Маданият, санъат

Хоразм маликаси Дорова. янги романдан парча.    Саломат Вафо


Marta o'qildi

Хоразм маликаси Дорова. янги романдан парча. Саломат Вафо

 

 

                                                     роман хронология

 

                                                                   “Ўт чақнатиб чопувчи отлар билан қасам”.

                                                                        “Қуръони карим” китоби. Аъдият сураси(100).

                                                                   “Тангри ҳамма  нарсадан қуҳнароқ, чунки у яратилмагандир”.

                                                                                            Милетлик  Фалес.

 

                                                          1 - ҚИСМ

 

  Олов лашкарлари йўлга отланганда, қадимий қалъа уcтида    улкан олмос мисол осилган ўн беш кунлик Ой тўлган,  хабарчи каптарлар дунёнинг олис буржидан  ерга соя ташлаб, тарам – тарам нур таратаётган  булутлар остидан  пориллаб учган, беҳаловат чўл чумчуқлари булутлар мисол  ердан кўтарилган, ер юзида вақт   тонгга дўнганда, ҳали осмон худоларининг ғайб  қопқолари очилмаган  эди.

Дунёнинг барча дарёю - денгизлари, уммон  ва кўлларини қамчилаб, дўқ – пўпсалаб ўз измига бўйсундирган Сулаймон пайғамбар, Орол юртларига келганда ҳориган экан. Бу кенгликларда ўзининг телба шошқинлиги, қулоқсиз тўлқинлари, сув соти  кемаларидай улкан лаққа балиқ жайнлари ва ваҳимали гирдоблари билан ном чиқарган Жайхун оқаркан.  Пайғамбар ёмғир булутларига чиқиб, Хасан –Ҳусан ўқ ёйидан қамчи ясаб, дарёнинг  торайган  сокин жойини топиб қамчилай кетибди. У қора терга ботиб саҳро қушларини “қирқинчи дарра.. қирқ..қирқ..” дея чуғурлашсада Жайхун ўзанига қайтмасмиш.  Сулаймон пайғамбар  қирқ  дарра уриб,  ўз измига юргиза олмаган, гоҳ боғ – роғларни,  гоҳ  ёв қўлида  Гурганжни сувга бостириб тиз чўкдириш яроғига айланган, қалъа- кентларни вайрон этган Жайхун ойнинг тонг олди  оқиш нурларида қора симобдай ваҳимали  жимирларди.

  Қалъанинг баланд деворлари, сув тўлдирилган ҳандақлари, мовий, кўк ва оқ булутлар аксланадиган сувга тўла ховузлар қуршовидаги улкан    ёғоч дарвоза очилиб, ранго – ранг қизил, яшил, ангоб рангли,  жанг кийимлари кийган, бошида дубулғами ёки  ёпинчиқ ёпган  ва машъала кўтарган  қалъа  қизлар саф- саф бўлиб чиқарди.  Қалъанинг баланд девори соқчи минораларида фонус ва маёқ кўтарган  соқчилар  жангчи хотинлар карвони учун жонли маёққа айланганди. Ҳали дарвоза ортидаги тўтиқушдай “Хафтяк” ва дунё шоирларининг шеърларини ёдлайдиган мадраса  талабалари ҳали уйғонмаган, тушларида варрак учириб, қозон ўчоқда пишадиган, тутун иси анқиган половларни кўришарди.

  Муллаваччаларнинг   мамлакатнинг қайси бурчидаги оналари болаларини соғиниб, эрталабки қаймоққа нон тўғрар,  куя тушмаслиги учун солинган тамакининг иси анқитган қишлик пахтали чапонларини офтобга ёйярди. Сигирнинг остида чўккалаб ўтирган она: мадрасанинг  юпун кийинган камбағал талабаларидан боламнинг бошига бит – бургалар сакрамасмикан деб ўйланади.  Соғинчдан кўкси қақшаб, сигирнинг кўпираётган сутига қараб, елиннинг ёрилган, эчкиэмар тишлаган юмшоқ жойларига мис сут идиш четига ёпиштириб чиққан куйдирилган сариёғ сурарди.  

Дунёнинг жуда улкан  юнус балиқлар, шилимшиқ саккиз оёқлар, гала – гала шошалоқ ва ақлсиз дўнг пешона, сазан чавақ балиқлари,  чўлдаги катта –катта  барханлардай катталикда сув остида улкан тоғлардай сирғаладиган китлар сузиб юрган, очкўз балиқчи қушлар учиб юрган кенгликларда пайдо бўлган жуда  ғалати кумуш тус булутлар отлиқларнинг устида пайдо бўлиб қуёшдан олган  нурларини  сочарди.  Сафнинг бошида  қора тулпорда учишга шайланган мағурур бургутлардай  адл ўтирган  қизнинг бошидаги каскан ялтирар,  буғдой ранг юзида қора кўзи, қирра бурунлари ҳам ялтираб, инсоният тарихида ўтган эл  маликалари  шарафига қўйилган маъбудларни ёдлатар ва шунинг баробарида  осмон қопқолари, уммондан куч олган сеҳрли кумуш тус булутлар  ва сочлари булутларга айланган қиз билан илоҳий боғлиқлик борга ўҳшарди. Қуёшинг тонг олди нурига чўмилган қалъанинг шудрингдан ҳовурланаётган  ёрғисимон деворлари,  фонус ва маёқларни  бир – бир ўчираётган соқчи минораларидаги уйқусираган юзлар, даштга  сурув  -урув бўлиб отланган қўй – қўзиларни чиқарган орқа дарвоза дарвозабонлари,  подшо қурдирган  миноралар, мадрасалар қуббалари, тераклар, гужумлар, саватли оқ толлар.. орқада қоларди.

   “Ҳўш қол энди,  Гурганж..” дея ҳайқирди малика.

   “Хўш қол, ҳўш қол..” дея такрорлади оёқлари ва бўйни узун аҳал тулпорларида елиб бораётган қизлар.

  Бека қизнинг дугоналари билан  тонготар зиёфат, кулгилари, соз ва нағмалари, дунёнинг турли мамлакатларидан келган ва ҳар доимгидай қуруқ қайтган совчиларнинг норози нигоҳлари сингган  зарҳал нақшли деворли саройлари орта қолган эди. Тарихи аввалда саҳронинг  бурунги кекса битикчиси Одам қария Олтин Ўрда шоҳи Ўзбек хонннинг қизи малика Тўрабекхоним 1359  йилда энасининг қурсоғидан ажралиб эди деб ёзган эди. 

   “Дупур..дупур..дупур..”..

  Гурганчнинг тош кўчларидаги от туёқларининг “тақ..туқ” урилиши,  бозор майдонида чалинадиган сурнай, ноғора оғанги, утознинг қироат билан ғазал ўқиши,  қиз болалигидан ўғил болача кийиниб, бир тўп қизлар билан  қумнинг қалъа дарвозаларига яқин жойларида от чоптириб пойга ўйнаб юрадиган давридаги ҳайқириқлари..синган Гурганжнинг баланд деворлари ортда қолган эди.  Отаси Одилшоҳ: “..юртга подшоҳлик этдим, аммо..ўз измимни ўз қизимга ўтказа олмадим..” дерди ўйинқароқ ва эрка қизининг ортидан.

   Қизлар карвонининг шовури, от кишноқлари, ҳайқириқларга..чор атрофдан  ҳали уйқуси учмаган чўл қушлари, кулранг бўғоз товшанлар, ўт – ўлан кўплигидан семирган сайғоқдар, ёввойи дашт эчкилари, курралаган қадрсиз кулонлар, қир ортидаги туялар ҳуркиб бош кўтарар ва ялтироқ, сочлари булут, улкан отлари тонг нурларида ялтираётган отларга қараб қолишган эди.

 

  “Салом, чўл қушлари..”.

  “Ассалом, қистанчоқ товшанлар.. ”.

   “Ассалом, сузанғич эчкилар,  озод сайғоқлар..” дея ҳайқирарди от устидагилар.

  Дупур ..дупур от туёғи остидан кўтарилаётган нам ҳаво, .... гўё учиб бораётган маликанинг сочларини шамоллар тўзғитар,  қора  зулукдай ялтираётган отнинг устида кўтарилиб –тушаётган хотинларнинг “ҳаҳ..ҳаҳ”, “чув..чув” деган ҳитоблари, отларнинг ҳансироқи ва дупури эшитиларди.

  Ойнинг кумуш нур қўрғонида олисга отланган карвоннинг ўзи   ғаройиб эди.  Малика бошлик лашкар сафида олтмиш етмишта от бўлса, тўданинг атрофида яна шунча катта – кичик, қизғиш, ола, қора   қулунлар, ҳалигина энасини эмган чоғи,  тумшуғидаги кўпикларни оқизганича,  бияларнинг ортидан етолмас ва  “иҳиҳий” лаб  нолакор  сас чиқарарди. Тойчалар тўпи улкан бияларга қадалган  соғинч  ва саросима жойлашган кўзга айланган эди. Қалъанинг чўлга туташ узун йўлларида қулунлар  тўпи..гоҳ кўзга, нигоҳларга ва ерга тегиб – тегмай учайтган туёқларга айланарди. Қулунлар туёқчалар ерга теккунча “иҳийлаб..” энасини чорлар ва яна кўкка кўтарилиб тупроққа тушгунча нола қиларди. Туёқчалар “дупа дупп..дупа..дуп..” эмас,  нўё  “она, она..” деган нидони берарди.    Аммо эна  бияларнинг изми.. тонг оқлигида камалак ва олтинранг товланаётган  либосли сувворий қизларда бўлиб, биялар қулунларига “..изимдан қолма..тинмай югур..” дегандай  узуқ –юлуқ кишнаб чопишда давом этарди. 

  Малика Дорова  ҳали Гурганж қалъасидан узоқлашмаган паллада чанг – тўзонлар ичида осмонга бўйлашиб  қалъа деворига ёпиштириб қурилган қизлар мактаби минораси, бозор тимининг мовий  қуббаларини кўриб, олдиндаги номаълумликдан ҳижил бўлган кўнгли  бирдан ёришиб кетди. Бир вақтлар ўзи ўқиган мактабга: устоз халфаларига  янги бино қурдириб берган эди. Қизлар мактаби қурилиши борасидаги баҳслар отаси Ўзбекхонга етиб бориб, Ўзбекхон жаҳл отига миниб, қурилишни тўҳтатганда ҳам чекинмаган эди.

  “Ота, ақчани ўз ҳузур – ҳаловатимга эмас, мактаб қурилишига сарфладим” деб барчани мот қилган. Саройнинг узун ялтироқ чапонларига турли нишонлар, фил суягидан ясалган ханжар ва номдор усталар ясаган узун қиличлар таққан,  семиз –ориқ, ёш – қари  мулозимлари шижоатли, фавқулотда зехнли, от минишда, қилич чопишда эркаклардан қолишмайдиган ёш маликанинг  қатъияти олдида бир оғиз гапиролмаган эди.

Тасира – тусур... қурғоқчилик ва сувсизликдан “тарс -тарс”  ёрилган ерларда, от туёғи дупурлари,   от устида учиб бораётган жангчи  қизларнинг яғринидан    ва чор – атроф барханлар устидан кўтарилаётган буғ  офтобнинг илк нурларида жимирларди.

   “Ассалом..сувсиз Қора қоп – қора қум..”..

  Қалъанинг бир юз уч ёшли муаззини  “саҳро алвасти кампирдай қутуради..инди..Тўрабек хоним қизим  элнинг оғир кунида Гурганжга сув келтирмак учун йўлга чиқдинг.Энди элат сени суйиб  ўз тилида Дорова деб алқайди”.

  Тарих  ва асрлар..вақт ва замон сени Тўрабекхонимнинг Жайхунга сув очдириш учун   Хазораспга  юриши.. деб ўз битикларига ёзгай..

Саҳро.. сенинг иҳтиёрингни ўзига тортиб олғай.. Саҳронинг минг йиллик қонунларига кўра, болам, йўлга чиққач  иҳтиёринг пийирларининг..улуғларнинг иҳтиёрига ўтгай..Сен  чўлннинг қадим манзараси,  кўринтилари билан   инжилмай юз кўриш.. деганди ҳеч қийналмай миноранинг тик зиналаридан чиқиб азон айтадиган муаъззин.

“Дорова..Бойтўра  ва  Қадам Бўлунғурни олиб кет...у ҳам одам бўлсин” деди қария тортиниб. Муаззиннинг сўзидан Дорованинг қошлари чимрилиб, қорачиқларида норозилик ва иккиланиш туйғулари  намоён бўлди.

Бойтўра, баландбўйли, келишган, ҳатто ақлли, сарой йиғинларида  ғазал ёзиш йўлида ғолиб чиққан бўлсада, худо уни эркакча шижоат ва ғайратдан  қисган эди. Қадам Булунғур Бойтўранинг маҳрами бўлса -да,   қалъанинг шимолий бўлакида яшайдиган хоразмшоҳлар форс  юртидан тутқун этиб  олиб келинган қул авлоддан, аммо ақлли ва  шижоатли  эди.

   “Ота, у сўзинг ўтмас, бу дов ..Бойтўрага  энагалик этадиган дов эмас. Унга энагалик этадиган ана Қадам Булунғур бор. .”.

  “Дорова, бир отни эгасиз чопди деб ҳисобла..Сен маликасан, сен яхши – ёмон ва ўғри, тўғрига тенг бўлмоғинг лозим ”..

Саҳронинг ўркач қумлари, тўнкарилган қозондай қум тепаликлари ортидан шамолда ҳилпираётган, паст – баланд, қизил, зангори, ангоб, қора рангли байроқ – туғларнинг учлари кўринганда.. қизларнинг алп қомат малкаси сергакланиб от жиловини тортди.  Ота – боболарнинг  қадим  қизил, қора тусдаги минглаган..  қуёшнинг илк заррин нурларга чўлғанган ва қоп –қора   бўрибоши, кўк юзидаги ярим ой ва  қуёш тасвирланган қизил, яшил, сариқ туғларнинг, саҳро ва кўкнинг уфқ чизиқлари бирлашиб кетган кенгликлари  узра тантанавор ва улуғвор порлаши ва минглаган, юзлаган қиёфалар  бўғриққан юзлар, ҳаяжонли чеҳралар қоришуви ичра  нурли бир донишманд сиймосини қалқди. Байроқ туғлар, ўркачлар,  шамолда маъносиз чайқалган созоқзорлар, пўрсанг йўллар тараддутда ҳамуза тортди. Ҳаловатсиз, шашқалоқ  тойчоқлар биялар олдига чиқиб қулоғини динг қилди.

Саҳро қуюнлари ортидан  юмушсевар қумурсқалардай юзлаган ялтироқ бошлар ғимирлади. Сўнг  саллали, кулоҳли юмушсеварлар  орасидан юксак гужумдай бир одам бино бўлди. Бу сиймо қуёшнинг нурларида ўсиқ бароқ қошдан ва ўткир кўздан иборат эди.   Унинг қўнғир катта кўзларида қумлар, денгизлар, осмон ва Гурганж  қалъасига ўҳшаган элатлар аксланарди. У атрофга ҳайбат ва қаҳр билан боқар, аммо унинг тонгнинг мусаффо жилоларига тўлган нигоҳлари кўринмас эди.

  Дорова ҳали тезлашиб кетмаган от жиловини тортиб, ҳайронликда  қум тўзонлари ичра пайдо бўлган отлиқларга ва  оқ кийимли  ҳайбатли чолга боқди. Шамол тўзғитган қумлар ичида қолган оламон, издеҳом булут туширган сояорасида  бир кўриниб ва бир кўздан  ғойиб бўларди.

  “Ё, аллоҳ, ё аллоҳ” демиш ёҳу ва ёки наръа чекди, бу ҳайқириқ олис – олисларга тарқаб, чўлнинг чўп-чарлари, оғочлари ва ҳатто кўкдаги булутларгача силкиниб садо берар, оқ  кийимли ҳайбатли одам атрофидаги туғ кўтарган мурид, мулозимлари, “Ё аллоҳ, ё мавлоно Кубро пийрим..” дея қумларни чангитиб - тўзғитиб фарёд чекарди.

  “..сен элатга сув келтиришга чиққан  қиз Доровами..?.Йўлинг оқ бўлсин, худойим мададкоринг бўлсин..Саломлар бўлсин, саломлар бўлсин”...

Саҳронинг  қуёшда жизғанак бағрига сингиб кетаётган  туғ кўтарган отлиқлар, ялтироқ бошлар, ҳилпираётган либослар, алп қомат авлиёдан гоҳ орда қолиб, гоҳ етиб олаётган юмушсевар қумурсқалар кўтарган  оҳу – фарёдлар, айтим, йиғи – сиғилар осмон ва саҳро орасида осилиб турарди.  Фарёдлар кучлилигидан қумнинг  кўчманчи  малла қушлари издеҳом  фарёдларига  гўё деворга урилгандай ортга қайтарди.

  “Ердаги энг кичик қумурсқанинг шитирини эшитган Аллоҳ,  недан сенинг оҳу- фарёдларингни эшитмагай” деган эди  коинотнинг вақт деворлари ортида ... юз йиллардан сўнг Жалолиддин Румий. 

  Олис уфқнинг  қалъа деворлари, шамолда тебранаётган узун тераклар,  юз йиллик  сершох гужум қораси туташиб кетган жойда, самода сузиб юрган оқ булутлар қатида, булут сояси  билан қуёш нурлари кесишаётган чегарада ул сиймо ва фарёд чекаётган муридлар,  лашкар қизлар отларининг чопиши, ҳансираши, гоҳ тойчоқларнинг  нолалари узра, гоҳ пайдо бўлар ва гоҳ йўқоларди. Маликанинг қулоғида оломон ҳайқириқлари, от кишноқлари ва сон- саноқсиз туғларнинг пориллаши қолди.

  Малика саҳронинг олис- олис буржларига кўтарилаётган, тўзонлар ва уясидан қўзғолган шамоллар тўзонига  ҳасратли боқди.

  “Бу қандай синоат ёки чўлдаги адашган сароб..?. Олис Итил дарёси бўйида Олтин Ўрда  Аштар  қалъасининг хукмдори  отаси Ўзбекхон юртида  не фалокат юз берди. Кўпни кўрган отаси  Ўзбекхон ..ҳар гал дунёнинг турли хукмдорлари ва подшоҳларидан   келадиган совчиларга аниқ бир фикр айтмас, уларни Дорова билан юзлашишга ундарди. Дорова  Гурганж қалъаси дарвозаси турумини бузаётган совчиларни  турли – туман совғалар билан қалъа ташқарисига чиқаришни буюриб ковушини тўғирлаб қўярди. Ҳар гал  қизнинг  хусну – таровати, ақли, топқирлиги довруғини  эшитиб келган совчилар жўнаттилиши билан  олмос,  опал, сапфир тошлари билан безатилган пешбанд, билак узук, пешбандларини  кузда қуриган гул шокилаларидай шиқирлатиб,  қадим Миср ифорларини тарқатиб  отасининг саройига кириб борарди. Эшикбонлар йигирма ёшларидаги баланд бўй сарвиқомат, кенг пешонали, қирра бурун, қора кўз қизнинг гўзаллиги ва шижоати ва мағрур қараши  олдида дош беролмай найзалари билан  “шақир - шуқур” товуш чиқариб чекинардилар.  Ўзбекхон Хоразмга ҳиёнат қилиб, қалъа эшигини очиб берган хоинни жаллод қўлига топширар лаҳзада ҳам, Қорақум ичкриларида карвонларни талаган ёш қароқчиларга қирқ дарра ўрдирар паллада ҳам, бир зумда осойишта ҳолатга келиб, қизига  юзланиб, жаҳлдан лаблари чўччайган Доровани кўриши  билан кулиб юборарди. “Не, бўлди, Дорова қийиз?”.

  “Ота, мен қалъага келадиган совчиларни узатишни бўйнимга олмаганман. Мен исковуч итдай қалъа атрофида ҳолласлаб айланадиган совчиларнинг энагаси эмасман. Нега келган ҳар бир совчи ўз оёғи билан келиб ўз оёғи билан кетавермайди. Отамнинг ёшини яшаган Одилшоҳнинг одам қўйгани, оҳ, ота менинг фиғонимни фалакка чиқарди. Ўн кун ичида тўй қилармиш, аввало мендан розилик олдими?. Мен унга ўз шартаримни қўяман..”.

  Басавлат элликларидан ошган, зарли либослар кийган яшилтоб салла ўраган  Ўғизхон катта тошли  узукли бармоқларини узатиб, қизини ёнига ўтқизар ва қизнинг  сочини силар, кўзларидан ўпар ва узун сочларини силарди.

 

  “Бутун Туронзаминга қаттиққўллиги билан  машҳур бўлган эналаринг  ҳам, сен каби келган совчини олдидан келса, тишлаган, орқадан келганларини тепмаган, қизим..”.

“Ота, анови тўнка қовун қоравули Одилшоҳга жавоб қайтармасам, сиз қўйган номингизни қайтариб отаман..”.

  “Ҳов..ҳов..ҳа на бўлди?”.

Саҳро  дайди ёлмоғизнинг макрли сахнасига ўҳшарди. Самонинг ости уфқнинг устида..оламнинг тўрт тарафида қутурган гирдобнинг саноқсиз устунлари пайдо бўлиб, ёлмоғизнинг бир имосига маҳталдай, қадим Вавилон, Рим гладиаторлари жанг қиладиган саройнинг мармар устунларидай қотиб қолган эди.  Гўё ёлмоғиз қаҳр этиб: “..оғзидан энасининг сути юқи кетмаган қулоқсиз ялтироқ либосли  қизларга..Жайхуннинг сувини очишни кўрсатиб қўяман..” деб қутурарди.

  Тўфонлар уйғонаётган саҳронинг тўнкарилган сон – саноқсиз барханлари орасидан олис – яқиндан  Аёзқалъа, Бургутқалъа, Божмонқалъа, Бўронқалъа, Элликқалъа, Эресқалъа, Тошқалъа, Тозақалъа, Тупроққалъа, Имонқалъа, Ишонқалъа, Шайхқалъа, Шарауқалъа, Қумқалъа, Қумбосганқалъа, Қирққизқалъа, Қаватқалъа, Норинжонқалъа каби қум босган, ярим вайрона қалъалар умри.. ер юзида ўз жуфтини топиш учун кезинаётган тақдирлари, кўз ёшлари, орзу – ҳаёллари  чанг – тўзонлари билан қоришиқ одамлар қисматига ўҳшарди.  Қалъаларнинг  абадий  шарпа-  шамойиллари  тўзонларда бир кўриниб, бир кўздан йўқоларди.

  Дорова тўфоннинг кучли шамоли отлиқ қизларнинг орқага сурадиган даражада кучли эсиб, чўп – чар, дов – дарахтларнинг  шохлари, япроқларига қоришган ҳолатда отаси  Ўзбекхоннинг  ўйчан қиёфаси кўринди.

  “Ота, ўз иҳтиёри билан қизини бермаган хукмдорнинг  юртини босиб олиш, қалъасини қамал қилиб оломагач,  дарёни сувини буғиб, минг – минглаб одамларни, гўдаклар, болалар, аёллар, оналар ва болаларни  сувсиз қолдириш жазосига мустаҳиқ этиш қайси дин ёки  эътиқодга боғлиқ бўлади. Ота, мен Султон Санжар  тўпори ўқизни, оқ соқоли, саройида ортида юзлаб хотинлари, канизаклари  ва  юзлаб айғоқчи махрамлари билан қаршимда тиз чўкдираман. Тиз чўкдираман..  ” демишди қаҳр билан.

  Қумнинг минг йиллик ёлмоғизи жанда этакларини судраб, денгиз ва дарёларни, бархану – чўлларига, булутларни – булутларга  қоқилиштириб, қаҳр этиб этакларини шамолларда учириб, юзини бураб кетганида...чўлда улуғларга оид ҳасратли хотиралар уйғонарди.  Булутлар Гурганжни ёв очган Жайхуннинг суви боис китоблар,  буваклар, қўй – сигирлар, бешиклар, соз асбоблари сувда оққанини кўриб эди. Қумнинг асрий барханлари ҳур тун ёлмоғизнинг тушига кириб йиғлайди. Қумлар не – не юраги ашқдан ёнган паҳлавон йигитларни, тўп – тўп бўлиб қора раққосаларнинг ортидан эргашадиган, мўйлови энди қорая бошлаган ўсмир йигитларнинг орзуга тўла юракларини, дуёни титратган 33 мамлактни бир туғ остига бирлаштирган ёвқур  хоразмшохларнинг қонини  ичиб, минглаган.. юз минглаган калла суякларини бағрига  яшириб, машҳарда Исрофил сурнайини чалнишини кутиб ётарди.

Қум кечмишлардан тўлғонарди. У ҳайқириқлар, ўлим олди талвасаси, от кишноқлари, қилич -қонлар ва орзу – армонлар юкини кўтаролмасдан ҳар тун мингламиш кўк бўри бўлиб увиллар, еру –осмон оралиғида члпар, ҳар тонг қуюн гирдоблари мисол бош кўтарар ва ҳар кун қари,  қўл – оёқлари созоқнинг  ғадир, қаттиқ танасидай қотиб қолган,  ёлмоғиз мисол ҳоллослаб югурарди. Аламлар, ҳасратлар юкидан жазавага тушиб:

  “Ҳувва..ҳувва..ҳайайа..ҳаййайа...” демиш айри қумлар, булутлар, созоқлар, бўри –ю -  йўлбарслар тушунадиган тилда сўйланиб югурарди. .

Саҳро тепаликлари, барханлари Хоразмшохлар давлатининг минг йиллик харитасига ўҳшарди.  Устюрт пасттекисликлари, Жайхун ва Яксарт оралиғи, Қорақумнинг аламли бағрида бу паришон юртга босиб келиб ўлим торган ёв биланбирга  миллион – миллион  хоразмлик навқирон йигитларнинг баҳор сайлларида оқ, қизил, алвон ранг  ипак рўмол ўраганқизларга эҳтиросли мактуб битган  ишқ ва оташга тўла қалби кўмилганди. Бу армонли, ҳасратли қалблар ва юраклар саҳроси эди. Ҳар йили ва ҳар баҳор ва ҳар куз, айни ҳозиргидай  паллада, даштнинг узун тунлари бўри – йўлбарслар тонготар овга чиққанда..қадим шамоллар уйғониб йўлга чиққанида.. ҳар бир шахид хоразмлик,   гўё сон – саноқсиз қумлар, барханлар ва созоқлар бўлиб , ошиқик ҳақида куйларди. ..

  Отнинг жиловини тортган малика қум тепасида туриб, жазирамали оташли кундан дарак бераётган  кўкарган, йўлга  яқин жойлари  сарғайган чўлга син солиб боқди. Биялар безовта кишнади,  чанг – тўзон билан қулунлар “иҳий..йй..”лаб етиб келди. Бир йиллик ўсимликлари,  янтоқ тўплари, қамишлари, бўянларини учириб юрган шамоллар,  чўлнинг ич-ичида кўчаётган қум  тепаликлари, бархан суратлари  қоришувида, малика Дорова  қадим Хоразмнинг   қум барханларига сингиб бораётганқизил, қора, ангоб ранг ҳилпираётган  қадимий туғларини аранг илғади.

  “Оқ муаззин..саҳро ёлмоғиз кампирай қутурган  палла..асрий кўринтилардан сира чўчима демиш эди..” муаззин бир юз уч ёшига чиққани учун қошлари, киприкларигача оқриб кетгани учун элат уни Оқ мўлла деб эди..

     “Қалъа соқчи  минораси қўриқчилари..тонготарларда  қумнинг  кунботар  тарафи  тўфонлари орасида пайдо бўлган ғалати карвонларни  кўриб экан..” дейди Қадам Булунғур заруратини битиришга кетган Бойтўранинг от жиловини ушлаб..

    Қанотида  чўп- чарли  қумларни олиб учаётган шамоллар, саҳро тепаликлари ортидан, вақт деворларининг тўсиғидан жазавага тушган ва холдан тойган  муридларнинг  қум ўркачлар узра  юксалиб бораётган улуғ Кубро“Ё аллоҳ, ё улуғ Кубро пийрим” демиш йиғи- сиғиси ва тонг қушларинингг  живир- живири қоришувида  узоқлашиб борарди.

   “Бу муъаззин айтган  буюк сафарларнинг илк кўринтилар..”..

   “Бу  Кубро пийир...у  саҳро   ўркачли  барханлари аро  йўлга чиққан..шогирдларини узатишга”..

   “Пийирларни қайтар вақти ҳам бўлди..”..

  Яна  саноқсиз барханлар саноқсиз  бола туғди. Яна қум барханлари зилзиладан сўнгги саноқсиз  қоялардай юксалди.. 

   Қизлар отдан кўтарилиб, тўзонлар ичра йўқолган издеъҳқомни ваҳайбатли алп авлиёни кўриш  ниятида эгардан кўтарилиб боқди. Саҳро Одам Ато давридан бошлаб то шу кунгача бор сирларни, бир тамшанмай ютиб, туссиз ва ҳаракатсиз кўзлари билан отлиқ  ялтироқ лашкарларга қарарди.  

  “Қутлидумурга мактуб бит, омонмисан деб сўра” дейди от жиловини торган малика Дорова.

  Маликанинг ниятини нигоҳларидан англайдиган кам гап ва  узун бўйли, эрлардай бақувват,  серҳаяжон Саётжон чакмонининг қўлтиғидан таёр қоғозларни чиқариб,  нигоҳини кўкнинг олис нуқталарига тикиб, бировни аҳтаргандай тарадутланиб,  аллақандай сас чиқариб кўкка юзланади. 

  “...биз йўлга чиқдик..гетётирмиз. Сен омонмисан..” дейди биялар билан тенгма – тенг  еладиган  шамоллар.

  Олов қизлари ва ҳали оғзидан она сутининг таъми кетманган қулунлар пойида, асрлар  давомида тиз чўкиб ётган туссиз барханлар устида, ўт – ўланларни илдизи билан юлган шамоллар қўйнида,  гўё сочлари ёйилган жодули парига ўҳшаб шишиб, Жайхун дарёсининг лойқа, бағри сир-синоатга ва одамҳўр лаққа жайн ва балиқ, қурт-қумурсқа ва минг хил қушларга тўлиқ  сарғиш, устига парда тортилгандай лойқа баҳри уммон суви кўз олдида  пайдо бўлди.   

Саҳро ёвуз ёлмоғиз кампирдай телбавор жунбушга келарди...у яна кўринтилар яширинган этакларини  минг  йиллик шамолларга тутган эди....

 Жайхун  ўз - ўзанидан тошиб,  дарё ташлаб кетган қумлоқ  қайирларида ғалати воқеалар содир бўлмоқда эди.     

 Дарёнинг  қоқ киндигида осмонга сапчиётган тўлқинлар  орасида: сувга ғарқ бўлаётган  иморатлар,  кучли тўлқинлардан  бир-бир нураб йўқлик қарига чўкаётган миноралар, мадрасалар, оташхоналар, нақш ўймакорлик оғочлари, созчилар элатининг  соз ва ҳаррот ясайдиган асбоблари ва сув билан оқиб бораётган, бошига айвон устунлари,карвичлар,  болор ёғочлари тушаётган одамлар,  бешикдаги гўдакларни опичлаб, уй босиб қолаётган,  “боламм” деган нидо билан чўкаётган оналарни, қўрқинч ва даҳшатдан  кўзлари олайган болакайлар ва яшил  тус кўйлаклари товусдай шишаётган қизалоқларни, кимларнидир элатадиган  қардошлари қиёфасида  кўрди Дорова.

  Сувдаги тола – тўп, олмадай қалқиётган одам боласи, ора  - сира ўкираётган, сувда араванинг эски ғилдирагидай  айланаётган хўкизлар, сигирларни, оқаётган бешиклар, ёғочларнинг орасида, ҳар вақт, ҳар вақт дарёнинг одамҳўр  лаққаларининг  қорамтир  оқиш оғзи,  қўй- қўзиларни ялмаётган улкан эшкакдаё қуйруғи сувдан чиқар ва аллақандай жонзотнинг думи билан сермалаб,  қулатиб яна дарёнинг  лойқа сувли гиробида  йўқоларди.

   2013 йил Дўрмон боғлари, 2019 йил Тошкент, уй. 

 

- - -


< Orqaga qaytish