Эълон ва табриклар

Хива хонининг 100минг доллорлик мактуби.


Marta o'qildi

Хива хонининг 100минг доллорлик мактуби.

 

 100 минг долларга баҳоланган Хон мактуби

Хива хонининг Англия бош вазирига ёзган мактуби ҳижрий 1263 йилга тегишли бўлиб, унда икки давлат ўртасида дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, савдо-сотиқни ривожлантириш ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилиш ифода этилган. Хон ушбу мактубни ўзининг мулозим навкарларидан бўлган Маҳмуд Ниёз орқали жўнатиб, навкар Англияга қайси давлатлар орқали бориши маълум қилиниб, шу давлатлар мулозимларидан навкарнинг бехавотир ўтишлигини хон илтимос қилган. Форсий тилда битилган бу мактубни ўрганган америкалик бир сайёҳ, бу ҳужжат учун 100 минг доллар таклиф қилган эди. Лекин бу бебаҳо ҳужжат бўлгани учун шу ерда сақланмоқда.
 

Бу Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архиви шарқшуноси Дилшод Ваҳобовнинг “Хива хонлиги архив ҳужжатлари” номли фондда сақланаётган малумотлар ҳақидаги фикрлари эди.
 
Айни вақтда мазкур фондда сақланаётган ноёб ҳужжатлар 1 минг 268 йиғмажилддан иборат бўлиб, уларда ҳаммаси бўлиб, 83 минг 551та ҳужжат мавжуд. XVII аср охири - XIX аср бошларидаги Хива хонлигида давлат бошқаруви, хоннинг ёрлиқлари, халқаро дипломатик алоқалар, ходимларни мансабга тайинлаш, оддий фуқароларнинг хонга тўғридан-тўғри мурожаати, ер ҳосилининг ҳисоб-китоби, солиқлар ва закот ҳақидаги маълумотларни ўзида қамраб олган. 
 
a64f7b9d-5949-42b3-9ee4-110de747322b.jpg
 
Мазъкур йиғмажилдларда савдогарларнинг шахсий кундаликлари, хоннинг пайғамбар авлодларидан бўлган фуқароларга ва илм аҳлига тақдим этган солиқлардан имтиёз берувчи ёрлиқлари, никоҳланиш учун қозининг рухсатномаси бор. 
 
Мисол учун, Хива хони Абул Музаффар вал Мансур Саййид Шоҳтемир томонидан Муҳамад Нодиршайхнинг фарзандлари: Абдулҳай Маҳдум, Ҳожи Поянда Маҳдум, Нуруллоҳ Маҳдум ва Абдуллатиф Маҳдумларга барча солиқлардан озод қилувчи ёрлиқ берилган.
 
Хўш бундай ёрлиқлар кимларга берилган? Улар энг аввало, насл-насаби Пайғамбаримиз Муҳаммад а.с.га бориб тақаладиган кишиларга уларни ҳурматлаш юзасидан берилган. Ёрлиқда ҳадис ҳам келтирилган: “Ман акрама авладий фақод акраманий”, яъни “Кимки менинг авлодларимни ҳурмат қилса, гўё менга ҳурмат келтирган бўлади”, унда яна “Ал-Уламау варасатул анбияи” яъни “Олимлар Пайғамбарларнинг меросхўридур” деб ёзилган. Ушбу ҳадисга кўра, фақатгина Пайғамбар авлодларига бориб тақаладиган кишиларга эмас, балки олиму-уламоларга ҳам ушбу ёрлиқлар тақдим этилган. 
 
Ҳужжатларни кўздан кечирар эканмиз, улар орасида рамазон ойининг фитр садақаси миқдори келтирилган қоғоз эътиборимизни тортди.
 
1281 йилга тегишли бу ҳужжатда кеча тасвири чизилиб, унинг ичида ушбу вақтдаги иди рамазон намози соат 1 дан 15 дақиқа ўтганда ўқилиши ёзилган. Шунингдек, ҳужжатнинг асосий қисмида рамазон рўзаси тугагунча бериладиган фитр садақаси тўғрисида маълумот берилган. Жумладан, ун, хурмо, ризқий, буғдой, арпа каби маҳсулотларнинг миқдорлари ўша давр ўлчамларида кўрсатилган. Унда Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг садақага оид ҳадислари ҳам ёзилган экан. 
 
100_ming_dollarga_ba_olangan_khon_maktubi.jpg
 
Хива хонига фуқаролар ёзган аризалар ва билдиришномалар ҳам кўпчилик учун қизиқ бўлса, ажаб эмас. Масалан, хонликка тегишли бўлган “Бекёф” мавзесидаги фуқаролар солиқ тўлашга оид ариза ёзиб, ушбу мавзедаги ерларнинг баъзи қисмлари сувсиз эканлиги, лекин фуқаролар сувли ер учун солиқ тўлаётганликларини айтишган. Улар солиқ тўлашда бу ҳолат ҳисобга олинишини илтимос қилганлар. 
 
Муҳаммад Раҳимбой номли фуқаро ёзган билдиришномада, 1903 йилнинг февраль ойида Андижон шаҳрида юз берган зилзила оқибатида талофат кўрган ва бошпанасиз қолган бева-бечоралар, етимлар учун ўзи 2000 манат, қўшнилари 2500 манат пул тўплаб, жўнатгани ҳақида маълум қилган.
      
         Сайёра Шоева.
      UzA

 

 

- - -


< Orqaga qaytish