Адабий тадқиқот

10 апрель. Ўлуғ ёзувчи  Абдулла Қодирий туғилган кун.


Marta o'qildi

10 апрель. Ўлуғ ёзувчи Абдулла Қодирий туғилган кун.

ХХ юзйиллик бошларида йигит билан қизнинг танишуви биз ҳозир кўниккан тарзда бўлмаган. Бир-бирини кўриб севги изҳор қилиш, бир-бирини ўрганиш учун учрашиб туриш йўқ, ҳатто гаплашишга имкон берилмаган ё берилса ҳам, жуда оз муҳлат. Улар илк бора асосан чимилдиқда кўришган. Ўртада муҳаббат туғилиши мумкинми? Мумкин, лекин кўнгилсизлик юз бериши ҳам мумкин… Шунга қарамай, ўша даврда ҳам гўзал инсонлар – юртдаги оилавий кўникмаларни ҳурмат қилувчи қалби тоза, иффатли ва закий қизлар, ўктам ва оқил йигитлар муҳаббат ва ҳурмат билан тўла чиройли ҳаёт қура олганлар. “Ўтган кунлар”даги Кумуш билан Отабек, “Меҳробдан чаён”даги Анвар билан Раъно шу фикримизнинг тимсоллари эмасми? Булар бадиий асар қаҳрамонлари, ёзувчи хаёлотининг маҳсуллари, дейишга шошилманг. Мен уларни фақат орзулар туфайли туғилган қаҳрамонлар деб ўйламайман. Аксинча, ҳаётнинг ўзидан олинган саҳналар тасвири, Абдулла Қодирий билан Раҳбарнинг севги тарихи роман саҳифаларига кўчган, деб ўйлайман. Келинг, уларнинг туғим ва ёшлик йилларини кўздан кечирайлик.

Абдулла Қодирий

Абдулла Қодирийнинг отаси Қодирмуҳаммад Эски Жўва маҳалласидан Ҳожимуҳаммад бобонинг 1822 йили туғилган иккинчи ўғли эди (бобонинг яна бир ўғли ва бир қизи бўлган). “Саводсиз, ҳунарсиз, аммо бақувват, серғайрат, шижоатли ва дунё кўрган киши бўлиб, йигитлик чоғларида хон ва беклар қўлида сарбоз бўлганлар, улғайиб қолгач, Эски Жўвада баққоллик дўкони очиб, ипак, идиш-оёқ, чой каби моллар билан савдо қиладилар ва тижорат важи билан узоқ шаҳар-мамлакатларга кўп бор сафар қиладилар” (Ҳабибулла Қодирий, “Отам ҳақида”; мақолада асосан шу китоб маълумотларига таянилган). У 1870 йилгача шу иши билан, кейин деҳқончилик билан машғул бўлади.

Қодирмуҳаммад ҳар қанчалик қувватли, полвонкелбат бўлмасин, фарзандсизлик дарди уни умр бўйи таъқиб этади. Бир уйланади – бола кўрмайди, хотини билан ажрашади, икки уйланади – тирноққа зор ўтади, яна ажрашади, уч уйланади – яна хотини туғмайди, вафот этади. Аммо Қодирмуҳаммад дунёдан умидсиз эмасди. 56 ёшида тўртинчи марта уйланиб кўришга қарор қилади ва ўзидан қирқ ёш кичик Жосият исмли ўн беш-ўн олти яшар қиз билан оила қуради, ниҳоят Оллоҳ уларни фарзанд билан сийлайди. Қодирмуҳаммад 57 ёшида (1879) бир ўғил кўради: худо раҳм қилди, берди фарзандни деб, отини Раҳимберди қўядилар. Аммо Ҳақ таолонинг синовлари кўп экан, улар энди мусибат дардига йўлиқадилар: “Раҳимбердидан кейин туғилган ўн икки фарзанднинг ҳаммаси негадир кетма-кет нобуд бўлаверади”. 1891-1892 йиллари жойимизни ўзгартирсак, фарзандимиз турармикин деган умид-ирим билан Эски Жўвадаги ҳовлиларини сотиб, Самарқанд дарвозасидаги Эшонгузар маҳалласидан қуруқ ер олиб, иморат қуришади. Шу ҳовлига кўчишгач, Абдулла Қодирий дунёга келади.

Катталарнинг айтишича, Абдулла туғилган йили Николай подшоҳ тахтга ўтирган, ўрик гуллаган пайт экан. Шунга қараб Абдулла Қодирийнинг туғими 1894 йил, тахминан 10 апрель бўлса керак, деган қарорга келадилар (Қодирмуҳаммад бу пайтда 72 ёшда эди, кейин 75 ёшида яна бир ўғил кўрган).

Абдулла ҚодирийАбдулла Қодирий

Абдулла болаликдан серфикр, ўз сўзли бола эди. Уни ҳақсиз ранжитсалар чидолмай, кўзларини шокоса қилиб қараб турар, кўзёшларини дув тўкиб юбораркан. Аммо айб ўзидан ўтса, жазо олажаги адолатли ва муқаррар эканини билиб, уни юмшатиш йўлларида бироз кўзга кўринмас, чора тополмагандан сўнг бош эгиб айбини бўйнига олиб, кечирим сўраб келаркан. Чунончи, 6-7 ёшларида боғда болалар билан чўп, хашак, эски-туски латталарни йиғиб гулхан қилишгани, шунда Абдулланинг ёнаётган бир латтани косов учига илиб осмонга отгани ва у қўшнининг ғарам қилиб қўйган барди устига тушиб ёниб кетгани, қўшнилар оловни зўрға ўчирганлари ва ўт сабабчисини суриштира бошлаганларида Абдулла холасиникига қочиб кетгани, охири йиғлаб келиб: “Билмабман, кечиринг, дада”, дегани ҳикоя қилинади. Ўшанда Қодирмуҳаммад айвон устунига қистириб қўйилган чивиқни олиб, Абдуллани ура кетган. Бу билан ҳам қаноатланмай, арқон билан устунга боғлаб, яна уришга чоғланганида ғарами ёнган қўшни кириб: “Қодир ота, мен Абдулланинг гуноҳидан ўтдим, сиз ҳам кечиринг, бола-да, билмай қолган”, деб уни жазонинг давомидан қутқариб қолган.

Қодирмуҳаммад ўзи саводсиз бўлса ҳам, ўқимишли кишиларни ҳурмат қилар эди. “Ўзимнинг хатим йўқ-да, бўлмаса ҳаммангни бармоғимда ўйнатардим”, дер экан доим. Болалар мактаб бораман, деса, ишлаб турган жойидан қўйиб юборар, катта ўғли Раҳимберди ўқигиси келмагани боис “Сен одам бўлмайсан”, деб уришар, ҳовузга пишиб-пишиб урар экан.

Отаси Абдулланинг яхши ўқишидан шод эди. Чунки уни Занги ота маҳалласидаги Олим домла билан Зия домлага ўқишга беришганида, бошқа болалар алифбени йиллаб ёдлолмай юрган бир пайтда Абдулла бир ойда алифбени, бир йилда тўрт йиллик ўқув дастурини тамомлаган эди. Кейин у эски усул мактабида яна бир неча марта домла ўзгартирди.

Абдуллаларнинг оиласи ночор аҳволда яшарди. Шунинг учун ўн икки ёшидаёқ бир бойга хизматчиликка беришади. У савдогар киши бўлиб, русча биладиган, ўқий ва ёза оладиган одамга муҳтож эди. Абдулланинг зеҳни ўткирлигини кўриб, уни ўрис мактабига (рус-тузем мактабига) юборади. Аммо хўжалик хизматидан озод қилмайди. Абдулла ҳам ўқиб, ҳам хизматда бўлишга бардош беролмайди. Ота-онасига ёлвориб хизматдан қутулиб, уйга қайтиб келади, аммо мактабда ўқишини давом эттиради. Ҳар доим қўлида китоб, ҳатто юриб кетатуриб ҳам ўқишини тўхтатмас эди. Шунда бир қўшни хотин онаси Жосиятга “Абдулла жинни бўлиб қолмаса яхши эди”, деган экан. Дадаси эса бундай гаплардан аччиқланиш у ёқда турсин, ўғлининг кўп ўқишидан, ўқишга жиддий муносабатидан завқланаркан.

Бир куни Абдулла чойга нон бўктириб наҳорлик қилгандан сўнг жилдини бўйнига осиб, укаси Қудратуллага: “Қани юр, мактабга”, дебди. “Кетаверинг, ўзим бораман”, дебди укаси. “Йўқ, кеч қоласан, тур”, деб уни судраб, ўрнидан турғазиб, қаршилик қилса урибди. Қудратулла ерга ағанаб йиғлаганига қарамай, олдига солиб олиб кетибди. Улар кетиши билан, дадаси: “Хаҳ-ҳа-ҳаҳ, ўқиш мана бунақа бўлади”, деб мириқиб кулган экан.

Турсун отин деган қўшниларининг китоби кўп бўлиб, Абдулла уларни битта қўймай ўқиркан. “Юсуф ва Зулайҳо”, “Ҳурилиқо”, “Лайли ва Мажнун”, “Фарҳод ва Ширин”, “Чор дарвеш”, “Қиссасул анбиё”, “Калила ва Димна”, “Навоий” (у ҳақдаги ривоятлар), “Машраб”, “Искандарнома”, “Рустами достон”, “Ҳотамтой”, “Жамшид” каби китобларни ўқиб, Турсун хола билан мунозара қилар, тушунмаган сўзларини ё сўраб ва ё сўз маъносини китоб­лардан, сўзликлардан излаб топиб, билиб олар экан.

Абдулла билан рус-тузем мактабида бирга ўқиган Акмал Акромов ўз синфдоши ҳақида шундай хотира ёзиб қолдирган: “Абдулла билан иккимиз бир партада ўтириб, мунтазам илм олдик. У дарслардан илғор ва таътил кезларида қариб қолган отаси ёнида боғ ишларига қарашар, Раҳимберди акаси билан васса бозорига тушиб, тоқи йўнишар эди… 1912 йил кўкламида фақат иккимиз мактабни битирдик ва имтиҳонларни аъло даражада топширганимиз учун имтиҳонда қатнашган генерал Самсонов иккимизга биттадан кумуш соат мукофот қилди”.

Мактабни аъло баҳога битирган Абдулла бир мунча вақт нима иш қиларини билмай уйда қолади. Қодирмуҳаммад бу вақтда тўқсондан ошганди. Ўн саккиз яшар йигитнинг уйда ҳеч нима қилмай ўтиришидан ғаши келган Жосият бир куни паранжисини ёпиниб, Эшонгузардаги мулла Зайниддин исмли маҳалладошининг уйига чиқади ва:

– Абдуллангиз ўқишни битириб уйга кириб қолди, қилар иши фақат ўқиш, ёзиш. Бирор монандроқ ишга киритиб қўйсангиз, – дея илтимос қилади.

Шунда Зайниддин ака Чорсудаги растада Расулмуҳаммад исмли читфурушнинг “Менга русча ёзув-чизувни биладиган бир ҳалол иш юритувчи (приказчик) топиб беринг”, деганини эслайди. Абдулла бойга маъқул тушади.

Рахбар

Расулмуҳаммаднинг чит дўкони Чорсудаги дўппибозор ҳаммоми ёнида боши берк раста охирида жойлашган эди. Зайниддин аканинг хотирлашича, “Абдулла бўш қолса, китобини очиб мутолаага бериларди, то харидор келиб мол талаб қилмагунча бош кўтармас, харидорни жўнатиб яна китобга қарар эди”.

Расулмуҳаммад эскичада саводли бўлса ҳам, русча билмас, Абдулла каби русчани яхши билувчи кишига муҳтож эди. Кундузлари дўконда ишлаш, рус тилида хат-ҳужжатлар ёзиб, рус бойлари билан муомала қилиш, кечқурунлари ҳисоб-китобни жойига қўйиш, меҳмонларнинг хизматида бўлиш каби вазифаларни унинг зиммасига юклаган ва ўз хонадонида яшашига ҳам шароит яратганди. Бойникида ўша даврда чиқабошлаган айрим газета-журналлар, чунончи, “Тараққий”, “Хуршид”, “Шуҳрат” газеталари, “Ойина” журналининг бир қанча сонлари бор эди. Абдулла матбуот нашрларини ўқиди, Исмоил Ғаспиралининг “Таржимон” газетаси ҳақида кенг маълумотга эга бўлди. 1913 йили “Садойи Туркис­тон”, “Самарқанд”, “Ойина”га ёзиш нияти туғилди. 1914 йили “Садойи Туркис­тон”да биринчи мақоласи чиқди.

Расулмуҳаммаднинг зиёфатларига газета-журнал таъсисчилари, шоир, ҳофиз ва созандалар келиб туришарди. Барча маросим ва йиғилишларда Абдулла ҳам қатнашар ва гурунгларда оз сўзласа ҳам, вазмин ва сермазмун гаплари билан кўпчиликни ўзига мафтун этарди. Йиғилганлар гапирмай, жим ўтирган Абдуллага саволлар бериб, унинг жавобларини тинглашни кўп маъқул кўрардилар. Бир дафъа миллий ҳаётимиз ҳақида шундай деган эди: “Менимча, ўриснинг биздан юқоридалиги унинг иттифоқидан бўлса керак. Аммо бизнинг кундан-кунга орқаға кетишимизга ўз аро низоъимиз сабаб бўлмоқда, деб ўйлайман… Орамизда бу қўрқунч ҳолатга баҳаққи тушунадирган яхши одамлар йўқ, билъакс бузғучи ва низоъчи унсурлар томир ёйиб, ҳар замон содда халқни ҳалокат чуқуриға қараб тортадирлар” (“Ўткан кунлар”, 19-б.) Навқирон Абдулланинг бу каби гап-сўзлари тинглагувчиларни оҳанрабо каби ўзига тортар эди ва унинг обрўйи ва камоли ҳақидаги гап-сўзлар Расулмуҳаммаднинг оила аъзоларига ҳам етиб борарди. Бир куни Расулмуҳаммаднинг хотини Хоним биби Абдулла ҳақида суриштирди…

“Ўткан кунлар”да ўқиймиз:

 “– Меҳмонлар қанақа кишилар экан, танидингми?

– Нах сиз ёш меҳмонни кўрмабсиз, дунёга келмабсиз, – деди Тўйбека… – бир чиройлик, бир ақллик… ҳали йигирмага бормагандир, мўйлаби ҳам эндигина чиқа бошлаған… Нах бизга куяв бўладирган йигит экан, – Кумушка қараб кулиб қўйди”.

Абдулла ишлаётган хонадоннинг икки ҳовлиси, икки боғи бор эди, меҳмонларни гоҳ унисида, гоҳ бунисида кутар, уларнинг ҳаммасида қатнашаётган Абдулланинг овозаси ҳам бу ҳовлиларда Отабекники каби эди.

Абдулла Қодирийнинг кенжа ўғли Масъуд Абдуллаевнинг “Ўтганлар ёди” китобида шундай бир парчани ўқиймиз: “Ширинбулоқдан бироз юрилиб, боши берк тор кўчага бурилгач, яна 50-60 қадам юрилса, ойимнинг (Раҳбаройнинг) туғилиб ўсган ҳовлиларига етиларди. Икки тавақали эски, бўёқлари кўчиб кетган эшик орқали ташқари-ичкари ҳовлига кириларди.

“Ўткан кунлар” романини ўқиганимда “Киройи куёвинг шундай бўлса” фаслидаги манзарада дадам қайнота (Расулмуҳаммад) ҳовлиларининг ички-ташқи кўринишини таърифлагандай туюлганди”.

Шеркон Қодирий “37-хонадон” китобида бобосининг: “Ўзбек ойим – Жосият бибинг, Офтоб ойим – Хоним бибинг, Кумуш эса Ойкумуш опанг”, деган сўзларини келтиради. “Кумуш – Ойкумуш” деганларини инкор этмаган ҳолда, мен яна “Кумуш – ўз хотинлари Раҳбар”, деган фикрни ҳам илгари сураман. Бунга асосим:

“Расулмуҳаммадбойнинг Бурҳониддин, Заҳириддин, Насриддин ва Асомиддин исмли тўрт ўғли бор эди. 1914 йили уларнинг хатна тўйини қилган ва Абдулла бу тўйларда қўлидан келганча чин юракдан хизмат қилган эди. Бойнинг бу ўғиллардан каттароқ, бўйи етиб турган икки қизи бор эди. Каттасининг исми Раҳбар бўлиб, юзлари оппоқ, оққуш бўйинли, сарвдай тик қомат қиз эди. Абдулла уни авваллари ҳам тўй хатти-ҳаракатлари кунларида ҳовлиларда ё сув бўйларида, кўзаларга сув тўлдириш ва ё шунчаки чайиниш онларида бир неча марта кўрган эди.

“Ой каби юзлар, кулиб боқишлар, чўчиб қочишлар.. . уфф”, дея уйқусирашлар Отабекнинг эмас, Абдулланинг ўз кечинмалари эди, дейиш ҳақиқатга яқин. “Қуюқ жингила киприк остидаги тимқора кўзлари… қоп-қора камон, ўтиб кетган нафис, қийиғ қошлари чимирилган-да, нимадир бир нарсадан чўчиган каби… тўлған ойдек ғуборсиз оқ юзи бир оз қизиллиққа айланган-да, кимдандир уялған каби…”, “бўғриққан қизил юзлари очилинқираған эдилар. Айвон устунига суянгач, қора қийиғ қошларини чимириб кўча йўлак томонга қаради…”, “Кумуш биби ариқ сувининг… ҳаракатини узоқ кўздан кечириб ўлтургач, қўл узатиб сувдан олди ва юзини ювди… ”,­­­­­­­­­­­ ­­­­­­­­­­­­­­­­“нозик оёқлар толдилар шекиллик, садаф каби оқ тишларини бир-икки қайтаклаб чайди, ариқ бўйини ва унинг сувларини ташлаб кетди”. Кумуш бибига оид бу тасвирлар Раҳбарнинг тасвири эмас, деб ким айта олади?

Ўн саккиз ёшидан бери то ҳозирги 20 ёшигача Абдулла Раҳбаройни ҳовлиларнинг бирида ёки айвон устунига суянган ҳолда ва ё боғ ариқлари бўйида шундай саҳналарда кўриб юрган бўлиши турган гап. Абдулла болаликдан оғир қора меҳнатда (деҳқончилик, тоқи йўниш, дурадгорлик, картмондўзликда) чиниққан, қўллари дағаллашиб, пайлари қотиб кетган, юзлари офтобда қорайган эди. Оғир заҳмат чекмай, отасининг давлати соясида нозик-ниҳол бўлиб улғайган, оппоқ бармоқлари шамдай силлиқ ва узун-узун, “нафис, қийиғ қошлари чимирилган, қўллари оппоқ” бу қизни тасодифан кўрган чоғларида юраклари ўртанган, албатта. Аммо у ниҳоятда зийрак ва ақлли бўлганидан, бу қиз фақат хаёлидагина яшаши мумкин (тенг тенги билан) деб тушунар, ўзининг туйғуларини жиловлашга қурби ва иродаси етар эди, шу боисдан у худди Отабек ўз туйғуларини Ҳасаналидан яширгандай, ўз севгисини юрагининг таг-тагларига кўмиб, ҳаммадан яширар ва ҳеч кимга ёзилмас эди. Раҳбарнинг ўзи ҳам, Тўйбека кабиларнинг гапларидан таъсирланган Кумушбибидай, Отабекка туйғуларини Кумуш сингари ичига ютиши тушунарлидир. Аммо бу ўринда Расулмуҳаммаднинг донолиги, инсонни инсондан фарқлай олиш уқуви ёшларнинг бахтига йўл очди.

Расулмуҳаммад илгари бўзчи бўлган эди. Хоним бибига уйланганда қайнотаси унга дўкон очиб берган, у ерда чит-матолар газлаб сотилар, тез орада савдоларига барака ато бўлиб бойиб кетган эди. У очиққўл, кўнгилчан, баъзан бева-бечораларнинг кичкина тўй, маърака, орзу-ҳавасларини ҳам ёнидан харжлаб ўтказиб берарди. Бечораҳол деҳқонларга кўпинча “Пулини топганда берарсан”, деб насияга ҳам мол сотаверар эди.

Абдулланинг ўйин-кулгисиз, ҳамиша ўқув-ёзув билан шуғулланиши, иш тутиши, муомаласига икки-уч йил разм солиб юрди-да, бу бола одам бўлади, деган фикрга келди. Яқинлари билан кенгашиб, “Абдуллани ўзим куёв қиламан. Икки қизимдан хоҳлаганларини келин қилишсин”, деб орага одам қўяди. Булар бойнинг ҳимматидан хурсандликларини айтиб, айни чоғда орзу-ҳавас бобида бой билан беллаша олмасликларини билдирадилар. Бой: “Бу ёғидан хотиржам бўлсинлар”, деб уларни тинчлантиради. Абдулла Раҳбаройни танлайди. Расулмуҳаммад Абдуллани четга имлаб, қўлига уч юз сўм беради. “Бу пулларнинг ярмини тўй келтирганда қалин пули қилиб менга берарсизлар”, дейди.

1914 йил охирларида тўй бўлиб ўтади. Ўшанда Абдулла 20 ёшда, Раҳбарой эса 17 ёшда эди.

Шеркон Қодирийнинг “37-хонадон” китобида айтилишича, Абдулла Қодирий билан Раҳбаройнинг тўйларига бир неча кун қолганда кўнгилсиз воқеа бўлиб ўтади. Раҳбар жуда ҳаракатчан қиз бўлиб, укаларининг тўйида аёлларга патнис, турли егуликлар ва чой ташиб чаққон-чаққон хизмат қиларкан, бир сафар чой дамланган икки чойнакни қўлига олиб, меҳмонлар томонга шошилганда бехосдан кўйлагининг этаги жўмракка илиниб қолган, шекилли, устига қайнаб турган катта самовар ағдарилиб тушган, икки оёғи куйган, табибга олиб бориб боғлатиб келишган экан. “Қиз тузалиб олсин, никоҳ тўйини орқага сурайлик”, дейишса, Абдулла ҳам, онаси Жосият хола ҳам: “Тўй белгиланган кунда бўлади”, деб туриб олишган, никоҳ куни Раҳбаройни авайлаб аравадан олиб, аста-секин юриб, ичкарига кўтариб олиб кирган экан. Хоним биби бошини сарак-сарак қилиб, ғурурланиб, “Куёвим ўқиган-да, ўқиган”, деб шодланган.

Оилавий ҳаетлари

Абдулла Қодирий ва Раҳбар уч қиз ва икки ўғил кўрди: биринчи фарзанд­лари Назифа (1916–1987), биринчи ўғил Ҳабибулла (1919–1989), иккинчи ўғил Масъуд (1926–1997), бошқа қизлари Адиба (1924–2010), Аниса (1928–2011).

Абдулла Раҳбаройга уйланаётганда, ичида рўзғор ишларига уқувсизмикин, ҳар қалай, бойларнинг оқбилак қизи, деган жиндай хавотир ҳам бор эди. Аммо Раҳбарой Қодирийлар оиласи билан жуда тез киришиб-чиқишиб кетди, рўзғорни жуда яхши тебратди, дарҳол онаси Жосиятнинг меҳр-муҳаббатини қозонди. Агар Абдулла Қодирийми, бошқасими, Раҳбарга сал қаттиқроқ гапириб қўйса, Жосият буви “Хотинга зулм қилма!” деб қаттиқ силталаб ташлар эканлар.

Абдулла Қодирий болажон инсон эди. 1924-1925 йиллари Москвадалик чоғида уйга хат битиб, уч ёшли қизи Адибага бағишланган “Хантининг дадаси” деган китоб ёзганини таъкидлаган. Чиндан ҳам, 1925 йил ёз ойларида оппоқ варақларига (муқова устларига ҳам) қуён, бўри, тулки, хўроз каби жонивор ва машиналарнинг расмлари солинган шундай китобчаси босилиб чиқади. Ўша пайтлари 6-7 ёшда бўлган Ҳабибулла китобни қўлига олиб ҳижжалаб ўқиганини хотирлайди, аммо архивлардан бирорта нусхаси топилмаганидан афсусланади.

Раҳбарой Қодирийнинг дўстларини доим очиқ юз билан қарши оларди. Бир вақтлар ўғли Ҳабибуллага шундай деган экан: “Сен қўлимдалигингда (1919 йиллар) шоир Камий домла бизникига тез-тез келиб турарди. Камий домла кексайганроқ (1866-1923) киши эди. У баъзан даданг билан, баъзан ўзича аста кириб келарди. Домла эшикдан кўриниши билан уйдагилар “Ана, Абдулланинг ўртоғи келяпти!” деб кулишар эди. Камий домла меҳмон бўлиб, даданг билан суҳбатлашиб, китобхонлик қилиб қайтар эди. Даданг уни жуда ҳурмат қиларди”.

Раҳбарой Тавалло, Хислат ва Ғози Юнус, Элбекни ҳам кўп марта меҳмон қилган, ҳаммаларини яхши билар эди.

Ҳабибулла Қодирий ёзади:

“Токсолар чоғида бутун оиламиз билан боққа кўчиб чиқардик… иш майда, зерикарли бўлса-да, унинг ўзига хос гашти бор…. ўтлар орасига ёнбош­лаб, пешинлик қиламиз. Ойим бўлса (Раҳбарой) қизиқ бир “таом” тайёрлардилар, ариқдаги шилдираб оқиб турган мусаффо сувдан бир сопол товоқни тўлдириб олардилар-да, устида ёввойи пиёз баргларидан, бир-иккита қуритилган қизил гармдоридан майдалаб тўғрар ва туз қўшар эдилар. Биз бу хушхўр “таом” (“аччиқ-чучук”)ни талашиб ер, кўпинча келтирилган нонимиз етишмай қолар эди…”.

Раҳбарой исмалоқ ёки жағ-жағдан (у ўтларни болалари билан бирга тепа жарлардан териб келарди) тандир сомса ёки варақи, қатиқланган мошхўрда, резавор кўкатлардан қайнатма шўрва ва ҳоказолар пишириб бераркан.

Бир йили Абдулла Қодирий Берди татар деган дўсти билан шерикчиликка помидор экади. Экин жуда катта ҳосил беради. Ўшанда Раҳбарой помидор териш, қоқи қилиш, қўшниларга тарқатиш билан машғул бўлади.

1925-26 йиллари Москвада Абдулла Қодирий билан В.Брюсов номидаги Журналистлар институтида бирга ўқиган ва ётоқхонада бирга турган Комилжон Алимов Тошкентга қайтгач, адибни “Муштум” журналига ишга таклиф қилади. Тез орада Жулқунбой тахаллуси билан шуҳрат қозониб кетади ва атрофида ҳасадгўйлари ҳам кўпаяди. Давлат идораларига унинг устидан чақув хатлари тушиб туради. 1926 йили “Муштум”нинг март сонида Жулқунбойнинг “Йиғинди гаплар” мақоласи босилади. Унда бир неча кишилар, арбоб кимсалар ҳазиломуз танқид қилиб ўтилганди. Баъзилар буни “Арбоблар обрўсига дуруст эмас”, деб тушунади ва адиб жавобгарликка тортилади.

Абдулла Қодирийнинг кичик ўғли Масъуд Абдуллаевнинг “Ўтганлар ёди” китобида ўқиймиз: “Мен 1926 йили 12 апрелда оилада тўртинчи фарзанд бўлиб дунёга келганман. Надоматлар бўлсинки, ўшанда дадамни туҳматнинг қора курсисига ўтқазган эканлар… Айтишларича, дадам 1926 йил 12 июнда қамоқдан чиқадилар ва мени икки ойлигимда биринчи бор кўрадилар. …Менга Масъуд деб исм қўйганлар”. “Дадам келгач, онам – Раҳбарбону ичтерлама (тиф) касалига дучор бўлиб, шифохонага кузатилган”, “Раҳимберди амакимнинг аёллари Робия опоқим мени уйларига олиб кетиб, бир ёшгача эмизиб тарбиялаганлар”.

Бу ерда Раҳбаройга тегишли икки нарсага эътибор бериш керак: Ҳабибулла Қодирийнинг фамилияси Қодирий (Қодиров) бўлгани ҳолда, нега Масъуднинг фамилияси Абдуллаев бўлган? Айтишларича, Раҳбарой ўғилга туғим гувоҳномаси олинишидан олдин: “Ҳабибулланинг фамилияси бобосининг номи билан Қодирий (Қодиров) бўлди, Масъуднинг фамилияси сизнинг номингизда Абдуллаев бўлсин энди”, деган экан ва Масъудни ўзгача муҳаббат билан “Отабек” деб атаркан.

Иккинчи жиҳат ­– овсинлар муносабати… Халқимизда “Овсинлар бир-бирига тош отади” деган гап бор. Аммо Раҳбарой билан Робиянинг ораси опа-сингилдай яқин ва бир-бирига тош отувчи эмас, бирга-бирга ош тотувчи овсинлар бўлганлиги Робиянинг Масъудни бир йил эмизганида яққол кўзга ташланади.

Раҳбарой ичтерлама бўлганида Қодирий ҳар куни шифохонага қатнаган. Ўзи, бу хасталик социал касалликлар тоифасига киради ва асосан ҳаётдаги етишмовчилик муҳити билан боғлиқ бўлади.

Учинчи ҳафтада беморнинг заифлиги сўнгги маррага етади. Овоз чиқариб алаҳсираши тўхтайди. Аммо тириклиги ё ўлгани аниқ бўлмай туради. Тажрибали докторлар бемор учун имкон қадар катта ва тез шамоллатиб туриладиган жойни талаб қилади, касалнинг тагини тез-тез алмаштириш зарурлигини уқтиради, шу йўл билан чалқанча ётаверишдан беморнинг орқаси қотиб яраланишининг олдини олади.

Ичтерламада яна бир муҳим жиҳат бор: ғира-шира, алаҳсираган тушлар аро, иситмалаб, беҳуш ётган бемор яшашга ундовчи чақириқларни ҳам эшитади. Агар унда бурч, жасорат тушунчалари қимир этса, агар унда куч, қувонч, муҳаббат, ўзи ташлаб келган қизғин ҳаётга боғлиқлик уйғонса, яшашга қайтади. Агар яшашга чорловдан сўнг ҳам уни қўрқув ва нафрат тарк этмаса, у… ўлади.

Ўғли Ҳабибуллани тиббиётга ўқитган Қодирий ичтерламанинг бу хусусияти билан тўла танишмиди-йўқми, билмайман, лекин муҳаббатнинг қудратини ва дуонинг фазилатини яхши билар, шунинг учун ўзининг Раҳбаройини олиб қолиш учун ҳар куни касалхонага келар ва аёлининг қулоғига шивирларди: “Раҳбар! Раҳбар! Мен шу ердаман. Бизни ташлаб кетишни асло хаёлинг­­га келтирма. Сен кетсанг, мен қандай ижод қиламан?! Ким менга Раҳбар бўлади? Болаларга ким Раҳбарлик қилади?”. Эртасига яна қулоққа шундай шивир-шивир, индинига яна… “Раҳбар! Мен шу ердаман…”.

Касалликнинг ўттиз еттисими, ўттиз саккизидами, қайсидир куни Раҳбарнинг бурнига кичкина тер томчиси чиқди. Доктор Қодирийни қучоқлади:

– Табриклайман! Ҳаётга қайтди Раҳбарингиз! – деди.

Эртасига бурунга уч томчи чиқди. Қирқинчи куни кўзини очди…

Қодирийнинг “Болаларга ким Раҳбарлик қилади” деган сўзлари шунчаки оғизга келган чиройли гап эмас, айни ҳаётий ҳақиқат эди.

Масъуд Абдуллаев ёзади: “Ойим саводни эски мактабда олиб, араб алифбосида ёзиш, ўқишни мукаммал эгаллаган эдилар”. “Ойим дадам билан бўлар-бўлмас гапларни сўзлашмас эдилар”. “Дадамга тааллуқли гапларни ойим орқали етказар эдик”. “Мен ўртоқларим билан шўхлик қилсам, ойим бизни алоҳида хонага киргазиб, ҳикоя ёки бирор китобни ўқиб берардилар. Ёки “Даданг ёзяптилар, халақит берманглар”, дер эдилар”. “Ойим… дадам битган варақларни ўқиб: “Бундай сўзларни қаердан топиб ёзасиз? Киши ёзган жумлаларинг­изни ўқиб тўймайди”, дердилар”.

Абдулла Қодирий “Обид кетмон” қиссасини ёзаётган, “п” ҳарфига русча-ўзбекча луғат тузаётган, мамлакатда очарчилик юз берган 1933 йили Раҳбар эрталабдан кечгача тиним билмас, жўхори унидан хамир қилиб, қовоқ қўшиб тандирда зоғора нон ёпар, кунига бир-икки марта суюқми-қуюқми иссиқ овқат пиширар, мол боқар, сигир соғар эди.

Раҳбарой давр билан ҳамнафас, банорас паранжисини ўтга ташлаган аёллардан эди, Қодирий ҳам ўша замонларда биринчилардан бўлиб онасини, хотинини, қизи Назифани узоқ-яқин жойларга дам олдиргани олиб борарди, ҳафталарча тоғларда қимиз ичириб, соғликларини мустаҳкамлаб қайтар эди.

Аммо Қодирий ва Раҳбаройнинг муҳаб­бат қиссаси фожиали тугади. Машъум 1937 йилнинг 31 декабрида ўзбекнинг чўнг ёзувчисини қамоққа олиб кетишди. Ҳабибулла Қодирий ёзади: “31 декабр – янги йил кутиш куни келди… Ойим кечки таом – норин тайёрлаш билан банд эдилар. Мен эса ойим ёқиб кетган керосин лампада (у чоқларда биз томонларда электр чироғи йўқ эди) “Минг бир кеча”нинг туркийсини ўқир эдим. Вақт алламаҳал бўлиб қолди, ойим бир коса норин шўрва ва бир тақсимча қуруғидан олиб чиқиб, шўрвани чойнакчага қуйиб тушиб кетдилар. Шу пайт… маҳалла комиссиямиз Тошпўлат ака … иккита НКВД ходими келиб, дадамнинг ёнидан чиқдилар… Шу чоқ соат худди ўн бир эди…”. “…дадам билан ойимни уй ўртасига ўтқазиб қўйиб, нимадир қидиришди… Улар бир чамадонга баъзи хат-ҳужжат, газета-журналларни солиб, ов милтиғимизни олиб, дадам билан жўнаб кетдилар. Ойим билан амаким дадамни кўчага кузатиб чиқадилар, улар қора машинага ўтириб жўнаганларидан кейин ойим уйга қайтиб кирарканлар, чидай олмай, худди тобут кетидан йиғлаб қолган аёллардай уввос солиб юборадилар. Уйимиз қабристонга айлангандек туюлди менга”.

“Дадамни шу кетганларича бошқа кўрмадик, бир энлик хат ҳам олмадик ва ўзимиз ҳам ёза олмадик. Ойим бечора кунора овқат тайёрлаб, баъзан Қудратилла амаким билан НКВДга ёки Тоштурмага борар, туйнуклардан дадамни сўрар ва “Бундай одам йўқ” жавобини олиб, йиғлай-йиғлай қайтиб келар эдилар”.

Раҳбаройнинг катта укаси Насриддин янгичага саводсиз, жуда камгап эди. Унинг қаерларда ишлаб юришини ҳеч ким билмасди. Бир куни НКВДда қоровул эканини оғзидан гуллаб қўяди ва Тригулов деган одамдан Қодирийнинг ўлмаганини билиб олганини айтади. Ҳабибулла Қодирийнинг ўзига ҳам ТуркВО прокурори: “Отангиз тирик, жинояти – халқ душмани, аксил­инқилобчи, ўн йилга ҳукм қилинган, уй алоқасидан маҳрум, омон бўлса бир кун ўзи келади”, деб жавоб берган.

Ҳолбуки, бу гапларнинг ҳаммаси масхарабоз­лик, найрангбозликдан бошқа нарса эмасди. Абдулла Қодирий 1938 йил 4 октябрда отиб ташланган эди.

Оила аъзолари уни тирик деб ишонар, бир куни қайтиб келишидан умидвор бўлиб яшардилар. Кенжа ўғил Масъуд “Ойим дадамнинг буюмларини эҳтиётлаб, алоҳида жойга жойлаштириб, бизга “Дадангнинг буюмларига тегинманглар, эрта-индин келиб сўраганларида уялиб қолмайлик”, дегандилар”, деб ёзади. У кишининг айтишича, Қодирийнинг ноёб китоблари ва қўлёзмалари икки табақа эшикли, ичига 200 дан ортиқ китоб кетадиган сандиқда сақланар экан, Раҳбарой сал бўш қолди дегунча ундаги бир китобни олиб ўқир ва Масъудга: “Катта бўлсанг, даданг ўқиган мана шу китобларни ўқийсан”, дер экан.

Мен Ҳабибулла Қодирий билан жуда кўп учрашганман, аммо уларнинг оилалари, хусусан, оналари ҳақида кўп нарсаларни сўраб олмаганимга ачинаман. Фақат бир гапи сира ёдимдан кўтарилмайди. Айтишларича, Раҳбар ойи Қодирий кетган 1938 йилдан то умрининг охиригача кўзи эшикда, қулоғи дарвозада экан. Ўғил-қизлар онанинг интизорлигини билганлари учун, дардидан алаҳситиш мақсадида унга турли қизиқ воқеалар, икир-чикирлардан гапиришар экан. У эса ўзини гўё болаларини эшитаётгандек тутса ҳам, барибир тиқ этса кўзлари кўча эшикка қараб жавдираркан.

“Ойим ёш бўлишларига қарамай, – деб ёзди Масъуд Абдуллаев, – оила қийинчиликларидан нафас қисиш хасталигига чалиндилар. 1942 йилга келиб касаллари зўрайиб, тез-тез шифохонада даволанар эдилар. Ойимнинг хасталик­лари кундан-кунга зўрая борди. Шунда дадамни ёдга олиб: “Дадангни суд ҳам қилмай, Сибирга сургун қилиб юборишган эмиш. Мен шифохонада ётганимда одамлар оғзидан эшитдим”, дер эдилар.

Раҳбаройнинг хасталиги кундан-кунга кучайиб, эрининг ғамида куя-куя сил бўлиб, 1943 йил 6 мартда 46 ёшида дунёдан ўтди.

1956 йил 9 октябрида Шўро ҳукуматининг Абдулла Қодирийни айблов ҳукми бекор қилинди. Аммо шундан кейин ҳам то 80-йиллар охиригача унинг қаерда отилгани сир тутилди.

Ҳозирги телеминорадан ўтганда темир ва бетондан қурилган катта кўприк келади, кўприкдан ўтилгач, илгари йўлнинг сўл томонида катта тепалар қад тиклаб тураркан, уларнинг орқасида тик жарлик­лар бўлиб, ана шу тепаликда одамларни отишар, ўлик орқаси билан жарга қуларкан. Абдулла Қодирий ва ўзбек халқининг бошқа асл фарзандлари шу ерда отилганлиги фақат 1989 йилдагина маълум бўлди. Мустақилликдан сўнг бу ерда “Шаҳидлар хотираси”  хиёбони ва музей қурилди.

Матн: Миразиз Аъзам

 

- - -


< Orqaga qaytish