Адабий тадқиқот

Файзи Шоҳисмоил (1938-2015)


Marta o'qildi

Файзи Шоҳисмоил (1938-2015)

Файзи Шоҳисмоил 1938 йил 10 ноябрда Гуржистоннинг Ахисха туманининг Минадзе қишлоғида туғилган. Болалиги Самарқанд вилояти Митан (ҳозирги Иштихон) туманида ўтди. Сўнгра Тошкент вилояти Янгийўл туманида ўсиб улғайди. 1958-1961 йиллар ҳарбий хизматда бўлди.

1961-1966 йилларда Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетида таҳсил олди.  Илк бор журналистик фаолиятини университет газетасида бошлаб, сўнгра “Тонг юлдузи” газетасида мухбир, адабий ходим вазифаларида давом эттирди, кейинчалик “Ўзбекистон овози” газетасида ҳалқаро бўлим бошлиғи, масъул котиб лавозимларида ишлади. 1976-1978 йилларда Москвадаги Жамоат фанлари академиясида малакасини оширди.

Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг «Ватандош» радиостанциясида бўлим мудири, бош муҳаррир, директор ўринбосари бўлиб ишлаган. Шу даврда ижтимоий-сиёсий мавзуда юзлаб кўрсатувлар, сиёсий шарҳлар тайёрлади.

Болалар шоири, халқаро шарҳловчи, таржимон сифатида танилди. «Адашбой», «Ирмоқлар», «Чўққи билан суҳбат», «Бизнинг олам», «Йиғлоқи булут», «Баҳор қўшиқлари» шеърий тўпламлари чоп этилди. Болалар ва катталар учун ўндан ортиқ шеър ва ғазалларига Шариф Рамазонов, Ботир Умиджонов, Қаҳрамон Комилов ва Аваз Мансуров каби таниқли бастакорлар куйлар басталашган. Камолиддин Раҳимов, Нуриддин Ҳайдаров, Хурсанд Шеров, Малоҳат Дадабоева, Ғиёс Бойтоев ва бошқа санъаткорлар унинг ижод намуналарини жўшиб куйлашган.

Файзи Шоҳисмоил қардош халқлар ва жаҳон адабиётининг сара асарлари Юсуф Вазир Чаманзаминлининг “Икки ўт орасида”, Жуброн Халилнинг “Қайрилган қанотлар”, Ториқ Буғранинг “Усмон Ғозихон”, Баграт Шинкубанинг “Кетганларнинг сўнгиси”, Ясунари Кавабатанинг “Гўзалликнинг кашф этилиши”, Гулшан Алиева-Кангарлининг “Фузулийшунослик тарихи ва назарияси”, Азиз Несин, Наби Хазри, Мадина Гулгун, Марварид Дилбози, Чингиз Али ўғли, Ж.Чейз, С.Довлатов, В.Золотуха, А.Барикко каби муаллифларнинг роман, шеър, адабий мақола ҳамда қиссаларини ўзбек тилига таржима қилган.

“Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган (2004 йил).

1997 йилдан умрининг сўнгги 2015 йилгача “Жаҳон адабиёти” журналида масъул котиб лавозимида меҳнат қилган.

  Устоз Файзи Шоҳисмоил таржима қилган ҳикояларни энди юклаймиз.

 

- - -


< Orqaga qaytish