Маданият, санъат

АҚШда Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи инглиз тилида нашр этилди.


Marta o'qildi

АҚШда Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи инглиз тилида нашр этилди.

Аввал хабар қилинганидек, яқинда таваллудининг 125 йиллиги юртимизда ва халқаро миқёсда кенг нишонланган буюк адибимиз Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи илк бор бевосита ўзбек тилидан инглиз тилига таржима қилинди ва Америка Қўшма Штатларида “Bygone days” номи остида китоб ҳолида чоп этилди.

2019 йил 27 декабрда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида ушбу китоб тақдимоти бўлиб ўтди. Янги китобнинг илк нусхалари АҚШдаги давлат ташкилотлари, етакчи олий таълим муассасалари ва ушбу мамлакатда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакилларига тарқатилди.

У АҚШнинг энг йирик кутубхонаси – Конгресс кутубхонаси каталогига киритилди. Шунингдек, ушбу асар e-book шаклида ҳам чоп этилган.

Машҳур асар таржимаси америкалик таниқли таржимон ва тадқиқотчи Марк Эдвард Рис томонидан амалга оширилган.

Марк Эдвард Рис 1969 йилда АҚШнинг Аризона штатида туғилган. Жорж Вашингтон номидаги университетни “Урал, Кавказ ва Марказий Осиё халқлари адабиёти” мутахассислиги бўйича тамомлаган. 1994-1996 йилларда “Тинчлик корпуси”нинг кўнгилли вакили сифатида Ўзбекистонда ишлаб, Қўқон шаҳридаги ўрта мактабда инглиз тили фанидан сабоқ берган. Шунингдек, АҚШ Давлат департаменти ҳамкорлик дастурининг Ўзбекистон бўйича директори бўлиб ишлаган.

Марк Рис 2017 йилда пойтахтимизнинг Самарқанд дарвоза маҳалласидаги Абдулла Қодирий яшаб ижод этган хонадонда бўлиб, адиб ижодий меросини чуқур ўрганган.

Таржимон ушбу кўламдор романни инглиз тилига ўгириш учун 15 йилдан ортиқ вақт сарфлаган ва 660 бетдан иборат асар америкалик ўқувчиларга тушунарли бўлиши учун унга 400 дан ортиқ тушунча ва изоҳлар ёзган.

Айни пайтда роман ўқувчилар томонидан аниқланадиган “Беш юлдузли” рейтингда юқори баҳога сазовор бўлмоқда.

Марк Рис Абдулла Қодирийнинг ҳаёти ва ижоди, унинг замони ва замондошлари, “Ўткан кунлар” романидаги сиймолар ҳақида маълумотлар берувчи theuzbekmodernist.com веб-сайтини ҳам яратган.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига “Bygone days” китоби ва Марк Эдвард Рисдан мактуб келди. Қуйида ушбу мактуб матни эълон қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари!

Сизга 1994-1996 йилларда Тинчлик корпусининг кўнгилли ходими сифатида Ўзбекистонда, Қўқонда ўз хизмат фаолиятимни бошлаганимдан сўнг йигирма беш йил ўтиб хат йўллаш мен учун катта шарафдир. Оддий ўзбек мактабида ўқитувчи бўлиб ишлаган даврим менинг ҳаётимни беқиёс даражада бойитган саёҳатнинг муқаддимаси бўлди ва Сизга йўлланаётган ушбу мактуб ана шу саёҳатнинг авж нуқтасидир.

Ҳақиқатан ҳам шундай, мен айни пайтда инглиз тилига таржима қилиб тугатган Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи Марказий Осиё ва жаҳон адабиётида ўхшаши йўқ асардир.

Абдулла Қодирийнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш мен учун шунчаки ўқув машғулоти вазифасини ўтагани йўқ. Асар таржимаси мендан катта куч талаб этганининг боиси шундаки, адиб романга шунчаки “персонажлар”ни эмас, балки менинг ҳаётий қарашларимни шакллантирган қиссани жо этган.

Асардаги Отабек, Кумуш ёки мен яхши кўрадиган Ҳасанали каби адабий персонажлар номигагина таҳлил қилиб ўтиладиган мавҳум, тўқима образлар эмас. Ушбу машҳур образлар тимсолида мен бутун профессионал фаолиятим давомида Тошкент, Қўқон ҳамда Вашингтонда яшаб, бирга ишлаган инсонлар қиёфасини кўраман.

Шу тариқа мен ўн беш йил мобайнидаги иш жараёнида нафақат адиб тилига хос нозик жиҳатларни, балки 1938 йилда унинг қатағонга учраши ва ўлимига сабаб бўлган, асарларига жо этилган чинакам миллий руҳни илғашга муваффақ бўлдим.

1994 йилда ўзбеклар, гарчи улар учун бундан ҳеч қандай наф бўлмаса-да, мени ўз хонадонларида кўп бор меҳмон қилишди. Худди ўз яқинларидек кўриб, Қўқондаги Жомеъ масжидида биргаликда ибодатга ҳам олиб боришди. Уларнинг миллий романини инглиз тилига таржима қилиш орқали мен ҳам бу инсонларга ана шундай муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга бурчлиман.

Ҳар қандай катта иш сингари роман таржимаси ҳам улкан шахсий сафарбарликни талаб этди. Менинг умидим ва ишончим шундаки, қачондир ўғлим бу китобни қўлига олар экан, унинг отаси ер юзида шунчаки умргузаронлик қилмагани, балки недир қимматли бир ишни адо этиб кетганини англайди. Сиз ҳам ота сифатида айни шундай ҳиссиётни ҳис қиласиз, деб ишонаман.

Ўтган ҳафтада мамлакатингиз элчиси Жавлон Ваҳобов ва Ўзбекистон элчихонаси ходимлари томонидан камтарона хизматимнинг юксак даражада эътироф этилиши меҳнат фаолиятимдаги ажойиб лаҳзалар бўлиб қолишини алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим.

Вашингтон шаҳридан келган юздан зиёд меҳмонлар иштирокида ушбу китобимнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Биз элчи билан биргаликда Ўзбекистон ҳақида, айниқса, унинг адабий манзараси ҳақида кўпроқ билишни истаган меҳмонларга мамлакатингизни таништирдик. Мен ўз нутқимда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар атиги икки йил давомида юқори даражада олдинга силжиганини алоҳида таъкидладим. Ушбу ислоҳотлар Абдулла Қодирийнинг ҳаёти бардавомлиги ва унинг орзу-ўйлари рўёбга чиқаётганидан далолат эканини ишонч билан айтиб ўтдим. Ана шу маросимдан кейин минглаб одамлар ижтимоий тармоқларда ижобий фикрлар билдиришди, тақдимотда иштирок этганлар ўзбек адабиёти ҳақида янада кўпроқ билиш учун мен билан боғланишди.

Шу нарса аёнки, сизлар барчангиз бугунги дунёмиз учун катта аҳамиятга эга бўлган муҳим ҳаётий ишда иштирок этмоқдасиз ва мен ишонаман, Ўзбекистон Республикаси ушбу саъй-ҳаракатларни кучайтириш, айниқса, келгусида Абдулла Қодирийнинг бошқа асарларини ҳам таржима қилиш, ўзбек тили таржимонларини тайёрлаш, Ўзбекистоннинг мақсадларини рўёбга чиқаришга хизмат қиладиган стратегик лойиҳаларда бажонидил ёрдам кўрсатади.

Сизнинг номингизга хат ёзиш мен учун катта шараф бўлгани учун сўзимнинг ниҳоясида айтмоқчиман: Раҳмат. Сиз намоён этаётган характер ва етакчилик салоҳиятидан мен ҳайратдаман.

Мен Ўзбекистонни яхши биламан, рафиқам тошкентлик ва ўзимни бу юртда сайёҳ деб ҳисобламайман. Сизнинг яқинда Қўқон ва Марғилонга ташриф буюрганингиз, Абдулла Қодирий музейини ташкил этганингиз, Сизнинг ўз ислоҳотларингизга уйғун равишда “Ўткан кунлар” романини эслаб айтган фикрларингиз менинг қалбимда чуқур акс-садо берди. Бу менга ислоҳотларнинг ҳозирги босқичи – Абдулла Қодирий ижодига бўлган эҳтиромнинг энг яхши даври эканини англаб етиш имконини берди. Мен қатъий ишонаман, бу менинг иккинчи Ватаним билан боғланган ишимнинг янги йигирма беш йиллик бобининг бошланиши бўлади.

Ҳурмат билан,

Марк Эдвард Рис

2019 йил 27 декабрь

 

1 239

    UzA

    UzA  матнида таржимон номи Марк Риз тарзида берилибди. Мен фидойи таржимон ҳақида маълумотга эга бўлганим учун таржимон дўстимизнинг номини Марк Рис  ёзувида бердим.Умид қиламанки, бу тўғри..варинат.UzA   каби улкан сайт..ҳар қалай Саломат Вафо  www.nurzamon.uzга  share  қилганда нотўғри кўчирсин деб шундай қилмаган, чиқар.. Мен  бу маънода BBC ва  ҳамюртим ўзбек адабиётининг чуқур билимдони  Ибрат Сафо материалига суяндим. Қуйида шу материалнинг ссилкаси..

https://www.bbc.com/uzbek/uzbekistan-42138017

 

 

- - -


< Orqaga qaytish