Шеърият


Marta o'qildi

"Қалдирғочларга бер айвонларингни..".шеърлар.Сирожиддин Саййид

 

МАРДЛАР МИНГАН ОТЛАРИНГ
НОМАРДЛАРГА ХОР БЎЛМАС



* * *
Мен дунёга номимни
Бунёд этгали келдим.
Аввал ўзни йўқотиб,
Сўнг ёд этгали келдим.
Куйган саҳро ҳам ўзим,
Тошқин дарё ҳам ўзим,
Ишқдин адо ҳам ўзим,
Фарёд этгали келдим.

Саболар билан келдим,
Садолар билан келдим.
Бир жонимда минг битта
Савдолар билан келдим.
Қатъий ниятлар билан,
Даъволар билан келдим:
Ҳар бир вайрона дилни
Обод этгали келдим.

Бу соҳибжамолларни,
Бўйнидаги холларни,
Холларига термулиб
Ўтган неча онларни,
Мана бу осмонларни,
Бу шомларни, тонгларни,
Ошиқнинг дилидай соф
Покиза замонларни
Баёт этгали келдим.

Ҳар неким хатолиғдир,
Разиллиғ, расволиғдир,
Ҳар неким ёмонлиғдир,
Риёлиғ, ёлғонлиғдир,
Барбод этгали келдим.

Дунё ҳали шод бўлгай,
Тушлари новвот бўлгай.
Мен шеър айтсам, бу ҳаёт
Яна шаън ҳаёт бўлгай.
Шу ҳаётни абадий
Ҳаёт этгали келдим.

1984

ВАТАННИ АНГЛАШ

Шабнам-шабнам тонгларда
жайронларга айланган,
Онанг сувлар сепганда
райҳонларга айланган,
Бир кечада соғинчинг
осмонларга айланган,
Соғинчларингдай зангор
осмонлари Ватандир.
Дерлар ҳусну малоҳат
вафо қилмас, арир у.
Сен ёр десанг, тушдаги
Лайлоларга арзир у,
Ҳарирдан ҳам ҳариру
паридан ҳам парирў,
Сойларга соя солган
мижгонлари Ватандир.
Бешикларда ўйнаган
оппоқ-оппоқ қўлчалар,
Кўзмунчоққа сўйлаган
кўзмунчоқдай кўзчалар,
Очилган гул-ғунчалар,
қанду асал кулчалар,
Момоларинг тўй қилган
айвонлари Ватандир.
Отанг солган уйлар бу —
синчлари — бардошларга,
Токлари ўхшаб кетар
мўйсафид элдошларга,
Томлар узра чўзилиб
кўклар, ой, қуёшларга
Узум узатиб турган
нарвонлари Ватандир.
Бир йигитга оламда
ҳам ёру ҳам ор керак,
Номуси баланд эрга
на сўз, на гуфтор керак,
Фарзандлари улғайса
шерюрак, арслонюрак,
Элнинг ҳар они, давру
давронлари Ватандир.
Оллоҳ ўзи буғдойинг —
тиллоларга еткизгай,
Қабоғингнинг остидан
балоларни кеткизгай.
Оқсарою Кўксарой
дунёларга еткизгай,
Ор-номусдан яралган
қўрғонлари Ватандир.
2002


НАВОИЙНИ ЎҚИШ

Ҳар бир калла,
Ҳар бир бош
Жаҳолатдан қўрқиши керак.
Ҳар бир бола,
Ҳар бир ёш
Навоийни ўқиши керак.

Ҳар бир ота,
Ҳар бир мўйсафид
Умр ҳикматларин кўрсатиб,
Нафс арқонларин қирқиши керак,
Фарзандлари, набирасига
Навоийни ўқиши керак.

Бир болага — бутун мамлакат,
Баъзан эса қирқ киши керак.
Бешиклардан тушиб болалар
Навоийни ўқиши керак.

Сиз дейсиз: Йўл топиши керак,
Уй қуриб, пул топиши керак,
Йўқ-йўқ, у ор қилиши керак,
Навоийни ўқиши керак!

Самарқанду Бухоро, Термиз
Тўйларида барчамиз жаммиз.
Бизлар ахир кимлардан каммиз?!
Элга олам олқиши керак,
Оламга тик боқиши керак,
Навоийни ўқиши керак!

Берунийлар, ибн Синолар,
Улуғбеклар, Бобур Мирзолар
Қуриб кетмиш қандай бинолар!
Ёш кўнгиллар қалқиши керак,
Навоийни ўқиши керак!

Ватан азал битта Ватандир,
У биз учун сўлмас чамандир.
Шул сабабдан бола чоғлардан,
Майса чоғлар, лола чоғлардан
Ўзни уриб, юлқиши керак,
Навоийни ўқиши керак,
Дилга недир юқиши керак!

2002


БУ — СЕНИНГ УЙИНГДИР...

Баъзан боғларимни
Чулғар хавотир,
Баъзан Ер шаридан
Оғирдир ўйим.
Олам — бир осмон,
Бир обу ҳаводир,
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим.

Бу дашту далалар,
Боғлар ҳам мендан,
Бу тупроқ — буғдой бўй,
Ҳандалак бўйим.
Сенинг кўксингдаги
Доғлар ҳам мендан,
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим.

Сен Ватан дейсану
Порлар юзларинг,
Менинг юртим ҳам ўз
Рангу рўйимдир.
Талпиниб келгувчи
Ўғил-қизларинг —
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим.

Сенинг осмонўпар
Биноларингдан
Силкинди менинг ҳам
Чинордай бўйим.
Дарз кетди менинг ҳам
Минорларимга,
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим.

Баъзан назар солсанг
Ўзга юртларга,
Бағри тўлиб ётар
Олов, дудларга.
Одамзот кетмоқда хор,
Уюм-уюм,
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим.

Менинг ука-синглим
Сенга ҳам ука.
Синглинг тўй қилса гар —
Менинг тўйимдир.
Замин — қон-қардошлар
Йиғилган ўлка,
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим.

Менинг ҳам шаҳримнинг
Кўксида доғлар,
Узмоқчи бўлдилар
Бошлаган куйим.
Денгизлар ортидан
Боқдингми бир бор:
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим?!

Дунё томи узра
Нурли ҳалқалар,
Тинчлик — эрмак эмас
Ва ё бир ўйин.
Айтсалар бирлашиб
Давлатлар, халқлар:
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим.

Мен йироқ кетсам гар,
Ўртангай онам,
Сенинг ҳам волиданг
Йиғлагай юм-юм.
Оналар интизор турган
Шу олам —
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим.

2001
11.9 — 4.10.



ДЕҲҚОН МАДҲИЯСИ

Тун чоғида томингга
Томчилаган ёмғирдир.
Бир томчиси — севинчу
Бир томчиси — оғриқдир.
Дастасига сиғмайин
Ерни қўмсар кетмонинг,
Умринг — дашту далангнинг
Меҳнатлари оғирдир.

Чопонингда тупроғу
Заҳматларнинг иси бор.
Юзларингда — минг ташвиш,
Қисматларнинг изи бор,
Одам Атодин қолган
Ҳикматларнинг изи бор,
Бу ҳикматни билмаган —
Ўз юртига сағирдир.

Ким ўйлади оламни,
Сен ўйладинг далангни.
Даланг бирлан ўтказдинг
Ёмғир селу жалангни,
Бозорларга кўз тикдинг
Ўқитолмай болангни,
Тақдир — гоҳ қўю қўзи,
Гоҳ сут бермас тарғилдир.

Пайкалларга ўтидан
Базм бергай қуёшинг.
Бу бир қизғин базмким,
Синалгайдир бардошинг.
Кетмон — сенинг йўлдошинг,
Еринг — сенинг дилдошинг,
Терларинг шароб бўлгай,
Кўк чойларинг чоғирдир.

Тупроқ билан дардлашмоқ
Бу — қадимий бурч, шараф.
Сен-чун асли бу даврон,
Сенга бўлсин бу шараф.
Ким етишди, ким етди,
Ким бўлмади мушарраф,
Ўзбекистон, онажон,
Мангу иссиқ бағирдир.

2002

ВАТАН ДЕСАМ...

Бу диёрнинг айвонлари нурга талош,
Бу диёрнинг кайвониси ою қуёш.
Ватан десам кўзимда ёш, юзимда ёш,
Кўзга суртай нонларини, нонларини.

Тирикликнинг заҳматлари, тақдирлари,
Ҳаётининг бор ҳикмат ҳам тадбирлари,
Эй, онамнинг тупроққина тандирлари,
Иситгансиз жонларини, жонларини.

Ким Ватанни зар тўнига енг этмишдир,
Ким бағрини осмонлардай кенг этмишдир.
Яратганнинг ўзи бугун тенг этмишдир
Асрларга онларини, онларини.

Бир суворий келмоқдадир — Бобурми ё?
Ҳиротми ё, Ҳиндистонми ёки Кўнё,
Кўриб келди, бундан сўнг ҳам кўрсин дунё
Султонлари, хонларини, хонларини.

Бу диёрнинг айвонлари нурга талош,
Бу диёрнинг кайвониси ою қуёш,
Ватан десам кўзимда ёш, юзимда ёш,
Кўзга суртай нонларини, нонларини.

Нечун ўтмоқ ҳасад экиб умрларга,
Дилни ўраб ғараз, риё — кўмирларга?
Ҳавас қилиб яшанг улуғ Темурларга,
Эл билгайдир шонларини, шонларини.

2001

УСТОДИ АВВАЛ

Болаликдан бир ғаройиб тахтда бўлдим,
Ой, юлдузлар бирлан мудом аҳдда бўлдим.
Сўқмоқлардан, оқ, заъфарон далалардан
Мен заъфарон сўзлар териб катта бўлдим.

Сабоқ олдим янчилмаган сомонлардан,
Умр иси келиб турган чопонлардан.
Ғариб пахса деворлардан олдим савод,
Билдим надир надомату надир савоб.

Қирларимдан, зирқиратиб бағирларим,
Паға-паға юзиб кетди сигирларим.
Не ҳикматни ҳам қарзу ҳам фарз бердилар,
Менга ул кун хору хаслар дарс бердилар.

Хатим чиқди онам кафтин хатларидан,
Камол топдим кафтларининг тафтларидан.
Меҳрлари кўнглимга кўзлар бўлдилар,
Ватан янглиғ улуғвор сўзлар бўлдилар.

Таълим олдим бошоқлардан, донлардан ҳам,
Кулча юзлар ҳамда кулча, нонлардан ҳам.
Мен Ватанни ўргандим ҳар гиёҳидан,
Шомларию райҳонларин сиёҳидан.

Қадирғочлар тўйларимда хизмат қилди,
Камбағални суйдим, бойлар иззат қилди.
Дилга кўчди умрий ранжу азиятлар,
Ўйчан, кекса токлар қилган насиҳатлар.

Мен шундайин сўзга тўлдим ичларимдан,
Ҳарф ўргандим уйларинг ҳам синчларингдан,
Ҳар қаричи, ҳар ғубори имло, юртим,
Ҳар бир тоши, ҳар чинори мулло, юртим.

1994



ОНАМНИНГ КАЛИШЛАРИ

Бунча ҳам қаттиқ экан
Қисматнинг болишлари.
Кўз олдимдан кетмас ҳеч
Онамнинг калишлари.

Улар остонасида
Турар бир жуфт абгордай.
Кўзимга бутун дунё
Кўринади айбдордай.

Яшайдирман гарчи қўл,
Юзларини соғиниб.
Калишлари даҳлизда
Тураверар оғриниб.

Дардимни яширгайман
Онам ҳолим сўрганда.
Калишлари валекин
Барин билиб тургандай.

Гарчи тилсиз, забонсиз,
Хомуш, беозордайлар.
Бор дарду ҳижронимдан
Улар хабардордайлар.

Онамнинг кўзёшидан
Бўлса болишлари нам.
Назаримда кечалар
Йиғлар калишлари ҳам.

Улар ҳам гўё мени
Ўртаниб ўйлагайлар.
Бахту бахтсизлигимдан
Қиссалар сўйлагайлар.

Соғинчнинг деворлари
Ёмғирларда емрилган.
Улар ҳам онам каби
Йўлларимга термулган.

Мол йиғмадим мен, аммо
Сув сўрганга сой бердим.
Бир кўнглим бор эди, лек
Мен уни ҳам бой бердим.

Бу дунёда ниҳоят
Бир ҳикматни илғадим.
Калишларни юзимга
Босиб, келар йиғлагим.

Онамнинг калишлари...
Бир умрлик қарзимдай.
Патакларин кўзимга
Суртиб ўлсам арзигай.

1999

ЁМҒИРЛАР ВА КЎЗЁШЛАР

Йилларга ҳам ёмғир ёғар,
Умримизга ўхшар боғлар.
Ҳижрон бўлиб қолар тоғлар,
Дилларга ҳам ёмғир ёғар.

Баҳорийми, кузгимизми —
Биз излаймиз севгимизни.
Бу ёмғирлар раҳм қилмай
Ювиб кетар изимизни.

Ойларимиз сўлғин-сўлғин
Сингилларга айландилар.
Юзимиздан оққан селлар
Кўнгилларга айландилар.

Соғинч қоплар хонамизни,
Ўйлаб ёлғиз жонимизни,
Биз қолдириб кетгайдирмиз
Ёмғирларга онамизни.

Оқ бўйинли танноз дунё,
Ўйнар тилло занжирлари.
Кимни кутар ёмғирларда
Она уйнинг тандирлари?

Биз орзу ҳам армонларнинг
Ёқаларин кўтаргаймиз.
Толе бир кун ёр бўлса гар
Ёмғирларда кўкаргаймиз.

2002



БАҲОР КЕЛМИШ

Томингизда шивир-шивир, шитир-шитир,
Бу — баҳорнинг қадамларин товушидир.
Сўридаги пуч ёнғоқнинг пўчоқлари
Қай қарғанинг қолиб кетган ковушидир.
Ранглар кирар энди ғамгин ўйингизга,
Томингиздан баҳор келмиш уйингизга.

Ёмғир ювган юлдузлар ҳам қандоқ гўзал,
Ёрингизнинг кўзлари ҳам андоқ гўзал,
Қадрин билинг бу дамларнинг, қайтиб яна
Бундоқ фасл тополмайсиз, бундоқ гўзал.
Қаранг, баҳор келмиш ошиқ кўнглингизга,
Гул ўлчайди қараб қадду бўйингизга.

Эй, сен менинг шаҳарлик оқ турнагинам,
Ярим кун ҳам сен ёнимда турмадинг ҳам.
Қиш ўртаси ногоҳ баҳор келди десам,
Зулфларингнинг атри экан кейин билсам.
Мен жон берай исларингиз, бўйингизга,
Баҳор билан сенинг ифор тўйингизга.

Ҳижронларга тўлиқ шеърий дафтаримни
Сен варақлаб, шамол, мени ахтардингми?
Бир бойчечак, бир қаламқош қалдирғочга
Алмашдим мен бор алам, бор дардларимни.
Шеърларим-ай, армонларим ўзингизга,
Баҳор келмиш бугун кўча-кўйингизга.

Қандай ўғил бўлдим сизга, қандай жигар,
Мендан аввал баҳор сиздан олмиш хабар.
Майса бўлиб кўкариб ҳам, ота, яна
Менга таскин бермоқдасиз бу тонг саҳар.
Баҳор келмиш мангу сукут кўйингизга,
Ҳар бир майса ўхшар сўзу ўйингизга.

Баҳор келмиш, қутлуғ бўлсин ҳаммангизга!
Умр берсин бобонгиз ҳам момонгизга.
Баҳор ахир қанча шодлик, шукроналик
Келтиргуси холангиз ҳам аммангизга.
Қанча севинч гулдай қизу ўғлингизга,
Қанча қўзи олиб келар қўйингизга.

Кўклардаги тўлин-тўлин ойдай Ватан,
Осмон десам, тошқин-тошқин сойдай Ватан.
Ватан десам, кўз олдимга онам келган,
Онам десам, нигоҳимда пайдо Ватан,
Баҳор келмиш яна ризқу рўзингизга,
Доғ тушмасин ҳаргиз рангу рўйингизга.

1999

* * *

- - -


< Orqaga qaytish