Маданият, санъат

Ўз даврини яратган инсон. Абусаид Нурбоев


Marta o'qildi

Ўз даврини яратган инсон. Абусаид Нурбоев

 

1978 йил июль ойида..  Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари, таниқли давлат ва жамоат арбоби, атоқли адиб Шароф Рашидов Самарқанд вилоятининг Қўрғон қишлоғига ўзбек достончилиги, халқ оғзаки ижодининг улкан намояндаси Эргаш Жуманбулбул ўғлининг 110 йиллик юбилейига келган эдилар. Айнан шу куни вилоят ташкилий структурасида маълум ўзгаришлар юз бериб,  Қўшробот тумани  Нурота тумани таркибидан ажралиб чиқиб,  янги Қўшробот тумани ташкил этилган эди.        

Ўша куни Қўшробот, Нурота, Иштиҳон, Хатирчи  туманларидан  Эргаш  Жуманбулбулнинг  110 йиллик тўйига вилоятнинг шаҳар - қишлоқларидан  минглаб одамлар йиғилди. Шароф Рашидов халқ билан, кекса онахон - отахонлар, уруш ва меҳнат фахрийлари билан учрашдилар. Жуда катта тарихга эга бўлган самарқанд юртининг меҳнаткаш халқига самимий тилак ва ниятлар билдирди. Улуғ оқиннинг невара, чеваралари билан алоҳида учрашиб суҳбатлашди.  Ёшу – қари билан эсталик суратларига тушдилар.  Шароф Рашидов адабиётни, фольклор намуналарини, Эргаш Жуманбулбул ўғли ижодини ғоятда қадрлаши, улуғ бахши қўшиқларининг  давомчиларини тарбиялаш, бахшининг нодир  асарларини чоп этиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтганларидан ҳам билса бўлади. Шароф Рашидов улуғ бахши хотирасига ўрнатилган муҳташам ҳайкал, музей ва Эргаш бахши ҳоки қўйилган ёдгорлик мажмуасини очиб берди. Ўша давр ва бахши  ҳаётини акс эттирган музей экспонатларининг  ранг – баранглигидан ҳаяжонини яшира олмаган эдилар.

  Суратда:"Қўрғон" достончилик мактаби тадбири. Давлат рахбари Шароф Рашидов ва  Абусаид Нурбоев шеър ўқияпти.

 

  ЮНЕСКО  рўйхатида турган “Қўрғон” достончилик мактаби уй музейида кўп асрлик асори -  атиқалар: шоир туғилган қишлоқ инсонлари урф – одатлари, байрам –хайт тантаналарини  акс этган буюмлар,  қўлёзмалар, тарихий ва архив  суратлари жой олганлиги,  бадиий, илмий, халқ оғзаки ижодига оид катта  китоб  фондига  эга бўлган кутубхона билан танишиб, ушбу масканни ташкил этганларга ўз миннатдорчилигини билдирди. Шароф ака Рашидовнинг ..ҳудуднинг халқ достончилиги борасидаги бой  тажрибасини инобатга олиб, берган кўрсатма ва тавсиялари “Қўрғон” достончилик мактабининг  ташкил бўлишига асос  бўлди.  

  Ўша Шароф ака ташриф буюрган муборак йиллардан бери, бу ерда ҳар йили    анъанавий “Жуманбулбулхонлик” байрамлари ўтказилиб келинади. Бу улуғ инсон Шароф Рашидовнинг аввало адабиётимизга, ҳусусан,  “Қўрғон” достончилик мактаби ижодкорларига кўрсатган улкан саҳовати ва эътибори эди.

   Мен журналист ижодкор ва улуғ оқин Эргаш Жуманбулбул ўғлининг набираси сифатида,  она Ўзбекистон, шоир туғилган тоғлар, дашту -далалар  ва элнинг мангу достонлари мавзусида  юзлаган шеърлар ёздим. Ушбу ижод намуналарим “Камалак”, “Оққанот”, “Оқтов нафаси”, “Меҳрнинг бунча иссиқ, онажон Тошкент” номли шеърий тўпламларимдан жой олди.

Қалбимга улуғ бобомиз Эргаш Жуманбулбул ўғли ёққан ўт билан  “Гулистон”, “Мулоқат”, “Сағлом овлод учун”, журналларида, “Зарафшон”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” сингари газеталарда ва  республика телерадиокомпанияси таркибида узоқ  йиллар фаолият юритдим. Мамлакатимиз матбуот органларида  элу – халқимиз дарду – армонлари акс этган кўплаб мақола, очерк, фельетон ва шеърларим эълон қилинди.  Мазъкур ижод намуналарим ҳусусида жамоатчилик яхши фикрлар билдирди. Биз,  Эргаш Жуманбулбул ўғли авлодлари улуғ бобомиз номига муносиб бўлиш учун жамиятнинг ҳар соҳасида халол меҳнат қилмоқдамиз ва  она  Ватанимиз  тараққиётига хизмат қилмоқдамиз.

Улуғ Шароф Рашидов башорат қилган  ва Жуманбулбул ўғли достонларида куйлаган доруламон замонлар келди. Бу йил халқимиз  асарларини севиб ўқиган, ардоқли ёзувчи, эл севган оташқалб давлат арбоби,  одамоҳун ва  бир умр ўзбек халқиниг ғам-ташвиши билан яшаб ўтган Шароф Рашидовнинг 100 йиллик юбилейининг нишонланиши халқимиз рухиятини янада кўтариб юборди.

 Файласуфлар айтганидек, шахслар даврлар ва замонларни яратади.  Ўзбекнинг  шижоатли рахбари ва улуғ ёзувчиси Шароф Рашидов,  ўз даври.. адабиёт ва маданият гуллаган даврни  яратган улуғ инсонлардан  бири эди.

                                                                                           

- - -


< Orqaga qaytish