Ҳикоя, шеър


Marta o'qildi

"Шерип точка". янги ҳикоя. Саломат Вафо

                 

                            Ҳикоя

   Энди унга ҳеч нарса тасалли бермас:ҳеч қандай фикр  кўнглини кўта олмасди. У  бор ҳолатни англаб турарди.Ичидан жонига азоб берувчи хотиралар, фикрлар балқиб чиқарди.Кун ҳам оға бошлади. Ёнидаги ҳамрохи  Рамат Тожи ҳам икки кўзи йўлда машинага аста газ бериб ўй –ҳаёлларга чўмарди.

“Машина бензин солдингми?” дейди.

  Ҳайдовчи узоқ йўлга отланишаётганидан уйда ярим кечаси ё гилос, ё томатли  чавақ балиқ  консерва егиси келадиган  иккиқат хотининг инжиқликларидан қутулганига қувониб “солдим, ёшулли, солдим..”деганди жониқиб. Икки – уч соатдан бери Қорақумда  йўл излаб юрганлари  куфрини қўзитарди.

   Рамат ҳаёли остин-устун  одамдай юриб – юриб “бошқа жойдан чиқиб қолибмиз, бердан ўтвадик ” деб  машинага вангиллатиб газ бериб орқага қайтарди.  Хофиз безовта қўзғолиб  адоқсиз саҳроларга, йўл четида қотиб  қолган метиндай танасига   ёпишмаган жуда майда япроқлари билан ғувиллаб овоз чиқараётган саксовулларга боқарди.Улар  гўё  “олиб кет..”дея қўл кўтариб қолган йўловчиларга ўҳшатарди. Ўзини ҳайдовчига ёмон гап айтишдан чалғитарди. Узоқларда уфққа яқин ерларда чўпонлар қўй - эчкиларини боқиб юрарди. Отизда қўйларни бошлаб юрадиган  серкаларнинг бўйнидани қўнғироқлари жирингллаб кетарди. “Жаранг..журунг..жаронг..журунг”..гўё осмон яқин..оқшом яқин..демиш товушлар чор-атрофга тарқаларди. Энди  ҳайдовчини анови метиндай қаттиқ саксовул таёғи билан гумиллатиб урса ҳам фойдаси йўқ..Энди не бўлса ҳам гўё саҳронинг остига кириб кетган, адоқсиз барханлар ичида йўқолган Бухоро йўлини топмоқ лозим.

  Машина йўли  совет даврида қўриқ ерларни ўзлаштиришдай  яловбардорлик кунларида  ётқизилган..  энди.. ўйдим-чуқур бўлиб,  асфальт деган номи қолган тақир издан  қийналиб илгарилар эди. Йўлнинг икки тарафи йулғун, созоқзор, тўронғилзорга туташиб, йўлдан ўн-ўн беш метр узоқликда юқори кучланишли мустаҳкам   электр симёғочлари тизилиб кетган эди.Шўр босган йўл четларида тешилган, ёрилган  катта-кичик  машина балонлари, занг босган темирлар,  ёниб қорайган  машинанинг эҳтиёт қисмлари ёйилиб ётар эди. Машина яқинлашиши билан қушлар дувиллаб учар, саҳро кемирувчилари ўзарини инларига урарди. Саҳро қуёши  уфқ устида осилиб  порлар, қум усти барханлари, янтоқ, қамиш, бўян ва ёнбағирларда ёмғирдан сўнг  яшнаб турган исвандлар усти қизиш нурга чўмгани оқшом яқинлигидан далолат берарди.  Қорақумнинг Саримой ҳудуди тамонларда  гала-гала қушлар, қалдирғочлар учиб юрарди.Қумнинг кунчиқиш тамони Қозоғистон тарафдан Тошкентгача чўзилиб кетган  темир йўл мудраб ётарди. Бу темир излардан поездлар асосан Москва, Қозоғистон, Туркманистоннинг шимолий бекатлари тамонга юргани учун  кундузлари темир йўллар поезд товушларини қумсаб  қулоқ солиб ётарди.

    Шу он йўл  четида машина ёки  эшак аравага ўҳшамайдиган ненингдир қораси кўринди.Бир оздан сўнг тўронғилзога яқин турган мотоциклли  йигит ва қизни  кўриб қувониб кетишди. Мотоциклнинг орқа ўриндиқи ёнига йўлхалта ва кичик қопчалар осилган эди.

  “Уста, ана одамлар, энди қутулдиқ, ичимдан  номоз сураларни ўқиб галётирадим. Ҳозир Бухоро йўлини сўраймиз..”.

  Мотоциклли йўловчилар йўлдан  20-30 газ   четроқда туришгани учун  Рамат машинани тўҳтатиб югуриб кетди. Ялтироқ каска кийган йигирма беш, ўттиз ёшларидаги йигит қўли билан аввал орқани сўнг олдинни кўрсатиб ҳайдовчига бир нарсаларни уқдирди. Йигит  ёнидаги спорт кийимидаги қора соч ва келишган қиз бетоқатланиб типирчилларди. Ҳайдовчи  Рамат  машина юкхонасини очиб йўловчиларга  сув олиб кетди. У ҳовлиқиб кетиб машинани  орқага бурди. “Уста, ҳали айланмай йўлда ҳато гетибмиз, айланмадан тарс гетибмиз.. Сиз бу ёқа юр дасангиз ҳам ўз билганимдан қолмадим. Уста, мани мамалак адаштирди, гечиринг, гечиринг..” .

    Машина кескин  бурилиб   бир оз текисроқ асфальт ва тош йўлдан кучаниб юриб кетди.Ҳайдовчи ҳам хофиз ҳам жим қолди. Бу ҳали замон портлаши мумкин бўлган омонат сукунат эди. Машина олдида   шох-шабба юклаган эшак арава имиллаб юрарди. Арава устидаги чўп-чарнинг устига велосипед ҳам юкланган эди. Ҳайдовчи асабийлашиб сигнал берди.

  “Қоч эй арава...ўзинг арава бўлсанг четдан юрмайсанми..”. Арава устида кир-чир кийимли аравакаш ва арзон-гаров костьюм – шим     кийиб уриниб қолган қизил галустук таққан одам кулгили тарзда оёғини осилтириб ўтирарди.

  -  - Арава бўлсак ҳам юрайлик, - деди гўё эшитгандай қизил галстукли одам.

  “Ҳаҳа..ҳа..уста буларни қаранг киччи бир куррага ўзалари мингани етмагандай валлисини ҳам юклаб олибди. Костюмлини донидиғизми, Моноқли журналист..Шерип точка даган.. ”.

Комил  хофиз қуёш ботиши олдидан жонланиб қолган  саҳрога гала-гала дувиллаб  учиб юрган юрган қушларга боқди. Ҳайдовчи Раматнинг товушини эшитса-да, сўзларини идрок эта олмади.  Йўлдан  тезлик билан ўтган КАМАЗлар  шамолидан   янги мовий ранг волга машинаси тебраниб кетарди.  Сигир-бузоқ, хўкиз юклаган ғалати карвон кўринди. Тизилишиб келаётган юк машиналарга бурнига занжир ўтказилган улкан  хўкизлар, ола-була сигирлар, тумшуғи, манглайи оқ бузоқча ўжаклар юкланган  эди. Машиналар тинмай сигнал  бериб, безовта хўкизлар занжирларини шақирлатишарди.

-         Яҳши Бухоро йўлинда одам кўп экан. Бу моллор қозоқдан галгана  ўҳшийди , дейди ҳаёл билан Хофиз.

-         Уста бундин племенной ўкизларни ўрисдан оликгалади. Ҳозир бу молларни ўзламизни киччи сиғирлар билан чотиштириб дурибдилар.

-         Яҳши йўлинга қара, сен Рамат..

Шу он олислардан гулдирос солиб поезд босиб кела  бошлади.Поезднинг ойналари оқшомги шафақда ялт –юлт этарди. Ойналардан йўл юриб ҳориган одамларнинг тунд юзлари, купе вагонлари орасида  юрган оқ қалпоқли ошпаз болаларнинг қувноқ  қиёфаси,ёш қизларнинг чиройли юзи шамолда ёйилган сочлари  кўринарди.

  Ҳайдовчи гўё поездни  қувиб ўтадигандай Волгага газ бериб йўлга тушди. Узоқдан поезд ойнасидаги қизларга қўл силкиди.Олдинда темир йўлнинг ёниб-ўчаётган  қизил фонарлари кўринди.

  Ҳайдовчи  Рамат Тожи хурсанд бўлиб ҳитоб қилди.”Уста, қаранг, қаранг, галин мошинлар..Бухоро ёна  гетётир..тўй кўп экан. Ҳали йўл гўрсатган  мотосикилчилар ҳам тўйа борётир ака. Кимикинадир борётирлар  точками, бочками ...”.

    Копоти олдига жигарранг айиқча, қизил, оқ, мовий ипак тасмалар  боғланган  уч – тўрт куёв  машиналари шовқин-суръон солиб, сигнал чалиб изма-из кетиб боришарди.

   Ўнлаган вагонларини судраб поезд  гулдирос солиб ўтиб кетди. Унинг изидан “Тошкент-Шовот-Урганч” деган ёзувлар, поезддаги оний танишувлар, одамларнинг  тўй, айрилиқлар, ҳасратлар ҳақидаги хотиралари  тез чопувчи қора қаплонлар каби вагонлар ортидан қолмай эргашарди.

  “Элатдаги Боззи снайпер даган одам бир хўкиздан бас бойлашиб  уйда ўтирғон жойида  "Тошкент-Москва " пойизини тўҳтатғон акан..”.

-         Аввал ҳам ойтвадинг Боззи снайпер дирими ҳали..

-         Ҳовва..ҳовва..дири..дири....Уста  бир марта Бухороғо борғонда сал кам бир қоп пул йиғвадик.Шу Бухоролилар ҳам дим шедрий..шуларни  кўпчилигини урганжий дарканлар..

-         Бухоролиларнинг кўпчиликини қадимдан  хоразмлила ташкил атади. Араб, Чингиз, Амур Темур  дарёни очиб Кўна Урганчни сува босдирғонда..хоразмлилани кўпчили  Бухороғо кўчиб гетган ака.

-         Дўғри уста Қоракўл райони “галанти..гетанти..даб сўллийди монглойиқоролар..Тувба, араб, Чингиз, Темур дарёни очибарди даб санағониниз..шула ҳаммаси бир гунда галиб кўна Урганчни сува бостирибди..” даб тушунибман.

-           Рамат, санго на даврон дийди, шу гун сомбирдаб оғзинг динмади...Йўлинго қоро..яна одошсанг, одошгон жойинга ташаб гетаман сани, бир Қорақумни бўрилари суякингни гамирсин...

  Ҳайдовчи машина силкиниши боробарида  бирдан “ҳоҳоҳоб” деб кулиб  тўҳтаб қолади.  Машина чироғи ёруғида йўлдан тулкими, қуёнми югуриб ўтади. Йўл четидаги қамишзорлар ичида аллақандай жондорнинг кўзлари машина ёруғида ёғдуланиб кетади.

  Поезднинг сўнгги вагонлари чироқларини ёқиб ўтиб кетиши билан бирдан атрофга қаронғилик тушди. Ҳайдовчи машина  чироқларини ёқди. 

Совет даврининг энг нифузли машинаси бўлган ичи катта Волганинг қаймоқ ранг радоси бирдан  шиғиллаб ишлаб кетди ва ўчди. Олисларда қаронғилик қаридан радио товушлари радио карнай орқали янграрди. Балки, шу яқин орада ташландиқ дала шийпонига  лўлилар жойлашгандир. Балки, Орол денгизи тамонга кетаётган балиқчилар тонг отгач йўлга тушиш ниятидадир.  “Сўнгги хабарларни эшиттирамиз...Бу йил Орол балиқчилари давлатга 60 минг тонна балиқ  топширадиган бўлди. Совет қўшинлари   Кавказ тоғларида террористларга қарши  ҳарбий амалиёт ишларини   амалга оширди..21  нафар террорчи ўлдирилди. ”.

-         Ано остоновка..оно..ҳов..ануви  дурғон қизларми..

  Кун бўйи адашиш   сарсонгарчиликдан  жони халқумига келган хофиз бирдан  қичқириб юборди.

-         Ничик отоновка эй ярамас, ярим оқшомда қумда  қизла на иш атсин, ҳайвон. Балким, гўззинг инди  ҳар нарсани  гўриб бошладимикан?.

   Машина чироғи ёруғида йўлнинг ўтасида қўл кўтариб чиққан икки қиз кўринди.Қизларнинг қўлларида йўлхалта ва жамадонлар бор эди.. Қаронғи кабинада ўтирган Комил ҳам қизларни кўриб “ҳов, бу ростдан қизлами..ярим оқшомда натади бу қийзла..” дея ғулдиради.

  Ҳайдовчи Рамат... хофиз айтмаса ҳам  ғилдираб бориб қизларнинг олдида тўҳтади. Машина қаттиқ тормоз берганидан  орқа ўриндиқда турган тор ва доира  оҳ чеккандай  тиринг..тиринг товуш чиқарди. Улар ўттиз, ўттиз беш ёшларида сочлари  калта қирқилган  келишган қизлар эди. Улар катта сумка  ва иссиқ кийимларини ушлаб туришарди. Машина тўҳташи билан қизлар  манзират кутмай  ўзини кабинага уришди.

 -  Брат, худо етирди силани..қумни  бўри-шоғолларина емиш бўлажақ адик..

  - Нишаб юрибсиза ярим оқшомда қумда..дея ҳитоб этди ҳайдовчи.

-         Анув бахтиқаро ..машинда бармасангизла новвиға гараксила бўмаса йўлда тушириб гематан дади. Бизарам қизғинчилик билан тушир,туширип бир гўр  дабмиз. Бахти қоро сосси шўпир баржак бир тийин пули йўқ..ханги  эшакдин ҳанқириб..ҳанқириб бизани шўра отиб урди...

Ҳайдовчи  Рамат Тожи  гўё саҳро йўлида  адашиб қолган қариндошларини учратгандай ўз-ўзидан яйраб “ҳаҳа..ҳаҳа..”лаб кулар ва ора-сира тиззасига уриб қўярди. Дўндиқча қизлар бир-бирига қараб жилмаяр, бир-бирининг қулоғига “Иноби киши артис Комилми..” дея кулишарди. Хофиз ҳам қалин қошларини кўтариб  ҳайратда  қолиб  орқа ўриндиқда бир – бирига гал бермай чуғурлаётган қизлар томонга қаради.Бир қўли билан  салоннинг чироғини ёқди.  Комил қизларнинг ҳорғин юзи,  ялтироқ  қизарган кўзларини кўрди.

-         Ким у..Нани гўради, пул бармадингизларми? – дейди хофиз олд ойнадан қизларга боқиб.

Қизларга зимдан тикилиб кулимсираб ўтирган Рамат  бирдан “ҳо..ҳо..ҳо..”дея  ҳайқириб  кулиб юборди. Бундан илҳомланган қора қош.. қора кўз қиз қошларини чимириб ноз билан боқди.

-         Уста..була КАМАЗ  шўпирларини айтади..ҳов сиз булани билмадингизми.. бу чаққон қийизла..Иккисинам оди Зерип Минжиқ айтғон Минавар бўса гарак. Минавар, Минавар..

-           - Ҳа..ҳа..ҳа..

-         Ибияй, оға гўнандик росдан онгшормадингизми, у  бахтиқора шўпирлар  буни сўради..”пип..пип..”деб  қўлини кувача қилиб иккинчи қўли билан “пақ-пақ” урди.

  Рамат яна саҳнага чиқишга навбати келган масхаравоздай қувониб ҳиҳилаб куларди.Тунги офатижонлардан “Қизил Москва..” ва “Бўлиши мумкин ” номли атирларнинг ёқимли бўйи келарди. Хофизнинг чарчоқ ва сиқиқликдан озорланган қалби алланечук ўртаниб кетарди.

-         Эй, юрай..ҳайда мошинни.. –деди Комил унинг елкасига шапиллатиб уриб.

-           Ибияй..ибияй..тувба атдим, - дерди қизлар ора-сира Комил тарафга қараб қараб қўйиб.

Машина ванғиллаб ўрнидан қўзғолди. Кучли чироқ ёғдуси чўл қаронғилигини найзадай нурлар билан кесиб ўтди.Машина ёруғига аллақандай майда хашоратлар ёприлди. Шу он очиқ ойнадан яқиндан шоғолми, бўринингми увиллаган товуши эшитилди. Бутун саҳро бу товушдан қўрққандай сесканиб жим қолди. Сув  бўйлари тўронғилларида бойқушлар “..увиққ..увиқ..” деб сас чиқарарди.

-         Ўлгаймааан, сал чотолошсак оғо, бўрийа ем бўлажак аканмиз. Ибий..ибийй...тўйа чиқмин ўлийик биза..-ҳалигина ўзларининг ишвали юмушларини айтиб нозланаётган офатижонлар қўрқинч билан бир-бириинг пинжига киришарди.

  Кенг салонда йўловчилар сувдаги шишадай чайқаларди. Қизлар ора-сира “тувба..тувба..” деб қўйишарди.  Олдинда тунги емакхонами ёки машина устахонасинингми хира-ёрқин чироқлар кўринди.

-           Бикала йўл бўлсин энди..деб сўради хофиз.

-         Биза Шовота  борётирмиз..

Яна ҳайдовчи ҳоҳолаб кулади.

-         Уста мошинимизам зўр, қизла орқағо Шовота гетётир, биза алдина Бухороға борётирмиз..лекин бир мошинада...ҳоҳо..ҳо..

-         Ҳов биза Бухороғо бориммиз..оғола.. бизани шу  ошхоноғо тошанг...Бизарам бир “Лазги” чиртиб барасиз оғо..бизарам бир ўйнаб битимиз дўкилсин, аҳир. Тўй атминам  ўлсин Шерип точка..Санго шеър ёзминам ўлсин Шерип точка..

Волга чироқларини ёқиб қаронғида гужумлар шовуллаб турган айвончали ошхона олдида йўлларни чангитиб тўҳтади. Қизлар қўрадан чиққан ёввоий  оҳулар каби  дик-дик сакраб ўзларини ошхонага уришди. “..битлаб ўлингла, сила..”. Тунги қизлар кула-кула югуриб ичкарига кириб кетишди.

  Қизлар билан машина ичидагиларнинг  недир юракка яқин нарсаси  йўқолгандай бир муддат жим ўтиришди. Дарёдан кечиб ўтадиган паром кўприк  яқин бўлгани учун ошхона олдида юк ташувчи машиналар кўп эди. Рамат Тожи кулиб ён-верига қараб Волгага газ берди. Ошхона томидаги радио карнай шиғғиллаб  товуш чиқариб ишлаб турарди. “Хоразмдан гапирамиз..сўнгги хабарларни тингладингиз..- овоз узилиб орада “иии..ииййии..” деган туркманча айтимлар эшитилиб кетарди. “..оқшомги консертимизни бошлаймиз..Ўзбекистонда хизмат кўрсатан артист Назира Юсупова куйлайди.”.

-           Рамат, сани калланг айландими.. натиб юрганингни биласанми, бу қизларни гўриб оғзинг товоқдин бўлди-қу..

-          Инди оғо, нишатин, шу икки қизни сал вундийроқ қийиз бўсадом олмин ташаб гетолмас адим..деди ҳайдовчи Рамат бир оз хазин ҳолатда.

Машина ошхонадан  беш юз – олти юз метр юргач ғийқиллаб тўҳтади. Ҳайдовчи ҳам, хофиз ҳам йўлнинг ўртасида ётган  сўрғичланган  кичик почта қопларини  бўйнини чўзиб кўришди. Қоплар тўпроққа қорилиб чанг-чунг бўлиб ётарди.

-         Уста, ҳаммаси тўла пул бўса, оғо..шунча пулни на ишатамиз..Тўйа борминам қойтамизми..гўринг..адашиб юрибмиз..дея машина эшигини очиб-очмай   сакраб тушди.

-          Пул урсин сани, Рамат.

Машина фаралари ёниб турарди. .Олисларда яна бўрими, шоқолми увиллади.  Бутун борлиқни кумушрангга  бўяган Оймомо ҳам булутлар  ортига яширинди. Шу он йўл бўйидаги қамиш ва буянлар орасидан икки-учта барзанги йигитлар чиқиб ҳайдовчи   Раматга ташланишди. Унинг  қўлларини орқасига қайириб машина тамонга судрашди. Яна кимлардир келиб хофизни тортиб туширди.. Гўё кўз олдида хориж фильмларидаги саҳна кўриниши  содир бўлаётган эди. Бу ҳолатлар кўз очиб юмгунча вақтда юз берди.Қаронғилик қаъридан эски Жигули ғилдираб чиқди, унинг моторининг овозидан кўра ҳам шақирлаши кучлироқ эди. Тун одамлари дупур-дупур югуриб ҳайдовчи  Рамат Тожини оёқ-қўлини боғлаб юкхонага ташлашди. Орқа ўриндиқда Хофизни  икки эмас, уч одам сиқиб ўтириб олишди. Йўлтўсарларнинг сочи ўсган йигирма бешларидаги аъзоси вағиллатиб  Волгага газ бериб  босиб кетди. Оқшом қаронғилиги тушиб  Қорақум ҳам ўзининг асрий сукунатига чўккан эди. Шамоллар эсиб адашган қушлар ва сув қушларининг янги  манзил излаб чирқиллаганини олиб келарди. Уфқнинг  аллақаерларида кумушрангга беланиб  само ҳали хануз Ойнинг чиқишидан далолат берарди. Саҳронинг ичкариларида кечиккан поездларнинг  вупиллаган товушлар минг йиллик сахро бағрида акс-садо берарди.

-           Моққи, столовойа  гириб бир қути “Балтика” олиб чиқ..ё икки қути ол.Бор, бор, уч..

  Волга сўнг орқада келаётган Жигули  ҳали хофизлар тўҳтаб ўтган ошхонана олдида  асталашди. Орқа ўриндиқдаги озғин мўйловли шапка кийган йигит  сакраб тушиб ошхонага чопиб кетди.

Орадан беш дақиқа ўтмасдан пиволар ва шўр мағиз, тасмали пишлоқлар кўтариб машина ёнида пайдо блди. Аммо, у бир ўзи эмас эди, ёнида ҳали “Волга”дан тушиб қолган дўндиқча қизнинг қора қош сочини ёйгани эрашган эди.

-         Диля шўрда экан.Боллони  гўраман  даб  ман билан чиқди. Кайфи ҳам зўр экан.

-         Манглайи қора, обчиққанда обчиқибсан, ўзи мошинда 6еш одам бор.Уни нерда ўтирғизасан, ит.

-         Бошина, бошина ўтирғизади, -кулишади салондагилар.

-         Ибияй, ву на даганингиз ман Моққини иссиғоно дийзинда ўтираман, дийзинда..Сила ман билан ишингиз бўлмасин, ман ўзим билиб жойимни топиб ўтираман...Санни  хароп бўлғонда ҳеч қайсингизга қулоқ солмин дўғри   шўпирни дийзина мингган бўлар ади, лакин ву ҳозир ..точканинг тўйида ўтирибди.

-          Санни чиқонингми, эй, опат ву..атади..атади..На дадинг, точка..точкани  тўйида  дийсанми, точкаам  тўй атадими?.

-         Аса на..бизада точкадам, илондин биллонглоб вергулам тўй атаваради..

Машинадагилар гурр кулиб юборади. Волга шитоб билан ўрнидан қўзғолди.Диля  дўндиқнинг кўзи хофизга тушади.

-         Ибий, артис оғо..сила нера..Бухороғо гетмадингизлами..

-         Бухороғо борётир адик. Бу йигитлар йўлиқиб қолди..

   Бир салон ичидагилар ва бир ҳайдовчи Моққига қраб, бирдан дўндиқча Длия масала недалигини англаб қолди..

-         Ҳов, бахтиқоролар қамалиб гетажакмисила..биласилами бу ким .. Ўзбекистонни анг улли қўшиқчиси..Сила ўрисда юриб артисланам билмийсила.. Ҳов машинни шўпири қани..

Бирдан машина ичидагилар жимиб қолишди.

-         Шўпирам бор, иси жойда гетётир.

Қиз не юз берганини тасаввур қилиб яна вазиятни бошқара бошлади.

-         Оға, пулинғиз бўлса шу бахиқоролара чиқариб баринг, деб қўлини хофиз тамонга чўзди..

  Хофиз киссалари ва машинадаги пулларни олиб қизнинг қўлига тутқазди.

 Асли исми  Дурдонами ўша Диля  пулни  олиб яна буйруқ берди.

-          Қани Моққи тўҳта, дўкилингла болло..ҳамманг ера сакра..,-дея қиз кийикдай ўйноқлаб  машинадан тушди. Энди дўндиқчанинг кулги садолари хофиз ва Рамат Тожининг юрагида акс-садо берарди. 

  Барзангилар, йўлтўсарлар, Моққилар дўндиқча бошчилигида издан етиб келган эски Жигулига сакраб миниб зулмат саҳро бағрига сингиб кетишди.

  Чироқлари ўчирилган  Волга машинаси  саҳрони кесиб ўтган йўлнинг четида қорайиб  турарди. Қаронғи салонда ҳайдовчи  Рамат Тожи ва хофиз бўлиб ўтган воқеалардан гангиб  сўзсиз ўтирарди.

  Тун қаронғилигида олисларда кун бўйи шамоллардан лорсиллаган саҳро осмонида, бир вақтлар пахта, ловия,мош экилган энди  шўр  босган отизлар ортида, узоқларда милтираётган чироқлар бағрида, дов-дарахтлар орасидан таниш оҳанг юксаларди. Оқшомнинг элас-элас шамоллари соз, доира, сурнай, гармон товушларини олиб келарди. Ярим очиқ ойнадан кирган оҳанг саслари ва шамоллардан ўзига келган хофиз жимликни бузди.

-         Бу ничик бўлди..На  гун бўлди, Рамат . Уч-тўрт соатдан бари борғон-галган ерларимизни ҳисобини олсак.. гун бўйи бир  жойда айланган бўлиб чиқиб дурибмиз. Санго на вўлди,  Рамат?.

-           Ўзимам билмиман, уста..мани худо урди, оға, - деди йиғиданми, ҳаяжондан овози буғилиб.

-         Юр, юр  олдинда бир ерда соз саси эшитилами..қани юр, юр..

Волга яна гуриллаб юриб кетди. Гўё бутун оламнинг ташвишлари битиб сўйлашишга сўз қолмагандай икки йўловчи сукут билан йўлни ёритаётган машина фараси нур кесимларига тикилиб боришарди.  Тунги йўлтўсарлар  ҳайдовчи  Рамат Тожини юкхонага ташашганида конистрдаги бензинни олиб машинага  қуйишган эди.  Қирмизи гуллаган янтоқлар ёмғирдан сўнг авжланиб йўлни босиб кетган эди. Эмишки, сахро янтоқларининг минг дардга даъво буйраги хасталарга ҳаёт шарбати ҳақида Ибн Сино ёзиб кетган эмиш.   Ибн Сино башоратидан бехабар ёнтоқларни саҳрода гуллаб ётганидан бехабар бечора хасталар дунёнинг қаерларидадир тушакларда оч итдай ғужанак тиришиб  ётишгандир. Кенг майдонларда битадиган  ёввойи бўян  ўсимлигига ..  хотин-қизлар атир-упаси  билан шуғулланадиган Кореями, Хитой давлати  фирмалари  қирон келтирган эди. Тўлқинлари қутурган Сиям денгизи ортидаги олис хитойлар, корейслар дунёнинг бир чеккаси Хоразмнинг қорақумида ўсиб ётган бўянлар дарагини қайдан билди экан?. Африка мамлакатларида тиши учун  беш тонналик филларни қириб юборгандай, минг йиллардан бери қадим Хоразм  ҳудудини қоплаб ётган бўянларни  ноёб ҳусусияти учун арзимаган пулга томиригача ковлаб вагонларга юклаб кетишган эди. ..   Очиқ ойнадан гоҳ салқин, гоҳ аллақаерларда гизланган  кундузги илиқ эпкин келарди. Волга денгиздаги кечик кемалар янғлиғ қаронғилик бағрини кечиб олдинда кетаётган юк машиналарга яқинлашиб қолди. Машина оқасидаги қизил чироқларни ёқиб ички йўлларга айланиб  йўқолди. Энди соз ва доира, одамларнинг шодон ғола-ғовури, машиналарнинг гуриллаб ёнгани ва сигнал чалиши  аниқроқ эшитила бошлади.

-         Уста бу созми..дея олди  жим келаётган  ҳайдовчи юрак ютиб.

   Йўлтўсарлар тамонидан   машина юкхонасига ташлашганида  манглайини темирга уриб ва тиззасини қириб олган ҳайдовчи орага чўккан ҳали ҳам фалокат оҳангларидан дарак бераётган  сукунатни бузиб.Бутун борлиқни босиб келаётган қуюқ қаронғиликдан..рўй берган воқеалардан юраги сиқилди.

-          Соз, соз саси..деди буғиқ  овозда  хофиз.

Янги волга чайқалар йўловчилар у ёқдан, бу ёққа бориб   келар, мусиқа товушлари эса тобора кучаярди. Шамолларга, тун қаронғилигига қоришиб келаётган товуш қатларида таниш бир нола, ҳасрат бор эди.

-         Оға, сиз қўшиқ айтиб  дурибсизми..деди   Рамат яна  иккиланиб..

-         Эй, новвила дийсан, бошинг айланибди бутун сани..Тўҳта, нера борётирмиз ўзи сан билан..

  Қаронғи чарроҳага келганида машина кескин тормоз  билан тўҳтади. .Ҳайдовчи ва орқа ўриндиқда ўтирган  хофиз  ўриндиқдан учиб кетайди.

-         Оға, Сиз қўшиқ айтиб дурибсиз..

-         Эй, манглайиқаро..деб сўкишга оғиз жуфтлаган  хофиз бирдан тўҳтаб қолди. Бор, нера гетсанг, гет.. сан касопат билан инди бир одим ҳам ташомман.

  Хофиз шу сўзарни айтиб машинадан тушиб эшикни қарсиллатиб ёпди. Туннинг салқин шамоллари уни ўзига келтирди. Бошини ушлаб чуқур нафас оларди. Шу яқин – орада “..қора гўз ..бўй..бўй..” дея хофизнинг қўшиғи янграр эди.  У  шахт билан яна машинага минди. .

-         Қани машинни ҳайдо гетдик..Ана шу чиро йониб дурғон жойа борамиз.Эй, юр, инди на вўлса вўлди..

  Қорайиб турган дарахтзор орқасида чарақлаб чироқ ёнар, ғола-ғовур ва аллақандай ёш санъатчилар   қўшиқ айтарди.

 Рамат  машинасини вағиллатиб оғочзор тамонга бурди.Машиналар  турган сайхонликка келиб тўҳтади. Рамат яна ўз одатича ирғиб тушиб тўйхонага қараб кетди. Зум ўтмай яна ҳансираб қайтиб келди.

-         Оғам,  бир точками, бочка деган одамнинг  ўғлини никоҳ тўйи..балки, бу ман гўрган Шерип точкамикан, микрофонда бир-икки бола Сизни қўшиқингизни қўйиб дурибдилар..Ялтир-юлтур гўйнакли хотинлар ўртада ўйнаб юрибди.

-         Тамом. Энди шу тўйа гирамиз. Налар атдик Бухороғо борожақ бўлиб..ярим гун вақтимиз  гетди. Магнита тортилғон дамирдин..ҳеч гетолмадиқ.  Орқадан костюмимни ол..тез қимирла..буни оч.. торни ғилофдан чиқар..

Кун бўйи адашишлар, умидсизликлар, йўлтўсарлар ҳужумидан кўнгли тўлиб турган хофиз машинадан чиқиб торини чалиб юборди... Негадир кўзларида ёш айланди. Соз намғалари, тап-тапиллаётган доира билан  саҳро тамонларидан тошиб чиққан қаронғиликни чил-чил синдириб ташлади. Оқшомнинг ва кенгликларнинг подшоҳи бўлган кир-чир болалар, ялтироқ кийимли қизчалар чопиб келди. Қўшиқчини ўраб олган болалар,  ғаройиб ялтир-юлтур кўйлакли қизчалар карвони тўйхона ҳовлисига, чироқлари  чароғон давра тамон силжирди.

  “Комил Отаниёз галди. Комилжон галди..Қочингла сила ...ман биринчи бўлиб гўрдим” дея талашарди болалар. .

  “Ман созингизи ушин, ман ёнингизда юрин..”дея  бир-бирини итарарди катта-кичик болалар.

  Комилжон болалар мусиқа мактабида ишлагани учун болаларнинг жавдираган қора, мовий, кулранг кўзларига кўзи тушиши билан жилмайди.    Эски дарвоза олдида бир оз тин олди хофиз. Буюк айтимчи Жумалоқ бахшидан ўрганган соз чалиш усулларини ўнг  қўлда ижро этиб виқор ва салобат давра бошига келди.“Тўйлар муборак, тўйлар муборак” деб куйларди буюк хофиз. Унинг овозида йиғими, дарднинг  нолалари устивор эди. Қўшиқнинг авжида овозига минг хил жило бериш йўлларини ул хивалик  Болабахши Қурбонназардан ўрганганди. Хоразмнинг қадим тош, тупроқ кўчаларида ўз элатнининг энг кекса қарияларидан айтиш усулларини олган  усталар аллақандай сирларни авлоддан-авлодга олиб ўтишарди. Атрофини бола-бақра, элатнинг анқайган олмони  ўраб олган буюк қўшиқчи  тўҳтаб қурга син солди. Бирдан тўй даврасига сукунат чўкди.. либослари ёпишмаган .. офтобда қорайган куёв ва ижарага олинган оҳори тўкилган  либосидаги келин ўтирган жойида қотиб қолди. Куёв  лабининг четлари ҳали еган таомининг ёғларидан ялтирарди. Келин – куёвнинг  гиламга пахта билан ёзилган исмларидан бир-икки ҳарфи тушиб кетган. Бир-бирига ёпишган оқ халқаларнинг бири шамолда учиб кетган  эди. Келин –куёв келажакда ётоқ уйи ғолисининг устини безайдиган портрет расмлари каби қотиб қолган эди.  Маҳалла  катхудолари, бойвуча хонимлар,нон ва ер янғоқдан иборат дастурхон бошида тизилиб ўтирган элатнинг ҳаёт чарчатган, юзини ажинлар қоплаган,  рўмол танғиган..  қуёшда қорайган ёш-қари хотин-қизлар улуғ  хофизни кўриб бақрайиб қолдилар.

  -Комилжон, Комилжон галди, Комилжон галди.

  Столлар атрофида  куймаланиб юрган қирқ ёшларидан ошган  Шерип точка бирдан бошини кўтарди.  Ҳовли этагида  қўшиқ куйлаётган буюк хофизни шу даврада куйлаётганини ақлига сиғдира олмаётгандай бошини қийшайтирди. Қўлларини ҳар тамонга узатиб, бир нарсалар деб ғулдиради.Аллақайдан унинг ёнида Санни Санобар дўндиқча пайдо бўлиб бир нарсалар шивиради. Аммо, элат газетасининг мухбири Шерип точка сатангнинг  сўзини эшитадиган ҳолатда эмас эди.

-         Гет Санни сан..ҳози сани  ўрнингмас. Мен сизларга айтгандим.Айтгон адим.Биви гал, гал. Ким галди..Комилжон оғо галди.. Ҳуш галибсиз, оғо. Комилжон оғо Эгам учарнинг тўйина галганди. Уйа галиб йигитчилик ичибман..Худойим, Комилжон оға мани тўйимам  галсин даб йиғлабман.

Шерип точка ёйилган қўлларини туширмасдан хофизнинг истиқболига югурди. Столлар ва буюк хофиз орасидаги масофа бир мангулик замонида эди. Бу замонда Комилжон Хевада айтишув айтарди. Бу замонда унга Хинд подшоҳлари улуғ хоразмий Паҳлавон Маҳмуддан сўнг орадан сал кам ўн аср ўтиб  улкан фил  совға қилган эди. Бу замонларда Комил Отаниёз ўн мингми, йигирма минглик майдон, қур, стадионларда ўтли қўшиқлар қуйлаганди..Вақт ва замоннинг  шамоллари “..қора гўз бўй..бўй..” дея кенг этакларини силкитарди.  Узун- калта пешбанд таққан яшил, қизил ялтироқ кўйлак кийган қозон-ўчоқ ёнида, товхонада юрган Шерип точканинг саноқсиз қариндош-уруғлари ҳам курканинг жўжалари каби унинг ортидан югурди. Капгир кўтарганлар, пешбандлар, озғин-семизлар давра четигача югуриб келиб  журъатсиз тўҳтади. Бу вақтда буюк хофиз Комилжон  ва доирачи Рамат Тожи  ўзига келиб чеҳраси очилиб куйлай бошлади.

  -Муборак тўй..муборак. Тўйларинғиз муборак..

  Туман газетасининг катта мухбири пул  оз ёзилганда  бош муҳаррир билан қалам ҳақи устида тортишиб “точка вергулга ҳам  пул тўлайсиз” деб талашавергани  учун “Шерип точка” дея ном кўтарган Шерипбой гўё тиззалаб хофиз олдига келди. Сўнг бирдан икки тиззасини хофизнинг пойига ташлади. Тўй ҳовлиси бирдан увв тортиб юборди. Ҳатто, чироқлар ёниб ўчди.

-         Комилжон оға, оғажон.Сиз бир илоҳий, самовий меймон манинг каби бечора камбағал мухбирнинг тўйина ҳўш галсибсиз.   Сизнинг оёқингиза минг хўкиз сўйсам ҳам  кам..Аммо, ҳозир..қўшнгшидан қўй..аккаламан..Нерлардан галдингиз оғо.

Уст –боши чанг-чунг бўлган  “Шовот истиқболи” туман газетасининг мухбири Шерипбой  Қўзиевнинг  ўғиллари келиб қўлтиғидан олди. Мухбир ҳали ҳам кўзларига ишонмасдан ҳўнграб йиғларди.Буюк санъаткор томонга қўлини чўзарди. У бир буюк хофизга, бир одамларга қарарди. “Алимни бўшат, алимнан торт қўлингни..Заппидан самиз қўчқор олиб гаа..ламан..”

Бу ҳолатдан хофиз ва доирачи жўшиб “Эй, омон, омон..”деб  куйлашарди.. доирачи тап –тап чаларди.“Уста, Бухоро йўлида адашиб юрганимизда эшак аравада галстук тақиб  ўтирғон шу одам эди-да..ёдинғиздами.. валсабитини ҳам юклабди давадик".

  Хофиз берилиб тор чалар ва бошини бир оз эгиб жилмайиб қўйди..  Журналистнинг ўғиллари қўлини кўксига қўйиб, гўё хофиздан отаси учун  узр сўрагандай ”оға, отам кўпироқ ичди.Ҳамиша ҳам ичган вақтарида  ҳали мани тўйима Комилжон Отаниёзов галади.. деб йиғлаб ўтирарди” дейишарди..

  “Ҳой..омон ..омонай.. оман..сани ўзинг бир ёна мани ўзим бир ёна..ишқингда ўлар бўлдим, арка қиз ёна-ёна..”дерди  буюк хофиз кўзларини юмиб .

 Гўё, “..эркакчиликда бўлади, зарари йўқ” дерди журналистнинг ўғилларига.

   Элатнинг тўй давраси ширакайф    эркаклар, туман газетасининг журналтстлари,бола-бақра, элнинг ялтир-юлтур кийимли ёш-қари хотинлари орасида..дўндиқча Санни Санобар ҳам рақс тушарди.Бир замон хофиз ва доирачининг кўзи тушиб, хофизни йўтал тутиб қолди. Сўнг юз –кўзида меҳрли иссиқ ифода  пайдо бўлди. Рамат Тожи бир муддат  умбалақ - умбалақ деб чалиб турди. Дўндиқча хофизнинг бу ҳолатини англагандай қошларини учириб ноз ва жазава билан рақс туша кетди.

  Комилжон яна қўшиқ бошлади. “Сани ўзинг бир ёна..арка қийиз ёна..ёна..омонай..оман..”.

    Машҳур қўшиқчининг овози Моноқ элатинни тутиб тўйхонага  элат одамлари, ҳатто трасса йўлдан ўтаётган юк машинаси ҳайдовчилари ҳам машинасини вағиллатиб етиб келишди.  Стол-стуллар, супалар, уй атрофи майдонлари ёш – қари, бой – камбағал одамлар билан   билан тўлди.

  Шерип точка  дуёдаги энг камбағал  тўй дастурхони ҳисобланган давра.. столлари орасида гандираклаб  юрар..алалқайдан  ўзлари ароқ топиб ичиб ўтирган журналистларнинг ёнига келиб  нелар ҳақида ғулдирарди.

  “..Санго айтдим, биринг гетманг..Заппиларникидан қўчқор олиб чиқаман ..ёшулли  гонорар ёзсангиз бўлди.Ҳаҳаҳа...точкаларам пул ёзасиз..”...Даврадагилар гуриллаб кулади..”Точкаларам, бочкаларам пул ёзилади...ҳар бири ўн маатдан..”. Майдонга бола-бақра,хотин-халаж чиқиб, “ит ийкасини пишиқ бикасини билмай қолди..”. Қўшиқлар авжига чиқди, уй атрофида улкан юк машиналари олис океанлардан балиқ тўлатиб қайтаётган кемалардай хофизни қўллаб  машҳур Серинада маршини чалишарди. “Бопбоп..бооп..бип..бип..бииип..”.

   Шерип точканинг ҳам вақти ҳўш бўлиб элатинг дўндиқчаси Санни Санобарнинг ёнига бориб, худди шамолда силкинаётган чакида халтадай биланглаб ўйнарди.Шу он кимдир елкасига қўлини қўйди. Кўнгли осмонларга кўтарилиб  ўзини буюк ҳис этаётган  Шерип точка жаҳл билан юз бурди. Қаршисида тугун кўтариб турган хофиз  доирачисини кўриб ҳайратда қолди..

-         Оға, эй бизани дим ўртадингиз. Худоғо на давадингиз..ҳар гун ўтадовин Бухоро йўлини тополмин Қорақумда  бир гун адаштиқ.Эй, дим нафасингиз ўткир акан, отойи-буванғиз мўлло ўтганми ё..Шерип точка.

   Шерип точканинг ранги қув оқариб йўтал тутди. Хофиз тўйга келгани учун пул сўраётир деб жони танини тарк этай деди.

-         Оға, Заппилардан қўй аккаламан..бошқа мани ёғдойим йўқ..мани..гечирасиз..

-         Тангриёрлиқ олсин, брат,инбу сиза..

  Доирачи  Рамат Тожи тўйдан тушган  пуллар тугилган катта рўмолни қўлидан тушириб юборди. Даврада қорайган хотинлар, камбағал столни менсимаган бойлар, ялалгоёқ болалар, энди ўзига келган келин ва куёв ҳаяжондан кўзлари ялтираб қарсак чалишарди. Журналистлар столидан ёш мухбирлар  ҳаяжондан ерга қулаётган Шерип точкани ушлаб столга ўтирғизишди. Шерип точка бирдан ўзига келиб хоразм хотинларининг ёқутранг боку рўмолини ечди. Тўйга келган юзлаб, минглаб одамлар қаршисида  бу  хирмон ..ўша даврнинг қизил 10 сўмликлари, кулранг мовий 25 сўмликлари ва майда 3 сўм, 5 сўмликлар йиғилган пул хирмони эди. Шерип точка ўзбек кирил алифбосининг  энг сўнгги қаторларидаги ! ундов ҳарфидай қаддини ростлади. Шамолда капалаклар янғлиғ учаман деб   турган пул хирмонидан янги 25 сўмликни олиб кўзойнаги ялтираб турган ..қирқ беш ёшаридаги озғин ва қора  бош муҳаррирга, газетанинг мухбирлари, муҳаррирлари, ҳарф терувчиларига узатди. “Ҳорма, инди Шерипббой точка..” деди бир умрга ҳарфлар билан қариндош тутинган корректорлар. “Муборак бўлсин, Шерип точка” дейишди ҳарфлар, сўзлар, босмахона ислари,камбағаллик ва қоғозлар дўстига айланган  туман газетаси журналистлари.  Атрофдан бола-бақра, аллақандай нотаниш одамлар ёприлиб келди. Катта-кичик, оқ-қора қўллар “бизга, манго 5 маат..19 маат....” деб узанди. Шу он журналистнинг тартиб армияси ҳисобланган  ўғиллари пайдо бўлиб пул тугунини ўраб-чирмаб йиғиб олишди.

-         Ота, Комилжон оғони узатмийсизми..раҳмат дайиш гарак ади..

-         Болам, ҳозир юр сан вилан Заппилара чиқиб ..самиз қўчқорини аккаб хофизни оёқина сўямиз..

  Бу вақтда  ҳали уйига кетишни ҳаёлига келтирмаган кир-чир кийимли болалар, хотин-халаж ва элат одамлари билан тўла тўйхонанинг чироғи ўчмаган эди. Балки, ичиб олиб йиғлаганида, балки, эшак аравада ўтириб худога нола қилганида ниятлари самоларда чинга айланиб  бир юмалаб бойга айланган буюк ялангоёқ журналист Шерип точка қўчқор келтириш учун қўшнисининг ёғоч дарвозасини қоқиш толесига муяссар бўлганди. Бу оқшом ичида бир силкиниш пайдо бўлган буюк қўшиқчи Комилжон Отаниёзов ва  ҳайдовчи  Рамат Тожи янги отажак оппоқ тонг тамон машинада учиб боришарди.

  Апрель – май 2020 йил.

 

- - -


< Orqaga qaytish