фоний дунё, яъни «Мен эмас» «Мен» нинг ижодий фаолиятининг айнан кўринишидир. Нарса ва ҳодисалар дунёси қандайдир мутлоқ бошқа нарса бўлмай, балки ўзлигимизнинг бир қисмидир. Унинг фикрича, шахс ўзини реал ҳаётда намоён этади. Шахснинг юксалиши, ҳаётнинг юксалиши, шахснинг тушкунликка тушиши бу инсониятнинг тушунликка тушиши демакдир. Ҳаётнинг сири унинг тинимсиз ёнишидадир,–дейди Муҳаммад Иқбол.

Мутафаккир Саид Аҳмадхон сингари шахс масаласини ҳал этар экан, шахс фақат фаол курашда, бетиним ҳаракатда камол топади, дейди. Бунга унинг «Кўмир ва олмос» шеъри мисол бўла олади.

  Муҳаммад Иқбол.

КЎМИР ВА ОЛМОС

Кўмир бир кун деди олмосга конда:
«Жилвагар, безавол – сенсан жаҳонда,
Сен – бойлик, хазина, мен – қора кўмир…
Ахир масканимиз, вужудимиз бир.
Лекин менинг жойим ўчоқ бошида,
Сен эса ёнурсан шоҳлар тожида.

Олмос деди:

Лекин мен курашдим, сербардош бўлдим,
Чиниқдим, тобландим, пишдим – тош бўлдим,
Сийнам жилолардан ёнади маъмур,
Ёруғ юлдуз бўлдим ва таратдим нур.
Билгил – мард ёвқурга шон-шараф ёрдир,
Кимки бўш, лавангдур – нотавон, хордир.

Э.Воҳидов таржимаси.

Шоир кўмир тимсолида қуллик ҳаётига тан бериб, қуллик тақдири азалдан деб, ҳаракатсиз, тобе шахс тимсолида гавдалантирилса, олмос тимсолида эса курашларда чиниққан, зулм ва зўравонликни бартараф этишга интилувчи иродали шахс сиймосини гавдалантиради.

Файласуф-шоир серташвиш, ҳаракатчан, серғайрат, ўз-ўзини такомиллаштириш учун тинимсиз меҳнат қиладиган, эртанги бахтли кунга замин тайёрлайдиган шахсни ардоқлайди, тараннум этади, ватандошларининг истиқболини ўйлаб иш қилишга даъват этади.

Бугуннинг завқи-ла ёнмаган киши,
Эртанги шавқидан бўлади маҳрум.
Кимнинг бугун-ла гар бўлмаса иши.
У эрта андуҳга бўлади маҳкум.
 Ж. Жабборов таржимаси.

Тинимсиз жўшқинлик, машаққатлар билан кураш – бу ҳаётдир, у ўзининг бу кўринишида озодлик синонимига айланади. «Бир сўз билан айтганда, ҳаёт – бу озодликка интилишдир» , деб ёзади шоир.

Муҳаммад Иқбол фикрича, ишқ шахснинг энг олий сифатидир: «Ишқда битмас-туганмас ички қувват ва тараққиёт булоғи бор,– дейди шоир. Агар ишқ фаол ибтидо сифатида шахсни кучайтирса, илтижолик (суал) шахсни кучсизлантириб, уни ҳалокатга олиб боради. «Суал», яъни илтижо маъносида Муҳаммад Иқбол шахсий интилишсиз, ҳаракатсиз, меҳнатсиз эришилган барча нарсани тушунади.

Аллома Иқбол «гадо» ёки «қашшоқ» деб иқтисодий ночорликда яшовчи кишини эмас, балки халқ оммасининг қонини канадек сўрувчи, улар ҳисобига яшовчи, текинхўр кишиларни тушунади.

Ўз ризқини бошқалар саховатидан қидирмоқлик
Камбағални қилар янада қашшоқ.
Меҳнат ила гар топса нон,
Бахтиёр бўлур унда инсон.
С. Йўлдошев таржимаси.

Мутафаккир фикрича, жамиятга ўзини бағишлаган шахс барҳаётликни касб этади. Чунки у ўзида жамиятнинг ўтмиши ва келажагини мужассамлаштиради.

«Ҳақиқий шахс,– деб ёзади Муҳаммад Иқбол,– ўзининг барча қобилиятини жамиятга бағишлаши лозим. Муҳаммад Иқболнинг индивиди кишилик жамиятининг асосини ташкил этади. Шахс ўзининг чекланган ва ниҳоясига эга бўлган руҳий дунёсини тарихий тараққиёт йўлида барҳаётликка эришган ҳамда ўз имкониятлари билан чексиз бўлган жамиятга бағишлайди».

Шахс ва жамият масаласини ҳал этишда Муҳаммад Иқбол немис файласуфи Нитшега тақлид қилган, унинг ғоясини давом эттирган, деган тадқиқотчилар ҳам бўлган ва шунингдек, Муҳаммад Иқбол шахс ва жамият масаласини ҳал этишда Нитшега ҳеч қандай алоқаси бўлмаган ва ҳатто Нитше таълимоти билан таниш бўлмаган, деган фикрни айтган тадқиқотчилар ҳам бўлган. Бир шоир ҳақида икки хил қараш илмий жиҳатдан маъқул эмас. Шубҳасиз, Муҳаммад Иқбол Нитше унинг шахс, шахс ва жамият тўғрисидаги таълимоти билан таниш бўлган. Лекин у Нитшега кўр-кўрона тақлид қилган, десак хато бўлур эди.

Нитше ҳам, Муҳаммад Иқбол ҳам забардаст, ҳаракатчан, мустақил фикрга эга бўлган шахсни улуғлайди. Шахснинг бунёдкорлик фаолиятини иккала мутафаккир ҳам улуғлайди. Лекин бу улуғлаш икки хил бўлган. Муҳаммад Иқболнинг Нитшедан асосий фарқи, Инсон – яратувчи масаласини ҳал этишда эмас, балки Шахс жамиятнинг бир зарраси экан, шахснинг жамият олдидаги бурчи ва вазифаси нима деган саволга жавоб беришдан иборатдир.

Нитшенинг «Супермен»и Оллоҳдан ажралган, холис бўлибгина қолмай, балки у жамиятдан ҳам ажралган, алоҳида Олий Шахс бўлиб, у оммадан устун турувчидир. Муҳаммад Иқбол куйлаган шахс жамиятни англайдиган, халқ манфаатлари йўлида ўз жонини қурбон қилишга тайёр турган, уларнинг ғам-андуҳларига, севинчларига шерик бўладиган кимсадир.

Ирода эркинлигига эга бўлган шахс ўзининг фаол ҳаракатлари билан ижтимоий идеалларни амалга оширишга ўзини бағишлайди.

Айнан шу масалалар туфайли Иқбол Нитшедан фарқ қилади. Иқболнинг «Комил инсони Нитшенинг инсонга нафрат билан қарайдиган, халқни назарига олмайдиган «Олий инсон»идан тубдан фарқ қилади. А.Уайтхед каби баъзи олимлар Муҳаммад Иқболни «Шарқнинг Нитшеси» деб ҳам айтишган. Бу фикрнинг нечоғлик бемаъни эканлиги ҳақида Иқбол ижодининг тадқиқотчиларидан бири, файласуф-олим С.А.Воҳид мана бундай деган: «Муҳаммад Иқбол билан Нитшенинг асосий ғоялари ўртасида ҳеч қандай яқинлик йўқ, уларнинг дунёқарашлари бутунлай қарама-қарши нуқтаи назарни ташкил этади».

Бу ҳақда Муҳаммад Иқболнинг ўзи Никольсонга ёзган бир хатида шундай дейди: «Жаноб Никольсон, «Шахс сирлари» асаримни таржима қилганингиздан бениҳоя хурсандман. Лекин айрим инглиз тадқиқотчилари менинг фалсафамни юзаки ўрганганликлари учун «комил инсон» назариямни Нитшенинг «олий инсон» назарияси билан тенглаштириб, янглишадилар. Шу жумладан, жаноб Уайтхед ҳам «комил инсон» назариямни Нитшенинг «олий инсон назарияси» билан тенглаштирган, бу фикрларни Уайтхед айтган вақтда мен Нитше ва унинг «олий инсон» назариясидан мутлоқ бехабар эдим. Хатимни мен 1908 йилда ёзган эдим. Менинг «комил инсон» назариямни тушунмоқчи бўлган инглизлар, аввало, ўзларининг ватандош файласуфи Александрни билишлари лозим. Менинг мақсадим Александрнинг мақсадига яқин туради».

Кўриниб турибдики, Муҳаммад Иқболнинг «комил инсони» Нитшенинг «олий инсон» назарияси билан ҳеч қандай алоқаси йўқ. Гарчанд Муҳаммад Иқбол юқоридаги хатида, Нитше билан ҳеч қандай алоқам бўлмаган, деб айтган бўлса-да, кейинроқ асарларида унга муносабат билдирган. Бизга маълумки, шоирнинг «Паёми Машриқ» («Шарқ хабари»), «Боле Жаброил» («Жаброил қанотлари») асарларида Нитшега атаб ёзилган шеърларини ўқиш мумкин. Лекин кейинчалик Нитшенинг Муҳаммад Иқболга бевосита бўлмаса ҳам билвосита таъсир этганлигини эътироф этмоқ зарур. Муҳаммад Иқбол ўзининг «комил инсон» назариясини яратишда Ғарбда инглиз файласуфи Александр, немис файласуфи Гёте ва Шарқда Ал-Жилий таъсирида бўлган.

Нитше таълимотида халқ бир сурув қўй бўлса, Муҳаммад Иқбол таълимотича халқ метин иродали, жасур, меҳнатсевар, бунёдкор шахслардан ташкил топган жамиятдир.

Нитше фалсафаси зиддиятлардан холи эмас. У инсоннинг руҳий, маънавий моҳиятини тушунишни истайди. Бунинг учун у бутун ақлий захирасини ишга солади. Нитше ўзининг айрим асарларида пайғамбарона сўз юритади. Унга илоҳий ҳақиқат очилади. Лекин Нитшенинг тафаккури олий руҳга қарши исён бўлгани учун ҳам унда бир-бирига зид фикрлар учрайди.

Нитше фикрича, ахлоқийлик асрлар оша инсон эркини, руҳини сўндириб келган. Динда ҳам Оллоҳ ҳукмрон сифатида намоён бўлади. У ўз «қуллари, хизматкорлари», уларнинг тақдири, ҳаётлари устидан ўз ҳукмини ўтказади. Ҳар бир инсон диний нуқтаи назардан худонинг қулидир. Нитше халққа нафрат кўзи билан қарайди. «Ҳаёт – бахт булоғи, лекин халқ сув ичган қудуқлар заҳарланган. Мен тозалик тарафдориман, лекин халқ тумшуғини кўрарга кўзим йўқ», – дейди Нитше.

Агар Нитше таълимотича «инсон табиатан қул ва йиртқич ҳайвон бўлса, Муҳаммад Иқбол таълимотича, «Инсон – табиатнинг олий маҳсули, у яратувчилик жиҳатдан Оллоҳга яқин туради».

Муҳаммад Иқбол шахс ва жамият ўртасидаги алоқанинг муҳимлигини батафсил таҳлил қилгач, қуйидаги хулосага келади:

  1. Индивид ўз шахсиятини жамиятдан ташқарида тараққий эттира олмайди.
  2. Жамият ҳам индивидсиз яшай олмайди.
  3. Жамиятни менсимайдиган шахс буюк инсон эмас, аксинча, ўз ҳаётини жамият ҳаёти билан боғлаган шахс буюк инсондир. Бу борада у профессор Мегдугла фикрига қўшилади. Яъни жамиятсиз индивид ўзининг инсонийлик моҳиятини намоён эта олмайди.

Муҳаммад Иқбол шахс ва жамият ҳақидаги фикрини нозик таъб билан ифода эта олди. Чиндан ҳам Муҳаммад Иқбол шахснинг яратувчанлик қобилиятини тараннум этиб, унинг табиатни забт этишдаги чексиз имкониятларини моҳирлик билан намоён этди.

Аллома Иқбол ижодининг турли-туман илдизлари, ички зиддиятлари унинг қарашларининг қарама-қаршиликлари билан чамбарчас боғлиқдир. Бу ҳақда тараққийпарвар ҳинд шоири Али Сардор Жаъфарий ўзининг «Тараққий пасанд адиб» («Тараққийпарвар адиб») асарида бундай ёзади: «Иқбол поэзияси ипак ва ипдан тўқилган матога ўхшайди. Уни таҳлил қилаётганингизда ипни ипакдан ажрата билишингиз керак». Машҳур ҳинд адиби Мулк Раж Ананд унинг Шарқ, қолаверса, жаҳон адабиётида тутган ўрнига бундай баҳо беради:

«Улуғ шоир, теран файласуф Муҳаммад Иқбол фақат Ҳиндистон адабиётини мустаҳкамлаш ва унинг миллий қайта тикланиши билан чегараланиб қолмай, балки Туркия, Эрон, Миср, Афғонистон каби мамлакатларда поэтик ва фалсафий фикрларнинг тараққий этишида илҳом манбаи бўлиб келган».

Муҳаммад Иқбол ижодининг марказида табиат, жамият, инсон ва шахс масалалари туради. Улар доимо ҳаракатда, ривожланишда ва янгиланиб туради, дейди шоир. Буюк шоир – мутафаккирнинг дунёқараши, унинг шеъриятидаги, фалсафасидаги ватанпарварлик, инсонпарварлик ва адолатпарварлик ғоялари Ҳиндистон ва Покистон халқларининг илғор фалсафасига ва адабиёти ривожига самарали таъсир ўтказиб келмоқда.

Собиқ шўро давлатидаги халқлар чиндан ҳам ўз Ватанларида мўъжиза яратаётганликларига ишондилар. Тез орада озодликка, тенгликка, демократияга ва миллий жиҳатдан ўз ҳуқуқларини ўзлари ҳал қилишга ишонганлар. Шунинг учун кўпгина тараққийпарвар кишилар Россияда содир бўлган инқилобга хайрихоҳлик билдирган эдилар. Ана шундай кишилардан бири Муҳаммад Иқбол бўлган. Тоталитар сиёсий тузум мустақиллик учун кураш йўлида тўсиқ эди. Яхлит Туркистон ўлкаси парчаланиб, мустақил (номига) республикаларга бўлиниб, бир-бирларидан ажратилиб Марказнинг аввалгидан янада маҳкамроқ исканжасига тушди.

ХХ асрнинг охирги 10 йилида асрлар бўйи зулм-ситам, хўрлик ва қашшоқликда ҳаёт кечириб келган халқимизнинг кўкрагига шамол тегиб, мустақилликка эришди. Эндиликда халқимиз мустақил, демократик, ҳуқуқий фуқаролик жамият қуриш йўлида фаол иштирок этиб келмоқда. Ҳақиқий, адолатли мустақил жамиятни барпо этишда жамият аъзолари илгаридан ҳам фаол ва яхши ишлашлари лозим.

Абу Наср Форобий ва Муҳаммад Иқболлар ижтимоий фойдали меҳнатсиз идеал жамият қуриш мумкин эмаслиги ҳақида гапирганлар. Шунинг учун Муҳаммад Иқбол ҳам дунёдаги барча халқларни жамият учун эл-юрт учун фойдали меҳнат қилишга чақирди. Ҳукмрон синф вакиллари халқ оммасини, аксинча, пассивликка, тобеликка даъват этиб келган бир даврда Абу Наср Форобий ва Муҳаммад Иқболларнинг ижтимоий ҳаётни қайта ислоҳ қилиш йўлидаги орзулари миллатларнинг тинч-тотув яшашлари йўлидаги идеаллари билан боғлиқ эди.

Марказий Осиё Қадимги Миср, Бобил, Хитой, Ҳиндистон мамлакатлари сингари қадимий маданий-маънавий қадриятларга бой, Шарқ ва Ғарбни азалдан бир-бирига боғловчи ўлка бўлган. Бу ўлка қадимий Буюк ипак йўлининг қалби ҳисобланган.

Буддавийлик давридаёқ Ҳиндистондан йўл олган карвонлар Европа мамлакатлари билан савдо-сотиқ қилиш мақсадида Марказий Осиё орқали ўтиб борган. Тарихий манбаларда ёзилишича, Марказий Осиё жўғрофий шароити яхши, иқлими мўътадил бўлганлиги учун савдо карвонларининг кети узилмаган. Ғоявий майдонда буддавийлик таълимоти ҳукмронлик қилган даврларда чоп этилган «Жатака»»(эрамиздан аввалги III-II асрлар) тўпламида ёзилишича, савдогарлар карвони Ҳиндистондан Марказий Осиёга чиқишган. Ўз навбатида Марказий Осиё савдогарлари Ҳиндистон билан савдо-сотиқ, илмий, маданий, алоқалар ўрнатилганлиги ҳақида бир неча тарихий ҳужжатлар мавжуд.

Ўрта Осиё икки аср давомида (VIII-X) араб халифалиги таркибида бўлишига қарамай, Ўрта Осиё ва Ҳиндистон ўртасида илмий, маданий алоқаларнинг ривожига Ҳиндистон олиму адибларининг ҳиссалари катта бўлган.

Марказий Осиё ва Ҳиндистон ярим ороли халқлари ўртасидаги илмий, маданий, иқтисодий, алоқалар янги давр шоиру адиблари ва олимлари томонидан ривожлантириб келинмоқда. Хусусан, Шарқнинг буюк файласуф-шоири Муҳаммад Иқбол ижодида ҳам Марказий Осиё халқларининг қадимги ва ўрта аср даврлардаги маданий, маънавий мероси муҳим ўрин эгаллайди.

 «Жаҳон адабиёти» журнали, 2007 йил, 12-сон

- - -


< Orqaga qaytish