Мақола

“Ўткан кунлар“ романини инглиз тилига таржима қилган америкалик олим Ўзбекистон халқига мурожаат қилди.


Marta o'qildi

“Ўткан кунлар“ романини инглиз тилига таржима қилган америкалик олим Ўзбекистон халқига мурожаат қилди.

 

“Ўткан кунлар“ романини инглиз тилига таржима қилган америкалик олим Ўзбекистон халқига мурожаат қилди

 
Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси маълумотларига кўра, америкалик олим, АҚШ Ҳарбий-денгиз академиясининг Минтақавий тадқиқотлар маркази собиқ директори, А. Қодирийнинг “Ўтган кунлар” китобининг инглиз тилига таржимаси муаллифи Марк Риз коронавируснинг дунёда тарқалиши муносабати билан Ўзбекистон халқига мурожаат қилди.
 
М. Риз фаолиятини 1994 йилда АҚШ тинчлик корпусида кўнгилли сифатида бошлаган. Унинг йўналиши Ўзбекистон бўлди ва 1996 йилгача у ерда ишлади. М. Риз республикада кўп вақтини Фарғонада ўтказди ва у мустақилликка эришгандан сўнг водийга ташриф буюрган биринчи америкаликлардан бири бўлди. У, шунингдек, АҚШ Мудофаа вазирлиги ва Давлат Департаментида хизмат қилган, Афғонистонга таржимон сифатида юборилган эди. Давлат Департаментининг қиёсий диншунослик дастурларини бошқарган ва АҚШ ҳукумат дастурларида CА маслаҳатчиси сифатида қатнашган.
 
МАРК РИЗНИНГ ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚИГА МУРОЖААТИ:
 
Бир-бирига боғлиқ бўлмаган иккита воқеани бирлаштирган яна бир апрель  ойи  келди. Биринчидан, истеъдодли ёзувчи, ўзбек халқининг фарзанди Абдулла Қодирий таваллуд топган кун — 10 апрель яқин. Қодирий “Ўткан кунлар” романи орқали замонавий ўзбек халқининг тарихини, ўз авлодининг орзу ва интилишларини рўёбга чиқара олди. Мен у кўрмоқчи бўлган давлат энди Ўзбекистон эканлигига ишонаман.
 
Ёзувчининг ҳаёти давомида Ўрта Осиё аҳолиси очлик, касаллик, уруш ва иқтисодий ва сиёсий қўзғолонларни бошдан кечирган. Унинг авлоди ўтган асрнинг энг оғир кунларини бошидан кечирди.
 
Иккинчидан, коронавирус пандемияси сайёрамизга шафқатсизларча таҳдид қилмоқда ва бу халқаро ҳамжамият учун хавф туғдирди. Маълум қиламанки, хотинимнинг оиласи Тошкентдан. Менинг қайнотам Совет жарроҳининг ўғли бўлиб, у Сталинград ва Минскда хизмат қилган ва яраланган. Қайнонам оренбурглик Яик казак, унинг оиласи Ўрта Осиёга қочишга мажбур бўлган. Нон шаҳри Тошкентга етиб борганларида, уларга Эски шаҳарда бошпана беришган. Хотиним ҳар доим фақат ўзбекларнинг меҳр-муруввати ва марҳамати уларнинг ҳаётини сақлаб қолган пайтларини кўз ёшлари билан эслайди. Ўзбекистон ҳар доим сахий одамларга бой  бўлган мамлакат сифатида танилган, тарих давомида халқлар билан савдо-сотиқ орқали фаровон ҳаёт кечиришга интилган.
 
1994 йилда Ўзбекистонга келганимда, шароит жуда оғир эди, вазият идеал эмас эди. Лекин мен бугун ўзимга шу саволни бераман: қандай қилиб Ўзбекистон ўз мустақиллигини шу қадар мустаҳкамлай олди? Бу саволга ҳали менда жавоб йўқ. Аммо, чуқур ўйлаб қарасам, бу буюк ўзбек халқининг кўп асрлик мулойим тавозеси, маъқуллаши, Ватанга итоатида деб биламан.
 
Бир куни Термизга кетаётганимда мени йўлда самарқандлик оила қандай овқатлантиргани эсимда. Яна бошқа сафарга чиққанимда йўлда Тожикистонга кетаётган автобус тўхтаб, ярим тунда мени олиб кетган эди. Мен автобусга кирганимда, барча йўловчилар мени бошқача кутиб олишди ва яна овқатлантириб, нон ва чойларини бўлишишди.
 
Мактабда инглиз тили ўқитувчиси сифатида Қўқонда ишлаган вақтимда “маъқуллаш” анъанасини ўргандим. Бу шаҳарда сиз кўчада шунчаки сайр қила олмайсиз, кимдир сизга бир бўлак нон ёки чой таклиф қилади. Ўзбек дўстларим — Олмосхон ва Иброҳимжон, Сафаржон ва уларнинг оилалари, Галина ва Виктор, Ҳакимжон — менинг ҳақиқий устозларим. Барчаси мени меҳмон қилишган ва ғамхўрлик кўрсатишган, гўё мен уларнинг яқин қариндошидек. Мен инглиз тилини ўргатган мактабларнинг ўқувчилари мени катта акам деб муносабатда бўлишди. Мен уларни кўп йиллар давомида кўрмадим, лекин улар менинг юрагимдадир, мен уларни ҳар сафар АҚШда эслайман, улар каби ўнг қўлимни юрагимга босиб одамларга салом бераман. Ғарбликлар бу ҳаракатларимнинг моҳиятини тушунишмайди, лекин мен тушунаман ва бу жуда муҳим.
 
Ўзбекча тавозе менга катта синовларда, қийинчиликларда, катта йўқотишларда, мадад бўлди. Бу шуни кўрсатадики, қодир Тангрининг Ўзи бизни тўғри йўлга йўналтирмоқда.
 
“Ўткан кунлар” романининг биринчи саҳифасида Абдулла Қодирий Отабек ва Кумуш образида ҳар бир эркак ва аёлнинг ўзига хос фазилатларини намойиш этади. Қодирий одамларнинг номукаммаллиги ва биз туғилган бир кам дунёда, Худо олдидаги ўрнимиз ва келиб чиқишимиз ҳақида эслатади. “Итоаткорлик” амалиёти бизнинг яратилганимиздан бери мавжуд ажралмас одатларимиздан биридир.
 
Азиз дўстлар, биз Абдулла Қодирийнинг туғилган кунини нишонлар эканмиз, унинг ажойиб ҳикояларини шаҳсиятимизни мукаммаллаштириш учун  курашда муҳим эканлигини тан оламиз. Шу ўринда мен Румийнинг итоаткорлик ҳақидаги сўзларини Сиз билан бўлишаман. Бу калом  қийин пайтларда доим менга куч бериб турди: “Сизга келганларига миннатдор бўлинг, чунки уларнинг ҳар бири Тангридан сизга йўриқнома  сифатида юборилган”.
 
 
  Абдулазиз Рустамов тайёрлади.

http://uza.uz/oz/society/-tkan-kunlar-romanini-ingliz-tiliga-tarzhima-ilgan-amerikali-08-04-2020

 

 

- - -


< Orqaga qaytish