Жаҳон адабиёти

8 сентябрь. Буюк авар шоири Расул Ҳамзатов туғилган кун.(1923-2003)


Marta o'qildi

8 сентябрь. Буюк авар шоири Расул Ҳамзатов туғилган кун.(1923-2003)

 


Ажабо!  Туш деган нарса қизиқ-да,
Ўлиб қолганмишман тушда ногаҳон.
Кўксимда қўрғошин,  қуёш тиғида,
Тоғлар орасида ётибман бежон.
Узоқда шарқираб сойлар оқмоқда,
Борлиқда бир ажиб дилбарлик ҳоким.
Мен эсам ўйлайман ётиб тупроқда:
Мана шу тупроққа қўшилар хоким.
Мен ўлиб ётибман,  кимсасиз,  унут,
Ҳеч кимга қайғурмас ва чекмас ёҳу.
Фақат чўққиларда қурқурар бургут,
Фақат водийларда инграйди оҳу.
Навқирон ёшимда бўлдим-ку адо,
Оташ юрагимни ўйди ахир ўқ.
На онам,  на ёрим бермайди садо,
Дўст тугул,  ҳаттоки йиғичи ҳам йўқ.
Фиғон отилади жонсиз бағримдан,
(Гўё фиғон бордек мурда дилида.)
Шу пайт икки киши ўтди наридан,
Қувноқ суҳбат қуриб авар тилида.
Мен-ку бу дунёдан кўз юмдим мангу,
Улар кулиб-кулиб сўзлашар борин?
Қандайдир Ҳасаннинг турфа ишию
Қандайдир Алининг шўх кирдикорин.
Авар сўзин тинглаб кирди менга жон,


Оҳиста тирилдим ва шунда билдим:
Мени тузатолмас ҳеч дори дармон,
Жонимга масиҳдир шу она тилим.
Майли,  ким қай тилдан завқу шавқ олса,
Менинг ўз тилимга минг жоним фидо.
Эрта она тилим агар йўқолса,
Мен бугун ўлишга бўлурман ризо.
Майли,  қашшоқ бўлсин,  майли,  беҳашам,
Лекин менинг учун азиз ва суюк.
Жаҳон минбаридан янграмаса ҳам,
Она тилим,  менга муқаддас,  буюк.
Оташин Маҳмуднинг ёниқ шеърини,
Наҳот таржимада ўқир авлодим?
Наҳот,  мен аварнинг сўнгги шоири,
Шуми эди менинг эзгу муродим?!
Севаман ҳаётни,  дунё кўркини,
Муҳаббатим чексиз барча эл учун.
Ҳаммасидан азиз она юртимни
Аварча куйладим етганча кучим.
Узоқ Сахалиндан Болтиққача то
Қалбимда кўраман ҳур Ватанимни,
Ҳар қайда қилайин унга жон фидо,
Лекин ўз юртимга қўйинг танамни.
Юртдошларим туринг қабрим олдида
Кўрсатинг аварнинг шоири шул деб.
Элим ёдга олсин она тилида
Ҳамзат Садасанинг ўғли Расул деб.

ЭРКИН ВОҲИДОВ ТАРЖИМАСИ
 
 
Машҳур шоир Расул Ҳамзатов 1923 йилнинг 8 сетябрида Доғистоннинг Хунзах районига қарашли Цада қишлоғида халқ шоири Ҳамзат Цадаса оиласида дунёга келди. У бир неча йил ўқитувчилик қилди ва кейинчалик 1945—1950 йилларда Москвада  Максим  Горький номидаги адабиёт институтида таҳсил олди. Расул Ҳамзатовнинг ижоди 1937 йилдан лирик шеърлар ёзишдан бошланди. У шу вақтга қадар китобхонларга «Ҳароратли ишқ ва куйдирувчи ғазаб» (1943), «Менинг Ватаним» (1950), «Бизнинг тоғлар» (1947), «Акам қиссаси» (1952), «Доғистон баҳори» (1955), «Туғилган йилим» (1950), «Қалбим тоғларда» (1959) сингари ўнлаб шеърий тўпламларини, шуниигдек, «Тоғ қизи» (1958) ва «Отам билан суҳбат» (1953) достонларини тақдим этди. Бу шеър ва достонларнннг мундарижаси хилма-хилдир.
Уларда шоир Ватанга бўлган муҳаббатни, Доғистон халқларининг қайноқ ва қувноқ ҳаётини зўр кўтаринки руҳ билан тараннум этди.Расул Ҳамзатов «Туғилган йилим» шеърлар тўплами учун 1952 йилда Давлат мукофоти билан тақдирланди. 1963 йилда «Юксак юлдузлар» номи билан кўп тилларда босилиб чиққан шеърлар тўплами учун у Ленин мукофоти лауреати унвонига сазовор бўлди.
Расул Ҳамзатов катта жамоат арбоби ва ёш адибларни тарбиялаб етиштирувчи мураббий сифатида ҳам Кавказ халқлари адабиёти тараққиётига муносиб ҳисса қўшди. Таниқли шоир 2003 йилнинг 3 ноябрида вафот этди.

- - -


< Orqaga qaytish