Адабий тадқиқот

Хон ва шоир Муҳаммад Раҳимхон Феруз (1845 - 1910).


Marta o'qildi

Хон ва шоир Муҳаммад Раҳимхон Феруз (1845 - 1910).

 

Отаси Сайид Муҳаммадхон вафотидан сўнг (1864) Хива тахтига ўтирган. Бу воқеа муносабати билан Огаҳий Ферузга бағишлаб қасидалар битган. 1873 йил Хива хонлигига К.П. фон Кауфман бошчилигидаги Россия армияси ҳужум қилиб, хонликнинг асосий шаҳарлари ва пойтахтни босиб олган. Гандимиён шартномаси (1873 йил 12 август)га кўра, Хива хонлиги подшо Россиясига қарам бўлиб қолган. Феруз ана шундай мураккаб шароитда ярим асрга яқин муддат давомида Хива хонлигини бошқарган. Феруз саройга адабиёт ва санъат арбобларини тўплаган. Огаҳий, Комил, Табибий ва бошқа таъсирида ўзи ҳам Феруз (бахтли, ғолиб) тахаллуси билан шеърлар ёзган.

Феруз китобат ишларига катта аҳамият берган: девон тузиш, тарих ёзиш, таржима ишларини ривожлантирган. Хоразмда таржима мактаби яратган. Форс ва араб адабиётининг энг нодир тарихий, адабий, илмий асарларини ўзбек тилига таржима қилдирган. Унинг ҳукмронлиги даврида Огаҳий ва Баё’нийлар томонидан Хоразм тарихига оид асарлар ёзилган. Комил Хоразмий мумтоз мақомлар учун нота ёзувини ихтиро қилган. Хивада босмахона (тошбосма) ташкил эттирган. Унда Хоразм шоирлари ҳақидаги «Мажмуат уш-шуаро» тазкираси, Алишер Навоий асарлари, Хоразм шоирлари девонлари нашр қилинган.

Феруз Ҳиндистон, Арабистон, Эрон, Туркия савдогарлари орқали Хоразмга чет эллардан ноёб китоблар келтиртирган ва уларни кўп нусхаларда кўчиртирган, тарих ва адабиётга оид китоблардан иборат бой кутубхона яратган. Феруз меъморлик, наққошлик, хаттотлик каби санъат турларини ҳам ривожлантирган. Бу даврда фотография ва кино санъати вужудга келган, ободончилик ишлари амалга оширилган.

Феруз 1871 йил Кўҳна Арк каршисида ўз номи билан аталувчи 2 қаватли мадраса қурдирган. Ферузнинг бевосита раҳбарлиги ва ташаббуси билан 30 дан ортиқ мадраса, масжид, минора, хонақолар қад ростлаган. Феруз ерларни сув билан таъминлаш, боғ-роғлар барпо этиш ишига ҳам алоҳида аҳамият берган. Унинг буйруғига мувофиқ, Қўнғирот тумани сарҳадида катта ариқ бунёд этилган. Ҳозирда ушбу ариқ «Хон ариги» деб аталади.

Феруз мумтоз шеъриятнинг анъанавий жанрларида лирик шеърлар яратган. Шеърлари, асосан, ишқ-муҳаббат мавзуида. Инсон ва ҳаёт, севги ва садоқат Феруз ижодининг ғоявий асосини ташкил қилади. Улар оҳангдорлиги, тасвирий-ифодавий бўёқларга бойлиги ва шаклан ранг-баранглиги билан ажралиб туради. Унинг кўпчилик ғазаллари ўз замонасида созандалар ва гўяндалар томонидан куйга солиб куйланиб келинган.

Шеърларига «Девони Феруз» номи билан тартиб берган (1879). Бу девон Муҳаммад Шариф томонидан қайта кучирилган (1900). Ферузнинг ўзи Паҳлавон Маҳмуднинг 350 рубоийсини қўлда кўчириб, китоб ҳолига келтирган. Феруз Шашмақом куйларини ўрганган, саройда мақом ансамблини тузган. «Наво», «Дугоҳ», «Сегоҳ» мақомларига боғлаб куйлар яратган. Феруз Сайд Маҳруйжон мажмуасидаги Сайид Моҳи Руйи Жаҳон мақбарасида дафн қилинган.

Шеърлар девони нусхалари Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти (инв. № 3442, 1119)да сақланади.

Ҳабиб Абдуназар, Иброҳим Каримов.

ҒАЗАЛЛАР

Зиҳи бордур зуҳурингға азал бирла абад пайдо,
Тафаккур айлабон зотинг, қила олмас хирад пайдо.

Не ҳикматдурки, гулдек юз ато бир кимсага айлаб,
Бировда булбулосо оҳу афғон беадад пайдо.

Қачон ҳамдингга гўё айлагум тилни мане бекас,
Манга гар бўлмаса алтофи фазлингдин мадад пайдо.

Бу ҳам бор қудрату сунъинг тасдиқига бир бурҳон
Ки, қилдинг бу тўққуз қат осмонни беамад пайдо.

Нечук мақбуллиғ топғусидур аҳли жаҳон аро,
Ул одамким, онга қаҳринг соридин бўлса рад пайдо.

Бориси хоҳиши тақдиринг ила бўлғуси мавжуд,
Неким гар бандадин оламда бўлса неку бад пайдо.

Топар кавнайи ичра мақсад ила комини Феруз,
Иноётинг била бўлса анга гар маснад пайдо.

* * *

Бўлсун салом беҳад анга субҳ ила масо
Ким, деди васфини они фурқон аро худо.

Хоки қудумин айлади бўса ҳама расул,
Билди ўзига шоҳ они жумлаи анбиё.

Ул шомким, ҳақ амри била айлади уруж,
Топти ҳама мурод ила мақсудини раво.

Албатта ҳашрда топар онинг шафоатин,
Ҳар кимсаким, жаҳонда қилур инқиёд анго.

Ҳар кимки, амри шаръийға гар сунмағай бўюн
Рўзи жазода бўлгуси икки юзи қаро.

Ҳар ким салому саловот этса одатин,
Шаҳд шафоатин ичадур тонгла ҳашр аро.

Феруздек шафоатинг умидин этгамен,
Ҳосил қил они лутфинг ила бобини машо.

* * *

Ёраб, иш субҳу масо журм ила исёндур манга,
Ики кўзум ушбу ғусса бирла гирёндур манга.

Бошлағил тавфиқ ила роҳи ҳидоят сориға
Ким, кўнгул ҳар дам залолат бирла жавлондур манга.

Ман аён қилмоқ санга лозим эмасдур ҳар нафас,
Ким санга бордур намоён неки пинҳондур манга.

Сен агар лутфу инояту карам анласанг,
Жумлайи мушкул ики оламда осондур манга.

Афу ҳажридин бир қатра эҳсон айлагил,
Ким ҳамиша журм ила исён фаровондур манга.

Маърифатнинг жонибиға бошла йўлким борҳо,
Жаҳл сори хотири афкор жўёндур манга.

Қил ато бир журъаи фазлинг билаким, Ферузинг,
Субҳ ила шом орзу дарёи ғуфрондур манга.

* * *

Нигоро, олди ҳушим, тарзи рафторингға салламно!
Ерутти тийра кулбам, меҳри рухсорингға салламно!

Ишим қотил кўзунг бедодидин бўлмиш, басе, мушкул,
Ичиб қонимни тўймас, чашми хунхорингға салламно!

Лабинг сўздин берур жон ўлган элга дарди ишқингдин,
Равониарвар даби жонбахши гуфторингға салламно!

Ҳама ишқ аҳлидур, эй муғбача, зулфнинг гирифтори,
Бори дин аҳлини банд этди — зуннорингға салламно!

Дединг: «Лутф айлагум!», ўлтурдинг, аммо неча ноз айлаб,
Агар лутфинг бу эрса, жавру озорингга салламно!

Қилурсан ноз, агар ман ҳар неча арзи ниёз этсам,
Ситамкор маҳвашо, бу навъ атворингға салламно!

Сенга, Феруз, ўлуб бахт, этдинг ул оп қадди, зулфин васф,
Бу янглиғ табъи иозик бирла ашъорингға салламно!

* * *

Ул ой васфини вирд этсам забонда,
Неча йиллар адо бўлмас баёнда.

Дебон маъшуқинг асру бевафодур,
Манга кўп таъналар айлар жаҳонда.

Нетайким, ишқ зўр анлаб кўнгулга,
Ул ойнинг меҳрини асратди жонда.

Ҳабибимға чу маҳрам бўлди ағёр,
Эрурман ушбу ҳасратдин фиғонда.

Фироқ ичра менинг бағрим қилиб қон,
Ннгорим, билмадим, эрмиш қаёнда.

Ҳумоюн бахт ила бўлсун саломат,
Агар бўлса ҳабибим ҳар маконда.

Агар Ферузлик иқболинг эса,
Висолиға етушкунг бир замонда.

* * *

Гул юзунгга булбулосо ўтлуғ афғоним фидо,
Сарви озодингға қумридек хуш алҳоним фидо.

Хирмани гулдек бўлуб киргил қучоғим ичраким,
Гул киби ислаб юзунг, айлай санга жоним фидо.

Ваҳ, нечук кофирдурур икки кўзингким, бир қиё
Ҳолима боқмас ҳам этсам нақди имоним фидо.

Гоҳ-гоҳи ман сори қўйгил қадамким, айлайин
Мақдаминг гардиға жон, эй кўнглум олғоним, фидо.

Эй париваш кулбамға элдин ниҳону ошкор
Келки, то айлай санга пайдою пиҳоним фидо.

Чашми умидим ёр ўлғил меҳрдек юз бирлаким,
Баҳри кон этсун санга чашми дурафшоним фидо.

Бахти Феруз ила гар топсам висолинг давлатин,
Сўз дуррин базмингда айлай, эй сухандоним, фидо.

* * *

Рухсорин очиб бир пари келди бу тун базмим аро.
Бошдин оёқи бор экан меҳру вафо, нозу адо.

Чиқса фалакка ҳар саҳар оҳу фиғоним, не ажаб,
Айлар фузунроқ ҳар кеча ул ой менга жавру жафо.

Билмон, не офат эрди ул бўлғоч назарга жилвагар,
Ақлу хирад, ислому дин ўлди бори мендин жудо.

Жонинг учун ҳар дам манга кўргуз тараҳҳум, эй пари
Ким, сабру тоқат қолмади жавринг чекиб субҳу масо.

Ойдек юзунгнинг партави тушсун каро кулбамға ҳам,
Кўйғил қадам, эй маҳлиқо, очиб узори дилкушо.

Не суд, толеъ бўлса гар юз ою кун, ҳар субҳу шом,
Нечунки бор Ферузға меҳру жамолинг муддао.

МУХАММАСЛАР

Кўрмак тилаб юзунгни, эй шўх гулузорим,
Қонлар тўкар дамодам бу чашми ашкборим,
Қучмок тилаб белингни ҳеч қолмади қарорим,
Йўлунгда туфроқ ўлди бу жисми хоксорим,
Оромижон нигорим, сарвиравон нигорим.

Бўлғоч назарда зоҳир товусдек хироминг,
Ақлимни қилди ҳайрон таъзим ила саломинг,
Лол айлади тилимни тўтисифат каломинг,
Йўқтур жаҳонда мандек бир камтарин ғуломинг,
Оромижон нигорим, сарвиравон нигорим.

Сен ҳусн шоҳидурсен, раҳм айла бу гадоға,
Келмасму ҳеч раҳминг бу зори мубталоға,
Каҳрингин айлаб афзун кўп қўймағил балоға,
Лутфу карам шиор эт, хўй айлама жафоға,
Оромижон нигорим, сарвиравон нигорим.

Гулгун узоринг узра чиқмиш хатти зумуррад,
Бу хат била бўлуб сен ҳусн аҳлиға саромад,
Гўё санга бўлубдур шамсу қамар обо жадд,
Мундин зиёд этарга васфингни йўқ манга ҳад,
Оромижон нигорим, сарвиравон нигорим.

Қаддинг хаёли тушгач хотирға, эй суманбар,
Эрмас назарға манзур шамшод ила санавбар,
Бўлмас эса муяссар ул кокили муанбар,
Тутғойму ўрнин онинг райҳону сунбулу тар,
Оромижон нигорим, сарвиравон нигорим.

Қил ҳолима тараҳҳум, эй соқийи дилоро,
Солди сипоҳи ишқинг жон кишвариға яғмо,
Мани зор бедилингға лутф айлагил нигоро,
Қолмади фурқатингда сабру қарорим асло,
Оромижон нигорим, сарвиравон нигорим.

Меҳри камардек олиб тожу камарни пинҳон,
Охир бошу белига зийнат етурди ул жон,
Қилсанг муни тафаккур, эй шоири сухандон,
Бир шўхи дилрабонинг исми бўлур намоён,
Оромижон нигорим, сарвиравон нигорим.

Бўстонда базм этарга жамъ ўлсалар санамлар,
Ул базм ичида Феруз ўлсун десанг суханвар,
Ўз илкинг ила тутғил бир лоларанг соғар,
Юз нозу ишва бирла кирганда боға дилбар,
Оромижон нигорим, сарвиравон нигорим.

* * *

Чекиб ҳижронда ранжи бекарон оҳиста-оҳиста,
Ютар эрдим лаби фикрида қон оҳиста-оҳиста,
Бу ҳолимдин топиб бу кун нишон оҳиста-оҳиста,
Манга раҳм айлаб ул ширин забон оҳиста-оҳиста,
Етушти бошим узра ногаҳон оҳиста-оҳиста.

Шаби ҳижронда айлаб дарду меҳнат кулбасин маскан,
Сочар эрдим сиришким донасин ҳар сори юз хирман,
Бу ҳол ичра тараҳҳум кўргузуб ул дилбари пурфан,
Фироқида қорорғоҳ кўзларимни айлади равшан,
Очиб рухсораи хуршидсон оҳиста-оҳиста.

Қудуми интизорида бўлуб тонг отгуча бедор,
Чекиб ҳар дамда гардун сори юз минг оҳи оташбор,
Бўлуб ғам тиғи бирла сарбасар жону таним афгор,
Эдим ҳижрони дарди шиддатидин ўлгудек бемор,
Етушти васлидин суҳбат равон оҳиста-оҳиста.

Миниб рахшиға букун ман сори атфи инон айлаб,
Шитоб ичра арақни гул уза шабнам фишон айлаб,
Келиб базмим қудуми бирла гулзори жикон айлаб,
Масиҳо мўжизин жонбахши лаълидин аён айлаб,
Ўлук жисмимга берди тоза жон оҳиста-оҳиста.

Русуми дилраболиғ кўргузуб гул юзли жононим,
Билиб ҳижрон ўти куйдурганни бошдин-оёқ жоним,
Кўруб раҳм айлабон жисми низору чашми гирёним,
Сўруб дилдорлиғ расми била ҳоли паришоним,
Қилиб ошино дилбарлик аён оҳиста-оҳиста.

Тараҳҳум кўзгузуб ҳар дам фузун аъдоди имкондин,
Табассум айлабон юз ишва бирла лаъли хандондин,
Такаллум бошлабон ҳар лафзни айлаб чучук жондин,
Деди:«—Эй ошиқи зорим малоли дарди ҳижрондин,
Бўлубсан асру зору нотавон оҳиста-оҳиста»

Майи лаълимни дардингга даво айларга келмишман,
Замирингда не эрса муддао айларга келмишман,
Неким расму муҳаббатдур, санго айларга келмишман,
Бу дам васлим била коминг раво айларга келмишман,
Мақомингға бори элдин ниҳон оҳиста-оҳиста.

Қилиб тун-кун висолим базмиға етмакни андиша,
Уруб Фарҳод янглиғ ранжу меҳнат тоғиға теша,
Қилиб ишқимда кўнглунгни мусаффо, ўйлаким, шиша,
Неча кун дарди ҳижроним аро сабр айладинг пеша,
Бўл эмди васлим ичра шодмон оҳиста-оҳиста.

Эди ҳижрон аро мақсудинг ўпмак борҳо лаълим,
Қучуб нозик белим кўнглунгга сўрмоқ муддао лаълим,
Бугун коминг не эрса қилғуси они раво лаълим,
Агар истарсан ўпмакликни, энг жонфизо лаълим,
Қучарсан, қуч белим, энгу миён оҳиста-оҳиста.

Манга иқбол янглиғ бўлди чун ул ҳамдаму ҳамдаст,
Оёқинг ўпкали ман оллида туфроқға бўлдум паст,
Талаттуф бирла ул лаълин лабимга айлади пайваст,
Ман ўлдум ёр лаъли бодаси бирла бўлуб сармаст,
Фироқи ранжидин топтим омон оҳиста-оҳиста.

Кўзумдин оқизиб ашкни ҳижрон ичра сув янглиғ,
Бўлуб оби равон ондин аён ҳар сори жў янглиғ,
Риёзат тортибон айлаб танин заъф ичра му янглиғ,
Киши гар содиқ эрса ишқ аро васл ичра бу янглиғ,
Бўлур Ферузбахту комрон оҳиста-оҳиста.


ОГАҲИЙ ҒАЗАЛЛАРИГА ТАХМИСЛАР

Рангин такаллумму бўлур чунким гуҳарафшон лабинг,
Файзу фараҳ еткургуси кўнглумга бепоён лабинг,
Фаҳм этмадим не хосият қилмушдурур пинҳон лабинг,
Ёқутдурму билмадим ё лаъл эй жонон, лабинг,
Ё оразинг гулзорида борму гули хандон лабинг.

Лаълниг фироқида бўлуб асру заифу хаста жон,
Жисми низоримдин олиб қаддинг ғами тобу тавон,
Ўлмакка етганда ёвуқ келдинг бошимға ногаҳон,
Лаълингни бир ўпмак била топтим ҳаёти жовидон,
Эъжози Исому экан ё шарбати ҳайвон лабинг.

Жавру жафолар айлабон жонимга бу гардуни дун,
Қилди лабинг ҳижронида ашкимни қон, бағримни хун,
Дардим эрур беҳад фузун, кун-кундин аҳволим забун,
Кўздин тўкуб ҳижрон аро доим сиришқи лолагун,
Ўпмаклик айлаб орзу тун-кун ютарман қон лабинг.

Кўнглумга бўлмишдур лабинг бир бўса қилмоқ муддао,
Муфт эрмас ушбу матлабим, бўлса агар, сандин раво,
Олтун-кумиш худ саҳл эрур, эй дилбари ширинлиқо,
Гар бўса лаълингга жон нақдин қилур эрсанг баҳо,
Олғум нединким бир ўпуб ўлганга на армон лабинг.

Тақвои тоат айлабон зуҳд аҳли тинмай рўзи шаб,
Жаннатга кирмак орзу айлаб чекар ранжу тааб,
Ақл эли кўйинг борида жаннатни қилгайму талаб,
Феруз, жаннат равзасин, гар, истамас эрмас, ажаб
Ким, оразинг жаннат гули, кавсар суйи, эй жон, лабинг.

* * *

Бир жилвагар бўлғоч кўзум оллида то қошу кўзунг,
Фаҳми хирадин айлади мандин жудо қошу кўзунг,
Жонимни олди айлабон нозу адо қошу кўзунг,
Ваҳ не балодур билмадим, эй дилрабо, қошу кўзунг
Ким, бир назарда солди ўт жоним аро қошу кўзунг.

Ҳам Хизри хаттинг дилкушо, бордур масиҳоний сўзунг,
Ҳам кўзу қошинг қотили жонбахга эрур, рангин сўзунг,
Ҳам беқарор ўлғон кўнгулларга берур таскин сўзунг,
Ҳам юз ўлукни тиргузур лаълинг аро ширин сўзунг,
Ҳам минг тирикни ўлтурур айлаб жафо қошу кўзунг.

Тун-кун сўроғинг айлабон истаб муалло манзилинг,
Кўргач мусаффо оразинг, бўлдум асири бедилинг,
Жону кўнгул бетоб эрур сўрмоқ тилаб ширин лабинг,
Олди карори тоқатим оқ сийнаю нозик белинг,
Солди қаро кун бошима икки қаро қошу кўзунг.

Боқгоч кўз ила қошинга, бўлдум асир, эй нўшлаб,
Жоним ёқар ошиқ ўти, қошу кўзунг бўлди сабаб,
Эмди фиғонлар айлабон ҳижронинг ичра рўзу шаб,
Қошу кўзунг бедодидин дод айласам эрмас ажаб,
Ким, не жафолар қилмади охир манго қошу кўзунг.

Фаррух юзунг ҳусн авжининг бордур моҳитобопиким,
Ханлинг эрур маҳбублар, сансан алар султониким,
Манким таманно айламак, сан шўх бепарвониким,
Йўқтур манга ишқинг аро юрмак тирик имкониким,
Жонимни ё қадду юзунг олғуси ё қошу кўзунг.

Ҳусн аҳли шоҳисан, эрур мулкунг малоҳат кишвари,
Икки кўзунг жоду эрур, қошинг аларнинг ханжари,
Мажнундек ўлди кўргач, ул ҳуснинг жаҳон донолари,
Ман зори ҳайронинг нечук девона бўлмай, эй пари
Ким, ақлу ҳушим айлади мандин жудо қошу кўзунг.

Истаб висолинг базмини, эй хўбларнинг аҳсани,
Иқболи Ферузинг киби кўб жустужў айлаб сани,
Кўргач юзунг ишқ ўтига кўпди вужуди хирмани,
Ширин лабингдин Огаҳий жисмиға жон берким, ани,
Ўлтурди бир имо қилиб боқғоч қиё қошу кўзунг.

МУСАДДАСЛАР

Субҳким, ул сарви гулрўх сайри гулзор айлади,
Сарву гулға қадду рухсорни намудор айлади,
Сарв қаддиға эгиб бош қуллуқ изҳор айлади,
Гул юзин суртуб пойиға ўзини хор айлади,
Рашк тиғи жой ила кўнгулни афгор айлади.
Дўстлар, ул дилрабо ишқи мани зор айлади.

Гар нафас қилгач назора ул қуёш рухсорга,
Жон кўнглум қолди ишқи ранжидин озорға,
Айласам жоним фидо боқмай ман беморга,
Ҳар нафасда кўргузур юз илтифот ағёрға,
Айламас бир раҳме зоҳир ман ғарибу зорға,
Дўстлар, ул дилрабо ишқи мани зор айлади.

Жонфизо лаълин такаллумга оюрса ногаҳон,
Ҳар каломидин топар ўлган бадан руҳи равон,
Гўйиё улдур бу даврон нчра Исойи замон
Ким, киши кўрмайдур андоқ маҳваши ширин забон,
Айб қилманг, истаб они, айласам оҳу фиғон,
Дўстлар, ул дилрабо ишқи мани зор айлади.

Хўб эмастур қадди тў‘би қомати рафторича,
Дилкаш эрмас равзаи ризвон юзи гулзорича,
Йўқтурур хуршид нури жабҳаи анворича,
Сунбул эрмас атрпарвар зулфи анбарборича,
Тонг эмас, васлин талаб қилсам агар жон борича,
Дўстлар, ул дилрабо ҳақи мани зор айлади.

Оҳким, тарки муҳаббат айлабон ул дилрабо,
Нотавон жонимға кўрди ҳажр андуҳин раво,
Мунча ҳам бўлғойму бир бедилға қилмоқлик жафо,
Дилраболиғ расмида аввал қилиб меҳру вафо,
Сўнгра қилди меҳнат ҳижрони бирла мубтало,
Дўстлар, ул дилрабо ишқи мани зор айлади.

Ул қуёшдин айру бир зарра қарорим қолмади,
Ақлу ҳушим кетди-ю, сабр-ихтиёрим қолмади,
Дарди ҳижрон чеккали танда мадорим қолмади,
Васл учун айлаб гадолиқ нангу орим қолмади,
Йиғламоқдин ўзга ҳажр ичра шиорим қолмади,
Дўстлар, ул дилрабо ишқи мани зор айлади.

Ишқ мулкида эдим Ферузбахту комкор,
Амрима маъмур эрди неча шўхи гулузор,
Лекин они кўргач ўлдум бандаси беихтиёр,
Қолмайин кўнглум аро бир заррача сабру қарор,
Ақл ила ҳушу хирадни қилди мандин беқарор,
Дўстлар, ул дилрабо ишқи мани зор айлади.

* * *

Ул пари эгнида гулранг либосини кўрунг,
Меҳрдек оразининг нуру зиёсини кўрунг,
Нутқи жонбахшу лаби руҳафзоснни кўрунг,
Отғоли ғамза ўқин қошлари ёсини кўрунг,
Ваҳки, ул меҳрлиқо нозу адосини кўрунг,
Жонима ҳар нафас озору жафосини кўрунг.

Оразидин олиб ул меҳру жаҳонтоб ниқоб,
Зеб учун кўзга чекиб сурма, уруб юзга гулоб,
Кўзлари фитнасидин қилғоли оламни хароб,
Юзи ўти била айларга жигарларни кабоб,
Ваҳки, ул меҳрлиқо нозу адосини кўрунг,
Жонима ҳар нафас озору жафосини кўрунг.

Гул хижил боғ аро онинг гул рухсоридин,
Сарупо дар гул эрур қомати рафторидин,
Лол эрур қумрию булбул лаби гуфторидин,
Синди шаккарга баҳо лаъли шаккарборидин,
Ваҳки, ул меҳрлиқо нозу адосинн кўрунг.
Жонима ҳар нафас озору жафосини кўрунг.

Жон олур ҳар боқиши бирла қаро кўзгинаси,
Тоза жон ҳам берур элга шаккарин сўзгинаси,
Коши ё, киприки ўқ, офатижон юзгинаси,
Фитнагар чобук худройи эрур ўзгинаси,
Ваҳки, ул меҳрлиқо нозу адосини кўрунг,
Жонима ҳар нафас озору жафосини кўрунг.

Кўз юмуб ноз ила гоҳи чекибон хомёза,
Кош қоқиб гаҳ қилибон жилваи беандоза,
Ўзига ҳар дам этиб ғамза фунуни тоза,
Килди ошиқлиғим олам элига овоза,
Ваҳки, ул меҳрлиқо нозу адосини кўрунг,
Жонима ҳар нафас озору жафосини кўрунг.

Жилваи қоматиға туъбини ризвон банда,
Мутабассим лабиға ғунчаи хандон банда,
Икки шаҳло кўзиға наргиси фаттон банда,
Орази меҳриға хуршиди дурахшон банда,
Ваҳки, ул меҳрлиқо нозу адосини кўрунг,
Жонима ҳар нафас озору жафосини кўрунг.

Токи ул шўх ғами ишқиға дучор ўлдум,
Дам-бадам дарди бало хайли била ёр ўлдум,
Кокили домига побасти гирифтор ўлдум,
Талаб васлида Феруз киби зор ўлдум,
Ваҳки, ул меҳрлиқо нозу адосини кўрунг,
Жонима ҳар нафас озору жафосини кўрунг.


РУБОИЙЛАР

Эй шўх, тараҳҳум айлаким, зорингман,
Жону дилу дин ила гирифторингман.
Гар васлингга айласанг баҳо жон нақдин,
Юз жон эса ҳам бериб харидорингман.

* * *

Қилмиш мани бир дилбари зебо ошиқ,
Бошдин оёқи латифу раъно ошиқ,
Йўқ мумкин ўзи холи ҳамсуҳбати ман,
Бўлғайму манингдек яна пайдо ошиқ.

* * *

Жонбахши каломинг эрур ул навъ фасиҳ,
Исо киби жон бергусидур элга сариҳ,
Ҳар шўхки, ҳусн ичра тутар ўзни сабиҳ,
Сан борчасидин сабиҳ ҳам асру малиҳ.

* * *

Кўргач юзунг, зй дилбар, фархунда сифот,
Ҳеч қолмади кўнглум аро орому сабот,
Хосияти лаълинг оби ҳайвон янглиғ,
Сўрғон кишига бергуси жовиди ҳаёт.

* * *

Кам этмади қаҳрин манга дилдор ҳануз,
Тарк айламади жавр ила озор ҳануз.
Ман ҳажрида субҳу шом йиғларман қон,
Хушнуд эрур базмида ағёр ҳануз.

* * *

Гар дилбарим ўлмаса манго ҳамсуҳбат,
Найлай эса юз ҳурлиқо ҳамсуҳбат,
Ул шўх агар анисим ўлмас эрса,
Даркор эмас ушбу даҳр аро ҳамсуҳбат.

* * *

Рўзи санга борча ком бўлсун, ёраб!
Иқболу ман мудом бўлсун, ёраб!
Ҳам давлати мустадом бўлсун, ёраб!
Ҳам ишрати бардавом бўлсун, ёраб!

- - -


< Orqaga qaytish