Адабий тадқиқот

Шоир ва шоҳ Бобур (1483-1530)


Marta o'qildi

Шоир ва шоҳ Бобур (1483-1530)

Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483-1530)

Бобур портрети, 1605—1615 йиллар. Ушбу сурат Лондондаги Британия музейида сақланади.

«…У турли фазилатлар билан безанган ва мақтовли хислатларга эга бўлган бир подшоҳ эди. Ушбу барча фазилатларидан шижоат ва муруввати устун турарди. Туркий шеърни Амир Алишердан кейин ҳеч ким Бобур ёзган даражада ёзган эмас».
Мирзо Муҳаммад Ҳайдар. «Тарихи Рашидий»дан.

«Бобур дилбар шахс эди. Уйғониш даврининг ажойиб султони, кучли, тадбиркор киши бўлиб, санъатни, адабиётни, гўзалликни севарди».
Жавоҳарлаъл Неру. «Ҳиндистоннинг кашф этилиши» китобидан.

«Бобур феъли-сажиясига кўра Цезарга қараганда севишга арзигуликдир. Унинг манглайига юксак фазилатли инсон деб битиб қўйилган».
Эдуард Холден, инглиз тарихчиси.

«Саховати ва мардлиги, истеъдоди, илм-фан, санъатга муҳаббати ва улар билан муваффақиятли шуғулланиши жиҳатидан Осиёдаги подшоҳлар орасида Бобурга тенг келадиган бирорта подшоҳ топилмайди».
Уильям Эрскин, «Бобурнома» таржимони.

Бобур (тахаллуси; тўлиқ исми Заҳириддин Муҳаммад ибн Умаршайх Мирзо) (1483.14.2, Андижон 1530.26.12, Агра) — ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили: буюк шоир; тарихчи, географ; давлат арбоби, истеъдодли саркарда; бобурийлар сулоласи асосчиси, темурий шаҳзода.

Бобурнинг 12 ёшида тахтга ўтириши. Миниатура. XVI аср

Бобурнинг отаси — Умаршайх Мирзо Фарғона вилояти ҳокими, онаси — Қутлуғ Нигорхоним Мўғулистон хони ва Тошкент ҳокими Юнусхоннинг қизи эди. Бобурнинг онаси ўқимишли ва оқила аёл бўлиб, Бобурга ҳокимиятни бошқариш ишларида фаол кўмак берган, ҳарбий юришларида унга ҳамроҳлик қилган. Умаршайх Мирзо хонадони пойтахт Андижоннинг арки ичида яшар эди. Ҳоким ёз ойлари Сирдарё бўйида, Ахсида, йилнинг қолган фаслини Андижонда ўтказарди.

Бобурнинг ёшлиги Андижонда ўтган. Бобур барча темурий шаҳзодалар каби махсус тарбиячилар, йирик фозилу уламолар устозлигида ҳарбий таълим, фиқҳ илми, араб ва форс тилларини ўрганади, кўплаб тарихий ва адабий асарлар мутолаа қилади, илм-фанга, шеъриятга қизиқа бошлайди. Довюраклиги ва жасурлиги учун у ёшлигидан «Бобур» («Шер») лақабини олади.

Бобур отаси йўлидан бориб, машҳур суфий — Хожа Аҳрорга ихлос қўяди ва унинг тариқати руҳида вояга етади, умрининг охирига қадар шу эътиқодга содиқ қолади. Кейинчалик, «Бобурнома» асарида Бобур Хожа Аҳрор руҳи бир неча бор уни муқаррар ҳалокатдан, хасталик ва чорасизлиқдан халос этганини, энг оғир шароитларда раҳнамолик қилганлигини таъкидлайди. Отаси Ахсида бевақт, 39 ёшида фожиали ҳалок бўлгач, оиланинг катта фарзанди, 12 ёшли Бобур валиаҳд сифатида тахтга ўтиради (1494 йил июнь).

Мовароуннаҳр 15-аср охирида ўзаро низолашаётган темурий шаҳзодалар ёки мулкдор зодагонлар бошчилик қилиб турган, деярли мустақил бўлиб олган кўпдан-кўп вилоятларга парчаланиб кетган эди. Мовароуннаҳр тахти учун кураш авжга чиққан, турли сиёсий фитналар уюштирилмоқда эди. Бунинг устига Умаршайх Мирзога тобе бир неча бек ва ҳокимлар ёш ҳукмдорга (Бобурга) буйсунишдан бош тортадилар.

Бобур портрети. Муаллифи номаълум. 1605 йил

Уларнинг айримлари Бобурнинг укаларини ёқласа, баъзилари мустақиллик даъвосини қилади, яна бошқа бирлари Бобурга рақиб, бошқалари амаки, тоғаларига қўшилиб, уни жисмонан йўқотиш пайига тушади. Ўз амакиси ва тоғаси бўлмиш Султон Аҳмад Мирзо билан Султон Маҳмудхон хуружларини даф қилган Бобур ҳукмронлигининг дастлабки 2—3 йилида мавқеини мустаҳкамлаш, бек ва амалдорлар билан ўзаро муносабатни яхшилаш, қўшинни тартибга келтириш, давлат ишларида интизом ўрнатиш каби муҳим чора-тадбирларни амалга оширади.

Бобурнинг дастлабки сиёсий мақсади Амир Темур давлатининг пойтахти, стратегик ва географик жиҳатдан муҳим бўлган Самарқандни эгаллаш ва Мовароуннаҳрда марказлашган кучли давлатни сақлаш, мустаҳкамлаш ҳамда Амир Темур салтанатини қайта тиклашдан иборат эди. Бу пайтда, қисқа муддат ичида Самарқанд тахтига учинчи ҳукмдор келган эди. Султон Аҳмад Мирзо вафоти (1494 йил июль) дан кейин тахтга ўтирган Султон Маҳмуд Мирзо Самарқандда давлатни 5—6 ойдан ортиқ идора этмади — қисқа муддатли касалликдан сўнг 43 ёшида вафот этди. Унинг ўрнига Бухорода ҳоким бўлган ўғли Бойсунғур ўтиради. 1495—96 йилларда Бобур Самарқандга икки марта муваффақиятсиз юриш қилади. 1497 йил кузида у Самарқанд атрофидаги бир қанча жойларни ва 7 ойлик қамалдан сўнг Самарқандни эгаллайди, Бойсунғур Қундузга қочади. Шаҳар қамал туфайли ниҳоятда оғир кунларни бошидан кечирмоқда эди. Ҳатто эккулик дон ҳам топиш мушкул эди. Бобур қўшинни таъминлашда катта қийинчиликларга дуч келди. Навкарларидан айримлари Андижон ва Ахси томон қочиб кетадилар. Бунинг устига Андижонда қолган айрим беклар Бобурдан юз ўгириб, унинг укаси Жаҳонгир Мирзо тарафига ўтадилар.

«Бобурнома»га ишланган миниатуралардан. XVI аср

Андижондан кўнгли нотинч бўлган ва иқтисодий қийинчиликларга учраган, айни замонда оғир хасталикни бошидан кечирган Бобур Самарқандни юз кун идора этгандан сўнг, уни тарк этишга қарор килади. Аммо Хўжандга етганда Андижон ҳам қўлдан кетиб, мухолифлар ихтиёрига ўтганини эшитади. Бобурнинг Тошкент ҳокими, тоғаси Маҳмудхон кўмагида Андижонни қайта эгаллашга уриниши натижа бермайди,

Бу муваффақиятсизлик Бобур қўшинига салбий таъсир этиб, кўпчилик бек, навкарлар (700—800 киши) Бобурни тарк этади. Ўзига содиқ кишилар (200—300) билан қолган Бобур маълум муддат Хўжандда тургач, Тошкентга — Маҳмудхон ҳузурига келиб, Андижонни қайтариб олиш режасини туза бошлайди. Маълум муддат ўтгач, Бобур Хўжандга қайтади, кўп ўтмай, Марғилонни қўлга киритади ҳамда Андижонни эгаллаш тадбирларини кўради. Ниҳоят, 2 йилдан сўнг (1498 йил июнь) уни қайта қўлга киритади. Бобур укаси Жаҳонгир Мирзо билан сулҳ тузиб, унинг ихтиёрида «Хўжанд сувининг Ахси тарафи вилоятларини…» қолдиради, Андижон тарафи вилоятларини ўз тасарруфига олади.

Бобур портрети. Муаллифи номаълум. XVII аср

Темурийларнинг ўзаро урушлари кучайган кезларда Шайбонийхон Мовароуннаҳрни истило қилишга киришади. У 1499 йил Жиззах ва Самарқанд орқали Қарши ва Шаҳрисабзгача босиб боради, катта ўлжа билан Дашти Қипчоққа қайтади. Орадан кўп ўтмай,катта куч билан Мовароуннаҳрга қайтган Шайбонийхон Бухоро ва Қоракўлни эгаллайди (1499), Султон Али Мирзо калтабинлик билан Самарқандни Шайбонийхонга жангсиз топширади (1500). Бироқ, шаҳар аҳолиси ва зодагонларининг маълум қисми темурийлар ҳукмдорлигини тиклаш тарафдори эди. Улар Фарғона ҳокими Бобурга мактуб йўллаб, Самарқандни ишғол қилишга даъват этганлар.

Бобур 1500 йил кеч кузида ўз қўшини (240 киши) билан Самарқандга етиб келгач, аҳоли унга пешвоз чиқиб, шаҳар дарвозаларини очиб беради. Шайбонийхоннинг шаҳар ҳимояси учун қолдирган 600 нафар аскари қириб ташланади. Шайбонийхон Бухорога чекинади. Қисқа вақт ичида Самарқанднинг барча туманлари, Қарши ва Ғузор шаҳриларида Бобур ҳокимлиги эътироф этилади. Аммо шаҳарда озиқ-овқат заҳиралари тугаб, очарчилик бошланган эди. Бундан хабар топган Шайбонийхон катта куч тўплаб, яна Самарқандга юриш бошлайди. 1501 йил апрелда Зарафшон бўйидаги Сарипул қишлоғи яқинида бўлган жангда Бобур қўшинлари енгилади. Бобур Самарқандга чекинади. Шаҳар яна қамал қилиниб, у тўрт ой давом этади. Қамалда қолган шаҳар аҳолисининг очликдан тинкаси қурийди, Бобур 1501 йилнинг 2-ярмида ноиложликдан Самарқандни тарк этиб, Тошкентга, Маҳмудхон ҳузурига йўл олади.

Бобур Темурийлар салтанатини ҳимоя қилиш ва уни сақлаб қолиш учун астойдил ҳаракат қилиб, Шайбонийхонга қарши бир неча йил давомида муттасил кураш олиб борса-да, аммо мамлакатда ҳукм сурган оғир иқтисодий танглик ва сиёсий парокандалик шароитида мақсадига эриша олмайди.

Бобур портрети

1503 йил Тошкент хони Маҳмудхон, Бобур ва қалмоқларнинг бирлашган қўшини Шайбонийхон томонидан Сирдарё бўйида тормор қилинади. Бобур Самарқанд тахти учун курашаётган пайтда Андижонни Султон Аҳмад Танбал эгаллаб олади. 1501—04 йилларда Бобур Фарғона мулкини қайтариб олиш учун Султон Аҳмад Танбал, Жаҳонгир мирзоларга қарши олиб борган кураши муваффақиятсизлик билан тугайди. Темурийларнинг тўхтовсиз жанглари ва оғир солиқларидан толиққан халқ Бобурни қўлламади ва у Мовароуннаҳрни тарк этишга (1504 йил июнь) мажбур булади.

Бобур 200—300 навкари билан Ҳисор тоғлари орқали Афғонистонга ўтади ва у ердаги ички низолардан фойдаланиб Ғазни ва Кобулни эгаллайди. Бобур Кобулни эгаллагач, мустақил давлат тузишга жадал киришади, қўшинни тартибга келтиради, қаттиқ ички интизом ўрнатади. Кобулга, умуман Афғонистонга Бобур ўз юрти каби қаради, қурилиш, ободонлаштириш, касбу ҳунар ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ишларини бошлаб юборади. «Боғи Шаҳроро», «Боғи Жаҳоноро», «Ўртабоғ», «Боғи вафо» ва «Боғи Бобур» каби оромгохлар ташкил этди. Шаҳар ичидаги Боло Ҳисор қалъасини ўз қароргоҳига айлантириб, уни қайта таъмирлатди, янги иморатлар қурдирди ва оиласи билан шу қалъада яшади. Унинг Ҳумоюн, Гулбаданбегим, Комрон ва Ҳиндол исмли фарзандлари шу ерда туғилади. 1506 йил баҳорда вафот этган Қутлуғ Нигорхоним Мирзо Улуғбек шу ерда бунёд эттирган «Боғи Наврўзий»га дафн этилади.

Бобур портрети

Бобур Афғонистонда бир фотиҳ сифатида эмас, балки шу юрт, эл ободонлиги ва равнақи учун жон куйдирган тадбирли ҳукмрон сифатида қизғин фаолият кўрсатди, унинг манфаатлари йўлида одилона ва оқилона иш тутди. Афғонистондаги амалий фаолиятига кўра, Бобур бутун Хуросон ва Мовароуннаҳрда қудратли давлат бошлиғи ва музаффар саркарда сифатида катга обрў орттира борди, минтақадаги сиёсий ҳаёт эътиборли ўринга кўтарилди. Шайбонийларнинг тобора кучайиб бораётган юришига қарши биргаликда чора кўриш масаласида Султон Ҳусайн Бойқаро барча темурий ҳукмдорлар қаторида Бобурни ҳам маслаҳат йиғинига махсус таклиф этиши ана шундай юксак нуфузни кўрсатувчи далилдир. Бобур шу таклиф бўйича Ҳиротга отланади. Ҳусайн Бойқаронинг тўсатдан вафот этишига (1506) қарамай, у Ҳиротга боради ва темурий ҳукмдорлар билан учрашиб музокаралар ўтказади. Темурий ҳукмдорларнинг бирлашиб Шайбонийхон қўшинларига тўсиқ қўйиш режалари амалга ошмайди ва тез орада бирин-кетин мағлубиятга учраб, салтанатни батамом қўлдан чиқарадилар.

1507 йил бошларида Бобур Ҳиндистонга юриш бошлайди. Аммо, бу уриниши муваффақиятсиз тугаб, яна пойтахт Кобулга қайтади.

Бобур ва Ҳумоюн. Муаллифи номаълум. 1650 йил

Бобур Мовароуннаҳр ва Хуросондаги сиёсий вазият ва уруш ҳаракатларини кузатиб боради, ўз қўшинларини доимо шай тутади. Шайбонийхон Хуросоннинг йирик марказларини қўлга киритгач, Эронни забт этиш учун юриш бошлайди. Аммо, Эрон шоҳи Исмоил Сафавий билан қаттиқ тўқнашувда (1510) енгилади, ўзи ҳам Марвда ҳалок бўлади. Шоҳ Исмоил Хуросон ва Мовароуннаҳрга қўшин киритиб шайбонийларга кетма-кет шикаст етказа бошлайди. Бобур шоҳ Исмоил билан ҳарбий-сиёсий иттифоқ тузиб, 1511 йил баҳорида Ҳисорни, ёзида Бухорони, октябрь бошида эса Самарқандни яна қўлга киритади. Бобурнинг шиа мазҳабидаги эронийлар раъйи билан иш тутиши аҳолида норозилик туғдиради. 1512 йил 28 апрелда Кўли малик жангида Убайдулла Султон бошлиқ шайбонийлардан енгилган Бобур Ҳисор томон кетади. 1512 йил кузида Бобур шоҳ Исмоил юборган Нажми Соний лақабли лашкарбоши билан Балхда учрашиб, Амударёдан кечиб ўтиб, аввал Ҳузар (Ғузор) қалъасини олади, сўнг Қаршига юриш қилади, шаҳар узоқ муддатли қамалдан сўнг таслим бўлади, шаҳар ҳимоячилари қаттиқ жазоланади. 1512 йил 24 ноябрда Ғиждувон жангида Бобур шайбонийлардан яна енгилиб, Кобулга қайтишга мажбур бўлади. Бобур Мовароуннаҳрни эгаллаш илинжидан узил-кесил умидини узади ва бутун эътиборини Ҳиндистонга қаратади.

Бобур портрети

1519 йил баҳорига келиб Бобур Ҳиндистонни забт этиш режаларини амалга оширишга киришади ва кейинги 5—6 йил давомида бир неча юришлар уюштиради. Ниҳоят, 1526 йил апрелда Панипатда асосий рақиби, Деҳли султони Иброҳим Лўдийнинг юз минг кишилик қўшинини 12 минглик аскари билан тор-мор қилади ҳамда Деҳлини эгаллайди. Орадан кўп ўтмай, иккинчи йирик ҳинд саркардаси Рано Санго устидан ҳам зафар қозониб, Шимолий Ҳиндистоннинг Бенгалиягача бўлган қисмини ўзига бўйсундиради. Аграни ўзига пойтахт сифатида танлаган Бобур катта қурилиш ва ободончилик ишларини бошлаб юборади. Шу тариқа Бобур Ҳиндистонда уч ярим асрга яқин ҳукм сурган қудратли бобурийлар сулоласига асос солади.

Бобур Ҳиндистонда ҳам, худди Афғонистонда бўлганидек, кўплаб ижтимоий-хайрли ишларни амалга оширди, мамлакат тараққиётига жиддий таъсир кўрсатди. Тарқоқлик ва парокандаликка, ўзаро ички низо, қирғинларга барҳам бериб, вилоятларни бирлаштирди, марказлашган давлатни мустаҳкамлаш ва юртни ободонлаштиришга, илму ҳунар ва деҳқончиликни ривожлантиришга катта эътибор қаратди. Қурилиш ишларига бошчилик қилди.

Бобур портрети

Бобурнинг ўз гувоҳлигига кўра, шоир сифатида ижодий фаолияти Самарқандни иккинчи марта эгаллаган вақтда бошланган; «Ул фурсатларда бирор-иккирар байт айтур эдим», деб ёзади у. Бобур Самарқанддалигининг илк ойларида Алишер Навоий ташаббуси билан улар ўртасида ёзишма бошланади. Бобур атрофида ижодкорлар тўплана бошлаши ҳам шу йилларга тўғри келади. Жумладан, Биноий, Абулбарака ва Бобур ўртасидаги рубоий мушоираси Самарқанддаги қизғин адабий ҳаётдан дарак беради. Умуман, давлат арбоби ва кўп вақти жангу жадалларда ўтган саркарда сифатида ижтимоий фаолиятининг энг қизғин даврида ҳам, шахсий ҳаёти ва давлати ниҳоятда мураккаб ва хатарли шароитда қолган чоғларида ҳам Бобур ижодий ишга вақт топа билган, илм, санъат ва ижод аҳлини ўз атрофига тўплаб, ҳомийлик қилган, уларни рағбатлантирган.

Ўтмиш адабиёт ва тарих, мусиқа ва санъатдан яхши хабардор бўлган, диний таълимотга чин ихлос қўйган Бобур ҳар доим олиму фозиллар даврасида бўлди, хусусан ижод аҳлига, касбу ҳунар соҳибларига самимий эҳтиром кўргазиб ҳомийлик қилди, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириб турди. Ижод ва санъат аҳлига бундай меҳрли муносабат асло бежиз бўлмаган. Бобур табиатан ижодкор эди. Йигитлик йилларидан бошлаб то умрининг охиригача самарали ижодий иш билан шуғулланди, ҳар қандай шароит ва вазиятларда ҳам ижоддан тўхтамади, натижада, ҳар жиҳатдан муҳим бой илмий ва адабий мерос қолдирди.

Бобур ва унинг қўшини. Миниатура. 16 аср

Бобур 18—19 ёшларида рубоий ва ғазаллар ёза бошлаган. Унинг «Топмадим» радифли ғазали ва «Ёд этмас эмиш кишини ғурбатда киши» мисраси билан бошланувчи рубоийси ўша йиллардаги ҳаёти билан боғлиқ.

Бобурнинг улкан санъаткорлиги шундаки, шахсий кечинмаларини жиддий умумлашма даражасига кўтара олади ва натижада асарларида олға сурилган ғоялар умуминсоний қадриятлар даражасига кўтарилади. Бобур ижодида, хусусан, шеъриятида киндик қони тўкилган она юртини дилдилдан қўмсаш, унинг тупроғига талпиниш, ғариблик азобларидан ўтли ҳасрат, ёру диёр согинчи ва висол илинжи, тақдир зарбалари ва турмуш уқубатлари, замона носозликларидан нола бадиий таҳлил этилади.

Бобур ижодида ишқ-муҳаббат, севги-садоқат, висол ва ҳижрон мавзуи ҳам салмоқли ўрин тутади. Унинг ғазал ва рубоийларида, туюқ ва маснавийларида маъшуқанинг мафтункор гўзаллиги, беқиёс ҳусну латофати, шарқона одобу ахлоқи, нозу карашмаси енгил ва ўйноқи, мусиқий ва равон мисраларда катта маҳорат билан тараннум этилади.

    ziyouz

  Сайт варианти.

- - -


< Orqaga qaytish