Саломат Вафо асарлари

Хасан-Ҳусан ўқ ёйи . ҳикоя.  Саломат Вафо


Marta o'qildi

Хасан-Ҳусан ўқ ёйи . ҳикоя. Саломат Вафо

                        

      Дарёда алланарса  қарсиллаб тошга урилиб, жаранг журуу..унг..жуу..уу..ринг.. этиб, гўё  алланарса– дарёми, сувларми, тошларми, самоларми “оҳ” чекар, балки  одам боласи......осмон қопқалари ҳам  бир силкиниб, самонинг қаерларидадир кўк тангрисининг амри билан  оқ, кулранг,  қорамтир тусли ёмғир булутлари карвони қўзғалиб, адашган тун қушларидай бир жойга йиғилиб,  улкан тош дигирчакли  момогулдурак аравасини жониҳалак  юргиза кетди: гумбур, гумбур...

     ”Йўлдан қоч, йўлдан қоч... хороздоғи дондий енчиласан”.

    Осмоннинг кумуш гардини айланар чоғда, мағруби машриқ, оқшом ва бугун, ўтган ва келаси кун осмонида шаҳд билан айланмиш чақин дигирчаклар...яқин кела- кела...таранг- турунг...тақа- тақур бир- бирига урилиб, осмон тоқидан оловли юлдузлар, оловли ёва[1], оловли санчқи,  найзаларини отиб, қиёмат жангига киришди. Булут ва  само орасида ғалати нурли қаҳрабо  тароқлари пайдо бўлди: осмон тангриси ўқ ёйини отишга чоғланиб, ёй  иплари таранг тортилди.  Коинотнинг  одам боласи кечмиши ва келажаги битилган тақдир варақларида нечундир  чақин чақди,  саҳро шамоллари олис- олис қум барханлари, чексиз саҳролар ортидан тутун, ёнган тери,елим ва куйган қоғоз исларини олиб келар, саҳронинг чўк тушган туя ўркачларидай қум тепаликлари  уфқнинг қора чизиқлари билан туташ жойида исканжали олов кўкка ўрлаб:

   Китоб сирти

   Очилган каломлар

   Ипак тасмаларга ўралган зарли хитой,

   Тахлам- тахлам Самарқанд қоғозлари

   Қалъа майдонларида,

   Элат четларида

   Уйилиб кетган ҳўкиз терисига ёзилган ялтироқ битиклар

      Юртни аллақачон  тарк этган  шоир бахшилар достонлари,

улуғ пайғамбар айтимлари ёзилган  деворлар, эшик, ойналар, ҳўкиз териси қопланган муқаддас китоблар, найзаланган, бир хил  ҳина ранг ҳарбий либосли ёш эркаклар,  чопилган қари- қартанглар, лачаги учган момолар, онасининг эмчагига ёпишиб қотиб қолган бувакларнинг кечаги куни–

 тарихи

 хотираси

 ёзма Дулбаржин битиклари

 Ёнарди,

 Битарди,

 Учарди,

 Кулга айланиб

 Дайди  шамоллар билан

 Саҳрога  сингарди.

      Бу ғаройиб воқеаларга, ҳафтанинг бозор куни осмон подшоҳлигининг Сулаймон Девлари салтанатига қарайдиган, кеч  кузнинг оёқлари,  сувлар аллақачон совиб, тананинг ўткир ханжар янглиғ кесадиган, тун шовур- шувурларига тўла мағрур тераклар,  сочлари ёйиқ сирли оқ толлар, тўрт фаслда дунё шамоллари келтирган илоҳий  амрга алоқадор мўйсафид ва донишманд гужум япроқлари,  ерга ёвмут, тахта,  така туркман хотинлари ҳасратли қўшиқлар куйлаб  тўқиган  ғолилардай ёйилиб, дайди шамоллар билан саҳро ичига учганига аллазамонлар бўлган. Ва бу кун  Тарихи аввалда ҳазрат Григорий ёзган  24 ноябрь... улуғ Муҳаммад алайҳиссаломнинг Маккадан Мадинага ҳижрат қилган палладан   шарқнинг   ҳижрий қамарий йил тақвимида  зул ҳужжа ойининг 24 куни эди.   

     “Воҳ, ана..ана..”, деган  даҳшатли навқирон бир  фарёд, дунёга тўймаган норасиданинг ўлим олди илтижолари   билан қоришиқ ҳайқириқ тез оқаётганидан кўпираётган тоғнинг совуқ сувлари, тўлқинлари, кенгликлари узра тарқади. Дарёлар, қирғоқлар, қовжироқ ўт- ўланлар, баланд- баланд осмонда учиб юрган  бургутлар   ва ҳатто  қартайған кўк ҳам  ганч кўнгилнинг қаттол ўлимининг ваҳшатидан дилдираб, ханжарлар ярқироқларидан, қонлар исидан,  тақдирнинг қора муҳри  босилган кун ҳасратидан бии..р силкиниб кетди.   

      Дарё канориндаги синиқ- миниқ  соябонли аравалар, от қорнига чандиб  боғланган юклар, ёв   босқилағон  юртдай аянч, хотин- халаж, бобойлар ва бола- чақалар,  ғариб, пароканда ёйилган лашкарлар хавотирли  ва ғамли нигоҳлари билан  оқ кийимли отлиққа қарадилар. Жингалак соч  қизалоқ онасининг овутишига қарамас,  қўлига сувда ивиб қолган ҳолва берса-да, онасининг кўйлаги ва пўстинидан тортиб, типирчилаб тушишга уринар, онаси уни маҳкам ушлаб, “ана қара...войвуу...Ҳавожонбика  дарёни уллилиқини қара..вой вўў..сувни оқишини гўўр...”, деб қизини овутар, чалғитар эди.  Қиз икки- уч лаҳза овунган бўлар ва бошини бураётган чоғда яна чириллай бошларди. “Акама бораман, ано акам..акааа...”, деб қўзмунчоқли жажжи дўмбоқ қўлларини оқ отлиқ тарафга узатарди.

      Телба тоғ дарёсининг шовури, олисларда саваш майдонидаги яраланган лашкарнинг оҳу воҳи, саҳро узра осилиб турган ажал ойболтасининг таҳликаси, қўрқуви ва кўзи қисиқларнинг содир этаётган тарихи ва уфқни қонга бўяётган қотиллиги ваҳшатларининг орасида оқ кийимли саркарда илоҳий ишорат  билан бирдан бошини буриб, дарё томонга юзланди. Ва типирчилаб, отаси томонга чиқмоқчи бўлаётган қизалоққа  кўзи тушиб, қорачуқларида гўё само тароғининг бир тарами нури  пайдо  бўлгандай ёришиб кетди: “...қизим олтиним...ина тушдим”, деди аввалги юрт тинч фаровон замонлардагидай. 

     Дарё каноридаги тўпнинг  кўзларида саросима, қўрқув, таҳлика, ҳорғинлик ҳукмрон эди.  Афтидан баландда, қисиқ кўзлилар билан олишув бўлган жойда қолиб кетган одамларнинг, қариндош- дўвғонларнинг бошида қандай  қонли тегирмон тошлари айланаётганини,  тарқаётган фарёд, жониққан саслардан у ёқ- бу ёққа чопаётган отлар дупуридан англаб туришарди.

      Отлиқларнинг баланд бўйли оқ чакмон ва яшил олмосли оқ кулранг  папах кийган, паҳлавон  одами  “боламмм..”, деган ун чиқарди,  лашкар  йигит ялт этиб қараб, отини ниқтади. Отлиқлар алланарсани кутган, тараддудланган кўйи дарёнинг баланд жойида туриб, туманда учар гўнг қўнғизларидай  ғимирлаётган, уймалашаётган лашкарларга қараб туришарди.

     Осмоннинг хўмрайган юзи очилгандай бўлиб, қуёш йилт этиб кўриниб, саросимага тушган тўпдан четда ўтирган, мўйналарга бурканган, сочоқлари узун гулли пўта устидан олмосли шерозий папах кийган, оқ юзли, қирра бурунли,  сарғиш кўзлари ёшга тўлган, парилардай чиройли ёшгина хотин аста ўрнидан туриб, ғам ва қўрқинчдан оқариб кетган юзини  оқ чакмонли лашкарга қаратиб деди: “...Қутбиддин...нерда..қани..қани у?”   

      Оқ отлиқ саркарда  мўйнага бурканган хотин томонга мислсиз ҳасрат ва қайғу билан боқиб, яна юзини бурди.

     Унинг  юзи ва кўзларида ҳали ҳам аллақандай умид ва интилиш бўлиб, ҳали замон отасининг қалъалар орасида яйраб  кетган жанговор филли юз мингдан ошиқ  лашкарлари наръа тортиб, гўнг қўнғизларни босиб- янчиб топтар, деган умиди  аллақандай номсиз аламлар уя қурган қалбини ёритар,  ҳали ўтган ҳафтанинг жума  куни ўғиллари билан қалъа ташида  шикор этгани, кичик шаҳзодалар қўлга ўргатилган қирғий билан товшан, ўрдак, бедана ва кирпитикан тутганини ва кечга томон  саройда соз суҳбат устинда палов ейилгани, зиёфатда бахшилар, халфалар юракни ёқадиган қўшиқлар куйлагани ва уларга беш манатлиқ олтин ҳадя  этгани  бир тушдай туюлмоқда эди.  

     “Нега отаси анасина қулоқ осиб, лашкарни бўлиб юборди?”

     “Навчун Қутбиддинни анаси билан қалъада қолдирди”.

     “Қутбиддин..боламм..”.

     “Энди саҳроға сочилғон банданинг тақдирини ким билар?”

     “Дарёға сакраса айланма ўпқонидан дири чиқарми?”

     “Буларға ким кўмак верар”, деган ўй билан дарё канорида  ҳали замон оқиб кетадиган қоғоз  қайиқлардай ғуж бўлиб турган хотин- халаж, қариндош- дўвғанлари ва мулозимлар тараф боқди.

    “Бир ёнда қипчоқлар,  бир ёнда қорахитой ва ёвуз Чингиз”.

     От ёли  ва аллақандай туғ ҳилпираётган оқ чодирнинг бўсағасида бархит, калта пўстин, олд тарафи йиртиқ,  афтидан  юлиб олинган  катта олмос ўрнида ғув- ғув шамол кираётган шерозий  папахли хотин негадир қўлларини кўкка кўтарди. Унинг ёнида қалин занжирга боғланган, боши тандирдай улкан ваҳимали ит ириллаб, оқиш кулранг қорачиқларини папахи тешик хотинга тикди.

     “Ёротғон эгам...ёротғон эгам, бола бечорани жонини  сақла”, дерди хотин хинали, оппоқ, бармоқлари узун қўлларини юқорига кўтариб.

    Унинг кўкиш кўзлари аламли ёшга тўлар, тез- тез кўтарилиб тушаётган кўкрагини мислсиз қайғулар, улуғ аламлар  ғижимлаб, оқаётган кўз ёшларини тер ва сийдиклар шимиган барқут кўйлаги қўлидаги кишан занжирларни шиқирлатганича этагига артиб, бурнини тез- тез  тортарди. Кўз олдида сариқ теридан тикилган, кийилиб ялтираган этиклар пайдо бўлди. Хотин бошини кўтарган эди, ёнида  учбурчак юзли, ингичка ияк, не бир томони билан хотинларни эслатадиган қисиқ кўзга назари тушди.

      “Болам нерда?”

      “Анака қийиз...соқчи қизла  қани?”

      Қисиқ кўз   қўлидаги найзаси билан хотиннинг иягидан юқорига  кўтариб, негадир  башарасини буриштириб, барқут кўйлакдан бўртиб чиққан кўкрагига  туртиб кўриб,  бошини қашлаб- қашлаб ўйланиб тургач, тандир калла ит ёнига ўтди.

     “Энага қийизла, нерд...а”, дея олди қисиқ кўзнинг қабиҳ иш бошлаётганига ичи зириллаб.  Ингичка энгик таёғи билан итнинг қорнини, боши ва опиши ораларини  қитиқлаган бўлиб ва  бирдан бўққа тўйган хўроздай қичқирди:

     “Бос бос киш..бос киш..”.

     Телбанамо ўғлонниг ҳаракатларини анқайиб кузатиб ўтирган хотин тандирбошнинг  ҳамласидан чалқанчасига йиқилди, ингичка ияк ва унинг атрофидагилар қаҳ- қаҳ отиб кулди. Ит  ириллаб, барқут кўйлак этакларини, хотиннинг оёғидаги таг чармли этигини тишлаб, жанда- жанда этарди.

      “Ана...ана энага қиз..ана қара...”,  деб қамчисини отлар гусур- гусур чопиб юрган томонга узатди.   Ҳали яқин кунларда ярим дунёни зириллатган бегойим хотин қисиқ кўзлиларнинг ити остида тупроққа беланар, атрофдагиларни кўмакка чорлар, аммо қисиқ кўз хотинлар тухум қўйишга етилган товуқлардай уни масхаралаб, қийқиллаб кулишарди.

    “Ким сенга раҳм этарди, хоқонга эгилмаган қари  хотини Бўрта заҳар ичиб ўлди. Сен ким бўлибсан, итялоқ ”, деб кулишди.

    “Пуфф... сассиқ хотин иштонига сийиб юборди”, дейишарди кула- кула.

     Отнинг эгарига тескари ўтирғизилган ўн беш- йигирма нафар ярим тойлоқ қизларнинг  қўллари орқасига боғланган, уларнинг узун сочлари думалоқ ва оппоқ кўкракларини аранг беркитган, тойлоқ қизларнинг атрофида уч- тўрт эркак ва қисиқ кўз хотинлар, таёқ кўтарган ўн- ўн икки ёшлик болалар чопонининг енги билан ушлаб, таёқ учига  мурч суртар ва таёқни отларнинг кетига тиқишарди. Отлар шатталаб жон ҳолатда саҳронинг ҳар тарафига қочар, йўлда қизларнинг икки- учтаси отдан йиқилиб тушарди.  Ўтовлар  атрофига  боғланган итлар ҳурар, чекка- чеккада ётган думи ва қулоғи кесик итлар отларни қувлар, ҳурккан отлар эса тобора тез чопарди. Афтидан улкан оқ ўтовга алоқадор она- болалар қотиб- қотиб кулишар, узоқларга кетиб қолган асирларни ва йўлда қолганларини “келтир”, дея ишора этишарди. Тупроқ  рангидаги либос кийган хизматчилар калта отларида асир қизларни яна олиб келишарди. Тойлоқ қизларни яна ўтовлардан чиққан эркаклар, болалар, қисиқ кўз хотинлар ўраб олишарди. Тутқун қизларнинг бўйлари баланд, узун қора ва қўнғир сочлари шамолда юзини, оппоқ елкалари ва мамаларини гоҳ очар, гоҳ ёт  нигоҳлардан тўсарди. Улар гўё саҳроларда, қумларда яшайдиган ёввойи лочинлардай қора, мовий кўзлари билан атрофга, йиғилганларга синчков қарар, қизарган юзларида бирон ифода сезилмасди. Гўё асир қизлар ўзга оламлардан адашиб келиб қолгандай, юзида, бир оз қаҳрли қиёфасида аллақандай учқун ва нур тароқлари пайдо бўлиб, юзи ва вужуди  фақат кўздан иборатга ўҳшарди.  Аммо тойлоқ лашкарлар  ёруғ оламда гўнг, соқов ва лол бўлиб яралган эди.

      Уст- боши, рўмоли чўп- чар бўлган хотин  оқаётган кўз ёшларини қачонлардир оппоқ  ва бармоқлари узун қўллари билан сассиз артди ва кўз ёшларининг орасида ярим яланғоч соқчи қизларнинг қисиқ кўзли эркаклар билан қилич чопишаётганини, уларни  ўраб турган хотин- халаж, ёш болалар ва эркакларнинг “ур, ур ..мамасина ур”..., ”семиз жойина, кўтига ур”, деган ҳайқириқларни эшитди. Тойлоқ қизлар тилсимланган лашкардай қисиқ кўзлар билан қилич чопишар, сочлари шамолда учар, мамалари лорсиллар, отлар кишнарди.

     “Арслонларим..бос..бос”, дерди қоракўз паҳлавон келбат қиз.

      Кишанли хотин қўлларини  аллақандай дуога шайлангандек юқори кўтарди, занжирлар шиқирлаб, тандирбош ит ириллади, қилич солишаётган тойлоқ хотинлар тўпи яна кўз ёш денгизига ғарқ бўлдилар.

     “О, яратган эгам, билиб- билмай этган гуноларини афв эт,  бошқаларнинг қутқуси билан Ойчечакнинг ўғлини қатл этиш учун тўрт мамлакатнинг тўрт муҳрдор одамига мактуб битиб эди. Мактуб битгунча қўллари синсин эди. Бу қизил соқоллар қўлига тушганидан ўлиб кетгани  минг авло эди”, дея пичирлар, кўз ёшлари юмалаб юзларига тушарди.    

      Томошага тўймаган ингичка энгак аллақаёқлардан улкан занглаган қайчи топиб келди. Афтидан қайчида калта оёқ отларнинг қуйруқларини қирқиб орасталаса керакки, қайчини кўтариб, тандирбош ит ва унинг атрофида айланди.

     “Йўқол бердан, не керак сенга, эй зомча бош?”.

     “Сенинг суяксиз тилингни кесиб оламан  ит, сенинг баданингнинг қонини чиқариш учун битлас сочларингни қирқиб оламан”.

     Ингичка ияк хотинлардай ҳиринглаб,  улкан қайчи билан  кампирнинг қалин ва узун икки ўрим сочини “шақ.. шақ..”,  қирқиб ташлади. Бир вақтлар чину ҳинддан келтирилган ифорли мойлар, совунлар, атирлар,   мойли қатиқлар билан парваришланган узун соч ўримлари, боши узилган илондай бир- бир тўлғаниб, ерга тушди.

     Ит  қуйруғи  кесилиб, кўти очилиб қолган қари маймундай сочлари пахмайган хотинга қараб, қаттиқ улиб юборди.

     “Иҳеҳе..иҳеҳҳеее..., қўнгшингни донимадингми?” 

     Оқ ўтовнинг эгаси, ингичка иякнинг бобоси, яъни қисиқ кўз  тарихи аввалда  Регистон майдонига ўн минг одамни тириклай кўмган эди. Ўшандан буён диний байрамлар ва жума кунлари Регистон майдонидан отларнинг гупури –кишноқи ва ёш- қари, хотин ва эркакларнинг оҳу фарёди, ҳасратли унлари эшитиларкан. 

     Хотин маъносиз кўзларини олис- олисларга тикар, ер ва само туташган жойларда саҳрода чанг кўтариб, ўлжасига ташланган илондай учаётган, сурилаётган, кўчаётган лашкарларнинг қорасини аранг илғар ва лаблари ҳаракатга келарди:

     “Ҳой, болам, бир коса исси чой бар”.

     Қисиқ кўзларда кинояли, масхарали, ҳақоратли кулгулар жилва қилди ва улар ғойиб бўлиб, итнинг олдида бир коса сут пайдо бўлди. Оппоқ қўлли хотин эмаклаганича сутли тавоққа қўл чўзди, тандирбош ит “ҳап”, деб ташланди. Оқ қўл эгаси барқут кўйлагининг ёқасига туфлаб, аста жойига қайтди. Жисмининг ич- ичида аллақандай мунаввар қайғуними ёки йиғланилмаган  йиғининг қотиб қолганиними  ҳис этганича оғир нафас олиб, кеча тунда кўрган тушини эслади.  Шу пайт ингичка ияк бўшаган пиёлага, тасма билан боғланган иштонининг ичида қолиб, шалвираб ётган эркаклик олатини топиб, бўш косага “дизз”, этиб сия бошлади. Кўпирган сийдиклар занжирбанд  хотиннинг этакларига, қўлларига сачради.

      “Илойим чуккинг  чириб узилиб тушсин”,  атрофга ачимсиқ сийдик ҳиди тарқалди.   

      Тушида, эмишки, саройнинг учинчи қаватида жойлашган ёзги айвонда тахтда ўтириб, қалъа дарвозасидан кирган ва келиши билан отдан тушиб онасига таъзим қилган ўғлига  табассум қилар, ичкаридан қувониб чиққан келинлари ва оҳтиқларига ичона гир, деб амр этармиш. Совуқдан жунжикиб ўзига келганида сарой аҳли ичкарига кирган, осмонда ой бир тавоқ сутга ўхшаб қалқир,  ўғли  ҳам лашкарлари билан кетиб, толорли, кенг саҳнли, ўнг ва чап томонига 36 устун қўйилган айвонда ёлғиз ўзи шумшайиб қолганмиш.  Атрофда ҳеч ким, соқчи қизлар ҳам кўринмасмиш.

      Дарёнинг сершовқин тўлқинлари орасида оқиб кетаётган қўнғироқли, кимхобларининг пахтаси оққан, тошлар орасида балиқчининг адашган кемасидай сузаётган бешик туйқус тошга бориб урилди. Қўнғироқ жаранг- жаранг этиб, оқимга кўндаланг қолди. Бешикнинг бир томони  қирғоқда ўсиб эгилиб турган, оғоч шохлари орасига кириб,  гўё тараддудлангандай тўхтади.  

    Тулки тумоқ кийган, юзи баркашдай катта ва япалоқ қисиқ кўз қўлини кўтариб, “шалпайма бошла..”, дея ишора қилди.

     Қип- қизил  либос кийинган,  бошида қора тумоғи бор жаллоднинг қўлидаги калта кескир қилич саҳро қуёшида  совуқ ялтирарди. Жаллод қора тумоғини қонга тушиб булашмаслиги учун  ечиб, саксовулнинг шохига илди.  

      “..Тиз чўк, йилон чоғоси...”.

       Қўрқинч ва даҳшатдан тилдан қолган бандадай боланинг юзи мумдай оқариб, ияклари совуқданми  ёки ўлим шарпасиданми титрар, юзида кулранг дона- дона туганаклар пайдо бўлиб, қалтираб, йиқилай деган чоғда ҳам тиз чўкмасди.

    “...Алла айтасанми, ит ули..бос..бос...”,  деди басавлат тулки тумоқли қисиқ кўз.

      Жаллод ерга йиқитган боланинг қўлларини этиги билан босиб, қилич учи билан ёрғи тишли нақшлар солиб тикилган пўстинчаси ва ичидаги қалин хитойи газмол кўйлагини жир- жир йиртди. Яна бир нарса кутгандай, балки ҳали замон аллақандай куч келиб тўхтатадигандай,  кўз қирини тулки тумоққа ташлади-да,  “ипп...”, дегандай сас билан қилични юқорига сармади. Атрофга таҳликали сукунат чўкиб, гўё  дарё  ҳам шовулламай, тинмай оқиб бораётган бешик ҳам тошларга, ҳарсангларга урилмай, осмоннинг баланд- баланд жойларида қанот қоқаётган бурут ҳам тинди, осмон дўнгалаки остига   тун ва тонг олдида бўладиган сукунат чўкди.

     Қумнинг ёвуз илоҳларидан  куч олган қилич юқоридан пастга йўналди. Норасиданинг оҳу фарёди, илтижоси, яқинларини кўмакка чорлови, йўқлови, ёзғириши, Яратганнинг кичик одам боласи бир- бирининг гўштини еб ётган дўнгалак  дунёга ёйилди. Тулки тумоқлар, қисиқ кўзлар ва қонсираган жаллоднинг ерда қонга беланиб, жароҳатланган каптардай питирлаб, жон беролмай, “ҳўнг...ўнгў..”,  демиш  инсоний ўлим оғушидаги саслардан бир туки қимирламас, аммо улар минган, дунёнинг ҳар буржидан куч билан босиб олган отлари жиловга бўйсунмай кўк сари сакрарди.

     “Боқ, анови ўғлонлара, асир қизларни тойлоқ этибди. Воҳҳҳ...етиб борамизми, қара..ўўў..., асир қизлани ёмон уришади. Ҳаммаси  сутдай оппоқ”.

      “Соқчи қизлар аркакдан ёмон, итни қанжиқина ўхшийди. Савалашда ўзим кўрдим, илғорни ўртасинда хотин савалашчилани ўзим кўрдим”.

      “Манам бирини кўрдим, шундай қилич соламан деганда, юзидаги рўмоли тушиб кетди. Кўзлари қора, чиройли қиз экан. Бир замонда кўздан ғойиб бўлди”, дея аста суҳбатлашарди чеккада турган ёш тулки тумоқлар.

     Соҳилда турган оқ папахли ва оқ пўстинли отлиқ жангчи “боламм..боламм”, дея кўз ёшларини беркитгандай қамчи тутган қўллари билан юзини артди.

      От силтовида бўхчалар, тугунлар, чандиқлар ичида чайқалиб бораётган уч- тўрт  яшар гўдагини бағрига босган  аёл  боласини қаттиқроқ бағрига босиб , пўстинининг қалин енгларини тишлаган кўйи инграрди.

      Мислсиз гўзал хотин  ўқ теккан оққушдай қўлларини ёйганича бўйи билан, гўё йиқилиш чоғида аллақачон ҳушидан кетгандай,  ўғлининг  тириклайин юраги суғурилаётган баландга, қисиқ кўзлилар маконига  узун, чиройли оппоқ қўлларини юқорига чўзганича йиқилди. Унинг ҳушсиз онг ости шуурида, болам деган нидо пайдо бўлиб, бўғзига тиқилганича, тез чопганидан ҳаво бўғзини куйдиргандай ҳўппиқиб қулади ва бошидан шерозий папахи учиб кетди.

     Улкан оқ чодир олди ит ялоғи ёнида ўтирган аслзода  хотиннинг оқ ва нозик қўллари кўтарилиб, тангрига илтижо этиб, юзларини беркитган кўйи титраб- титраб йиғлади. Унинг икки ўрим сочини  уч кундан бери тўп этиб ўйнаб юрган ёш лашкарлар сочларни олиб бориб,  ёз бўйи ходаларга тиқилган  юз териси, бурни ва кўзини, калхатлар чўқиб битирган калла суякларини тешикларга  тиқиб қўйиб, масхара қилишди:

     “Пичоқлашсинми?” 

      Шатирлаб ёмғир ёғди. Аллақаерларда, унинг минораси кўринаётган қадим юрти томондан гумбирлаб гулдирмомо аравасини юргизди. Чодир устидан оқаётган ёмғир оқ суяк хотиннинг ўпирилган девордай осилиб қолган елкасидан қуйиларди. Хотин кишан  занжирларини шиқирлатиб, панароққа, ёмғир шамол билан урмаётган томонга сурилди. Тандирбош ит “ҳап” ҳурди.  Бўйлари баланд, сочи қирқилган хотин яна зулҳижжа ойининг 23 кунида ёғаётган ёмғир остида туришга мажбур бўлди. Хотиннинг одам бош чаноғига тиқилган сочлари шамолда илондай биланглар, осмоннинг олис буржларидан туғилаётган Ҳасан- Ҳусан ёйининг нурларида ёмғир томчилари  билан  ойқошиб жилоланарди.   

     Енгини чирмаган жаллоднинг қўлида ҳали титраётган, буғ кўтарилиб тинмай қон оқаётган юракни  баҳайбат  тулки тумоқнинг олдига келтиришди. Қисиқ кўз юракка бир лаҳза тикилиб, от жиловини қаттиқ тортиб, жондордай ёҳу тортди.  Соҳилда турган уч- тўрт отлиқ томонга қондан тўйган жондордай ёввойи қараш этиб,  қўли билан ишора этди.

      Жаллод ҳодали қўралар орқасида кўкка сапчиётган, бир- бирини талаб, қўтон ичида айланаётган думи ва қулоғи кесик  ярим ёввойи шағалга менгзамиш  итларга бир парча эт шаклидаги орзулар, умидлар, кулгу, ҳаяжонлар, эрта ишқ қайғулари қамалиб қолган ва энди бир туюр гўштга айланган юракни ирғитиб...ирғитиб юборди. 

     Улкан қисиқ кўз  дарёнинг баланд  соҳилида  туриб, барча  воқеани кўрган отлиққа тантана ва кинояли қаради. Отлиқ гўё унинг нигоҳларидан қалқиб кетди.

      Ёввойи итлар қўрғон ичида тапир- тупур бир- бири билан талашиб, бир парча этни ҳалқос ютди, орзу ва умидлар итнинг ошқозонидан жой олди.

     Дарё қирғоғида имога, буйруққа маҳтал турган, бола кўтарган хотин- халажлар, аравадаги кампирлар, ёш болалар,  уй анжомлари, афтидан тўпда эмизикли болалар қўп бўлиб соғин эчки, соғин сигирлар, қўй- қўзилар, кийимлар тугилган бўхчалар, озиқ- овқатлар, нон ва сур этлар,  от емларини юклаган араваларнинг аравачилари оқ чакмонли одамнинг қирғоқда пайдо бўлганидан сергак тортиб, юқорига қарадилар. Оқ папахли бир муддат ёшли кўзлари билан пастдаги бетоқат тўпга, шиддат билан оқаётган тоғ дарёси ва негадир осмонга бир муддат қараб турди-да, қўли билан ишора этди.

      Совуқданми, ҳаяжонданми мўйлови тиккайиб, юзини қоплаб олган буртли  эркаклар, саросимали боқаётган ёш ўғлонлар аравани, отларни тошдан- тошга урилиб таҳликали оқаётган дарё томон ҳайдашди. Ҳошияларига қизил ипак сирилган барқут кўйлак устидан жун пўстин кийган кўркли  хотинлар,  лайлак уясидай лачак ўраган момолар, юзлари совуқда қизарган мўйнали, шерози терили тўппи кийган ёш болалар  чинқириб юбордилар ва жон ҳолатда: “Тўхта, нера,  нера,  дарёғо борётирсан, тўхта”, деб фарёд кўтаришди. Аравалар  четида ўтирган икки- уч ёш йигит ва қизлар сакраб тушишди. Алланени англаган кўйи қаҳрли дарёга дам- бадам боқаётган  бобойларнинг энгаги қалтиради ва афтидан “Иймон” сурасини ўқиб, ориқ ва қалтироқ қўллари билан фотиҳа тортишди.  Ўрдани қўриқлаб турган ўн- ўн беш чоғли лашкар тўпни дарё томон қисиб борди. Хотинлар фарёд кўтарар, болалар чинқирарди. Отлар, қўйлар, эчкилар сувга тушмай орқага тисарилгани учун  уларни қамчилаб, одамларни, араваларни  қисиб, бир- бир сувга итариб юборишди. Дарё юзини сувда қўй- қўзиларнинг маъраши, оқаётган одамлар, сув ютиб бир қалқиб, бир чиқаётган хотинлар, чоллар, болалар дод- фарёди тутиб, қиёмат қойим қўпди.

       Тўрт- беш ёшлардаги Ҳавожонбиканинг пахтали  тўпписини тўлқинлар юлиб,  жингалак сочлари сувда ёйилган, у сув ютиб ҳаприққанидан саси чиқмас, гоҳ тўнкарилиб, гоҳ ўнгланиб,  сувда калқиб борарди. У дарё бурилишига яқин жойда сувдан  чиқиб қолган  чириган дарахтнинг шохларига илашиб қолди.

     “Анна..аннаа..ака..ака..”, дея чирилларди қизалоқ.

      Тўрт- беш лашкар тошлар устида ҳали ҳам ҳушсиз ётган маликани худди тахтиравонда кўтаргандай кўтариб, дарёнинг  телба тўлқинлари ҳайқириб оқаётган тиниқ ва кўк сувлари бағрига аста қўйиб юборишди. Шиддат билан Ҳинд чакалакларига оқиб борадиган дарё маликанинг ойдай юзи, кўзлари, сочлари, боши ва  қимматбаҳо либосларга ўралган танасини ютиб, янада телбалик билан шовқин солиб, шовуллади: “Ҳой осмонлар, юлдузлар, ерлар, ҳали ой ой бўлиб, қуёш қуёш бўлиб бундай улли  отларни, балиқларни, чавақларни ва бешикларни ютмаганди. Ҳой...ҳой,  мен дунёнинг энг қудратли ва қон истаган дарёси Ҳинд уммонида туғилган Ҳинд дарёсиман”.    

     Дарё кучли тўлқинланганидан оғоч  шохлари орасига тиқилиб қолган бешик  налокор сас чиқариб, сув қушларидай қалқиб- қалқиб яна адашган кема янглиғ   оқиб кетди.

      Балои қазо қўпган ер юзидан тарихи аввалнинг мудҳиш 23 ноябрь кунидан баландда бўлишни истагандай, тангрининг Хасан- Ҳусан ёйи бор бўйи билан само тақига тортилиб, олис- олисларда одам боласи қабоҳатларидан узоқда бўлган  дарёю денгиз, океанлар устига иккинчи оёғини  ташлаб, енгил нафас олди.

     Оқ папахли қўмондон бирдан фикридан қайтди чоғи, ортига –боласининг жасади ётган,  кул бўлган юрт туғидай шамолда кийимлари пориллаётган боласи томонга, мислсиз армонлар билан боққанича отини ниқтади.

    Садоқатли тулпори эгасининг ниятини англамай изига тисарилди ва қамчи зарби  билан дарёга сакради.

       “...Сакраб ўтдинг Аму дарёдан”,  деб афсонавий ақл бовар этмас  буюк сакраш ҳақида ёзди шоир саккиз юз йилдан сўнг.

      Саркарда “гуум” этиб сувга чўкиб, тошдан- тошга урилиб, етти- саккиз метр узоқда яна пуфаклар билан сув юзига қалқди. Унинг ялангбош боши узоқдан қорайиб кўринар, оппоқ папахи тўлқинлар, тақдир уммонлари бағрида чирпирак бўлиб, сувга ботмаган пахтадай айланарди.

     “О, ер юзида туғ кўтариб умидвор ётган, тарих қаъридан қайтган шарафли пирларим, одам авлодига шафқат айла”, деб айланарди   қари  шамоллар дарёни қистанчоқлиги ва очкўзлигидан ҳайратланиб.

      Довул учирган кемалардай оқиб битган  аравалар, отлар, шохли сигирлар, бўхчалар, жундор  эчки, қўйлар, барқут кийимли хотинлар, жони бўғзида қилтиллаб турган  қари- қартанг бобойлар, каптар тўпидай тўзғиган болалар кўздан  ғойиб бўлган эди. Тоғ адирлари ичига кириб йўқолган  дарё ҳаддидан ошиб шовқинланар,  ўзи қатли ом этган, тўймас аждарҳодай ютиб юборган  оломоннинг ора- сира на одам боласи, на ҳайвонга ўхшаган  саси эшитилар, аммо уни на инсоннинг, на биронта жондорнинг товуши  эканини ажратиб бўлмас, у аллақандай ҳаёт ва ўлим орасидаги, кўпроқ ғарқ бўлаётган  банданинг ҳаёт ҳақидаги сўнгги видосига, айтимига ўхшаб кетарди.

     “Эшигимни алди ойланма солма,

     Ойланма солмодан оқомиш олма...”, дея куйларди дали дарёнинг дали тўлқинлари кўна Хоразм оҳангларини.  

      Ялангбош одам сувда қалқиб, бошини ҳар ёққа буриб, онасини, хотинлари ва бола- чоғоларини излади. Совуқдан музлаган хаёлига кенжа хотинини  Хиротга жўнатгани ва анасининг “Бўғоз хотинни ўзинг билан олиб юриб натасан, дарёдан кечириб Хирота узат, берда ўғил дўғаман даб талтаймасин”, деган амрини эслади.

    Уни Хиротга жўнатганига икки ҳафтадан ошди, балки аллақачон кўзи ёригандир.

    Кенжа энди ўғил туғади, анам умрида бир тўғри йўл кўрсатди.      

    “Болам, қиймилдама, қиймилдама..ина бордим”, дея танасига минглаган,  юз минглаган ханжардай санчилган совуқ сувга қарамасдан қизи томонга сузарди ялангбош саркарда. 

     “..ака..ака..., олинг мани...”, ора- сира чинқирарди Ҳавожон.

     Дарё торайиб,  бурилиши яқин бўлгани учун бирдан тоғнинг телба дарёси қисматдан қасди бордай айланиб, гирдоб бўлиб оқди. Аждарҳосимон қаҳрли сув уни орзули хаёлидан айириб, қизидан беш- олти метр узоққа олиб кетди.  Ёшуллининг изидан  қора чўгирма ва малла чакмон кийган лашкар ҳам дарёга от қўйди. Тўлқинлар қора чўгирмалини   тўғри шохга илинган қизнинг ёнига оқизиб   борди. Қизалоқнинг кийимларидан  ушлаб, четга  интилаётган отининг қўйруғига ёпишиб, қирғоққа чиқди.

     Дарёнинг саҳро билан туташиб кетган баланд жойида, оёғи калта, думи кесик ғалати от минган қисиқ кўзлар саркардаси, гўё шикорда  улкан ўлжага эга бўлган овчидай шавқу ҳаяжон билан қийқирарди:

     “Ана оқди, ҳаммаси оқди”.

      “Ўзи хотинини, анасини оқизди”.

      “Бирам қолмади сува чумиб гетди”.

      “ Мнова боқ, уйбааай.. би хотин акан”.

     Саркарда дарёга сакраш чоғида у лашкарлари билан қора калхатдай етиб келган эди.

     Саркарданинг ортидан сакраган қора чўгирмалик осмонлар бағрида  эмин- эркин учиб, фожиага учраган қушдай   ҳушсиз қизни қирғоққа олиб чиққач,  намдан оғирлашиб қолган  чўгирмасини улоқтириб, узун икки ўрим сочини орқасига ташлади, қирғоқдагилар “айёраа”, дея ҳайқиришди. Агар чўгирмалининг қиз бола эканлигини вақтида билишганида тўқайдаги  оҳуни тутгандай, эга бўлиш армонга айланган завқи билан оч кўзларини қизнинг келишган қомати, узун сочларига  хирс тўла юракларини ёқиб, шарқ халқларининг бош масхарабози Афандининг эшагидай келадиган  отларида узун оёқлари ерга тегай деб  бетоқат айланишарди.    

    “..Қўла тушсанг... палон атамиз сани..”, деб бақиришди ёш тулки тумоқлилар.

    “Ер ютсин баринги бижғиғонла..сосила”, деди аранг лашкар қиз тишлари совуқдан тақирлаб.

   Лашкар хотин лаби кўкариб, юзи тапсарган кўзмунчоқли Ҳавожонни  оёғидан кўтариб, оғзи- бурнидан сув оқизди.

    Қуёш осмонда порлаб, тоғ Турон даштлари ва Ҳиндистон, Хитой майдонларида бардош қургандан бери дарё сон- саноқсиз қурбонларни ютган, аввал махлуқлар ўлжаларини отиб ўйнагандай у ҳам қурбонларига муз ҳанжарларини санчар, қирғоққа интилиб, узатилган қўлларини, балиқлардай оғзини очиб, юқорига  интилган бошларини тошларга, сув билан ювилиб метинга айланган харсангларга уриб мажақлар, сўнг жонсиз, шохдан айрилган куз япроғидай нажотсиз таналарни  чирпирак этиб айлантириб- айлантириб ютиб юборарди.

     Дарё инсон тугул ҳайвонларнинг кечиб бўлмас тўсиғи бўлгани учун дашт, кимсасиз саҳро томонларда  дайди шамол янтоқ, шувоқ, қамиш  ва чириган саксовулларни учирар, дарё ортида эса шерлар наъра тортар, оҳулар булут каби учар, она филлар кўлларда сув фонтанларини отар ва ақлсиз ва талончи маймунлар  эса ўзларини худо атаганди.  Дарё кечиб бўлмас, тоғнинг совуқ суви томирларни торттиргани, жуда чуқур, улкан ажал тошлари билан тез оққани учун қисиқ кўзлилар қирғоқларни чамалаб, кечув излаб айланиб юришарди.

     Ёш хотин қизалоқнинг бурнини қисиб, оғзига пуфлади. Кўкрагини уқалай- уқалай  ўзининг қайноқ бағрига олди:

     “Уён болам, уён... аканг учун  уён  Ҳавожонбика”, деди совуқдан тишлари такиллаб.

     Қўшни соҳилдагилар   яна шодон ҳайқирди, калта оёқли отларини чоптириб, икки ўрим сочли хотиннинг тўғрисига келиб ҳайқиришди. Тулки тумоқларнинг асабий қийқириқларининг остида жондорнинг чиқиб бўлмас баланд дарахтга қўнган қушдай етолмаслигидан чираниш, аламзадалик туйғулари аён бўларди.

     “Иштонингга сол, иштонингга сол, шунда қиздириб тирилтирасан”.

     “Итни боласини устина сий, қайнар сувдан кўзини очади”.

      “Сен уни натиб қутарасанки, тангрининг ҳойиши...дарёға оқиб ўлиш бўса”.

      Лашкар  хотин ҳушсиз гўдакни боши узра кўтарди. Унинг кўзларида ғазабли нур, интиқом ва оналик қасди қоришиқ ялтироқ ғаройиб учқун жилва қиларди:  “Ман лашкар илғорини киндик ўрни сардори, агарам шу бола дирилмаса, уллидан киччингни  қонини ичаман сосила... ”.

     Аллақачон байталига минган хоразмшоҳлар илғорининг  марказида савалашадиган хотин жангчилар  сардори йўл четида унга қараб турарди. Осмоннинг олис жойларидан кўтарилган Хасан- Ҳусан ўқ ёйи ҳали замон отиладигандай кўк тоқига тортилган, эгилган эди. 

      Саркарда  қўлини кўтариб, отини чорлади. Папахини босиб кийди-да, оқ тулпорига сакраб миниб, йўлга тушди.  Султон Жалолиддин ўзи билмаган, аммо тангри ва тақдир ҳукми билан босиб ўтиши лозим бўлган ўн бир йиллик умр ва ўзига ёт бўлган тақдир ўйинлари, синовлари сари учиб борарди.

    Ҳазрат Григорий  ёзган тақвим ва Муҳаммад с.а.в.нинг Маккадан Мадинага ҳижрати даврида ҳам  Султон Жалолиддинга ўхшаган саркарда каби инсонлар ўтиб кетдилар, аммо уларнинг орзу-  мақсадлари, ғоялари яшаб қолди.

     Ҳинд дарёси бўйидаги қонли воқеалар,  тарихи аввалнинг  1221 йил, 24 ноябри, зулҳижжа ойининг 24 кунида содир бўлган эди.                                                 

                                 8 февраль 2014. Тошкент  

- - -


< Orqaga qaytish