Marta o'qildi
Кимларга ҳайкал қўймоқдамиз?. Саломат Вафо
Алишер Навоий номидаги кино саройда давом этаётган 2018 йилда сувратга олинган фильмлар ҳафталигида ёзувчи Шуҳрат(Ғулом Алимов) ҳақида тасвирга олинган "Олтин зангламас" номли ҳужжатли фильм тамоша қилдим. Фильм эсда қоладиган олови ҳалқалар, оловли йўллардан юриб бораётган ёзувчи сиймоси билан бошланади.
Улуғ ўзбек ёзувчиси Шуҳрат 1918 йилда Тошкентда туғилган экан. Миллатпарвар ёзувчи 1940 йилдан сўнг тўрт йил давомида урушда қон кечади. Ўз яратган асарларида миллат дардини ёзган Шуҳат 50-йиллар бошида советларга қарши тарғиботда айбланиб қамалади. Ёзувчи умрининг беш йили Сибир ва Шимолий Қозоғистон қамоқхоналарда ўтди.
Ўзбекнинг мард ва танти ёзувчиси изидан қора қузғунлардай КГБ жосуслари қолмайди, ҳатто 1968 йили “Жаннат қидирганлар” романи нашр этилгандан сўнг уни миллатчиликда айблашга чақириқлар пайдо бўлади.
“Олтин зангламас” ҳужжатли кино сценарийсини истеъдодли ўзбек шоири Эшқобил Шукур жуда таъсирли тил билан ёзганлар. Шуҳратнинг яқин тарихга оид умр хронологияси маълумотлари оддий, расмий маълумот эмас, балки, инсон қалбига таъсир қиладиган ҳарорат билан ёзилган. Эшқобил ёзувчининг аянчли тақдирига ижодкор, дардли қалб билан ёндоша олади.
Фильм режиссёри номини кўролмай қолдим. Ҳужжатли асар воқеаларининг ёш ижодкор атрофида айланиши, умуминсониятга хизмат этадиган оловли кадрлар, ёзув машинкаси, вақт мезонларини белгилайдиган ёзувчи ижодхонасидаги атрибутлар..умумий қайғу эйфорияси "Исломхўжа" фильми Баҳодир Аҳмедов ишлаш стилини эслатди.
Дўстларим. Буюк ўзбек ёзувчиси Шуҳрат 11 йил давомида дард чекиб, сўзлай олмай қолган экан. Ёзувчининг ён – атрофида яшаган, балки ҳозир ҳам яшаётган махсус идора вакиллари Шуҳратни шундай ҳаста холга келтиришади. Қалби соф ўзбекча мардлик, тантилик, саховат туйғуларига тўла Шуҳратни умрининг оҳиригача сукунат дунёсининг қайғули фуқаросига айлантиришади. Бу қора қузғунлар улуғ ўзбек ёзувчилари Чўлпон, Қодирий, Бехбудий, Усмон Носир каби шиор ва ёзувчиларнинг ҳам бошига етишган эди. Одамкўш машинанинг “қора почерки”жуда таниш эди: улар Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбекни ҳам тилдан қолдиришган эди.
“Олтин зангламас” фильмида совет даври жиҳозлари оддий серевантлар, кичик дюмли телевизорлар, мебеллар акс этган, давра тўрида сўзлашдан махрум бўлган Шуҳрат маюс қиёфада ўтирган оилавий кадрлар кўрсатилди.
Ёзувчи бутун умри давомида "Усмон Носирнинг издоши" деган тамға билан таъқиб қилинади. Ва ўз замонасининг "Шинелли йиллар", "Олтин зангламас" каби улуғвор асарларини ёзган ёзувчи тириклигида бирор мукофот олмайди. Ва курашларда ўтган умрига шукроналик қилиб “..урушда қўлимда қурол бор эди..” дейди надомат билан.
Кино саройнинг қаронғи залида "Олтин зангламас" ҳужжатли фильмини тамоша қилиб, кўз олдимга Мустақиллик майдонидаги ҳайкалларни келтирдим. Мен яқиндагина сукут оламидан бизга маюс тикилаётган ёзувчилар ҳайкали пойида бўлган эдим. Бу ҳайкаллар ичида Шукур Холмирза, Одил Ёқубов, Матёқуб Қўшжанов ва умри оловли йўлларда кечган Шуҳрат йўқ эди.
Ушбу фильмни кўргач барча зиёлилар ва адабиёт аҳлига ҳитоб қимоқчиман..Биз кимларга ҳайкал қўймоқдамиз. Ўзбекистон халқ ёзувчиси шоир,носир, драматург..халқимизнинг чин маънодаги ўғлони ёзувчи Шуҳратга қачон ҳайкал қўйилади, дегим келди.
Шоирнинг онаси
Тушида шоир оқ кема кўради,
Уйғониб ўз бағрин қийма кўради.
Шоир кун кўрмаган қитмир замонда,
Шоирнинг онаси нима кўради?
Маддоҳнинг онаси тўйиб пул кўрар,
Актёрнинг онаси гоҳи гул кўрар.
Шоир то халқини эрксиз қул кўрар,
Шоирнинг онаси нима кўради?
Ҳар кун оёғида ғовлардан из бор,
Ҳар куни бошида юз қилич, юз дор,
Шоир “онасини кўради” юз бор,
Шоирнинг онаси нима кўради?
Ўзбекнинг зўрлари юртга сиғмайди,
Ўзбекнинг онаси раҳбар туғмайди —
Четдан чақиради!.. Шоир йиғлайди,
Шоирнинг онаси нима кўради?
Турмуш бир хил қўшиқ, бир хил нақорат,
Кам туғ, деб онангни айлар ҳақорат,
Шоир фарёд қилар: бу қандай ғорат?!
Шоирнинг онаси нима кўради?
Эй ўтмиш замонлар, шоҳид хазонлар,
Ҳусайн Жовидлар, Чўлпон, Усмонлар,
Кесилган забонлар!.. Фолбин осмонлар,
Шоирнинг онаси нима кўради?
Тирикман то туркий тилим бор экан,
То, ўлим аталган йўлим бор экан!
Қатағон, деган шум илм бор экан,
Шоирнинг онаси нима кўради?
“Сен ҳақсан, болажон, нур менга ато!”
Мен — халқман, онажон, ғанимлик хато!
Мени газет урар, уларни Худо!..
Шоирнинг онаси нима кўради?
Онажон, ҳолимга йиғлама, сим-сим,
Халқни она дерлар — бу гўзал тилсим!
Онасин сотганлар қаердан билсин?
Шоирнинг онаси нима кўради?.
Мирза Кенжабек шеъри.
- - -