Саломат Вафо асарлари

Эълонлар тахтаси.  янги ҳикоя. Саломат Вафо


Marta o'qildi

Эълонлар тахтаси. янги ҳикоя. Саломат Вафо

                                                                      

    

   Қўрозбой тунги соат иккида.. қиш ойларида қоп – қаронғи бағрига не – не бахтни, уруш –жанжал,музхона тўла неъматлар,  бойликларни яшириб ётаган, кўп қаватли уйларнинг ҳира ва сариқ  чироқлари ялтиратган маюс деразаларини, дарахтлар бағрига  кўмилган боғчали ҳовлиларнинг шамолда тебранаётган  осма чироқларининг соясида ўйнаётган оғоч соялари, уйлар, симёғочларнинг  ҳасратли қўшиқлари, совуқдан суякларигача титраган  дайди итларнинг йиғлоқи ингиллашини қамраб олган зимакон бағридан чиқиб,  кўп болали уйнинг қаттиқ  нон ушоқларидан тўйган сувараклар  каби уймалашиб турган йўналишли такси бекатига ошиқишарди. Шаҳарнинг у бошидан чиққан Қўразбой тишини  -   тишига қўйиб, бозорчи хотинларнинг уйқусиз, бўриққан, тепсирган, косметикасиз юзларига боқиб, ҳам раҳми келар ва шунинг баробарида  уларнинг  семизлигими, уйқусизликдан шишган юзиданми  нафратланарди.

  “Бибисалма, анави ярамас хотин, январда олган қарзини ҳали ҳам бермади..”.

  “Менинг девона  эрим  Чернобил  ҳудудига кирадиган бир қишлоқда,  10 синфни битирган бир қизга уйланиб  олибди..ера гиргир..”.      

    Машина салони эшиги ёнидан жой олган спорт кийимли  семиз тиқмочоқдай хотин қўлидаги идишни “шаққ” этиб очади. Салонга иссиқ кофенинг ҳушбўй ҳиди тарқайди.

  “Вой, Қўрозбой , анови уятсиз эълонни  ёпиштирган одамни  топдингизми? ”...дейди иссиқ кофени ҳузур қилиб ҳўплаб дўмбоқ.

     Шаҳарда..  ердан 1 метрдан баланд  кўтарилган дуч келган деворга эълон ёпиштиришгани учун  Ўзбекистоннинг қоғоз саноатига қарши Қўрозвой,  тижоратчи хотинларнинг   олдида бирор айб иш қилиб қўйгандек, полизларга қўйиладиган самон ва  эски   тускидан ясаладиган ясама  қоравулдай  мунғайиб,  савол  ва саволдаги масҳарамуз оҳангни ёқтирмай бурнини тортади.  Хотинлар тонг сахарда ўз орзу -   армонлари билан ястланиб  ётган ва  маршрутли таксининг буғ  босган ойналаридан ҳира кўринаёган шаҳар чироқларига ҳасратли нигоҳ  ташлаб, машина ойнасидан ташланадиган сарқитга тикилган итдай сергак   тортиб, очилишга чоғланган ғуж намозшомгулдай   алланенинг олдидан тундлашиб ўтирган  хотинларга бир қараб, семиз гавдасининг аллақаеридан “ғуқ..ғуқ” деган сас  чиқарди.

  “Эрталаб соат 7 дан кечги  12 гача ойлаб пойлаб ўтирибмиз.  Икки тарафга одам қўйибман. Йўқ, сволоч осмонга учганми, ерга кирганми, худо билади...”.

  Буғлар овқат ва бошқа ислар қоришиғида  аллақандай хорижий қўшиқ тарала  бошлаган  паллада сукут чўкади, машина салонидагилар бирданига қаттиқ  кулиб юборишади. Уйқусираб, салқиндан жўнжикиб ўтирган озғин -   семиз, ёш ва қари, аксарияти спорт либоси ва  халат  кийган  хотинлар шарақлаб кулиб юборишади.  Машина салони  куларди. Осмонлар, қаронғи  тун, ярқираган ойналар, йўналишли таксининг шақирлатган эски эшиги, тижоратчи хотинларнинг  катак  сумкалари, ҳалта  - ҳулталари  қўшилишиб куларди. Мунғайган полиз қоравули Қўрозбойнинг  лаблари ачинарли ҳолатда йиғлагандай, ним қаронғида кўзлари ялтираб  жилмайган  бўлади. “Им..моо..” демиш ғалати товушлар чиқариб ўрнидан қўзғолиб қўяди.

  “ё, худо..ҳаҳаҳа....икки  тарафга одам қўйганмиш..нима у халқаро рессидивисмидики, одам қўйиб..ҳаҳа..Ўрозвой аканинг ишлари,  донга тўйган туллаган   Қўрозвойнинг ишлари...”.

  “Қўрозвойни  мешполвон гавдасини бир кўрган..  ўлиб  ётган жиноятчи  ҳам “ҳазиллашдим –да,  бир  сизлар билан ..” деб жон кириб ўрнидан туриб қочади. ”.

 “Қайси аҳмоқ Қўрозвойни шаҳар коммунал хизматига ишга қўйган, уни бу кинконг гавдаси билан хотинлар турмасига қоравул этиш керак эди.”

  Қўрозбой хотинларнинг  кесатиқ ва масҳарамуз гапларидан қочиб,  юзини ялт –юлт чироқлар аксланаётган қаронғи ойнага  буриб олади.

   Абу Сахий бозори ўз холича алоҳида мамлакат, турли ранг  газмол тўпларидан ёрилай деган кўримсиз дўконлар, юз – кўзини рўмол билан боғлаб  олган толмас кўча супурувчилар, пўшт -  пўштлаб тўп – тўп ранго – ранг духоба, виллюр, ... газмоларни юклаган  бақироқ  аравачилар, дўкондорларга таом , чой ташиб юрган  оқ пешбандли  зиппилаб юрувчи  жувонлар, бип  -  биплаб дунёни бошига кўтаратган   қаронғида чироқларини ёққан сон -   саноқсиз машиналарни кузатарди. “Ну, Қўрозвойчик, юр биз билан.. унда биз кетдик. Эртагача..гуд бай..гуд бай ўрто..”.

  Қўрозвой бир қоп ёнғоқ, шўҳ, гоҳ сигарет чекадиган ва баъзан ароқми, вискидан ҳам олиб турадиган тижоратчи хотинлардан қутулганига енгил нафас олди. Хотинлар бир – бирига тегижоқлик қилиб, хижоб ўраган сотувчиларни туртиб – суртиб, кулишганича бозор дарвозасига қараб кетишди. Қўрозвой  яна шахд билан бозорга кириб чиқаётган машиналарни ҳисоблашга киришиб кетди.  Ҳар бир машина   бозорга  кириб чиққанига  2000 сўмдан пул тўлайди. Қўрозвой тонгги мудроқ  мияси қаватларида   ҳисоблаб кўради.  Агар 10000 дона..йўқ, 20000 минг машинага 2000 сўмдан  пул тўласа қанча бўлар экан. Беиҳтиер  буғ босган деразага бир -  икки таёқ чизган бўлади..Қанча.. пул бўлар экан, 200000 та машинанинг пули.. Қўрозвой  пешонасини тириштириб, 200000 та машинаннинг  ҳар кирганида 2000 сўмдан пул тўлашини ўзича ҳисоблади. 2000000 сўм, 20000000 сўмми...жуда улкан сонлар ва сон -   саноқсиз ноллар   бечора ва ғариб пилис  босган миясига сиғмасди.  Ўрозвой бутун шаҳар бўйлаб эълон тахталарига ёпиштирилган катта – кичик қоғозга  компьютерда  ва қўлда ёзилган эълонларнинг сони ҳақида ўйлади. Қизиқ,  шаҳар бўйлаб неча минг одамларнинг ҳаёли, ўйлари, тақдири, балки келажаги шу жонсиз, кечалари совуқ ва сукутдан жўнжикадиган тонг отишини, шовқин – суръонли ҳаёт овозини қумсайдиган эълонлар тахтасига боғлиқ экан. Эълонлар тахтаси хотиралар юкидан энкайиб қолади. Тун бўйи ўғли уйидан чиқариб юборган онанинг,  банк уйи олиш ниятида бўлган тижоратчи хотиннинг,  ёш хотин излаётган эркакнинг, Бўстонлиқда дала ҳовлиси сотаётган одамнинг,ити болалаган итбоқарнинг, ширинлик пиширувчи қандолатчи қизнинг, ижарага уй олиш эвазига интим хизмат таклиф қилаётган сариқ соч жувонларнинг қалбини, хотин излаётган эркакнинг ҳасратларни шивирлаб чиқарди.. кўча деворлари, касалхона ва боғча деворларига ёпиштирилган минг – минглаб эълонлар.  Яна миясига эълончилар сонини аниқлаш учун ўнларча нолли сонлар ва ҳар хил шармсиз эълонлар ёпиштириб бошлиқлардан танъа эшиттирадиган тутқич бермас  эълончилар  ҳақида ўйлаб  юзи буришади. Бутун вужуди уят ва номусдан  қақшаб кетади. Бир олифта йигит  Қўрозвой ..рахбарлардан сўкиш эшитгач ўз одатича минғирлаб  эълон тахтасини қириб, сомсапазлар кулмасин деб қайси тарафига энкайишини билмасдан қоғозларни қириб тушириб юрганди.  Олифта эркак  кичик, оқ, қизил, яшил, сариқ қоғозлар кузги япроқлардай пориллаб учиб турган тахтанинг олдига келиб, “ака, бу  реклама тахтанинг эгаси борми, ҳамма  қоғозларингиз шамолда  учиб   туфлимга, костьюмимга, ҳатто сочларимга келиб ёпишаяпти. Бу кир алимсоқдан қолган қоғозларни йиғиштириб, олинглар, шаҳар коммунал хизмати   эскича картон қоғозига реклама ёзишни йиғиштириб, интирнет  хизматига ўтсин. Тошкентда юриб бўладими, сомсапазнинг дўконида ҳам, симёғочда ҳам, бозорнинг темир панжараларида ҳам шу эълонлар..” деб куппа – кундуз куни одамларнинг олдида шарманда қилганди.  Олифта.. шўрлик Қўрозвойни яна қанча таҳқирларди, супургисини кўтариб етиб келган эркакшода  Назмининг важоҳатни кўриб, жўнаб кетганди. “Эй,  ука. Бизни хўрлай олмайсиз, биз кўчада, эълонлар тахтаси ёнида яшасак ҳам биз ҳам худонинг бандасимиз”  деганди тўғри сўз Назмихон.

    Мияси зўриққанидан озорланиб қўлини силтаб, ялтираб кетган енгги билан буғланган ойнага чала –чулпа ёзилган сонлар ва ўнларча нолларни  “уҳ..уҳ” лаб ўчиради.

  “..нолларни ўйлаб топган одамга аллоҳнинг ланъати ёғилсин..” дейди ичида, ноль сонини яратиб  инсоният  цвилизасиясига хизмат қилган ва  неча минг йиллар олдин дунёдан ўтиб, хинд одатлари бўйича тоштовада ном – нишонсиз ёниб, қоп – қора озғин  хинд оналарининг кўксини доғлаб  кетган хинд олимларини қарғаб Қўрозвой.

  Қўрозбой ҳар кунги иш қуроллари:  қоғоз кўчирадиган темир капгирча, елим қоғозчага ўралган яримта  атир совун, кирлигидан  ранги билинмай қолган эски  дока,  девордан тахтадан қоғоз қолдиқларини ишқалаб тушириш  учун симдан  тўқилган дасмол ва аллақандай синиқ қаламлар, кир блокнот, ўчирғичлар, ғижим рўмолча, яримта қотган булочка..Қора денгиз тамонларга  кўчиб кетган месхети турклар  совға этган бандида турк султонларининг тожи акс этган кумуш чой қошиқчалар шиқирлаб..  аралаш -    қуралаш товушлар  сифонияси остида , хамиртурушли хамирдан  ёғда қоврилиб пиширилган ва  улкан “ Г”  ҳарфи шаклидаги  буғирсоқ  гавдаси билан  йўлни  чамалаб юриб боради. У олисдан баланд деворларда мисоли денгиздаги кема елканларидай пориллаб учаётган  ёки ёрнинг ардоқли мактубларидай тартибсиз тизилган минг –минглаб, оқ, сариқ, мовий ва қизил тусли, минглаб тақдирлар, армонлар, кўзёшлар ва қувончларни елкалаган эълонларга  кўз ташлаб совуқ нафас олади.  Йўлдан оқ, қизил, қора турли -  туман маркадаги машиналар зув -  зув ўтади. “Ана Қўрозвой ака,Қўрозвой ака...келди”дейди   патнисларга қатор -  қатор бурчи осмонга қараган  селли, гўштли, пиёзли оқ хамирдан тугилган  сомсаларни териб олган  югурдак болалар.  Газ печлари вариллаб ёнаётган  тор ва деворларига номига чинни кошинлар ёпиштирилган,  ёғ  босган  Макка Мадина тасвири,     бир -   бирининг столига  оппоқ доирасимон хамирларни  ҳавога байроқдай ҳилпиратиб отиб, қуёш нурида тиллодай ярқиратган  эриган  қўй думбасининг иссиқ мойини хамирга  қиёмдай  тўлқинсимон, доирасимон қуйиб, муштлаб чуқурчалар пайдо этар ва кафти билан мойни хамирга ишқалаганда “шиқ..шиқ” товуш чиқарарди. Қат - қат  мойли хамирни  бир текисда зувалалаб  бўлгач, бошқа  хамирларни елим  қоғозлардан ажратиб ўқлоғларни дук  - дук столга уриб  ёя кетишарди. Ўз – ўзига сўйлагандай яна шўрлик Қўрозвой ҳақида мухокама бошланарди.

   “Кўрозбой ака, ҳалиги сексолог бахтиқаро топилдими... йўқ, нега қарамадингизлар. Бурнингизнинг тагига келиб,  ўзининг..ўзининг..сини узайтириш ҳақидаги  эълонини  ёпиштириб қочса..Шу эълон  бировга керак бўлиб  телефон қилишармикан..”..

  “Сен кўп гапирма, Сайпи. Ана аканг хотинини бизнинг эълон тахтаси орқали топди..так бахтли..келин пиширган лағмонларни мазза қилиб еб семириб юрибди” деб минғирлайди  Қўрозвой улкан гавдасини қари филнинг шалпанг қулоқларидай чайқаб.

  “Қўрозбой аканинг ширкати бутун шаҳарга шарманда бўлди..да..ёшу – қари, ҳатто мактаб болаларигача  ўша секс эълонни ёпиштиришини кутишади”.

  Сомсапазлар, дарчадан бош суқиб турган бозорнинг сотувчи хотинлари, хамирлар, пиёзлар, девордаги суратлар қўшилиб кулишади. “Ярамас болалар..уятсиз эълонни интернетдан олинган..  расми билан  қайта – қайта суратга олиб, тарқатиб юришибди..Мана Кўрозвой оғанинг эълонлар тахтасининг ёшлар тарбиясига  негатив тасири.. ”.

  “Қайсиси у тарқатадиган менга кўрсатинглар..Эйй..” дейди қизариб  Қўрозвой амрона.

  Кир фаруқ таққан  сомсапазлар, хамирчилар, чойчилар, гўмашта йигитлар тор ва иссиқ  сомсахонани бошига кўтариб яна  кулишарди.

  “Нима дедим..сенга..нима дедим, ана  Қўрозвой акадан сўра..ҳар кун янги эълонларни юлиб олади, жаҳл билан..олиб  нима қилади дейсан.. Уйига олиб бориб ўзи ўқийди. Ҳижолат бўлиб ўзининг ёшлигидаги синфдошлари билан тушган расмини ҳам  худди уялгандай ётқизиб қўяди. Ва  кеч бўлишини,  ётоқхонанинг қўшни хоналаридаги шўҳ хотинлар ва мижғов, вайсақи эркакларни уҳлашини сабрсизлик билан кутиб  ўзиникини ўлчаб кўради..ҳаааа..ҳааа”..

  Қўрозвойнинг юзи қизариб  тиззасига тушган  хотинларники каби юмшоқ  қўллари ва мешдай қорни  селкиллатиб  жаҳл кўчага  чиқиб кетди..

   “Қўрозвой оға..Қўрозвой оға..”..

  Ёш ва навқирон кулги сасларидан сомсахоналар, нонвойлар, мева шарбатларини сотадиган кичик дўконча ва миллий таомлар ошхонаси деворлари зириллаб кетади.

  “Ҳапа бўманг-эй, ака. Бизники ҳазил –да..”.

  “Қўрозвой ака, Қўрозвой ака..тўҳтанг –эй, ҳозир сиз яҳши кўрадиган ёғли қатлама сомса тандирдан чиқади..”..

  “Исқиртлар, ҳамманг бориб шу эълонларни ўқийсизлар. Яна менга осиласизлар, сволочлар” дейди Қўрозвой  сўзонғич хўкиздай  қаҳр билан.

  Қўрозвой қўпол гавдаси билан зиппиллаб елиб, йўл четига ўрнатилган эълонлар тахтаси ёнида пайдо бўлади. Шу ерда асфальт  бузиб аллақандай электр симларини тортиб юрган  мовий ранг кийим кийган ишчининг қўлидан оғир темир чўкични ториб олади.  Тахтанинг ёнида керилиб, не –не орзулар, пул ишлаш иштиёқи, оиласини боқиш эҳтиёжи, уйини қимматроққа сотиш ҳоҳишлари аралаш – қуралаш истаклар  жангур – жургур синади. Яқиндаги сомсапазлар, автобус бекатидагилар, йўналишли такси йўловчилари, шу атрофда тентираб юрган  дайдилар бир дафъаа сукут сақлаб, катта резинка қанордай эшилиб – букилаётган ва турли товушлар чиқариб  тахталарни синдираётган  туядай бесўнақай  одамга қараб қолдилар.  Қўрозвойнинг қадим хўрозлар  авлоди  жами бабақ, япон, хитой , митти малай хўрозларига   ўлат теккандай, у қутурган ҳўкиздай  терга ботиб, ҳансираб,  чўкични ҳар  ойнага урганида қалин лабларидан тупук  сочиб, “ҳай..ҳай..йу..” демиш товушлар чиқариб, ойналар, турли ранг қоғозлар ёпишган тахталарни ғарчиллатиб парча – парча қиларди.

 “Қўрозбой ака, сенга не бўлди,” демиш саслар эшитилди машиналар овози ораларидан.

  “Томи кетиб қолибди. Бошлиғи ўлдиради буни ойна ва тахталарни синдиргани учун..” дейди кимдир.

  Ўзига  келган йўл созловчиси Қўрозвойнинг қўлларини ушлаб оғир чўкични тортиб  олди, кўзлари олайиб, ҳансираётган одамни  етаклаб сомсапазларнинг эшигига олиб бориб қўйди. 

  Ҳар кунги ҳазил  гурунгларга ўрганиб қолган    сомсапазлар, кабобпазлар, совуқ  ичимликлар сотувчилар, гўмма, гўштли пирашкалар сотувчилар, айрончилар,  дўкон эшиги олди, оғочлар  остида  баланд  тепаликдай уйиб қўйилган Coca Cola,Pensi Cola, Ice Tea, Sprayt  ва яҳна чой, мева шарбатлари сотувчилари, бекорчи маршрутли такси ҳайдовчилари, кунда -  шунда йўловчилаилар ҳам гўё ҳеч нарсани кўрмагандай, сўққабош Ўрозвойнинг аянч аҳволини тушунгандай оҳиста сўйлашишарди. Ҳар тонг, ҳар пешин ва ҳар оқшом  бекат бошида семиз, қўллари узун, туядай бесўнақай  Ўрозвой кўриниши билан   кулгилар ва ҳангромалар бошланиб кетарди.  Эълонлар тахтаси кроли Ўрозбой бу вақтда хамиртурушдан шишган улкан  бўғирсоқдай юмалана -  юмалана терга ботиб, матоҳ сумка жилдини  қаттиқ ушлаганича  йўлдан ўтиб, содда одамлар каби тез жаҳлидан тушиб, сомсахонага қайтиб киради. Оқ сарғиш соқоли бир оз ўсган   юзи  терга ботиб сомсапаз йигитлар узатган иссиқ чойни  олиб,  кирлигидан ялтираб кетган бир тамони синган ёғоч суянчиққа  суяниб бир оз кулимсираб,  инқилаб - синқиллаб ўтирарди.   

  “Оға, тинчликми, нима қилиб юрибсиз?..”.

 “Кеча ёмон туш кўрдингизми?..”.

  “Ўч, энди Сайпи, энди одамда ҳар хил ҳолат бўлади..Ака, сомса чиқди..”.

  “Оға, шу эълонларни кампир – сумпирлар,  қария чоллардан бошқа нормал одамлар ҳам ёпиштирадими. Ёки ўқийдими?”..

  “Худога шукур..” дейди чойни ҳузур қилиб ҳўплаб Ўрозвой.. “Астофурулло..Бекорчисила..Ўзим кўрдим..бозорнинг ёнидаги тахтага иккита зўр қиз эълон ёпиштириб кетди. Телефонини..” деган сўзларни аранг айтади Ўрозвой..

  “Оға..” йигитлар ун юқи қўлини, капгири ва ўқлоғини эълонлар қироли тамон узатиб, “оға, оға, тўртта сомса мендан шуни фақат  менга беринг.. Эълонларни ..ўзингиз..” дейди  шогирд сомсапаз узун оқ қалпоғини қалин қоши устидан кўтариб.

 “Қани, сомсанинг иккитасини қўйчи, қолганини кетишимдан олдин ейман ёки олиб кетаман..шундагина кетворган қизлар ёпиштирган эълонларни   олиб, қоғоз юқларини ҳам темир капгирчам билан ном – нишонсиз кўчириб ташлайман..Энг чиройлисининг исми Гуля экан” дейди улкан қизилқуртдай ёйилиб ётган гавдасини умрида биринчи марта тик тутиб, йигитларга қаттиқ тикилади Ўрозвой ҳалиги жаҳди билан.

  Қўрозбой   кулгу ва кесатиқлардан  ўзини ҳимоя қилиш учун “Астофрулло..ўзингга шукур..” дейди яна .

  “Қўлингиздаги нима, оға. .” дейди қоринбой Сайфи.

  Қўрозвой бирдан қўлидаги  синфдошлари билан тушган суратни кўриб,  апил – тапил  минг хил майда – чуйда аралашиб ётган сумкасига солади. Шу расмни кўрса  эълончининг қалбига  илиқлик югурар, бу сурат унга Моноқни эслатарди. Ўзининг шундай суратларни кўпайтириб, эълон тахталарига бурчагига ёпиштириб қўйганди.

   Сомсапаз ва унинг хамир ёядиган, зувалалайдиган, пиёз тўғрайдиган ва тандирга ёпадиган шогирдлари кула -  кула яна ишга киришиб, одатдаги ўзаро кулгулар, бўйдоқ йигитларнинг энг севимли мавзуси бўлган  қизлар  билан ижара уйда ўпишгани, ижарачи кампир  кўриб қолиб, иккаласини ҳам ички кийимда  ҳайдаб чиқаргани..  ишқий мажораларни айтиб, бир -  бирига мақтанар эди. Вақт -  бевақт  гўммаларнинг ёғда жағиллаб қовурилиши, сомсаларнинг тандирда бозиллаб пишиши товушлари  симфониясида ,  шогирд йигитлар устанинг кўзини шамғалат қилиб, бири чўмич, бири ўқлоғ кўтариб, дон етмай қолган жўжаҳўроздай   ҳезланиб сакрашарди. Мўъжаз  хонани  гўмма ва сомсанинг иштаҳани қитиқлайдиган хушбўйи қоплаганди.   

  “Кўразбой оға, бир олифта ялтироқ туфли кийган йигит сизни излаб келди. Ёнида..уҳ..телевизорда кўйлак кийиб мақтанадиган модул хотинларга ўҳшган қиз..Сизга нимадир бермоқчи экан.. ”.

  “Нима бераркан, менга -я..Менга ҳам нарса берадиган одам бормикан?.Модул эмас, модел, эй қишлоқи сомсапаз.. Чиройли модел қизларни кўрганмисан Наталья  Водянова, Клавдия Шифер деганлари..”  дейди билағонлик билан хонасидаги ялонғоч сувртларни эслаб. “Мамаларини очиб чиройли кўйлак кийиб чиқадиганлар” дейди Сайфи ҳам.

  Бирданига ҳаёлига узоқ йили эълонлар тахтаси орқали..муттахам даллоллар  икки марта сотган уйни..  сотиб  олиб, Ўрозвойларнинг ширкатини судга берган уришқоқ хотиннинг қиёфаси кўз олдига келиб эти жунжикди.

  “Суд чақирув қоғози бўлса керак. Бу олифта сал олдинроқ  бекатда ҳамманинг олдида шарманда қилганди..эълонларингиз дастидан Тошкентда юришга жой йўқ, туфлимга ва сочимга ҳам ёпишган деб дағ – даға қилиб кетганди”.

  “Қўрозбой оға, энди у сизнинг муаммонгиз, ўзингиз  ўша олифта ялтироқ  туфли билан келишиб оласиз..”.

        Қўрозбой шаҳар четида совет даврида қурилган  аллақачон  ёпилиб кетган кўн заводининг  оилавий  ётоқхонада бир хоналик уйда  ёлғиз яшарди.  У худонинг ҳар кунида   эрталабдан то кечгача ишда бўлгани учун қўшниларини фақат бозор кунлари  умумий ошхонада  кўриб қоларди. Озғин -   семиз қўшни хотинлар шанба, бозор кунлари болаларига чучвара,  манти, хоним, бўғирсоқ ва  шакарли қатламаларни жаз -  буз қилиб пиширишарди.  Қўрозвойнинг хона деворларини Хоразмнинг 90 чи  йиллар тарихи, Комилжон Отаниёзовнинг шерозий папахли расми, Хива минорлари,  ота – онасининг Хиванинг ичон қалъасида тушган сурати, қизил сари кийган, тақинчоқ  ва бўёқлар денгизига чўмган гўзал хинд актрисалари, деворнинг кўздан панароқ жойларида ялонғоч европалик ва рус актрисалари, ҳусусан моделларнинг расмлари осилган эди. Буларнинг ичида Ўрозвой ўзининг 10 синфда синфдош қизлар билан тушган расмини яхши кўрарди. Бу суратни бозордаги  расмчи йигитларга олиб бориб кўрпайтириб ҳам олди. Расмнинг бирини  катта йўлга яқин ойнаванд эълон тахтасининг бир четига ёпиштириб қўйган  эди. Ҳали ойна синганида суратни гўё эълонлар ичидан қутқариб олган эди.  Расмлар ҳақида  эълон ёпиштирувчилар “булар бедарак йўқолган одамларми..” деб сўрашса ҳам олмаган эди. 90  чи йилларнинг шижоатли ва ғайратли хоразмлик ёшлар, қалин сочини орқага тараган ёш ва навқирон Ўрозвой,  қизлар  билан бирга жилмайиб турарди. Бу расм унга  ҳаётининг энг нурли дамларини, мактабдаги ташвишсиз ҳаёти, эндиликда Ўрозвойнинг болаларини кўраман деб ҳасратда дунёдан ўтиб кетган  оналарининг ёшлигини ва Моноқ хотираларига боғлиқлиги билан ҳам  азиз эди.  Шунинг учун Қўрозвой  бақир - чақир, ўйин - кулги, уруш -  жанжал, кўп қаватли уйнинг қуйисидаги чойхоначининг ҳайқириқлари, ҳар хонадан эшитиладиган дунёнинг турли тилларидаги қўшиқ ва мусиқаси янграйдиган..бозор куни...жонидан тўйдиришарди.   “Керакмас, керакмас..сиздан овқат сўрамадимку..” дерди Ўрозвой  бўйдоқлиги учун  раҳм -шафқат қилиб, бир тақсимча манти, ёки устига қоврилган помидор ва зираворли қайла қуйилган хоним берадиган қўшни хотинларнинг қўлини жон  ҳолатда қайтариб.

  Қишин – ёзин кўйлакчан юрадиган қўшнининг ўн ёшларидаги ўғли кир ва ўсган тирноқли бармоқлари билан қора ранг нақшли откриткага ўҳшаган қоғоз узатади.

  “Почтага ташлашибди” дейди бола ва Қўрозбой берган школадни олиб, яна цимент полларда тапиллаб чопиб кетади. Бу ётоқхонада мамлакатнинг турли вилоятларидан Тошкентга бахт, бойлик ва ҳисобсиз пуллар излаб келган камбағал оилалар тургани учун, ётоқхона ўн беш йиллардан бери таъмирланмаган эди.Қўрозвой  қора рангли аллақандай хорижий мусиқа асбоблар акс этган ва инглизча бир нималар ёзилган қоғозни айлантириб кўриб, стол остидаги аҳлат челакка ирғитди. Ётоқхонанинг умумий почтасига кўпинча кўчадан реклама  ёрлиқларни ташлаб кетишарди. Бир хонали уйда яшагани учун қозондан тортиб, пол ювадиган таёқ, супургигача хонасида диванининг остида жойлашган эди. Хонасининг энг катта бойлиги деворга қоқилган палазмали катта экаранли телевизор эди. Телевизорни бир йилча олдин эълонлар тахтаси орқали уйини сотган рус хотин арзон – гаровга сотиб кетган эди.  Хонанинг бошқа жиҳозлари эшиги синган шкаф, титилиб кетган клёнка ташланган стол ва  ўқлов тираб қўйилган кичик музлаткич Қўрозбойнинг ўзи каби қадимий эди. Ишдан уйига келганда Қўрозбойнинг бошида бир хил ҳаёл айланарди. У “иккинчи жаҳон уруши пайтида Гитлер Москага босиб келмасидан олдин радиода диктор Ливитаннинг залворли овозини эшитиб, агар Москавани қўлга оладиган бўлсам, биринчи қиладиган ишим  “..говорит Москва”  деб гапирадиган  диктор Ливитаннинг оёғидан осиш..” дер экан. Шунга ўҳшаш Қўрозвой агар бир кун бойибми ёки бирон лавозим эгаси бўлиб қолса, ётоқхона биринчи қавати ва бостирмаларининг остига ўтда ёнмас, сувда чўкмас  юз йиллик ташбақалардай жойлашиб олган, эрталабдан кечгача кабобнинг тутуни ва ҳидини бўрқситадиган, мусиқани варанглатадиган кабобпазларнинг устига қўрқитиш учун  хитойда чиқадиган янги йил пақилдоқларини бир қучоғини ташлаб, пақиллатаман деб режа қиларди.

    Унинг кўп саргузаштларни кўрган матодан бўлган кир босган сумкасида  фойдали эълонларни ёпиштиришга елим, инсониятга зарарли бўлган  эълонларни кўчиришга капгирча бор эди. Қўрозвойнинг ҳар кунги эрталабки вақти бутун шаҳарни жунбушга келтираётган номаълум шармиз эълон ёпиштирувчининг  эълонини кўчириш билан бошланарди. Бу эълончини Қўрозвой...  този ит  деб атарди.Шаҳар коммунал хизмати бошқаруви унга: “24 соат ичида..аҳлоқсиз  эълончини  қўлга  олиб, барча эълонларини тортиб олиш ва мусодара қилиш” буйруғини  берган эди. Аммо кўп уринишларга қарамасдан  у ҳаёсиз эълон ёпиштирувчини  сира тутишолмасди. Кўп қаватли уй ва авиасозлар бозорига яқин жойдаги шаҳардаги энг катта  эълонлар тахтаси,бу.. яъни  сомсапазлар, новвойлар, ширинликлар, ҳўрозқандлар сотувчилар дўконининг   катта йўлга қараган орқа девори эди.   Йўл бўйидаги светафорнинг яшил, қизил ва сариқ чироқлари неча бор ёнади. Неча бор, минг, минглаб  катта – кичик машиналар у ёқдан бу ёққа ғизиллаб  ўтади.  Машиналарда  минглаган қиёфалар, тақдирлар, орзулар ва армонлар шамолдек елиб ўтади. Устига икки – учта синиқ газ плиталари, қопқоқсиз кирмашиналарни юклаб олган ҳайдовчилар: “эски холодильник ва газ плиталарини яхши нарҳларда оламиз..” дея микрофонда  бақиришарди.

  Шу он олис тоғлар ва кенг буғдой далаларидан елиб .. кўп  қаватли уйлар, сон – саноқсиз машиналар, дов –дарахтлар орасида кучли ўрама қуюн шамоли  пайдо бўлди. Бир зумда атрофни  кучли чанг – тўзонли тўфон қоплади.   Симёғочлар,  кўча бўйларидаги оғоч япроқлари, дўконларнинг бостирмалари орасида шамол ғувиллаб товуш чифарарди. Тўфонинг ўрамларида тунука қутилар, маккажўхори, картошка чипси, музқаймоқдан бўшаган пластик қутилар, катта – кичик эълонлар, қисматлар, ташвишлар, кўзёшлар, ҳасратлар айланарди.   

   Шамолдан ойнасини ёпган келин – куёв ўтирган  кортеж  бешта  қора рангли  устида оқ, қизил, яшил шарлар ва ипак тасмалар ҳилпираган Hammer  машиналари  светафорда тўҳтади.Машиналардаги ёш –яланг бақириб – чақиришар, кулишар, қўшни машаналардаги қизларга гул ва пул узатишарди. Оппоқ либосларга бурканган келин ҳалигина йиғлагандай ёмғирдан кейинги  номозшом гулдай сўлғин ва маюс  эди.

 “Вой, ановини қара, иди сюда, иди сюда..ҳа, балога йўлиққур..ёпиштирма десам ҳам ёпиштиради, булар      ..ҳа эълонинг билан ҳар бало бўлгурлар. Ана шу уятсиз эълонни ёпиштирган бола..ана..ана..ушла, тут  ”    деб бақирарди  фаррош Назмихон.  

   Қўлида қоғозлар ҳилпираётган ўн – ўн икки ёшларидаги болакай чопоғон тойчадай чопиб, кўп қаватли уйлар ва ҳорғин, қадди эгиг  одамлар орасига кириб кўздан ғойиб бўлди.

  “Ярамас, буни қара.. Сайпи. Булбулчасини 18 смга узайтирарармиш.. Булбулчанинг ўрнига сени хид билмас бурнингни кир осқич пишепка билан  узайтириб, филни хартумига  айлантириш керак.Аҳмоқ. Интернет ақлини олган овсарлар...Буларни ота – онаси боласининг  нима ишлар қилиб юрганини билишармикан..шу болани олдин ҳам бир икки марта кўргандим..”..

  “Ҳаҳаҳаҳа..” дея кулади Сайфи ола – чипор светири остидан дўмпайиб чиққан қорнини селкиллатиб.

  “Ўзи бу кўчанинг  сомсапаз, дўкончилар ва ҳайдовчиларга бир бало бўлган..ҳалиги аҳмоқ боладан фарқи йўқ..Кулишингга бало борми?..” дейди Назмихон  ерда ётган бўш баклашкаларни олиб.

  Фаррош аёл Назмихон эълон тахтаси ёнида осмондан тушгандай пайдо бўлан оғзи қулоғидаги,   қора костюм – шим кийган   Кўрозвойни кўриб ҳайратда қолди.

  “Ҳа, Қўрозвой бўққа тўйган хўроздай вақтинг хўш.. Биров ўламан деса нега куласан, Қўрозвой..Учрашувдан келаяпсанми....” дейди шартта.

  “Назми, ўзинг қара.. шармсиз эълонни ёш бола ёпиштириб юрганига куляпман. Тошкентда бирор секс моняк пайдо бўлдими деб қўрққандим..Костюм – шимимми...гап бор-да Назмихон..” дейди Қўрозвой аллақандай виқор билан.

  “Ия, ўзи ҳамма иш сенда экану, Қўрозвой. Ичимни қизитма сен.. Бу нима деганинг..ёш болаларнинг бундай ишга аралашиши  катталарникидан кўра ҳафлику..” дейди Назмихон   жаҳл билан қоғоз – қуғозларни супуриб .

  “Назми, менга бундан кейин.. ҳар гапни айтаверма. Ёш бола эканлигини билиб қувонганим, болалар бу  эълонларни интернетдан русча, инглизчасини таржима қилиб   ёпиштиришяпти. Прикол учун..аҳмоқлар..Вой, сволочлар..эй” дейди кулиб  ҳали ёлимлари қуримаган эълонларни тирноқлари  ва капгирчаси билан кўчириб.

   Қирқ ёшларида  ҳаётнинг қийинчиликлларидан қариб қолган баланд бўйли, буғдой мағиз  Назмихон,  қоғозлар кузги оғочлар баргидай пориллаб учаётган  эълонлар тахтаси ёнидан орқароққа тисралиб, супургиси суяниб анқаяди.

  “Бир қоп тилла топган одамдай кеккаясан. Гап бормиш, сен эълончида қанақа гап бўлиши мумкин. Костюм – шимингни анови  кўп қаватли уйнинг биринчи қаватида жойлашган “Бахт эшиги” салонидан прокатга олгансан.Ҳаҳаҳа.. эй, Қўрозвой..сенинг нима демоқчилигингни оғзингни очишинг билан биламанку,   нега энди сўз  демас эканман.дейман. Ҳа, нима бўлди, сенга Қўрозвой..” .

  “Оғзингга қараб гапир, Назми. Бу жой сенга  бозор эмас, шалақилик қилишга..Мен сенга энди кечаги Қўрозвой эмасман. Анови олифта ялтироқ  ковуш кийган  йигит..ўзи мени аввал ҳақоратлаб, энди билсам  туфлисига ёпишган эълондаги қизга қўнғироқ қилиб танишибди. Кўп ўтмай  уйланибди ҳам. Яқинда..бир йўла уч  эгизак бола  туғибди хотини.. Одам ишонмайдиган ишлар..Мен Қўроз..йўғей Ўрозвойни икки – уч маротаба излаганмиш. Эҳ, Назмиой.. ишонмайсан-да.. кеча  чақириб  Авиасозлар  бозори орқасида  икки хона уйи бор экан. Шу уйни менга, болаларимнинг садақаси.. деб, оформилят қилиб берса бўладими, Назми. Ўзимам ҳалигача ишонмаяпман... Икки кундан бери уҳлолмайман десанг ..”.

   Турмуш қийинчиликлари ва кўчанинг оғир ҳаётида улғайган Назмихон супургисини судраб яқинроқ келади. Кулганича ён- верига бир қараб олиб:

  “Оҳҳо..зўр-ку жуда ҳам. Унда менга ўйлана қол, Қўроз..иии..Ўрозвой..Ўзинг уйланаман дердинг.. Неча йилдан бери икки болам билан  Тошкентнинг тўрт тарафида ижара уйда яшайман. Топганим бу ойдан бу ойга етмайди.  Овқатингни пишириб, кирингни сиқиб ўтирардик..қизларим билан..”..

  “Сенга.. Ўйлаб гапираяпсанми..” дейди  қўлини оппоқ дастрўмолга артиб.

 “Ҳа, менга нима бўлибди. Мана фигурамни қара..Ўзинг ҳамиша чиройлисан дердингку..” ..Назми Ўрозвой унга ҳозир уйланадигандай  одамлардан, таниш- билишлардан  яшириб юзига  ўраб юрадиган рўмолини ечиб, турган жойида супургиси билан айланади.

  “Сен қариб қолгансан- ку Назми..яхшиси сен кўчангни супур..болаларингга қара.. Қўлимдан келса сенга ҳам помочь қиламан..”..

 Йўл бўйида светафор қизил, сариқ, яшил  ёнади. Машиналар тўҳтайди, сигнал чалади. Мусиқалар, қўшиқлар янграйди.

  “Эй сен, эълон тахтасининг ивирсқи кроли..” деганича Назми  бир қўлини белига тираб, супургиси билан Қўрозвойга яқин келади. “ Сен хартумли туяни қатламага ўраб ташласа ҳам ит искамайди. Ўзингча олдингга суяк ташлаганлрига одам бўлиб қолдингми?..Мен сен резинка қанорга мана шу ёрилган ва қадоқ   қўлларимни ҳам ушлатмайман..Кўчангни супурмиш,шаллақимиш,  ҳей сени..башаргга ...эълон тахтанг билан қўшмазор бўл..сен резинка қанорни  ҳали уйидан кўчага улоқтирганларида ..даминг чиққан пуфакдай бўлиб қолганингдан  сўнг гаплашаман.. ”.

  “Назми, сен тушунмадинг, Назми дейман. Юр, яхшиси болаларингни энагасига қолдир. Бозор қилиб янги уйга борамиз, евро ремон қилинган.. жуда яқин,  бозорнинг орқасида..” дейди терлаб Ўрозвой аёлнинг ортидан бориш ва бормаслигини билмайди.

  “..уйинг бошингда қолсин резинка қанор..”..деган саси эшитилади Назмихоннинг кўчанинг қаерларидандир.

   Шу замон  Қўрозвойнинг костюмининг киссасидаги қўл телефони жиринглайди. Телефон мониторида “Асадбек” деган сўз пайдо бўлади.  Қўрозвойнинг юрак уруши тезлашиб,боши айланиб кетади. Қўнғироққа жавоб беролмайди...Ерда ётган суратга кўзи тушади. Телефонни олаётганда  синфдошлари билан  тушган расм киссасидан тушиб, тупроқ ва чангга  беланиб ётарди.

   Октябрь – ноябрь 2017 йил.

  Тошкент

 

  

 

  

 

- - -


< Orqaga qaytish