Проект, грантлар

Ўзбек зиёлилари қандай китоб ўқимоқда?.


Marta o'qildi

Ўзбек зиёлилари қандай китоб ўқимоқда?.

Шукрулло, Ўзбекистон халқ шоири:
— «Бўш қоп тик турмас» деганларидек, ёзувчининг иши фақатгина ижод қилиш эмас, у муттасил ўқиши, ҳаётни ўрганиши, жаҳондаги воқеа-ҳодисалардан, адабий жараёндан бохабар бўлиши ҳам керак. Ҳозир фақат китоб мутолааси билан бандман. Акмал Саиднинг «Ҳазрати Занги Ота», Абдуқаҳҳор Иброҳимовнинг «Руҳий озуқа махзани», Ғиёсиддин Хондамирнинг «Макорим ул-ахлоқ» асарларини, Ҳалима Худойбердиеванинг янги китобини ўқияпман.

Умарали Норматов, филология фанлари доктори, профессор:
— Мен шу кунларда Хуршид Дўстмуҳаммаднинг «Донишманд Сизиф» номли романини ўқияпман. Бир қарашда асар учун танланган мотив ғарбча бўлса-да, романни ўқиб, чинакам ўзбекона руҳни ҳис қилдим.

Наим Каримов, филология фанлари доктори, профессор:
— Бу йил Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги нишонланади. Шу муносабат билан адиб асарларини, қолаверса, Фёдор Раззаковнинг «Коррупция в политбюро. Дело «Красного узбека» асарини мутолаа қиляпман.

Худойберди Тўхтабоев, Ўзбекистон халқ ёзувчиси:
— Ойбек домланинг «Болалик» асарини қайта ўқияпман. Ўткир Ҳошимовнинг «Дунёнинг ишлари» китоби столимда турибди. Ўткир Ҳошимовдаги тилнинг тозалиги, руҳнинг софлиги менга ёқади. Деярли ҳар куни болаларга оид китобларни ўқишга, варақлашга тўғри келади. Афсуски, бугунги болаларимизнинг китобхонлик даражаси мақтагулик эмас. Уларнинг сўз бойлиги жуда кам, 1200-1300 та, холос…

Иброҳим Ғафуров, адабиётшунос:
Х—XI аср араб ёзувчиси Усома ибн Мункизнинг «Ибратли китоб» номли улуғ асари бор. Уни машҳур арабшунос олимимиз, филология фанлари доктори Исматулла Абдуллаев ўзбек тилига ўгирган. Китоб Ғафур Ғулом нашриётида 1980 йили нашр қилинган. Бу асарни ўша пайтда ўқиган эдим, бугун яна қайта қўлимга олдим. Муаллиф ҳозирги Туркия, Сурия, Фаластин ерларида Х асрда салбчиларга қарши курашган йирик қаҳрамонлардан бири. Ўша кезлар бошидан кечирганлари, салбчиларга қарши қандай кураш олиб борганини хотиралар тарзида ёзиб қолдирган. Мен ўқиётган яна бир китоб инглиз олими Тёрнернинг «Символ и ритуал» асаридир. Муаллиф Марказий Африка халқлари орасида кўп йиллар яшаб, ҳаёт тарзини чуқур ўрганган. Маросимлар, расм-русумлар, рамзлар, тимсоллар нимани англатиши ҳақида ажойиб илмий китоб ёзган.

Жамол Камол, Ўзбекистон халқ шоири:
Ҳозир Шайх Низомий Ганжавийнинг «Хамса»си таржимаси билан бандман. «Махзан ул асрор» ва «Лайли ва Мажнун» чоп этилди. Бошқа достонларни ҳам худо хоҳласа, 2018 йилгача тамомламоқчиман.

Шайх Абдулазиз Мансур, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари:
Умуман олганда юртимизда чиққан 15000 дан ортиқ диний-маърифий китобни ўқиб чиққанман. Ҳар куни аҳолидан тушаётган диний-маърифий саволларга жавоб бериш жараёнида 10 дан ортиқ китоб кўраман. Бир кунда 50—100 та саволга ёзма ва оғзаки жавоб беришга тўғри келади. Фатво китобларидан «Фатовои Оламгирия», «Фатовои Қозихон», «Хулосат ул-фатово», тафсир китобларидан «Тафсири Насафий», «Баҳрул улум», ҳадис китобларидан Суютийнинг «Ал-жомеъ ас-саҳиҳ», фиқҳ китобларидан «Ал-мавсуъ ал-фиқҳия» (30 жилдли исломшунослик энциклопедияси), «Мухтасар ул-виқоя», «Ҳидояи шариф» китоблари кундалик кўрадиган манбаларимдир.

Тоҳир Малик, Ўзбекистон халқ ёзувчиси:
Шу кунларда ҳинд адиби Рабиндранат Тагор ҳикояларини мутолаа қиляпман. Ҳисоблаб кўрсам, унинг ҳикояларини бундан эллик йил муқаддам ўқиган эканман.

Анвар Обиджон, Ўзбекистон халқ шоири:
Кечагина Иқбол Мирзонинг болалар учун кичик шеърлари тўпланган «Эркатой эрка той» китобини ўқидим. Аввалроқ «Турон қавмлари», Шукур Қурбоннинг «Эркин Воҳидов сабоқлари» китобини тугатгандим. Маҳмуд Кошғарийнинг «Девони луғотут-турк» асари янги нашрини («Мумтоз сўз» нашриёти) ҳайрат билан мутолаа қиляпман. Боболаримиз ишлатган сўзлар, туркий тилнинг ажойиботлари мени яна ўзига тортди. Янги нашрда сўзлар изоҳи такомиллаштирилибди.

Афзал Рафиқов, Ўзбекистон халқ артисти:
Ҳозир Баҳриддин Насриддиновнинг ўтган асрда яшаган шоир ва драматург Хуршид ҳақидаги китобини ўқияпман. Навоий асарларининг 10 жилдлигини доим ўқиб бораман.

Қозоқбой Йўлдошев, филология фанлари доктори, профессор:
Айни дамда турли қўлёзмаларни ўқиш билан бандман, аммо уларнинг аксари пичоққа илингудек эмас. Охирги вақтларда менга манзур бўлган асар Сойим Исоқнинг «Қиёматга қолмаган қасос» романи бўлди.

Иброҳим Ҳаққул, адабиётшунос:
«Ситораи Моҳи Хоса»да дам оляпман. Ўзим билан Лев Толстойнинг «Иқрорнома»сини олиб келдим. Сўнгги кунларда Юсуф Хос Ҳожиб қалами мансуб «Қутадғу билиг» асарининг усмонли туркчага қилинган таржимасини ўқияпман.

Усмон Азим, Ўзбекистон халқ шоири:
Айни пайтда Апулейнинг «Метамарфоза» асарини ва Гоголнинг «Невские проспекти»сини ўқияпман.

Анвар қори Турсунов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби:
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг «Тафсири Ҳилол», Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг «Тафсири Ирфон» китобларини ўқияпман. Шунингдек, Абдуллоҳ Қодирийнинг «Ўткан кунлар»ини ўқияпман. Мен бу китобни 10 ёшимдан ҳар баҳор ва кузда қайта ўқийман. Бу йил сал кечикдим. Яна Навоийни ҳар куни қўлимга оламан.

Хуршид Даврон, Ўзбекистон халқ шоири:
Айни пайтда венгер файласуфи Ева Анчелнинг «Этос и история» китобини қайтадан ўқияпман. Биринчи марта ўтган асрнинг 90 йилларида ўқиган эдим. «Этос» атамаси қадимги юнон фалсафасида «инсон ахлоқи ва унинг амалий иши ўртасидаги боғлиқлик» ёки эркинроқ, яъни ўзимнинг таърифимча, «маънавий тартиб» маъносини англатади. Этос инсоннинг ҳар бир иши юзасидан у бу ишни нимадан келиб чиқиб, нима учун қилди, деган саволларга жавоб излайди. Бу асарни яна қайта ўқишга эҳтиёжимга келсак, бугун дунё, инсоният шунчалик мураккаблашдики, англаш тобора қийин кечмоқда. Саволларимга жавоб изламоқчиман. Ўзимизда кечаётган жараёнларни, жуда кўп одамларнинг қилмиш-қидирмишини тушунишга уринмоқчиман. Бу миллатни бугунги маънавий аҳволини, маънавий тартибини ҳам англашга фойда берармикан, деб ўқияпман.

Иқбол Мирзо, Ўзбекистон халқ шоири:
Ҳозир Жалолиддин Румий «Маснавий»лари асосида устоз Ҳамидулла Болтабоев нашрга тайёрлаган «40 ривоятга 40 шарҳ» китобини роҳатланиб ўқияпман. Олдинроқ устозимиз Абдулла Ориповнинг «Биринчи муҳаббатим» китобини, Орзиқул Эргашнинг ҳикоялари ва қиссалари ўқиб чиққандим.

Улуғбек Ҳамдам, ёзувчи:
Француз драматурги Жан Доминик Боббининг «Скафандр ва капалак» романини такрор, Лев Толстойнинг «Тирилиш»ини илк бор ўқияпман.

- - -


< Orqaga qaytish