Маданият, санъат

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси раиси Муҳаммад Алига ОЧИҚ ХАТ


Marta o'qildi

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси раиси Муҳаммад Алига ОЧИҚ ХАТ

 

Ўткир танқидий чиқишлари билан танилган ёзувчи ва журналист Шукур Жаббор бу сафар Ёзувчилар уюшмасининг раисига кескин танқидий мурожаат билан юзланди. Эҳтимол, очиқ хатда аччиқ қалампир миқдори ошиб кетгандир, бироқ фош қилувчи фактларни ўқигач, тонг қолмай иложингиз йўқ. Ҳа, ижодкорда танқидий руҳ, хусусан конструктив танқид руҳи бўлиши мақтовга сазовордир. Айниқса, ижод аҳлининг бугунгидек афтодаҳол аҳволини кўриб сукут сақлашнинг иложи қолмаяпти. Зеро, ёзувчи  – миллатнинг виждони саналади.

Бир раққоса тўйда “инана-нанай - инана-нанай” қилиб рақсга тушиб ўйнаб-ўйнаб келиб, уйидагиларга "росса ишлаб чарчадим", деган экан. Шунинг  сингари Ёзувчилар уюшмаси бутун қавми билан “росса ишлаб-ишлаб” нимани қотириб беряпти? Шуни билмоқчийдим! Эшвойнинг хирмонини ташияптими? Унда хирмон қани? Агар мен Сизни ноҳақ ёзғираётган бўлсам қаламим синсин!.

Жаҳоннинг номдор ёзувчилари Умберто Эко, Патрик Зюскинд, Ўрхон Памуқ, Харуки Мураками, Жон Грешам, Сидни Шелдон, Гадамер, Эдгaр Aлoн Пo, Эрл Гaрднeр, Виллиaм Aйриш, Федерик Бегбедер, Аст, Милорад Павич ва шу каби дунё тилларига қайта-қайта таржима қилинаётган замонавий ёзувчиларнинг асарлари билан ҳали ўзбек китобхони таниш эмас. Ҳатто баъзи ёзувчиларнинг ўзи ҳам таниш эмас. Танийдиганлар уларни фақат рус тилида ўқишган. Шу вақтгача Уюшма дунё адабиётидан таржима қилиш учун маҳоратли таржимонларга грант ажратмаган. Машхур “Гарри Поттер”ни таржима қилган Гулчеҳра Муҳаммаджон маблағ тополмай асарни чоп этолмади. Айнан шу асарни таржима қиляпман деб хабар берган  Шокир Долимов ҳам, менимча, маблағ тополмаяпти. Мунира Менглиева деган ёш таржимон ҳам айнан “Гарри Поттер” номли туркум китобларни инглиз тилидан таржима қилган эди. Шунингдек дунёда "Инжил" каби китоблардай  кўп ўқиладиган “Анна Франкнинг кундалиги”ни ҳам инглиз тилидан ўгирди. Бу асарга ҳеч ким эътибор бермади, ҳеч қайси нашриёт бу китобларни нашр қилмади. Нега? .Чунки ҳеч қайси ташкилот асар чоп этилиши учун, жумладан Уюшма ҳам маблағ бермайди. Бу араённи амалга оширишни  ҳатто хаёлига ҳам келтирмайди. Дунё илм-фани, адабиёт фалсафаси ёки фалсафий адабиётни ўқувчилар афсуски рус тилида ўқишмоқди. Шундоқ Интернетга кириб дунё ёзувчиларидан хоҳлаганимнинг номини ёзиб Google тугмачасини боссам 4 хил, баъзан 5 хил вариантда рус тилига қилинган таржимаси чиқиб келади. Ўзбекистонда-чи?! Бирортаси таржима қилинмаган! Уюшма  ёзувчиларни, таржимонларни моддий қўллаганида бундай адабий бўшлиқ пайдо бўлмасди. Бугун  бирорта кўзга кўринган таржимон йўқ Ўзбекистонда. Фақат совет даври  пайтида етишиб чиққан Иброҳим Ғафуров, Низом Комил каби бир-иккита тажрибали таржимон бор, холос. Маҳоратли таржимон Ҳафиза Қўчқоровани ҳам, адабиётшунос Улуғбек Ҳамдамни ҳам кеткизворгансизлар. Шермурод Субхон бечора... Ўрхон Памуқ асарларини таржима қилишни бошлаганига ўн йилдан ошди. Нега, ўн йилдан бери таржима қилинган асар босилмаяпти?. У бечора репетиторлик қилиб кун кечиряпти. Ёзувчилар уюшмаси ахир шу қоракўз ижодкорларни рағбатлантирмайдими?! Адабиёт дегани эндигина мактабни битирган қизчанинг шаблон  туйғулардан иборат  “Ватан” ҳақидаги шеърини китоб қилишдан иборат эмас-ку. Ёки бўлмаса Уюшма иши, фаолияти   фақат “ижоди” зўрма-зўраки шиширилган зулфиячи қизларни тўплаб олиб тадбир ўтказиш эмас-ку! Эсингизда борми?! Илгари адабий асарлар муҳокамаси қандай бўларди?! Муҳокамада деярли барча ёзувчилар, мунаққидлар қатнашарди ва қизғин, фойдали баҳс –мунозаралар бўларди. Энди эса адабиётнинг “а”сини тушунмайдиган ҳали ғўр коллеж ўқувчиларини тўплаб тадбир ўтказяпсиз. Энг кулгули ва ачинарлиси шундаки, ҳатто улар билан баъзан адабий асар муҳокамасини ҳам уюштирасиз.

   Сизнинг дастингиздан иқтидорли ёзувчилар ҳар томонга тирқираб тарқаб кетди. Нортўхта Қилич, Саломат Вафо ва бошқа талантларни уюшма сафидан ўчирдингиз. "Баҳром Рўзимуҳаммаддай модернист шоир рўшнолик кўрмай кўч-кўронини кўтариб Хоразмга кўчиб кетди.

   Улар йиғиб нашр қилган “Қуш тили” халқаро антологияси жаҳоннинг турли мамлакатларида ўқишяпти, антологияга шеърлари киритилган шоирларнинг яшаш манзилларига эътибор қаратсак: Америка Қўшма Штатлари, Канада, Колумбия, Венесуэла, Аргентина, Эквадор, Чили, Коста-Рика, Уругвай, Буюк Британия, Италия, Франция, Германия, Швейцария, Греция, Испания, Словакия, Болгария, Норвегия, Польша, Россия, Туркия, Ҳиндистон, Ироқ, Иордания, Гонг-Конг, Миср, Исроил, Ливия, Жанубий Африка Республикаси, Камерун, Янги Зеландия... Жаҳоннинг элликка яқин мамлакатида яшаб, қалам тебратаётган шоирлар шеърлари етти тилда бир муқова остида жам бўлгани бир ўзбек ижодкорининг меҳнати, албатта. Афсуски, бурни баланд уюшманинг бу ишдан ҳам хабари йўқ! Ё.. уюшма деганлари шундоқ бўладими?

Президент Мирзиёевнинг адабиётдаги жараёнлардан хабари йўқ-да, адабиёт аҳлини самимий инсонлар деб билади, бўлмаса аллақачон сизнинг ковушингизни тўғрилаб қўйган бўларди. Президент бечора жамиятни босиб кетган молиячи каламушлар-у  бошқа эскича ишлайдиганларни йўқотиш билан оввора. Замон талабини ҳис қилмайдиган адабиёт идораси рахбарларига ҳам тез орада  навбат келади, шунда шунча шароит яратган Президент ҳисоб сўрайди, Сиздан  албатта.

  Кимлар кетмади, бу даргоҳдан.. Уй - жойи йўқлигидан Тошкентда тирикчилик қилолмай вилоятда кетган шоир Мухтор Комилни Хисор тоғларида бўрилар еди.(реплика С.В)Адабиётнинг атомдан кучли  кучини қишлоқда оддий деҳқон бўлиб ўтин ёришга сарфлаб юрган Раҳимжон Раҳматни ёнингизга чақириб олинг эди. Чет элда юрган Нусрат Раҳмат каби бир қанча адабиётшуносларни чақириб олинг эди. А. Обидовни ёнингизга чақиринг эди. Шунда адабиёт назариясини биладиган бундай одамлардан халқ кўпроқ манфаат оларди.

Шу вақтгача уюшма бирон бир аъзосини ҳимоя қила олмаган, ҳимоя қилолмайди. Аксинча, тонворади, кечворади. Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон юртга қайтганида қўлига кишан солиб ушлаб кетишганида, ёрдам сўраб борилганда нима дединглар? Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг уюшмага ҳеч алоқаси йўқ, аъзоликдан ўчирвордик деб тондингиз. Бу гапни ким айтганини ҳам яхши биламан, агар исбот керак бўлса гувоҳларим бор. (2015 йил 29 май куни мажбуран куч ишлатиб   ёзувчи Саломат Вафо  Тошкент шаҳар рухий касалликлар касалхонасига ташланганда: уюшмага "..менга ёрдам беринглар"деб илтижо қилганда..ёзувчи аёл нега қутқариб олинмади. Ёрдам ўрнига уни уюшмадан ўчиришди.С.В)

  Бу уюшма бирор аъзосини ҳимоя қилолмаса, бошига иш тушганда тонворса бу қанақа Худо урган ташкилот?! Чиркин маддоҳлар, гуруҳбозлар йиғилиб олган қанақа Худо урган ташкилот бу?! Бугун иттифоқлашиб, аҳил-иноқ бўлиб, дунёга юз тутишимиз талаб этилаётган бир вақтда оёғини тагидан бошқа нарсани кўрмаётган қанақа Худо урган ташкилот бу?! Ҳатто бу уюшмага  ишониб ўлиб ҳам бўлмайди! Раҳматли  шоир Усмон Қўчқор вафот этганида бир оғиз ҳокимиятга айтиб ер ажратса бўларди, лекин “Уюшма қабристондан ер  ажратиш билан шуғулланмайди” деб ўлигини сарсон қилишингизга озгина қолди. Яхшиям унинг дўстлари “Минор” қабристонидан жой олишиб шоирни тупроққа топширишди. Уюшма ўликни сарсон қилишдан ташқари тирикни “ўлдириб” қўйганини ҳам кўрдик. Ўлими олдидан Чингизхон (Муҳаммад Ғаффор)нинг ёзган хатини ўқиган одам даҳшатга тушади... Машҳур америкалик шоир Кристофер Меррил Муҳаммад Ғаффор шеърлари тўғрисида халқаро доирадаги йиғинда  маъруза ўқиб баҳо берган, шеърларини Праяг Сайкиа инглиз тилидан ҳинд тилига ўгирган. Бироқ бу бечора шоир текинга даволаниш имтиёзини берувчи Ёзувчилар уюшмаси поликлиникасидан фойдалана олмагани учун вафот этди. Агар уюшма шоирни аъзо қилганида ўша ордона қолгур поликлиникада даволанган, балки ўлмаган  бўларди. Ўзбек адабиётига ўзининг жиддий асарлари билан  меҳнати синган Набижон Боқий каби ижодкорларнинг ҳалигача уйи йўқ.

Тарихий воқеани бежаб ташлаб ёзилган бир пулга қиммат Амир Темур ва темурийларга оид “Улуғ салтанат” асарингизда қандай даҳшатли ҳатолар қилганингизни биласизми? Амир Темурнинг ёш қизчалар сийнасигача суқланиб қарашигача ёзилгани, Амир Темурнинг кўп  фазилатлари туриб айрим ўринларда “бабник” қилиб тасвирланаётгани ҳақида ёзсам гапим чўзилади. Мен ҳозир буларга батафсил тўхталиш ниятим йўқ.Ёзувчи  Нурали Қобул бечора Амир Темур тўғрисида нашриётларга ялиниб кам тиражда китоб чиқарди. Нима у сизга алтернатив шаклда Амир Темур тўғрисида ёзгани учун сизга рақиб ва гуноҳкор ҳисобланадими?! Аслида бу гапларни, юқорида барча умумдардларни мен ёзмаслигим керак эди. Чунки Шукур эски гинасини сақлабди дейишади. Айтмоқчи ўша мунозарамизда ҳам юз фоиз ноҳақ эдингиз! “Муқанна миллий қаҳрамонми?” деган мақола сабабли қўлингиз етадиган жойларга айтиб газетамизни ёпиб жувонмарг қилвордингиз! Ваҳоланки, мен сизга “Муқанна миллий қаҳрамон эмас. Туркманистонда туғилган. Муқанна аввал ўзини улуғ ҳисоблаган, одамлар эргаша бошлагач ўзини авлиё деган, яна сафдошлари кўпайгач ўзини пайғамбар деб эълон қилган. Тағин сафдошлари кўпайгач ўзини Худо деб эълон қилган кудунгар кимса. Бу менинг гапим эмас, мана Наршахий ҳам Беруний ҳам шундай деяпти. Агар сўзингиз ҳақ бўлганида аллақачон Ислом Каримов Муқаннанинг хайкалини ўрантиб, юбилейини ўтказган бўларди” дедим. Сиз эса қулоқ солмай совет пайтида адашиб ёзган “Муқанна” ҳақидаги асарингизни ҳимоялаш мақсадида шундай йўл тутдингиз!

Забардаст, забарқалам ўринбосарларингиз бор. Ўзини ўзи мукофотлаган Сирожиддин Саййиддан унчалик умид қилмасам ҳам Иқбол Мирзодан умид қилаётган эдим. Билмадим, у ҳам қандайдир босим остидами, тушунмайман. Инсоф ўзларинга берсин!.

      Шукур Жаббор, ёзувчи.

      SOF.UZ сайтидан.

- - -


< Orqaga qaytish