Мақола

Кошғарийдан қолган тил садолари. Рустам Мусурмон


Marta o'qildi

Кошғарийдан қолган тил садолари. Рустам Мусурмон

 

 

Қозоқ тилида ижод қиладиган адиблар Абай асарларининг тили ҳозирги замон қозоқ тилидан кўра Маҳмуд Кошғарий тилига яқинроқ эканини таъкидлашади. Жаҳон адабиётининг дурдоналарини, жумладан Абай Иброҳимнинг шеърларини ҳам Миртемир домла қиёмига еткизиб ўзбек тилига таржима қилган эди. Устоз Абдулла Орипов “Карвон” шеърида Миртемирнинг таржимонлик маҳоратини шундай таърифлаган:

 

Не-не ўлкаларнинг не даҳолари

Сиз боис ўзбекча сўйлаган эди.

Сизнинг лафзингизда куйлаган эди

Кошғарийдан қолган тил садолари.  

               (“Йиллар армони”, 1984, 379-бет)

Абай ўланларидаги қадимий туркий тилнинг “шира”ларини, оҳангдаги маъно ва қочиримларни аниқроқ англаш ва ўланларнинг бадиий хусусияти, тили ҳақидаги фикрларни равшанроқ баён қилиш учун мисолларни қозоқ тилидаги китобдан келтиришга ҳаракат қилдик.

 

Қансонарда бургутчи чиқади ангға,

Тастан тулки топилар ангдиғанға. 

              (“Абай”, 1994 , Алмати, 14-бет)                            

Бургутчи қор ёққанда овга чиқади. Чунки, оппоқ қорда ёввойи ҳайвонларларнинг излари аниқ кўзга ташланади. Овчи тулкининг изини осонгина топиб олади ва унинг изига тушади. “Анг” –  ёввойи ва йиртқич ҳайвонларнинг умумий номи. “Ангдув” – пойламоқ, йирқич ҳайвонларнинг изидан тушмоқ. Бу сўзлар қорақалпоқ тилида ҳам шу маънони билдиради. Ўзбек тилидаги бўш-баёв, уқувсиз, содда маъносидаги “ангқов” ҳамда тушунмоқ, уқиб олмоқ сўзларининг маънодоши “англамоқ”нинг ўзаги ҳам “анг”. Ангни – ёввойи ҳайвонни овлашни эплай олмаган, унинг изини англамаган ландовур – ангқовдир.

Маҳмуд Кошғарий лўғатида эса “анг” сўзи шундай изоҳланади: “Анг – қуш исми, унинг ёғидан дори сифатида фойдаланишади. Агар ёғи кафтнинг юзига сурилса, кафт орқасига ҳам ёйилиб кетади” ( “Девони луғотит турк” “Ўзбекистон ССР Фанлар академияси нашриёти, Тошкент 1960 йил, 1-жилд, 76-бет).

Абай ангчининг тулкининг изидан дарё ўзанига чиққани, бургутини тулкини овлаш учун учирганини ёрқин бадиий бўёқлар билан тасвирлайди.

 

Қар – аппақ, буркит – қара, тулки – қизил,

Ўхшайди қаса сулув чўмилғанға.

Қара сочин кўтариб икки шынтақ,

У-да булк-булк этмайми сийпағанда.                                          

                         (“Абай”, 1994, Алмати, 15-бет)

“Қас” – ҳақиқий, чинакам, асил”, “шынтақ”– билак деган маънони англатади. Шоир оппоқ қорда қора бургут билан қизил тулкининг олишуви манзарасини ниҳоятда гўзал қизнинг сувда чўмилаётган ҳолатига ўхшатади. Сулув икки билаги билан қора сочларини кўтариб бошини ювгани, сувда чўмилгани каби бургут билан тулки жон талашиб курашганида оқ, қора ва қизил ранглар айқаш-уйқаш бўлиб, ялт-юлт этиб кетади.    

 

Аппақ эт, қип-қизил бет, жап-жалангач,

Қара соч қизил юзни яширганда.

Куёви эр, қалындығи сулув бўлиб,

Яна ўхшар тор тўшакда жўлғасқанға.

                             (“Абай”, 1994, Алмати, 15-бет)

Қора бургут қизил тулкига чанг солгани қора сочнинг қирмизи юзни яширганига ўхшатилади. Ов завқини шоир куёв билан келиннинг чимилдиқдаги висол оқшомига тенглаштиради.

Абай ушбу ўланни ҳақиқий овчи йигитлар ўқиса, завқланади, дея якунлайди. Зотан овга чиқиб, ангга қуш солиб, ов завқини ҳис қилмаган кимсалар, бу ўланнинг қадрини ҳам билмайди.

 

Муни оқыса, жигиттер, ангшы оқысин,

Била алмассынг, қус салып дам татпасанг.

                          (“Абай”, 1994, Алмати, 16-бет)                                

Шоирнинг мазкур ўлани Маҳмуд Кошғарийнинг “Девони лўғотит турк” асаридаги қуйидаги қўшиқни эслатади.

 

Чағри алиб арқун,

Муниб арқар етар,

Авлар кэжик тайған

Изиб тилку тутар.

 

Қўлига лочин қўндириб,

Алқорларга етади.

Този ит-ла кийик билан

Тулкиларни тутади.                   

           (“Девони луғотит турк” 1-жилд, 398-бет.)

Туркий халқлар турмушида эпчил, чаққон ва мерган овчиларнинг фаолияти ниҳоятда қадрланган. Шоирлар чавандоз ва қушчи йигитларнинг жасоратини мадҳ этган. Абай ҳам ўз халқининг ана шундай фазилатини улуғлайди. Шоир ов манзараси билан бирга овчининг кўнглидаги шавқу завқни бадиий маҳорат билан ифодалайди. Инсон туйғуси ва руҳиятининг тасвири бадиий асарнинг умрбоқийлигини таъминлайди.

 

Мен салом ёзаман,

Қароғим, қалқама.                                           

Қайғунгдан озаман,

Боргувчи айтама?

 

Кўнгилга юпаниш,

Сен эдинг, бозорим.

Энди йўқ қувониш,

Тўзмоқда ажарим.            

              (“Абай”, 1994, Алмати, 253-бет)

“Қалқам” сўзи жоним, меҳрибоним маъносини англатади. Жоним, сенга саломнома ёзаман, дейди лирик қаҳрамон. Лекин жондан ҳам азиз жонона бепарво. “Ажар” ранги рўй деган маънони билдиради. Ишқингда рангим сарғайиб сомон бўлди, деб ўртанади ошиқ.

 Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит турк” асарида севги ҳақидаги лирик шеърларга ҳамоҳанг­ликни ҳис этаркансиз, улуғ боболардан қолган наволарнинг янги оҳанглари дилга завқ бағишлайди.

 

Ўзик мени қумитти,

Сақинч менга юмитти,

Кўнглим ангар эмитти,

Юзим менинг сарғарур.

 

(Севги дарди қўймайди,

Соғинч мени қийнайди,

Кўнглим унга тўймайди,

Юзим менинг сарғаюр).

                                      (ДЛТ 1-жилд, 99-бет)

Абай ўланларининг асосий қаҳрамони туйғу, фикр, эҳтирос, дард, қайғу ва севинч.

Абай ўланларининг асосий мавзуси халқининг нурли келажаги учун ёниб-куйиш, элдошларининг тараққиётдан орқада қолаётганидан ўртаниш, миллатни нодонлик ва қолоқликдан воз кечишга, илму ҳунар ўрганишга даъват этиш. Шу боис билимсиз, нодон ва беғам одамларни аёвсиз танқид қилади.

 

Ёшликда билим излаб югурмадим,

Хайрин билдим, бироқ юз ўгирмадим.

Улғайганда қарасам қўлим қуруқ,

Кечикиб қўл чўздиму, улгурмадим.

 

Билимсиз қолганимга ким гуноҳкор?

Изласам бўлармидим мунчалик хор?

Одамзод тасаллиси фарзанд экан,

Фарзандимни билимга қўймадим зор.

(Абай “Ёрқин юлдуз”, Тошкент, 2015, 25-бет Миртемир таржимаси.)                                                         

Панд-насиҳат мавзусидаги ўланларида ёшларни илғор илм-фан ва бадиий адабиёт ютуқларидан хабардор бўлишга, тил ўрганишга ундайди. “Интернатда ўқийди талай қозоқ боласи” деб бошланувчи шеърида билим эгаллашнинг манбаи китоб ўқишда эканини таъкидлаб, билимга бефарқ кишиларни “Уйида йўқ бирининг Салтиков ё Толстой” (“Ёрқин юлдуз”, 42-бет) дея танқид қилади. 

 

Қозоғим, шўрлик юртим, вайрон юртим!

Қоронғида йўл тополмай ҳайрон юртим!

Ёмон билан яхшини фарқ қилолмай,

Оғзида ҳам қон, ҳам мой сарсон юртим.

(Шу банднинг охирги мисраси “Оғзи-бурни ҳам қон, ҳам мой сарсон юртим” дея таҳрир қилинганида халқ иборасига мос бўларди – Р. М.)

 

Тунда уйқунг бузилар, кундуз — кулкинг,

Дардингга эм бўлмади молинг — мулкинг!

Очкўзсан, тамакорсан, қурумсоқсан,

Бор савлатинг бошингга кийган тулкинг…

 

Оталарга ўхшамай қолди турқинг,

Ёпирай, мунча кетди, элим, хулқинг!

Бирлик йўқ, барака йўқ, бузилди феъл,

Қани йиққан давлатинг, боққан йилқинг?

(Абай “Ёрқин юлдуз”, Тошкент, 2015, 35-бет, Миртемир таржимаси)         

                        

 

Устозимиз Абдулла Орипов таъмагирлик нуқсони бор, нафси ёмон кишиларни таърифлаганда “Бир чўқиб, ўн қарайди” деган кўҳна нақлни эслар эди. Абай қадимги туркий мақоллар, ҳикматли сўзлар ва иборалардан бадиий восита сифатида маҳорат билан фойдаланади. Қуйидаги сатрларда порахўрлик, таъмагирлик ва очкўзлик эл-юртни таназзулга учратгани ҳақидаги аччиқ фикрлар сонлар воситасидаги истиора билан ифодаланади:

 

Байлар жур жиған малин қорғалатиб,

Ўз жузин ўнин бериб алар сатип.

Ўнин алип, тўқсаннан таъма қилип,

Бул журтти қўйған жўқпа Қудай атип?          

(“Абай” 1994 йил, Алмати, 29-бет)

 

Абай ўланлари ҳам “Девону луғотит турк”даги лирик шеърлар каби бармоқ вазнида битилган. Китобда 7-8 ва 11-12 ҳижоли вазнда битилган шеърлар кўп. Лекин туркий халқлар оғзаки адабиётида шундай шеърий шакллар борки, улар мураккаблиги ва ўйноқилиги, оҳандорлиги билан ўқувчини ҳам, тингловчини ҳам сеҳрлаб қўяди. Бу тўлғов жанридаги лирик шеърлар ва термалардир.

Ичим ўлган, сиртим сов,

Кўринганга дейман-ов:

Бугунги дўст – эртан ёв,

Мен не қилдим, ёпирим-ов?!

Бундаймасдинг анов кун,

Нима бўлди, ботир-ов?

Уч кун арқон бўшаса,

Бўла қолдинг бўш асов.

Берарманда бешовсан,

Оларманда яна олтов.

Тўп бўлганда кўрарсан

Турли довни юз таров.

Қайтиб келар эшикни

Қаттиқ ёпма, ёрқин-ов!

Етилсанг-да, етсанг-да,

Керак куни бир бор-ов.      

         (“Абай”, 1994, Алмати, 89-90-бетлар)

 

Тўлғов шаклидаги шеърий усул халқ достонларида ҳам кўп учрайди.

“Алпомиш” достонида Товка ойим Алпомишнинг келаётганини эшитиб, бекни кутиб олишга чиққани шундай тасвирланади:

 

Хабар эшитгандан туриб жўнади,

Канизларман бирга-бирга келади.

Келаётир кўнглин хушлаб,

Ўн канизи йўлни бошлаб,

Ўн канизи пўш-пўшлаб,

Ўн канизи зулфак ташлаб,

Ўн канизи белин ушлаб,

Неча қизлар ўйин бошлаб,

Бир-бирининг вақтин хушлаб.

(“Алпомиш” “Шарқ” НМАК, Тошкент, 1998, 298-бет, айтувчи Фозил Йўлдош ўғли.)

 

Абайнинг шеърларини аслиятда, яъни қозоқ тилида ўқиган китобхон шоир оҳанглар ва товушлар афсунгари эканини англайди ва бу гўзал ҳамда жозибали шеъриятнинг оҳанрабосига ром бўлиб қолади. Оҳанг, сукут, урғу, суръат, товушлар уйғунлиги гоҳ тоғдан тушаётган жилғага, гоҳ елиб бораётган арғумоқнинг туёқлари дупурлашига, гоҳ қуюнга, гоҳ майин шаббодага ўхшайди. Бепоён кенглик, чексиз даштларнинг манзараси ўз оҳанглари билан Абай шеъриятига кўчган. Айни пайтда унинг ижодида осмонўпар тоғ чўққиларининг улуғворлиги ҳам намоён бўлади. Улуғ шоир шеърларидаги оҳанглардан олинган айрим мисолларга эътибор беринг.  

 

“Буралип турип,

Бувини қурип” 5 ҳижоли,

“Соф-соф кўнглим, соф кўнглим” 7 ҳижоли,

“Қалинг элим, қазағим, қайран журтим” 4-3-4 туроқ билан 11 ҳижоли,

“Қақтаған ақ кумистай кенг мангдайли” 11 ҳижоли,

“Қартайдиқ, қайғи уйладиқ, уйқи сергак” 12 ҳижоли,

 

“Саккиз оёқ” саккиз мисра “а-а-б; в-в-б; г-г” шаклда қофияланган 25 бандли, 5-5-8; 5-5; 8-8-8 ҳижоли мураккаб ва ўйноқи бармоқ вазнида ёзилгани билан эътиборни тортади.  Ўланнинг ҳар банди саккиз қатордан бўлгани учун “Саккиз оёқ” деб номланган.

Ҳар банди 6-4-4-3-4-2-8 ҳижоли 7 мисрали, шунингдек ҳар банди 9 мисрадан бўлиб, 4-4-7-4-4-7-4-3-3 ҳижоли вазнда ёзилган ва “а-а-б;в-в-б;г-г-г” шақлда қофияланган ўланлар туркий шеъриятнинг оҳанглари ранг-баранг эканини намоён этади. 

Ҳар мисраси 6 ҳижоли ўландаги товушлар уйғунлиги, такрорлар, ҳаракат-ҳолатни билдирган сўзлар худди афсун ўқилгандек янграйди:

 

Иситқан, сувитқан

Бўйингди бир кўнгил.

Дунёни унутқан

Қумаринг тўзар, бил.

 

Туркий халқларнинг қўшиқларию лирик термаларида охирги сатрлари асосан феъл билан якунланади. Яъни шеърнинг қофияси феъл сўз туркумига мансуб бўлади. Бундай поэтик хусусият Абайнинг шеърларига ҳам хос. Албатта, бугунги кун ижодкори учун шеър қофиясининг от ёки сифат бўлгани яхши. Чунки, қофия от бўлса, бундай қофиядан янги ном, янги образ яралади. Агар қофия сифат бўлса, янги ранг яралади. Бу эса шеър тилини бойитади. Бироқ ўйланиб қоламан, нима учун қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, шу жумладан қадимги ўзбек шеъриятининг қофияланиш шакли асосан феълдан иборат? Ҳар бир халқнинг бадиий адабиёти ўша халқнинг руҳияти, феъл-атвори, урф-одати ва фикрлаш тарзини намоён этади. Феъл иш-ҳаракатни, амалиётни ифодалайди. Туркий халқлар ҳаракатчан, чаққон, жанговар, тадбиркор бўлган. Улар бепоён кенгликларда қишлоқдан яйлоққа, яйлоқдан қишлоққа кўчиб қўниб умр кечирган. Қушдек учқур тулпорларида елиб, душманларининг додини берган. Ҳаёт учун курашнинг асосий шарти ҳаракат, ҳаракат, яна ҳаракат бўлган. Шунинг учун уларнинг қўшиқларининг қофияси ҳаракатни ифодаловчи феълдан тузилган. Думбираю қўбиз мусиқаси жўрлигида куйлаган қўшиқларида қаҳрамонлик, ботирлик, чаққонлик, топқирлик, зийраклик мадҳ этилган.    

Туркий халқлар шеъриятининг яна бир қадимий тури топишмоқдир. Баъзида у жумбоқ деб аталади.

Абай ҳазратлари қадимий туркий шеъриятнинг вориси сифатида жумбоқ жанридаги шеърлар  ҳам  битади. Шоир уларда дунёнинг моҳияти, умрнинг ўткинчилиги, табиат ва оламнинг яратилиши, эзгулик билан ёвузлик ўртасидаги курашни тасвирлайди.

 

Жумбоқ:          

Аллоҳ яратган кучли саккиз ботир,

Бир-бири билан кураш тушиб ётур.

Галма-галдан йиқитишиб, ётиб-туриб,

Ким енгади – номаълум аллал охир.

 

Ечими:

Буни топсам ўйланиб: “Оқин” – денгиз,

Тополмасам: “Қайда қолди ақл?” – денгиз.

Қиш билан ёз, кун билан тун, тоқ билан жуфт,

Яхшилик билан ёмонлик – бўлди саккиз.

(Матн “Абай”, 1994, Алмати, 169-бетдан олинди, таржима бизники – Р. М.)

 

Абай ижодида айтишув(қиз билан йигитнинг ўлан айтишуви), йўқлов жанридаги шеърлар ҳам мавжуд. Айни пайтда Абай аллома шоир. Унинг диний мазудаги шеърлари халқни ҳидоятга, имон- эътиқодга даъват этади. Шоирнинг ўз даврининг илғор зиёлиси, маърифатпарвар ижодкор сифатида рус мумтоз  шеъриятидан қилган таржималари ва бадиий маҳорати ҳақида жуда кўп гапириш мумкин.

Абай ижодини ўрганиш бугунги ёш авлод учун туркий шеъриятнинг бетакрор ва ранг-баранг поэтикасини кашф этиш ва таҳлил қилиш имкониятини беради. Шоир шеъриятидаги умрбоқий ҳикматлар ёш авлодни миллий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга. Адабиётни ривожлантириш, қардош халқлар ўртасидаги адабий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, айниқса Абай ижодини теран ўрганиш ва тарғиб этишга қаратилаётган эътибор нур устига нур бўлди.

 

Рустам Мусурмон,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

1963 йили  туғилган. Тошкент давлат университети(ҳозирги ЎзМУ)нинг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган.

«Руҳимнинг товуши», «Хиргойи» шеърлар ва достонлар тўпламлари нашр этилган. А.Файнбергнинг «Чиғир», Б.Генжамуроднинг «Окуздарё битиклари», каби шеърий тўпламларини ўзбек тилига таржима қилган.

- - -


< Orqaga qaytish