Marta o'qildi
Буюк ўзбек шоири Шукруллога "Турк дунёси адабиётида йил кишиси 2016" мукофоти берилди.
Турк дунёсининг 2017 йилдаги маданий пойтахти Туркистон шаҳрида бўлиб ўтаётган "Турк дунёси адабий нашрлари муҳаррирларининг 7-конгресси"да Евросиё Ёзувчилар уюшмасининг "Турк дунёси адабиётида йил кишиси 2016" мукофоти буюк ўзбек шоири ва ёзувчиси Шукруллога тақдим этилди, деб хабар бермоқда Ziyouz портали.
Хабарда айтилишича, 96 ёшли Шукрулло домла конгрессга кела олмагани учун совринни топшириш ваколати Ziyouz портали муҳаррири Давронбек Тожиалиевга берилди.
Ўзбекистон халқ шоири Шукруллога "Турк дунёси адабиётида йил кишиси 2016" мукофоти тақдим этилди
Шукрулло (Юсупов) 1921 йил 2 сентябрда Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур даҳасида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон халқ шоири.
Кўплаб шеърий асарлар, достонлар, болаларга аталган шеър ва эртаклар, шеърий драмалар муаллифи.
"Жавоҳирлар сандиғи" эссеси, қатағон даври даҳшатлари ҳақидаги "Кафансиз кўмилганлар" автобиографик қиссаси, "Тирик руҳлар" роман-хроникаси муаллифи. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати, "Дўстлик" ва "Эл-юрт ҳурмати" орденлари билан мукофотланган.
"Турк дунёси адабиётида йил кишиси" мукофоти ҳар йили туркий дунёнинг энг ҳурматли ва етук шоир-ёзувчиларига тақдим этилади. Бу мукофотга 2011 йили Али Оқбош (Туркия), 2012 йили Анор (Озарбайжон), 2013 йили Тўлен Абдик (Қозоғистон), 2014 йили Исмоил Бўзқурт (Кипр), 2015 йили Умар Султонов (Қирғизистон) сазовор бўлган.
- - -