Энг сара асарлар

Лайлак хотин. янги ҳикоя. Саломат Вафо


Marta o'qildi

Лайлак хотин. янги ҳикоя. Саломат Вафо

                                        

                                    Ҳикоя

      Оқ, сариқ, қизғиш чироқлардан мунчоқ шодалари таққан  гўзал Истанбул атрофини қуршаган   Мармара денгизининг олис -яқинига жойлашган тўққиз оролдан иборат  “Шаҳзодалар ороли” тамонда недир содир бўлган эди. Ороллар устида ёпинчиқдай осилиб турган бутлутлар қирмизи, қонталаш тусга кирганди. Осмонда  катта Айиқ юлдузлар тизимининг ердаги аксидай тўққиз оролдан иборат ҳудуд шимол тарафдан жуда узоқда  бўлса-да, Буюк Адалар осмони Шимолий қутб нурланишидай алвон рангга кирганди. Денгиз шамоллари ороллар  тарафидан йиғи –сиғи, дод-фарёд, кемаларнинг вупиллаши ва итми, бўриларнинг увиллашини олиб келарди.

  Мармара денгизи ҳаддидан ошиб йиллар давомида оролларга келиб жойлашиб ўтироқлашиб қолган тўрт минг нафар одамнинг ўтакасини ёрарди. “Эй, ғафлат босган бандалар тур, тур, уйғон..бу ерга бадарға қилинган сон – саноқсиз шаҳзода ва маликаларнинг аҳволи не кечдики, сизники не бўлар.. Увв..увв..мени Мармара денгизи дейди.. сувимда ҳатто..денгиз қушлари, очўз бўрон қушлари ҳам музда сирғалгандай сирғалади..Буюк Адалар не бўлибди... Мен қолган Хиналиада, Садаф адаси, Яссаада, Сивриадани кемаларга йўл кўрсатадиган маёқ –паёғи, Х асрда қурилган монастири ва  гала-  гала  бўрига дўнаётган итлари билан киприк қоқмай ямлаб юраман..Увв.. мен Мармараман..бағрида поезд вагонлари каби келадиган китлари,  йиртқич акулалари, тиним билмас овсар чавақ балиқлари, бугун ва қадим замоннинг чўккан кемалари тўрларини қиийналмай ютадиган Мармара денгизиман..”дерди.

   Сабиҳа Султон бегойимга энага бўлиб яқинда  Қора денгиз орқали яширин сувлардан ўтган  ўттиз ёшларидан ошган  Анжеланинг ўтакаси ёрилаёзди. “Саби..саби хоним..эй хола..Худоё, ўзинг сақла..” дерди уйқусираб хизматчи аёл, ним қаронғилик бағридаги қаронғи уйда. “Тинчлан, тинчлан Анжи Ой туғди ана кўрмаяпсанми, қандай гўзал..сув тортилаётир...ҳозир денгиз соҳилдаги қисқичбақа, тошбақа, балиқлари  билан изига  қайтади..Мармаранинг шалоплашини кўрдингми Ойга бўйсунмай... ҳозир ҳаммаси тинчийди..”.

   “Бу увиллаётган, йиғлаб, фарёд чекаётганлар ким бўлди Сабиҳа хоним..”. Қўшни хона тамонда бир оз сукунат чўкади. Мармара  ишвагар хотиндай тўлғониб, бегойим ва энага қизнинг деразаси олдида ипак этакларини кўтарарди.  “Бу товушлар қирғоқдаги хотел ёки кафедан келаётир...уҳла, уҳла эртага  сени зўр қаҳвалти ейиладиган жойга олиб бораман, Уҳла..”

  Чор атрофини денгиз қуршаб олган Буюк одалар  ороли соҳилидан уфқ чизиғига туташиб кетган  мовий борлиқ узоқ-узоқларгача кўринарди.Байроқлар  ҳилпираётган, турли туман мусиқа таралатган, уч –тўрт қаватли уйлар ва кўм-кўк оғочлар қоплаб олган Буюк Адалар, яқин орадаги “Шахзода” ороллари тизими осмонини  тўлдириб, учиб юрган бўрон қушлари чайкалар оролга келиб кетиб турган    Туркиянинг ой ўроғи акс этгган қип-қизил байроқларини ҳилпиратган сайёҳ кемаларга харбий самолётлар каби ҳужум қилишарди.Улар ҳавонинг ўзида чиғиллар, бир –бири билан  чўқишар, емак илинжида қирғоқ бўйи кафеларига вақт –бевақт ҳужум қилиб туришарди.Ҳар сафар қўнганида гўё энг сўнгги бор патлари шамолда учиб оёғи ва қуйруғи ҳар тарафга соллониб, ўзи йиллар давомида ўрганиб қолган турли тотли емаклар пишадиган кафеларнинг яқинига бориб қўнарди. Анжела оролга илк келган кунлари оппоқ кичик булутлардай кўкка кўтариладиган денгиз қушларини яҳши кўриб, уларнинг фонида расмга тушиб юрарди.Кўздари билан тунги шовқин –суръон қайси хотел ва кафелар тамондан келди экан деб изларди. Аммо хашаматдор мехмонхоналар мовий борлиққа қараб қад кериб турар,”Balikxana” ,“Isparakofte” каби ёзувлар битилган, баъиларида тунги  чироқлари ўчирилмаган соҳилбўйи тамадди кафелари сахнини  кўпиклаб ювиб юришарди.

    Сабиҳа султондан изн текканда,  бир вақтлар миллий колоритни кўрсатиш учун орол эгалари тамонидан қурдирган ердан икки уч метр баландликдаги зинали лайлак уясига чиқиши билан чуқур нафас оларди. Негадир шу  баландликка чиқиши билан  кўз олдига Моноқ элатидаги Шовот кўприкдан тушиладиган йўл ва унинг ўнгидаги дарахтзор келарди. Уйдаги уруш – жанжаллар, келини билан келишмовчилилар  сабаб элат хотинлари билан Қозоғистонга жўнади. Ундан яна Хоразмлик хотинлар билан Россиянинг Самара вилоятига бориб карам полизида ишлагани ўртада турган ўзбек хотинлар буларнинг пулини бермагани..бир ҳафта давомида кўчада қолишгани ит куни солишгани, полиция изоляторида беш кун ўтиришгани...сал кам бир йил қиш давом этадиган совуқ  Россиядан сўнг, иссиқ тропик иқлимга яқин Мармара денгизидаги Буюк Адалар бамисоли жаннат боғларидай эди.  Ҳозир ҳатто дўкон витренасида турган карамни кўриши билан кўнгли ағдариларди.Яна қушларнинг саси қулоғига киради, гўё бўрон қушлар унинг осмонига, эркига даҳл қилаётгандай “қанотларинг узилиб тушсин сени учар динозовлар, ит тўяди, мушук тўяди, бу ялмоғизлар тўймайди, илойим товушинг..Қора денгизнинг остидан чиқсин, илойим қанотларинг чингул ва чаловларга илашиб сувга чўкиб ўўл..”деб қарғарди чайкаларнинг бир –бирини чорлган кучли овозини эшитмаслик учун қулоғини  беркитиб. Қайси бир севишган эркак ва  аёл тўпими инга кириб овқатланган ва ҳар сафар нон, қоврулган лимонли балиқ, катта –кичик пишлоқ  бўлакларини қолдириб кетган ялмоғиз чайкалар энг моҳир исковучдай шу ерни ҳам топиб келганди.

  Болалигида ҳовлида  “ку..ку”лаб юрадиган қумриларни “хуббининг қуши, хуббининг қуши” дери дейишарди. У даврда гўё баҳорнинг келиши қушларнинг рангига ҳам боғлиқ эди. Кўк қарға келиши билан ўриклар гулларди. Қалдирғоч  жуфти билан келиб айвонларга уя сола бошласа, онаси "энди сени қулоғингни тешдириб бўлмайди, тешилган қулоғинг яра бўлиб кетиши мумкин", дерди. Ҳар йили чиройли сирғалардан қолиб кетадиган қиз айвон, даҳлиз, уй шифтларини айланиб, орада “чиир” этиб овоз чиқарадиган қалдирғочларни койирди. “Сал эртароқ келсанг, не бўлар..” дерди қалдирғочни ёзғириб.

    Аму дарёни қирқ дарра уриб ҳам ўзига итоат эттира олмаган ўз ўзанини бузиб, ўзгартириб оққани учун телба Жайхун дея номлаган дунё дарё –денгизларининг шоҳи  Сулаймон пайғамар  даррасини бир уриб ўз измига бўйсундирган муойим  Қора денгиз не –не тақдирлар, Султон Аҳмад Фотиҳ кўпригидан денгизга ташлаб ўлган одамлар, дунёнинг ҳар жойидан  уруш бўлган Сурияга йўл олган қурол ортилган кемада  кимлардир чўкдириб юборган қуроллар, бомбалар, узоқларга отадиган замонавий замбараклар маржон қоялари остида ўзлари билан содир этилмаган қотиллик, ўлимлар солномасидай осилиб ётарди.У куни туш пайтида кечаси билан қутурган тўлқинлар соҳилга болаларнинг кийимларини, шапкача ва кичик туфли, крассовкаларини чиқариб ташлабди. Эгалари қаерда экан буларнинг деб ўйлади. Аммо барча сир- синоат, ҳайқириқлар, жон талвасасидаги қичқириқлар, она деган нидолар, кулгулар ва ҳасратлар тунлари Ой тамон тортилиб кўтариладиган тонгда чекинадиган денгиз сувлари оралиғи масофаларида қолиб кетарди.  Шу сувларнинг қайси тарафидадир, балки ғарб тамонида денгиз ўртасида қолиб кетган, балки инсониятга мангу армон бўлиши учун сув ўртасида  қаққайган   “Қизкуле”си бир кунмас, бир куни сувга ботиб кетмай дея фарёд чекади.Кўм –  кўк осмон, мовий кўкдаги оқ булутлар ортида, қуёш нури а борлиққа кўкрак кериб турган мағрур турк байроқлари ортида Истанбул гўзал  хотиндай ястланиб ётарди..Бир тунда Анжелани катта миқдордаги пул эвазига  Гурузия орқали Туркияга ўтказиб қўйишганди. Уни олиб келган кемада йигирма чоғли қочқинлар бўлиб, уларнинг аксарияти ёш-ёш чиройли қизлар эди. Тунда чироқларини ёқмаган кемада аёллар бир-бирига бошдан кечирганларини, уйдан қувилгани, эри калтаклагани, уч ёшли боласини онасига ташлаб келаётганини айтиб ҳасратлашишарди. Аммо шу улкан сувликлар, яширин ҳолатда сузаётган кема, серсақол одамлар, кўчага чиқмай беркиниб ётгани очлигидан ҳам  баланд туйғу бор эдики, бу Истанбул сўзи  эди. Гўё бу хўрланган янги ҳаёт истаб келаётган  хотинлар тўпи учун Истанбулда  жаннат дарвозалари очилар эди. Уларни қимматбаҳо ресторанлар, фаранг атирлари иси, ним қаронғиликда роҳатбахш ялтираётган момиқ кўрпа-тўшаклар, қаерлардадир яхталарда сузиб юрган, ҳув анов осмон ўпар биноларни қураётган, ҳар сайловда Туркиянинг бир қарич тошли зилзилалар титратадиган ери ва  кафеларда мазали емаклар пиширадиган   мўйловдор  турк ошпазлари овози учун ёқа буғишадиган сиёсатчиларнинг, бойлар,санъат, телеюлдузларнинг белбоғига  боғланган жингалак соч мовий кўз турк болачаси ва сепкилдор қизчалар уруғ -  спермалари кутарди. Қаронғи ялтироқ денгиз ва зулмат орасида бўйнига мунчоқ таққан аёлдай чироқларга кўмилган Истанбул эди. Улар Истанбулга кетишаётганди. Хотинлар Истанбулга етиш учун ҳар қандай хўрлик, таҳқирлаш, топташларга чидашга рози эди. Истанбулга етса бўлди...у ерда жаннат дарвозаси очилади. Ҳали эсида тун қўйнида соҳилга тушгач хотинлар хўррандалари оз бўлган кафеларга ўзларини  уришди. Гўё эртага Исрофил сурнайи чалиниб бутун инсоният қирилиб кетадигандай  “кўфта кебаб, ..” дейишарди аёллар тўтиқушдай уйқусираган официант болаларга.. Ярим тун бўлсада соҳил кафеларида юзларча канали бўлган Туркиянинг машҳур радиоларида турку оҳанглари янграб турарди. Қувноқ бошловчининг “Севгили севинжилар Бурсадан  Ўрда Қора  гелиёёоор” деган саслари эшитиларди. Сўнг радиодан тантанавор серенада саслари тараларди.  Анжела турклар “маржимак чўрба” дейдиган шўрвасини олиб ичганди . Қуюк шўрванинг иссиқлиги ва лимон таъми вужудига худдики Истанбул сўзидай роҳатбахш ёйилган эди. Гўё у бошқа хотинлар каби ўз -  ўзидан жилмаяр  ўзини бегона шаҳарга эмас, онасининг уйига келгандай фароғат туярди.

  Уясида ўтирган пайтлар ялмоғиз бўрон қушлари билан қирғоққа келиб кетаётган сайёҳлик кемаларини ёмон кўрарди. Миясидан кечаётган фикрлардан бир оз чўчийди ҳам, балки у энди ўзини эркин ва озод  қуш мисол ҳис қилиб, Буюк Одалар осмонини безбет ва олғир бўрон қушларидан қизғанаётган эди.Гўё кемалар келтираётган минглаб сайёҳлар, таътилга келган елкалари қуёшда қизарган хотинлар, шўртик ва сандал кийган эркаклар унинг ҳузурини бузар, эркинлигига даҳл қиларди. Шу дупур –дупур келаётган оломон бир – кунмас бир куни..умрининг гўзал хотираларига боғловчи  лайлак уясини бузадигандай..

  “Тумшуғинг қирғоққа сунчилиб пачақ бўлганини гўргайман..” дерди Анжела сайёҳлик кемаларини туркча хоразмча қарғаб.

  Кема мачтаси, очиқ деразаси, палубага чиқиб турган юзлаб одамларнинг ортидан ойналари ялтираётган, қора, яшил, паст – баланд 20-30 қаватли уйлари тилсимланган кентдай қотиб турарди.

  У буғ ва  булутлар ортида ястланган шаҳарга боқиб, нега   турк дунёси  Истанбул дея ҳасрат чекади деб ўйларди.

   Ёдида  бундан ўн беш йиллар олдин жами Марказий Осиё мамлакатларини ларзага солган “Куртлар  водиси” си номли фильмини кўрган эди. Кинонинг кўча ҳаёти етиштирган қаҳрамонларидан бири Чақир Истанбулга бир гўзал ёрдай мурожаат қилади. Ва Қора, Мармара,Эгей денгизи орасда ястланиб ётган Истанбулга “О, Истанбул санго на бўлди?..” дейди. Туркларнинг  улкан ёзувчиси Ўрхан  Памуқ ҳам  ёшлиги ва муҳаббати  кечган Истанбулни йўқлаб ҳасрат чекади. Сезен Аксу “Оҳ, Истанбул..”нола чекади ўзининг залворли овози билан.Ҳатто сўнгги марта Истанбулдан қайтишида янги аэропортдан “Туркияда энг кўп ўқиладиган китоб”дан беринг деганда унинг қўлига “Гўлгалар” деган китобни тутказишди. Шу китобнинг муқовасига ҳам “Истанбул силиниюр..” яъни Истанбул   баҳорги  мойчечаклардай  тўзғиб кетмоқда деган фикр бори эди. Истанбул бундан йигирма йил..ўттиз йил  олдин, бу осмонларга қад ростлаб турган қушлар ва булутларга қўшни уйлар қурилмасидан олдин қандай бўлган экан?.

  “Истанбул..оҳ..Истанбул”..

  Қизларнинг қаҳ-қаҳаси қулоғига кириб чўчиб ўзига келди. Кимдир паст овозда эзилиб –эзилиб йиғларди. Бошини кўтариб гуллар ва оғоч япроқлари  орасидан ишдан қайтаётган қизларнинг  қора, яшил ва чечакли капрон жўрроп кийган ҳам хоналарини ялонғоч болдирларини кўрди. Апил- тапил ўрнидан қўзғолиб ёғчдан ясалган, ростмона чўп – чарлардан қурилган уянинг зиналаридан югуриб  ерга тапиллаб сакради.

  “Ия, Лайлак хоним ўз инларида экан-да..”..

  “Анжела сеники, зўр кун узун кун  уядан ўтиришдан бошқа ишинг йўқ..Биз..”..

  “Биз ишқалашда давом этамиз..” дейди Ўзбекистоннинг  чирчиқ шаҳридан келган  баланд бўйли калта сочли собиқ спортчи Роза кулиб.

  “”Бугун буюк одамизда не янгиликлар, Анжела”.

  “Янгилик сизларда-ю,  Сабиҳа  хонимнинг кўтини ювиб, тооза ҳавога чиқиб – чиқмай ёки уяга етиб етмай телефоним жиринглайди. “Анжи нерни газиюрсан, очдан ўлдим ” дейди қадимги турк пашшоларининг эналарига ўҳшаган, бармоқлари кумуш узукларга тўла оқ сочли келбатдор кампиршо ярим соат олдин еган емагини унутиб. Унинг устига кунига икки марта кафеларда тамоқ еб бухчадай семириб кетган мушукларга “”Бор, Анжи кадиларга емак вер..онлар оч..”деб бир тўрҳалта емак билан  ташқарига чиқариб юборади.

  “Ҳаҳа..сенга шу  Анжи деган яъни туркча Эжа деган номга оҳангдош ном ҳам ярашар экан. Анжела деганда менинг кўз олдимга мамалари хандалакдай хандалакдай, сочлари жингалак,юрганда ерлар зириллайдиган бўйдор қиз келади. Сен эса  илм уриб эрга теголмай қолган чўзинчоқ юзли, қирра бурунли  туркманми,хоразмли хотинга, қариқизга  ўҳшайсан.Ҳаҳа..  ”.

   “Бугун ёғли ўрис клиентлардан яҳши ишлабсан чоғи.. вақтинг  ҳўш Розалинда..”.

  “..буни биласан-ку..ўзини  тили билан айтганда  жисмоний ҳаракатлари  юқори даражада спортчи бўлганидан сўнг тўрт – беш маротабасини кўрдим демайди. Мени 3 тага белим чиқиб кетади.” дейди ҳар хил ҳолатда гоҳ денгиз, гоҳ қирғоқда турган кемалар фонида расмга тушаётган Камола.

  “Ўлайми..шунга..буун тепсанг ҳам кетидан бир танга тушмайдиган ўзимизни қирриқ уч –тўрт йилдан бери Истанбулда ишлаётган ўзбек болалар келди.Кўписи доимий клиент. Аммо яқинда келгани сочлари типратикондай йигирма беш ёшларидаги сувсардай пишиқ  йигит ёмон сассиқ экан. Бутун баданидан, тер билан шиптирнинг хиди келади.Яна шунисининг пули йўқ сенга айтсам..Жавдат илтимос қилди, шуни кредитга ол, қилиб турмаса  бу ўлиб қолади..кейинги сафар ошиғи билан 200 лира ташлаб кетади..  ”деди.

  “Ҳаҳаҳа..буюринг, буюринг бейларим..ўзбек синдикатининг  кредитга секс хизмати..бажарамиз”.

  “..э..туркланг келмайди..бизга.. рус қизлар биздан беш ҳисса кўп олишса-да, паравоздай сигарет бурқситса-да, шуларга боради, бирга раки ичади., бирга виски ичади. Бир иккитаси бой туркларга эрга тегиб олибди.”.

  “О, Наташа, Наташа қўйдинг бени оташа..” деб тонготар қўшиқлар айтади турклар.

  “Ўўлларинг..кредитчилар...буюк одалар ороли  ишратлар тарихида ҳали ҳеч ким кредитга секс хизматини  кўрсатмагандир”.

  Қизларнинг кулгуси айвон олди дасторли гуллар ораси, кенг зиналар, бир оз қуёш олган байроқлар узра акс –садо беради.

  Уч нафар хотин кулишиб ..банан, авокада, ананас мевалари, нон ва пишлоқ солинган елим ҳалтани кўтариб айвончасига қизил бўлиб очилган гуллар чирмашган уйга киришди. Ўзбек қизлар  Анжела боқадиган Сабиҳа  хоним уйининг иккинчи қаватида ижарага туришарди. 

  “..ўзбекларинг жуда кўп куларкан-да, Анжи..дунёдаги энг қабиҳ ишларни этиб яна кулади.я. Оллоҳ –оллоҳ..” дерди Собиҳахоним ўзи юрар аравачасида виқор билан.

  “Хоним..энди улар..”.

  “Сан сўйлама, Анжи..сен сўраганинг  учун у икки қизни эвда қўйибман. Бўлмаса  ўғлим полиция чақириб депорт қилдирарди..”.

   Анжела саксон ёшидан ошган Собиҳа хонимнинг жаҳлдор бўлиб қолганига дарров унинг аравасини  хожатхона тамонга  бурди. Хоним  юролмаётгани ва кам ҳаракатлилиги учун қабзиятга учор бўлар, бундай пайтларда орқадан келганни тепиб, олдидан келганини тишларди. Аёл унга мойли ҳуқна қилиб деворга суяб турғизиб қўйди..Беш дақиқа ўтар – ўтмас...хоним енгиллашиб куларди. Анжела  ванна шланкасини тортиб олиб бир вақтлар кўркам жувон  бўлган Собиҳахонимнинг терилари бир оз салқиган оппоқ оёқларини, серрайган елкасини, узун қўлларини кўприк билан кўпиртириб илиқ сув билан  ювди. Кампир ёш болалардай кулиб тоза бўлаётган баданига қараб севинарди. У хонимнинг баданига хушбўй гелларни суриб, ювилган оппоқ футболка ва шимларни кигизиб ваннахонага ҳам  ёқимли бўй дезодарантларини сепиб..”кетдик, қочинглар, қочинглар Сабиҳа  султан гелиюр..” деганича аравачани  ғилдиратиб деворларига хонимнинг беш нафар фарзанди, набиралари, Истанбул эминият бўлимидан олган ташаккурнома ёрлиқлари, орден ва медаллари осилган катта залга олиб кириб телевизорни қўйди.  Ошхонадан хоним яҳши кўрадиган зархал чашкада олмали чой келтирди.

  “Дамлашга қачон улгурдинг, Анжи. Сени онанг қандай меҳрибон қилиб тарбиялаган.Мен болаларимни университетда ўқиши, яҳши жойда ишлаши учун нелар ёпмадим, амма бири- да сенга ўҳшамайди. Бир газетачи тўриним билан  беш вақт намоз  ўқийдиган оҳтиқимни ҳисобга олмаганда.. Шу юқорига чиқмасанг ўзинг жуда яҳши қизсан ва чиройлисан..”.

   “Емак буюрганман. Шуни ол..”.

  Одатдагидай эшик телефони жиринглайди. Одатдагидай “галсин” дейди. Авваллари  музхонадаги овқатларни хоним аҳлатга ташла дегани учун.. Анжела таомларни кампирдан сўраб  бир елим ҳалтани тўлатиб олиб қўярди. Анжела турли  хил қимматбаҳо таомлар тўла елим ҳалтани олиб юқорига йўналганда “аллоҳ қаҳр этсин шу дугоналарингни..”дея вайсарди кампир Анжелани юқоридаги қизлардан қизғаниб..

  У юқори қаватдаги қизларнинг хонасига кириб борганида қизлар гиламли катта хонада диванга ястланганича ётар, бири телефон ўйнаб, Роза эса  кўзларини юмиб ётарди. Унинг яноқларида кўз ёшларнинг изи бор эди. Роза спортчи бўлиб мусабоқаларда кўп қатнашган ва ҳар мусобоқада ғолиб чиқиши учун кўп маротаба допинг олган экан.Оила қуриб фарзанд кўрмагани ва оиласининг барбод бўлгани ҳам шу допинг сабабли экан.

  “Салом, кридитчилар союзи..қани туринглар..онангиз ўтлоқдан елини сутга тўлиб келди. Сен, эй Роза..Розалинда қани бориб ваннага кириб типратиан кридитчининг шилимшиқ сўлакларини ювиб кел-чи..”.

  “Ювиндим, уч –тўрт маротаба ювинмасам ўзимга келмайман..атир ҳам сепдим”..

  Анжела чаққонлик билан столни артиб, Сабиҳа хоним музлаткичидан олиб келган турли хил кабоблар, салат, ширинликлар,қутиларда лаҳмажун, пидье, мева сувларини  чиройли қилиб териб қўйяди. Шақир –шуқур этиб тақсимча, қоғоз сочиқлар  ва санчиқларни қўяди. Телевизор ёнида турган узун - узун кумуш идишдаги шамдонни олиб келиб ёқиб қўйди. Хонани  хушбўйлар қоплаб олди. Ошхонаининг очиқ деразасидан денгиз шовури, кемалар вуппилаши ва чайкаларнинг ғалати овози эшитиларди.

  “Ана, сизларга оқшомги романтик овқат..Қани туринглар.”.

  “Ўҳҳў, сизлар бундай зўр яшайсизлар..Шунинг ҳаммасини кампиршо буюртма қиладими?..Энг зўр рестораннинг дастурхонику..Ўтир ўзинг ҳам..Раки йўқмиди..”.

  "Қизлар, Сабиҳа хоним ичкилик ичишларингизни билса..".

   "Билса, нима ўз пулимизга ичамиз. Бизга рус ароғи яҳши ҳам  кайф беради, ҳам дизинфекция қилади".

  “Қизлар мен кетдим. Агар сизларни ёнингизда 10 дақиқадан кўп қолсам Сабоҳат хоним  уриб ўлигимни денгизга отиб чайкларга ем қилади..”.

  “Э, нега уради..ёлғиз қолади-ю” деган сўзларини Анжела йўлакда эшитади. Қизларга емакларни берганига қувониб, хонага аста киради. Хоним ваннада ювингач бўшашган чоғи, олмали чойни ичиб уҳлаб қолган эди. У креслонинг оёқ тарафини кўтариб хонимнинг бақувват оппоқ оёқларига юпқа кўрпа  ташлайди.

    Анжела уяга чиқиб олисдан мавжланаётган денгизга тикилиб ўтирарди.  Буюк одалар оролига илк келган кунларида денгизни мовий  кўкка ирғишлаётган кўпикли тўлқинларни соатлаб кузатиб тўймасди. Энди тунлари уйқу орасида денгиз шовурини, Босфор бўғозида  тирбанд турадиган кемалар вуппиллаши ва уйқусираган чайка қушлари товушини эшитиб юрагига қўрқинч кирарди. Қора денгиз  Таиланд тарафлардагидай цунамилар билан   қутуриб икки –уч метргача кўтарилса бўлди. Буюк Адаларнинг сайёҳлари, емакхоналари, қирғоққа лангар ташлаб турган кемалари, уйқуда ётган Сабиҳа султон ва шўрлик Анжелани денгиз қарига тортиб кетади. Агар шундай ҳол юз берса Анжела кампирни қандай кўтариб олиб  қутқаришини ўйлаб асабийлашар, сўнг бир оз  ўзига келиб “астофурулло ” деб қўярди. Телефони жиринглаб кридчилар уюшмаси аъзоси  Розанинг овози ҳаяжонли эшитилди. 

  "Анжела, Камола ускударлик йигит билан кетиб қолди.Энди Ускударда яшар эмиш"дейди тушкун товушда.

   Янгиликларни ҳамиша Анжела  Сабиҳа хонимнинг адолат  торозусида тортиб кўрарди. Уйқудан уйғониб иккиси денгизни, учиб юрган оқчорлоқларни тамоша қилиб ўтирганда “Камола усткударлик йигит Нежат билан қочиб кетибди. Улар бир-бирини севармиш”деди. Кампиршо ўзини яна Туркия буюк миллат мажлиси минбарларида нутқ сўзлагандай қатъият билан тутиб “гетсин, эркак севмиш ўлса гетсин..ўшанда рўмол ўрамади..ёёё..” деди қошини чимириб.Аёл ҳайрон қолиб, Розанинг  бир ўзи қолди, уйидагилар Камолани эрга текканини билмайди, деди.”Анжи у ганч қиз ҳар кун Розанинг оёқлари орасига қараб умрини ўтказмайди-ку. Гетсин..Ана кафеларда сон мингта ўзбек хотини уй тополмай юрибди. Шуларнинг бирисини олади..”.

  Сабиҳа хоним Пушкин эртагидаги шоҳ Салтаннинг онасидай оппоқ қўлини юқорига кўтариб қўйди.Бу унинг  кўп сўзламай йўлга туш дегани эди.  Анжела бегойим ўтирган аравачани ғилдиратиб кетди. Аввалги ҳафта ҳам қовун туширганини ўйлади. Хоним шунга ишора қилаётганди.Қизлар Роза, Камола ва Анжела дам олиш куни Истанбулни  айланишга кетаётганида Сабихоним кўпроқ пул берди. "Аё Софияга керинг, уларга рўмол олиб бер, масжитнинг ичида икки ракат намоз ўқинглар", деганди. Анжела, қизлар сизларга рўмол оламан, сўнг ичкарига кириб намоз ўқиймиз, деди. Икки қиз ҳоҳолашиб кулиб, “энди биз ҳам Туркияга келиб хижобга кириб, анови пингвинг нусҳа шаловор кийиб юрган хотинларга аланайликми,  тирикчилигимиз нима бўлади...Бор ўзинг ўқийвер..” деб кулиб қочиб кетишганди.

  

    Шамоллар унинг қулоғига "Анжела..Анжела.." деган товушни олиб келарди. Шу он қиз икки довангирдай полициячи эркак Розани судраб кетаётганига кўзи тушди. У бугун ишдан сўнг ўзбек хотинлар йиғиладиган  кафега бориб  Камоланинг ўрнига одам олиб келиши керак эди. “Тўҳта..тўҳта..” дея бақирди. Икки ҳатлаб зиналардан ошиб,  бўронда қоолган балиқчи қушлардай у ёқдан  бу ёққа югурди. Ва  бирдан Сабиҳа хоним эсига тушиб уйга қараб чопди. “Хоним Розани полициячилар олиб кетаяпти..”.деди ҳаллослаб. Сабиҳа хоним кумушдек оқ сочларини турмаклаётган экан.  “Нега олиб кетади, юр, юр..аравани ҳайда..”.Анжела ҳали уйқуси учмаган кампиршони совуқ денгиз шамолларига юзма-юз этиб, полиция кемалари турган тамонга чопиб кетди. Йўлда оёқ остида оролнинг балиқларга тўйган мушуклари, эринчоқ сайёҳлар, шўҳ кўча мусиқачилари қоларди.  Улар яқинлашгани сайин  қирғоқдан ажралган полициячиларнинг кемаси денгиз сари вариллаб юриб кетди. Сабиҳа хоним ва хизматчи ҳаллослаб соҳилга етиб келганларида кема қирғоқдан узоқлашганди. Туйқус  атрофда “оҳ,  боқ..боқ..кадин дениза гирди..дениза гирди..” деди. Воҳ, шу он қирғоққа етиб келган  Сабиҳа хоним ва Анжелани кўрган Роза спортчиларча чапдастлик билан полицияларни ҳар тарафга ирғитиб ўзини денгизга отган эди. Унинг калта сочлари шамолда паҳмайганди. “Рўза, Рўза” дея Анжела иҳтиёрсиз қўлларини олдинга  узатиб чинқиирарди. “Қўрқма, у спортчи ҳало сувдан чиқар..” деб кампир уни юпатарди. Кемадаги одамлар ҳар тарафга югуриб, шовқин –суръон солиб, телефонда кимларнидир ёрдамга чорлаб бақириб чақиришарди. Атрофдаги кемалар вупиллаб ҳавфдан огоҳлантириб сигнал чалишди.Кема сувдан беш –  олти метр баланд эди. Полициячилар Рўза тушган жой кетма кет қутқариш чамбаракларини ташлашди. Аммо, Рўзанинг эркакалардай бақувват танасини денгиз ости гирдоблари ўз қарига тортган  эди. У беш дақиқа ва ўн дақиқа ўтганидан сўнг ҳам чиқмади. “Ааа..Рўза..” фарёд чекди..бу ёруғ оламда  сувга чўккан қизни қайғуриб яқини сифатида қайғуриб.

  “Ланъатлар ўлсин, сан шарафсизлара..надан  менга айтмадинг..Минг ланъат хирссизлар..”. Сабиҳа хоним денгиздан қайтган полициячиларга  туркчалаб сиёсатсиларга хос оғир сўз айтарди. Негадир улар индамасди. Сабиҳа хоним гўё  аравачасидан туриб кетадиган важоҳат билан оппоқ  сочлари шамолда ёйилиб полициячиларни ҳақоратларди.

  "Ланъат ўлсин..".

   Роза  Калонова  "Соҳил бўйи 24" уйда туриб сувга чўкиб ўлгани учун полициячилар уйга келишди. Маълум ҳужжатларга қўл қўйдириб "аф..эдерсиниз" деб чиқиб кетишди. Уйда  чироқлар ёнмаган, гўё ўлик чиққандай оғир сукутга чўккан эди. Уйнинг иккала истиқомадчиси сўзсиз ўз жойларига ётишди.

  Тонгда Анжела денгизга қаради. Барча чайка ва сувчи қушлар сайрамай..гўё қулоғига "Рўза қани, Рўза қани" деб чинқираётгандай бўлди. У денгиз ва уфқ туташиб кетган жойга қарар, ўша оралиқда аллакаимнинг қорасини кўргандай бўлар ва Рўза сузиб келаётганмикан деб денгизга қарарди. Уни ўйлаган сари кўз ёшлардан буғиларди. Улар Камола билан Россияда ишлаганида бир куни бир гуруҳ мастлар уларни ўрмонга олиб бориб қорда иш бажаришган экан. Ўшанда Роза қаттиб шамоллаб, оёқ –қўллари увишадиган бўлиб қолган экан. Демак, у ўзини сувга ташлаганидан кейин омирлари тортишиб, оёқ –қўллари увишиб қолган эди. Ёнгинасига баҳайбат чайка учиб келди, ва ғалати буғиқ овоз чиқарди. Гўё у Розани  канопгулларга ўралиб сув юзига чиқа олмай қолди. Ҳозир унинг ўлиги тўн бўйи голфстрим оқими билан оқиб Атлантика океанининг  бошқа океанлар билан туташ очиқ денгизида сузиб юрибди, дерди.”Анжела..Шодмонбика мени қутқар.” дерди..у отини қайдан билди экан.

   Анжела ўрнидан сакраб туриб “вааа..ааа..” деганича ҳўнграб йиғлаб  уйга чопди.

  Бўрондай отилиб кирган сочлари ёйиқ Анжелани кўриб, ҳали у тайёрлаб кетган нонуштани еб ўтирган Сабиҳа хоним қотиб қолди. "Хоним... менга руҳсат беринг кетаман, бу ерда жини бўлиб қоламан, Роза қуш тилинда Шодмонбика меени қутқа дейди..мени қутқар дейди. Қани мени чемадонларим..

   Кампир умрида биринчи  маротаба бегойимлик мартабасидан тушиб аравани ўзи ғилдиратиб келди. “Шодмонбика ким..у ҳам ўлдими?”. “Шодмонбика мен..мени номимни Россияда рус дугоналарим " номинг  эски...ўзбеклигингни билиб ишга олишмайди деб ўзгартиришганди..”..

  "Ким дединг.Шодмонобика қиз..".

  Сабиҳа хоним аравачадан узун қўлларини узатиб совуқ  ва ҳаяжондан қалтираётган Розанинг бағрига босди. “Тинчлан, тинчлан..қани иссиқ чойдан ич..”. Анжела Шодмонбика Сабиҳа хонимга итоат этиб ўргангани учун қалтираб, тўкиб –сочиб лимонли чойни ичди.

  “Ҳеч қаерга кетмайсан, сенинг карточкангга 10минг доллор ташлайман.Бу иш ҳақи эмас. Хайр учун..”.

  Роза  қошларини  баланд кўтариб кампирга боқди. “Кечиринг, кетаман, мен энди бу денгизарга, қушларга, кемаларга қарай олмайман. Уларнинг ҳар бири денгиз тубида чингуллар, маржонларга ўралиб қолган Рўзанинг фарёд ва илтижоларини олиб келади".  

Собиқ амалдор Сабиҳа Султоннинг деворларига портрет, оилавий расмлар, орден, медаллар, усмонийлар саройи емак тавоқларини эслатадиган тақсимча, лаганлар осилган музей залига оний сукунат чўкди. Очиқ деразадан денгизнинг шовури, балиқчи қушлар товуши ва сайёҳларнинг вағир – вуғури келарди.Кемалар чайқатган денгиз тўлқинлари...спортчи Розанинг туғилмаган ўғил –қизлари кўйлаклари, мактаб сумкалари, маккажўҳори қутичалари, пойма – пой спорт оёқ қопиларини қалқитиб олисларга қуёш чиқаётган тамонларга олиб кетарди.

  “Шундайми..” деди бегойим қўли билан ҳали ҳам қалтираётган Шодмонбиканинг қўлларини ушлаб.

   Кампиршонинг бирдан  туркий ватанпарварлиги қўзиб яна ўзини Буюк миллат мажлиси минбарида ҳис этиб    қаддини мағрур  ростлади.

  “Унда биз эртага Истанбулга қараб йўлга тушамиз. Шунда сен кўп қаватли уйлар ортида денгизни кўрмайсан..Анжи Шодмон бика... боқ. Мен сени қандай қўйиб юборай,   беш фарзандимда кўрмаган инсоний меҳр ва саховатни кўрдим. Ҳади геталим..”.

  Денгиз кўринмаслиги учун пардаларни тортиб қўйган  Шодмонбиканинг кўзларида қувонч порлади. Қалбининг миллион хужайралари “Истанбул, Истанбул..” дерди.

  “Аллоҳ, қаҳр этсин булар..а..боқ..Истанбули...миллатни  на ёпиёор бунлар..бунлара боқ, бунлара  боқ.. ўн – шў икки ёш жўжиклара ўрич..рўза тутдириб..манглайина “илк рўзамни тутдим деб ёздириб “TRTHeber”да гўстариюр..Валло..Ататуркин йўли қани.. шу ишни этганинг учун сени манглайига худо Қашиқадаси билан урсин..ё” дерди Сабиҳа Султон столдаги финжон, санчқи ва қошиқларни асабий шақирлатиб.

  Шодмонбеканинг йиғидан қизарган кўзлари билан синиқ кулди. Жуда ғалати халқ бу турклар: мактаб ўқувчиси, фаррошидан тортиб, энг бойигача  аллақандай жазавий телбалик зоҳир..Туркияни севиш жазаваси..

   9-26 май 2019 йил. Тошкент.

 

- - -


< Orqaga qaytish