Маданият, санъат

Қорақалпоғистонда Марказий Осиёнинг энг қадимий ёзуви топилди.  Есимқан Қанаатов


Marta o'qildi

Қорақалпоғистонда Марказий Осиёнинг энг қадимий ёзуви топилди. Есимқан Қанаатов

 

Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтида Марказий Осиёдаги энг қадимий ёзув сақланмоқда. Бу ёзув милоддан аввалги V асрга тегишлидир, яъни 2500 йиллик тарихга эга. Бу ҳақида Қорақалпоғистон ахборот агентлиги хабар тарқатмоқда.

1976-1977 йилларда профессор М.Мамбетуллаев раҳбарлигидаги археолог-олимлар гуруҳи Катта Айбуйирқалъани қазиш пайтида 3та катта хум топиб олган эди. Бу хумларнинг сув ва дон сақлаш учун ясалганлиги аниқланади. Хумларнинг бирида тиғ билан битилган ёзувлар мавжуд эканлиги маълум бўлади. Яъни, бўйи 1 метр келадиган ўтда пиширилган хумдаги Қадимий Хоразмга тегишли бу ёзувлар Марказий Осиёда энг эски ёзув сифатида фанда қайд қилинган эди.

Олимлар шу пайтгача Қадимий Хоразм ҳудудидаги энг эски ёзув дея Қўйқирилганқалъа (Элликқалъа тумани ҳудудида жойлашган)да топилган идишдаги ёзувни ҳисоблаб келгандилар. Қўйқирилган   қалъадаги бу ёзув эса милоддан аввалги III-II асрга тегишли арамей ёзуви бўлиб чиқди. Кейинчалик С.П.Толстов рахбарлигидаги экспедиция томонидан ҳозирги Элликқалъа тумани ҳудудида жойлашган, қадимий хоразмшоҳлар шаҳри – Тўпроққалъада ҳам милодий III-IV асрларга тегишли ёзувлар топилган эди.

Катта Айбуйирдан топилган, Хоразм ёзувининг энг қадимий нусхаси ҳисобланган хумдаги ёзувни форс тили бўйича мутахассис, бутун дунёга машҳур тилшунос олим В.А.Ливщиц «mri XI h III.III. III.» деб ўқиган, яъни «11 мари 9х». Бу хумнинг сиғимлилик ҳажмини билдиради. «Mari» ўлчов бирлиги Эронда қадимий ахаманийлар давридан маълум бўлган. Қадимий манбалар ўни «maris» деб номлаган. 1 мари 16,5-17 литрга тўғри келган. «9х» эса 1 маридан камроқ ўлчамни билдирган. Демак, хумнинг сиғимлилик ҳажми деярли 200 литрга яқин бўлган.

Хумни топган олимлар уни реконструкция қилиб, ичига сув қўйиб кўрганда 195,5 литр сув сиққан эди. Шундай қилиб, хумдаги ёзув унинг сиғимлилик ҳажми билан мос келган.

Хум бир жойдан иккинчи жойга кўчирилганда  синганлиги сабабли,  ҳозирги кунда бу бетакрор топилма  реставрация қилиниши лозим.

Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимида бу каби ажойиб тарихий топилмаларнинг катта базаси яратилган. Лекин, мунтазам  намойиш қилиш кўргазма жойи бўлмаганлиги боис, тарихга қизиқувчилар  бу ашёларни кўриш имкониятига эга эмас.

Музей захираларида сақланаётган мавжуд тарихий ва маданий меросимиздан мақсадли фойдаланмоғимиз лозим,  бу ўз навбатида юртимизда туризмни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиши табиий, албатта.

   Қадимий  цивилизация бешиги бўлган Хоразм тарихини акс эттирувчи  археология музейи Қорақалпоғистон ҳудудида  ташкил этилса, тарих ихлосмандлари, ёш авлод бахраманд бўлиб, ҳусусан, ўлка туризм  сайёҳларини  қизиқтирувчи янги маскан  сифатида қайд этиларди. .

Есимқан Қанаатов

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги директори

- - -


< Orqaga qaytish