Маданият, санъат

Сўйлаётган олов ўйини.   Саломат Вафо.


Marta o'qildi

Сўйлаётган олов ўйини. Саломат Вафо.

 

                Эмишки, одамзод  яралишида инсонга жон сурнай билан кирган экан. “Сурнай Лазги”сини эшитган хоразмлик, ҳусусан Ўзбекистоннинг барча  халқлари ҳам ўрнида ўтиролмай ҳаяжонланиб рақсга тушиб кетади.”Лазги”да ана шундай инсон руҳиятига таъсир қилиувчи гўё одамзод  яралиш ибтидосига  имдодлар  бор.

   Жаҳон  википелиясида  Хоразм  “Лазги” рақсининг  9 хил тури борлиги  ҳақида маълумот берилади..Хоразм  халқлари севиб ўйнайдиган “Сурнай  Лазги”сини энг аввало эътироф этишимиз лозим.  “Сурнай Лазгиси”   Хоразмда ва Хоразмдан ташқари мамлакатларда  ҳам оммавий  ўйналади. Ушбу рақс турларига  “Қайроқ Лазги”,”Дутор Лазги”, “Салки Лазги”, “Чангак Лазги”, “Гармон Лазги”,“Хива Лазги” си..каби турлари  киради. Бу  шиддатли,жўшқинлиги билан Аму дарёни эслатадиган ва бевосита инсон қалбига таъсир қиладиган  мусиқа тарихи олис ..“Авесто” даврларига  бориб тақалган экан.

  Шунинг учун бу гўзал рақс тури  2019 йил 13 декабрь куни  Ўзбекистон маданий ёдгорлигининг бир қисми сифатида  ЮНЕСКОнинг инсониятнинг  репрезентатив  номоддий маданий мероси рўйҳатига киритилди.

  Ўзбекистон “Олтин мерос” халқаро жамғармасининг “Хоразм Лазги”си  ҳақидаги 40 варақлик  таклиф ва тавсияларини ЮНЕСКО тамонидан  қабул қилиши жуда ўринли бўлган. Негаки,  Хоразм санъатининг гултожи ҳисобланган  “Лазги” рақс туркуми тарихи  жуда олис замонларга бориб  етади. Олимларнинг тадқиқотига   кўра  мелоддан аввалги У1- У асрларда қадимий Хоразм ҳудудида жойлашган “Қўйқирқилганқалъа”,“Тупроққалъа” харобаларидан   рақс туашаётган  аёл ва арфа чалаётган  қизнинг сопол идишларда акс этган сувратларини топишганини баён қилишган.                                                

   Мен кўп асарларимда  энергияси, шиддати билан  “Хоразм Лазги”сини дунё туркий халқларининг гимни дея  эълон қилиш лозим дея  ёзганман. Бу гўзал ўйин турига   ЮНЕСО ташкилоти халқаро   расмий мақом бериб барча санъат мухлисларини шод этди.  Мен  халқаро эътирофнинг на қадар халқ ҳаётига  сингиб кетганини Хоразмда туғилган  инсон сифатида  ўз ҳаётим  мисолида ҳикоя қилмоқчи эдим.

Ҳатто, бугунги кунгача оддий халқнинг ичида  байрам, сайлларда, тўйларда эркак ва  хотин- қизларнинг рақс тушиши сақланиб қолган.  Хоразм элатларида никоҳ тўйларида олов атрофида рақс тушиш ва келин саломида ушбу маросимнинг бошида Анбар онага салом ва таъзим  этишдан бошланиши  ушбу фикримизни тасдиқлайди..  Профессор Исо Жабборов ўзининг “Юксак  маданият ва ноёб маънавият  маскани”асарида “Лазги”нинг 8 та тури ҳақида фактлар  келтиради. У “Лазги”ни шиддатли қувватга эга бўлгани учун  олов рақси деб айтайди.  Исо Жабборов бугунги кунда халқ орасида сақланиб қолган  Анбар она образи “бу “Авесто”дан замонидан  келаётган Анахита образи..” дейди. Яъни хоразмликлар  исломгача ўз маросимларида Анахита Авидусура шаънига  мадҳиялар билан бошлашган экан.

 Хоразм мусиқасининг  чуқур билимдони Ардаян (Туркия) университети, Гўзал санъатлар факультети PR.DRти  Ботир Матякубов   мусиқашунос Сафия Собированинг “Лазги” сарловҳали (“Ёшлик” журнали,1983 йил  1 сонида)  мақоласидан иқтибос келтиради.

  “Хоразмшоҳ Жалолиддин Мангубердининг (1198-1231) аскарлари Кавказ юришларининг бирида меҳтарлар ижросида “Лазги” жанговар рақси чалингач .. жангчилар биргаликда  ўйинга тушади”.

  Абулғози Баҳодирхоннинг “Мен туғилмай туриб юз йил олдин Орол ва Хазор денгизи бирлашган бўлиб Хоразм ва Ширвон мамлакатлари орасида сув йўли орқали борди—келди  ривожланган экан”. ”(Abul Ğozıxon “Şajaraıy Turk” T., “Çölpon”1992 y. 9 b”). Ушбу  маълумотига таянадиган бўлсак, Хоразмча “Занжи Қорабоғ, ”Оразибон”, “Лазги” каби  куй ва рақслар, тор, соз(гармон), сантур, буламон, занг, даф каби чолғулари жўрлишгида чалинган. Жой номлари, мусиқа созларининг яқинлиги  Хоразм ва Кавказ халқларининг тарихий узоқ ва маъданий яқин алоқаларини яққол тасаввур қилишимиз  мумкин.

        Хоразмшоҳларнинг  шонли  юришларидан олдин  “Лазги” куйини чалиб харбий юришга отланишгани  кўпгина асарларда ўз аксини топгандир.  Лашкарлар юришлардан ғалаба  билан қайтганда ўнлаган сурнайчилар ва  ноғорачилар узоқ  масофаларни босиб ўтиб лашкарни қарши олишар экан. Агар қўшин мағлуб бўлиб, шаҳидлар кўп бўлса, сурнайчилар  қалъа деворлари устига чиқиб нола қилишар экан.

   Хоразмшоҳларнинг  асрий урф –одатлари, қиёссиз санъатига   Хива хони Муҳаммад Раҳимхон Феруз (1845 -1910)тамонидан расмий тус берилган  эди. Феруз даврида Хоразм маданияти,санъати ва адабиёти гуллаб- яшнаган эди.Феруз даврида Хоразмнинг “Олти ярим мақоми ..”устида  машаққатли меҳнат олиб борилиб  ноталаштирилган эди. Хоннинг сарой созандалари тамонидан “Лазги”нинг бир  нечта тури  баҳор ва кузда ўтказиладиган сайлларда чалинар, халқ эса  оммавий ҳолатда рақс тушар эди.

   Элнинг оммавий рақс тушиш негизи Зардўйтийлар замонига боғланар экан.Исломгача бўлган Хоразмда  эркак ва хотин-қизлар биргаликда ўйин тушиладиган катта-катта майдонлар бўлиб булар қур  сифатида ном олган.

  Шу ўринда болалигимда юз берган  воқеалар ..ушбу мавзуга яқинлигини ҳис қиламан.. Менинг онамнинг оғаси Қозоқ дойим чорва фермасининг  мудири эди, у қаътиятли, сахий, санъатга қизиқадиган одам эди. Ҳали Чўқли  овулимизда ҳеч кимда патефон бўлмаган вақтда Қозоқ дойимни  катта икки ёнбошига ёғоч билан ишлов берилган  катта  патефони бўлиб ва  дойимнинг устунлари кўп ва шифтида катта ойнаванд    туйнуги бўлган айвонида узун кун “Сайёдхон ва Хамро”,” Гўрўғли” достонлари  қўшиқлари янграб ётарди.Дойим хукмдор, талабчан  одам бўлгани учун унга ҳеч ким патефонни ўчиринг дейишга  ботина олмасди.

    Қозоқ дойим вақти ҳўш чоғларда мени ва авлодимиз болаларини патефонни қўйиб “Лазги”га ўйнатарди.  Ўша даврда уруғимиз болалари орасида қиз болалар кам бўлгани учун  асосан ўғил болалар билан  рақс тушардим. Дойим бундай пайтларда ўйинимиздан муттаасир бўлиб “Ёқут, Қизилжардан олиб келган матирларни қизилини  олиб чиқиб Саломатга бер ” деб буюрарди. Қип- қизил узун  сочоқли матирни олиб осмонларга учар эдим. Қозоқ дойим кўп йиллар раҳбар лавозимларида ишлагани учун катта психолог эди. Менинг руҳиятимни кузатиб  туриб, “..қани Саломат қизил матиринг билан инди шулар билан бир гўраш тут...қани шу илвизакларни ҳаммасини йиқиб ташла..” дерли кулиб. Биз ола – тасир кураш тушиб кетардик..ғолиблигим, “Лазги”дан кейинги кўтаринки руҳим билан ҳақиқатдан  ўзим тенги ва  гавдаси мендан катта амакиваччаларимни йиқитиб ташлар эдим. Дойим гўё улкан майдонда бош курашчини енгган одамдай ҳайқириб юборарди.”Уша вулани ангакиннан уша..чил, чил..от, ера  от ..э, бу ўлискаларни суякини чўпланга.."дея далда берарди...  Ўшанда дойим  қарсак чалиб ўрнидан турди ва киссасидан қирмизи қоғоз  чиқарди. “Бугун сени баҳонг 10 бўлди...Саломат” деди. Афтидан мен ўша вақтларда 8-9 ёшларда бўлиб  “10 рубль”ни кўрмаган эдим. Бугунги куннинг педагоглари болага пул бериш ёмон тарбия воситаси деб баҳолашади. Аммо, мен болалигимда, балки... сарғиш 1 рубль, мовий тус  5 рублларни пул деб билгандирман. 10 рублни кўрмаганим учун уни дойим тамонидан берилган аллақандай олий мукофот деб ўйлаганман.

Балки, болалигимда шу аммаларим, холаларим тўйларда номдор ўйинчилар белига боғлайдиган  ипак матир билан  тақдирланганим учунми...санъатга муҳаббат барча хоразмликлар каби  болалигим билан   улғайган эди. Бу “Лазги”нинг халқ қалбида камол топишига мисол эди.

    Қайси бир олим хоразмликларнинг бешикда  ётган гўдаги аллақандай оҳанг маромида йиғлайди деб ёзган эди.Бу  қай даражада ҳақиқат,билмадим,  аммо улуғ ҳакам Ибн Сино  “Лазги”ни айниқса  “Сурнай Лазги”сини тиб даволаш усулларига киритилган эди. Шарқда касалликни энг аввало инсон руҳини  даволашдан  бошлашган. Чунки, фақат рақс чоғида  инсон жисми ва руҳи бир вақтда уйғунликка келар экан. Беморлик  ҳолатида  эса одам руҳи ва жисми орасида бузилиш, масофа  пайдо бўлар экан.

    Хоразм санъати тадқиқотчилари “Лазги”нинг расмий равишда ижро қилина бошлаганига  юз  йил тўлди дея эътироф этишади.Мусиқа мутахассислари “Хоразм Лазги”сини  илқ маротаба  Ўзбекистон Халқ артисти Комилжон Отаниёзов сўз ила  ижро этган дея таъкидлашади. Комилжон уста  ушбу феноменал куйга Комил Хоразмийнинг “Кимнинг севар ёрисан” ғазалини қўйиб айтади. Улуғ хофиз Отажон Худойшукуров ҳам “Хоразм Лазги”сини энг юксак пардаларда ижро этган эди.

  ..Омон..ай..омон..  360 томирга..  440 суякка..қорагўз бўй..бўйи..бўй..

    1970 йиллар..  элатимизда баҳор келиши билан қариндошлар йиғилиб сумалак,қорма деган овқат пиширишар эди. Хоразмча ташкил деб аталадиган бундай  маросимда  қариндошлар йиғилиб ўйин- кулги қилишарди. Хоразмда ҳар бир қишлоқ, элатнинг ўз созандалари  бўлади.  Бундай  маросимда қариндошларимиз  эркакларининг “Лазги” га ўйнаши бу жуда ўзга ҳолат  эди. Улар аввал ҳазил –ҳузул қилиб бир-бирини даврага тортиб, ўртага чиқишарди. Шу вақтда “Лазги” янграрди, нозланна - нозлана гамрон жўр билан бўларди. Эсимда адабиёт ўқитувчиси раҳматли  Пўлат ака, Омонгалди оға,Шуҳрат  укам ўртага чиқишарди. Сурнай яна тилга кирарди..иии..ииийй..омонай..омон.. Дойиларим, оғаларим виқор билан гўё  хоразмшоҳ лашкарлари жангга отланандай қулоч  ёйиб,даврани айланишарди. Сўнг бутун вужудини титратиб  қўлларини қарсиллатиб, ерларни гурсиллатиб “Лазги”га ўйнай кетишди.Сурнай тилга киради..ии..иийй..бургутлар парвозга шайлан.....бургутлар парвозга шайлан..дея мусиқа тилга кирарди.

  “Хоразм Лазги”си 2019 йил 13 декабрь куни  Ўзбекистон маданий ёдгорлигининг бир қисми сифатида  ЮНЕСКО инсоният  репрезентатив  номоддий маданий мероси рўйҳатига киритилди.   

  2019 йилнинг 13 декабрь куни Хоразм халқининг минг йиллар.. ўн минг йиллар ичида  халқ ичида айвонларда, уйларда, майдонлар, кўчаларда .. янграб  ётган...ҳали дунё билмаган, танимаган  саҳрли “Лазги”си қад ростлади..Дунё энди “Хоразм Лазгиси”ни билади, дунё энди Хоразмнинг “Сурнай Лазги”сига рақс тушади. Чунки, оловли “Сурнай Лазги”си оламга  инсон руҳи тилида сўйлайди.

   2020 йил 8 январда  ёзилди.

      Тошкент. "Гўзал"даги уй.

- - -


< Orqaga qaytish