Энг сара асарлар

Денгиз қушлари. янги ҳикоя. Саломат Вафо


Marta o'qildi

Денгиз қушлари. янги ҳикоя. Саломат Вафо

                                                                                    

         

   Ҳориган вужуди, мияси уйқуга кетар чоғида машина шовқини, сигналлар, кабобчилар, балиқхона официантлари шовқини, қаҳвалти кафеси фаррошлари ғовури, сув қушларининг уйқусираган  қичқириқлари ва олис туманли бўшлиқларда сузаётган Босфор бўғози сувларида  ўтиш газзикини  беклаётган  улкан чироғи ёниқ  кемаларнинг вупиллашини эшитиб ётди. Дунё шовулларди: океанларнинг туб-тубида уйғонган ваҳимали тўлқинлар, тўлқинларда адашган кемалар янғлиғ сузиб юрган чайка қушларининг чинқириқлари..минг йиллардан бери бир оҳангда шалоплаб қирғоққа урилаётган тўлқин  товушларга кўмилиб кетарди. Шаҳарнинг аллақаерларида  паркка йўл олган ва  рангли рекламалар билан безатилган Туркия ой ўроғили қизил байроғини ҳилпиратган трамвайнинг сўнгги нолакор жиринг-жиринги  атрофга таралади. “Нима эди, қандай эди,айт, айт, Сафохон” дея фарёд кўтаради вужудининг уҳламай қолган хужайралари. Кўп қаватли уйнинг кодланган ойнаванд эшиги сассиз очилиб, уни кимдир  зарб билан  орқасидан ташқарига итариб юборди. У икки – уч қадам югуриб,қоқилиб  сурилиб  бориб, сархуш одамдай бетон ерга юз тубан йиқилди. Ёнига тапиллаб сумкаси тушганидан сўнг ўзига келди. Ҳаво совуқ атроф  ёруғ бўлса ҳам, у ётган жойга кўп қаватли уйнинг қаронғи сояси  тушиб турарди.  У Тошкент  учоғидан тушиб, қизини тополмагач, машиналар тирбанд йўллардан  Истанбул шаҳри Аташеҳер полициясига борди. “Ярамас лўттибозлар сумкасидан паспортини ҳам олиб қўйишган экан. Уст дишида ўзининг қизил кўйлак кийган  маюс суврати аксланган “Номсиз кема” китобини кўрсатиб,  Ўзбекистондан келган ёзувчиман.Менинг Истанбулда яшайдиган қизим уйида йўқ” деб маҳкама идорасига кириб шикоят ёзганди.Турк полициячилари балки ўзбеклигини, балки ёзувчилигини иззатлаб ичкарига киритишганди. Мана шунинг оқибати.. уни.. қишнинг совуқ кунлари боис, қаронғи тушиб одам оёғи чекилиши билан кўчага улоқтиришди.Зулмат бағридаги  кўп қаватли уйлар кўзлари ёнган, қанотларини ёйган ўлаксахўр қушлар каби уни ўраб олган эди.  Деразаларида яккам-дуккам чироқ милтиллаётган  уйлар орасидан сершовқин кўчага чиққанидан сўнг, туйқус ёнидаги бор – йўғи  400 лира пулни ҳам  тортиб олишганини эслади...Энди қай тамонга юради..пулсиз бегона шаҳарда қаёққа боради?. Бу 24 соат уҳламайдиган.. бир тамони Қора денгиз, бир тамони Эгей денгизи қирғоқларини ювадиган...гарчанд Султон Сулаймондан қолган бўлсада..бу  қадимий Истанбул шаҳрида..

   Сафохон кундузги югур- югурлардан ҳориган танаси, зарбалардан қақшаган мияси, шуури содир бўлган воқеаларни элас-элас  эслаши билан бутун вужуди оғриқдан қақшаб кетди. «Имм..имм..воҳ жоним. Бу қандай ҳолат?». Ён  -атрофидан йўлаклардан, майдон четларидан одамлар ўтар, тунги клуб тамонлардан шамол гоҳ ғола-ғовур, гоҳ йиғлаган, гоҳ кулган одамлар “алингни чак,улюрсин” демиш сасларини олиб келарди. “Уйқу, уйқу..қоч нари..” дерди мудраётган вужуди кундузги бўлиб ўтган ишларни ўйлашдан чўчиб. Унга недир бўлган эди. Эски одеялнинг йирик- майда  тешигидан совуқ  шамол денгиз ва балиқ исини олиб киради.Миясининг қай буржларидадир Тошкентдаги иссиқ ўрни қирмизи гулдор,наформон тусли кўрпа –тўшак, ёстиқлари ёришиб кетарди.Иссиқ ўрин ва иссиқ қаҳва деган ўй миясида тўҳтаб қолди. Шовқин кўтарган, кулган- ўйнаган..туркларнинг ноғорага ўҳшаган мусиқа асбобини дунг – дунг урган   ёш- яланг..ненидир тафсилотини сўйлаганича  афтидан идишли  кофе кўтариб  унинг ёнидан ўтишди.Ҳавода муаллақ туриб қолган  кофенинг ёқимли бўйи Тошкентда ҳар кун эрталаб  қизи Истанбулдан юборган турк ва Nacekofeларни ичиб, газета ёки китоб ўқиб ўтирарди..ёё.. оҳ..оҳ..бу ўйлар ва туйғулар Мармара денгизи қирғоқларига йиғилиб қоладиган оппоқ кўпиклардай бир зумда ғойиб бўлди.  

 

 Худо рози бўлгур қайси турк меъмори суянчиқли қилиб, умрининг қайси замони ва палласида  дайди хотин тунни денгиз қушлари билан ўтказади деб  ўриндиқ қурган экан, Сафохон суяниб, ғужанак бўлиб мудраб, ўзича атрофни эшитиб ўтирди. Кўпдан буён ҳатто..  Тошкентдаги уйида ҳам, тақдир елкасига оғир лошини ташлаганидан сўнг, худонинг байрамлари, қўни-қўшни хайт кунлари бир-бирига бўғирсоқ улашганда, худди шундай спартанларча ҳолатда сергак уҳларди.

  Ғалати бир ҳолат эди,  майдон атрофида турли тотли турк емаклари хидлари, косметика дўконлардан анқиётган атир, совун хидлари, қаҳвахоналардан таралаётган  кофе бўйлари негадир хотирасида қолмас, шу яқин орадаги чечак дўконларидан атрофга кишини маст  қилувчи жийда гуллари исига монанд аллақандай тропик гулларнинг иси  ҳукмрон эди.Бу ис айни ҳозирги ҳароп аҳволига қарама- қарши ҳолатда рухини аллалар, ўзига қачонлардир оқ кўйлак кийган, қора, қизил ранг галстук таққан депутатлар, министрлар, президент маслаҳатчилари  туҳфа этган қучоқ- қучоқ оқ ва қирмизи атир ва чинни гулларни эслатарди. Мудраётган миясининг бир четида денгиз қушлари, чироғи ёниқ кемалар, қаҳвахоналарда ишлайдиган  сочини жайра нишидай кўтариб  ялтиратган хоразмлик официант болалар қиёфаси ва исмлари аралаш – қуралаш бўлиб кетар, аммо нотаниш гулнинг ўткир хиди атрофга укпар этакларини ёйгандай эди. Официант қизларнинг “опа, бошқа кўмак қўлимиздан келмайди” деб  берган эски одеялни бошига яҳшироқ тортди.Илма- тешик одеял кафе омборхонасида сабзавотлар остида қолганми: ачимсиқ пиёз, карам, бақилажон, қоришиқ лимон хидлари келарди. “Апишшу..апишу..йўқ, йўқ..Сафохон майдоннинг  пана жойида денгизнинг  қуш қанотида келган ширр этгган шабадасида шамоллайдиган анойи эмас.У спортчи..соғлом овқатланувчи хотин. Аапишу..минг ланъат..” деди ўзига гапиргандай. Номаълум турк меъмори яратган, аммо қиш кунлари уйсизлар уҳлашини ҳисобга олмаган  ёғоч ўриндиққа ўнғайроқ  суянди. Ўриндиқ суянчиғи  темирлари баданига ботиб совуқ жонидан ўтарди.

   Олисда туманлар бағрида мудранаётган  Тинч  океанида бўронлар уйғонарди.Бахри уммонда 21 аср  кимё  дорилари чиқиндилари билан чуқурларда   қизил тилли аждарҳога айланган кокилли илонлар, дунёнинг энг катта  ўттиз етти тонналик, йигирма – ўттиз метрлик    китнинг боласини айёрлик билан онасидан айириб, тўдалашиб ҳужум қилиб  фақатгина болакай китнинг  тилини ейдиган касаткалар, рифлар остида чиқинди кимёвий  дорилар билан  ёмғир  булутларидай улканлашган саккизоёқлар, шамолда шишган  думалоқ пашшахоналардай сузиб юрадиган  жонсарак чавақ балиқлар тўдаси билан   Қора денгиз  кўкида  пар ёстиқдай тўзғиган  булутлари билан, шарқу –ғарб, мағрубу – машриқ тамонларга  камон ёйидай тортилган уфқлари билан ўрнидан қўзғолиб  Истанбул қирғоқлари  сари оёқланарди. “Ҳей, илонлар, чаёнлар қайга борасиз?”.”Минг  йиллик сукутдан нега  уйғондингиз  ..”. “Ҳой, Қиз кулеси бир силкиниб ўрнингдан сижидингми?”..”Қора денгизнинг қора тоғлари, қора тўлқинлари бағрингизда не сир бор, аҳир..  ”..”Ҳой, бир  зум кўпикли тўлқинлар узра қўшиқ куйлаб  ҳоримайдиган Атлантика  уммони, худойи таоло “бўл, бўл..” деганида бўлган, яралганингдан бери неча юз, минг, миллион одам боласини ютиб тўймадинг. Араб денгизлари, Миср қирғоқларида..балки ҳув анови байроқлар ҳилпираган Босфор бўғозлари ортида очкўзларини қирғоққа  тикиб, одам боласи қон  исини минг хидни ажратадиган итлар каби сезадиган акулалар, Юнус балиқлардан не фарқинг бор сени, эй Қора денгизнинг онаси..Атлантика уммони ”.

  Афтидан у  энди чуқурроқ уҳларди, бир зум атрофдаги саслар эшитилмай қолди. Аммо денгиз тамондан   тўлқин шовурлари,шамоллар, ёмғир шовуллаши аро, Ағри тоғлари тамониданми гуррос - гуррос  одим ташлаётган хотинларнинг фиғони, йиғиси, балки эски қаҳвахона  омборларида қолиб кетган пластинкалар Заки Мурен қадим туркуларининг йиғи ва  табассум  орасидаги оҳанглари элас-элас эшитилиб..шаҳар устида айланиб – айланиб   кўкка ўрларди.

  Шатир – шутур бўлди. Бир бало шувиллаб учиб, ўнг елкасига қаттиқ урилиб  ёғоч ўриндиқдан ошиб ўтиб кетди. Сабохон  жон ҳолатда ўриндиққа ёпишиб жойига чиқиб олди. Асли шу майдонда китоб  ва гул  дўконлар  оралиғида жойлашган  ўриндиқлардан жой топишнинг ўзи бўлмаганди.  Шу яқинда ҳансироқлар, занжирнинг шиқирлаши, мушукнинг  елим ҳалталарга ўралашиб  тапирлаб қочгани   эшитилди. Бурнига зах иси ва гул, девор ўсимликларининг шудрингга қўшилган бўйлари урилди. Ҳар ер, ҳар ерда тапирлаш, мушукнинг биғиллаши эшитиларди. Юраги вужуди хужайраларини тебратиб қаттиқ уриб турди. Уйидан бўшалиб чиққан улкан бўлдуқ ит  занжирини судраб уни туртиб ўтиб кетган эди. Бу бадбахт ит унинг одамлигини билмади.Ланъати ғижим  тумшуқ эски калиш  бўлдуқ.Эртага эганг сени дайди итлар итхонасига топиширмаса рози эмасман. Ўшанда қутуриб, ўзингдан заиф мушук боласини ғажиш..тушларингга кириб чиқади. Бир қоп нажас, касофат.Ўзидан заифларни топташ одам боласига ҳам хос,бу ҳали ҳайвон экан.

    Сафохон  ҳеч нарса бўлмагандай гўё Тошкентда ўзининг  иссиқ, озода, қимматбаҳо атир хидлари анқиб турадиган тунги чироқ нурларига тўлган  ётоқхонасида  ётгандай яна осойишта  уйқуга кетди.  Шаҳарнинг турли тамонидан, балки Арзирум, балки Кўнё, балки Арзинжондан  юзлаб хотин – қизлар гуррос -  гуррос  юриб "Тақсим"  майдони тамон отланишарди.

  “Абла, журналистлар ўзи ғалати халқ бўлади-да. У 49 ёшигача шаҳар газеталарга хабар ёзиб юриб, эрга ҳам тегмаган эди. Лайло майдон портлаган  куни “Тақсим”га келган..Балки Лайлонинг газетаси ходимларидан чиққандир туфлиларни майдонга қўйиш фикри. Лайло вафот этгач, газета журналистлари  хур қиз Лайлонинг уйида.. бир уй туфли борлигини  кўриб ҳайратда қолишган  экан ”.

   Тутун ва буғ сузиб юрган Истанбулнинг қаерларидадир даранглаб урилган занг  соат тунги 3 бўлганини англатарди. Тунги клубнинг ёпиқ деразаларидан французча ретро қўшиқ сизиб чиқарди. Балки  саксафон оҳангида бу қўшиқни бир вақтлар  Мерлин Манро, Жо Дэссен, Патрисия Кас кўйламишди. Бу туркларга не энди.. французча куйлаб, бутун дунё севадиган турк тилида куйласангчи, туркча шаркиларингни сўйласангчи..пул урсин ҳаммани, дерди ичида Сафохон.

  Олам сукутга чўккан, паркка  отланган трамвайларнинг  сўнгги нолакор жиринги аллақаердан денгизга яқин  жойлардан эшитиларди. Дунёга келиб 50 йил яшаган бўлса ҳам, вужудининг миллион - миллион томирлари, миллион - миллион хужайралари исмсиз қайғу ва хўрликдан бу қадар қақшамаганди. Туркияга эрга теккан қизининг августь ойининг 19 кунида фарзад дунёга келтирганидан сўнг,  йўқолиб қолганлиги унинг шок ҳолатга тушириб, онгу-шуурини  фалажлаб ташлаган эди. У ўтган кун  Истанбулга келган ва  келгунга қадар қизининг йўқлиги ҳақида хабар беришмаганида ёвуз ҳолат мавжуд эди. Полиция маҳкамасида бу ғаддорларнинг уйлари, иш офесларида  тинтув уюштиринг дея илтижо этганидан сўнг, кўчага улоқтиришди. Ана энди у  “Тақсим”майдони четидаги ўриндиқда совуқдан ғужанак бўлиб, ҳаёт ва мамот  учун олишишга мажбур эди. Сирли эркак ва хотиндан иборат уй эгалари уни кўчага улоқтиришганида “Тошкентга бугун учиб кетмасанг, қолган умринг турк рухий хастахоналарида ўтади. Дели ёзар кадин. Бу ер сенга Ўзбекистон эмас. Бу ердаги жинни хотинлар сени ялонғочлаб ўртага турғизиб, офтобрўяда оёқларингни ликиллатиб Каяхоннинг  “Масхарабоз”шаркисини айтишга мажбур қилишади. Ўзинг яҳши кўрадиган маржимак шўрванинг ювиндисини қошиқлаб, ҳасратдан “она, она” деб йиғлаб ичасан” дейишди. У миясини тарк этаётган ёруғликка, “тўҳта, тўҳта.. ўлишим мумкин эмас..агар ..мен ўлсам  қизимнинг топилиши  кимга керак бўлади” дерди тушида ҳам кўз ёшлардан буғилиб.

  Осмонинг майдонга жуда яқин жойида қанотларнинг  шовуллаши, қушларнинг  ҳадикли товуши, тўлқинлар саси, қанотлар  қоқилиши  шамоллари гўё унинг юзига тегиб ўтди.Балки...энди ўлганмикан, аҳир..шаҳарнинг қоқ ўртасида қайдан пайдо бўлди бу қушлар?. Балки, ҳасратларда ёнган онанинг бошига тушган қайғу ва ҳасратлар учун бошқа дунёлардан етиб келдимикан?. Боши устида  тизилиб ўтирган жонзодларнинг ичида бўрон қушлари,балки  ариқларида сув ўрнига бол оқадиган, сув ичса тамоғидан кўринадиган парилар.. сув ичишга кўкдан энадиган,  жаннат боғларидаги жаннат  қушларидир..Воҳ, жоним.. қизимнинг тақдири не бўлар?.  Қандай қушлар бўлди булар.Бориққа..  қушларнинг қанотларига муз парчаларига қоришиқ қор ёққанга ўҳшайди..Денгиз балқчиси  ёки бўрон  қушларимикан, ундай бўлса бу қушлар майдонда нетади?. Қушларнинг орасида тунги фонарларга яқин масофада  ҳар жой, ҳар жойда  300 йиллик қаҳрли қарғаларнинг  кўзлари ялтираб кўринарди. Ўрдаклар океанларнинг тўфонли осмонидан  ўтишда бирон фалокатга учраган чоғи уларнинг оқ патлари кирчиккан   “ғақ-ғақ” саслари  буғилиб,чиғиллаб  чиқарди.  Ўрдаклар ҳали ҳануз учиб кетишга ҳозирлангандай  қанотларини ёйиб тап – тап сас чиқарарди.  Босфор бўғози кечиш жойида кунлаб навбат кутадиган балиқчи кемалардан, қирғоққа яқин ресторанлардан ташланган балиқ қилтаноқлари, нон, озиқ бўлаклари еб  ўрганган йирик, сурбет бакланлар тўйиб  кекирган бойдай атрофга лоқайд қарайди.  Бўрон қушлари, чайкалар оч қолган чоғи  узун тумшуқли бошини жонсарак буриб, егулик илинжида йўлаклар ва майдонларда озиқ -  овқат ва нон бўлакларини излашарди.  20 миллион одам яшайдиган Истанбулнинг қоқ ўртасига  денгиз қушларининг учиб келишида недир тилсимот бор эди. Оғочлар шохидаги қушлар тўпида,майдонлар, оҳири кўринмайдиган машиналар тирбандлиги ва тунги клублар, ресторанларнинг ёруғ деразаси,қаҳвахона  айвонларида  осойишта  сафрбарлик ҳаракатлари бошланган эди. 

 Шу онда Сафохоннинг кўзи ҳиёл очилиб кетди. Аёл ҳайратга тушиб  ҳали уҳлаётган, мудраётган шуури билан атрофга боқди: чор атроф оғочлар, кўп қаватли уйлар, ресторанлар, тунги клублар томи, майдоннинг  кафелли  йўлаклари ва  ҳатто мағрур ҳилпираётган Туркия байроғи  усти ҳам  қор рангидаги қушларга тўлиб кетганди. Қушлар олис йўлдан учиб келиб  ҳоригандай атрофга сокин жавдираб  боқар, уларнинг қанотлари ва кўзаридан атрофга кумуш тус ёғдулар тараларди. Улар шу ўтиришларида қайин уйи бўсағасидан ўтолмай,  йиғинга келиб ковушини ечиб ичкарига киролмай турган    андишали ўзбек келинларига ўҳшарди.

“Уҳла, уҳла болам..Сафохон. Эй, болам, сенга не дейин,  қандай одамсан ўзи, одамлар Туркияга  Қора денгиз, гўзал Анталияда дам олиш, мазали турк  таомларига  тўйиш ва  беш юлдузли мехмонхоналарда хаз этиш учун келишади. Сен бўлсанг.. қизим йўқ  деб турк полициясига бориб ўтирибсан. Одам бўлмадинг сен, гоҳ эринг билан ажрашасан, воҳ,воҳ, ё, худойим, ёлғиз бошинг билан атом станцияси қурилишига қарши чиқасан?. Сенга нима, Ўзбекистонда сендан ташқари 33 миллион одам яшайди.  Аҳир, бу одамлар сени қаматишса, ёки ўзлари айтгандай телбалар уйига тиқишса, қўлингдан не келади, болам?. Ёқдинг, мени, ёқдинг. Қандай юрак ва журъат билан келдинг бу ерга.Сабр қилсанг бўлмайдими?. Сенга не бўлди, ёки ростдан ҳам тақдир зарбалари сени йиқдими, болам?. Менга тўғрисини айт, болам..” дерди  муаллима онаси  хотираси  қат – қатларида осойишта оҳангда .

  “Онажон, аҳир ўзингиз ўргатгансиз..оғир бўлса-да ҳам чекинма ..йиқилсанг-да бир қисм тупроқ олиб тур.Аҳир,  сизнинг ёмон болангизман, Сафохон ҳар жойдан ҳақини олади деб, ўзингиз ёмонлар тўпига қўшгансиз ” деб ғулдираниб Сафохоннинг тош осилгандай оғир қабоқлари яна юмилди.

  Кундуз куни зарба олган шуури осойишталик, ҳорғинлик  ҳис қилиши билан  яна уйқуга кетарди.  Уйқу шундай ширин эдики,қулоғига хотинлар, қизларнинг  шивирлагандай  “бомба портлаганда  ёнидагиларга  қўшилиб Наримон  портлаб кетди. Шундан бери онам  савдойи бўлиб ўзи билан ўзи гаплашадиган бўлди” дейди йўловчилар.”Ким шундай бўлибди, кимнинг боласи ёнидагиларга қўшилиб портлаб кетибди” дея мудранаётган идроки заиф фикрлардан ҳаракатга келгандай бўлади. Оёқ товушлари издеҳоми “шит-шит” юриб  жавобсиз сукут билан узоқлашади.

  Афтидан ҳали полиция маҳкамасидан қизининг уйига келганида.. унинг овқатига  уйқу дори қўшиб беришган эди.  Боши  Чингизхоннинг самон тиқилган  ёлғончи лашкарларидай бўм-бўш ва карахт эди. Дори ёки эм  ичмаган одам бу каби оғир транс ҳолатга тушмасди. Мудраётган миясига  денгиз тўлқинлари монанд шовуллашлар, қуш сайроқларига қўшилиб, қироат билан ўқилган  “Қуръони карим” суралари уриларди.Тонг сахардан Туркиянинг чет бўлгаларидан етиб келган..  жигаридан айрилиб қайғудан буғилган эркак овози нолакор оҳангда “..атта ҳиёти вассаловати ..ваттайибот..амин..амин..ётган жойинг ёруғ бўлсин.Биздан рози  бўл..” дерди ҳорғин ҳолатда.

   “Тақсим” майдоннинг қоқ ўртасидан Мустақиллик ҳайкалининг ёнларидан ғаройиб бир оҳанг тараларди. Майдонни қоплаб олган қушлар ҳам  мусиқа монанд  ора- сира чуруқлаб товуш чиқариб қўйишарди. Аллақайларда йиғилган одамлар  оҳангга қўшилиб қарсак чалишади. “Ваҳҳ..ваҳҳ..” демиш  саслар тараларди. Сафохон турк давлатчилик тарихини ўргангани учун туркларни дунёнинг бошқа миллатларига ўҳшамайдиган қатъиятли,жўшқин феноменал, қўшиқчи, эрксевар  хоразмликларнинг авлодлари деб  биларди. Мусиқа  авж пардаларига чиқиб, энди   қўшиқ бўлиб  таралди, ким эди, ким эди,бу Иброҳим Татлисас, Аҳмад Кая,Заки Муренмиди,  Ферди Тайфур..воҳ..айни шу қўшиқ янграганда оғочлар, дунёнинг қалби бўлган Истанбулнинг 1871 чи йиллардан бери..чарчаш нелигини билмай  кезадиган кекса трамвайлар,тунги клублар, ресторанлар гиламлари, ипакли оғир дарпардалари  уҳларди. Кир ювиш кукунлари, Кадикўйдаги саёҳат кемалари, мазаси оғизда қоладиган турк ҳалволари  рекламалари билан безатилган ичи  жуда ёруғ трамвайлар шу кетишда Туркия байроқларини ҳилпиратиб  Султан Аҳмед жомеси, Кабаташи ва Баязит бекатларидан ўтарди. Жиринг..жиринг..Осмонлар, юлдузлар, ҳув кўпқаватли уйлар, қитъаларни боғлайдиган чироқлардан белбоғ таққан Султон Мехмет Фатих  кўприги, тепаликлар ортида шовуллаётган денгиз, чироқлари ёнган улкан кемалар, чиғаноқларда тўлқинларни  туш кўраётан марваридлар... совуқ сувлар орасида юнусбалиқ ва  ёмғир  булутидай саккиз оёқлардан қўрққан ёлғиз Қизкулеси сувга чўккан малика тилида тинмай чинқирарди. “Қизинг қани, манглайи шўр Сафохон”.  Беором Қора денгиз,тонггача чироқлари ўчмаган  йўловчи кемалар.. қирғоққа туташиб кетган Босфор, кун бўйи ҳориган Истанбул йўллари   уҳларди. Нозик, бир оз уйқусираган хофиз товуши..ноғорами,хинд таблосига ўҳшаган  товуш оҳангида  қадим ўғиз қабилаларининг тоғлар, дарё-денгизлар оша  Турон юртларидан эниб  Константинопол, Визинтия  ерларига шонли юришлари  ҳақида куйлашарди. Қўшиқ жуда яқиндан тараларди. Энди билди, энди таниди буларни..Булар  “Тақсим” майдонининг  ўнлаган созандалардан тузилган  фахрли  кўча мусиқачилари дастаси ..нағмаси эди. Сал олисроқда Бейўғли кўчаларида тонготар миллий мусиқа оқшомлари давом этарди,қарс- қарс этиб, ёш- қари турклар бирлашиб  ғаройиб бирдамлик рамзи бўлмиш  “халай” рақсини ижро этишарди.

  Ё, қодир эгам, бу қандай халқ, бу қандай миллат ўзи?. Чой ичса ҳам оёққа қалқиб, бирлашиб бир-бирининг бармоғини занжир этиб “ай..ай..” деганича  “халай” ўйинига рақс тушади.Еру -осмондан ҳавф келганида қип-қизил байроғига кўксини тутади.

  Дунё сукутга чўкиб, Истанбул ресторан, тунги клуб саргузаштлари, дўндиқ қизлар маскани  гуноҳлари залворидан оғирлашиб қолганда...барча жимлик, ҳорғинликлар чок – чокидан сўкиб “аллоҳу – акбар..аллоҳу – акбар..” дея азон садолари янгради. Шаҳарнинг ўнлаб, юзлаб масжидлари минорлари, айвонларида  яратганнинг тонгига олқиш саловотлар  айтиб, азон саслари янграрди. Дунёнинг барча жойларида, Тошкентдаги “Гўзал” маҳалласи масжидида-да бир хил айтиладиган азон саси... аҳволи ҳароп, ташландиқ, уйсиз ва қувилган Сафонинг қулоғига “қизингиз  топилди Сафохон Вафо” деган хушхабар бўлиб эшитилди. Яна бу азон ўзининг тириклиги, ҳаётлиги, ҳали юраги уриб турганини тантана этарди. Сафохон  уйқуга тўймаган кўзларини аранг очиб, ўрнидан турди. Совуқдан ва ҳаракатсизликдан увишиб қолган оёқ – қўлларини қимирлатиб ҳаракатга келтирди. Ёлғиз дарахтдай бутун вужудини  минг кўзли элакдай совуқ шамоллар тешиб ўтарди.    Оёғи остига пўп  этиб қоғозга ўралган  бир нарса тушди. Қараса кимдир  сув қағоз билан  қадоқланган ширинлик ва  бир дона иссиққина кофе қўйиб кетибди.  Кеча ёнидан кофе кўтариб ўтган ёшлар совуқда қалтираб ётган уйсиз кимсанинг ёнига кофе қўйиб кетишган эди. Кофе ёпиқ пластик идишда бўлгани учун ҳали қайноққина эди. Қайноқ кофе совуқдан  тиришган  танасига ҳаёт нафасидай оқиб  кирди. “Оҳҳ..оҳҳ..ҳаёт нақадар гўзал..”. У яна турк кафеси билан тирилиб минг хил тирикчилик билан  юрган одамлар сафига қайтди.

   У  қаддини ростлаб уст- бошини қоққанича   майдонга қараб юрди. Манзилга етиб келган хабарчи каптарлардай  қатор – қатор тизилиб, йўлаклар ва майдон ўрталарига таҳланган   катта – кичик туфлиларни кўриб  Сафохон ҳайрон қолди.  “Тақсим” майдонининг паст –баланд супачаларига терилган арзон – гаров сандаллар, туркиянинг машҳур “Alaz”,”Alberto Rоssi”,”All go”,  “Alpino”,”Analpac”,”Inca”  фабрикалари тоза чармдан  тиккан паст-баланд пошнали, экстровагант, мультфильм қаҳрамонлари киядиган тумшуғи қайрилган  кемадай баланд... кулгули ковушлар, оқ, қора, қизил қайишли, гулли, мунчоқли, узилган ва баъзиларининг пошналари сингган туфлилари тизилишиб турарди.Туфлилар ҳам инсоният ривожланиш босқичларининг..намуналари, гувоҳлари эди. Пойафзалларнинг баъзилари кўп кийилганидан бош бармоқлар ўрни ботиб кетган  ва оёқ терлаганидан ичи қорайиб, туси билинмай қолган эди. Сон- саноқсиз туфлилар турли бичим, турли размер, турли рангда эди.Туфлилар карвонининг энг чеккасида эртаклардаги, гўё Сулаймон девининг  сеҳрли кўзасидан чиққан 45-50  ўлчамли, девларга мослаб тикилгандай қўпол сариқ этиклар, ярим газлик боғичли ковушлар турарди. Шўр сувдан этик,ковушларнинг усти, қўнжи  оқарган ва ичида яшил сув ўтлари, чингуллар, қурбақабўқлари ва чиғаноқлари қолдиқлари кўринар,афтидан оёққопилар асрлар давомида денгиз остида ётганга ўҳшарди.  

  

  Майдонга тўрт тамондан  яъни “Истиқлол” жаддаси, Султон Аҳмед жомеси ва трамвайлардан тушиб келаётган оломон дупур –дупур юриб майдонга оқиб келишарди. Баъзи одамлар бақириб – чақирар,майдонда  шиорлар, байроқлар кўтариб келаётган, кекса одамлар ниқобини кийган  сафлар  ва ола- қуроқ кийинган ёш –ёш қизлар, бир қарашда Шимолий муз океанидаги император пингвинларини эслатадиган кенг шалворлар кийиб,рўмол ўраган кўйи қишлоқ  хотинлари, ҳижоб ўраган ўрта ёшли  оналар... сўзсиз..сукут билан  кўз ёш тўкишарди.

   “Сурайё Ўқон. 1989 – 15 июль 2016  йил”.

  “Боқ, бунга Эже, бу ковушнинг эгаси ҳали 25 ёшига ҳам кирмаган экан..”.

  “Бу ерда ўғил болаларнинг оёқ қопилари ҳам бор экан..” дейди  олтмишидан ошган қора қош ҳижобли хотин.

  “Сўна Дамирдош. 1972 – 15 июль 2016 йил ”

  “Анне анне..бу крассовка. Буни аркак ҳам, кадин, қийиз-да кияди ”..

  “Вой, 84 ёш анне ҳам келган экан майдонга..Ипак Кўсеўғлу..Мана туғилган кунини қаранг”.

  “15 июль  2016 йилда бўлган  урушларида..балки Отатурк байроқларини баланд кўтариш учун..кўчаларда, майдонларга танкларга қарши чиққан ёши улуғ оталар ва оналарни телевизорда кўрсатишганди”..

 “Баҳор Довуд. 15 июль 2016 йил”.

2016 йилги  давлат тўнтаришига уринишда ...246 одам ҳалок бўлди. Ҳамма замоннинг давронлари.. тирик  одамларни қалқон қилди. Ҳамма замоннинг одамлари.. ўз адолат ва ҳақиқатлари учун қурбон бўлди.

  Қора денгиздан отланган барча вақт- замонларда дунёдан ўтган, уруш жангоҳларда турк юрти учун шахид кетган ёш-қари, оқ – қора, узун – қисқа, озғин – семиз хотинлар аллақандай оҳанглар монанд ҳалай чекиб денгиз тўлқинлари бағридан  чиқишарди.  “Ҳой, Қора денгиз ..этакларимиз, оёқларимизни қўйиб юбор..йўлимиздан наҳангларни, улкан одамхўр  пирания балиқларини, заҳарли илонлар- чаёнлар гизланган қора тошларингни ол..тўфонларинг йўлини қопқоларинг билан беркит ..ҳой Қора денгиз ” дея сув томган узун сочларини силкитиб, осмон акс этган кўзлари ёғдуланиб  ҳайқиришарди. Қора мазутдай денгиз зулматидан аранг ажраладиган сув хотин лашкарнинг қўлларида  олис хоразмшоҳларнинг бўри боши акс этган қора ранг  байроғи, дунёга 650 йил хукмронлик қилган шавкатли Усмонийларнинг оловли  байроқлари ҳилпирарди.

  Майдонга тўпланаётган хотинларнинг қора издеҳоми  аста-аста сўйланиб, сон –саноқсиз туфлилар денгизи  оралаб узоқ жим қолишарди. Майдон четида Бейўғли кўчаларида қадим туркуларни тинглаб  нон ва тузсиз оч қолгандай озғин, тиришиқ юзида соч-сақоли,  тирноқлари  ўсган ва .. узун бармоқларига катта кумуш узук таққан эркак, кўз ойнагини тўғирлаб шеър ўқирди. “Ассалом – алейкум “Тақсим” майдони, Тахтингда туради эркнинг  султони”..кимлардир шоирнинг олдига 5 лира, 10 лира ташлаб кетибди. Аммо..шоирнинг дунё билан иши йўқ..Оқ оралаган бароқ қошларини чимириб, кўзларини юмганича  шеър оҳангига чайқалиб ғулдирарди.

 “Тақсим” майдонига денгизларнинг тўрт тарафидан учиб келган оппоқ чайкалар, сирли қора қарғалар, парлари кир- чир лоқайд бакланлар, қаҳратон совуқ, ўн, ўн беш метр баландликда пишқирган ваҳшатли тўлқинлардан қутурган бўрон қушлари ҳаракатларида  аллақандай  жонсарак сафарбарлик  сезиларди.

  “Биласанми Баҳор,  онам шу ерда қони тўкилганига мамнундир, балки, қара майдонларда, кўчаларда пиёда  юришини билса-да,  яҳши кўрадиган баланд пошнали мунчоқ занжирли туфлисини кийиб келибди. У гўё ўзининг шахид бўлишини  билган лашкардай тантанали ҳолатда  ясаниб келибди”. 

   Сафохон туфлиларнинг ғаройиб намойишни киприк қоқмай  кузатарди. Кимнинг ҳаёлига келган экан ғоя?. Эгалари ҳалок бўлганида туфлилар оёқларидан тушиб   майдонда қолган.Бу туфли, ковуш, оёқ қопи, пойафзалнинг сони қанча бўлди экан. Юз, икки ...юз..уч юзми..воҳ олис турк  овулларида яшайдиган... “Тақсим”га келишган куч тополмаган сочлари оқ турк онаси 300ми, 400ми нафар фарзандидан, қизидан айрилибди. Бу ёмғирлар ёғаётган, денгиз қушлари айланаётган, шудринглар тушаётган кўҳна  дунёда.. Сафохондан-да толесиз, бахтсиз эналар бор экан..

     Қизининг  йўқолгани ҳақида Истанбул Аташаҳар полициясига шикоятидан сўнг,  кўчага улоқтиришган бўлса-да...бирор кимса қизинг ўлди демади..Худога шукур..Балки, полициядаги зобитлар бугун -  эрта “қизингиз тирик” деб қўнғироқ қилиб қолишар..Оҳ, қани эди...

  “Тақсим” майдони атрофи..мустақиллик монументи ёни..узун – узун ялтироқ ойналарда акс этаётган... ҳаяжонли мусиқачилар  скрипка,зурна, саксафон,ноғораларни, сазларини чалишга шайланишди. Гул дўконлар, машҳур турк кўзмунчоқлар совғалари, қора денгиз, Қизкулеси акс этган мойбўёқ расмлари,тақсимчалар, сачоқли гиламлар,  турк ёзари Орхан Памукнинг кутубхона фонида тушган  расмли  асари    жой олган китоб дўконлари, қаҳвахоналар эшиклари очилди.Истанбулнинг осмонўпар  хотеллари, банклари, тижорат марказлари томига ўрнатилган турк байроқлари тонгги гўзалликда янада мағрурроқ ҳилпиради.

  Бирдан Туркиянинг, дунёнинг ҳар жойидан келган хотин – қизлар, хижобли оналари..  қўлларида байроқлари, шиорлари, юзларида ниқоблари билан қотиб қолдилар.Тун бўйи  Истанбул осмонини  қоплаган Қора денгиз  чайкалари, қарғалари, ўрдаклар, бакланлари ва бўрон қушлари  бир вақтнинг ўзида ҳавога кўтарилган эди. Бир зум атрофни кумуш тус  ёғдулар қоплади. Уйқуси учмаган “Тақсим” мусиқачилари  тиринг – тиринг созлари,зурналарни мослаб,узун сочларини  силкитиб,  Туркиянинг миллий  гимнини бошлаб юборишди. Шоир Меҳмет Эрсўй ўзининг турк юраги билан дунёга, эриниб кўзларини очаётган оламнинг қалби бўлган Истанбулга ҳайқирарди.

Korkma! Sönmez bu şafaklarda yüzen al sancak,

Sönmeden yurdumun üstünde tüten en son ocak.

O benim milletimin yıldızıdır, parlayacak;

O benimdir, o benim milletimindir ancak.

   “Дунёнинг қалби Истанбул..” деди ичида ҳаяжонланибми, қалтирабми Сафохон. Бошини баланд кўтариб  туфлилар денгизида сузиб юрган ёш-қари, сочлари ёйиқ, жингалак, ҳижобли,аллақайси ташкилотнинг яшил ранг  хизмат либосидаги  намойишчи хотинлар тамон юрди. Сафохоннинг юзида тоғларни қулатадиган мағрур ва қаътиятли  бир ифода бор эди.

  Улкан майдон ғаройиб кумуш нурга тўлган эди.Сон-саноқсиз денгиз қушлари улкан  учар диназаварлар  каби майдон узра учиб айланиб,  мақсадига етгандай Босфор бўғози, Қора денгиз тамонга йўл олишди. Майдонга келаётган хотин-қизлар туфайли тобора кўпаяётган эгасиз туфлилар расталари  нур, ёғдуга беланарди. Ҳаводан   денгиз қушлари  патлари мисоли баҳор ёмғирларидай ёғиб, эрта етилган тоғ  мамақаймоқлардай уча –уча сон – саноқсиз туфлилар устига қўнарди.Балки, шу йўсин денгиз қушлари-да, ўзлари  асрлар оша олиб келган туфлиларми, мактубларми, шонли байроқларними, нишоналарини ташлаб кетишарди.

  Январь –февраль 2019 йил. Тошкент.

 

 

- - -


< Orqaga qaytish