Marta o'qildi
12 аперль.Улуғ ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст туғилган кун. "Яна Галатепага қайтиб..".Раҳмон Қўчқор.
Таниқли адиб Мурод Муҳаммад Дўст ижоди ўтган асрнинг 70-йиллари аввалида ҳикоялар ёзиш билан бошланганди. Дастлабки ҳикоялар тўплами 1976 йили “Қайдасан, қувонч садоси” номи остида чоп этилди. Шундан сўнг унинг “Мустафо”, “Истеъфо”, “Дашту далаларда”, “Бир тойчоқнинг хуни” каби қиссалари дунёга келди. 1983 йили Мурод Муҳаммад Дўст ижодидагина эмас, балки замонавий ўзбек прозасида ҳам жиддий воқеа бўлган “Галатепага қайтиш” қиссаси яратилди. (Баъзилар ўша пайтда уни роман сифатида тушунишни ҳам таклиф этишганди.)
Ўзбек бадиий дунёсига Самарқанднинг чекка Жом қишлоғи, унинг нафаси, одамларининг турфа, бироқ нималаридир умумий олами кириб кела бошлади. Айниқса, “Мустафо”, “Совчилик ҳангомаси” каби асарларда ўзбекнинг ўта рангли, беқиёс ва зиддиятли турмушининг яна бир бўлаги кашф этилди. Бу асарларда ҳали ёзувчининг инсон ва ҳаётга истеҳзоси енгил, шу туфайли беозор эди.
Секин-аста Муҳаммад Дўст қаҳрамонлари, уларга қўшилиб муаллифнинг ўзи ва асарлари ҳам ўзгариб, ўса бошлади, талқиндаги истеҳзо аввал жиддийлашди, кейин эса тобора аччиқлаша борди. Негаки, муаллифнинг ҳаёт эртагидан оғзи куйган, у инсоний муносабатлардаги вазият ва манфаат деган кўринмас муаллиф томонидан ёзилган сценарий унчалик янги эмаслигини сезиб қолган, энг асосийси — ҳаётда ўзининг чекига қайси роль, қанча муддатга ва нега тушганлиги билан астойдил қизиқиб қолган эди. Энди ёзувчи асарларида жўн ва саёз соцреализм ўрнида шафқатсиз, мураккаб тасвир ва талқинлар, “яхши”, “ижобий” деган умумий ном остида жамланувчи қиёфасиз персонажлар ўрнида ўзи ва ўзгаларни тафтиш этиш ва тушунишга уриниб умр ўтказувчи қаҳрамонлар пайдо бўлди. Шулардан бири — “Галатепага қайтиш” қиссасидаги Тошпўлат Ғайбаров эди.
Ҳаётдан, демакки, ҳақиқатдан узилган биқиқ давраларда узоқ вақт санқиб, ясама муносабат ва муомалага сал бўлмаса кўника бошлаган, лекин бу лаззатли кўникиш нималарнидир секин-аста, бироқ абадий йўқотиш ҳисобига бўлаётганини англай бошлаган Ғайбаров учун “бетус, бесаноқ кунлар бирдан ортга чекинади, ҳаёт кутилмаганда маъно касб этади — энди у азадор”.
Халқимизнинг шўролар инқилобидан кейинги ҳаётини “ушалмас орзулар даври”, “ваъдалар беш йилликлари”, деб номласак бўлар. Табиий орзулар ўрнини деярли тўла эгаллаган, нуқул уларга қарама-қарши қўйилган ижтимоий орзулар, сал бўлмаса, одамларнинг ҳаёт кечириш ёқилғисига айланиб қолганди. Аҳвол шу даражага етгандики, фақат ижтимоий орзуларгагина айб йўқ эди ва бу орзулар рўйхати, чегараси бор фаолияти орзу ишлаб чиқаришга йўналтирилган мафкуравий идоралар томонидан тасдиқлаб бериларди…
Теран идрок, замона тамойилларига сезгир назар, хотимаси нақд бўлган умр сарфига хасисларча муносабат, ўзлигини, шунинг баробарида, халқ дарду ўйларини англаш бир нуқтадан — сохта орзулардан чарчаган кундан муқаддима олади. Ҳаётнинг сувратий томошалари — байрамлар, туғилган кунлар, оила ва болалар машмашаси, ғийбат ва илмилиқ жанглардан айро тушиб, ўзи учун ажратилган давр фалсафасини, ўз устидан ҳукмронлик қилаётган кучлар, уларни реал кучга айлантираётган ускунанинг ички сирларини ва бу “абадий двигетел”ни тўхтата олмасликни ич-ичдан ҳис қилиш ва алам туйиш, ўша алам дарчасидан энди ўта омонат ва ширин кўриниб кетган ҳаётга ҳорғин назар ташлаш — фақат орзулардан чарчаган лаҳзада, фақат орзулардан чарчаган кишигагина насиб этади.
Шу куни масхарабозлик тугайди, юздан ниқоблар олинади, ҳар қанча совуқ ёхуд куйдиргувчи бўлмасин, ҳақиқат шабадасига ниқобсиз юз рўбарў келади, оғриққа чидайди, чидаб саодатга эришади.
Исломшунос олим Ғайбаровнинг орзулардан чарчай бошлаганига анча бўлган. Лекин у ўзининг бу ҳолатини тан олишдан қочиб, кўриб юрган кунидан тонса ҳаёти бўшлиққа айланиб қолишидан қўрқиб чидаб келаётган, кеча бор-йўқ моҳиятини англаб бўлгани одамларга бугун яна ўзини ишонтириб юрган эди.
Ёзувчи қаҳрамонига қўшилиб бу ҳолатни Самад ва Мазлума қилмишига қадар “зерикиш” деб келади. Биз муаллифни бу ўринда қаҳрамон қаторига атай қўшяпмиз. Чунки Сиз қиссани икки марта ўқишга, хоҳлайсизми-йўқми, мажбур бўласиз. (Бу ҳолни “Мен бу китобни қайта-қайта ўқишдан зерикмайман” қабилидаги ёлғон гаплардан фарқлашингизни хоҳлардик.) Сизни бунга шавқ билан ундайдиган нарса айнан Самад ва Мазлума қилмиши акс этган эпизоддир. Бу эпизодни асардаги даврий чегара, деб аташ мумкин. Зеро, айни эпизод вақтга — умр оқимига эълон қилинажак танаффуснинг қўнғироғидир…
Ўқувчи ҳам шу тасвирга қадар бир туйғу билан, шундан кейин бошқа бир туйғу билан яшайди. Ҳодисаларни шу эпизодга қадар бир нигоҳ билан, шундан кейин бошқа бир кўз билан кўради, баҳолайди…
Аввало, Ғайбаровнинг танаффусгача бўлган эски умрига, нега зерикканию қачон зерика бошлаганига қизиқайлик.
Унинг отаси — Раим оқсоқолнинг ўлими аслида Ғайбаров учун Галатепа деб номланган муқаддас инсоний-руҳий дунёдан янграган сўнгги даъват эди. Хайриятки, бу даъват ўзи излаган манзил эшигини — Ғайбаров кўнглини топиб боради ва занглай бошлаган қулфни, ниҳоят, очади. Қисса мана шу қалб уйининг болалик — беғуборликдаги саодатли кунлари, вақти етиб унга ҳаётнинг гоҳ илиқ, гоҳ изғирин шамолларининг эсиб кириши, унда меҳмон бўлган минг турли, минг қиёфали инсонлар, хона деворларида улар қолдирган из ва доғлар, қаровсизлик ва эътиборсизлик ортидан бу уйнинг аста-секин оҳори кета бориши, охир-пировардида ўзидан беза бошлаган уй эгасининг уни тамбалаб ташлаши тарихидан ҳикоя қилади.
Ғайбаровнинг болалиги айни қатли ом даврларига, тарихнинг қайта-қайта кириб келаверган қўй мучали йилларига тўғри келади. Унинг отаси — Галатепа аҳли аввалига “олтинчи бармоққа ёки лўлининг айиғига қарагандай эрмаклаб қараган”, кейинчалик эл назарига тушгани учун давлатнинг назаридан қолган Раим оқсоқол — қамоқда.
Бегона шаҳарга, қамоқдаги отани кўргани боришганда гўдаги меҳмонхонанинг курсисини булғаб қўйгани учун хўрланган, эзилиб-қарғаниб йиғлаганча янги шол рўмоли билан курсини тозалаётган она сиймоси Ғайбаров хотирасида ўталмай қолган бурч бўлиб, армон бўлиб парчинланади.
Афсуски, бўй етиб Галатепадан жисман кетган Ғайбаров, ўзи истаб-истамай, ундан руҳан ҳам узоқлаша боради. Энди у “озми-кўпми сармоясини еб битиргач, пул истаб Галатепага” борар, Раим оқсоқол ҳам ўғли “аслида юз сўмнинг дардида келганини” сезар эди.
Хўш, у Галатепасини нималарга алмашганди?
Самадга ўхшаганларникига солиштирганда дурустроқ, аслида ўткинчи сафсата бўлмиш даҳрийлик илми, юзадан қараганда, жуда ҳам қизиқ ва муҳим, моҳиятан самимият ва маънавий илдиздан маҳрум турли тортишув ҳамда суҳбатлар давраси, ниҳоят, Ғайбаров пайдо бўладиган жойларда “дўст” ролини ўйнашни бўйнига олган беш-олти кимса. Биргина Қобил Муродовни — кўзи кўр алпинист, нуроталик кўркам бир йигитни, “уларнинг сал зериккан ва димиққан даврасига тоза бир эпкин бўлиб кирган”, бироқ жуда тез топтаб ташланган қалбни ҳисобга олмаса, Ғайбаров ўлик жонлар орасида ҳозирча ягона тириги эди.
Ғайбаровнинг Галатепасидан кетиб кириб қолгани муҳитда жисми недир алдоқчи роҳатлар топса-да, кўнгли дардисар юрганини унинг бутун қисса давомида ўз уйида деярли кўрсатилмаслигидан ҳам англаса бўлади.
Самаднинг қишлоғи ва у ерда боласини содда умидлар-ла кутгувчи онаси тимсолидаги Галатепаси бор эди. Бироқ Самад Галатепасига хиёнат қилади, ундан ҳазарланади:
“Ғайбаров… онасини ерга бериб қайтган Самаддан кўнгил сўрашга бориб, уни хушрўйгина бир жувон билан маст бўлиб ўтирганини кўрди. Таъзия билдиргани тили айланмади. Самад уни ичкарига қўймади ҳисоб, даҳлизда туриб узоқ йиғлади, энамни йўқотиб қўйдик, дўстим, деди, яхши аёл эди, мени оёққа турғазди, одам қилди, ўзининг насибасидан қийиб, меникига қўшди, энди дўстим, ўлиб қолди, энди мен ёлғизман, ҳеч кимим йўқ, ёлғизлик ёмон, дўстим, ёлғизликни унутай деб ичдим, мени кечир, жон дўстим, ўзинг айт, худолиғ юзасидан айт, бечора яна ўн йилча яшаса нима қиларди, ахир бошқалар яшаяпти-ку, нега менинг бечора энам яшамайди? Ёмон, ёмон, дўстим, одамнинг дунёда бирор ҳузур кўрмай қаригани ёмон, бечора шу йил саксонга кирувди…
Ғайбаров Самадга ачинди. Уни ўзича тушунган ҳам бўлди. Аммо йўлда, кўнгилда қандайдир тугун, шалвираб кетаётган маҳали бечора кампирнинг ҳали етмишга ҳам кирмаганини эслади… ”
Қиссада Ғайбаровдек кучли бадиий характерга муносиб манфий қутбни ташкил эта оладиган образ ҳам, дарҳақиқат, айнан Самаддир. Ҳаётнинг, инсоннинг бадиий тадқиқига ёндашувда Мурод Муҳаммад Дўст услубига жуда яқин йўналишда ижод қилувчи истеъдодли рус прозаиги Сергей Есиннинг “Имитатор”, “Гладиатор” сингари асарларида ҳам Самад типидаги қаҳрамонлар кенг таҳлил этилган. Самад Мансуров қай бир жиҳатлари билан Ф.Достоевский “жинлар” деб атаган Ставрогинлар (“Бесы” романи) типини ҳам ёдга туширади. Албатта, рус адиблари асарларидан фарқли ўлароқ, “Галатепа…”да асосий эътибор айни типларнинг кенг кўламли талқинига йўналтирилган эмас. Бироқ Самад характерида жамланган инсоний тубанликлар кучи ва кўламини қиссада бу қаҳрамонга ажратилган эпизодлардан ҳам яққол ҳис қилиш мумкин.
Самад кўплаб ҳаётий масалалар ечимида аксарият ҳолларда Ғайбаровдан олдинда боради. (Ғайбаров, худди шу Самаднинг берган таърифига кўра, “мудом лайлак ҳайдаб юради”!) Юзаки қараганда, Ғайбаровнинг жуда узоқ муддат Самаднинг чин моҳиятидан бехабар қолиши ғайритабиийдек туюлиши мумкин. Ростдан ҳам Ҳайкал Ғаниевичдек, Сотволдиевдек, Мулла Чоридек қари туллакларнинг ич-ичини кафтдагидек бемалол кўриб, улар устидан беозоргина кула оладиган, ҳатто суюклиси Замирага муносабатда ҳам ҳислар ва туйғулардан кўра рационал ақл майлига кўпроқ бериладиган Ғайбаровнинг Самадга келганда нуқул адашиши ёхуд алданиши ўқувчини ҳайрон қолдириши мумкин. Аслида-чи? Аслида қиссанинг, муаллифнинг, у яратган Самаднинг (самадларнинг!) кучи ва кўлами ҳам айни шундадир! Қолаверса, инсониятнинг аксарият ҳолларда мантиққа мос келавермайдиган ўтмишида, шавкатли тақдири кўзлари совуқ йилтиллаб турадиган оддий хизматкор ёхуд умрида қадамидан товуш чиқмаган ёқимтой баковул қўлида фожиали ҳал бўлган зукко зотлар озмунчами?..
Абдували Соқолга келсак, у Галатепасини жуда жўн ва юзаки тушунади. Ўзини йўқлаб борган дўстининг олдига “қоп-қора бир қизни судраб чиқиб: мана Ғайбаров, мен уйландим, энди ҳеч гўрга бормайман, бола зовути очаман, ҳаммаси тошкесару мисгар бўлади!”, деб ҳар қанча чиранмасин, Соқол барибир Галатепасини англашдан қўрқади, ундан қочади.
Шоир сал самимий, ҳатто ачинишга-да лойиқ. У тез-тез мавжуд муҳитни нима биландир янгилаш истагида елиб-югуради, ўзига мадад қидиради. Бироқ унинг қайтажак муқим дунёси аслида бўлган эмас, балки ҳали шаклланиб улгурмаган, уни Жек-Жамол ёхуд Тайлоқовлар кўмагида сунъий яратишга уриниш эса барибир бефойда…
Демак, Аҳмад Аъзам ибораси билан айтганда, фақат Ғайбаровгина “даврадан ташқаридаги одам”, фақат угина ҳали маънавий тоза томиридан – Галатепасидан батамом узилиб кетмаган ва, машаққатлар чекиб бўлса-да, иккиланиб бўлса-да, унга қайтади…
Аслида, қиссанинг ҳар бир қаҳрамони хусусида алоҳида суҳбатлар ўтказмоқ, бу инсоний қиёфаларни бафуржа таҳлилу талқин этмоқ лозим. Айниқса, Раим оқсоқол, Анзират кампир, Мурод амаки, Мулла Чори каби тимсоллар ўзбек адабиётига фақат шу қисса орқалигина кириб келганини унутиб бўлмайди.
Рус ёзувчиси Григорий Бакланов ўтган асрнинг 80-йилларида “Дружба народов” журналида чиққан мақоласида Мурод Муҳаммад Дўст ҳикоя услубининг бир муҳим жиҳати тўғрисида гапирганди. У ҳам бўлса, М.М.Дўст асарларида ёзилганидан кўра англашиладигани кўпроқ экани, бу ёзилмаган қисм фаросатли ўқувчи онг ва тафаккурига кўчиб, унда ўсиб бориши ҳақидаги фикр эди. Дарҳақиқат, Мурод Муҳаммад Дўст истеъдодининг муҳим жиҳатларини ўзида мужассам этган “Галатепага қайтиш” қиссасининг ҳам фикрий-ғоявий, ҳам бадиий куртаклари диди юксак ҳар бир ўқувчи ички дунёсида ўзининг янги ва кутилмаган умрини давом эттиражак. Негаки, исмики одам боласи бор, айнан ўзининг Галатепаси билан, унинг аҳвол-руҳияси билан қизиқмаслиги, бу борада безовта бўлмаслиги мумкин эмас. Фақат… фақат бир пайтлар “чиройли ва ақлли қизалоқлар, Бухорийнинг тазкираси номини талаффуз этганда (Ал-Жоме ас-Саҳиҳ) лаблари кибрли чўччаядиган қизалоқлар” билан бир партада ўтириб, кўнгли тўлиб-тўлмай фалсафадан дарс олган муаллиф ўзининг исломшунос қаҳрамонига қўшилиб айтмоқчи:
“Дунё — байтул-аҳзан, қайта гулламоқ йўқ. Хазондай совуриламиз, хазондай, хазондай!
Дунё — байт-ул-жафо, ғамғусор йўқ, дилларимиз гунг ва бешарҳ қолади! Гунг ва бешарҳ!”
Манба: «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 15-сони
- - -